МАҚОЛАлар

Ўзбек қулларига ЭРКИНЛИК КЕРАК

Қуйида келтирилган мақола 2009 йилнинг кузида ёзилган экан. Мен уни биродаримиз Абулфвйз Баротовнинг «Янги дунё» сайтида чиққан «Қора қозонга айланма» номли мақоласи муносабати билан ўзбекчага ўгирдим.

Ҳурмат ила

Толиб Ёқубов

 

Башорат Ешова

 

Нега ўзбекларда қуллик саждапсихолонияси ривожлангани ҳақида ўйлар

 

Мана ўзбекистонлик фермерлар, мактаб, коллеж ва лицей ўқувчилари, ўрта-махсус ва олий ўқув юртлари талабалари, ўқитувчилар, шифокорлар, ишчилар ва ҳатто аскарлар учун навбатдаги пахта мавсуми ҳам тугади. Кўпгина бола ва ўспиринлар мактаб синфларига, талабалар аудиторияларига, катталар эса ўз иш жойларига – касалхоналар, мактаблар, устахоналар, фабрика ва завод цехларига қайтишди. Ўйлайман-ки, аскарлар ҳам ўз казармаларига давлатни ташқи душман ҳужумидан ҳимоя қилиш учун хизматни давом эттиришга қайтарилганлар.

Аммо «оқ олтин»ни йиғиб-териб олиш ҳамон давом этмоқда – кимлардир бу ҳақиқатан олтин ирмоқча ҳокимият структураларининг роҳатбахш курсиларида ўтирган одамларнинг тубсиз киссаларини давомли равишда ва саҳиёна тўлдириш учун бел букмоқда.

Мен юқорида айтиб ўтган икки гуруҳ одамлар сонини таққослаб бўлмайди. Мақола бошида айтилган биринчи гуруҳ пахта етиштирувчи дала меҳнаткашлари ва пишган пахтани йиғиб-териб олувчилар, яъни мен икки жумла илгари айтган иккинчи гуруҳ – бир тўда зодагон одамларга ўта зарур бўлган оқ олтинни териб берувчилардир.

Ўзбекистон ҳақиқий жаннатмакон ўлка. Ўзингиз ҳукм чиқаринг. Коммунистик бошқарув пайтида ҳар йили СССРда 40.000 тонна пилла етиштирилар, унинг 30.000 тоннаси Ўзбекистон ҳиссасига тўғри келар, Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Туркманистон, Озарбойжон ва Украина эса умумий хирмонга бор-йўғи 10.000 тонна пилла топширар эди. Ва яна. СССРда етиштириладиган 7,5 млн. тонна пахтанинг 5,5 млн. тоннасини Ўзбекистон берар эди. Ва яна. Олдинги асрнинг 50-чи йилларида геологлар Муюнтов олтин конларини топишганда улар Ленин мукофотига сазовор этилган эдилар. Ва яна. Ва яна. Ва ҳоказо.

Бу бойликлар …, йўқ, сиз адашдингиз, ўзбек халқига эмас, ўша кичик бир гуруҳ олий мартабали давлат мулозимлари ва мафия одамларига насиб этди. Уларни, бундай қараганда, хитойликларга ўхшаш ажратиб ҳам бўлмайди – Бош вазир Шавкат Мирзиёевнинг турқи нима-ю, мафиози Ғофур Раҳимовнинг турқи нима.

СССР парчалангандан кейин нима ўзгарди? Баъзи ўзгаришлар ҳақида мен юқорида айтиб ўтдим. Ҳозир пахта мавсуми бошланган пайтда Ўзбекистоннинг чегаравий ҳудудлари аҳолисининг каттагина қисми Қозоғистон ва Қирғизистонга пахта теришга кетишган. Бу бегонага айланган қўшни давлатлар фермерлари терилган бир килограмм пахта учун ўша куннинг ўзидаёқ $0,11-0,15 ни нақд тўлашса, Ўзбекистонда эса 100 сўм, яъни $0,05 тўлашади, уни ҳам нари борса биринчи ярим ойда беришади, холос. Илғор теримчи эрталаб соат 6 дан кеч соат 8 гача тер тўкиб ишласа 150 килограмм пахта териши, қўшни мамлакатларда у ойига $500 ҳақ олиши мумкин, Ўзбекистонда эса унинг еб-ичишга етадиган ҳақ берилади, холос.

