Толиб ЁҚУБОВнинг мақолалари

Алишер Соиповнинг ўлдирилиши Андижон воқеаларининг давомидир

Толиб Ёқубов

Alisher Soipov

Мен Алишер билан кўришмаганман, бироқ иккаламиз электрон почта орқали бир неча марта хат ёзишганмиз. Алишернинг бу оддий хатларидан унинг билим доираси жуда кенглиги, моҳир журналист эканлиги яққол кўриниб турар эди. Гарчи Алишер Қирғизистонда туғилиб ўсган ва яшаган бўлса-да, унинг ўлими ўзбек халқи учун улкан йўқотиш бўлганига шўбха йўқ, чунки бундан кейин ҳам кўп йиллар ҳаёт бўлганда эди, у она халқи учун кўп савобли ишлар қилган бўлишига мен аминман.
Ҳозирги кунда «Алишерни кимлар ўлдиртирди?» – деган савол барчани ўйлантирмоқда. Бу саволга жавоб бериш учун, назаримда, иккита бошқа саволга жавоб излаш керак:
– Алишернинг ўлимидан ким манфаатдор эди?
– Нега Ўзбекистон ҳукумати уни бутун вужуди билан ёмон кўрар эди?
Мазкур икки савол бир-бири билан узвий боғлиқдир, шу сабабли мен ҳар икки саволга жавоб берувчи ҳикоямни, фикрларимни изҳор этмоқчиман. Менинг ҳикоям муҳтарам ўқувчиларнинг баъзиларига асоссиз узайиб кетгандай туюлиши мумкин, бироқ мен уни қисқа ёза олмадим, чунки Ўзбекистондаги сиёсий тузум нафақат ўз халқига нисбатан беҳисоб жиноятлар содир этди ва содир этмоқда, балки қўшни қирғиз, тожик ва бошқа халқларга ҳам душманлик кайфиятини намоён қилди. Гарчи мақоладаги баъзи нарсалар Алишер ўлимига алоқадор эмасдай туюлса-да, бироқ мен Ўзбекистон ҳукумати жиноятлари кўлами (масштаби) нақадар катта эканлигини кўрсатган ҳолда Алишер ўлимидан фақат шу ҳукумат манфаатдор бўлганини таъкидламоқчиман.
Мен бир нарсани шубхасиз қабул қиламан: буларнинг барчаси вақти келиб очилади ва И.Каримов бошлиқ ҳукумат тарих лаънатига учрайди.
Мустақиллик «паради» бошлангандан Қирғизистон ўзбек давлат раҳбарларининг алоҳида диққат марказида бўлганини кўпчилик тушунади. Вужудга келган Марказий Осиё давлатлари ва Қозогистон раҳбарлари орасида фақат Асқар Акаевгина, гарчи у коммунист бўлган бўлса-да, ўз ватанида коммунистик лидер бўлган эмас. А.Акаев академик олим бўлиб, у фан одамлари орасидан чиққан инсон бўлган. Унинг фаолияти Россия фани билан боғлиқ бўлганлиги, ҳатто коммунистик тузумнинг энг чўққига чиққан даврларида ҳам рус интеллигенцияси орасида маълум даражада ҳур фикрлилик бўлганлигини ҳисобга олинса, бу руҳдан А.Акаев бенасиб бўлмаган, деб ҳисоблаш мумкин. Бу – юқоридаги фикр тасдиғининг бир шингилидар: ўта жоҳил ва одам ҳидини ёқтирмайдиган коммунист Ислом Каримов А.Акаевни бениҳоя ёқтирмаган ва унинг олиб борган сиёсатидан ўлгудек қўрққан. Тожикистон ҳам И.Каримов ва унинг махсус хизмат органларининг диққат марказида турган, бироқ буни – Тожикистон президентлари Р.Набиев ва кейинчалик И.Раҳмонов Қирғизистон президенти каби академик олим бўлганлари учун эмас, – улар (Р.Набиев ва И.Раҳмонов) олим бўлган эмас, – бу мамлакатда ислом ва демократик мухолифат кучли бўлгани билан тушунтирилиши мумкин, холос. Тожикистон ҳақида гап кетар экан, шуни ҳам айтиб ўтиш лозим-ки, иккита сабабга кўра бу давлатда фуқаролар уруши бўлишидан И.Каримов манфаатдор бўлган:
Биринчиси. И.Каримов давлат тепасига келгач, у ўйлаб топган ва секин-аста амалга оширмоқчи бўлган ғояларидан бири «Буюк Ўзбекистон» давлатини ташкил қилиш бўлган. Бу ғоя одатда кичик давлатларнинг баъзи ўта шуҳратпараст раҳбарлари томонидан илгари сурилади (ва баъзан амалга оширилган). «Буюк Британия», «Буюк Арманистон», «Буюк Албания» кабилар бунга мисолдир. Англия қироллари, Александр Македонский, Чингизхон, Амир Темур ва шу каби саркардалар ўзларининг кичик мамлакатларини буюклик даражасига олиб чиққанлар. Бу «буюкликлар» ўзга халқлар ва давлатларни истеъло қилиш ҳамда уларнинг бойликларини безбетлик билан ўзлаштириш ҳисобига юзага келганини кўпчилик тушунса керак.
