51-ДИНИЙ ҲУҚУҚЛАР, ҲУСНИДДИН НАЗАРОВ

04.08.15-РУСТАМ ИНОЯТОВга М.НАЗАРОВАдан

Ўзбекистон Республикаси

Миллий хавфсизлик хизмати раиси

Рустам Иноятовга

Нусхаси: Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорига

 

Ўзбекистон телевидениясига

 

Инсон хукуки ташкилотларига

 

ОАВга

 

 

Насриддинова Миннурадан

 

(Тошкент, С. Раҳимов тумани,

Ниёзов кучаси, 3/54-55,

тел: 49-36-19)

 

Ариза

 

Ҳурматли Раис жаноблари!

 

Сизга ўғлим Назаров Хусниддинни сизнинг ташкилотингиз томонидан ўғирлаб кетилгани муносабати билан яна хат ёзаяпман.

 

Сизнинг номингизга 15 июнь куни юборган талабнома хатимга мана икки ойга яқин вақт ўтди, жавоб бермадингиз. Хатимга сизнинг ўрнингизга Миллий хавфсизлик хизмати Тошкент шаҳар Бошқармаси ходими Алимуҳамедов Ш. имзоси билан 2004 йил 4 июль куни жавоб келди. Унда «Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати Тошкент шаҳар Бошқармаси ходимлари фуқаро Назаров Х.О. ни хибсга олмаган» деган қисқа жумла бор. Мен хатга жавобни сиздан кутаяпман. Нима учун Республика МХХси раҳбарига ёзилган хатга шаҳар Бошқармасининг бир ходими жавоб ёзади?

 

Мен сизга ёзган у ва ундан олдинги хатларимда ўғлим Назаров Хусниддинни 2004 йил 16 май куни шом намозига кетаётганда уйимиз олдидан ўғирлаб кетишганини ва мен бу ишни сиз бошчилик қилаётган ташкилот ходимлари томонидан амалга оширилган деб билишимни айтдим. Аммо ҳеч бир натижа бўлмади. Сиз менга бирор марта жавоб бермадингиз.

 

Мен сизга яна хат ёзиб ўғлимни қайтариб беришингизни ёки у ҳақда бирор маълумот беришингизни талаб қиламан.

Менинг даъволаримдан бири шуки, С. Раҳимов туман ички ишлар ходимлари Хусниддиннинг 188-89-66 рақамли сотовий телефониидан кимларга боғланилганини текшириб кўришди. Ундан кимга қилинган ва унга кимлар телефон қилганини суриштиришди. Мутлақо бу ишга алоқаси йўқ одамларни чақириб тергов ўтказишди.

 

Бироқ Хусниддин шом намозига чиқиб кетишидан олдин унга ким телефон қилганлиги ҳалигача номаълум ва сирлигча қолаяпти. Унга ўша куни соат 19-30 билан 19-45 орасида кимдир телефон қилиб пул қарз бериб туришни сўраган. У бироз иккиланиб туриб хўп майли, ҳозир учрашамиз сиз билан”, деб чиқиб кетган. Аммо шундан кейин қайтиб келмади. Унга 2004 йил 16 май шом намози олдидан, яъни, кеч соат 19-30 билан 19-45 орасида телефон қилиб, уни чақириб олган одам ким эди? Буни албатта сизлар биласизлар. Уни сизлар уюштиргансизлар. Бўлмаса, нима учун буни аниқламаяпсизлар?

 

Ички ишлар ходимлари Хусниддин боғланган телефонларнинг ҳаммасини кўтариб текширишган. Аммо у йўқолган куни қилинган телефон рақамларини текширишмаган. Нима учун? Бунинг сабаби сизларга маълум. Биз телефон стансиясига бориб ўша 2004 йил, 16 май куни Хуснидиннинг телефонига қилинган телефон рақамларини билиб беришни сўрадик. Аммо улар буни беришдан бош тортдилар. Улар буни фақат ҳукумат органларининг ходимларигагина беришларини айтишди. Сизлар ўша кунги телефон номерларини нима учун кўтармаяпсизлар ва нега бу ҳақдаги маълумотни мендан яшираяпсизлар?

