ҚИЙНОҚЛАР

03.06.22-МАҲБУС УМАРОВ РАВШАНБЕК

                                                     Ўзбекистон Республикаси Бош Прокурорига

                                                              

1970 йил 7 ноябрда Наманган шаҳрида туғилган,

Ўзб. ЖКнинг 1594, 2411 ва 2413 – моддалари билан

озодликдан маҳрум этилган маҳкум

Умаров Равшанбек Мухторович томонидан                                                          

                                                              

ШИКОЯТ

 

Мен УЯ 64/18 муассасасида даволаниб, 2002 йил 19 июлда УЯ 64/36 муассасасига келдим. Мени УЯ 64/36 муассаса тезкор бўлими бошлиғи Қаҳҳоров Баҳодир бошчилигида кутиб олишди. Бизни изоляторга олиб кириб, ҳарбий назоратчилар ва Тартибни Сақлаш Бўлими (ТСБ) ходимлари текширувдан ўтказишди.

 

Текширув пайтида мен турсигимдан бошқа кийимларимни ечдим. ТСБ ходими мендан турсугимни ҳам ечишимни талаб қилди. Мен эса бу иш эътиқодимга зид деб қилмадим. Шундан сўнг ТСБ ходими қорнимга муштлаб урди. Бу кутилмаган зарбдан йиқилиб қолдим. Сўнг мени турғазиб яна шу ишни буюришди. Мен яна унамадим. ТСБ ходими қорнимга тепди. Мен яна йиқилиб қолдим.

 

Бу калтаклаш ва таҳқирлашлар тезкор бўлими бошлиғи Қаҳҳоров Баҳодир ва муассасанинг бошқа ходимлари кўз ўнгида бўлиб турар эди. Лекин улар ТСБ ходимларига тўла ҳуқуқ бериб қўйишган эди. Тиббиёт ходими Муҳиддин келиб таъна аъзоларини текшириш вазифаси эканлигини айтди. Мен бу ҳолат мутахассисликка оид вазифа эканлиги учун рози бўлдим.

 

Тезкор бўлими бошлиғи Қаҳҳоров Б. менга ва бошқа 159-моддали йигитларга: «Бу ерда намоз ўқилмайди» – деб уқтирди. Сўнг эрталабки текширувдан ўтказиш учун плацга олиб келишди. Бу ерда Ўзбекистон Республикаси мадҳиясини мажбурий айттирар эканлар, эътиқодимга зид бўлганлиги учун айтмадим.

 

Кейин бизни карантинга олиб келишди. Карантинда ТСБ ходимлари бизлардан мадҳияни айтмайдиганларни ажратиб олиб, хонага якка-якка олиб кириб, 6-7 ТСБ ходими ура бошлашди. Навбат менга ва Шоймардонов Беҳзодга келди. Бизни хонага олиб кириб ура бощлашди. Мени қорнимга тушган мушт зарбидан яна йиқилиб қолдим. Шоймардонов Беҳзоднинг эса тепкидан оғзи бурни қонаб кетди.

 

Менинг ошқозон ичак яра касалим борлиги боис бу мушт зарбидан оғриб қолди. Мени ТСБ ходимлари кўтариб санчастга олиб келишди. СЧ ходимлари менга муолажа қилишгандан сўнг ТСБ ходимлари яна мени кўтариб калтаклашган хонага олиб келишди. Мени санчастда муолажа килишаётган пайтда Саид исмли тиббиёт ходими юзим ва бошим аралаш тинмай уриб «Шу ердан юриб чиқасан» деб азоб берди.

 

Мени калтаклашган хонага ТСБ ходимлари кўтариб келишганда Шоймардонов Беҳзоднинг уст кийимлари тупроққа беланган, тугмалари узилган ҳолда Ўзб. мадҳиясини айтиб турарди. Унинг тепасида Қаҳҳоров Баҳодир, тартибот бўлими бошлиғи Жўраев Ғайрат ва ТСБ ходимлари туришар эди. Мен Беҳзоддан нима ҳолат, Қизилтепада номусга тажовуз қилиш каби ишлар бўлдими десам, у «ҳа» деб жавоб қилди.

