6-ЎЗГАЧА ФИКРЛИЛИККА ҚАРШИ ДАВЛАТ СИЁСАТИ, ДАВЛАТ ТЕРРОРИЗМИ, Толиб ЁҚУБОВнинг мақолалари, ҲУКУМАТ МУСУЛМОНЛАРГА ҚАРШИ

БИЛМАСЛИК ПРЕЗУМПЦИЯСИ

          Толиб Ёқубов 

          Мустақиллик йилларида Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари қийналмай, ҳеч нарса бўлмагандай ўн минглаб инсонларни қамоқхоналарга жўнатди. Бундай қараганда мамлакатнинг жиноий қонунчилиги ҳатто баъзи демократик давлатларнинг шу тоифадаги қонунчилигидан ёмонга ўхшамайди. У ҳолда муаммо нимада? Нега прокуратура, милиция, Миллий хавфсизлик хизмати (МХХ) ва бошқа идоралар терговчилари, жиноий ишюритувга алоқаси бўлган турли мавқеъидаги судьялар ҳар қадамда, виждонлари қийналмай, қўпол равишда, жазоланиш мумкинлигини ўйламай процессуал қонунлар меёрларини бузиб келдилар? Бу масалада Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти (ЎИҲЖ) ўзининг 2004 йил 7 январда эълон қилган докладида ушбуларни ёзган эди: (Парча)   

          «1992 йилда ҳукумат режали равишда демократик мухолифатга қарши ҳужум уюштира бошлади, шу йилнинг охирига келиб мухолифатнинг баъзи раҳбарлари мамлакатни тарк этишга мажбур бўлишди. 1993 йил охирида қонуний рўйхатдан ўтганлик мақомларидан ноқонуний маҳрум этилган «Бирлик» ва «Эрк» ўз фаолиятларини тўхтатишга мажбур бўлишди.

1994 йилдан бошлаб Ўзбекистон ҳукумати ўзининг асосий мақсади: жамиятни диний эътиқодли инсонлардан кенг кўламли тозалаш, яъни давлатдан конституциявий ажратилган диний оқим (конфессия)лар фаолиятига ноқонуний аралашишга киришди. 98-чи йилга келиб ҳукумат бениҳоя катта ишларни бажариб бўлди – шу ишларнинг энг аҳамиятлиларини санаб чиқиш ўринлидир:

А1) «Ваҳҳобийчилик»га бағишланган ва 1994 йилда ўзбекзабон журналларнинг бирида чоп этилган биринчи мақола тарихчи ёки исломшунос олим томонидан эмас, балки Фарғона водийси вилоятлари бирисининг прокурори муовини томонидан қаламга олинди. Ҳажми жиҳатидан улкан бу мақолада прокурор уни майда-чуйдаларигача бўлаклаб чиққан ҳамда бу диний оқим Марказий Осиё ва хусусан Ўзбекистон учун қанчалик катта хавф туғдиришини «кўрсатган». Тез орада Ўзбекистоннинг барча газета ва журналлари мазкур мақолани ўз саҳифаларида қайта чоп этишди. Аслида бу – фуқароларнинг диний эътиқодига тажовуз бошлаш учун бир сигнал эди (большевиклар 1917 йили «Аврора» крейсери замбаракларидан отилган ўқни Россиянинг ўша пайтдаги сиёсий тузумини қуролли ағдаришга бўлган сигнал, дея фойдаланганлар);

А2) Деярли ўша пайтда мачитларда мусулмонларни намозга чорловчи азон айтувчи муаззин товушини кучайтиргач ускуналаридан фойдаланишга қарши ҳаракат бошланди. Товушкучайтиргичлардан фойдаланишни таъқиқлаш талаби билан миллиондан ортиқ фуқаролар ҳукуматга ёзма равишда мурожаат қилишганини эълон қилинди;

А3) Милиция ва МХХ ходимлари сони ўнлаб марта оширилди. Таққослаш учун: 15 йиллар илгари [яъни, 80-чи йиллар охирида – Т.Ё.] Ўзбекистонда милиционерлар сони 40.000 дан ошмас эди, ҳозирда эса [яъни, 2004 йилда – Т.Ё.] фақат Тошкентнинг ўзида хизмат қилувчи милиционерлар сони 50.000 дан ортиқ;

