БИЛДИРИШНОМАлар, Мамир АЗИМОВ

08.04.03-Маҳфуза ИШОНҚУЛОВА: «РАСМИЙ ТОШКЕНТ КЎЗ ЁШЛАРИМГА ИШОНМАДИ»

ЎЗБЕКИСТОН ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ ЖАМИЯТИНИНГ

БИЛДИРИШНОМАСИ

3 апрель 2008 й.

Адолат ва одил суд бўлмаган шароитда

давлат қароқчилар тўдасига айланади

Августин Аврелий

 

Жиззах вилоят ҳуқуқ ҳимоячилари

Ассоциацияси хабари

 

«РАСМИЙ ТОШКЕНТ КЎЗ ЁШЛАРИМГА ИШОНМАДИ»

 

дея нола қилади Ўзбекистон Республикаси, Жиззах вилояти, Жиззах тумани, Гандумтош маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Гандумтош қишлоғида яшовчи фуқаро Ишонқўлова Махфуза Шерлоновна.

 

Ўзбекистон инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Халқаро қўмитаси Жиззах вилоят бўлимига, Жиззах вилоят хуқуқ ҳимоячилари Ассоциациясига шикоят ариза билан мурожаат қилган М. Ишонқўлова қуйидагича баёнот берган.                                                      

                                              

           Мен адолатни қарор топтиришимга ёрдам беришини сўраб, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва бошқа халқаро ташкилотларга мурожаат қилишга жазм этдим. Бошқа ҳеч иложи қолмагандан кейингина шундай қарорга келдим. Жаҳон ҳамжамиятидан ёрдам сўрашдан чўчимайман, чунки чеки-чегараси йўқ адолатсизлик, инсон тақдирини ҳал қилишнинг “жиззахча усули” мени шунга мажбур қилди. Қўлимда жиноят ишлари бўйича Жиззах шаҳар судининг ажрими турибди.

 

Ажрим бор-йуғи икки саҳифага жой бўлган. Ана шу икки варақ қоғоз қотилни оқлайди, адолатни топтайди. Турмуш ўртоғидан бевақт ажраб, бағри қонга тўлган мендек бир муштипар аёлни сарсон–саргардон қилади. Сарсонгарчиликнинг эса чегараси йўқ. Мана бир йилдир-ки, ҳақиқатни руёбга чиқара олмай овораман. Хуқуқ тартибот органларининг бу ҳақиқатни кўра била туриб, онгли равишда йўққа чиқарганлари мени қўлимга қалам олишга мажбур этди.

 

Воқеа бундай бўлган. 2006 йил 5 ноябр куни кеч соат 23.00 лар атрофида ЎзР Бош прокуратураси хузуридаги солиқ ва валютага оид жиноятларга ва жиноят даромадларини легаллаштиришга қарши кураш департаменти (СВЖДЛ/ККД) Пахтакор туман бўлими бошлиғи Жабборов Олим Русланович фуқаро К.Шариповга тегишли «ВАЗ-2167»-русумли машинани маст ҳолатда бошқариб бораётиб, Жиззах шаҳар Югай кўчаси йўналишидан А.Навоий кўчаси йўналишига ўтиш жойида йўл ҳаракати хавфсизлигини назорат қилиб турган, Жиззах вилоят ички ишлар бошқармаси (ВИИБ), йўл ҳаракати хавфсизлиги (ЙҲХ) бўлими хизматчиси, умр йўлдошим Дилшод Ишонқўловни машинасининг чап томони билан уриб кетиб, жиноят содир этди.

 

Натижада эрим ўша жойнинг ўзида вафот этади. Мен бу жумлаларни суднинг ажримидан келтирдим. Яна ўша ажримда жиноят содир этган шахснинг тўсиқ ёхуд хавфни аниқлай олиш имконияти бўлганида, машинани тўхтатишини таъминлайдиган даражада тезликни камайтириб, уни айланиб ўтиш чораларини кўриши мумкинлиги айтилиб, жиноят содир қилган шахснинг ушбу қоидаларга риоя этмай, йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидасининг 12.1 пункти, 3-бандини қўпол равишда бузилганлиги ҳам ўз исботини топган.