И.Каримов, табиий, Чингизхон ёки Амир Темур каби дунёнинг ярмини эгаллай ололмас эди, – замоннинг рухи ўзгача ва унда шуҳратпарастликдан бошқа юқоридаги саркардаларга мансуб бўлган сифатлар мутлақо йўқ, – бироқ унга турли авантюристик йўллар билан Тожикистоннинг Ленинобод, Қирғизистоннинг Ўш, Қозоғистоннинг Чимкент, Турманистоннинг Тошҳовуз ва Афғонистоннинг етти шимолий вилоятларини Ўзбекистонга қўшиб олиш имконияти бордек кўринган эди. Шу сабабли у фаолиятининг дастлабки йилларидаёк «Ўзбекистон – келажаги буюк давлат» деган шиорни ўртага ташлади, Амир Темур шахсига урғу берди, ўз шахсини улуғлашни йўлга қўйди, мухолифатни таг-томири билан йўқотишга киришди, қўшни давлатларда халқ норозилигини туғдиришга муттасил ҳаракат қилиб келди. Мазкур ғояни амалга ошириш учун унга демократия эмас, балки золим, мустабид тузум ва бу тузумга сидқи-дилдан хизмат қилувчи одамлар керак эди.
Баъзи манбаъларнинг айтишича И.Каримовнинг бу ғояси америкаликларга маълум бўлган. 1992 йил (ёдимдан кўтарилмаган бўлса) февраль ойида Тошкентга ташриф буюрган АКШ Давлат котиби Джеймс Бейкер И.Каримов билан ўтказган музокарасида унинг олдига тўрттами, бештами (аниқ эсимда йўқ: Дж.Бейкер билан учрашган М.Солиҳ, А.Пўлатов ва Ш.Исматуллаев бу ҳақда аниқ маълумотга эга бўлсалар керак) талаб қўйган ва уларнинг бажарилиши АҚШнинг Ўзбекистонга турли соҳаларда кўрсатадиган ёрдами катта бўлишига кафолат берган. Демократик жамият қуриш, бозор иқтисодиётини шакллантириш каби талаблар орасида қўшни мамлакатлар ҳудудларига тажовуз қилмаслик талаби ҳам бўлган. Сўзда И.Каримов АҚШ Давлат котибининг даъватларини қабул қилган бўлса-да, бироқ ўз ғояларидан воз кечмаган.
Тожикистонда фуқаролар урушининг бошланиши аксарият жиҳатдан Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг ишидир. Ўша даврда МХХ ўзининг кучли агентурасини Тожикистонда ташкил қилган ҳамда шимол ва жануб орасида зиддиятни кескинлаштириш учун барча чораларни кўрган эди. Полковник Маҳмуд Худойбердиевнинг асосан этник ўзбеклардан ташкил топган армиясининг ташкил этилиши ҳам бевосита МХХнинг ташаббуси билан юзага келган. Бу армия дастлаб Бирлашган тожик мухолифати (БТМ)га қарши ҳукумат томонда туриб урушда қатнашган бўлиб, тожик ҳукумати БТМ билан сулҳ тузгач, у қуролини ҳар икки томонга қаратган эди. М.Худойбердиев армияси жангларда енгилгач, ўзини тиклаш ва дам олиш учун 1998 йил кузида Жиззах ва Фориш туманлари орасидаги собиқ Киров совхози худудига дислокация қилинди ва ноябрнинг бошида Зомин довони орқали Ленинобод вилоятига ўтказилди. МХХ М.Худойбердиев армиясини «сафарга» отлантирар экан, унинг олдига икки масалани қўйган:
– Ленинобод вилоятида халқнинг «Биз нотинч Тожикистонда бўлишни истамаймиз, биз тинч ва барқарор Ўзбекистонга қўшиламиз» қабилидаги норозиликларини ташкил қилиш;
– ўша вилоятда тупланган ва сакланаётган 80 тоннадан ортиқ наркотик моддани Ўзбекистонга олиб ўтиш.
