БИЛДИРИШНОМАлар, Юсуф Жума

Билдиришнома

Ўзбекистон Республикаси Президенти

И.Каримовга

Нусхалари:

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Давлат маслахатчиси

Ў.Комиловга

Ўзбекистон Республикаси

Миллий хавфсизлик хизмати кўмитаси раиси

Р.Иноятовга

Бухоро вилояти Коракўл туманида

яшовчи Юсуф Жумаев  томонидан

Билдиришнома

Ҳурматли Президент!

Мен уюшган жиноятчиликка қарши курашиб келдим, курашаяпман. Бунга мустақиллик  йилларида Сизга ёзган беҳисоб арзномаларим гувоҳ. Шу туфайли бошим тўҳматдан чиқмайди. Коракўл тумани прокурори А.Мақсудов уюштирган тўҳматлар асосида 2000 йил сентябр ойида атиги 20 кун ичида 4 карра текшириш ўтказилди. Икки маротаба Бухоро вилоят ИИБ коррупцияга қарши курашиш бўлими, бир марта Коракўл тумани ИИБ бошлиғи ўринбосари ва яна бир карра Миллий Хавфсизлик Хизмати томонидан ҳам сиёсий,  ҳам иқтисодий томондан текширув ўтказилди.

Ҳаммаси тўҳмат эканлиги, иқтисодий томондан ҳам, сиёсий томондан ҳам пок эканлигим аниқланди. Ўша текширувлар натижасини олиб кўришингиз мумкин: мени нималарда  айблашмади,  на ваҳобийлик қолди, на «Эрк» қолди, на ўғирлик қолди. Ҳеч бирига алоқам йўқлиги, бари бўҳтон эканлиги аниқланди-ю, тўҳматчиларга жазо берилмади, чунки тўҳматчилар уюшган жиноятчиларга керак эди.

Сентябр ойининг охирларида менинг ҳамда Холмуродов Эргаш, Очилов Раҳмат, Олтиева Гулноралар имзолари билан Сизга ва Республика Прокуратурасига Қоракўл туманидаги ноқонуний ҳаракатлар ва яширилган 150 дан ортиқ жиноятлар ҳақидаги ёзган хатимизни  текшириш учун  Республика Прокуратурасининг Ички хавфсизликни таъминлаш инспекциясидан Жахонгир Игамов борди. Барча фактлар тасдиқланди. Бироқ Тошкентга қайтгач Ж.Игамов шу бўлим бошлиги Ниғмат Йулдошев билан бирга Қоракўл туман прокурори А.Максудовнинг жиноятларини яширди. Биз норози бўлиб яна Сизга ва Бош Прокурорга мурожаат қилдик. Минг афсуски, иккинчи текширувга ҳам Ж.Игамов борди.

Биз ёзган далилларни текшира бошлади, биз ҳақ бўлиб чиқдик. Бунга чидолмаган Ж.Игамов прокурор А.Максудов, туман ИИБ ходимлари С.Хафизов, И.Кабулов, Ў.Хайдаров ва бошқа бир қанча «қонунчилар» гувоҳлик бераётганларга  шатаж қилиб, қўрқитиб, видеога олиб  «спектакл» тайёрладилар.

Масалан:

Тўраев Ҳамро ИИБ ходимлари томонидан ўлдирилган. Жиноят рўйхатга олинмаган. «Ўзи ўлди» деб  ҳужжатлаштирилган ва уч хужжатда уч ҳил диагноз қўйилган. Тўраев Ҳамронинг сингли Тўраева Рўзигул акасининг ўлдирилганлиги  тўғрисида ёзма кўрсатма берди. Бироқ қўрқитилгач видеотасвирда «ўзи ўлди» деб айтган. Республика прокуратураси ходими Ж.Игамов ва ИИБ ходимлари томонидан қўрқитилганини тасдиқловчи ўз овози ёзилган аудиокассета бор. Биз уни Ў.Комилов қабулида бўлганимизда Республика Бош Прокурори ўринбосари Э.Кудратовга тақдим қилганмиз.

