2-БЮЛЛЕТЕНЛАР, ҲУҚУҚБОНЛАРНИ ТАЪҚИБ ҚИЛИШ

06.06.18-ҲИСОБОТ

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти

Жиззах вилоят бўлимининг

грант бўйича ўтказаётган

мониторинг натижалари

 

 

МУШУК – СИЧҚОН ЎЙИНИНИИНГ ЖИЗЗАХЧА УСУЛИ

 

(ёхуд, Жиззах шаҳар ИИБ бошлиғи подполковник Э.Ҳусанов, шаҳар ИИБнинг тергов бўлими бошлиғи майор Б.Муртозов ва терговчи капитан Г.Бозоровларнинг инсонларнинг ҳақҳуқуқлари ва қонунларни паймол қилишдаги найранглари ҳақида)

 

Жиззахда бўлиб ўтаётган бу воқеага нима учун батафсил тўхталганимизнинг асосий сабабини ўқиб чиққанингиздан кейин биласиз деган умиддамиз (Б.Ҳамро).

 

Бу жараёнлар нимадан бошлангани, яъни бўлиб ўтган воқеанинг қисқача тафсилоти: «2006 йил 11-февраль куни, соат 12-00 лар атрофида «Юнус Ражабий» номли Жиззах вилоят Драмма театри ёнида, ишсиз юрган йигитлар ва «Сайилжойи» лицей мактабининг ўқувчилари ўртасида жанжал бўлиб ўтади. Жанжалда 70 га яқин ёшлар қатнашади»

 

Воқеа жойига етиб келган милиция ходимлари муштлашувга дахлдор деб гумон қилинган йигитларни «Заргарлик» маҳаллаcида жойлашган 2-сонли Жиззах шаҳар ИИБга олиб борадилар. Олиб кетилган йигитлар орасида Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Мустақил ташкилоти Жиззах вилоят бўлими аъзоси Ўткир Пардаев ҳам бор эди. Терговчилар унга «Муштлашув пайтида, сен жабрланувчи Жабборов Элдор кўкрагига қаттиқ тепиб, унга қастдан ўртача оғир шикаст етказгансан» дея даъво билан чиқадилар. Қилмаган айбини бўйнига қўйиш учун «Заргарлик» маҳалласидаги 2-сонли Жиззах шаҳар ИИБ бошлиғи подполковник Саъдулла Мелибоев адвокатсиз терговни бошлаб, Ўткир Пардаевни қийноққа сола бошлаган. Подполковник сўроқ пайтидаги ҳар гапида, «Э.Жабборовни мен урганман» деб ёзиб берасан, деб бақиради. Унинг ва қўл остдаги миршабларларнинг қийноқлари оқибатида Пардаев бир неча марта хушини йўқотади. Ўткирнинг «Мен бу ерга тасодифан келиб қолган бўлсам, қолаверса ёшлигимдан суяк оқмаси касалига чалинганман,   яқинда оёғимдан операция қилинганман. Қандай қилиб Элдорни кўкрагига тепишим мумкин?» деган гаплари инобатга олинмайди.

 

Шундан сўнг қийноқлар шаҳар Ички Ишлар Бўлимида давом этади. Қийноқ эстафетасини энди Жиззах шаҳар ИИБ нинг тергов бўлими бошлиғи Бахтиёр Муртозов бошчилигида Шерматов ўз қўлига олганди. У подполковник Саъдулла Мелибоевдан ҳам ёмон чиқиб қолди. Икки гапнинг бирида қўлидаги отверкасини ўйнатиб «Агар айбингни бўйнинга олмасанг мана бу отверка билан орқа тешигинга тиқиб, қизил ичагингни суғуриб оламан» дея Ўткирнинг баданининг елка кисмига шикаст етказади (бу ҳақда экспертиза хулосаси бор).

