Толиб ЁҚУБОВнинг мақолалари, Юсуф Жума

СИЛОВСИН

Толиб Ёқубов

Ҳукумат ўзининг ёлғон сиёсатига содиқ

 

Юсуф Жума қамоқхонадан озод қилиниб АҚШга бадарға қилинганини эшитганим заҳотиёқ миямда бир-икки савол туғилди: сиёсати КАТТА ЁЛҒОНга асосланган ҳукумат унга тош отмасмикин? Уни бадном қилиш учун ҳукумат нималарни иддао қиларкин? Бу ишга ҳукумат кимларни жалб этаркин?

«Фоҳишанинг ўзи товба қилса ҳам бир жойи товба қилмайди» деганларидек, агар Ўзбекистон ҳукумати Юсуф Жумага тош отмаса, бундан фақат ҳайратланиш мумкин эди, холос. Бироқ қизиғи шунда-ки, ҳукумат Юсуфга яна нима айб қўйиши мумкин?

Уни 2001 йилда қамашганда шеъридаги танқиддан бошқа «айб» кўрсата олмаган эдилар. Ҳукуматнинг прокуратура, МХХ ва милиция каби содиқ идоралари одамларни қамаш бобида шу қадар уста бўлиб кетганлар-ки, ҳатто мутлақо айбсиз инсонни «кўз очиб юмгунча» ўғри, каззоб, босқинчи ва таъмагирга чиқариб қўйишлари ҳеч гап эмас. Ачинарлиси шунда-ки, айбсиз инсонга қарши кўргазма берадиган одамлар жамиятда кўпайиб кетди.

Олдинги асрнинг 30-чи йилларида Адольф Ҳитлер Германияда давлат бошига келгач, ўзининг национал-социалистик ғоясини амалга ошириш учун немисларни шафқатсиз бўлишга чақирган ва сиёсатни шу асос устига қурган. Табиий, юксак маданиятга эга бўлган немис жамиятида Ҳитлернинг бу сиёсатига қарши бўлган одамлар оз бўлмаган. Улар: “Немислар бунга йўл қўя олмайди, биз виждон амри билан яшайдиган халқмиз” дея раддия қилишган. Ҳитлер уларнинг бу раддиясига: “Мен немис халқини виждондан озод қиламан” деб жавоб берган ва бунга эришган.

Ёлғон бор жойда виждонга ўрин қолмайди. Коммунистик тартиб шароитида ҳам виждоннинг қадри баланд эмас эди. Халқимизнинг пешонаси шўрроқ эканми, бу тартибдан кейин ҳам унинг бошига қип-қизил коммунист ўтирди ва у жамият онгини виждоннинг қолган-қутган изларидан ҳам озод қилди.

Юсуф Жума ўз шеърларида шуни айтмоқда, холос. Доно қайнона ҳеч қачон бирор айб қилиб қўйган келинини койимайди, у келини эшитадиган овозда ўз қизини уришади. Масалани жамият ва ҳукумат даражасига кўтарсак, халқни сотқин, хоин, иккиюзлама ва қўрқоқ ҳолатига туширадиганлар қандайдир бетайин Эшмат ва Тошматлар эмас, айнан ҳитлертабиатли бошлиқлар ва уларнинг сиёсатидир.

Бу сиёсий-ижтимоий жараённи ҳар ким ўзича тахлил қилади ва гапиради ёки ёзади. Мен, масалан, билганимча буни ўз мақолаларимда акс эттиришга ҳаракат қиламан. Юсуфнинг 4-5 бетлик мақола ёзишга сабри ҳам, хоҳиши ҳам, вақти ҳам йўқ, у буни ўзининг ўн мисралик шеърига сиғдира олади. Бу қобилиятни унга Аллоҳ берган.

