МАҚОЛАлар, ШАХСЛАР, Юсуф Жума, Юсуф Жума шеърияти

“Миллат фожеаси” мақоласининг эълон қилинмасдан келтириб чиқарган можаролари

Юсуф Жума

Дилдан ҳурмат қиладиган бир сафдошимга  қўнғироқ қилдим  Саломимга алик совуқ бўлди. Мени танимади шекилли деб, такрор-такрор исмимни айтдим. Муомала совуқлигича қолди.

– Тинчликми?—дедим ҳайрон бўлиб.

-Ўқидим!

-Нимани?

-Миллат фожеасини.

-Қаерда, қайси сайтда?

-Сайтда эмас! Ўқидим-да. Ҳотининггиз билан ўғлинггизни  уйга қўймаганимни ёзибсиз! Ўзингизни баланд олмаяпсизми? Ҳеч ўйлаб кўрдинггизми, ўзим шу одамларга нима қилиб бердим, деб.

-Неки ёзган бўлсам ҳақиқатни ёздим…

Ҳиндларнинг машҳур эпоси «Маҳобҳорат»ни эсланг: Курекшетр – кураш майдони. Бир томонда эзгулик, бир томонда ёвузлик. Ҳар иккала тарафда Биҳишам авлодлари, зурёдлари. Барига тарбия берган, улғайтирган, ўз жигарлари.

Бироқ тақдир тақозоси билан Биҳишам ёвузлик тарафидаги зурёдлари билан. Эзгулик тарафдаги зурёдлари ўз боболарига қарши боришига, ўқ узишга мажбур бўлади. Йиғлаб-йиғлаб ўқ узади, бобосига.

Мен ҳам ўкина-ўкина ёзганман ҳар бир сўзимни. Абдулла Орипов мен қамалганимда турли идораларга бош урган. Мени озод қилишга уринган. Бироқ бу қатағон бошида бош жаллод турганини билгач, мени уюшмадан ўчирган. Прокурор эмасман, деб болаларимни ҳайдаб юборган. Мен учун елиб югургани учун А.Ориповдан қарздорман. Бироқ бу учун ёвузликка ҳамду-сано ўқиётганидан кўз юма олмайман.

Мен Ғофур Ғуломнинг истеъдоди деб, хиёнатидан, хиёнати деб, истеъдодидан кўз юммаслик тарафдориман.

Ҳой биродар! Сиз ҳам бир нафасга бўлса ҳам ёвузликка хизмат қилган экансиз, тан олинг. Кураш йўлида, ҳақ йўлида охиригача мардона бўлинг. Фақат шундагини озодликка эриша оламиз. «Миллат фожеаси»дан мурод шу.

Ушбу мақола «Озод овоз» ва бошқа айрим сайтларга юборилди. Афсус-ки, ҳеч бирида эълон қилинмади. Бироқ «Озод овоз» раҳбари Б.Абдуллаев мақолада айтилган айрим далилларни айрим сафдошларимга ўқитиб, “мана кўриб қўйинг, Юсуф Жума  сиз ҳақинггизда нималарни ёзган”, деб уйма-уй юрган.

Сафдошларим ҳам «ҳа энди биздан ҳам шундай хатолар ўтган, бандаи ожизмиз», демай фаришталик даъво қилаётган эканлар, узр, балким мендан ўтгандир. Бандаи ожизман, тангрим бесаноқ гуноҳларимни кечир, дейман.

Юқорида хафа бўлганлиги айтилган биродардан жуда кўплаб яхшиликлар кўрганман. Унга бағишлаб ўнлаб шеър ёзганман. Шундан бошқа яхшилик қўлимдан келмайди. Бироқ қаҳратон қишда, ярим тунда, оёқяланг аёлни, бағрига гўдакни босиб олган мазлум аёлни қароқчи шаҳар кўчасига ҳайдаганини унутмайман. Миллатнинг яхшиси шу бўлса “уйинг куйди, миллат”, дейман.

Яхшиликка яхшилик таъма этилса, у яхшилик яхшилик эмас. Мен давлат идораларидан нажот топмай эшигимга келганлар олдида доим хизмат қилганман, грант олиб эмас, маош олиб эмас, болаларим ризқи ҳисобига елиб югурганман. Бироқ ҳеч қачон, ҳеч кимдан яхшиликка яхшилик таъма қилмаганман.

