БИЛДИРИШНОМАлар

06.01.16-Абулфайз БАРОТОВ

15 январь 2006 й.

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти

Сирдарё туман бўлими

 

БИЛДИРИШНОМАСИ

 

Сирдарё туман бўлими 5-мавзе, 78-уй, 38 хона

oyakubova2006@rambler.ru

 

               Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти Сирдарё туман бўлимига 2006 йилнинг 7 январ кунида расмий   ариза билан мурожаат этган 1 – гуруҳ ногирони Баратов Абулфайз «Ўзим хакимда сўз» деб номланган ҳаёти ва ҳаёти давомидаги ҳамда ҳозирги кундаги аҳволидан бир шингил бўлган воқеаларни қоғозга кўчириб, ўзига нисбатан бўлаётган адолатсизликларни қоралайди. Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти Сирдарё туман бўлими унинг хатини илова қилмоқда.

ЎЗИМ ҲАҚИМДА СЎЗ!

 

                  Мен Баротов Абулфайз 1942 йил Ғаллаорол туманининг тоғли Угат қишлоғида туғилганман. А.Навоий номидаги Самарқанд Давлат университетининг филология факультетини тугатганман. 39 йиллик меҳнат фаолтятимнинг 30 йилини газетачиликка бағишладим.

 

Вилоят, туман ва кўп нусхали газеталарда турли вазифаларда ишладим. Қурилиш ташкилотларида таржимон иш юритувчилик қилдим. Уч ярим йил маҳлла фуқаролар йиғинида раис бўлдим. Ҳозирги кунда 1 гуруҳ ногиронлгимга қарамай маҳаллада кўча оқсоқоли вазифасида ишлаяпман Жиззах вилоят Зарбдор туман Бўстон шаҳарча Саркисов кўча 4-уйнинг 1-хонадонида яшайман.

 

Икки нафар фарзандим бор. Катта қизим Муҳайё -22 ёшда. Кичиги ўғлим Жасур – 20 ёшда. Қизим 2006 йилда ишга жойлашди. Касбҳунар коллежининг молия бўлимини тугатган. Ўғлим ишсиз 3 хонали ДОМда яшаймиз.

 

Ватан осйишталиги деб ўзимни ўққа тутиб берганимга қарамай аҳволим оғир бўлиб қолган пайтларда Ватандан мадад ололмай йиллаб сарсонсаргардон бўлаётганим сабабли инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларидан ёрдам сўрашга мажбур бўлдим. Ким билади балки жаҳон ҳамжамиятининг ёрдами тегиб қолар менга. Бутун ҳаётимни қисматга айлантирган фожеа эса мана бундай бўлган

1961 йилда Пахтакор тумани (илгариги Жиззах тумани) даги янгидан барпо этилаётган Пахтакор (аввалги номи Боғдорчилик) совхозида қурилиш ишарини олиб бораётган Янгиер сувқурилиши трестига карашли СМУ-6 да оддий ишчи бўлиб ишлаганман.

У пайтларда ички ишлар идоралари талабларига мувофиқ ташкилот ва муассалардан жамоат тартибини сақлаш учун кўнгилли халқ дружиначилари штаби тузилиб, улар томонидан кечалари навбатчиликлар йўлга кўйиларди. Навбатчиликка одам ажратиш учун ҳар бир ташкилот ва муассаса ўзининг махсус буйруғини чиқарарди. Кўпчилигимиз дружиначиларнинг доимий аъзоларига айлангандик.

1961-1962 йил ўтар кечаси участка нозиримиз Яхъё Қўзиев зарур иш билан шаҳарга кетганлиги сабабли ўша куни навбатчилар бригадасига мен раҳбарлик қилгандим. Жамоат тартибини бузган ашаддий бир безори ҳақида далолатнома тузаётганимизда унинг маст шериклари хонамизга бостириб киришди.