Қурбонов Меҳржон туман ДАН пости яқинида қулоғининг орқасига, бошига арматура билан уриб ўлдирилган. Прокурор А.Мақсудов уни автоҳалокатдан ўлди деб, қотилларни ҳимоя қилиб, ноқонуний хужжат тайёрлади. Биз норозилик билдириб, қотиллар эртага бошқаларнинг ҳам бошига етади, деб  такрор ва такрор мурожаат қилгач, Қурбонов Меҳржон ўлдирилди деб «иш» очди. Бироқ ҳамон қотиллар ҳимоя қилинмоқда, улар эса ҳеч нарса бўлмагандай бемалол юришибди.

Барраев Фарҳод исмли  эндигина ўн саккизинчи баҳорни қаршилаган йигит ўлдирилиб сувга ташланган. Қотил маълум. Бироқ у А.Мақсудов соясида паноҳ топди. Прокурор А.Мақсудов Барраев Фарҳодни ҳам ўзи ўлган деб ҳулоса чиқарган. А.Мақсудов прокурорликни қотилларни ҳимоя қилиш деб тушунади, шекилли.

Барраев Фарҳоднинг  онаси Тошкентга Сизга ва Бош Прокурорга мурожаат қилиш учун 25 маротаба келиб кетди. У хўжалигидан сотилиши мумкин бўлган бор нарсасини сотиб бўлди. Бироқ натижа йўқ. У 2000 йил 1 декабр куни Бош Прокурорнинг қабул кунига келганда қабулҳонадан полковник аёл уни хайдаб юборади. Қани адолат?

Ўн саккиз ёшида жувонмарг қилинган йигит Барраев Фарҳод ўша полковник аёлнинг ўғли бўлганда нима қилган бўларди?! Ниғмат Йўлдошевнинг ўғли бўлганда-чи?!

Туман прокурори А.Мақсудовнинг 9-нчи синфда ўқийдиган 15 яшар ўғли 20 АО 210 сонли янги «Тико»ни авария қилди.  Авария рўйхатга олинмади. Эртаси куниёқ А.Мақсудов эркатой ўғилчасига 20 Д 80-00 номерли янги супер-«Тико»ни миндирди. А.Мақсудов бу машиналарни қайси ҳисобдан олмоқда?! Ўлдирилган йигитларнинг қотиллари ҳисобидан эмасми?!

Албатта, бу қотилликларни туман прокурори А.Мақсудовнинг бир ўзи яшираётгани йўқ. Унинг муносиб шогирдлари бор. Шулардан бири Ўктам Ҳайдаровдир.

Ўктам Ҳайдаров Азизов Анвар исмли йигитни ўлдирган қотил Сувонова Мўминанинг ўғли. Қотилнинг ўғли бош терговчи бўлган жойда АДОЛАТ бўлармиди?! Онаси (Сувонова Мўмина) бир йигитни жувонмарг қилган бўлсада, бироқ бир кун ҳам жазоланмаган. Нега Ҳайдаров онасига ўхшаган қотилларни ҳимоя қилмасин?! Аксинча, у бегуноҳларни жазолаётгани барчага маълум.

Очилов Илҳом Қурбонов Меҳржон ўлиб ётганини кўриб, ИИБга хабар берган. У ўз бурчини ўтагани учун қамоққа олинди. 5 кун ётгач, отаси турли идораларга бош ургандан сўнг, хибсдан чиқарилди. Ўз жиноятларини яшириш мақсадида прокуратура ходимлари суд билан келишган ҳолда Очилов Илҳом майда безорилик қилган деган айб билан уни 5 сутка қамоқ жазосига ҳукм этишган. Туман судьяси худди 1937 йилдагидек ҳукм чиқарган.

Холмуродов Неъмат ва Рўзиев Саъдуллолар чигит ўғирлади деган тўҳмат билан тўққиз ой қамалиб, яна уч йилдан мажбурий хизмат олдилар! Холбуки, улар бир грамм ҳам чигит билан ушланмаганлар, уйларидан ҳам ҳеч қандай чигит топилмаган.