Олдинги йиллар қўшни мамлакатларда териладиган пахтанинг ярмидан кўпини Ўзбекистон фуқаролари теришар эди. Менинг баъзи қариндошларим ва танишларим ҳар йили Қозоғистонга пахта теримига кетишар ва анча-мунча даромад қилиб келишар эди. Бу йил Ўзбекистон томони давлат чегарасини кесиб ўтиш жараёнини мураккаблаштиргани ва қўшни давлатлар кучишлатар органлари томонидан нолегал ишловчиларни тутиб қолиши туфайли ўзбек «мардикор»-батракларининг сони сезиларли қисқарди.

Қозоғистонлик ишберувчиларнинг катта қисми мардикорлар тузуккина яшаши учун шарт-шароит яратишади, уларни иссиқ овқат билан таъминлашади. Бироқ баъзи виждонсизлари нолегал ишчиларни алдашади, улар ўз манфаатларини ҳимоя қилишга, полициянинг қонунбузарликларига нисбатан арз-шикоят қилишга ботинишмайди, деб ўйлаб, уларга ваъда қилган пулни беришмайди.

Қозоғистон ва Қирғизистонда қайтаишловчи хусусий корхоналар дилерлари пахтани даланинг ўзида сотиб олишади ва ўз транспорт воситалари ёрдамида олиб кетишади, бу эса рақобат (конкуренция)ни жонлантиради, фермерларга савдо биржасида харидорни танлаш, у билан савдолашиш имконини беради. Ўзбекистонда пахта соҳаси юқори лавозимли давлат мулозимлари томонидан монополиялаштирилган. Уларнинг ўзи пахтани сотиб олиш нархини белгилайдилар ва ҳар қадамда: пахтани торозуда тортиш, наъви, ҳўллиги, ифлосланганлигини аниқлаш ва бошқа жараёнларда фермерларни ҳеч қандай жазосиз алдайдилар. Бу жараёнда фермер эмас, балки фақат орадаги даллоллар бойийди. Улар қўл теккизиб бўлмас, И.Каримов ҳаётлик пайтида эса – судланмас одамлардир. Келтирилган сабабларга кўра Ўзбекистоннинг пахтачилик соҳаси 18 йилдан бери уни ишлабчиқарувчилар учун фойда келтирмайдиган соҳа бўлиб, давлат хазинасига ҳеч нарса бориб тушмайди.

Мавжуд тузум шароитида пахтачилик соҳасида бирор ўзгариш, пахтакорлар ҳаёти сифатининг яхшиланиши юз беришини ҳеч ким кутаётгани йўқ.
Ўзбекистон СССР пайтида асосий пахта етиштирувчи, пахта етиштирувчилар орасида ҳозир ҳам у дунёда етакчилардан бири бўлса-да, Марказий Осиё Россия томонидан мустамлакага айлантирилгунга қадар ўзбеклар пахтани жуда кам экишган. Пахта Ўзбекистонда олдинги асрнинг 40-чи йилларида ёппасига қишлоқ хўжалиги экинига айланди. Кескин континентал иқлим, экувчи, қайтаишловчи, терим ва бошқа қишлоқ хўжалик техникасининг мутлақо бўлмаганлиги, 2-чи жаҳон урушп кетаётган пайтда СССРнинг пахтага муҳтожлиги кескин ошганлиги шароитида бу ўта меҳнатталаб қишлоқ хўжалиги экинини етиштириш мисли кўрилмаган меҳнатни халқ бошига солди. Коммунистик ҳукумат иродаси билан 40-чи йилларда ўзбеклар бир зумда Ғарб плантаторлари ўз пахта плантацияларида шафқатсиз эксплуатация қиладиган африкалик негрлар ҳолатига тушди.
Пахтакор пахта уруғини экувчи, у униб чиққач, уни чопиқ қилувчи, ўғитловчи, суғорувчи, чеканка қилувчи ва, ниҳоят, ҳосилни териб олувчи инсондир. Пахтакор, масалан, чўпондан нимаси билан фарқ қилади? Чўпон бутун умри давомида молларни ёки қўй-эчкиларни от минган ҳолда боқиб юради, улов бўлмаганда таёғини қўлда ушлаган ҳолда тик ҳолатда пода орқасида одим ташлайди. Унинг фойдаси фақатгина тик юриш эмас, ҳайвонлар ўтлоқда осойишта ўтлаб юрганда у дам ҳам олиши мумкин.