 

Сўнг тартибот бўлими бошлиғи Жўраев Ғайрат менга «Агар сен ҳам айтмайман деб қайсарлик қиладиган бўлсанг, худди шу ишни амалда қиламиз» – деб айтди. Мен бу иш эътиқодимга зид деб унамадим. Мени 5-6 та ТСБ ходимлари оёққўлимдан ушлаб хонага олиб киришди. ТСБ бошлиғи Абдували, ёрдамчиси Линур ва 4-5 ТСБ ходими оёққўлимдан ушлаб ерга ётқизиб турди. Тартибот бўлими бошлиғи Жўраев Ғайрат, тезкор бўлими бошлиғи Қаҳҳоров Баҳодир назорати остида кўтимга дубинка билан ура бошлашди.

 

Бу иш натижа бермагач, эркаклик номусимга тегиб азоб бера бошлашди. Бу азоблаши натижа бермагач, дубинка билан бор зарби билан калтаклашни давом эттирди. Назорат қилиб турган тиббиёт ходими Бобур: «Бўлди, калтак зарбини танаси ҳис қилмай қолди» – деб айтгандан кейин калтаклашни тўхтатди.

 

Менга сув сепиб хушимга келтиришгач, ярим ялонғоч ҳолатимда кўтариб бориб, ҳаммомда чўмилтиришди. Тартибот бўлими бошлиғи Жўраев Ғайрат ва тезкор бўлими бошлиғи Қаҳҳоров Баҳодир «Ҳарбий назоратчи билан уришиб, тугмаларини узиб ташлаб, итоатсизлик қилди» – деган тўҳмат билан мени 5 суткага изоляторга ёпишди.

 

Бу вақт мобайнида мени аёлларга хос сифатлар билан сифатлаб, ҳақоратли сўзларни айтишди. Изоляторда муассаса бошлиғи Сафаров О.М.га мени устимда бўлган ходимлар бўйича шикоят қилдим. Муассаса бошлиғи Сафаров О.М. госпиталда даволанаётганлиги ва бу ишлар юз берган пайтда колоннада бўлмаганлигини айтди. Менга нисбатан бу таҳқирлашлар устидан прокурорни чақириб беришларини талаб қилдим. Талабимни қондирмай, чўзиб юришди.

 

Изоляторда мен 159-модда йигитлари Болтаев Эркин, Бойдадаев Тоҳир, Маъсуджон ва Беҳзодлар менга қилинган калтаклар ва эркаклик номусимга тегишликдаги ишлар бўйича гувоҳлар. Изоляторда пайтимда Маткаримов Шўҳрат ҳам изоляторда экан. Уни ҳам бир ҳафта олдин Жўраев Ғайрат намоз ўқиганлиги учун ТСБ ходимлари билан Жўраев Ғайрат уни ҳам дубинка билан уриб, эркаклик номусига тегиб азоб берганлигини билдим. 5 сутка изоляторда ётганимдан сўнг Санчастга ётқизилдим.

 

Мени тиббиёт ходимлари ва санитар маҳкумлар кетимдаги устки ва ички жароҳатларимни даволашди. Бахтиёр исмли йигит бўлса керак, мени ҳаммомга олиб тушиб, ювинтириб, уст бошимни алиштиргани сабабли Санчастдан ҳайдаб юборилди. 5 сутка ётиб оёққа турганимда сунъий равишда бир маҳкум билан тўқнаштириб, тўҳмат билан яна 10 суткага изоляторга ёпишди.

 

Мен изоляторда Маткаримов Шўҳрат билан кўришдим. У яна намоз ўқиганлиги учун ёпилган экан. Мен у билан прогулочнийда кўришиб, тартибот бўлими бошлиғи Жўраев Ғайрат дубинка билан уриб, сўнг эркаклик номусига теккани ростми, деб сўрасам, у: «Ҳа, ҳаммаси рост» деди. Изоляторда Маткаримов Шўҳрат ва менга нисбатан муассаса ходимлари «Дубинкани бу сафар орқангизга охиригача, ҳаммасини тиқиб бир яхшилаб азоб берсак, мулойим бўлиб итоат қиласизлар» деб мазах қилишар эди.

 

Изоляторда менга қоғоз ва ручка беришларини, Инсон ҳуқуқлари ташкилотларига ва Бош Прокурорга шикоят ёзишимни айтиб талаб қилдим. Бу талабларимдан огоҳ бўлган Жўраев Ғайрат изоляторга кириб уриб ташлади. «Ўлдириб юбораман»деб таҳдид қилди. Лекин мен: «Буни охиригача олиб бораман» деб айтдим.