Энг даҳшатлиси, Рўзиев  Олтибойнинг касалманд аёли ва уч норасида боласи туман прокурори А.Мақсудовнинг кўрсатмаси билан 2 сутка қамаб қўйилган. Фуқаро Холмуродов Эргашнинг «Бу – адолатсизлик» деб А.Мақсудовга бир неча карра  мурожаатидан сўнгина  улар озод қилинган.

Очилов Раҳматнинг уйида ИИБ ходимлари 20 А 22-23 номерли оқ «Нексия»да келиб талончилик қилганлар. Бу ҳақда Очилов Раҳмат туман прокурорига мурожаат қилди, бироқ ариза йўқотилди, рўйхатга олинмади. Талончилар ҳанузгача қонун олдида жавоб бермади. Очилов Р. эса ўз ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилгани учун қамалди!

Туман ИИБ бошлиғи С.Ҳафизов энг катта талончилардан биридир. Туман пахта заводидан 2 тонна  симни олиб, Бухоро шаҳридаги иморатига ишлатди. Қорақўл шаҳридан 0.12 га ер участкаси олди. Кабулов И., Ҳайдаров Ў., Бозоров Ҳ. каби шогирдлари унга пора тўплаш билан овора.

«Зиёрат» ширкат-хўжалигидан Рўзиев Ҳамронинг ўн қўйи ўғирланди. Воқеа ИИБга билдирилди. ИИБ ҳодимлари Қобулов ўхшаган ИИБ ходимлари на жиноятчиларни жазолади, на қўйларни эгасига қайтарди. Бу ҳақда Рўзиев Ҳамро туман прокурори А.Мақсудовга мурожаат қилди. Олти ойдан буён жавоб йўқ.

Рўзиев Нурулло Қорақўл туман ИИБ ходимлари томонидан далага-қирга чиқарилиб, бешафқат калтакланган. Устига бензин сепиб, ёқамиз, Тўраев Ҳамро каби ўлдирамиз  деб қўрқитганлар. Бу ҳақда прокурорга борса, қабул қилмаган.  Туман касалхонасининг жароҳат бўлимига даволаниш учун борса, прокурорнинг ҳамтовоғи Авазов Рамазон ҳайдаб юборган.

Қорақўл шаҳридан 8 хонадон прокурор кўрсатмаси билан санкциясиз текширилган, халқ таланган.

Қорақўл шаҳридан Холмуродов Н.нинг оти ўғирланган. 1999 йил 20 авгусда берилган аризага ҳамон жавоб йўқ. Ўғирланган от масаласидан ташқари ўттиздан ортиқ жиноятни яшириш ҳолатлари қайд қилинган. Жумладан, туман «Савдогарбанк»да наркотик истеъмол қилган ИИБ ҳодимлари қилган ноқонуний ҳаракатлар баён қилинган.

Афсуски, прокурор А.Максудов на жиноятларни рўйхатга олган, на бирон жавоб берган. Холмуродов Э.нинг катта миқдордаги пули ва фирма ҳужжатлари туман молбозорида машинасининг ойналари синдирилиб олинган. Бу ҳақда ИИБ жиноят қидирув бўлими бошлиғи Қобулов И.га айтилган, бироқ жиноят рўйхатга олинмаган.

Олтиева Гулноранинг ўнлаб аризалари А.Мақсудов томонидан йўқотилган, ё рўйхатга олинмаган, ё жавобсиз қолдирилган.

Етти йилдан буён раислик қилиб бирон карра пахта режасини бажармаган Э.Рахимбердиев номли ширкат хўжалиги раиси А.Эгамбердиевнинг ноқонуний ҳаракатлари, яъни Хўжақудуқ деган жойдан давлат столбаларини йиқитиб, ичидан арматураларини олиб, ТТЗ тракторида келтириб сотганликлари, кабелларни қазиб олиб, ичидаги мисни  Қозоғистонга ўтказиб сотганлари оқибатида ТТЗ трактори олти ой ҳам ишламай ишдан чиққанлиги, давлатга фақат трактор туфайли 1,5 млн. сўм зарар  етказилганлиги ҳақида маълумот берилган. Жамоа раиси ва тракторчи эса А.Мақсудовнинг ҳимоясида юришибди.