 

28 соат мобайнида ИИБда хибсда сақланган Ўткир Пардаевни уйидагилар кафилликка олиб, 12-феврал куни олиб кетадилар. Милиция ходимлари Ўткирни жиноий жавобгарликка тортишга астойдил бел боғлаганини кўрган Мустақил Инсон Ҳуқуқлари Ташкилотининг вилоят бўлими раиси Ўктам Пардев 14-феврал куни бўлган воқеа ҳақида, Жиззах вилоят прокурорига, Миллий Хавфсизлик Хизмати бошқармасига, Жиззах вилоят ИИБ бошлиғи Ж.Оқбоевга, Жиззах шаҳар прокурори Т.Сагатовга ва вилоят ҳокими У.Ёмонқуловга шикоят ёзиб киргизади ва қуйидагиларга уларнинг эътиборини қаратади.

 

  1. Милиция ходимлари томонидан қаттиқ қийноқка солинган Ўткир Пардаевни суд тиббиёт экспертиза текширувидан ўтказиш ва милиция ходимларининг килмишларига бахо бериш;
  2. Шаҳар ички ишлар бўлимига олиб борилган болалардан фақат Ўткир Пардаев қийноққа солингани;
  3. Жабборов Элдорни тэквандо усулини пухта эгаллаган Марат Есимов тепганлигини айбдор бўйнига олиб турса ҳам, терговчи негадир уни сўроқ килмай уйига жавоб бериб юборгани;
  4. Терговчи Б.Муртозов жабрланувчи Жабборов Элдор билан гаплашмай туриб, унинг онасидан,   «Ўғлимни Пардаев Ўткир урган» деб тилхат ёздириб олганидан мақсади;
  5. Терговчи Г.Бозоров Руслан исмли фуқарони сохта гувоҳ сифатида Ўткир Пардаевга қарши қўйганлигини қандай баҳолаш кераклиги;
  6. Навбатчи капитан Рўзимурод «Укангиз билан учрашишни шаҳар ИИБ бошлиғи полковник Э.Ҳусанов ман қилди» деб учрашишга рухсат бермагани.

 

Мана орадан 4 ой вақт ўтди. Ўктам Пардаевнинг юқори идораларга ёзган шикоятларига эътибор   берилмади. Фақат, Жиззах вилоят МХХ   бошқармаси бошлиғи томонидан ёзилган шикоятни, вилоят прокуратурасига юборганлиги тўғрисида икки   энлик жавоб хат олинди, холос.

2006 йил 5 июнь куни Жиззах шаҳар ИИБ Т.К.К.Б. бўлинмаси бошлиғи, капитан Г.Бозоров, терговчи Шерматовлар, тергов қилинган салкам 30 нафар болалардан фақат икки нафарини ажратиб олиб, аcоcий айбдор Есимов Марат Калбаевичга қўшиб, Параев Ўткир Пўлатовични ҳам Ўз.Р. ЖКнинг 105моддаси 2 қисми «и» банди билан айбланииб ва жиноий иш хулосасини тасдиқлатиш учун Жиззах шаҳар прокурори Т.Сагатов   эътиборига ҳавола этди. Т.Сагатов аблов хулосасини 5 июнь куни тасдиқлади.

 

Энг қизиғи, шаҳар прокурори ишни судга оширилмасдан олдин бўлиб ўтган воқеалар жараёнидан ҳамма хайрон? Яъни, бу ишга шаҳар ИИБ бошлиғи Эркин Ҳусановдан тортиб вилоят Ички Ишлар Бошқармаси бошлиғи Окбоевгача «айбланаётган» Ўткир Пардаевдан «Жиноятни бўйнимга оламан» деб имзо қўйдириб олишларига қаттиқ ҳаракат қкилганлигидир.

 

Хулласи, Ўктам Пардаев ва унинг укаси Ўткир Пардаевлар билан вилоят ҳуқуқтартибот органларининг катта кичик раҳбарлари, терговчилар ва уларнинг рахбарлари ўртасида МУШУКСИЧҚОН ЎЙИНи бўлиб ўтди. Бу ЎЙИН, орган ходимлари учун натижасиз тугаганлиги сабабли, улар охирги чора, тўғридан тўғри тўҳмат қилиш ва қандай бўлмасин Ўткир Пардаевни жиноий жавобгарликка тортиш йўлини қидирдилар ҳамда бунга эришдилар ҳам.