Уларнинг бирининг қўлида ов милтиғи бор эди. Хонада урсур бошланиб кетди. Мен тузаётган далолатномамни тўхтатиб жойимдан туришимни биламан чап буксамга кимдир қаттиқ зарб билан ургандай бўлди. Кейин нима бўлганини билмайман. Кейин билсам улар мени ўлдига чиқаришиб бино олдидан ўтадиган ариққа ташлаб кетишган эканлар.

Эрталаб мени участка нозири Яхъё Қўзиев Жиззах шаҳриаги КИЗИЛ КАЗАРМА касалхонасига олиб борган. Мен 70 кун ўлим тўшагида ётганман. 5 марта оғир операцияни бошимдан кечирдим. Биринчи операциям наркоз остида 6 соатга чўзилган. Даволанишим бир ярим йилга чўзилди. Танамда қолиб кетган 75 та сочма ўқ кейинги патларда безовта қилмоқда.

Касалхонадан чиққанимдан сўнг 9 ойча ишлаб шундай мудҳиш фожеага йўлиққан жойимга умуман қайтиб бормадим. Самарқанд шаҳрида яшаб ишладим, ўқидим. Фақат 1979 йилдагина 3-гуруҳ ногиронлигига ўтдим. 1980 йиллар яна чўлга – Зарбдор туманига ишга келдим. 1991 йилда тасодифан 1961 йилда участка нозиримиз Яхъё Қўзиевдан дарак топдим.

У Жиззах туманидаги собиқ Жданов номли жамоа хўжалигида яшарди. У мени кўриб «қаёқларда юрибсиз мен сизни 27 йилдан бери кутаман деди», айтишича, Яҳъё Қўзиев касалхонада ўлим тўшагида ётганимда бир неча кунлар ёнимда ўтирган эди.

У мени Жиззах туман ИИБ бошлиғи С.Яхъёев ҳузурига, сўнгра вилоят ИИБ бошқармасига олиб борди. Уни астойдил қилган ҳаракатлари сабабли, ўша мудҳиш воқеа тафсилотлари ҳақида ҳужжат тайёрланди. Ана шу ҳужжатлар асосида ИИБ кадрлар билан ишлаш бўлими бошлиғи Махаматов, менинг неча фоиз соғлиғимни йўқотганим тўғрисида тиббий меҳнат экспертиза комиссиясига сўров хати берди.

Сўров хати хулосасини олиб келганимда эса, ИИБ кадрлар бўлимида ишловчи Альфия деган аёл «сизга нафақа тайинлаш учун бизга юқоридан кўрсатма йўқ» деб мени қайтариб юборди. Шу билан бу масала ҳал бўлмай қолиб кетди.

1998 йилда вилоят ИИБ.дан ёрдам сўраб яна мурожаат қилдим. Ўша йилнинг 27 мартида вилоят ИИБ.бошлиғи ўринбосари У.Э.Умаров менга мазкур хатим юзасидан 3\158-рақамли хат билан жавоб ёзиб унда жумладан шундай деган эди:

«Сизнинг 1998 йил 5 февралдаги бизга йўллаган аризангизни атрофлича ўрганиб чиқиб чуқур таъсирландик. Лекин сизнинг ногирон бўлиб қолганлигингиз собиқ СССР ва Ўзбекистон Республикасининг меъёрий ҳужжатлари билан кафолатланмаган.

Буни биз ачинарли ҳол деб ҳисоблаймиз ва бу борада Ўзбекистон Республикаси Ички Ишлар Вазирлигига ўз таклиф ва мулоҳазаларимизни билдирамиз…» деганда, сизга Зарбдор ИИБ орқали узвий алоқа боғлаймиз ва доимий равишда моддий ва маънавий томондан амалий ёрдам кўрсатиб борилади деб ваъда берганди.

