Сиёсий САТИРА, Толиб ЁҚУБОВнинг мақолалари

КЕРАК ЭМАС

Толиб Ёқубов

 

ЎЗБЕКЛАРГА КЕРАК ЭМАС

 

Мен, кўплар қатори, “Хьюман Райтс Вотч”нинг фикрига қўшилмайман. Нафақат бу ташкилот, мен “Ўзбекистонда демократия умуман йўқ дегувчиларнинг даъвосини ҳечам ҳазм қила олмайман. Демократия ватанимизда, турган гап, бор, чунки Ўзбекистон авторитар давлат эмас.

 

Демократиянинг ўзи нима? Бу – инсон ўз соғлиғига путур етказмаган ҳолда ўз ҳаётини ўзига маъқул бўлгандай қилиб яратишга қодир бўлишидир. Ҳозир 37-чи йил эмас, Ўзбекистонда ўз фикрингни айтганинг учун, отиб ташлаш мақсадида, сени деворга юзлаб турғизиб қўйишмайди.

 

Агар ўзбеклар ўзларига бошлиқ танламоқчи бўлсалар, улар ҳамжиҳатлик билан намойишга чиқиб ҳокимларни ҳам сайлаш ҳуқуқини қўлга киритишлари мумкин. Бироқ бу ўзбекларга керак эмас. Уларга холис суд системасининг ҳам, пора олмайдиган милициянинг ҳам, пахта ва газдан тушган пулларни медицина, маориф ва мактабгача тарбия муассасаларига ҳаддан кўп сарфлаётган давлатнинг ҳам кераги йўқ.

 

Ўзбекларга ҳаётга етадиган, кўзга кўринадиган нафақалар ҳам умуман керакмас – улар бу масалада ҳам, бошқа масалаларда ҳам намойишлар ташкил қилишга ўзларини койитиб ўтирмайдилар, бу иш билан шуғулланадиган бир тўда ярамасларни ўзбеклар ҳаққоний равишда халқ душмани деб ҳисоблашади.

 

Ўзбекистонда ҳокимиятга таъсир ўтказадиган барча демократик идоралар мавжуд, бироқ ўзбеклар улардан атайлаб фойдаланмайдилар, чунки уларга ҳозирги тузум мойдан ҳам яхши ёқади. Аслида ватандошларимиз ўзбек халқи зеҳниятидаги қандай яшаш керак” деган тушунчага мос келадиган ўртааср-феодал давлат фойдасига ўзларининг демократик танловини амалга оширганлар.

 

Фикримча, америкалик ва европаликлар мишириқларини артиб, бошқаларнинг ишига аралашмаганлари маъқул. Улар ўзларига маъқул бўлган мустақил суд ҳамда болалар ва нафақахўрлар эҳтиёжига қаратилган шаффоф бюджетга эга бўлган демократиясини қураверишсин ўзбеклар чақача ҳам қарши эмас. Бизга эса бу матохнинг кераги йўқ.

 

Американинг ёки Европанинг Ўзбекистондан бирор устунлиги борми? Йўқ! Масалан, Америка ва Европада болаларни фақат ўқитишади, улар билимли бўлса иқтисод юксалади, деб ўйлашади. Бироқ, Ўзбекистонда болалар пахта чопиғи ва теримига фаол жалб қилинишса ҳам мамлакат иқтисоди юксалиб бораяптику! Буни мамлакат раҳбари 2х2=4 дай исботлаб турибдику!

 

Ўзбеклар ҳам болаларини ўқитиб, инженер, космонавт, олим, Нобель мукофоти лауреати қилиб тарбиялашлари ҳеч ҳам қийинчилик туғдирмайди, бироқ бу нарсалар халқимизга керак эмас. Тушунтираман. Болани инженер ёки олим бўлиши учун қанча кутиш керак? Туғри, камида 25 йил. Сарфухаражат. Халқимиз феодал давлатни ўз хоҳиш-истаги билан танлагани учун феодал раҳбарлар ҳам 25 йил кутишсинми? Бу иккинчиси. Учинчиси ва асосийси, бола 5-чи синфдан пахтага чиқса, 4-5 сўм ишлаб келади, тўй қилиш мумкин, элга ош бериш мумкин. Оиланинг обрўйи.