Аллоҳ берган неъматга фақат ёлғон воситасида қарши курашиш мумкин – бошқа йўли йўқ. Юсуфни ўғри, каззоб, таъмагир дейиш учун ёлғон гапириш керак, чунки олов ва сувни бирлаштириб бўлмагандай Юсуфни ҳам юқорида айтилган хусусиятлар билан бирлаштиришга имконият йўқ. Иқтисодда нимага эришган бўлса, Юсуфнинг оиласи ўзининг тиришқоқлиги, меҳнатсеварлиги ва ҳамжиҳатлиги туфайли эришган. Юсуф Жуманинг фермер хўжалиги пахта планини нафақат Бухоро вилоятида, балки мамлакатда биринчи бўлиб бажарар эди. Бошқа фермерларнинг ҳақини зўравонлик билан тортиб олишга ўрганган ҳокимият одамлари Юсуфнинг тили аччиқ бўлгани учун унинг ҳақини ўзлаштира олмас эдилар. Юсуф ҳеч қачон ҳукумат одамлари олдида хушомад, лаганбардорлик, тавозеъланиш қилган эмас ва пешона тери билан топган ўз ҳақини уларга берган эмас.

Давлат бошқарувидаги одамлар қароқчилар тўдасига айланган бир пайтда ўз ҳақини ажратиб олиш ёки уни ҳимоя қилиш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келмайди. Виждонидан давлат раҳбари озод қилган, йўлингизни тўсган қароқчи “Бугун болаларинг нон еганми?” деб сўрамайди, у: “Ёнингдагини чиқар!” дейди, фақат. У рўпарасидаги одам унга бас кела олмаслигини, бу одамда тил-забон, куч-қудрат йўқлигини билади. Буни уддалаш учун одамда Юсуфдагидек шер юрак ва аччиқ тил бўлиши керак.

Ҳукуматнинг асосий “аргументи”

 

Ҳукумат бирор одамни, айниқса ўзига мухолиф кайфиятда бўлган инсонни ёмонотлиқ қилишни мўлжалласа, одатда бу одамни “еб кетди-ичиб кетди, чет эл грантларини олиш учун ҳукуматни ёмонлайди” деган иддаодан бошқа нарсани билмайди. Ҳукумат доираларида, айниқса унинг махсус хизмат органларида одамларни нимага ишонтириш осонлигини пухта ўрганган ва бундан ҳукумат фойдасига самарали фойдаланишни йўлга қўйган кучли мутахассислар бор. Мас., “фалонча чет элдан ташкилот учун олган 50 минг доллар пулни еб кетди” деган гапга нафақат оддий одамлар, балки анчагина ўқимишли одамлар ҳам лаққа ишонишади. Мана бир мисол.

Бир куни менинг уйимга “Бирлик” халқ ҳаракатини мен тузганман” деб юрадиган, иқтисод фанлари номзоди Турсунов (исми эсимда йўқ) деган йигит келди ва дарров мақсадга кўчди: “Толиб ака, сиз яқинда мухолифат ишлари учун Англия элчихонасидан 15 минг доллар грант олибсиз. Унда менинг ҳам ҳаққим бор, чунки “Бирлик” халқ ҳаракатини мен тузганман. Менга буни Михаил Ардзинов тушунтирди. Менинг ҳаққимни беринг” деди. Ўша кезлари менинг иқтисодий ахволим жуда оғир эди. Мен ҳатто келган-кетган одамлар олдига оддий дастурхон ҳам ёза олмас эдим. Мен унга: “Мен Англия элчихонасидан ҳатто 1 доллар ҳам грант олганим йўқ. Агар олган тақдиримда ҳам сенга 10 тийин ҳам бермас эдим, чунки на мухолифатга ва на ҳуқуқбонликка сенинг заррача алоқанг йўқ. Мана уйим, ана ошхона, ҳаммаёқни текшириб чиқ, егулик бирор нарса топа оласанми. Мен сенинг олдингга ҳатто дастурхон ҳам ёза олмадим-ку!” дедим ва уйдан ҳайдаб чиқардим. М.Ардзинов ва унинг сояси бўлиб юрган, “Бирлик”ка провокаторлик роли учун киритилган, бақироқ Пирмуҳаммедов менинг уйимга “Толиб олган грантда сенинг ҳам улушинг бор” деб етти одамни юборишди. Қизиғи шунда-ки, улар провокаторларнинг гапига самимий ишонар эдилар.