Афсуски ваъда ваъдалигича қолиб кетди. 1999 йилда Ўзбекистон Республикаси агросаноат Комплекси ходимлари касаба уюшмаси Марказий Қўмитасига мурожаат қилдим. Қўмитанинг бош меҳнат техника нозири Т.Юсупов шахсан ўзи Жиззахга келиб, менинг ишимни текширди. 1999 йил 14 апрелда менга ёзган ТЮ 06 / 104 рақамли хатида шундай деган:

«Сизнинг бизга юборган аризангизни қўмита мутахасислари жойларда ўрганиб чиқди ва ҳақиқатдан ҳам 1962 йилга ўтар кечаси дружинник бўлиб юрганингизда ўқ тегиб ногирон бўлганингиз аниқланди. Сизга шуни маълум қиламизки, собиқ СССР меҳнат қўмитаси ва бутуниттифоқ касаба уюшмалари кенгашининг 1961 йил 22 декабраги 483 / 25 сонли қарорига асосан ҳодиса иш билан боғлиқ бўлсаю, ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлмаса, яъни жамоатчилик бурчини бажараётганида содир бўлган бўлса, бундай ҳолда «Н-1» шаклидаги акт тузилмайди. Демак, меҳнат нозири томонидан корхонага нафақа тўлаттиришга асос йўқ…»

2002 йилда Республика Президенти номига шикоят йўлладим. Хатим вилоят ИИБ га келиб тушган шекилли, бошқарма ШТБИХ бошлиғи ўринбосари Т.Жуманов 2002 йил 7 октябрда 3 / 486 рақамли хат билан менга шундай мазмунда жавоб йўллади. «1962 йилда кўнгилли Халқ Дружиначилар сафида бўлганингиз сабабли безорилар ўқига дучор бўлганингиз учун собиқ ССЖИ ва Ўзбекистон Республикасининг меъёрий ҳужжатларида ички ишлар идораларидан қўшимча нафақа тайинлаш кафолатланмаган.

Собиқ министрлар советининг 1990 йил 13 августдаги 306 сонли буйруғи эълон қилинган бўлиб, унда фақат ички ишлар идоралари сафида хизмат қилган ходимларгагина нафақа тайинланади…» Т.Жуманов гапининг охирида, сизга Зарбдор туман ИИБ томонидан имконият даражасида моддий ва маънавий ёрдам бериб бориш бошлиқ М.Мирзиёевга юклатилди»,- деган.

Орадан салкам 5 йил ўтганидан сўнг Т.Жуманов вилоят ИИБ бошлиғи ўринбосари У.Э.Умаров менга берган тантанали аммо бажарилмаган ваъдасини айнан такрорлаган эди. Қани бу милициялар нима каромат кўрсатар экан деб, 3 ойдан кўпроқ вақт кутдим. Кейин эслатиб қўйиш ниятида Республика ИИВга хат жўнатиб юбордим.

Хатим яна вилоят ИИБга келиб тушган шекилли, 2003 йил 23 январда худди шу Т.Жумановдан 3/1-46 рақамли хат билан менга жавоб келди. Жаноб Т.Жумановнинг бу галги жавоби бироз кескинроқ эди.

У ўз хатида: «Ногиронлигингиз учун 40 йилдан ортиқроқ вақтдан бери қуртдек санаб нафақа олаётган бўлсангиз, яна нима керак ўзи сизга», – деб писанда қилганда, Зарбдор туман ИИБ бошлиғи ўринбосари Ш.Тўрақулов маҳалла фаоллари билан уйимга ташриф буюрганини моддий ва маънавий ёрдам кўрсатганлигини алоҳида таъкидлаб, «фақат ички ишлар идораларида хизмат қилган ходимларгагина пенсия тайинланади, сизга эса йўқ, товон пули ҳам йўқ, маънавий зарар ҳам тўланмайди», – деб гапини мухтасар қилган.

Зарбдор туман ИИБ бошлиғи ўринбосари Ш.Тўрақуловнинг уйимга келгани рост. Лекин у маҳалла фаоллари билан эмас, балки Бўстон шаҳарча участка нозири Шокир Мухторов ва яна бир Шароф исмли милиция билан уйимга ташриф буюрганида, мен вазирликка хат жўнатганимга 20 кундан ошганди.