Қуйида, ҳуқуқ ҳимоячиси Ўктам Пардаев ҳамда ҳуқуқтартибот органлари раҳбарлари ўртасида бўлиб ўтган мушук-сичқон ЎЙИНи ҳақида батафсилроқ тўхталамиз.

 

2006 йил 11 февралдан бошлаб шаҳар ИИБ тергов бўлимига Ўктам Пардаевни укаси Ўткир билан тинимсиз чақиришлар авж олди. Уларни эртадан кечгача сабабсиз кутдириб қўйишарди. Ўктам Пардаев терговчи Ғ.Бозоровга, “Укамни нега олдин адвокатсиз сўроқ килидиларинг, кийнадиларинг? Айибсиз бўлса ҳам нега айнан уни айбдор қилаяпсизлар?» деган саволлари жавобсиз қолди.

Ана шундай кунларнинг бирида жабрланувчининг акаси Жабборов Ваҳоб терговчини кабинетига бемалол кириб келди-да, Ўктам Пардаевга қараб: “Сен аблаҳ ҳуқуқ ҳимоячисимисан ёки жиноятчиларнинг хомийсимисан? Ҳали сен терговчиларга гап қайтариб маҳмадоналик қилганинг учун жавоб берасан” – деб ўшқира кетди. Шунда терговчи Ғ.Бозоров кулиб қўя қолди.

 

Сўкинишни бас қилган Жабборов Ваҳоб деразадан стадионга қараб, Ғофуржон, дўстим, стадионни ўт босиб кетибди-я, уни Эркин акамга айтаман” (шаҳар ИИБ бошлиғи Э.Ҳусанов назарда тутилмоқда) дедида, кабинетидан чиқар экан, Ўктам Пардаевга ўқрайиб: “Сен аблаҳ билан кейин гаплашаман”-деб дўқ урди.

Ўктам Пардаев терговчига бу бўлиб ўтган воқеа ҳақида дарҳол акт тузиб, жиноят ишига киритишини сўради. Аммо терговчи бу ишни қилмади.;

 

Орадан анча вақт ўтиб Ўктам Пардаев жабрланувчининг акаси Ваҳоб Жабборовнинг талаби билан учрашди (сўхбат диктофонга ёзиб олинган). В.Жабборов Ўктамга: «Мен укамни Республика Микрохирургия клиникасига ётқизаман, ҳужжатларнинг ҳаммаси тайёр. Ўшанда кўрасан менинг кимлигимни» деб дўқпўписа қилишни бошлади. Кейин “Агар бир ярим миллион сўм берсанг уканг қамалмайди. Мен ҳокимдан тортиб налогигача, терговчи-ю, унинг бошлиқларигача, бари билан бемалол гаплаша оламан» деб писанда қилган;

 

2006 йил май ойини ўрталарида Ўктам Пардаев терговчи Ғ.Бозоров билан вилоят ИИБнинг тергов бўлими бошлиғи подполковник Низом ака ҳузурида бўлишади. Ўктам Пардаев Низом акага: «Укам жабрланувчи Жабборов Элдорни тепмаган, чунки у яқинда оёғидан операция бўлиб касалхонада ётиб чиққан» деган гапларни айтади. Шунда Низом ака «Бу иш судга чиқса ҳам хеч нима бўлмайди, зўр келса жарима бўлади, ҳеч ким қамалмайди» деган жавобни беради.

 

2006 йил май ойининг охирларида вилоят ИИБнинг тергов бўлими бошлиғи Низом ака Ўктам Пардаевни ва Ўткир билан бирга айбланаётган Марат Есимовни вилоят ИИБ бошлиғи Оқбоев ҳузурига олиб боради. Вилоят Ички Ишлар Бошқармаси бошлиғи Ж.Оқбоев «Нима гап?» деган саволига Низом ака: «Ўткир Пардаев айбини бўйнига олишдан бош тортаяпти, имзо қўймаяпти» деб жавоб қайтаради. Шунда Ж.Оқбоев Ўктам Пардаевга қараб: «Нега укангиз “мен урдим” дея тайёр аризага қўл қўйишга рози бўлмаяпти, ахир ярашув бўлаяпти-ку, эртага укангиз судланса, нима бўлади?» деган гапни айтади. Ўктам Пардаев бунга рози бўлмайди.

