Азам ФОРМОНОВ, БИЛДИРИШНОМАлар, ЖАСЛИҚ – УЯ 64-71, СИЁСИЙ МАХБУСЛАР

08.03.10-А.ФОРМОНОВ ҳақида

Ўзбекистон Инсон Хуқуқлари Жамиятининг

БИЛДИРИШЕОМАСИ

 

10 март 2008 й.

Адолат ва одил суд бўлмаган шароитда

давлат қароқчилар тўдасига айланади

Августин Аврелий

Ўзбекнинг найранги кўп…

 

Ҳозирги пайтда Қорақалпоғистон ҳудудидаги Жаслик поселкаси яқинида жойлашган УЯ 64/71 маҳбусхонасида сақланаётган, ЎИҲЖ Сирдарё вилояти бўлими раиси Азам Формонов 2006 йил 29 апрель куни қамоққа олиниб, унга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси (Товламачилик) бўйича айб қўйишгач, вилоят ички ишлар бошқармаси тергов бўлими ходимлари уни кодекснинг асосий моддаларидан бири – 159-моддаси (Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумига тажовуз қилиш) бўйича ҳам айб “ёпиштиришга” анча уринганлар, бироқ буни уддалай олишмаганлар.

 

Бунинг асосий сабаби бизга қоронғу. Ўша кунлари тергов органи ходимлари негадир жуда шошилишди, ва гарчи ЎзР Жиноят-процессуал кодекси бўйича тергов жараёнига уч ой муддат ажратилган бўлса-да, Сирдарё вилояти ички ишлар бошқармаси катта терговчиси подполковник Бозорбой Қодиров терговни 18 кунда тугатди. Бироқ, “заказ” юқориники бўлса, маҳбус қаерда бўлишидан қатъий назар, кечроқ бўлса-да, “заказ”ни албатта бажаришларини кўпчилик яхши билади. Ҳозирги кунларда УЯ 64/71 концлагерида айнан ана шу амалиёт ҳаракати бўлмоқда.

 

А.Формоновнинг турмуш ўртоғи Озода Якубова уч ярим яшар қизини олиб, эри билан учрашиш мақсадида 22 феврал куни эрталаб Жаслик посёлкасига етиб борган, бироқ турли баҳоналар билан она-болани учрашувга қўйишмаган. Оби-ҳаво совуқ бўлгани учун ёш бола қаттиқ азоблангани сабабли 24 февраль куни О.Якубова Жаслик ИИБга бориб, паспортини қайтиб беришни ва қайтиб кетишини, ўзи билан бирга келган олти аёл ва ундан кейин келган бошқа аёллар ҳам зонага киритилганини, А.Формоновнинг олдига киритилмаётганларининг сабаби уни яна изоляторга ташлаганлари учун бўлаётганини айтиб норозилик билдиргандан сўнг 25 февраль куни уни зонага киритишган.

 

Зонага киритишдан олдин О.Якубовани зона бошлиғи Қуролбой Бердиев кабинетига олиб боришган ва зона бошлиғи унга ушбу гапларни айтган: “Сизнинг эрингиз хизбуттахрирчиларга қўшилиб кетган. Доим шуларнинг тарафини олиб, уларга адвокатлик қилиб, тартиббузарлик содир этади. Хизбуттахрирчилар халқ душмани, улар мана бунақа яшаётганимизни кўра олмайдиганлар. Уларнинг хотинлари ҳижобга ўраниб, светсиз, газсиз яшашимизни хоҳлайдиган халқ душманлари. Мен бошлиқ сифатида турмуш ўртоғингизга, хизбуттахрирчиларга қўшилмагин, деб айтдим, сиз ҳам хотини сифатида унга айтинг. Шунака қилаверса умрбод чиқармаймиз бу ердан».

 

О.Якубова: «Бунақа бўлиши мумкин эмас, мен ишонмайман. Бўлмаса бошқа камерага кўчиринг, қўшманг уларга» дегач, зона бошлиғи: “Бунинг иложи йўқ, ўзини алоҳида хонага қўя олмайман, ҳамма камераларда хизбуттахрирчилар бор” деган. О.Якубова турмуш ўртоғига нисбатан зона бошлиғининг бундай дейишидан ҳайратга тушган. Зона бошлиғи “Эрингиз хизбуттахрирчиларга қўшилиб кетган”, деб қўрқмасдан айтаётганидан, О.Якубова бу билан у эрига янги айблов эълон қилиб, яна қамоқ муддати қўшиб бермоқчи бўлишаётганига урғу бераяпти, деган хулосага келган.