Пахтакор эса мен юқорида айтиб ўтган барча операцияларни: юз минглаб, балки миллионлаб ниҳолларнинг ҳар бирини эгилиб парваришлаб чиқиши, ҳар бир чаноқдан эгилиб пахтани юлиб олиши лозим. Ҳар бир бутада эса чаноқлар камида 50 та, баъзан эса 100 та бўлиши ҳам мумкин. Тонг саҳардан то қоронғу тушгунча. Жазирама қуёш ҳарорати остида. Тушлик овқатга бир соатгина вақт.

Пахта – инжиқ ўсимлик. Айтишади-ки, у кун санар эмиш: эккандан то пишганга қадар унга роппа-роса 150 кун керак экан! Бир кун ҳам кам бўлмаслиги лозим экан! Пахтакор бугун қилиниши лозим бўлган ишни эртага қолдириши мумкин эмас, ҳаққи йўқ экан – ғўза буни кечирмас, об-ҳаво яхши келганда ҳам у бир кун кеч пишар экан!

Олимларнинг айтишича, муттасил энгашиб ишлайдиган одам билан меҳнати тик юриш ёки ўтиришга мўлжалланган одам ўртасида фарқ барча параметрлар бўйича анча катта экан. Биринчи тоифа одамлар иккинчисига ҳам ақлан, ҳам соғлиғининг ҳолати, ҳам бўйи, ҳам гавда тузилиши ва бошқа параметрлар бўйича ютқазишар экан. Ҳатто менталитетда ҳам.

Ўзбекларнинг ҳаммаси пахтакорга айланди, уларда алоҳида, ўзига хос психология – қул психологияси, ҳокимият одамлари олдида ўзини қулдай тутиш психологияси пайдо бўлди ва шаклланди. Агар бу психологияни болаликдан, мактаб ёшидан бошлаб тарбия қилинса, у ҳолда инсон тайёр қулга, яъни бир француз файласуфи айтганидай «ўз қўлидаги кишанларга меҳр қўйган» қулга  айланади. Ўзбек қули қўлидаги кишан эса пахтадир.

Ҳозирги ўзбек ҳукумати совет давридаги Ўзбекистон компартияси МК 1-котиби, КПСС МК Сиёсий Бюроси аъзоси ўртоқ Ислом Каримов бошчилигидаги ўша-ўша коммунистлардир. Бироқ, негадир у ўзини бундай ҳисобламайди.

Бўрини эса унинг ҳатти-ҳаракати билдириб қўяди. Бу ерда ҳам, мустабид-плантаторнинг африкалик негрларга нисбатан эмас, балки ўз халқига нисбатан юргазаётган сиёсати унинг башарасини очиқ-ойдин кўрсатиб турибди. У ва унинг малайларига улғайгач дунёга машҳур бўлган олимлар, Эдисонга ўхшаш инженерлар, космонавтлар бўладиган билимли ва соғлом болалар эмас, қуллар керак. Бу қуллар Ислом Каримовнинг катта қизи Гулнорага Швейцарияда ўзининг қимматбаҳо металлар ва тошлардан иборат коллекцияларини бу мамлакат олийжаноб одамларига кўз-кўз қилиши, кичик қизи Лолага эса Парижнинг олиймақом ресторанида дунё киноюлдузи билан ўтказган бир марталик кечки овқатга 190.000 евро тўлаши учун керак.

Шунинг учун ҳозирги ҳукумат Ўзбекистонни ҳамма пахтани қўл кучи билан териб олинадиган, бирорта ҳам пахта териш машинаси бўлмаган даврга, яъни олдинги асрнинг 40-чи, 50-чи йилларига қайтарди. Совет давридан қолган барча бундай машиналар Қозоғистон ва Қирғизистон фермерларига сотиб юборилди. Нега? Чунки қул меҳнати деярли текин. Машина бакида ёқилғи бўлмаса ёки у ботқоққа ботиб қолган бўлса, уни жойидан жилдириб бўлмайди, бироқ қул сассиз, у иш жойига эмаклаб бўлса ҳам етиб боради – буюрсанг етарли.

Инсоният тарихида қуллар қўзғолонлари жуда кўп марта юз берган. Масалан, АҚШда қоратанлилар қўзғолонлари. Эркинлик ва тенгҳуқуқликни қўлга киритгунга қадар.

Агар қул эркинликни истаса ва унда ўз қўлларидаги кишанларга меҳр эмас, аксинча нафрат бўлса, у ҳолда у оёққа қалқиб тик туриши ва «Мен эркин одамман!» деб овозининг борича ҳайқириши ва айни пайтда қўлидаги кишанларни тамоман улоқтириши керак.

Ўзбек қуллари эса пахтадан бутунлай ва чекинмай халос бўлишлари керак.

 

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s