Улар менга аталган бозорликни уйимиз ёнидаги қассобхона ва ёйма бозордан қилишганди. Уччала милиция чўнтакларидан пул чиқаришиб 1 кг гўшт, 1 кг новвот, 1 кг печенье, ярим кг шоколад ҳамда 4 кг олма ва апельсинлар харид қилишганди.

Агар вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари У.Умаровнинг 1998 йилдаги «Сизга Зарбдор туман Ички Ишлар бўлими томонидан доимий равишда моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиб турилади», – деган ваъдасини эслайдиган бўлсак, улар нақ 6 йилдан сўнг аҳволимдан биринчи марта хабар олаётган эдилар.

Ана шундай хабар олишлар яна икки – уч марта такрорланса борми, киссасидан пули кетаётган милициялар ошкора бўмасада, ичларида «Тоза жонга тегди-ку, бу гўрсухта, бизлар учун ногирон бўлган эканда падар лаънати», деб сўкмасликларига ким кафолат беради.

Жаноб Т.Жуманов эса милицияларнинг 6 йилда бир марта хўжа кўрсинга аҳволимдан хабар олганини оламга достон қилаётганди. Энг қизиғи шундаки мен боғдан келсам, улар тоғдан келишади. Ахир, мен улардан товон пули сўраяпман. Улар эса «доно каллаларига» нима фикр келса, ўйлаб нетиб ўтирмай ўшани рўкач қилиб жавоб қайтаришдан уялмаяптилар.

2003 йил 18 февралда мен фуқаролик ишлари бўйича Жиззах вилоят судига бориб, вилоят ИИБ ни ҳеч иложим қолмаганидан кейин судга бермоқчилигимни айтиб ёрдам сўрадим. Суд раиси икки соатдан ортиқроқ вақтини менга ажратди.

Стол устида бир неча Меҳнат Кодекслари пайдо бўлди, мутахасисларини чақирди. Мен эса «Маънавий зарарни қоплаш ҳақидаги қонунларни қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида», 2000 йил 28 апрелдаги Ўзбекистон Республикаси Олий Суди Пленумининг қарорларида қайд этилган «Маънавий зарарни қоплаш учун судьялар аниқ бир ўлчам бўлишни ҳоҳлайдилар, аммо у тўғри эмас, қарор адолат ва оқилоналикдан келиб чиққан ҳолда чиқарилмоғи лозим», – деган жумлаларини рўкач қилиб, даъвомнинг асослигини исбот қилишга ҳаракат қилардим.

Мен ана шу ерда адолатни қарор топтириш нақадар машаққат эканлигини тушуниб етдим. Чунки 1990 йилдаги собиқ ССЖИ дан қолган қонунларнинг инсонни манфаатларига ҳалақит берадиганлари ҳали ҳам ўлмай нетмай ҳаётимизда амал қилиб юрганига, инсон манфаатларига хизмат қиладиган қонунлар эса олиб ташланганига гувоҳ бўлдим.

Ҳозир ҳаётимизда амал қилаётган кўпгина қонунлар шундай усталик билн ишланганки. У купоаб имтиёзларни четлаб утади.Рад килади. Иложи булмай коланида собик СССРдан колган баъзибир қонунларни ёрдамга чақиради. Хуллас сизни боши берк кўчага киритиб қўяди.

Хуллас фуқаролик ишлари бўйича вилоят судининг хусусидаги конунда ана шундай муаммога дуч келиш мумкин. Бу ерда қонуннинг қабул қилинган йиллардан аввалги йилларга амал қилмаслиги ҳақида писанда қилади. Ўша пайтдаги раиси Аюбхон Мухаммадиев ва унинг мутахассслари менинг фрйдамга хизмат қиладиган биронбир қонунни кўрсата олмадилар.