 

Учрашувга кириб турмуш ўртоғига берган биринчи саволи ҳам шу бўлган. Мазкур қамоқхонани яхши билган ва унда кўп маротаба бўлган аксарият одамлар: «Бу ердаги маҳкумларни ҳар биттасини 159-модда билан қамалган маҳкумларга қарши ишлатмоқчи бўлишади» дея маълумот беришган. А.Формонов хотинининг бу саволига: «Мен бу ишни қилмайман ва буни зона бошлиғининг ўзига ҳам айтганман, балки шунинг учун шу гапни айтгандир» деб жавоб берган.

 

Масаланинг асл моҳияти 26 февраль куни ойдинлашган. Учрашувнинг иккинчи куни кечқурун эшикни тақиллатиб зона бошлиғи икка бегона одам билан бирга учрашув хонасига кириб келган. «Формонов, камчиликлар, шикоятлар йўқми?» деб сўрагач, зона бошлиғи О.Якубовага қараб: «Мен айтган гапларни эрингизга айтдингизми?» – деган ва давом этган: «Ўзларига ҳам, сенга ҳам яна бир марта айтаман, сен уларга қўшилмагин, сенинг модданг бошқа, сен мана бу болаларингни ўйлагин» дея Мадинага қараб ишора қилган. А.Формонов: «Мен ҳеч қачон уларга қўшилмаганман» деб жавоб берган. Маълум бўлишича, гапга аралашмаган икки бегона одам Тошкентдан келган МХХ ходимлари бўлган ва улар Жасликка етиб келгунча О.Якубовани уч кун давомида турмуш ўртоғининг олдига киритишмаган.

 

А.Формоновни Хизб ут-Таҳрир партиясига “илинтириш” учун МХХ ва зона маъмурияти “ўткизиб қўйилган ўрдак” (“подсадная утка”) усулини ҳам қўллашган. Январь ойининг бошида А.Формонов ва бошқалар ўтирган камерага янги хизбуттаҳрирчи “маҳбус”ни олиб киришган ва шу янги кирган “маҳбус” камерада ўирган бир хизбуттаҳрирчи билан дарҳол уруш чиқариб, жанжаллашаверган.

 

Камерадаги одамларнинг тоқати чидамай бошлаган. А.Формонов: “Жим ўтирайлик энди, бўлди қилинглар” деб айтган ва уларнинг иккаласи қолиб, 8 январь куни унинг ўзини изоляторга тиқишган. Уч кундан кейин янги кирган маҳбус билан уришган маҳбусни ҳам ШИЗОга ташлашган. Бироқ уруш чиқарган янги “маҳбус” изоляторга тушмаган. Шундай қилиб, О.Якубованинг турмуш ўртоғи қишнинг энг совуқ кунларини изоляторда ўтказган. Январь кунлари совуқ шу қадар қаттиқ бўлган-ки, бир соатлик сайр (прогулка)ларни маҳбуслар зўрга ўтказишган.

 

“Битта камерада бирга ўтиргандан кейин хоҳласа ҳам, хоҳламаса ҳам маҳбуслар ўзаро гаплашишга мажбур. Бир камерада ўтирганларга ўзаро гаплашишни тақиқлаш психологик қийноқдир. Балки турмуш ўртоғимга нисбатан яна янги айблов қўймоқчи бўлишаётгандир. Булардан ҳамма нарсани кутса бўлади” дейди О.Якубова.

 

Қуйида биз зона раҳбариятининг охирги бир неча ой ичида А.Формоновга нисбатан қилган жиноятларига тўхталмоқчимиз. Зона раҳбарияти А.Формоновга тўҳмат уюштириб, уни 2007 йил 23 майдан 19 июнга қадар, яъни 27 кун ШИЗОга ташлаган, у ерда дубинка таёқ билан оёғининг ости ва белига аёвсиз уришган. Натижада изолятордан чиққандан кейин ҳам у 10 кун деярли оёқ босиб юра олмаган. 10 октябрдан 20 октябрга қадар 10 кун, ҳеч бир сабабсиз, “сафда нотўғри юраяпсан” деган сохта айб билан А.Формоновни совуқ ва зах изоляторга ташлашган.

 

Бу ерда уни икки кун давомида қўлига кишан (наручник) солиб ва темирга боғлаган ҳолда қамоқхонанинг беш ходими биргалашиб аёвсиз калтаклашган. 2007 йил 31 октябрь – 1 ноябрь кунлари бўлган учрашувда О.Якубова турмуш ўртоғининг соғлиги жуда ёмон, совуқ ва зах изоляторда қулоғи шамоллаб, ундан йиринг оқиб турганини, жуда ҳам қаттиқ йўталиб ётганини ўз кўзи билан кўрган. А.Фармонов 2008 йил 8 январдан 30 январга қадар ШИЗО (штрафной изолятор)га ташланган.