 

Изоляторда вақтимда этап билан 159моддали Комилжон биродарим ҳам келди. Ўзбекистон мадҳиясини айтишдан бош тортгани учун ҳам уни изоляторга ёпиб қўйишди. Изоляторда пайтимда 47-чи колониядан келган тартибот ходими Фахрий 47-чи зонада кенг йўлга қўйилган оёқ остига уришни йўлга қўйди.

 

Мен 159-моддалилардан: «Аввал ҳам оёқ остига уриш бормиди?» – деб сўрасам, улар: «Йўқ» – деб жавоб қилишди. Изоляторда бўлиб чиққанимдан кейин яна санчастга ётқизилдим. Санчастда пайтимда ота-онам узоқ муддатли учрашувга келиб қолишди. Аввалига Қаҳҳоров Баходир менга: «36-чи муассасага келганимда менга нисбатан ҳеч қандай тазйиқ бўлмаган» – деб ёзиб берасан, бўлмасам учрашувга киритилмайсан деб таҳдид қилди. Лекин мен рози бўлмадим. Иложсиз учрашувга рухсат беришди.

 

Ота-онамга орқамдаги дубинка зарбидан яра бўлиб кетган изларни ва эркаклик номусимга тегилгандан қолган жарохатларни кўрсатдим. Чунки онам тиббиёт ходимаси эдилар. Ота-онам муассаса бошлиғи Сафаров О.М.га ходимлари Қаҳҳоров Б. ва Жўраев Ғ.га нисбатан тегишли жиноий иш қўзғаб, чорасини кўришларини талаб қилиб, ўзлари ҳам юқори тегишли идораларга шикоят қилишларини айтиб кетишди.

 

Ота-онам кетишганидан сўнг санчастдалик пайтимда Жўраев Ғайрат мени ва мадҳия айтишдан бош тортган Комилжонни офтобга кун бўйи тик турғазиб қўйиб азоблаш услубига ўтди. Шу орада Жўраев Ғайрат менга қилган қабих ишлари устидан жиноий иш очилгудай бўлинса, мени ўлдириб юборишлиги билан таҳдид қилди. Мен: «Ҳар бир кишининг пешонасига белгиланган ўлим соати вақтида келади» деб жавоб қилдим.

 

Санчастда намоз ўқишимга қаршилик қилиб қўл кўтарган ходимлар ҳам бўлди. Шу алфозда 2 ой 36-чи муассасада бўлдим. Бу вақт мобайнида муассаса ходимлари тарафидан намоз ибодатларимда қаттиқ қаршиликлар бўлди. 19 сентябргача 36-чи муассасада бўлган бўлсам, этапда келган Ўзбекистоон мадҳиясини айтишдан бош тортган 159моддалиларни қаттиқ калтаклаб, оёқ остига дубинкка билан уриб кутиб олишарди.

 

Бунга мисол: Аранбой, Исмоил, Элёр, Абдуқодир каби йигитларни 12 сентябрда қаттиқ калтаклар билан кутиб олиб, изоляторга 15 суткага ёпиб қўйишган. Санчастда пайтимда тез- тез ўзининг қорнини, қўл томирларини, бўйин томирларини лезвия билан очиб ташлаган маҳкумлар даволанишар, айримлари қошиқ, мих ёки бирор бир темир парчасини ютиб, 36-чи муассасадан 18-чи тиббий муассасага бир ойга бўлса ҳам «строевой шаг», қурилиш ишлари, худуд тозалиги, туалет тозалаш каби ишлар ва ТСБ ходимлари қисти-бастиларидан қутулиш мақсадида кетишга ҳаракат қилишларини гувоҳи бўлдим.

 

         19 сентябрда мени яна УЯ 64/18 муассасасига қайтариб юборишди. Мен УЯ 64/18 муассасага келганимда текширув пайтида тиббиёт ходимлари орқамдаги дубинка зарбидан колган яра изларини суриштиришди. Мен УЯ 64/36 муассасасидаги менга нисбатан тазйиқ ва калтаклаш, дубинка билан эркаклик номусига тегилган ишларни айтиб бердим. 18-чи муассаса тиббиёт ходимлари ва тезкор бўлим ходимлари тезда акт қоғоз тузиб, видео тасмага ёзиб олишди. Бу ишни тезкор бўлими ходимларидан Жамол ака, Бакир ака ва Рома акалар олиб боришди.