 

Ушбу ҳолатлар ҳам тергов материалларига киритилган бўлса-да, кейин негадир суд жараёнида унга эътибор берилмади. Дастлабки терговда жиноятчи ғайриқонуний ҳаракатларни содир этганлиги учун ЎзР Жиноят кодекси (ЖК)нинг 266-моддаси 2-қисми билан жиноий иш қўзғатилган эди. Кейин эса сира кутилмаган ҳолда ЎзР Олий Мажлиси Сенатининг 2006 йил 30 ноябръ кунги ЎзР Кониституцияси қабул қилинганлигининг 14 йиллиги муносабати билан президентнинг «Амнистия тўғрисида»ги фармонининг 6-моддасига асосан О.Жабборовга тегишли бўлган жиноят иши тугатилди.

 

Суд О.Жабборовга нисбатан қўзғатилган жиноят ишини айбдорлик ҳолатларини ҳал қилмасдан туриб, 6-моддани қўллаб, уни тугатишни лозим топди. Шунингдек, жиноят содир этган шахсга нисбатан эҳтиёт чораси сифатида қўлланилган қамоқ жазосини ўзгартириб, уни дарҳол суд залидан озод қилиб юборди. Судга раислик қилган А.Худойқўлов сира иккиланмасдан шундай қарор қабул қилди.

                                                                                                                                                                                                

Мен ғайриқонуний чиқарилган суднинг бу қароридан норози бўлиб, жиноят ишлари бўйича Жиззах вилоят судига шикоят ёздим. 2006 йилнинг 26 декабр куни шикоятим бўйича апелляция судлов ҳайъати бу ишни ўзининг мажлисида кўриб чиқди. Судда судъялик қилган И.Қувватов мен шикоятимда келтирган важларни бир томонлама кўриб чиқиб, шаҳар суди чиқарган ажримни ўз кучида қолдирди.

 

Апелляция судлов ҳайъатига раислик қилган И.Қувватов шаҳар судининг ажримини ўз кучида қолдирибгина қолмай, балки куракда турмайдиган модда ва бандларни мисол келтириб, уни қўллаб қувватлади. Вилоят судининг қабул қилган ажримида, “Амнистия тўғрисидаги” қарорнинг 2-бандида эҳтиётсизлик орқасида биринчи марта жиноят содир этган шахслар, башарти улар қилган жиноятида ижтимоий хавф катта бўлмаса, бу ЖКнинг 15-моддасининг 3- қисмига тўғри келиши, бу эса унча оғир бўлмаган жазолар турига кириши айтилган.

 

Содир этилган жиноятга мутлақо алоқаси бўлмаган моддаю бандларни қўллаган судъя жаноблари дастлабки терговда қўлланилган ЖКнинг 266-моддаси 2-қисмини бир четга суриб қўйиб, жиноятчини бутунлай оқлаб юборди. Судъя И.Қувватов фақат жиноятчини оқлайдиган моддаларни қўллашда устаси фарангина эмас, балки уста “кашфиётчи” ҳам экан. Унинг ажримидаги мана бу жумлаларга эътибор беринг: “Жабборов Олим Расулович эгаллаб турган лавозимига кўра мансабдор шахс ҳисобланади.

 

Шундай экан, у жиноятни қасддан эмас, балки фақат эҳтиётсизлиги орқасида содир этган. Шунинг учун унга оғир жазо бериш мумкин эмас Ана сизга мантиқ! (Онангни қози…, дардингни кимга айтасан,- деганларидек) Хўш, дардимизни кимга айтайлик? Бу қонун дегани И.Қувватовнинг назарида резинадек гап экан: хоҳлаган томонига чўзади, хоҳласа тугун қилиб тугади. Қани, ечиб кўринг-чи?

 

Ваҳоланки, мен апеллация судига аниқ далиллар келтириб, қанча ҳолатлар бўйича аниқлик киритилишини талаб қилган эдим. Улар қуйидагилар эди.

 

  1. О.Жабборов содир этган жинояти учун дастлаб унга нисбатан ЖКнинг 266- моддасининг 2-қисми билан жиноий иш қўзғатилган, бироқ кейин қандайдир сабабларга кўра бу модда ўзгартирилган. Шу сабаблар асослаб берилиши керак.

