ЮСУФ РАСУЛОВ

04.08.09-АВТОБУСГА ҚУРОЛЛИ ҲУЖУМ

<yusufr@rambler.ru>

Дата:

 

Mon, 09 Aug 2004 16:37:23 +0400

Кому:

 

«Talib Yakubov» <hrsu_tolib@rambler.ru>

Копия:

 

«Talib Yakubov» <hrsu_tolib@yahoo.com>

 


             2004 йилнинг июнь ойи бошларидан Ўзбекистон ҳарбий прокуратураси қотиллик ва босқинчилик каби айблар билан маҳкамага тортилган тўрт нафар қуролли кучлар зобити ва икки ҳарбий хизматчи жиноий ишини муҳокама қилмоқда. Судланувчилар тергов пайтида даҳшатли қийноқлар қўлланилганини боис ўз айбларига иқрор этилганликларини, ўзларига қўйилган айблар туҳматдан бошқа нарса эмаслиги айтишмоқда.

 

Суд залида ўтирганлар Тошкент вилоятининг Янгийўл тумани Гулбаҳор посёлкасидаги 19003 рақамли ҳарбий қисм зобитлари , катта лейтинантлар Руслан Сунчалиев ва Алишер Юзбоев, муддатдан ташқари ҳарбий хизматчи Қаҳрамон Элов ва Сирдарё шаҳридаги ҳарбий қисмлардан бирининг зобити капитан Дилшод Солиев, айни пайтда заҳирада бўлган сержант Шўҳрат Рисқиевлар.

 

Шу йилнинг 25 январидан 26 январига ўтар кечаси тунги соат 1лар атрофида Тошкент вилоятининг Чиноз тумани яқинида Самарқанд Тошкент йўналиши бўйича қатновчи автобусга ҳужум қилиб , қотиллик ва талончилик содир этганликда айбланаётган ҳарбий хизматчилар тўдаси бошлиғи сифатида Алишер Юзбоев кўрсатилмоқда.

 

Самарқанд автомобилчилар олий ҳарбий ўқув юртини тамомлаган Алишер Юзбоев 1978 йилда айни шу вилоятнинг Каттақўрғон шаҳрида туғилиб ўсган. Унинг отаонаси ўғилларини бундай қотиллик ва босқинчилик қилишига ишонмасликларини, Алишер ўзига тўқ оиладан чиққан, ақлли ва самимий йигит эканлигини айтишади.

 

– Алишерга қўйилаётган бу айблар қипқизил туҳматдан бошқа нарса эмас. Тергов хулосасида ёзилишича автобусга ҳужум қилганлар тижоратчиларнинг 125 минг сўм пулини олиб кетишган экан. Алишернинг Нексия русумли янги автомашианаси, уй жойи бор эди, унинг шу арзимас пул учун босқинчилик қилишига биз ишонмаймиз, – дейди унинг онаси Назира Эргашева.

 

Назира Эргашеванинг айтишича воқеа содир бўлган кун, яъни 24 январь куни кечки пайт ўзи хизмат қилаётган ҳарбий қисмда қоровул бошлиғи вазифасини қабул қилган Алишер Юзбоев ўша пайтда туғилган фарзанди шарафига зиёфат бериш учун Чиноз шаҳрида ёллаган ижара уйига собиқ командири Тошкент ҳарбий Академияси ўқитувчиси майор Фахриддин Мамараҳимов,19003 ҳарбий қисм офицери майор Қосимов, муддатдан ташқари ҳарбий хизматчилар Бобур ва Маҳам исмли дўстлари ва Замира Туратова исмли Олмазор посёлкасида яшовчи қизни таклиф этади.

 

– Гувоҳларнинг судда берган кўрсатмаларига қараганда зиёфат соат 11га қадар давом этган. Алишернинг собиқ командири майор Мамараҳимов, Қосимов ва Маҳам уйдан чиқиб кетишган. Бобур уларни кўчагача кузатиб қўйган ва уйга қайтишда яна спиртли ичимликлар олиб қайтиб кирган. Дўстлар Алишер, Бобур Маҳам ва Қосимовлар тунги соат 1ларгача зиёфатни давом эттирадилар. Алишер уларга қўшни хонага алоҳида жой солиб беради ўзи эса Замира билан бир хонада қолади. У эрталаб соат 7-30да ҳарбий қисмга борганида уерда ички ишлар ходимлари суруштирув ўтказаётганликларига гувоҳ бўлади.

