15-ИНТЕРВЬЮлар, 52-СЎЗ ВА МАТБУОТ ЭРКИНЛИГИ

02.02.15-ШОДИ МАРДИЕВ

15 февраль 2002 й.

 

ЎЗБЕКИСТОН ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ ЖАМИЯТИ

МАТБУОТМАРКАЗИНИНГ

БИЛДИРИШНОМАСИ

 

         Самаркандлик журналист Шоди Мардиевнинг яқинда Қизилтепа шаҳридаги УЯ 64/47 жазони ўташ муассасасидан озодликка чиқарилгани ҳақида хабар берган эдик. Журналист роппа-роса 4 йилу 50 кун мазкур махбусхонада сақлангач Ўзбекистон Президенти амнистиясига мувофиқ озод этилди. Холбуки, у 11 йил бу қаттиқ режимли жазо муасссасида сақланиши керак эди. Шоди Мардиев “адолатли давлат қонунлари” учун бундан миннатдор эканлигини айтади.

 

        Журналистнинг махбусхонада кўрган кунлари ғоятда ачинарлидир. У дастлаб тергов ва суд жараёнида қамоқда сақланар экан, кўплаб қийноқ ва зўрликларга дуч келади. Унинг айтишича, қамоқда сақланаётганларга олиб келинган озиқ овқатлар турма назоратчилари томонидан талон-тарож қилиниши Тошкент ва Ховост қамоқхоналарида авж олган экан.

 

         – Мен бу ҳолатни қизим Дилбархон олиб келган егуликларни етиб келмаганидан билиб қолдим. Қизим киритган егуликлар у юборган руйхатдаги нарсаларнинг ярмича ҳам эмас эди. Шундан сўнг мен назоратчиларга ўз норозилигимни билдириб жанжал кўтардим. Шундан сўнг ахвол бироз яхшиланди, деб ҳикоя қилади журналист.

 

         Собиқ махбуснинг айтишича, қамоқхонадаги ҳаёт жуда оғир бўлган. У тўрт томони бетон девор билан тўсилган хонадаги ҳеч нарсасиз темир кравотда ётиб жон сақлаган. Хона ярим метрлар чамаси сувга тулдирилгани боис журналист кўп ўтмай бод касалига йўлиқади. Унинг буйраклари шишиб кетади. Айниқса Ховостдаги қамоқхонада ўн кишилик ўринга 20 киши жойлаштирилиши ва бу ердаги санитария ахволининг жуда оғирлиги журналистга катта таъсир қилади.

 

– Хоналар битга тўлиб кетганди. Махбусларга ювинишга имкон берилмасди. Энг ёмони ўзига қўйилган айбни бўйнига олмаган судланувчиларни азоблаш, оғир қийноқларга солиш бу ерда авжга чиққанди. Мен бу ерда калтакнинг зарбидан бошдан оёқ ҳамма жойи кўкариб кетган кишиларни учратдим. Уларга шафқатсизларча ноинсоний муносабатда бўлишгани очиқ кўриниб турарди, – дея эслайди собиқ махбус.

 

         Сирдарё вилоят суди Шоди Мардиевни ясама “жинояти” учун 11 йилга озодликдан маҳрум этгач журналист Навоий вилоятининг Қизилтепа шаҳридаги қаттиқ тартибли УЯ 64/47 рақамли жазо муаассасасига олиб келинади.

 

         – Махбусхонадаги дастлабки кунлар мен учун жуда оғир бўлди, – деб ҳикоя қилади у. – Биринчи кунларда бизни изоляторда сақлашди. Бу ердаги тўрт кишилик камерада 14 киши эдик. Ҳавонинг ҳаддан ортиқ совуқлиги боис мен бу ерда оёғимдан ажралдим, яъни бод касалим зўрайиб ётиб қолдим. Ўшандан сўнг 4 йилу 50 кунлик махбусхонадаги ҳаётим давомида бу ерда орттирган касалим тузалмади. Ҳозир ҳам шундай ахволдаман.

 

         Шоди Мардиев махбусхонадаги 6-чи бўлинмада сақланган. У фақат шу ерда кўрганларинигина гапириши мумкинлигини айтади. Маълум бўлишича махбусхонада сил касали билан оғриган беморлар бўлган. Бироқ улар бошқа махбуслар билан бир жойда сақланган.

 

         – Бу санитария ва гигиена қоидаларига тамоман зид ҳолат эди. Турма нозирлари сил касали бошқаларга юкмаслиги учун аниқ чоралар кўришмасди. Назаримда касалларни бир жойда сақлашни йўлга қўйиш лозим эди , – дейди журналист.

 

         Собиқ махбуснинг айтишича жазо муассасасасида ҳар хил жиноятларни содир этганлар бўлган. Айниқса ўғрилик билан судланганлар жуда кўп учраган. Бундай махбуслар асосан 16 дан 25 ёшгача бўлган кишилардан ташкил топган эди.

 

         – Мен улардан нега ўғрилик қилдинг, деб кўп сўраганман. Уларнинг барчаси бу саволимга моддий етишмовчилик, пулга муҳтожликдан шундай жиноятга қўл урганликларини айтишарди, – дейди сухбатдошимиз. Унинг айтишича, арзимаган енгил жиноятларни содир этганларга жудда қаттиқ жазо тайинланиши давлат ва жамият учун катта зарардир. Буни Ўзбекистон ҳукумати кеч бўлса-да англаб етаётгани қувонарлидир.

 

       Шоди Мардиев махбусхонада сақланар экан унинг оила аъзолари катта моддий ва маънавий зарар кўрганлар.