 

  1. “Амнистия тўғрисида”ги қарорнинг 6- моддасини қандай сабабларга кўра О.Жабборовга қўллаб, уни озод қилиб юбориш ҳолати ҳам бирон бир манбаъда ўз исботини топмаган. Нега?

 

  1. Тергов материалларида ўз аксини топган, маст ҳолатда машина рулини бошқариб, жиноят содир қилган О.Жабборовнинг бу ҳаттиҳаракатига нега суд томонидан етарлича ва қонуний баҳо берилмади?

 

  1. О.Жабборов ўз хизмат вазифасини бажариб турган жабрланувчини оғир аҳволда қолдириб, воқеа жойидан қочиб қолганлиги, бу тўғрида гувоҳларнинг аниқ кўргазмаларини суд нега инобатга олмади?

 

Ваҳоланки, О.Жабборов ЎзР.нинг бир қатор қонунлари, жумладан, ЖКнинг 117 ва 219- моддалари, 56-моддаси 1-қисмининг “в” банди ва шу модданинг 1- қисми “к” бандида кўзда тутилган жиноятларни содир этган эди.

Хизмат вазифасини ёки фуқаролик бурчини бажариб турган шахсга нисбатан содир этилган бундай жиноят, бунинг устига   у маст ҳолатда бўлса, бу юкорида тилга олинган модданинг 1-қисми о” бандига кўра, жиноят ва жазо оғирлашган деб қаралиши керак, бироқ суд инстанциялари бу ҳолатларни четлаб ўтди. Ана шунга ҳам аниқлик киритилиши керак.

            

        Агар юқорида келтирилган моддалар йиғиндиси ЎзР ЖКнинг 15-моддаси 4-қисми билан малакаланиш шартлиги инобатга олинадиган бўлса, О.Жабборов аминистияга тушиб, озодликда ялло қилиб юриш эмас, балки беш йилдан ортиқ, аммо ўн йилдан кўп бўлмаган қамоқ жазосига тортилиши лозим эди.   Аммо бундай   бўлмади. Суд ижтимоий хавфлилиги аниқ кўриниб турган жиноятни содир этган О.Жабборовга амнистия қўллаш мумкинми ё йўқми, буни тахлил қилиб хам ўтирмади, уни суд залидан озод қилиб қўя қолди.

    

Амнистия тўғрисидаги қарорда, “биринчи марта эҳтиётсизлиги орқасида ижтимоий хавфи унчалик катта ва унча оғир бўлмаган жиноятларни содир этган шахслар жазодан озод қилинсин”дейилган. Менинг бунга эътирозим йўқ. Лекин қаттиқ маст ҳолда жиноят содир этиб, воқеа жойидан ўлим ҳолатида ётган жабрланувчига биринчи ёрдамни кўрсатмай қочиб кетган О.Жабборовнинг бу ҳолати суд томонидан атрофлича тахлил этилмаганлиги қалбимни ўртайди ва мамлакатимиздаги суд тизимининг адолатли эканлигига шўбҳа уйғотади.

Биринчидан, бу борада менинг қилаётган шикоятларим самарасиз кетаётган бўлса, иккинчидан, жиноий ишлар бўйича шаҳар ва вилоят судларининг чиқарган бетайин, хеч бир мантиққа эга бўлмаган ажримлари менинг шундай хулосага келишимга сабаб бўлмоқда.

 

И.Кувватов А.Худойқўлов, Н .Боймуродов, У. Холмуродов ва Ш. Шерназаровлардан иборат апелляция судлов ҳайъати менинг шикоятимдаги важларни ўз йиғилишида кўриб чиқиб, келтирган хулосасига эътиборингизни қаратмоқчиман. Судлов ҳайъати Жиззах шаҳар судининг ажримини тўлиқ қўллабқўвватлаган ҳолда, ўзи қуйидагича ажрим чиқаради:

 

“Жабборов Олимнинг содир этган жинояти Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2006 йил 30 ноябрь кунги “Амнистия тўғрисида”ги қарорининг 6- банди таъсирига тушиб қолганлиги сабабли, жиноят иши ушбу қарорга асосан ҳаракатдан тўхтатилганлиги тўғри деб топилсин. . Жиноий ишлар бўйича вилоят судининг ажримидаги асосларни тўлиқ қувватлаб, “отдан қолма байталим” қабилида иш тутиб, қуйидагича қўшимчалар киритгани дард устига чипқон бўлди. Мана ўша важлар: “Олим Жабборов айбига тўла иқрорлик билдириб, қилган жинояти учун қаттиқ пушаймонлигини билдирди ҳамда “Амнистиянинг 6- моддасига асосан ўзини авф қилишини сўраган

