28-ФУҚАРОЛАРНИНГ ХАЛҚАРО ТАШКИЛОТЛАРГА МУРОЖААТЛАРИ, 51-ДИНИЙ ҲУҚУҚЛАР, 61-ЎҒИРЛАНГАНЛАР, ҲУКУМАТ МУСУЛМОНЛАРГА ҚАРШИ, ҲУСНИДДИН НАЗАРОВ

04.07.26-БМТ КИЙНОҚЛАРГА ҚАРШИ КОМИТЕТИ РАИСИга

БМТ Қийноқларга Қарши қўмита раисига

Насриддинова Миннурадан

(Тошкент ш, С. Раҳимов тумани,

Ниёзов кўчаси, 3/54-55, тел: 49-36-19)

 

АРИЗА

 

Khusniddin NAZAROV

Ҳурматли Раис жаноблари, Сизнинг ва қўмитангизнинг дунё мамлакатларидаги, жумладан Ўзбекистон хибсхоналаридаги махбусларнинг ахволини яхшилаш йўлида олиб бораётган хайрли ишларингиз таҳсинга сазовордир. Умид қиламанки, бу ариза орқали мен ҳам сизнинг ёрдамингизни олишга эришаман.

 

Аввал оммага маълум қилганимдек, менинг ўғлим Назаров Хусниддинни 2004 йил 16 май куни шом намозига кетаётганда уйимизнинг олдидан ўғирлаб кетишди. Мен бу ишни ўғлимнинг отаси, 1998 йилдан бери қидирувда бўлган имом Обидхон Назаровдан ўч олиш мақсадида Ўзбекистон МХХ ходимлари томонидан амалга оширилган деб биламан.

 

Мана орадан 2 ойдан кўп вақт ўтиб кетди. Аммо ҳукумат органларига қилган мурожаатларим ҳеч бир натижа бермаяпти. МХХга 5 марта ариза ёздим. Президентга, Бош прокурорга ва бошқа идораларга ёздим. Аммо улар бу масалага аҳамиятсизлик билан қарамоқдалар. Бу ҳам ўғлимни ҳукумат ўғирлаганидан далолат беради.

 

ИИВга тегишли идоралар ходимлари ҳам ўз сўзларида Хуснидинни МХХда бўлиши мумкинлигига ишора қилмоқдалар. Аммо МХХ менинг хатимга икки ойдан сўнг жавоб ёзиб, Назаров Хуснидин ҳақида ҳеч нима билмаслигини айтди. Биз бундай одам ўғирлаш ишларини фақат МХХ қилган деб 100 фоиз ишонамиз. Чунки ўзбек ҳукумати, хоссатан МХХ (КГБ) бетараф мусулмонларга қарши Совет Иттифоқи давридан бошлаб курашиб келади.

 

Менинг турмуш ўртоғим Тошкентдаги “Тўхтабой” номли жомеъ масжиднинг собиқ имоми Назаров Обидхон қорини МХХ тазйиқ остига олиб имомликдан бўшаттирди (1996 й.). Кейин қамоққа олишга ҳаракат қилди ва мамлакатдан қувиб чиқарди (1998 й.). У кишининг «айби» шу эдики, дин эркинлиги халқаро ва маҳаллий қонунлар доирасида амалда татбиқ қилинишини истар эди.

 

У киши одамларнинг ўз эркинликларини қўлга киритишлари учун қуролли воситаларга мурожаат қилишларига ҳам, ҳукуматнинг тинч мусулмонларга қарши репрессиялар ўтказишига ҳам қарши эди. Ҳукумат эса қонунларга амал қилишнинг ўрнига Обидхон қоридан ўч олишга ўтди. У кишини қамашга муваффақ бўла олмагач, икки укаси (Назаров Абдумалик, Назаров Умархон) ва тоғасини, шу билан бир қаторда менинг укамни ва ўзимни ҳам қамоққа олди.

 

Инсон ҳуқуқи ташкилотларининг ҳаракатлари сабабли турли муддатлар ўтаб озодликка чиқдик. Аммо Обидхон қорининг укаси Назаров Умархон ҳали ҳам Қаршидаги УЯ 64/49 қамоқхонасида азобланиб ўтирибди. Репрессияга учраган имомнинг қариндоши бўлгани учун унга бирон марта амнистия қўлланилмади.

 

Бугун бизни даҳшатга солаётган нарса шу-ки, ўзбек ҳукумати шу кунгача мусулмонларга ва бизнинг оилага қарши ўтказиб келган қамоққа олиш ва қийноққа солиш каби жазо усулларидан қониқмаётганини ҳис қилаяпмиз. Энди МХХ Сталин даврида ҳам эшитилмаган разил усулни қўллаяпти. У мусулмон эркакларни ўғирлаб кетаяпти.

 

Бу иш шунақа ҳам қўрқинчлики, бундан кўра ўғилларимизга наша, ўқ-дори, қурол солиб қўйиб тўҳмат қилиб қамоққа олса ҳам мингдан минг рози бўлардик. Чунки шунда биз ҳар ҳолда уларни бориб кўриб келиб турар эдик. Аммо ҳозир эса биз ўғилларимизнинг на тиригини биламиз на бошқасини.

 

МХХ мусулмонларни ўғирлаб кетиш амалиётини 1993 йили бошлаган. 1993 йили Абдулла Ўтани уйининг олдидан, 1995 йили имом Абдували қорини Тошкент аэропортидан ўғирлаб кетган. Энг даҳшатлиси шуки, мусулмонларни ўғирлаб кетиш воқеаси ҳозирги вақтга келиб қисқа вақт ичида кетма-кет содир бўлмоқда.

 

Саъдуллаев Дилмурод (Тошкент тумани), Юнусов Оқилжон Азизжонович (Тошкент шаҳар, Қибрай тумани), Ҳайдаров Фаррух Акмалович (Тошкент шаҳар, Яккасарой тумани) оддий намоз ўқийдиган йигитлар эди. Хусниддин ва бу йигитларнинг ҳаммаси 1 ой ичида ўғирлаб кетилди. Бу пасткаш жиноят ҳукумат томонидан бундан кейин ҳам яна такрорланди.

 

2004 йил 14 июль чоршанба куни кечқурун Исманходжаев Равшан Султонович (Тошкент шаҳар, Мирзо Улуғбек тумани, Оққўрғон кўчаси, 12-а уй), Раҳимов Абдурасул Абдурашидович (Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур тумани, Уйғур кўчаси, Билдириш проезди, т. 1, 12-уй) ўғирлаб кетилган. 2004 йил 1 июль куни ҳам яна мен исмларини тўлиқ билмайдиган иккита мусулмон йигит ўғирланганини менга айтиб беришди.

 

Мен ва мен каби ўғли ўғирланган бошқа оналар фарзандларимизни МХХнинг яширин ертуласида қийноққа солинаётган бўлишидан ёки ўлдириб юборилишидан қаттиқ хавотирдамиз.

 

Ҳурматли Раис жаноблари! Сиздан Ўзбекистон ҳукуматига ўз имкониятингиз билан босим ўтказишингизни, менинг ўғлим ва бошқа фуқароларнинг фарзандларини қутқаришга ёрдам беришингизни қаттиқ илтимос қилиб сўрайман.

 

МХХ раиси Р. Иноятовга ёзган хатимни маълумот учун бу хатга илова қилаяпман.

Сизга хурмат билан

 

Насриддинова Миннура

 

2004 йил 26 июль.

 

 

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s