21-ТЕРРОРИЗМ ҲАҚИДА АФСОНА, 51-ДИНИЙ ҲУҚУҚЛАР, 61-ЎҒИРЛАНГАНЛАР, ҲУСНИДДИН НАЗАРОВ

04.06.15-ТАЛАБНОМА

 

Ўзбекистон Республикаси

Миллий хавфсизлик хизмати раиси

Рустам Иноятовга

 

Насриддинова Миннурадан

 

(Тошкент, С. Раҳимов тумани,

Ниёзов кўчаси, 3/54-55,

тел: 49-36-19)

 

ТАЛАБНОМА

 

Ҳурматли Раис жаноблари!

 

Сизга маълум-ки, менинг ўғлим Назаров Хусниддинни 2004 йил 16 май куни шом намозига кетаётганда уйимизнинг олдидан ўғирлаб кетишди. Мен бу ишни сиз бошчилик қилаётган ташкилот ходимлари томонидан амалга оширилган, деб билишимни олдинги аризаларимда баён қилдим. Мана шунча кундан бери бирор яхши хабар бўлиб қолармикин, деб кўзим тўрт, юрагим қон бўлиб кутдим. Аммо ҳеч бир натижа бўлмади.

 

Энди сизга яна бир марта хат ёзиб мен ўғлимни фақат сизлар ўғирлагансизлар, деб билишимни такрорлайман ва сиздан ўғлимни уйга қайтаришингизни ёки у ҳақда бирор хабар беришингизни сўрайман.

 

Сизлар жуда катта ва хунук хато иш қилдинглар. Бунақасини ҳеч ким кутмаган эди сизлардан. Сизлар ўзингларни жуда ҳам салбий томондан кўрсатдинглар. Одам ўғирлаш ахлоқсиз, пасткаш кишиларнинг иши. Биз сизларнинг мусулмон қизларнинг рўмолини, йигитларнинг соқолини ёқтирмаслигингизни, уларга қарши кураш олиб бораётганингизни биламиз.

 

Аммо мусулмонларнинг фарзандларини ўғирлаб кетишдек пасткаш ишга қўл уришларингизни ўйламаган эканмиз. Яъни, барибир сизлар ҳам одамсизлар, одамзодда виждон бўлади, бунинг устига ораларингизда ўзини мусулмон санайдиганлар бор-ку, деб сал бўлса ҳам ишонар эдик сизларга. Аммо биз бу воқеадан сўнг ниҳоятда ҳайрат, даҳшат ва изтиробга тушиб қолдик.

 

Сизлар ўзинглар терроризмга қарши кураш олиб бораяпмиз, деб айтасизлар. Аммо ўзинглар халқни террор қилиш билан шуғулланаяпсизлар. Мана энди одам ўғирлашга киришдинглар. Бунақада қанақа қилиб терроризмни йўқ қиласизлар? Ёшларни қанақа хатарли йўлларга ундаяпсизлар? Ёшларга ҳатто жиноятчиларнинг ҳам ҳаёлида йўқ ишларни ўргатмоқчимисизлар? Нима мақсадда бунақа иш қилдинглар?

Сиздан қўл остингиздаги ходимларингизга бу хатони тез тўғрилашга буйруқ беришингизни сўрайман. Менинг боламни қайтариб опкелинглар уйга. Агар уйимизга соғ-саломат ҳолида олиб келиб берсанглар, биз ҳам сизларнинг обрўларингизни сақлаймиз, «ўғлимиз ўзи кетиб қолган экан, ўзи қайтиб келди», деб қўя қоламиз. Агар соғ-саломат опкелсанглар сизларга ҳеч қанақа даъво қилмаймиз.

 

Сизнинг ҳам, ходимларингизнинг ҳам хотин-бола чақаларингиз бор. Баъзиларингизнинг ота-онангиз бор. Ўшаларни кўз олдингизга келтиринг. Бир ожиза инсоннинг боласига зулм қилманг. Сизга ўзингизнинг болангиз қандай азиз бўлса, бошқанинг боласи ҳам унга шунақа азиз.

 

Сизларнинг ҳаммангиздан илтимос қилиб сўрайман. Ўғлимга азоб берманглар, уриб-қийнаманглар. Қийноққа солманглар. Унга бирор жароҳат етказиб, бирор ерга ташлаб кетманглар асло!

 

Мен аввало Аллоҳдан умид қиламан. Кейин сизларнинг ичингизда барибир инсофли одамлар бор-ку, деган фикрдаман. Сизлардан қаттиқ илтимос қилиб сўрайманки, болага зарар етказманглар.

 

Мана ўғлимни олиб кетганларингиздан бери 21 кун ўтди, ундан сўрайдиган нарсангларни сўраб, оладиган нарсангларни олиб бўлдинглар. Бўлди қилинглар энди. Қайтаринглар уни. Қанча кўп кун ўтса, сизларнинг жиноятларингиз шунча оғирлашаверади. Қанча кўп вақт ўтса сизларга қарши нафрат шунча кучаяверади. Агар сизлар мусулмон бўлсанглар Аллоҳдан қўрқинглар. Онанинг дуоси, қарғишидан қўрқинглар.