Ўз халқим эшигидан ҳайдаганда, Елена Урлаева менга эшик очган. Бироқ на у, на мушфиқ онаси Вера Афанасьевна Евстигнеева мендан таъма қилишмаган. Шу боисдан мен на миллат, на дин айираман. Афсус-ки, мен уларга ҳеч қандай яхшилик қила олмадим. Улар мендан яхшилик кутаётгани ҳам йўқ.

Ҳамма эшик ёпганда, менга дала ҳовлисини бериб қўйган ёзувчи Ўктам Ҳакималига мен нима яхшилик қилдим? Туркий дунёнинг буюк ҳофизи Дадаҳон Ҳасангачи, унга нима  нима яхшилик қилдим?

Бобомурод Абдуллаев Дадахон Ҳасаннинг уйига бориб, Юсуф Жума сизни «ифлос» деб ҳақорат қилди, деган. Буни Б.Абдуллаевнинг ўзи айтди. “Жаҳлимни чиқарди, сизнинг номинггиздан сўкдим”, деди.

— Нега? — дедим мен, — нима ҳақинггиз бор бундай қилишга, мен қамалганда уч яшар ўғлимга қўшилиб битта Дадахон Ҳасан йиғлаган. Мен қувғинда вақтим ортимдан емак олиб борган.

Энди, Дадахон ака хафа бўлади, бир умрга салом-алик қилмайди, деб ўйладим. Бироқ Дадахон Ҳасан мени қучоқ очиб кутиб олди. «Ердан ернинг, эрдан эрнинг фарқи бор» – дейди буюк Маҳтумқули.

Ортимдан миршаблар қувлаганда мен билан қорда, лойда бирга азоб чеккан Усмонжон Ражабовга мен нима яхшилик қилдим? Мақола эълон қилинмай шунча гап-сўз. Эълон қилинганда ҳам майли эди. Жаҳонгир Муҳаммад бир китобида: тўғрисини айтганим учун дўст ҳам, душман ҳам мени хушламаса керак, деган мазмунда ёзган. О, ўзбекнинг фидойи боласи! Мен букун келаётган хулосага сен ўн йиллар бурун келган экансан. Сенга ҳам, менга ҳам Худодан тоқат сўрайман. Бундай миллатга фарзанд бўлиш осон эмас. Ақлдан озиш ҳам ҳеч гап эмас. Қусрини йўқотармикан, деб қусрини айтсанг қутуриб кетади.

Ҳақни мен айтмасам ҳам Худо ҳаммасида хабардор. Уни беш вақт номоз ўқиш билан алдаб бўлмайди. Мабодо алдаб жаннатга тушсалар ундай жаннатнинг Ўзбекистондан фарқи бўлмайди. Бундай жаннатдан ҳазар қиламан.

Бизнинг оилада, эҳтимол бошқа ҳеч бир оилада бўлмаган одат бор: ўз фарзадларим  хатоларимни, ноўрин гапларимни менга бемалол айта оладилар. Ҳатто олти яшарлик кенжатой ўғлим ҳам. Мен бундан севинаман. Ўз камчиликларимни тузатишга уринаман. Наҳотки болаларимнинг бу феъли ўзларини ўз оталаридан баланд олиш бўлса? Аслида болаларим мендан баланд бўлишини Худодан сўрайман. Ҳой, мендан ўпкаланаётган биродар, ҳақдан бир чимдим мени душман санаган биродар, сизларга айтаётганларим ўзимни баланд олганим эмас.

Ноқислигимиздан юрак бағрим ёнаётганидандир. Раҳматлик Маҳмудхўжа Беҳбудий “биз 5-10 тамиз, холос”, деб ўртанганлар. Афсус-ки, биз 5-10 та ҳам бўла олмадик. Инсон улкан чиқиндилар ичра зарра-зарра бўлиб сочилиб ётган олтиндир. Қусрларимиз чиқиндидир! Тозаланиб борганимиз яхши эмасми?

«Миллат фожеаси» шу муродда ёзилган.

 

Юсуф Жумаев, шоир

2003-12-26   

 

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s