 

Бошқа жойларни билмайману, аммо бизнинг Жиззаҳда ҳуқуқтартибот органлари мансабда ўтирган ёхуд пули кўп бўлган шахсларни у қандай жиноят содир этган бўлмасин, йўлини топиб жазодан озод қилиб юбораверадилар. Пули, суянчиғи йўқ оддий фукароларга эса бошқача йўл тутилади. Уларнинг тавба-тааззурлари инобатга олинмайди, йўқ жиноятларни бўйинларга илиб жазо тайинлаб юбораверадилар. “Қарға қарғанинг кўзини чўқимайди”.

 

Энг ажабланарлиси шунда-ки, судлов ҳайъати менинг асосли важларим билан келишиб бўлмаслигини ўз ажримида аниқтиниқ қилиб айтиб қўйганлигига нима деса бўлади?

 

       Шаҳар суди ҳам, вилоят суди ҳам ушбу жиноят ишини атрофлича ўрганмади, тўғрироғи ўрганишни хоҳламади. Жиноят содир этган шахсга тўлиқ хуқуқий баҳо берилмади ва ишга бир томонлама ёндашилди. О.Жабборовнинг маст ҳолатда машинани бошқариб жиноят содир этгани, воқеа жойидан қочиб кетганлиги, гувоҳларнинг кўргазмалари судга келиб иш материалидан чиқариб ташланди.

 

О.Жабборовнинг қатор жиноий ҳаракатлари “Амнистия тўғрисида”ги қарорнинг 2-бандида кўзда тутилган модда билан малакаланиб, “Олим Жабборовнинг ҳаракатини биринчи марта эҳтиётсизлиги орқасида ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятини енгил жазолар турига киргизиб, уни суд залидан озод қилганлиги, жиззахчасига судловнинг яна бир кўринишидир.

 

Шаҳар ва вилоят судларининг чиқарган иккала ажримида ҳам мантиққа мутлақо эга бўлмаган шундай жумлалар бор-ки, уни ўқиб кўриб ҳам куласиз, ҳам куясиз. Иш ҳолати бўйича вилоят апелляция судлов ҳайъатига раислик қилган И.Қувватов чиқарган ажримидаги мана бу жумлаларга эътибор берсангизлар: “Олим Жабборов эгаллаб турган лавозимига кўра мансабдор шахс хсобланади.

 

Бундай кишилар жиноятни қасддан эмас, балки эҳтиётсизлиги оқибатида содир қилиши мумкин”,- деб хулоса чиқаради-да, жиноят ишлари бўйича Жиззах шаҳар судининг 2006 йил 6 декабрь кунги бўлиб ўтган очиқ суд йиғилишига раислик қилган А.Худойқўловнинг ажримида келтирилган важларни сал бошқачароқ тарзда, тўғрироғи, лўнда, аниқ қилиб такрорлаб, биринчи ажримни ўз кучида қолдирган.

 

Вахоланки, мен шаҳар судининг ажримидан норози бўлиб, вилоят апелляция судлов ҳайъатига ёзган шикоятимда турмуш ўртоғим Дилшод Ишонқулов билан содир бўлган воқеа юзасидан дастлабки терговда гувоҳлик берган вилоят ИИБ ЙҲХ бошқармаси ходимлари – кичик сержантлар Ашуров Бахтиёр ҳамда Худойбердиев Дилшод ЙҲХ ходими Дилшод Ишонқуловни жиноят содир этган О.Жабборов бошкарган машина қандай ҳолатда босиб кетганлиги, жиноятчининг ўзи эса воқеа жойидан қочиб қолганлиги ҳакида атрофлича тушунтириш беришган.

