БАҲОДИР КАРИМОВ, БИЛДИРИШНОМАлар

04.06.02-Ички ишлар вазирлигидаги жиноят

2 июнь 2004 й.

Адолат ва одил суд бўлмаган шароитда

давлат қароқчилар тўдасига айланади

Августин Аврелий

 

ЎЗБЕКИСТОН ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ ЖАМИЯТИ

БИЛДИРИШНОМАСИ

 

Ички ишлар вазирлигидаги жиноят

 

ЎИХЖга тошкентлик Ўткир Каримовдан мактуб келиб тушди. Хатда ёзилишича, Ў.Каримовнинг ўғли шу йилнинг 29 мартидан бошлаб Тошкент шаҳар ИИББ ертўласида 10 кун сақланган ва шундан бери ҳозирги кунга қадар ИИВ ертўласида ушлаб турилибди. ЎИХЖ унинг мактубини қисқартирилган ҳолда келтирди:

 

«Ҳуқуқтартибот идораларининг оиламизга қилган бўҳтонларидан сўнг биз ҳар қандай адолат ва келажакка бўлган ишончни йўқотиб қўйдик. 29 дан 30 мартга ўтар кечаси уйимизга 25-30 чамаси автоматлар билан қуролланган милиционерлар бостириб киришди.

 

Улар турмуш ўртоғим Каримова Озода, икки келиним Каримова Маъмура ва Каримова Зиёдани (ҳомиладор), катта ўғлим Каримов Абдуҳамид, ўртанча ўғлим Каримов Баҳодир (1975 й. т.) ҳамда вояга етмаган 5 нафар неварамни Тошкент ИИББга олиб кетишди.

 

Улар уйда ноқонуний тинтув ўтказишди ва барча ҳужжатларни мусодара қилишди. Милиция ходимлари ўзларини сурбетларча тутиб, ҳаммани сўкиб ҳақоратлашди. Ўғилларимнинг қўлига кишан солиб олиб кетишди. Тошкент ИИББ ертўласида уларни иқрор қилдириш учун қийноққа солишди.

 

31 март куни кечаси соат 2-3 ларда милиция ходимлари турмуш ўртоғим ва икки келинимни уйга олиб келиб, бу ерда тонгги соат 4-30 гача қайта тинтув ўтказишди. Улар ҳеч нарса тополмагач, ортларига қайтиб кетдилар. Катта ўғлим қийноққа солинган бўлсада, терговчилар уни ҳеч нарсада айблай олишмади. 1 апрел куни эрталаб уни қўйиб юборишди. Ўғлим уйга қаттиқ калтакланган, ҳамма ёғи кўкарган ва тушкун ҳолда кириб келди.

 

ИИВ тергов бош бошқармаси катта терговчиси, майор Акром Қаршиев ўртанчи ўғлим билан у хибсга олинганидан бери кўришишга рухсат бермайди. 5 апрель куни сўроқда адвокат сифатида Нилуфар исмли аёл иштирок этган. У терговчи томонидан чақиртирилган эди. Бу аёлнинг айтишича, ўғлим Баҳодир ИИВ ертўласидаги тиббий бўлимда сақланмоқда. Уни икки ярим соат давомида шаҳар ИИББда ишловчи Раим исмли жаллод бошчилигидаги 4 нафар ходим тўхтовсиз ваҳшиёна калтаклашган.

 

Терговчи Баҳодирга ҳеч қандай жиноятни «илолмагач«, «АслСервис» масъулияти чекланган жамиятининг ҳисобчиси Ғофуров Шарофиддин Ғуломовичга босим ўтказа бошлаган. Уни шаҳар ИИББда 3 кечакундуз ушлаб туришган. Ҳусан исмли милиция тезкор ходими Ш.Ғофуровдан Баҳодирнинг «ваҳҳобий» эканини ёзиб беришни талаб қилган ва у рухий босим остида шундай қилишга мажбур бўлган.

 

Баҳодирни кўрган ва ўзини ошкор қилишни истамаган бир кишининг айтишича, унинг кўзи кўкариб кетган, юзлари ва оёқлари шишиб кетганидан юролмай қолган. Баҳодирга узоқ вақт ухлашга имкон беришмаган. Уни ҳали ҳам калтаклашаяпти.

 

«Асл-Сервис»да сотувчи бўлиб ишлаган Абдуқодир исмли йигит 8 кечакундуз давомида Тошкент ИИББда қийноққа солинди ва таҳқирланди. У менинг ўғлимга қарши ёлғон кўрсатма берганидан сўнггина қўйиб юборилган. Гарчи қонун бўйича ҳимоячисиз ўтказилган сўроқ ғайриқонуний ҳисобланса ҳам, А.Қаршиев ҳар хил баҳоналар билан у ерга мен ёллаган адвокатни киритмаяпти. Адвокат Бахтиёр Тошхўжаев 53 кун ичида ўғлим билан борйўғи 3-4 бор учраша олган.

