56-ТЕРРОРИСТИК АМАЛЛАР, ХАТлар

05.06.14-«Матлуба-Дилдора» фермер хўжалиги, Зарбдор тумани

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ

И.А.КАРИМОВга

 

Зарбдор туман, Зарбдор шаҳри,

Янгиобод кўчасида яшовчи,

«Матлуба-Дилдора»

фермер хўжалиги раиси

Оққулова Мақсад томонидан

(133-автобазага етмасдан навеснинг орқасидаги ҳовли)

 

О Ч  И  Қ    Х  А  Т

(ёхуд, бир фермер ўзбек оиласининг сарсон-саргардонлиги ҳақида)

 

Ҳурматли Президент,

Мен «Матлуба-Дилдора» фермер хўжалиги раиси Оққулова Мақсад 70 ёшдаман. Аслида 1994 йилдан бери ердан нон еб келяпман, яъни «Хайрулло» фермер хўжалиги номи билан ишлаб келганман. 2004 йилда хўжалик номини Зарбдор туман ҳокими У.Азимов ўзгартиришга мажбур қилди ва «Матлуба-Дилдора» фермер хўжалиги деб ўзгартирдим.

 

Планларни 150-200%га бажариб келаётган бир пайтда Зарбдор туман ҳокими Ускан Азимов 2002 йил 22 май куни ўғлим Оққулов Унғорни алдаб, совхоз директорлиги вазифасига қўяман деб 5.000.000 (беш милион) сўм пулини олди. Ўзбекистон Агрохизмат туман марказига директор этиб тайинлади, лекин бир ойдан кейин ишдан бўшатиб юборди. Ўғлим пулига куйиб қолгани етмагандай фермер хўжалигимиз ерини ҳам олиб қўйди.

Шу йили 23 июль куни ўғлимни ва Зарафшон совхози директори Ўктам Номозовни мажлисда ишдан бўшатган. Икки кундан кейин жияни Ўктам Номозовни ишга қайта тиклади. Лекин ўғлимни ишга тикламаганлиги учун, мен ҳокимдан пулни қайтаришини талаб қилдим. Ҳоким билан ўзаро тортишувдан кейин 45 ёшли ўғлимни қаматиб юборишини айтди. Мен қўрқиб 3 ойгача ҳеч жойга мурожаат қилмадим.

Мана 4 йилдан бери ҳоким билан тортишиб келмоқдаман. 2003 йил 18 май куни ҳоким сотовой телефони билан уриб бошимни ёрди. 2004 йилда фермер хўжалигини ташкил этиб ҳоким қарори бўйича 31 гектар, аслида эса 28 гектар ерда деҳқончилик қила бошлагандим. Йил охирига бориб хўжалик фаолиятини тўхтатиб қўйди. Фермер хўжалигини фаолиятини тўхтатиш мақсадида ҳар томонлама сунъий тўсиқлар ўрнатди. Банкдан иш ҳақи учун ажратилган кредитни бердиртирмади. Умуман техник ёрдам кўрсатмади. Ҳокимнинг давосида 2 гектар ерга ортиқча полиз экини экган дейилган. Аслида 2 гектар ернинг ўзи етишмайди.

Ҳоким Хўжалик судидагилар билан тил бириктириб бизнинг ер майдонимизни «Зарфайз» фермер хўжалигига нақд пулга сотиб юборди. «Зарфайз» фермер хўжалиги раиси Сангиров Файзи ерни сотиб олганлигини халқ орасида баралла айтиб юрибди. Жойлардаги раҳбарлар аризам бўйича ҳеч қандай ёрдам кўрсатмади. Мурожаат қилмаган жойим қолмади. На вилоят ҳокими Ёмонқулов, на Жиззах прокуратураси, на Республика прокуратураси, на Олий Мажлис ва на Президент аппарати арзимни инобатга олишмади.

Туман ҳокими У.Азимов ўз айбини ёпиш учун 2004 йил 13 декабр куни мени жиннихонага жойлаштирмоқчи бўлди. Унинг буйруғига биноан милиция ходими келиб мени ҳокимият биносидан олиб кетмоқчи бўлди. Уйимга ҳам тиббий тез ёрдам юборган, борсам болаларим ва келинларим сизни жиннихонага олиб кетиш учун тез ёрдам келиб кетди деб қўрқиб ўтиришган экан.

Мен ўғлимни ҳокимнинг олдига фермер хўжалигини очиб беришини сўраш учун жўнатгандим. 2005 йил 5 май куни соат 1400 да ҳокимият биноси ҳовлисида ҳоким ўғлимга “Яна олдимга келадиган бўлсанг, наркотик ташлатиб қаматиб, турмада ўлдиртириб юбораман, нархинг неча пул туришини биласанми ўзи?” – деб роса дўқлаган. Бу ҳокимчалар нафси учун ҳеч қандай разилликдан қайтишмаяпди.

Ҳурматли Президент, менинг ҳақ-ҳуқуқларимни тикланишида, сиздан бошқа амалий ёрдам берадиган бирор бир инсонни кўрмаяпман. Менга амалий ёрдам беришингизни, яъни еримни қайтартириб олиб беришингизни ва менга ҳоким томонидан берилаётган азобларни тўхтатишга кўрсатма беришингизни сўрайман деб,

Ҳурмат билан,

“Матлуба-Дилдора” фермер хўжалиги раиси:

  Оққулова Мақсад    

14 июнь 2005 йил.

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s