 

2006 йил 22 май куни соат 19.00 лар атрофида Жиззах шаҳар ИИБ бошлиғи подполковник Э.Ҳусанов Ўктам Пардаевнинг уйига шахсан ўзи Ўткир Пардаевга қўнғироқ қилиб: «Менинг ходимларим уйларинга боради. жиноятни бўйнимга оламан деб имзо қўй, иш сен томонга ҳал бўлаяпти» деб тайинлайди.

Ўша куни кечаси соат 22.30 ларда Х.Олимжон номли маҳалла участка нозири капитан Ойбек «Жигули» машинада Ўктамларникига боради. Машинада шаҳар ИИБ. тергов бўлими бошлиғи майор Бахтиёр Муртозов ҳам бор эди. Участка нозири Ойбек: «Эрталабдан бери Ўктамни излаб юрибмиз, келса зудлик билан Э.Ҳусановга қўнғироқ қилсин» -деб тайинлайди.

 

Терговчиларнинг пайтавасига қурт тушган эди. 28 май куни эрталаб соат 9-00 лар атрофида участка нозири Ойбек, терговчи Ғофур Бозоров, тергов бўлими бошлиғи Бахтиёр Муртозовлар яна Ўктам Пардаевнинг уйига ташриф буюрадилар. Ўктам уйда йўқ эди. Улар кўчанинг бошида чўнқайиб ўтириб олишиб, Ўктамни кута бошлайди. Шу пайт ҳуқуқ ҳимоячиси Бахтиёр Ҳамроев Ўктамникига Ўткир масаласи бўйича келади. Гап нимада эканлигини билгач, чўнқайиб ўтирганларнинг олдига бориб, ўзини таништириб: «Бу ерда кимга қоровуллик қилиб ўтирибсизлар? Илтимос, ёнингиздаги инсонни ҳам таништирсангиз?» деб сўрайди. Шошиб қолган участка нозири Ойбек: «Ўктам менинг жўрам бўлади, унда ишим бор эди» дейди. Ёнидаги терговчини эса меҳнат муаллими деб таништириб юборади. Шунда Б.Ҳамраев уларга қарата: «Сизлар зўравонликга асосоланган ёлгон сиёсатнинг қурбонларисиз» деган сўзига, шоша – пиша «Бизлар ҳеч қачон ёлғон гапирмаймиз» дея яна қовун туширади.

 

Ўктам Пардаев яшайдиган “Сангзор” маҳалласи участка нозири бир четда қолиб, Х.Олимжон номли маҳалла участка нозири Ойбек оёғи куйган товуқдек питирлаб 31 май куни майор Бахтиёр Муртозов билан Ғофур Бозоровларни эргаштириб яна Ўктам Пардаевнинг хонадонига оёқ босадилар. Ўткирдан имзо чекишни талаб қила бошлайдилар. Ўктам Пардаев терговчиларга: «Ўша муштлашувда иштирок этган 70 нафарча болалардан нега айнан менинг укамни танлаб олдиларингиз, айби бўлмаса ҳам жиноий иш очдиларингиз?» деган саволни яна беради. Чунки бошқа болаларнинг кўпчилиги маъмурий жавобгарлик билан қутулиб кетишган эди. Шунда тергов бўлимининг бошлиғи майор Бахтиёр Муртозов: «Айби борми-йўқми билмаймиз, лекин жанжал бўлган жойда укангиз бўлган-да, бўлмаганида майли эди» деган жавобдан нарига ўта олмайди. Кейин: «Эртага шаҳар ИИБ бошлиғига ўтинглар, охирги имкониятларинг шу» дейишиб чиқиб кетадилар.