 

У ўн беш кун изоляторда, етти кун карантинда бўлган ва муттасил қўлига кишан (наручник) солинган ҳолда ўтирган. Қоида бўйича карантинга чиққандан кейин маҳбус қўлига наручник солиш умуман мумкин бўлмаган ҳолда А.Формоновга карантинда ҳам етти кун наручник солишган. 16 февраль куни уни чақириб, амнистияга тушмаганлигини айтиб, мажбуран қўл қўйдириб олишган. «Имзо чекмайман, мен тартиб-қоидани бузган эмасман» дегандан сўнг А.Формрновга жисмоний қийноқ қўллашган.

 

О.Якубова турмуш ўртоғининг олдидан учрашувдан қайтганидан кейин шикоят хати ёзишга қарор қилган. 2007 йил 9 ноябрь куни турмуш ўртоғига нисбатан бўлаётган қийноқларни тўхтатишни, А.Фармоновнинг жиноят иши қайта кўрилиб, уни тўлиқ оқлаган ҳолда озодликка чиқаришни, А.Фармоновга нисбатан сохта жиноий иш қўзғаган ва судлаган ҳамда УЯ 64/71 ЖИЭМда қийноқларга солаётган барча шахсларни жиноий жавобгарликка тортишни сўраб шикоят хатини Ўзбекистон Республикаси Президенти, Бош Прокурори Р.Кодиров, Ички ишлар вазири Б.Матлюбов, ЖИЭББ (ГУИН) бошлиғи А.Шодиев номига почта оркали юборган, бироқ шу пайтга қадар бу юқори лавозимли шахслардан хатига қонуний жавоб олмаган. Унинг шикоят хати ёзилгандан кейин ҳам турмуш ўртоғи қийноқларга солинган.

 

Биз илгарироқ А.Формонов ва Алишер Караматов иши юзасидан жиноий ишлар бўйича Янгиер шаҳар суди чиқарган ҳукмнинг тўлиқ матнини (бирор ҳарфини ўзгартирмаган ҳолда) Интернет-сайтларда эълон қилган эдик. Ҳукмда жазо умумий тартибли зонада ўтаттирилиши кўрсатилган бўлишига қарамасдан А.Формонов махсус тартибли (особый режимли), яъни қаттиқ тартибли (строгий режим) УЯ 64/71 концлагерида сақлашмокда.

 

Маълум-ки, бу зона 1997 йили Ўзбекистоннинг энг экологик хавфли, ўта континенталь (ёзда ўта иссик, кишда ўта совуқ) иқлимга эга бўлган Усть-Юрт платосида диний ва сиёсий эътиқодлари туфайли судланган инсонлар учун ташкил этилган ва шу сабабли мазкур зона концентрацион лагерь мақомида бўлиб, унда махсус тартиб ўрнатилган. А.Формоновга охир-оқибат 159-чи (ёки шу тенги) модда билан яна айб қўйиш учун суд ҳукмига зид ҳолатда уни айнан шу зонага этап қилишган.

 

О.Якубованинг айтишича, А.Формонов озодликка чиқишидан буткул умидини узган.

А.Формонов зона маъмуриятининг алоҳида диққат марказида туришини қуйидаги фактдан ҳам англаш қийин эмас. Зона бошлиғи муовини А.Формоновни олдига чақириб, ОБСЕ (Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти)да киминг ишлайди, деб сўраган. А.Формонов: “ОБСЕда менинг ҳечкимим ишламайди, у ташкилотда ким ишлашини билмайман» деб жавоб берган. Шундан сўнг муовин О.Якубованинг акасини ҳам «Киминг бўлади, қаерда ишлайди?» – дея суриштирган.

 

ЎИҲЖдан:

 

Кейинги пайтларда бирнеча ҳуқуқбонларнинг қамоқхоналардан озод этилиши сўзсиз қувонарли воқеълик бўлса-да, уларнинг баъзилари Ўзбекистон қамоқхоналарида ҳозир қийноқлар қўлланилмаётир, деб баёнот бераётгани тушунарсиз нарсадир. Бизга келаётган, ҳамда бир қанча ҳуқуқбон ташкилотларнинг бераётган маълумотларига кўра мамлакатнинг милиция бўлимлари, тергов органлари ва жазони ижро этиш колонияларида қийноқлар бир кун ҳам тўхтамаганини айтиш мумкин. Авторитар тузумлар нафақат маҳбусларга, балки ёппасига бутун жамиятга зулм ўтказмаса яшай олмайдилар.

 

Толиб Ёкубов

 

ЎИҲЖ раиси

 

Франция 

 

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s