Эътибор берилса, ҳукумат ўзлари ёллаган одамлар орқали Юсуф Жумага “еб кетди-ичиб кетди, таъмагирлик қилди, шунча уй қурди, шунча машина олди”дан бошқа бирор жўяли айб қўя олаётгани йўқ. Улар Юсуф ўз фарзандлари ва аёли билан далада пешона терини тўкиб ишлаганларини тилга ҳам олаётганлари йўқ.

Ўзбекистон амалдорлари дунёда энг коррупциялашган ва энг олғир, порахўр, таъмагир ва ўғри бўлган давлатларнинг бири эканлиги сир эмас. Буни Юсуфга қарши иғво қилаётган шахслар ҳам яхши билишади. Бироқ уларнинг бирортаси бирорта амалдор “еб кетди-ичиб кетди” деб сайтларга ёзган эмас. Яқинда Бош прокуратура тергов бўлими (ТБ) бошлиғининг ўринбосари Абдурасул Юнусовнинг уйидан ўғрилар 240.000 доллар пул ва олтин буюмларни олиб чиқиб кетишгани хабар қилинди. Давлатнинг ишонган амалдорининг уйида шунча пули ва олтини бўлса, унинг бошқа жойларда яширган ва яширмаган пуллари ва олтинлари қанчайкин? Унинг шефи, ТБнинг бошлиғи фақат маошга яшаётганмикин? Нега Юсуфга тўҳмат қилаётганлар А.Юнусовга ўхшаганлар ҳақида ёзишмайди?

Давлатнинг асосий “аргументи” бўлмиш “еб кетди-ичиб кетди” одатда мухолифат вакиллари, ҳуқуқбон, журналист, Юсуф каби ўз асарларида мавжуд жинояткор тузумни танқид қилаётган шоир ва ёзувчи, иймон ва эътиқодли мусулмонларга қарши ишлатилади. Ҳукумат одамлари жамиятда улар тўқиётган тўҳмат ва иғволарга ишонадиган одамлар борлигини билишади ва ўз жиноятларини Юсуф каби софдил инсонларга ағдаришга интиладилар.

Ислом Каримовнинг қизлари чет эллардаги виллаларини қайси пулга сотиб олишганикин? Юсуфга ўхшаб фермерлик қилибми? Қамоқда ўлим ёқасига келган, Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти Иштихон тумани (Самарқанд вилояти) бўлимининг раиси Норбой Холжигитов каби токзор плантациялар ташкил қилибми? Ёки ёзувчи, 12 йилдан бери қамоқда ётган Мамадали Маҳмудов каби ўлмас асарлар ёзибми?

Нега Юсуф Жумага тош отган Муродилло Мирзоҳид, Нозим бобо ва Зебо Эргашевалар қасрлар қураётган бухоролик ҳокимлар ҳақида “чет элларда жойлашган сайтларга” бир сатр ҳам мақола ёзишмайди? Сабаби оддий: русларнинг тили билан айтганда “кишка тонка”, яъни ичаклари торлик қилади.

Муродилло Мирзоҳид кабиларни ушбу сўзларимни унутмасликка чақираман:

А) ҳукуматингиз одамларининг ҳаммасини бир даста қилиб боғлаб тарозунинг бир палласига, Юсуф Жумани тарозунинг иккинчи палласига қўйсангиз, шоирнинг вазни уларни чирпирак қилиб осмонга учириб юборади;

Б) Юсуф Жума Ўзбекистон тарихида абадул-абад қолади, ҳукуматингизнинг бирорта одамини ўлгандан кейин ҳеч ким эсламайди.