М.Худойбердиев қўйилган бу вазифаларнинг бирортасини ҳам уддасидан чиқмади, Тожикистон армияси томонидан қақшатғич зарбага учради ва тарқоқ ҳолда Ўзбекистонга чекинди. Бу авантюристик акция икки давлат орасида катта ихтилофларга сабабчи бўлди. Тожикистон президенти И.Раҳмоновнинг, телевидение орқали ғазаб билан сўзлаб, И.Каримов халқаро судга берилиши кераклигини уқдирганини кўпчилик ҳали унутмаган бўлса керак.
«Қора полковник»нинг армияси ҳозирги кунда ўзбек МХХси ҳарбий контрразведкаси ва вилоятлар бўлимларининг асосини ташкил этади. Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти (ЎИҲЖ)га етиб келган маълумотга кўра 2005 йилнинг мартида Қирғизистонда содир бўлган «лола» инқилобидан олдин (тахминан февраль ойида) бу армия шахсан И.Каримовга: «Халқ ғалаёни Ўзбекистоннинг қайси ҳудудида содир бўлишидан қатъий назар, биз уни шафқатсиз бостирамиз» деган мазмунда қасамёд қилган. Бу армиянинг бундан бошқа иложи йўқ: тожик ҳукумати М.Худойбердиевнинг ўзи ва унинг аскарларини ҳарбий жиноятчилар деб эълон қилган, ва демак, улар Ўзбекистондан бошқа давлатларга ўтиб кета олмайди. Шу сабабли уларнинг оилалари аста-секин Ўзбекистонга ўтказилди, ҳар бир жангчига (ўз оила аъзолари билан) Ўзбекистон фуқаролиги ва паспорти берилди, ҳар бир оилага ҳафтасига 200 АҚШ доллари миқдорида нафақа тайинланди.
ЎИҲЖ 2005 йил 5 июнь куни ўз баёнотида Андижон қиргинида М.Худойбердиев армияси ҳам қатнашганини очиқ баён этди. Бизнинг маълумотимиз шу қадар шубҳасиз эди-ки, ҳукумат уни ичига ютишдан ўзга чора топа олмади.
Иккинчиси. И.Каримов ўз режаларини амалга ошириши учун унга қўшни мамлакатда уруш олови ловиллаши керак бўлиб, у халқка: «Кўраяпсизларми, демократлар ва исломчилар Тожикистонни қандай кунга солдилар? Сизлар ҳам шуни хоҳлаяпсизларми? Биздаги барқарорлик кимга ёқмаяпти?» – дейишига йўл очар эди. Унинг Ўзбекистондаги барқарорликни мадҳия қилувчи шиорлари яқин йиллардагина камая бошлади. Унинг «Буюк Ўзбекистон» плани пучга чиққан бўлса-да, бироқ у ўзининг мақсадидан воз кечмаган кўринади.
Кези келганда шуни ҳам айтиб ўтиш керак-ки, ўзбек мухолифати ичидаги баъзи одамлар И.Каримов режимига чин сидқи-диллик билан хизмат қилиб келган ва қонли хизматини давом эттираётган «қора полковник» М.Худойбердиевни салкам ўзбек халқининг миллий қаҳрамонига айлантиришга астойдил ҳаракат қилмоқдалар. Бу сиёсий курликнинг окибати ёмон окибатларга олиб келиши аник.
И.Каримов ва унинг МХХси қўшни Козогистон ва Туркманистонда ҳам ўзининг жирканч режаларини амалга ошириш учун қилган саъй-ҳаракатлари ҳақида ҳам кўп гапириш мумкин. Бу хакда вақт топилганда мен алоҳида бир мақола ёзишни мулжаллаганман. И.Каримовнинг Афгонистоннинг етти шимолий вилоятини Ўзбекистонга қўшиб олиш режаси ва уни амалга оширишда ўзбек генерали Абдурашид Дустумнинг роли ҳақида мен қисқагина узимнинг «Буюк келажак» нима ва у качон келади?» [«Мусулмон Ўзбекистон» сайти, 27 январь 2007 йил] мақоламда ёзганман.