 

ЎзР ЖПК 49-моддасига кўра, мен ўз ўғлимга ҳимоячи бўлиш ҳуқуқига эгаман. Май ойининг бошидаёқ мен терговчига ўғлим ва ўзимнинг ўртамиздаги шартномани ўғлимга имзо чектириш ва терговчи имзоси ҳамда муҳрини қўйиш учун берганман. Шундан сўнг терговчи мени ҳимоячи сифатида тергов жараёнига қўйиш ҳақида қарор чиқариши керак эди. Бироқ, А.Қаршиев буларнинг ҳеч қайсисини қилмади.

 

Менинг А.Қаршиев кимнингдир буюртмасини бажараяпти ёки ўғлимга нисбатан ўз ғаразли мақсадларига эга, деб ўйлашга ва буни таъкидлашга асосларим бор. Акс ҳолда у қонунларни бунчалик кўпол бузмаган бўларди. ИИВ ертўласи маҳбусларни вақтинчалик сақлаш хибсхонасидир. У тергов хибсхонаси эмас. ЎзР ЖПКнинг 226-моддаси маҳбусни у ерда 3 кеча-кундуздан ортиқ ушлаб туриш мумкинмаслигини тақозо қилади, 49 кеча-кундуз сақлашни эмас.

 

А.Қаршиев ўғлимни шунча вақтдан бери ўша ерда ушлаб турибди. Агар у кимнингдир буюртмасини бажараётган бўлса, бу ё Алишер Шарофиддинов ё ИИВ раҳбари Зокир Алматов бўлади. Агар А.Қаршиев ўзининг ғаразли мақсадларини кўзлаётган бўлса, унда у менинг катта пул беришмни кутаяпти. Кимнингдир буюртмасини бажармаётган ёки ғаразли мақсадларга эга бўлмаганида, у қонунни бунчалик бузишга ҳадди сиғмасди. У тергов жараёнида йиғган материаллар исбот кучига эга эмас, деб ҳисоблайман.

 

А.Қаршиев ўғлимни терроризмда айбламоқда. Баҳодир оддий тижоратчи бўлиб, террорчиларга ҳеч қандай алоқаси йўқ эди. Уни террорчиларга алюмин кукуни етказиб туришда айблашаяпти. Ваҳоланки, бу алюмин кукуни ҳар қандай хўжалик моллари дўконида тонналаб топилади.

 

Ўғлимга агар унга олиб келишган ҳужжатларни имзоламаса, мени ва бошқа ўғлимни унинг кўз ўнгида қийнашларини айтишган. Яна унга агар террорчиларга алюмин кукуни етказиб берганини ёзиб бермаса, мени ва бошқа ўғлимни қамоқда чиритиш билан тахдид қилганлар. Ўғлим бизни қийнашларини истамай, ҳамма ҳужжатларни имзолаб берган.

 

Баҳодир ҳеч қачон алюмин кукуни билан савдо қилмаган эди. Унинг ширкати озиқ-овқатларга ихтисослашганди. Тинтувлар вақтида уйда ҳам, ишхонада ҳам ҳеч бўлмаганда алюмин кукунини эслатувчи бирон нарса топилмади. Аммо терговчи А.Қаршиев ўзининг ғайриқонуний усуллари билан ўғлимга қарши кўрсатмалар олаяпти.

 

У жисмоний куч ишлатиш йўли билан Жамолиддин Раззоқовдан ҳам унга қарши кўрсатма олган. Шундай килиб, ўғлим ЎзР ИИВ тергов бош бошқармаси ва унинг раҳбарларининг қонунга қарши жиноятлари қурбонига айланди«.

 

ЎИҲЖдан:

 

ЎИХЖ Баҳодир Каримовга нисбатан ЎзР ЖПК нинг 12 та моддаси бузилгани ва унга қарши жиноий иш сохталаштирилаётганини ўз баёнотида таъкидланган эди Баҳодирни тергов қилаётган Акром Қаршиев 2002 йил майида қамоққа олинган ЎИҲЖ аъзоси, Қарши шаҳрида яшаган Йўлдош Расулевни тергов қилганда Ўзбекистоннинг энг қонхўр жаллодларидан биттаси эканини кўрсатган. Вақти келиб бу жаллод бошлиқлари билан бирга халқ ва тарих олдида жавоб беради.

 

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s