Фақат суд раиси менинг кўнглимни кўтариш учунми ишқилиб, байрам кунлари яқинлашганда ички ишлар идораларига хат ёзиб ўзингиздан хабар бериб қўйинг, бирон нима беришар, ахир,- деди. Мен унинг шу гапига ҳам шукр қилдим. Тўғрида, 64 ёшга кирган бўлсам 43 йилдан ортиқроқ вақтдан бери ногиронлик азобуқубатларига мардонавор чидаб келаётган бўлсам.

Шунчасига чидаган одам ҳа деб додвой қилаверишим уятда. Яна бир оз чидасам нима бўлибди. Кейин бир йўла барча азоб-уқубатлардан бир йўла қутуламан қўяман. Чунки барча ҳаракатларим қумга синган сувдек изсиз кетаётганидан кейин бошқа қандай ҳам иложим бор менинг.

Фақат мен жамоат тартибини сақлаш учун ўзимни ўққа тутиб берганлигим учун баъзан қалбимда алам ўти пайдо бўлади. Демакки, давлатимиз ҳам ўзининг давлатчилик бурчини озроқ бўлсада, адо этса эди?-деган ўй ўтади кўнгилдан.

2004 йил ноябрь ойининг охирида, «чиқмаган жондан умид» иш тутиб, Зарбдор туман ИИБга яна хат жўнатиб юбордим. 2004 йил 24 декабр куни Бўстон шаҳарча участка нозири Шокир Мухторов хат кўтариб уйимга ташриф буюрди. У бу гал ярим килограмм печъение, 2 дона «Акуа» ичимлиги, 500 грамча конфет, 4 дона бозор нони, 1 кг гурунч, 1 кг сабзи, 1 кг олма, 2 кг.ча картошка олиб келган эди.

Бу унинг 2003 йилдаги бозорлигидан анча кам эди. Чунки ўшанда бозорликни уч киши қилган эдида. 2005 йилнинг октябрида Ўзбекистон Республикаси Президентига, Республика ички ишлар вазирига, Жиззах вилоят ҳокимига, Вилоят Ички Ишлар бошқармаси бошлиғига «Очиқ хат» йўлладим. Менинг ёзган барча хатларим яна вилоят ички ишлар бошқармасига келиб тушган шекилли, мени у ерга чақиришди.

Ички ишлар бошқармаси Молия иқтисод бўлими бошлиғининг ўринбосари З.Қўқанов Мени Жиззах вилоят Касаба Уюшма ташкилотлари уюшмасига олиб борди. У ерда менинг ишим билан шуғулланаётган техника инспектори Р.Сангилов, «Сизга вилоят Ички Ишлар бошқармаси тавон ва нафақа пуллари тўлайди шу вақтгача бизларга мурожаат қилмай қаёқларда юрибсиз?»деди.

Маълум бўлишича мени юқори идораларга йўлллаган «Очиқ хат» имдан сўнг вилоят ички ишлар бошқармаси менга товон ва нафақа пулларини тўлаш тартиби ва ким томонидан тўланиши лозимлиги тўғрисида вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмасига сўров хати берган экан.

Ўшанда адолат қарор топди деб бошим осмонга етган эди. Чунки Вилоят ИИБ молия иқтисодиёт бўлими бошлиғи ўринбосари З.Кўқанов менга «Сизга товон пули тўлаймиз, хотиржам бўлинг» деб қаттиқ ваъда берган эди. Бир хафтадан кейин вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасидан менинг ишим ҳақида уларни хулосасини олиш учун борганимда, вазият 180 даража менинг зараримга ўзгарган эди.

Тўғрироғи товон пули тўлаймиз деганда 2005 йил 11 февралда қабул қилинган Вазирлар Маҳкамасининг қарорини 100 фоиз тескари талқин қилишиб болтанинг сопини ўзидан чиқариб қўя қолишибди. Энг қизиғи шундаки Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 11 феврал 60 сонли қарори билан тасдиқланган «Ходимларга ва ходимларга уларнинг меҳнат вазифаларининг бажариш билан боғлиқ ҳолда жароҳатланиши, касб касалликларига чалиниши ёки саломатлигининг бошқа хил шикастланиши туфайли етказилган зарарни тўлаш қоидаларининг 1-боб 4-бандига асосан қуйидаги ҳужжатлар товон пули тўланиши учун асос бўлади дейилган.