 

Юқорида иқтисодимиз ривожлангандан-ривожланиб борётганини айтдик. Тўғри, бу ерда “иқтисодимиз” деганда Гулнора ва Лола опалар каби болалари пахтага чиқмайдиган ҳурматли инсонлар иқтисодини тушуниш керак. Бу – яхши, чунки бу опалар қанча бой бўлишса, мамлакатимиз шунча барқарор ва тинч бўлади, террористлар умуман бош кўтара олишмайди. Бу – аксиома. Аксиомани ким инкор қила оларди! Бу ҳақиқатни тўғри тушунган халқимиз учун америкаликлар ва европаликлар айтаётган, бироқ бефойда иқтисодий эркинликнинг бўлиши умуман шарт эмас. Бундан ташқари, ўзбекнинг боласи олим бўлиб иқтисодни ривожлантиради, деб Гулнора ва Лола опалар 25 йил кута олмайдиларку! Мамлакатни тинчосойишта сақлаш учун бу опаларга бугун пул керакку, ахир.

 

Ўзбекларимиз хоҳласа эртага эрталабдан барча газета ва журналлар, радио, телевидение тамоман мустақил бўлиши мумкин. Халқнинг бир оғиз гапи. Бироқ ўзбекларга бу керакми? Мутлақо кераги йўқ! Мана, Францияда матбуот эркин. Ҳамма нарсани ёзиб ётишибди. Натижа қанақа? Мамлакат президенти Николя Саркози нафақага чиқиш ёшини 60 дан 62 гача кўтармоқчи бўлувди балога қолиб кетди. Ҳаммаёқда ишташлаш, АЁҚШларда бензин йўқ, ҳаммаёқни ахлат босиб кетган (ахлат йиғиштирувчилар ҳам иш ташлашган) ва ҳоказо. Қани айтингчи, нимаси яхши? Нимаси яхши, деб сўраяпман!

 

Франция кунига юзлаб миллион евро зарар кўрмоқда. Ўзбеклар иш ташлашни ёқтиришмайди, чунки биладиларки, ишташлашдан келадиган зарарни, яъни пулни, давлатимиз раҳбари хайрли ишларга сарфламоқдалар: прокуратура, милиция, МХХ, суд ва ҳокимият ходимларига ойлик қилиб бераяптилар – улар бизни асраб-авайлаб, ҳуқуқларимизни 100% дан-да ошириб ҳимоя қилиб туришибди.

 

Ўзбекистонда мустақил матбуот ва мустақил журналистлар йўқ эмиш. Гапга қаранг! Қипқизил ёлғон. Давлат одамлари ручка билан оқ қоғозга ёзиб беришса, бизнинг ҳар бир журналистимиз матнни мустақил равишда компьютерда териб, мустақил чоп эта олади. Шунинг учун ҳам ўзбеклар газета ва журналларни севиб ўқишади, радио ва телевизорнинг олдидан бир сантиметр ҳам жилишмайди.

 

Халқимиз узоқни кўрадиган халқ бўлсада, орамизда узоқни кўра олмайдиган одамлар ҳам топилади. Масалан, юртбошимизнинг: “Ўзбекистон келажаги буюк давлат” деган шиорларини олайлик. Ўпкаси йўқ баъзилар: 20 йил ўтди, қани буюклик?” деб аюҳаннос солишмоқда. Булар “келажак” деганни тушунишармикин ўзи? Юртбошимиз аниқ вақтини айтмаганлар-ку! Бу муҳтарам зот бир пайтлар: “Август келса ҳамма ишимиз “во” бўлади” деб бош бармоқларини кўтарган, лекин қайси августни назарда тутганларини айтмаган эдилар. Эсладингизми? Нечта август ўтди?

90-чи йиллар бошидан қаралса ҳозирги кунимиз ҳам келажак, 50 йилдан кейинги вақт ҳам келажак бўлади. Юртбошимиз: “Мен ўлганимдан кейин ўрнимга фермерларни қувиб урадиган Мирзиёевга ўхшаш бир одам ўтирса, балки ўша одам буюкликни амалга оширар”, деб ўйлагандирлар. Бўлиши мумкинми? 100% гарантия – мумкин. Халқимиз хоҳласа, эртага эрталаб уйқудан турганингизда кўзингиз чарақлаб турган буюк Ўзбекистонга тушиши аниқ. Бироқ бу ўзбекларга керакми? Асло! Нега?