 

Маълум бўлишича ўтган тунда, яъни 24 дан 25 январга ўтар кечаси соат 12-1лар орасида Иштихон-Тошкент йўналиши бўйича қатновчи “Икарус” русумли автобусга Янгийўл тумани ҳудудида қуролли кишилар ҳужум қилишган, натижада ҳайдовчи   отиб ўлдирилган, унинг ёрдамчиси жароҳат олган, йўловчиларнинг 125 минг сўм (125 АҚШ доллари) миқдоридаги пуллари олиб кетилган экан. Автобусда бўлган 27 йўловчи дастлабки суруштирув пайтида уларга юзлаштирилган зобитлар кеча ҳужум қилган кишиларга ўхшамасликларини айтишган, из топар ит ҳам автобусдан ҳарбий қисм яқинидаги дала шийпонигача ҳид олиб келиб тўхтаган.

 

Шундан сўнг орадан бир ойга яқин вақт ўтади. Алишер Юзбоевга ҳарбий қисм томонидан Янгийўл тумани яқинидаги Олмазор посёлксидан турар жой ажратиб берилгангач, у Каттақўрғондаги хотини, фарзанди ва онасини бу ерга кўчириб олиб келади. 23 февраль куни кечки пайтда эса Чиноз туман ИИБ ходимлари томонидан 19003 рақамли ҳарбий қисм офицерлари Алишер Юзбоев, Руслан Сунчалиев ва муддатдан ташқари ҳарбий хизматчи сержант Қаҳрамон Эловлар хибсга олинадилар.

 

Орадан бир кун ўтгач Алишерни ички ишлар бўлими ходимлари уйини тинтув қилгани ўзлари билан бирга олиб келишди. Бизларни уриб, туртиб қўшни хонага қамаб қўйишди. Ўғлимни юз-кўзлари кўкариб кетган, таниб бўлмас даражада эди. Ўғлим, кейин билишимча, босқинчилар тўдасига бошчилик қилганликда ва одам ўлдирганликда айбланаётган экан, – дейди Назира Эргашева.

 

Алишер Юзбоев тергов ишлари тугагунча 2 ой давомида Тошкент Вилоят Ички Ишлар Бошқармасининг тергов изоляторида сақланган. Унинг оила аъзолари ёллаган адвокатларни 16 кун давомида ўғиллари олдига киритишмагани, Алишер қонунга зид равишда хибсхонада ушлаб турилганини айтишади.

 

Тошкент вилоят прокуратураси терговчиси Отажонов тергов ишларини олиб борган ва охири Алишер Юзбоев ва бошқаларни ўз айбларига иқрор бўлишларига эришган кўринади.

 

– Йўловчилар ташувчи автобусга босқинчилик қилганлик ва одам ўлдирганликда айбланаётганларга нисбатан очилган жиноий иш муҳокамаси шу йилнинг июнь ойида бошланди. Дастлаб Самарқанд вилоятида бўлиб ўтган сайёр суд мажлисида жабрланувчилар билан судланувчиларнинг юзлаштириш жараёни бўлиб ўтди. Воқеа содир бўлган кунда автобусда бўлган 27 кишининг 90 фоизга яқини судланувчиларни танимасликларини, улар автобусга ҳужум қилган кишиларга ўхшамасликларини айтиб ўтишди, – дейди Назира Эргашева.

– Масалан, ўша куни автобусдаги биринчи ўринда ўтирган йўловчилардан бири Самарқанд вилоятининг Иштихон туманида яшовчи Ҳасан Аҳмедов автомат ушлаган ҳарбий, шофёр ва унинг ёрдамчисига ўқ узган киши Алишер Юзбоевга ўхшамаслигини, у одам қозоқ миллатига мансуб одамларга ўхшаш, Тошкент шевасида гапирувчи одам эканлигини айтган.

 

Суд июль ойи бошларидан Ўзбекистон ҳарбий прокуратурасида давом этди. Тергов пайтида барча судланувчилар ўзларига қўйилган айбларга иқрор эканликларини билдирган бўлсаларда, суд пайтида буни инкор этдилар.

 

Масалан, босқинчилар тўдасига раҳбарлик қилган ва бир кишини қотилига айланган, дея тахмин қилинаётган Алишер Юзбоев ўзига нисбатан даҳшатли қийноқлар қўлланилганини, шу боисга терговчига ўз айбига иқрор эканлиги ҳақида ёзма маълумот берганлигини айтар экан, суд пайтида ўзининг айбсизлигини исботлаб беришига умид қилганлигини маълум қилди.