 

Аллоҳга қасам ичиб айтаман-ки, бу разил ишни қилганлар боласидан кўрсин, фарзанд доғида қолсин. Ўзи ҳам хорлик ва азоб-уқубатга гирифтор бўлсин! Агар болам соғ-омон қайтмаса, мен ўлгунимча барчаларингизни қарғаб ўтаман ва Аллоҳдан уларни ҳам хор бўлганини, қолган умри афсус-надомат ичида ўтишини, ва буни мазлум халққа шу дунёда кўрсатишини Аллоҳдан ўтиниб сўрайман. Сизлар мен каби бечораларнинг жуда кўпчилигига зулм қилдинглар.

 

Агар сизлар ўғлимни қайтариб опкелсанглар, бўлди, мен ҳамма даъвойимдан тўхтайман.

 

Биздан нима истайсизлар, нима талаб қиласизлар ўзи? Талабингиз, шартингизни айтинглар – мен бажараман, иншаАллоҳ! Аммо боламни сотиб олишга пулим йўқ. Сизлар бу ишни пул учун қилмагансизлар ҳам.  

 

Эсингизда бор, сизнинг ходимларингиз катта куч сарфлаб 1995 йили оиламизнинг отаси Обидхон қорини имомликдан ноҳақ бўшаттирдинглар. 1996 йилдан 1998 йилгача бизни қонуний яшаб турган уйимиздан ҳайдаб чиқаришга кўп уриндинглар.

 

1996 йилларда идорангизнинг С.Раҳимов тумани бўйича вакили Тоҳир Иброҳимов, яна сизнинг бир мансабдорингиз Рихсибой Деҳқонбоев ва ҳозирча мен номини айтмайдиган бир қанча хизматчилар бизнинг оилага, хонадонимизга, менинг турмуш ўртоғим Обидхон қори Назаровга қарши жуда катта кураш олиб бординглар. Сизларнинг дилларингизда бизга қарши қаттиқ адоват ва алам борлиги бизнинг оилага ва қариндошларимизга қилиб келган тазйиқларингиздан маълум.

 

Бундан жуда кўпчилик яхши хабардор. Оддий мусулмонлар ҳам, халқаро ташкилотлар ҳам, баъзи давлатларнинг элчихоналари ҳам бу можароларда сизларнинг мутлақо ноҳақ бўлганликларингизни яхши билишади. Турмуш ўртоғим Обидхон қори сизлардан фақат давлат қонунларига амал қилишнгизни талаб қилган эди холос, шариат қонунларига эмас! У кишининг бор айблари шу эди.

 

Яна саволимни такрорлайман: Биздан нима кутасизлар, нима талаб қиласизлар? Айтинглар, қўлимиздан келганича бажарамиз. Фақат ўғлимни соғ-саломат ва тирик қайтариб беринглар, бўлди!

 

Агар боламни қайтариб бермасанглар мен тинчимайман. Бу биринчиси.

 

Иккинчидан, одамлар ҳам бу ишни қаттиқ қоралашаяпти. Сизлар бу оилага янгидан ҳужум бошлаб катта хато қилдинглар. Шу режани ким ишлаб чиққан бўлса ҳам у ақлсиз ва ахмоқ кимса экан. Унақа калтабин, узоқни кўролмайдиган одам ишламаслиги керак хавфсизлик органларида. Биз хавфсизлик ташкилотларини, умуман олганда, асли зоти билан ёмон ташкилот деб айтмаймиз. Хавфсизлик органлари керак ташкилот. Хавфсизлик идоралари халқни, давлатни тинчлигини сақлаш учун керак ташкилот деб биламиз. Аммо бу ташкилот ниҳоятда ақлли одамлар ишлайдиган ташкилот бўлиши керак эди.

 

Нима учун сизларни ичингизда бунақа ўғрилик билан шуғулланадиган одамлар ишлайди? Нима учун яна одам ўғирлаш усулини қайта бошладинглар?

 

Сизлар яхши билиб қўйинглар: Обидхон қорининг оиласи, хонадони сизларга ёмонлик қилиш нияти йўқ. Биз энг ашаддий душман ҳам Аллоҳ хоҳласа энг яқин дўстга айланиши мумкин деган эътиқоддамиз. Ислом душманга ҳам инсоф билан муомала қилишга буюради. Душманинг бир кун келиб дўстга айланиб қолганда унга қилган душманликларинг учун афсусланиб юрадиган бўлма, яъни, душманлик қилишда ҳаддан ошма, дейди. Бизда сизлардаги каби чексиз кек-адоват йўқ.