 

Кеча, 2004 йил 14 август куни, Ўзбекистон телевиденияси орқали Назаров Хусниддиннинг сурати кўрсатилиб, унинг йўқолиб қолгани эълон қилинди. Мен бу ҳолатдан қўрқувга тушаяпман. Сизлар ўғлимга бирор ёмонлик қилишга қасд қилдингларми? Уни майибмажрух қилиб ёки ўлдириб бирор ерга ташлаб кетишни режа қилганмисизлар?…

Биламан, сизлар қонунга риоя қилмаяпсизлар. Аммо Худодан ҳам қўрқмайсизларми? Нима учун бир бечора онага ва бегуноҳ болага, унинг оила аъзоларига бунчалик зулм ўтказасизлар? Ахир биз сизларга ҳеч бир ёмонлик қилганимиз йўқку! Агар Обидхон қори сизларнинг ғайри қонуний талабингизни бажармасдан, яъни МХХ билан махфий ҳамкорлик қилишдан бош тортиб, сизларни ғазабингизни келтирган бўлса, марҳамат уни топиб, ўзини жазоланглар!

 

Нима учун унинг ўғлидан, қариндошларидан ўч олаяпсизлар??! Бу қайси тоифанинг қонунига тўғри келади? Ўғриларнингми? Манимча ўғрилар ҳам сизларни ишингизни қораласа керак. Чунки ўғриликни ўғрилар қилади. Аммо давлат ўғри бўлиши мумкин эмас-ку. Давлат очиқойдин иш қилиши керак эмасми?

Сизларга ва бутун оламга эшиттириб айтаман: бизнинг оила давлатга қарши куч ишлатишга асло рози бўлмаган ва бўлмайди. Бунақа портлатишлар, қуролли ҳужумларни Обидхон қори доимо қоралаб келганлар. Хусниддин ҳам отасининг тарбиясини олган. Унинг ҳеч қандай айби йўқ сизларнинг одингизда! Агар у бирор ғайри қонуний ҳаттиҳаракат қилганида албатта сизлар уни аямаган бўлардингиз, ошкора ушлаб қамаган бўлардингиз. У шунинг учун ҳам ўзини эҳтиёт қилиб юрган, ҳеч қанақа тоифага қўшилмаган.

 

Бироқ сизлар ундан отаси учун ўч олаётганингизни бутун мамлакат, бутун дунё билиб тушуниб турибди. Иймоним комилки, бизнинг оилани мусулмон дунёси ҳам, Ғарб дунёси ҳам қонундан ташқари ишларга ҳеч қандай алоқамиз йўқлигини яхши билади. Обидхон қорининг, демак бизнинг ягона айбимиз – мусулмонларга сизлар ўтказаётган қатағонларни қоралаймиз.

 

Сизлар биздан айнан мана шу учун ўч олаяпсизлар. Аммо бундан нима натижага эришиб бўлади?? Бунақа қўполлик, қўрқитув, зулм билан сизлар мақсадингизга ҳеч қачон ета олмайсизлар-ку. Нима учун сизлар шу оддий ҳақиқатни тушунишни истамаяпсизлар, мен шунга ҳайронман.

 

Сизларга катта фойда келтирадиган маслаҳат шуки, Хусниддинни ва бошқа ҳамма ўғирланганларни қўйиб юборинглар. Қамоқдагиларни озод қилинглар. Шунда ютуқ сизларда бўлади иншаАллоҳ. Бу биз мазлумлар учун ҳам, халқ учун ҳам, давлат учун ҳам яхши йўл. Ахир яхшиликка яхшилик қайтишига нимага ишонмаяпсизлар? Ёки ёмонлик билан яхшилик ҳосил бўлади деб ўйлайсизларми?

 

Мен энг аввало ўзимга кейин бошқаларга, жумладан Сизга, сизнинг ходимларингизга, ҳукуматнинг ҳамма аъзоларига иймонҳидоят, инсоф, раҳм-шафқат тилайман. Аллоҳ ҳаммамизни яхши ниятларимизга фақат яхши йўллар билан эришишни насиб қилсин.

 

Сиздан бир мазлума она сифатида қўл остингиздаги махбусларни, мазлумларни, жумладан менинг ўғлим Хуснидинни, қийноққа солмаслигингизни, майиб-мажрух қилмаслигингизни, таҳқирламаслигингизни, ўлдириб қўймаслигингизни ўтинаман. Аллоҳнинг бандаларга қандай муомала қилсангиз худди ўшанақа муомалани албатта ўзингиз ва болаларингиз ҳам кўрасизлар. Ҳеч кимни ҳаққи ҳеч кимда қолиб кетмайди. Ҳеч бир зулм жавобсиз қолмайди. Яхшилик ҳам мукофотсиз қолмайди. Сиздан ўғлимни тез кунлар ичида озод қилиб юборишингизни кутиб,

 

Насриддинова Миннура

Назаров Хусниддиннинг онаси,

Обидхон қори Назаровнинг рафиқаси

 

2004 йил, 15 август

 

Хатга 15 июн куни МХХ раисига ёзилган хат илова қилинмокда.

 

 

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s