 

Юсуф Жумага айтадиган сўзим

 Бадиий ижодкорлар табиатан эҳтиросли бўлади, дейишади. Эҳтиросни жиловлаш осон эмас ва, демак, ижодкор ўзи билган-билмаган ҳолда хато кетиши мумкин. Зўравонликка асосланган сиёсий тузум вакиллари эл назарига тушган ижодкорни тўғридан-тўғри тўҳмат билан қатағон қилиши қийин – улар ҳам жамият ичида ўзларининг “юзини сақлаш”га ҳаракат қилишади. Ҳукумат одамлари ва уларнинг эл ичидан ёллаган хуфъялари айнан ижодкорнинг билиб-билмай содир этган хатосини пойлашади.

Юсуф Жумага ўхшаган ижодкорлар омма назарига тушган инсонлардир ва уларга талаб ва, демак, жавобгарлик ҳам икки хисса ортиқ бўлади. Уларнинг ҳар бир гапи ёки сўзи қўрғошиндай вазнли ва вазмин бўлиши керак.

Юсуф Жуманинг “Озодлик” радиосига берган интервьюси ўзбек тингловчиларида турли муносабат уйғотди: кимларгадир ёқди, кимларгадир ёқмади. Бироқ ҳеч ким Юсуф Жума интервью беришидан салгина олдин Ўзбекистоннинг энг мудҳиш қамоқхонасидан чиқиб келганини ҳисобга олган эмас. Инсон ҳатто курортдан қайтганда ҳам кучли стресс ҳолатида бўлади, бу эса “Жаслиқ” номли қамоқ-ку!

Бир ўқиган ҳикоям: Совет аскарлари Берлин ичида жанг қилаётган пайтда бир бомба ҳайвонот боғи ичига тушади. Портлаш натижасида бир силовсин қамалган темир қафас бузилади ва портлашдан омон қолган силовсин ташқарига чиқади. Уни кузатган аскарнинг ёзишича силовсин юқорига ва ҳар тарафга сакраб роса ўйинга тушади. Бироқ бу ҳаракатлар пайтида силовсин бирдан йиқилиб ўлади. Жанг тугагач аскарлар силовсин олдига бориб унинг танасининг ҳамма жойларини кўриб чиқишади, бироқ бирор жойига ўқ ёки темир парчаси (осколка) текканини кўришмайди. Илгари ветеринар бўлиб ишлаган бир ҳарбий силовсин юраги бирдан тўхташи (разрыв сердца) натижасида ўлганини аниқлайди.

Силовсин бир неча йил қафасда бўлган. Табиатан бундай ҳайвонлар кучли югурувчан, ҳаракатчан, яъни катта жисмоний босим (физическая нагрузка)га чидамли бўлади. Бироқ мазкур силовсин кўп йиллар ўзининг табиатига тамоман зид бўлган қамоқда юрган (сақланган) ва юраги ишдан чиққан. Озодликка чиққан силовсин кўп йиллардан кейин ўзининг стихияси (ҳаёт муҳити)га эришганини сезгач, бирдан унда тамоман бошқа ҳис-туйғулар пайдо бўлган: у кўп йиллардан кейин озодликни яна сезган, ҳайвонга хос севинган ва сакрай бошлаган. Бироқ юраги чидамаган. (тамом).

Қамоқнинг маъноси шу. Инсонни суд ОЗОДЛИКдан маҳрум этади, яъни уни эркин ҳаракатдан чеклайди, инсон истаган манзилга бориб келишдан маҳрум қилинади. Бу – идеал, яъни қамоқхонада инсон ўзининг бошқа ҳуқуқларидан эркин фойдаланиши керак. Бироқ авторитар сиёсий тузумлар инсонни қамашдан бутунлай бошқа мақсадни: инсонни руҳий ва жисмоний СИНДИРИШ кўзлайди.

Юсуф Жума зўравонлик учига чиққан, инсоннинг заррача ҳуқуқи бўлмаган “Жаслиқ” қамоқхонасидан чиқиб келганини унутмаслигимиз керак.

 

4 июнь 2011 й.

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s