БИЛДИРИШНОМАлар, ЖАСЛИҚ – УЯ 64-71, УЯ - 64/49, УЯ-64/51, ҚИЙНОҚЛАР

00.12.30-ҚАМОҚХОНА ИЧИДА ҚАМОҚХОНА

30 декабрь 2000 й.

Қамоқхона ичида қамоқхона

             Қарши шаҳридаги УЯ 64/51 қамоқхонада 159-модда билан айбланиб, 14 йиллик жазо муддатини ўтаётган Саъдулло Ҳабибуллаев қамоқхона бошлиғининг буйруғи билан уч ойга «қамалди». Сабаби: у ўз рафиқасига хат ёзиб, мактуб сўнгида «Аллоҳнинг марҳамати билан, чекаётган қора кунларимизнинг ёруғи ҳам бўлиб қолар!» деб ёзган эди, холос.

             Дарҳақиқат, қамоқхона мутасаддиларининг «кичигидан каттасигача» Аллоҳдан эмас, Аллоҳ сўзидан ўлгудек қўрқишади. Шунинг учун ҳам кўпчилик махбуслар қамоқхона ичидаги қамоқхонага маҳкум бўлмоқдалар.

Қамоқхонадаги исломийларга алоҳида муносабат

             Қаршидаги УЯ 61/49 қамоқхона бошлиғи Худойбердиев Собир ҳам айнан исломий маҳбусларга нисбатан турли жазо усулларини қўлламоқда. Мазкур қамоқхонада жазо муддатини ўтаётган Жавоҳир Юсуповнинг аёли ва укаси учрашув муддати келгани учун қамоқхонага келдилар.

             Бу куни 28 декабрь Рамазон ҳайити куни эди. Бироқ, Худойбердиев уларнинг учрашув аризаларига имзо чекмади, ҳатто олиб борган озиқовқатларини ҳам қабул қилишдан бош тортди. Сабабини сўрашганда «Э, ўша ҳайитларингни онасини…», дея ҳақоротомуз сўкинди.

             Ўғрилик, зинокорлик ва наркотик билан қамоққа тушиб, жазоларини ўтаётган Қодир Раҳматов, Зоир Дўстмуҳамедов ва Зариф Зуфаровларни йўқлаб келганлар шу куни суткалик учрашув учун рухсатнома олдилар. Чунки улар «оддий» маҳбуслар, исломий эмас.

Навбат аёлларга келмоқда

             2000 йилнинг 20 декабрида Кўкча маҳалласи, 24-хонадонида Қадр кечаси муносабати билан Қурьон хатм қилиб ўтирган беш нафар аёлни миллий хавфсизлик бўлими ходимлари қуролланган ҳолатда кириб хибсга олишгани ҳақидаги хабарни берган эдик.

             28 декабрь куни улардан 4 киши давлат кассасига 12.750 сўм жарима тўлаш эвазига уйларига қайтишди. Бироқ 4 нафар фарзанднинг онаси Фаридага нисбатан жиноий иш қўзғатилди. У ҳозир шаҳар миллий хавфсизлик ходимлари томонидан тергов қилинмоқда.

             Бир йил муқаддам унинг турмуш ўртоғи кўзи ожиз бўлишига қарамай хибсга олиниб, 10 йиллик қамоқ жазосига ҳукм килинган эди. Фарзандларининг каттаси 8 ёш, кичиги 2 ёш. «Оналар ва болалар» йилининг биринчи кунлариданоқ 4 мурғак тирик етимларга айланишди.

Динсизнинг таъзирини имонсиз бермоқда

             Бутун дунё мусулмонлари 2000 йил йил 27 декабрь куни рамазон ҳайитини байрам қилдилар. Ўзбекистон мусулмонларининг муфтийси Абдурашид қори эса президент Каримовнинг кўрсатмаси билан 28 декабрь кунини рамазон ҳайити деб фатво берди. Бутун дунё мусулмон давлатларидан 27 декабрда келган табрик телеграммаларидан мулзам тортганиданми, ё бошқа сабабми, Юртбоши ўзини «бу борада беайб эканини, дин ишларига умуман аралашмаслигини» исботлашнинг йўлини излади.

             Энг тўғри йўл муфтий Абдурашид қорини «фатво чиқаришда хатога йўл қўйган»га чиқариб, эгаллаб турган лавозимидан олиб ташлаш масаласини кўндаланг қўйди. Ҳозирча бутун бошли Ўзбекистон диёрида унинг ўрнига номзодликка Тошкент шаҳар бош имом хатиби Анвар ҳожидан бўлак шахс топилгани йўқ.

             Дарҳақиқат Анвар ҳожи Каримовга ҳақиқий содиқ қул бўла олишига шўбҳа йўқ. Унинг шу дамгача Ислом динини эмас, Ислом акасининг шаънини ҳимоя қилиш борасидаги хизматлари беқиёс эканлиги ҳеч кимга сир эмас.