 

– Мен бу зарарларни ўзимга нисбатан қилинган адолатсизликлар оқибати деб биламан. Шу боис албатта адолат тантана қилиши учун курашаман. Лекин менинг умрим ўтди, қанча соғлигимдан ажралдим. Турмуш ўртоғим ҳам касалванд бўлиб қолди. Бу йўқотган азиз неъматларимизни бизга ким қайтариб беради? Буниси менга қоронғу, – дейди журналист.

 

         Яна собиқ махбус жазо муассасасасида 400га яқин “Хизб ут-Таҳрир” диний уюшмаси аъзолари ҳам сақланганлигини айтаркан, уларга муносабат бошқалар билан бирдай эди, дейди. Бироқ   журналистнинг фикрича диний эътиқоди учун қамалганлар ҳукумат сиёсатидан норози бўлиб юришган, улар қандайдир алоҳида назорат остида сақланишган. Бундай махбуслардан Президентдан кечирим сўраб тавба қилганларигина амнистияга сазовор бўлишган. Бироқ уларнинг аксар қисми кечирим сўрашни рад этганлар.

– Диний эътиқоди учун қамалганларнинг аксарияти арзимас бир варақа ёки наркотик модда билан қўлга олиниб, узоқ йилларга озодликдан маҳрум қилинган эди. Мен бу варақа ёки наркотик моддалар уларнинг уйига атайин ташлаб қўйилганини ўзларидан эшитиб ҳайратга тушганман. Наҳотки бир варақа учун шунча инсон умри зомин бўлса, – дейди афсусланиб Ш.Мардиев.

 

Журналист махбусхонада сақланар экан бир неча марта Ўзбекистон Бош пракурори, Олий суд раиси ва Президентга ўзини ноқонуний туҳмат туфайли қамалганини айтиб, адолат талаб қилган. Лекин унга ҳеч қандай жавоб берилмаган. Холбуки Шоди Мардиев журналист сифатида Ўзбекистон давлати ва унинг сиёсатини қўллабқувватлаб 27 йилдан ортиқ умрини сарф этган эди.

 

Дилбархон Мардиева – журналистнинг уч қизидан каттаси, отасининг ҳаёти учун бир қанча идораларга мурожаат қилганлигини айтади. Охирги марта Шоди Мардиев яна юрак хуружига учраб соғлиги ёмонлашгач, унга дори дармон керак бўлади. Дилбархон уйларида ҳеч вақо қолмаганлиги боис отасининг ишхонаси – Самарқанд вилоят телераадиокомпаниясига ёрдам сўраб боради. Бироқ у ердан ҳеч қандай ёрдам ололмайди. Шундан сўнг маҳаллий журналистларга мурожаат қилади. Яна журналистга моддий ёрдам у ёкда турсин қаттиқ назорат ва босим остида ишлаётган Ўзбекистон мухбирлари ўз ҳамкасбларига ёрдам беришга журъат этолмадилар.

 

Фақат бу вокеалар чет эл оммавий ахборот воситалари – Бии-Си, Озодлик, Америка овози радиолари орқали мунтазам ёритиб борилди. Шу йиллар ичида журналистларни ҳимоя қилиш халқаро ташқилотлари Шоди Мардиевни озод қилинишини сўраб бир неча бор Президент Ислом Каримовга мурожаат қилганлар. Лекин аниқ натижага эриша олмаганлар.

 

       – Мен махбусхонада туриб хорижий радиоларни ўзим ҳақимда тарқатган хабарларини эшитиб бордим. Уларнинг хабарлари юз фоиз тўғри. Мен чет эл матбуотидан ҳолис ва ҳаққоний ахбороти учун жуда миннатдорман. Қанийди бизнинг журналистларимиз ҳам улардан ўрнак олсалар.

 

         Булар собиқ махбуснинг эътирофи.

 

         Шоди Мардиевнинг махбусхонадаги ҳаёти осонликда якунига етгани йўқ. У турма нозирлари амнистия қўллашларини сўраб Президентга хат ёзишларини сўраган пайтларида, “Мен ноқонуний судланганман. Қўйилган жиноятларни рад қиламан. Фақат адолат қилишларини сўрайман”, деган мазмунда мактуб битган экан. Бироқ у мактубда қўйган   талабларига  Президент Маҳкамасидан рад жавобини олган. Унда Шоди Мардиевни тўғри судлангани ва токи ўз айбини бўйнига олмас экан, унга амнистия қўлланмаслиги маълум қилинган эди.

 

        Бироқ кўп ўтмай журналист озод этилди. 2002 йилнинг 5 январида уни ўзи туғилиб ўсган Самарқанд вилоятининг Чархин шаҳарчасигача келтириб қўйишди. Журналист ўзига нисбатан қилинаётган бундай муносабатдан хайратда эди. Кейинчалик маълум бўлишича “Халқаро Амнистия” ташқилоти Шоди Мардиев ҳақида ўз хавотирларини изҳор этиб хабар таркатган, Қўшма Штатлар Ўзбекистонда демократия ва инсон ҳуқуқлари бузилишига барҳам беришни расмий ҳукуматдан талаб қилаётган экан.

 

         Демократия ва инсон ҳуқуқлари олий қадриятдир. Мен бу сўзлар қадр–қимматини яхши тушунаман. Айниқса тўрт йилдан ортиқ қамоқ менга инсон қадри ва шаъни нима эканлигини яхши англатди. Бундан кейин токи умрим бор экан, Ўзбекистонда шу муқаддас тушунчалар қарор топиши учун курашавераман, – дейди махбуслик азоб уқубатларини татиб кўрган ўзбек журналисти.      

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s