 

Бу вақт мобайнида 18-чи муассасада даволанаётганимдан хабар топган онам ГУИНга ва 18-чи муассаса бошлиғига шикоят қилиб, 36-чи муассаса ходимлари устидан жиноий иш қўзғашликларини талаб қилдилар. Мен ҳам 36-чи муассасада бўлган ишлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош Прокурорига шикоят аризаси ёзиб, 4отряд бошлиғига топширдим. Лекин 18-чи муассасага ГУИНдан Шодиев келиб кетгач, шикоят хатимни топширганлигим тўғрисидаги тасдиқ қоғози номеримни ҳам бермай, 16 октябр куни УЯ 64/62 муассасасига жўнатиб юборишди.

 

Ваҳоланки, мени 36-чи муассасада хуруж қилиб қолган ошқозон- ичак яра касалим устидан 18-чи муассасада даволаш курси очилганлигига қарамай, ҳали рентген натижаси чиқмасдан туриб жўнатиб юборишди. Мен 64/62 муассасасида 2 ой ошқозон касалимдан азобланиб юрдим. Шу вақт давомида мени даволаш учун 64/18 муассасасига жўнатишгани йўқ. 18-чи муассасада қондирилмаган талабларимни қондириш учун 64/62 муассаса бошлиқ ўринбосарига, тезкор бўлимига, отряд бошлиғига, муассаса бошлиғига мурожаат қилдим, лекин талабим эътиборсиз қолдирилди.

 

           2003 йил 7 март куни 159-моддалиларга қўйилган айблар нотўғри эканлагини ва қайта кўриб чиқишлигини талаб қилиб очлик эълон килдик. Прокурорлар келса 36-чи муассасада менга нисбатан қилинган таҳқирлашларни шикоят қилиб, тегишли чора кўришларини талаб қиламан деб шикоят аризамни ҳам тайёрлаб қўйган эдим. Лекин ГУИНдан келган Шодиев 8-9 март куни қилган қаттиққўллиги билан бостириши орқали талабимиз қондирилмай қолиб кетди.

 

Бу вақт мобайнида соғлигим ёмонлашиб, яна 18-чи муассасага жўнатилдим ва бу ерда ҳам шикоят хати ёздим. Онам келганларида Инсон ҳуқуқлари ташкилотларига ва Ўзб.Рес. Бош Прокурори номига ёзган хатимни яна бериб юбора олмадим. ЖИЭМда туриб ёзган шикоятларимни маъмурият ходимлари совуққонлик билан қарашганликлари сабабли чиқариш иложи бўлмаган, талабларим қондирилмаяпти ва 36-чи муассасада содир этилган жиноят яшириб келиняпти.

 

Мен 18-чи муассаса 2-туб бўлими бош врачи Боситдан ва тезкор бўлими бошлиғи Ромадан 2002 йил сентябрь-октябрь ойидаги 36-чи муассаса устидан менга қилинган таъқиб тазйиқлар натижасида содир этилган жиноят иши мендаги тана аъзоимдаги ички ва ташқи жароҳат излари мед.экспертиза хулосаси ва видео тасма, шикоят қоғозлари тахт қилинган ҳужжат қоғозларни сўраб суриштирсам, бошқарувга бериб юборилган, деган жавоб қилишди.

 

36-чи зонада менга нисбатан тан жароҳати етказган, таҳқирлаб тазйиқ ўтказган тезкор бўлими бошлиғи Қаҳҳоров Баҳодир, тартибот бўлими бошлиғи Жўраев Ғайрат, ТСБ раиси Абдували ва унинг 6-7 нафар ходимлари ва шу каби жиноятни яширган шахслар устидан тегишли чора кўришингизни, жиноий жавобгарликка тортишингизни талаб қиламан.

 

             Шикоят хатини ўз қўлим ва ихтиёрим билан тўғри ёздим.

 

Маҳкум Умаров Р.М.                 имзо                                                    

 

22.06.2003 йил.    

 

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s