 

Аммо терговчи кейинги суриштирувларда далилларнинг бир қанчасини тақдим этган бўлса-да, суд бу далилларни очиқданочиқ, онгли равишда ўз ажримидан чиқариб ташлади. Бунинг сабабини қуйидагича изоҳлаш мумкин, холос: Жабборов Олим Русланович ЎзР Бош прокуратураси ҳузуридаги СВЖЖДЛД/ККД Пахтакор туман бўлимининг бошлиғи эканлигини ҳисобга оладиган бўлсак, терговни олиб борган шахснинг ҳам, Жиззах шаҳар ва вилоят судининг ҳам О.Жабборовга нисбатан тутган бундай йўлини тушуниш қийин эмас.

 

Гувоҳларнинг кўргазмаларида баён қилишларича, ЙПХ ходими Дилшод Ишонқулов йўлнинг маълум қисмида туриб, машина қатновини назорат қилган. Аммо бу ҳолатлар ва жиноят қандай содир этилганлигига бўлган икки нафар ички ишлар ходимларининг кўргазмалари ҳам, тушунтиришлари ҳам судда инобатга олинмади.

 

Агар турмуш ўртоғимга ўша пайтда дарҳол биринчи ёрдам кўрсатилганида эди, балки у тирик қолармиди, деган армон мени қийнайди. Муҳтарам президентимиз ўзининг кўпгина маърузаларида, ҳар бир фуқоронинг эркинлиги, ҳақҳуқуқлари, қадрқиммати адолатли қонун ҳимояси остида эканлигини қайтақайта такрорлайди. Аммо жиноят ишлари бўйича Жиззах шаҳар ва вилоят судларига раислик қилган А.Худойқулов ва И.Қувватовлар қонунни оёқ ости қилишиб, О.Жабборовга нисбатан бир ёқлама йўл тутишди.

 

Уларнинг назарида, О.Жабборов мансабдор шахс бўлганлиги сабабли фақат эҳтиётсизлиги орқасида жиноят содир қилиши, у қасддан жиноят содир қилиши мумкин эмас экан. Улар уялгандай О.Жабборовнинг маст ҳолатда машина бошқарганлиги, хизмат вазифасини бажараётган Дилшод Ишонқуловни уриб кетиб, воқеа жойидан шармандаларча қочиб кетганлиги, гувоҳларнинг кўргазмалари тўғрисида ломлим деб оғиз очмайди.

 

Сабаби эса оддий: О.Жабборов кўп йиллар тергов ва прокуратура органларида ишлаган одам, отаси – Руслан Жабборов ҳам обрўли киши бўлган, умрининг кўп йилларини савдо ташкилотларига раҳбарлик қилиш билан ўтказган. Худо кўрсатмасин ўғли жазо олиб кетадиган бўлса, нақ гўридан тикка туриб кетадия! Бунинг устига О.Жабборовнинг 5 та фарзанди чирқиллаб турибди. Бевақт вафот этган Дилшод Ишонқуловнинг эса фарзанди бор-йўғи битта. Демак, судларнинг назарида орада анча фарқ бор.

 

Мен, ҳозир Ўзбекистонда адолатни қарор топтириш мумкин эмас, деган хулосага келганман. Бунга сабаб, юқори идораларга йўллаган шикоятларимнинг самарасиз кетаётганлигидир. Мен ҳақиқатнинг юзага чиқишида ёрдам сўраб, ЎзР Бош прокуратураси, Олий Мажлиси Сенати, Олий суди, Олий мажлиси инсон ҳуқуқлари бўйича Вакили (Омбудсман) номига қайтақайта шикоят ариза билан мурожаат қилганман.

 

Мен улардан, “шикоят хатингизни Жиззах вилоят прокуратурасига (ёки вилоят судига) юбордик, натижаси ҳақида сизга маълум қилишади”деган икки энлик жавоб олишдан бўлак бирон ёрдам кўрмаганман. Суд ва тергов амалиётининг жиззахчасига усули жуда кўп жабридийдалар қатори менинг ҳам хафсаламни пир қилган.

 

Эримдан ёдгорлик бўлиб ёлғиз фарзандим бўтадай бўзлаб қолди. Турмуш ўртоғим энг навқирон пайтида хаётдан кўз юмди. У яшаши керак эди. Менга энг алам қиладигани шу-ки, жиноят содир этиб эримнинг ўлимига сабабчи бўлган О.Жабборов ҳеч нарса бўлмагандай ўйнаб-кулиб юрибди. “Замон – зўрники” деб шунга айтсалар керак-да.