 

Бутунлай бошқа маҳалла участка нозири, бу маҳаллага мутлақо алоқаси йўқ бўлган Ойбек 2006 йил 3 июн куни яна Ўктам Пардаевнинг уйига боради ва «Зудлик билан Э.Ҳусановга учрашар экансиз» деб айтиб кетади.

Ўша куни соат 11-30 ларда Ойбек қайтиб келиб Ўктам Пардаевга уни Э.Ҳусанов олдига олиб бориш буюрилганлигини айтади. Улар Х.Олимжон маҳалла участка пункитига боришади. Бироздан сўнг Э.Ҳусанов терговчи Ғ.Бозоров ва яна бир фуқоро кийимидаги нотаниш киши билан кириб келишади. Э.ҲусановҚилган жиноятимни бўйнимга оламан» деб укангиз имзо чекиши керак” дейди. Ўктам: «Укам Ўткирнинг айби йўқ» деганида, Э.Ҳусанов: «Уканг жабрланувчини урган, шунинг учун қамалади» дейди. Шунда фуқаро кийимидаги нотаниш киши бирданига: «Сенинг оёғинга йиқилиб илтимос қилишимиз керакми?» деб дўқ уришга тушади. Э.Ҳусанов эса таҳдидли оҳангда: «Биласанми, сенлар ишонган элчиларинг қўлидан ҳеч нима келмайди. Сенга бир яхшилик қилмоқчи эдим, охирги марта келиб сўраяпман, яна бизлардан дамонгир бўлиб юрмагин».

 

Шунда фуқаро кийимдаги киши Ўктамга: «Бу гапларни уйингга келган ўша элчиларингга айтиб юрмагин, тағин» дейди.

Ўктам Пардаев уларнинг кабинетидан чиқиб 30 метрлар юрганида, терговчи Ғ.Бозоров Ўктамни қайтаради ва кабинетига олиб кириб «Хато қилаяпсиз, укажон, Ўткир 5 йилга қамалиб кетади, мана бу қоғозларга қўл қўйсангиз олам гулистон» дейди. Ўктам Пардаев унга ҳар гал қайтақайта берган саволини яна такрорлайди: «Укам қийноқга солинган. Олдин шу саволимга жавоб беринг». Терговчи Ғ.Бозоров сийқаси чиққан уша жавобни такрорлади: «Укангиз жанжал бўлган жойга борган-да. Бормаганида майли эди».

 

Прокурор томонидан бу айблов хулосаси барча ҳуқуқтартибот идоралари томонидан «ўрганилиб» тасдикдан ўтган. Ўткир Пардаевнинг иши судга ўтди. Энди судда мушук-сичқон ЎЙИНи бўлмайди, албатда. Суд ҳуқуқ химоячисининг укасини жанжал бўлган жойга бориб қолгани учун ҳам қамашга ҳаракат қилади. «Агар уканг «Жиноятни бўйнимга оламан» деб ҳужжатларга қўл қўйиб берса, у қамалмайди деб орган ходимларининг берган ваъдаси рост. Аслида уларга Ўткир Пардаев керак эмас. Аксинча, кейинги пайтларда уларни тинчини бузаётган ҳуқуқ химоячиси Ўктам Пардаев керак. Агар уларнинг режаси амалга ошганида эди, яъни Ўткир Пардаев имзо қўйиб барча айбларни ўз бўйнига олганда эди, ҳуқуқ ҳимоячиси Ўктам Пардаевнинг фаолияти чекланарди. Улар хоҳлаган пайтларида Ўктам Пардаевга: «Жим юр, оғайни чалиш, укангнинг тақдири, ипи бизнинг қўлимизда, акс холда уканг ўзини қамоқхонада кўради» дейишга асос яратилган бўларди.

 

Ўктам Пардаев уларнинг иғвогорона бу таклифларига учмади. Сотилмади. Ўз эътиқодига, мақсадига содиқ қолди. «Укам пешонасига нима ёзилган бўлса ўшани кўради» деб, орган ходимларига ялиниб-ёлвормади, ноғорасига ўйнамади. Асл мақсад йўлида курашни янада кучайтириш учун келажакка янада қадам ташлади.