  1. Бахтсиз ҳодисани махсус текшириш далолатномаси
  2. Бахтсиз ҳодиса ва ишлаб чиқаришда соғлиқка етказилган бошқа хил шикастлар тўғрисида далолатнома

         Энг қизиғи шундаки Жиззах вилояти Касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси раиси Н.Пардаев Вилоят ИИБ молия иқтисодиёт бўлими бошлиғи подполковник Б.Пардаевнинг сўров хатига ёзган жавоб хатида шундай деган: « А.Баратовда Ички ишлар томонидан тузиб берилган ва тасдиқланган далолатнома мавжуд, демак бахтсиз ҳодиса у ишлаган корхона ишини бажариш пайтида эмас балки ички ишлар хизматини бажариш пайтида содир бўлган. Шунга кўра жабрланувчига қонунда кўрсатилган товон ва нафақа пуллари фақат ички ишлар идоралари томонидан тўланиши шарт

   Жиззах вилояти ИИБ МИБ бошлиғи Б.М.Пардаев эса 2005 йил 19 ноябрда 8/438 рақамли хат билан менга жавоб йўллаб шундай деган: «Сизнинг юқори ташкилотларга ёзган аризангиз Касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси ва ижтимоий таъминот бўлими ходимлари томонидан атрофлича ўрганиб чиқилди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 11 февралдаги 60 сон қарори билан тасдиқланган кўрсатмасига асосан ички ишлар идоралари Сизга ҳеч қандай тўловлар тўланмаслигини маълум қиламиз».

2005 йил 14 декабрда мен барча ҳужжатларни вилоят ҳокимлигига 31-декабрда бўладиган вилоят ҳокими У.Ёмонқулов қабулига ёзилдим. Лекин қабулига мени чақиришмади. Мана 2006 йилнинг январ ойи ҳам ўтиб бормоқда. Вилоят ҳокимлигидан берган аризамга ҳамон жавоб йўқ. Эртага нима бўлади билмайман.

Вазият қандай якун топади билмайман.Биз мустақил бўлдик, ҳуқуқий давлат қурдик, мен ҳуқуқий давлатнинг тенг ҳуқуқли фуқаросиман. Ватан деб шу куйга тушдим. Лекин ватан мен истаган нарсани бера олмади. Танимда 75 дона сочма ўқ сақланиб турибди. Ўқ еган чап оёғим 6 сантиметр калта бўлиб панжалари букланиб қолган ўнг кўзим юз фоиз кўрмайди. Соғлиғим кундан кунга баттарлашиб боряпти.

     Эртанги кунимга хавотирлик билан назар соламан. Яна дод вой қилайми?. Фойдаси йўқ. Шунинг учун юрагимдаги дардимни жаҳонга ошкор қилишга жазм қилдим. Тиланчилик қилишдан уялмайман!. Дардимни эшитадиган бирон одам топилар ахир бу дунёда. Чеккан ва чекаётган азоб уқубатларим учун Х А Й Р   Қ И Л И Н Г Л А Р.

Х А Й Р ҚИ Л И Н Г Л А Р ЯХШИЛАР

Я Ш А С И Н   Қ А Ш Ш О Қ Л И К.

 

Абулфайз Баратов,              

1-гуруҳ     ногирони,       журналист.        

                                                                                                                            

 

         Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти Сирдарё туман бўлими А.Баратовнинг ҳаёти давомида учраган адолатсизликларини қоралайди ҳамда келгусида унга нисбатан бўлаётган адолатсизликларга қарши кескин курашишни беминнат амалга оширишни ўз бурчи деб билади.

 

О. Якубова

 

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти Сирдарё туман бўлими раиси

 

 

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s