2000 йилнинг донидан шҒх раиси А.Эгамбердиев 1850 кг ўғирлаб, қўлга тушди. Бироқ туман прокурори А.Мақсудов ва туман бош терговчиси Ў.Хайдаровлар бу жиноятни ёпдилар. Раисга эмас, пудратчига 17 500 сўм жарима солинди.

Олтиева Гулноранинг ўғли Бобур 1999 йилда ҳамда 2000 йил 16 июлда 2 маротаба қалтакланган. Бироқ жиноятчилар жазоланмаган. Суд тиббий кўригидан ўтганига қарамай, иккинчи  йилдирки бир оғиз ҳам сўралмаган. Жиноятчилар А.Мақсудовнинг ҳимоясида.

Қорақўл туманида содир этилган жиноятларни прокуратура томонидан яшириш ҳолатларини санаб адо этиш қийин.

Қорақўл  шаҳрининг М.Горький кўчасида яшовчи Рўзиев Хайруллонинг тракторининг катта баллонлари ўғирланган. Участка инспектори Ҳ.Бозоровга айтилган бўлсада, рўйхатга олинмаган.

Очилов Ахмаднинг ёғочлари ўғирланган. Бу ҳам Бозоровга айтилган, рўйхатга олинмаган.

Бобохонова Гулноранинг уйида талончилик қилинган. Хабар қилинган бўлишига қарамай, рўйхатга олинмаган. Иноятов Пиримнинг моллари ўғирланган, прокурорга ёзма мурожаат қилган. Ариза йўқотилган. Бундай далилларни ўнлаб санаш мумкин. Ўз манфаатидан бошқа нарсани ўйламайдиган туман  прокурори А.Мақсудов Эгам Усмоновга қарашли фирмага (фирманинг номи тез-тез ўзгариб турган) жамоа хўжаликларининг моллари ва емини,  пиллакорлар пилласини, пулларини олиб берган. Халқнинг миллионлари талон-тарож қилинган.

Бухоро вилояти ИИБ коррупцияга қарши кураш бўлими бошлиғи билан туман прокурори А.Мақсудов ҳамкорликда «Брок-Сервис», «Алли» фирмалари орқали  30 миллион сўмлик  яроқсиз, сертификатсиз қопни Қоракўл дон маҳсулотлари корхонасига зўрлаб  топширтирганлар. Корхонанинг  солиқдан 22 млн. қарзи бўлиб туриб, яроқсиз қопларнинг пулларини фирмаларга ўтказганлар. Корхона хонавайрон қилинди.

Қоракўл тумани Республикада энг илғор туманлардан эди. Энди у хонавайрон қилинди. Қоракўл тумани ҳокими А.Раҳмонов вилоят ҳокимининг қариндоши (қариндошлигини тегишли идоралар, А.Мақсудов жиноятларни яширган каби, Президентдан  яширмоқда,) бўлиб, уч йилдан буён бирон марта пахта тайёрлаш режаси бажармади. Дон топширишда ҳам, пахтада ҳам қўшиб ёзиш авжига чиққан.  Давлатнинг унини халқнинг томорқасидан олинган донга алмаштириб, шу донни режасига қўшиб, сохтачилик қилди.

Пахтада эса аҳвол бундан ҳам баттар. Пахтачиликдаги қўшиб-ёзиш бўйича рад қилиб бўлмайдиган далиллар бор. Туман хокими А.Раҳмонов, туман прокурори А.Мақсудов, туман ИИБ бошлиғи С.Хафизовлар хамкорликда Қоракўл туманини, халқни хонавайрон қилди. Комбайн яроқсиз деб хужжатлаштирилиб, А.Раҳмонов уни қариндошига инъом қилди, халқ эса донини асфальт устида янчишга мажбур бўлди.

Жабирдан ота деган муққадас жойни таъмирлашдан ҳам шасий манфаат учун фойдалинилмоқда. Таъмирлаш ишларига 20 миллион давлат пули сарфланган. Бироқ текширилса 10 миллионлик материал ишлатилмаган, ўғирланган.