Яна Қирғизистонга кайтамиз. МХХ Қирғизистонни ҳам ўзининг маконига айлантирган ҳамда бу давлат раҳбарлари ва фуқароларининг кайфиятини изчиллик билан урганар эди. Шу сабабли, қирғиз «лола» инкилоби содир бўлишини ўзбек чекистлари нафақат сезар эдилар, балки уни тезлатиш учун имкон кадар «ёрдам» бердилар. Бир карашдан бу парадокс (зиддият)дек туюлиши мумкин. Бироқ Андижонда бир гурух одамлар 23 та тадбиркорни куткариш учун УЯ 64/1 ёпик турмасига куролли хужум уюштирмокчи эканликлари МХХга илгаридан маълум бўлган ва уни амалга ошириш учун ҳукумат зимдан бу гурухга ҳар томонлама ёрдам берган. Мен зимдан сўзининг тагига алоҳида чизик тортдим, чунки бу операцияни МХХ шунчалик усталик Билан уюштирган-ки, гурух аъзолари бундан мутлако бехабар бўлган. Шундай қилиб, Андижон вокеалари ҳам ҳукумат томонидан илгаридан режалаштирилганига шубха йўқ. Манбъа номини айтишдан узимни тийган ҳолда шуни айтишим мумкин-ки, Жиззах вилоят хокими Убайдулла Ёмонкулов 2005 йил май ойининг бошида, Андижон вокеаларидан тахминан бир хафта илгари бир кичик доирада бу вокеанинг бўлиши ҳақида гапириб куйганлиги тугрисида бизда маълумот бор.
Ўзбек ҳукумати мазкур инкилоб рухи албатта Ўзбекистонга таъсир этишини яхши тушунар эди ва шунинг учун ҳам Андижонда «кизил» рангли аксилинкилоб ташкил қилишни илгаридан, қирғиз инкилоби содир бўлмасдан олдин бошлаган эди. Бу оддий тахмин эмас, балки ишончли манбъалардан олинган фактларга асослангандир ва вақти келиб бу манбъаларнинг номи айтилиши мумкин. ЎИҲЖ уз баёнотида (2005 йил 5 июнь) И.Каримовнинг Андижон вокеаларидан кузлаган максадларини санаб берган эди:
– қирғиз «лола» инкилобининг пайини киркиш ва Андижон вокеалари «тинчигач» Қирғизистонда мазкур инкилобни обрусизлантириш учун беқарор вазият уюштириш;
– Ўзбекистондаги президент сайловлари олдидан халқни янада куркувга солиш;
– демократик ва исломий мухолифат вакиллари, хукукбонлар ва журналистларга охирги зарбани бериш.
Бу максадларнинг биринчисига мен батафсилрок тухталмокчиман. Андижон вокеаларидан уч кун утгач мени Венага, ЕХХТ ташкил қилган ва шу мудхиш вокеаларга багишланган брифинга таклиф этишди. Брифинг 19 май куни бўлиб утди. Ўша кунлари Венага Қирғизистон Бош прокурори (ҳозир собик) Азимбек Бекназаров ва Қирғизистоннинг АКШдаги элчиси Замира Сиддикова ҳам келишган экан. Халқаро Хельсинки Федерацияси офисида мен улар билан тасодифан учрашдим. Сухбат давомида биз асосан ўзбек кочоклари ҳақида гаплашдик. Бош прокурорга мен: «Бизга етиб келган маълумотга караганда МХХ томонидан Қирғизистонда содир бўлган инкилобдан анча олдин, Андижон кочоклари орасида бу мамлакатга йуналтирилиши мулжалланган ва махсус тайёргарликдан утказилган катта гурух ташкил этилган. Ҳар иккала халқ ичида «лола» инкилобини обрусизлантириш учун Қирғизистонда беқарор вазият келтириб чикариш И.Каримовга хаводай зарур бўлгани сабабли, бу гурух олдига Қирғизистонда яширин «сингиб» кетиш (яшаб колиш) ва Андижон вокеалари «тинчигач», Уш, Жалолобод ва Қирғизистоннинг ўзбеклар кўп яшайдиган бошқа худудларида вазиятни беқарорлаштирувчи турли кўпорувчилик ишлари олиб бориш вазифаси қўйилган. Қирғизистон ҳукумати бу масалага жиддий ёндошиши лозим» – деган фикр билдирдим. А.Бекназаров менинг бу фикримга кушилди ва уларда ҳам шундай маълумот борлигини билдирди. Қирғизистон ҳукумати бу гурухни аниклаш ва нейтраллаштириш учун бирор чора-тадбирлар курган-курмаганлиги менга маълум эмас, бироқ имом Муҳаммадрафик кори ва бошқа бир катор одамларнинг ўлдирилиши, андижонлик ўзбек кочокларининг угирланиши, БМТ идорасидан кочок макомини олиш учун Қирғизистонга утган хукукбон, журналист, мухолиф партиялар вакиллари ортидан юрган айгокчи пойлокчиларнинг кўпайиши, бир газета офиси олдида портлаш содир этилиши, ўзбеклар яшайдиган худудларда ўзбек тилига давлат макомини бериш талаби билан чиққан ахоли норозиликларининг уюштирилиши ва шунга ухшаш бир катор вокеалар МХХ томонидан жунатилган гурух писиб ётмай, муайян иш олиб бораётганидан даракдир. Шу сабабли мен, Алишер Соиповнинг ўлдирилиши Андижон вокеаларининг шубхасиз давоми, демокдаман.