 

Халқимиз доно, зукко, ақлли. Юртбошимиз, ҳукуматимиздаги ва кучишлатар тизимидаги инсонлар халқимизданда ақлли. Юртбошимиз: “Буюклардан биттаси Буюкбританиями? Ҳамма ёғини хизбуттахрирчилар босиб кетган, Лондонда уларнинг идораси ҳам бор дейишади. Билмайман, нега улар шунча йиллардан бери Буюкбритания ҳукуматини ағдаришмаяпти, лекин биздагилар юрса ҳам, ухласа ҳам “Аллоҳ, Аллоҳ, Аллоҳ” дейиш ўрнига “Халифат, Халифат, Халифат” дейишади ва кўзингиз сал шамғалат бўлса, дарров конституциявий тузумни ағдаришга бошлашади. Шулар билан Ўзбекистонни буюк қилиб бўладими? деган эканлар, эшитишимча. Ўзбеклар юртбошимиз халқни ўйлаб хизбуттахрирчиларни қамаётганларини билишади ва салкам 100%и ул зотни қўллабқувватлашади ва тўғри қилишади. Ана сизга юқоридаги “Нега?”нинг жавоби.

 

Юртбошимизнинг таъбирлари билан айтганда, мамлакатимиздаги қора кучлар заҳархандалик билан аксарият ҳолларда ҳокимларни сўкишади. Ўзбеклар буни эшитишади, бироқ атайлаб, онгли равишда бу сўконғичларнинг орқасидан эргашишмайди. Масалан, яқинда Жиззах вилоятининг Бахмал тумани ҳокими Акмал Абдуллаев туман халқини Мирзачўл туманига пахта теришга олиб чиққан, улар орасида мактаб ўқувчилари ва ўқитувчилари ҳам бўлган. Халқни ўйлаган ҳокимлар бундай пайтда ухламаса ухламайдики, лекин ҳар куни кечқурун ярим кечасигача мажлис қилишади.

 

Шундай мажлисларнинг бирида Акмал Абдуллаев мажлис қатнашчилари, прокурор, милиция бошлиғи олдида ўқувчилари белгиланган териш нормасини бажармагани учун бир неча ўқитувчини ўласи бўлмаса ҳам бундайроқ қилиб калтаклаган ва иккитасининг бўйнига осилиб бироз миниб ҳам юрган. Ҳолдан тойиб йиқилган ўқитувчиларни ўша ерда турган прокурор ва милиция бошлиғининг туфлисини ўпишга мажбўр қилган.

 

Ҳокимнинг шу арзимаган ҳазилини қора кучларга тегишли “Туронзамин” сайтида бир халқ душмани ёзиб чиқибди. Ўзича сўкмоқчи бўлган, шоввоз. Лекин чидамли, унча-мунча калтаклашни калтаклаш ўрнида кўрмайдиган прокуратура ва милиция вакиллари, энг асосийси – халқ, яъни ўзбекларга бу воқеа чивин чаққанча таъсир қилгани йўқ. Таъсир қилмайди ҳам! Нега?

 

Акмал Абдуллаев иккита ўқитувчини минса нима қипти? Урса нима қипти? Прокурор ва милиция бошлиғининг туфлисини ўптирса нима қипти? Ўлдириб қўйгани йўқку! Шунгаям ота гўри – қозихонами? Пахта терилаяптику! Ундан тушган пулни, юқорида айтдик, яна такрорлайман: “давлатимиз раҳбари хайрли ишларга сарфламоқдалар: прокуратура, милиция, МХХ, суд ва ҳокимият ходимларига ойлик қилиб бераяптилар улар бизни асрабавайлаб, ҳуқуқларимизни 100% данда ошириб ҳимоя қилиб туришибди”ку! Шунинг учун, бу арзимас иш учун халқ Акмал Абдуллаев, прокурор ва милиция бошлиғини копток қилиб тепсинми? Бу ўзбекларга керак эмас.

 

Узоқни кўзлайдиган, унчамунчага жиззакилик қилавермайдиган, доно халқимиз борда! Ҳокимият одамлари орасида биттаиккита, одамларни урадиган, ҳақини ейдиган, хўрлайдиган ва ҳатто ўлдирадиган ярамаслари ҳам топилади. Шундай амалдорлар кишининг устидан чоптирворса ҳам зукко халқимиз “Ке, қўй” деб қўяқолади. Ҳой эчки” ёки ҳой ҳукиз, буёққа кел! демайди, “ке қўй” анча осон туюлади ўзбекларга.

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s