Бу зот, яъни А.Раҳмонов, Республика Олий мажлиси депутати. Бироқ у Президент ўтирган бинода ўтириб, адолат учун қарсак чалиб,  туманни хонавайрон қилди. Туманни гуллатиб турган Дониёр Тошев деган ҳокимни ишдан олиб, уч йилдан буён пахта режасини бажармай, ҳам иқтисодни, ҳам адолатни йўқ қилган кимсага туман инъом қилинган.

Туман порахўрликнинг қора бозорига айланган. Прокурор А.Мақсудовнинг собиқ маҳбус Бахтиёр Ширинов билан 500 минглик пора ҳақида ўтказган суҳбати ўз овози билан аудиокассетага ёзиб олинган. Шунингдек 400000 сўм пора берган одам сўзлари ҳам аудиокассетада бор. Кимдир А.Мақсудовга порани 200 сўмлик эмас, 500 сўмлик қилиб кел деб, уни хайдаб юборган. Бу ҳам аудиокассетага ёзиб олинган ва барча юқори идораларга топширилган. Афсуски, шундай кимса ҳамон туман прокурори лавозимида ишлаб турибди.

Республика Прокуратурасининг Ички хавфсизликни таъминлаш инспекцияси бошлиғи Ниғмат Йўлдошев, ёрдамчиси Жаҳонгир Игамовлар унинг жиноятини яширишга уринмоқдалар. Миллий Хавфсизлик Хизмати Қўмитаси раҳбарлари билан учрашишга  бир неча карра ҳаракат қилдик. Бироқ,  ўзини қабулхона бошлиғи Сотволдиев Улуғбекман деб таништирган ходим, бизга йўл бермади. Шу идоранинг Бухоро вилояти бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Ғулом Ортиқов эса «Сизга нима, нега бу масалалар билан шуғуланаяпсиз?» деб қайта-қайта сўради ва «Биз бу ишлар билан шуғуланмаймиз, фақат террорчилар билан шуғуланамиз» деди. Ахир қотилликларни яшираётган, қотилларни ҳимоя қилаётган, юқорида номлари зикр қилинган кимсалар ҳам террорчилардан кам зарар етказаётгани йўқ-ку!

Қолаверса, Ғулом Ортиқов нималар билан шуғуланаётганини одамлар яхши билишади. Асли  Қоракўллик бўлган бу ходимнинг укалари вилоятдаги, тумандаги юқори лавозимларни бекордан бекорга эгаллаётган бўлмасалар керак.

Алқисса, уюшган жиноятчилар ёпиғлик қозонни ёпиғлигича сақлаш учун мени йўқотиш пайига тушдилар. 2000 йил 8 ноябр куни мен икки ўғлим ҳамда хотиним билан машинада кетаётганимда 20Д35-14 номерли «Жигули» русумли машина бизни қулатишга ҳаракат қилди. Билсак бу ДАН ходимининг  машинаси экан.

Шунингдек, мен уйда бўлмаган пайтимда болаларимни қалтаклатиб,  Юсуф фалончини урди деб жиноий иш очишган. Менинг ўша куни уйда бўлмаганимни ўнлаб гувоҳлар тасдиқласада, мени жиноятчига чиқариш учун  ҳаракат қилишмоқда.

Туман прокуратураси, МХХ ва ИИБ ходимлари уюшган жиноятчилар ноғораларига ўйнайдиган, менга ғаним бўлган кимсалардан «Юсуф ваҳҳобийчи» деган хатларни ёздириб олганлар. Холбуки менинг  диний оқимларга ҳеч қандай алоқам йўқ. Аксинча, юқорида таъкидлаганимдай, давлат ташкилотлари текшириб ҳеч қандай айбим йўқлигини аниқлаганлар.

Ҳурматли Президент жаноблари!

Бухоро вилоятида уюшган жиноятчилик қанчалик илдиз отганини, унга кимлар ҳомийлик қилаётганини Бухорода одам органларини сотиш учун содир этилган ўта оғир қотилликлар яққол кўрсатиб турибди. Бу қотилликлар ҳуқуқ-тартибот органлари, прокуратура ва бошқа ташкилотлар ходимларининг иштирокисиз содир бўлмаслиги шўбҳасиздир. Бундай жиноятлар охир-оқибат жамият инқирозига олиб боришини тушунишга вақт етди.

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s