 

Ўғлим Алишерни кийим бошларини алмаштириш мақсадида уйга олиб келганимизда улар қонга ботган эди. Кўйлакларининг елка қисмида қон қотиб қолган, лаънатилар уни роса қийнашган, дейди Назира Эргашева.

 

Суд давом этаётган кунларда Алишер Юзбоевнинг ота-онаси ўғилларидан бир хат олиб даҳшатдан қотиб қолишди. Хатда Алишер ўзига нисбатан қўлланилган қийноқлар ҳақида бор нарсани очиқ айтар экан, ўзини айбсиз эканлигини ёзган эди.

 

«Ассалому алайкум ойижон ва дадажон! Соғликларингиз яхшими? Соғ –саломат юрибсизларми? Дада, бу хатда мен нима учун қилмаган бу жиноят ишини бўйнимга олганим тўғрисида ёзмоқчиман. Мени уйдан олиб кетиб ўн беш кун ўта шафқатсизларча зулм ўтказиб, кийнаб азоб беришгани учун, бу қийноқларга чидай олмаганим учун бу айбларни бўйнимга олишга мажбур бўлдим. Дада, ҳаттоки уларнинг берган азобларига фил ҳам пашшаман, деб юборади.

 

Дада, улар мени қўллларимга кишан солиб, қорним билан ерга ётқизиб, устимга беш киши чиқишди, олтинчиси эса дубинка (резина таёқ) билан тўхтамасдан урар эди. Қўл ва оёғимга кишан солиб, беш-олти киши кўтариб, тепага отиб юборар эди. Мен ўз оғирлигим билан ерга зарб билан тушар эдим. Улар менга кечалари уйқу беришмасдан, оёғим орасини кенг очириб қўйиб, эркаклик жинсимга тепар, противогаз, яъни резина маскани бошимга кийгазиб, нафасимни буғиб қўйишгани сабабли хушимдан кетиб қолар эдим.

 

Ҳаттоки бурнимдан қон оқса ҳам, ювдиришга рухсат беришмас эди. Бир куни терговчи АОР (Отажонов Шўҳрат демоқчи, шекилли)   ходимлари эркаклик шаънимга ҳам тегмоқчи бўлишди. Мен шунда ўз эркаклик шаънимни сақлаб қолиш учун қилмаган ишимни бўйнимга олишга мажбур бўлдим.

 

Дада, мен бу ахмоқликни қилганим йук. Худо хоҳласа судга ҳамма ҳақиқатни айтаман. Дада, агар мен судда ҳамма ҳақиқатни айтганимдан кейин судья ишни қайта терговга берилсин, деб айтса, мен қайта терговда ҳамма ҳақиқатни гапираман. Қайта тергов пайтида сизга бирор орган ходими, тергов пайтида ўғлингиз ўз жонига қасд қилди, ўзини ўзи ўлдирди, деб айтса ишонмангалар. Бу ёлғон. Мен ҳеч қачон ўз жонимга қасд қилмайман, қилолмайман ҳам. Нима қилган бўлса ўша орган ходимлари ва терговчи қилган бўлади. Дада, бу нарсадан аввало Худонинг ўзи сақласин. Лекин шунақа бўладиган бўлса уларни, яъни менинг жонимга қасд қилганларни, қонун олдида жавоб беришини талаб қилинг.

 

Дада, лекин нима бўлганда ҳам мен қанақа одам эканлигимни маҳаллам, бирга ишлаб келган батальон шахсий таркиби, қариндош уруғим билишади-ку! Мен буларнинг олдида гуноҳкор бўлсам, туҳмат балосига учраган бўлсам ҳам, лекин Яратган Эгам Аллоҳим олдида тозаман, гуноҳим йўқ. Ҳаммасини Аллох кўриб турибди-ку! Шу синовга Аллоҳим қўйди, ишонаман-ки дардини берган шифосини ҳам беради. Худонинг Ўзи ҳақиқатни юзага чиқаради. Мен бу нарсага ишонаман».