Қирғизистон ва Ўзбекистон ўзбекларининг борди-келдиси Козогистон, Туркманистон ва Тожикистонда яшаётган ўзбеклар диаспораларининг Ўзбекистон билан борди-келдисига караганда анча-мунча интенсиврок, ва демак, бу ерда информация окими ҳам кучлирокдир. Алишернинг фаолиятида Андижон вокеалари мохиятини очиш катта урин олган эди. Унинг чоп этаётган «Сиёсат» газетаси ўзбек ҳукумати учун кузга кум тиқилгандей азобга айланди. Газета секин-аста Ўзбекистонга ҳам кириб, кулдан-кулга ута бошлади. Ўзбекистон ҳукумати Андижон вокеаларига тегишли бўлган ҳар бир нарса (жумладан, информация) ва уларни хакконий ёрита оладиган ҳар бир одамдан улгудек куркаётганини ҳисобга олинса, Алишернинг хакконий (нафақат Андижон вокеалари ҳақидаги) информациялари И.Каримовга ҳам (Алишер ва унинг газетаси томонидан), узига ҳам (Ўзбекистон МХХси томонидан) катта хавфга айлана бошлади. Андижон масаласида И.Каримовга Тожикистон, Туркманистон ва Козогистон томондан келаётган жиддий информацион хавфлар йигиндиси Қирғизистондан утиб келаётган информацион хавфча эмаслигини ҳамма тушунади. Агар шундай бўлмаганда эди, ўзбек матбуоти ва давлат Интернет-сайтлари Алишерга карши бунчалик, кутурган итдай ҳамла килмаган булар эди. Алишер оддий журналист эмас эди, унинг И.Каримов режими ҳақидаги ҳар бир сузи, фикри ва мақоласи режимнинг нозик жойига урилар ва какшатар эди-ки, у улгандан кейин ҳам режим югурдаклари унга тош отмокдалар. «Наманганская правда» газетасининг мухбири Геннадий Свинцов ўзининг «Ритуальные пляски на костях» [каранг: http://www.uzmetronom.com сайти, 28.10.07] мақоласида Алишерни, бир томондан, Ўзбекистон ҳақидаги жанжалли мақолалар муаллифи сифатида тасвирлаган бўлса, унинг «Америка овози», ВВС радиолари, Фергана.ру ИА билан ҳамкорлик қилгани ва Уш шахрида «Сиёсат» газетасини чоп қилиб, унда мамлакатимизга карши ёзилган чет эл мақолаларини таржима қилиб босганлигини жиноятдек изохлаган. Г.Свинцов уз мақоласида Алишер шахси ва фаолиятига бахо беришда Ўзбекистондаги маддох журналистлар куллайдиган усул – уни ерга уриш йўлини ишлатган: гуёки унинг мақолаларининг хеч бир ажралиб турадиган жойи йўқ, Алишернинг ўзбек ҳукуматининг танкиди хеч қандай исботга эга эмас эмиш. Мазкур русзабон «журналист» Алишерни «Хизб ут-Тахрир» диний партиясига боглаб Ўзбекистон ҳукуматининг одамларнинг меъдасига тегиб кетган «ашуласи»га ҳамоханг бўлган. Юқорида келтирилган сайтда Г.Свинцовнинг мақоласига шарх берган ўзбекистонлик яна бир русзабон журналист Сергей Ежков ўзбек МХХчиларини уз кукраги билан химоя қилган ҳолда Алишернинг ўлимида «тепса тебранмас» ўзбек халқини ҳукуматга карши кузголон қилишга ундамокчи бўлган одамлар ўлдирган, – дейишгача борган. Бундан яккол кўринади-ки, Алишер ўлимидан кейин ҳам Ўзбекистон ҳукуматига дахшат солиб турибди.
Золимликка карши ўзининг сузи ва калами билан курашган Алишерни Аллох уз рахматига олсин ва жаннатига дохил килсин. Омийн!

29 октябрь 2007 йил

Франция

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s