 

Ҳозир Жиззах вилоятида ҳуқуқ ҳимоячилари жуда оғир шароитларда, бошларини кундага қўйиб курашни давом эттирмоқдалар. Сафдошларимиз Насим Исаков ва Улуғбек Каттабоевлар зиндонга ташландилар. Бошқалари устида қора булутлар пайдо бўлиб, реал хавф пайдо бўлганлар – Муйдинжон Қурбонов, Эгамназар Шаймановлар ватанини тарк этишиб, хорижга чиқиб кетдилар.

 

Тинимсиз таъқиблар, тазийқларга қарамай яқинда жиззахлик ҳуқуқ ҳимоячиларидан бир гуруҳи курашни фаоллаштириш учун бирлашиш зарур ва бу давр тақозаси эканлиги ҳақида бутун мухолифатчиларга БОЁНОТ тарқатдилар.

Жиззах, ҳозир Ўзбекистоннинг «Бермуд уч бурчаги»га айланган десак муболаға бўлмайди. «Бермуд учбурчаги» кемалар, самолётларга дахшат солиб, уларни ўз домига тортаётган бўлса, Жиззахдаги ҳуқуқтартибот органлари жиззахлик ҳуқуқ ҳимоячиларига ана шундай дахшатни солмоқчи бўлаяпти. Улар тинчлигини бутунлай йўқотиб қўйишган.

 

Энг асосий фактларга этиборингизни қаратамиз: Вилоят прокуратурасига, адвокатсиз ва қаттиқ қийноқлар асосида тергов қилинганлиги бўйича ёзган аризасидан кейин, Жиззах шаҳар прокуратураси томонидан шаҳар ИИБнинг терговчилари устидан алоҳида суриштурув олиб борилган эди. Суруштирув ишлари суриштурув бўйича қолиб кетди. Қийноқлар бўйича терговчилар устидан жиноий иш очилмай қолиб кетди. Бу ҳақда, руйхатдан ўтган Мустақил Инсон Ҳуқуқлари жамияти Жиззах вилоят бўлими ва Жиззах ҳуқуқ химоячилар Ассоциацияси томонидан қилинган мурожаатлар ҳам этиборсиз қолдирилди.

 

Бу ишда нима учун Жиззахдаги ҳуқуқтартибот органларининг катта бошлиқлари бунчалик чопа-чоп қилаётганлигининг асосий сабабини қуйидагича деб биламиз: «Ҳуқуқ ҳимоячилари Шароф Пардаев ва Ўткир Пардаев ҳамда бир Жиззахлик фуқаро, ҳарбийларга қарашли контрразведка бўлими ходимлари томонидан шу йилнинг 24 март куни хибсга олиниб, қийноқга солинган эди. Оқибатда ҳуқуқ ҳимоячиси 5 кун мобаойнида шифохонада даволанган эди. Бизнинг халкаро ташкилотларга килган мурожаатларимиздан кейин, бу қийноқлар иши бўйича Халкаро Хельсинки Федерацияси томонидан, Жиззах шаҳар прокуратураси, Жиззах вилоят прокуратураси ва Ўзбекистон Бош Прокуратурасига Очиқ хат жўнатилган эди. Бу ҳақда, ҳамда Очиқ хат нусхасини яқин кунларда Сизларга алохида етказамиз.

 

Ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари ҳаётларини гаровга қўйиб, ҳақиқий озодлик ва ҳақҳуқуқ учун курашни давом эттирар эканлар, жар ёқасида турган бу ҳуқуқ ҳимоячиларига жаҳон афкор оммасининг мадади жуда-жуда зарур эканлигини алоҳида уқтириб ўтмоқчимиз. Ёрдам бугун, ҳозир, шу дамда берилиши керак. Эртага кеч бўлади.

 

Бахтиёр Ҳамраев – Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти

Жиззах вилоят бўлими

18 июнь 2006 йил

Жиззах шаҳри

 

 

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s