 

Мен яна такрор айтаман: эртанги кундан умидим сўнган, чунки мен яшаётган юртда адолатни қарор топтириш игна билан қудуқ қазишдек мушкул иш, шунинг учун дунё афкор оммасига дардимни тўкиб солишга ва тарқатишга қарор қилдим. Адолатни юзага чиқара олмай фироқда куйган мендек ёлгиз аёлга ёрдам берадиганлар топилиб қолар, деган умиддаман.

 

 

Жиззах вилоят, Жиззах тумани, Гандумтош фуқоролар йиғини, Гандумтош қишлоғида яшовчи фуқаро                            

Махфуза ИШОНҚУЛОВА

 

Жиззах вилоят ҳуқуқ ҳимоячилари

Ассоциацияси раиси Мамир Азимов

 

ЎИҲЖдан:

 

Насиб этса, биз ноёб суд ҳукми ва ажримлари ҳакидаги ушбу маълумотни Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти (ЕХҲТ) ва бошқа халқаро ташкилотларга етказамиз. Бу муҳим нарса, чунки 2007 йил июль ойида ЕХҲТнинг инсон ҳуқуқлари, хусусан, “Миллий суд системаси ва фуқаровий жамият”, мавзусига бағишланган, Австрия пойтахти Вена шаҳрида бўлиб ўтган нуфузли халқаро кенгашида Ўзбекистон Республикаси Олий суди жиноий ишлар бўйича ҳайъатининг раиси Дилбар Суюнова 57 давлатдан келган хукумат делегациялари ва нодавлат ташкилотлари вакиллари олдида оташин нутқ сўзлаб: “Ўзбекистон суд системасида тубдан [кардинал] ўзгаришлар юз бермокда” – деб 400 дан ортиқ одамни … алдаган экан.

 

Мамлакат суд системасида тубдан ўзгариш бўлаётган бўлса, бу жараён барча вилоят ва регионларда сезилиши ва юзага келиши керак. Тубдан ўзгариш Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ва Бухоро вилоятларида амалга ошиб, Жиззах вилоятида, қўполроқ ибора билан айтганда, “бардак” ҳолатда қолиши мумкин эмас.

 

Суд системасининг ҳолатини Тошкент шаҳрида ЎИҲЖ Тошкент шаҳар бўлими раиси, физика-математика фанлари доктори Собир Тулаганов ва журналист Равшан Бобомухаммедовлар устидан, Қорақалпоғистоннинг Тахиатош шаҳрида ЎИҲЖ ҚҚР бўлими раиси Турсунбой Ўтамуратов устидан, Бухоро вилоят Қоракўл шаҳрида узбекнинг қамоқда ётган буюк шоири Юсуф Жуманинг ўғли Машраб устидан бўлиб ўтган суд процессларида аниқ ва равшан кўрдик.

 

Бу суд процесслари Д.Суюнованинг оташин нутқидан кейин бўлиб ўтган. Ўзбекистон Олий судининг катта бир бўлагини бошқараётган Д.Суюнова КАТТА ЁЛҒОННИ қандай қилиб бўйинча қилиб кийиб олган бўлса, суд системаси ҳам шундай қилиб кийиб олган. Буни халқаро демократик ҳамжамият билиши керак ва биз уни билдиришга ҳаракат қиламиз.

 

Ўша кенгашда Д.Суюнова менинг: “Тубдан айниган системада тубдан ўзгариш килиб бўлмайди” – деганимни ўз қулоғи билан эшитган. Тубдан айниган системани туби билан йўқотиб ўзгартириш мумкин, холос.

 

Муҳтарам синглимиз Махфузахон! Турмуш ўртоғингизни Аллоҳ раҳмат қилсин. Ундан колган ёдгорлик – фарзандингиз ақлли, хушли, чин инсон бўлиб ўниб ўссин. Мусибат қанча оғир бўлса-да, Аллоҳ Сизга сабр-тоқат берсин. Бироқ Сиз И.Қувватов ва А.Худойқуловларга ўхшашларга ялинманг ва улардан нажот кутманг. Уларнинг кўзи ҳозир мойга ва қонга тўлган. Улар ҳам катта синов остидадирлар. Ҳисоб-китоб ҳали олдинда!

 

Толиб Ёқубов

 

ЎИҲЖ раиси

 

Франция  

 

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s