Қамоқхонами   ёки …

             Рамазон ойининг биринчи кунларида Қорақалпоғистоннинг Жаслиқ ва Қаршидаги қамоқхоналарда ҳукумат одамларининг ваҳшиёна азоблашлари оқибатида бир қанча исломий йигитлар оламдан ўтдилар. 1974 йили Сурхондарё вилоятининг Денов тумани, Амир Темур жамоа хўжалигида туғилиб ўсган, кейинчалик Тошкент шаҳрида яшаган Носиров Ҳабибулло (Фатҳулло) ушбу шаҳидларнинг биридир.

             У 1999 йилнинг июль ойида судланиб, 10 йилга озодликдан маҳрум қилинганди. У жазони УЯ 64/49 да ўтаётиб, кейинчалик Жаслиққа ўтказилди. Ҳабибулло ибодат қилгани учун қаттиқ калтаклаш оқибатида ўлдирилган. Ҳабибулло хонадонига олиб келинганда, калтак зарбидан бадани кўкариб кетган ва олди миясининг ўнг томони ёрилган эди.

             Кўринишидан уни калтаклаш пайтида миясига қаттиқ ўткир нарса билан уришган. Ҳабибуллонинг акаси Носиров Ҳафизулло ҳам 20 йиллик қамоқ жазосини Товоқсойдаги қамоқхонада ўтказмоқда.

Режим исковичларининг ваҳшийликлари

             Хавфсизлик хизмати ва ички ишлар ходимлари ҳайит кунлари кўчаларда, бозорларда роса изғидилар. Гумон қилинаётган шахсни кўчада ёки бозорда учратиб қолсалар, уни ўша жойнинг ўзида, одамлар орасида ваҳшийларча калтакладилар. Масалан, шу кунлари эрта тонгда Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани Маҳтумқули кўчаси 9 уйда яшовчи Турсунбоев Мирориф ўзининг шахсий машинасида фарзандларини мактабга олиб кетаётганида ўз маҳалласида ички ишлар ходимлари томонидан ўққа тутилиб тўхтатилган.

             Бахтли тасодиф туфайлигина тирик қолган Мирориф хушини йўқотгунча 2 фарзанди кўзи олдида калтакланган ва олиб кетилган. Унинг оила аъзолари бугунгача қаердалигини ҳам билишолмай сарсон бўлиб юришибди.

Инсон Ҳуқуқлари Жамияти кенгаймоқда

             30 декабрь 2000 йил Жиззах вилояти Зарбдор тумани Бўстон шаҳарчасида Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятининг Жиззах вилояти Зарбдор туман бўлими таъсис йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда туман бўлимини очиш ва раҳбариятни сайлаш масалалари кўрилиб чиқилди. Туман бўлимининг раиси этиб Қурбoнов Муйдинжон, раис муовини вазифасига Мусурмонова Шаҳрибонулар сайландилар.

             Йиғилишда Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти Бош котиби Толиб Ёқубов ҳамда Жиззах вилоят ташкилотининг раиси Бахтиёр Ҳамраевлар иштирок этдилар.

МХХнинг сирини унинг бошлиғи фош қилиб қўйди

             2000 йилнинг охирида халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи «HRW» нодавлат ташкилотининг ижрочи директори Кеннет Роуз бошчилигидаги бир гурух делегация вакиллари Ўзбекистон Республикаси Олий суди, ИИВ ва Миллий хавфсизлик хизмати раҳбарлари билан учрашувлар ўтказдилар.

             Жумладан улар МХХ раисининг биринчи ўринбосари Бахтиёр Ғуломов билан бўлган суҳбатда МХХ терговхонасида калтаклаш оқибатида ўлдирилган Сайдаминов Нўмон билан боғлиқ масалани кўтардилар.

             Ғуломов Сайдаминовнинг ўлими чиндан ҳам оперходимлар томонидан калтаклаш оқибатида содир этилганини инкор қилмагани ҳолда, бу воқеани «мажбурий ҳаракат, яъни Сайдаминов қочмоқчи бўлганда содир этилган» деб баҳолади ва бу инцидент устида ҳозир ҳам иш олиб борилаётганини айтиб, бу ҳақда албатта келгусида маълумот берилажагини таъкидлади.

           «Сайдаминовнинг ота-онасига берилган марҳумнинг «Юрак касаллигидан» ўлганлиги ҳақидаги гувоҳнома билан Ғуломовнинг важ-кoрсонлари ўртасидаги номутаносиблик бу соҳада кўп масалаларга ойдинлик киритади, деди делегатсия вакили Кассандра Кавано.

           Мaълумoтлaр Ўзбeкистoн Инсoн Ҳуқуқлaри Жaмиятидaн oлинди.

“Мусулмoн Ўзбeкистoн” сaйти

 

 

 

 

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s