 

Биз тинчлик тарафдори бўлиб келганмиз, иншаАллоҳ умримизнинг охиригача шу таълимотга содиқ қоламиз. Бизга ота-оналаримиз шундай таълим беришган. Обидхон қорининг таълимотлари ҳам шундай бўлиб келган. Биз иншаАллоҳ умримизнинг охиригача шу таълимотга содиқ қоламиз. Агар биз ҳам нотинчликни хоҳлаганимизда, унда нотинчилк келтириб чиқарадиганларга қўшилган бўлардик. Аммо биз буни ҳаром ва катта гуноҳ деб биламиз.

 

Бироқ сизлар бизнинг жигарбандимизни ўғирладингиз, қийноққа солсангиз ёки, Аллоҳ асрасин, ўлдирсангиз ҳам бўлаверар экан, деб ўйламанг. Ал-қасосу минал ҳақ деганларидек, ёмонлик сиз кутмаган ердан, оёғингиз остидан чиқади. Бунга бизнинг имонимиз 100 фоиз комил. Аллоҳ Қуръонда айтади: «Ёвуз макр фақат ўз эгасига қайтади!». Сиз ҳам бир куни, иншаАллоҳ, албатта кўрадиганингизни кўрасиз. Ўшанда Аллоҳнинг борлигини биласиз. Ҳа, Худо бор экан, дейсиз.

 

Ёмонлик кўриш навбати сизларга келганда сизлар ҳам Аллоҳдан ва ўзингиздан кўрарсизлар. Биз ҳам бу мусибатни энг аввало ўзимизидан кўрамиз. Бу ишлар ўзимизнинг Аллоҳ олдидаги гуноҳларимиздандир. Аммо бу ёмонлик сизнинг ташкилотингизнинг қўли билан бажарилгани учун бунинг масъулияти сизларнинг бўйнингизга юкланади. Биз Аллоҳга товба қиламиз, сабр қиламиз ва бу мусибатдан ажр оламиз, иншаАллоҳ. Аммо сиз агар ўғлимни қайтариб бермасангиз, улкан гуноҳ билан, разил жиноят билан қолиб кетасиз. Сизни тарих ҳам қоралайди. Ислом ҳам, мусулмонлар ҳам, ўзингизнинг келажак авлодларингиз ҳам.  

 

Менинг бу хатим сизнинг ё фойдангизга ёки зарарингизга ҳужжат. Сизнинг бизни оилага бошлаган янгича, ўғри ҳам, тўғри ҳам оқламайдиган услубдаги ҳужумингиз сизга қанақа оқибатларни олиб келишини Аллоҳ билади.

 

Яна бир ҳақиқат. Биз ҳозир ҳукумат сиёсатини яхши кўрмаётган бўлсак ҳам, бироқ унга, яъни сизларга фойда келтириб ўтирибмиз. Одамларни сабр қилишга чақираяпмиз. Илм, одоб бериш билан ҳам, чиройли даъват қилиш билан ҳам, ота-онага хизмат қилиш билан ҳам жиҳод савобини олиш мумкин эканлигини айтиб келаяпмиз.

 

Умид қиламанки, бу сўзларим бир-биримизни тўғри тушуниш учун кифоя қилади ва сизлар узоқ ўйлаб ўтирмасдан боламни тез уйга қайтарасизлар. Агар ўғлимнинг бирор айби бўлса, сиз бизнинг адвокатимиз иштирокида тергов ўтказиб, Хусниддиннинг айбини исботлаб судга топширинг.

 

Сиздан 3 кун муддат ичида бу хатимга жавоб беришингизни сўрайман. Чунки мен боламнинг тақдиридан ниҳоятда тавишдаман. Менинг аввалги мурожаатларимга сиз ҳам, бош прокурор ҳам, президент ҳам, туман ва шаҳар даражасидаги бошқа идорлар ҳам, ҳеч бирингиз жавоб қайтармадингиз.

 

Мен сиз ва ходимларингиз ўғлимни қийноққа солаётган бўлишингиздан, унга жиддий жароҳат етказиб қўйишларингиз ёки ҳалок этишларингиздан қўрқаяпман.

 

Агар сиз ўғлимни қонуний йўл билан тергов қилмоқчи бўлсангиз, 3 кун ичида зудлик билан адвокатимиз Ирина Микулинани чақириб, унга ўғлимни кўрсатишингизни, ишга И.Микулинани жалб қилишингизни талаб қиламан.  

 

Агар бу сўзларимга ижобий жавоб бермасангиз, ўғлимни уйга соғ-саломат қайтармасангиз, ёки уни менга соғ-саломат кўрсатмасангиз, ё эса уни адвокатимга кўрсатмасангиз, унда айни хатимни оммага эълон қилишга бошлайман. Унинг нусхасини президентга, бош прокуратурага, хорижий давлатларнинг элчихоналарига, оммавий ахборот воситаларига, халқаро ва маҳаллий инсон ҳуқуқи ташкилотларига тарқатаман.

 

Аллоҳдан яхши умидлар қилган ҳолда ўғлимнинг соғ-саломатлиги ҳақидаги хабарни кутиб:

 

Насриддинова Миннура

Назаров Хусниддиннинг онаси,

Обидхон қори Назаровнинг рафиқаси

 

2004 йил, 15 июн

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s