 

Айни пайтда Ўзбекистон ҳарбий судида қийноққа учраб қўйилган айбни бўйнига олган Алишер Юзбоев ва қолган судланувчилар устидан маҳкама ишлари давом этмоқда. Судда автобусда бўлган, суёқ оёқликда гумон қилинаётган бир аёлгина қаттиқ туриб ўзларига ҳужум қилганлар судланувчилар эканлигини айтмоқда. Бу аёлга судланувчиларга қарши кўрсатма берганлиги учун Назира Эргашеванинг ишонишича бир миллион сўм пул ваъда қилинган.

 

Охирги суд жараёнида судланувчилардан бири Қаҳрамон Элов ўзларини гуноҳсиз эканликларини маҳкама иштирокчиларига билдирар экан шундай дейди:

— Сизлар бизларни автобус йўловчиларига ҳужум қилганликда айблаяпсизлар. Ахир мен билан бир камерада ўтирганv кишининг айтишича автобусга ҳужум қилганлар яқинда ушланган эканлар. Улар ичида ҳалиги камерадошим ҳам бўлган экан. У мени гапларимни эшитиб ҳайрон бўлди ва «Ахир автобусга ҳужум қилганлар бизлар эдик, нега сизларни суд қилишаяпти, бу янглишмовчилик бўлса керак, тезда сизларни озод қилишади» деб айтди. Ҳақиқатдан бу рост бўлса қачон бизларни озод қиласизлар!

 

Қаҳрамон Эловнинг бу гапларидан кейин у билан бир камерада ўтирган ҳалиги йигит бошқа жойга кўчирилган.

 

— Суд қандай бўлмасин фарзандланимизни айблашга ҳаракат қилмоқда. Улар қийноқлар эвазига қўйилган айбларга иқрор бўлганликларини қанча айтишмасин фойдаси йўқ шекилли, дейди Алишер Юзбоевнинг отаси Исмоил ака. Унинг айтишича, судда кўрсатма бераётганлар ичида негадир воқеа содир бўлган куни Алишер билан бирга бўлган гувоҳлар, унинг собиқ командири Фахриддин Мамараҳимов ва бошқалар йўқ. Замира Туратова эса тергов пайтида Шўҳрат Отажоновнинг тазйиқларидан қўрқиб Алишер Юзбоев тунги соат 1 лар атрофида уйдан чиқиб кетган эди, дея кўрсатма берганлигини айтар экан, судда бошқача гапирди. Унинг фикрича улар воқеа содир бўлган тунда эрталабгача бирга бўлишган.

 

Унда нега айнан Алишер Юзбоев судда жавобгар сифатида иштирок этмоқда? Назира Эргашеванинг айтишича воқеа содир бўлган жой ҳарбий қисмдан 7 километр узоқликда бўлган. Бундан ташқари из олар ит ҳарбий қисм яқинидаги дала шийпонигача ҳид олиб келган. Ўша куни қоровул бошлиғи бўлган Алишер Юзбоевнинг айнан тунда ўз хизмат жойида бўлмаганлиги терговчиларда шубҳа ўйғотган бўлиши мумкин.

 

— Автобус ичидаги йўловчилардан бири Ҳасан Аҳмедовнинг айтишича автомат кўтарган ҳарбий кийимдаги кишининг ўнг қўлида наклейка ёпиштирилган эди, у қозоқ миллатига ўхшаш бўлган, Тошкент шевасида гапирган. Алишер эса бунинг тескариси. У соф Самарқандча гапиради, кўриниши ҳам тамоман бунинг акси, дейди унинг отаси. Исмоил Юзбоевнинг айтишича, судланаётганларнинг бошқалари қотилликни содир этганми ёки йўқми, унда аниқ далиллар йўқ. Бироқ у ўғли Алишернинг юз фоиз айбсиз эканлигига ишонади ва қандай қилиб бўлмасин уни озод қилиш мақсадида ҳеч нарсадан қайтмаслигини билдирмоқда.

 

Алишер Юзбоевнинг ота-онаси суд жараёнлари ҳақида имкони борича ҳеч қайси халқаро ташкилотларга маълумот бермасликка ҳаракат қилишмоқда. Улар нимадандир қаттиқ қўрқитилганлар. Шу боис бу гаплар матбуотга чиқиб кетмаслиги кераклигини уқтиришади.

 

Айни пайтда суд очиқ тарзда олиб борилаётгани айтилса ҳам унга халқаро кузатувчилар, ҳуқуқ ҳимоячилари ва журналистлар қўйилмаяпти. Маҳкама худди давлат сирини муҳокама қилаётгандек яширин тарзда олиб борилмоқда.

 

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s