А4) МХХ ва Ички ишлар вазирлиги (ИИВ) ходимлари томонидан бирнеча йил давомида жиноий айблар билан қамоққа олинадиган, ёши 20 дан 45 гача бўлган 250.000 дан ортиқ одам киритилган «ишончсиз шахслар рўйхати» тузилди; мазкур рўйхатни тузишга мачитларга ошкор этилмай сингдирилган айғоқчи-хуфялар, милициянинг участка нозирлари, маҳаллий ўз-ўзини бошқариш органлари бошлиқлари, ёлланган ва фуқароларнинг турли ташкилот ҳамда гуруҳларига сингдирилган айғоқчилар жалб этилди; рўйхатга ишончсиз шахс сифатида: (а) танқидий фикрловчи имомлар, мустақил исломшунос олимлар, диний билим юртлари талабалари, араб тили ўқитиладиган мактаблар ўқувчилари; (б) исломнинг диний-ҳуқуқий ҳужжатлари ва ахлоқий меёрлари, араб тили ва исломнинг бошқа адабий ёдгорликларини оммабоп тўгаракларда ўрганишга мойил бўлган шахслар; (в) ислом арконларидан бири, ҳар бир мусулмон учун тавсия қилинган жума намозини мачитда ўқишни маъқул билган инсонлар; (г) кундалик намозини уй шароитида ўқийдиган мусулмонлар ва бошқа инсонлар киритилди.

А5) «Ислом экстремизми», «халқаро терроризм» ва бошқа «хавфлар»га қарши «кураш» олиб бораётган Президент сиёсатига содиқлик кўрсатиш йўналишида судьялар, милиция, прокуратура, МХХ ходимлари қайта тайёргарликдан ўтказилди; ўзида репрессив1) табиатни оширишни истамаганлар ишдан ҳайдалди ёки қамалди; тергов қилинаётганлардан қийноқлар воситасида “айб”ни тан олдиришни уюштира оладиган садистлик2) табиатига мойил терговчилар махсус гуруҳлари тузилди; пенитенциар муассасалар (қамоқхоналар, жазони ўташ колониялари ва ҳ.)да хизмат қилувчи худди шундай садистлик табиатига мойил бўлган мулозимлар тайёрланди;

А6) Диний эътиқодга нисбатан жазони кучайтириш йўналишида Жиноят, Жиноят-процессуал, Жиноят-ижроия ва бошқа Кодексларга ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритилди (1994 йилнинг сентябри ва ундан кейин); мамлакатда репрессиялар кучайиб боришига қараб ЎзР Жиноят Кодексида жиноят турлари (хусусан, диний эътиқодга қарши) кўлами кенгайтирилди;

А7) Виждон тутқунлари учун Жаслиқ (Қорақалпоғистон Республикаси) ва Зангиота (Тошкент вилояти) посёлкаларида махсус концлагерлар3) ташкил қилинди;

А8) Айблов хулосалари, суд ҳукмлари ва бошқа ҳужжатларнинг нусхаларини тайёрловчи мутахассислар (махсус хизматлар ходимлари, терговчилар, юристлар, тарихчилар, ёзувчилар, дин вакиллари ва б.) гуруҳлари тузилди;

А9) “Ислом экстремизми”, “халқаро терроризм” ва бошқа “хавфлар”га қарши кураш сиёсатига содиқлик йўналишида, баъзиларини ҳисобга олмаганда, барча адвокатлар қайта “тайёргарликдан” ўтказилди; худди шундай қайта “тайёргарлик”ни суд-тиббиёт, суд-баллистик ва бошқа экспертиза ходимлари ҳам бошларидан кечирдилар; махсус суд-адабиёт эксперт гуруҳлари ташкил қилинди;

А10) Ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларига жиноий ишлар қўзғаш асоси сифатида кўзга ташланмайдиган усулларни қўллаш, хусусан хибс қилинган одамлардан олинган ашъёвий далил сифатида наркотик модда, ўқ-дори, тўппонча, кесма милтиқ, автоматик қурол, варақаларни уйлари ва автомашиналарига ташлаб қўйиш ҳамда чўнтакларига солиб қўйишни кенг қўллаш тайинланди;

А11) Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига хавф соладиган экстремизм, фундаментализм ва бошқа “изм”лар атрофида аксилислом васвасаларни кучайтириш мақсадида матбуот, телевидение ва радиодан кенг фойдаланишга ҳукумат фатвоси берилди;

А12) 1991 йилдан бошлаб Президент қароргоҳидан тортиб туман милиция бўлими биносигача барча давлат идоралари уч метр баландликга эга бўлган темир панжаралар билан ўралди; йўллар зудлик билан блокпостлар билан тўсилди ва улар олдида давомли ўт очиш нуқталари (ДЎОН) ташкил қилинди. Ҳарб нуқтаи-назаридан бундай “ҳимоя” воситаси амалий маънога эга эмас.

Шундай қилиб, фақат қийноқлар қўллаш йўли билан айбланувчидан “айбни тан олиш”га эришиш ва уни суд исботи каби ишлатиш мумкин эди. Барча кейинги йилларда Ўзбекистон “одил суди” Европа инквизицияси4) ўз вақтида айблов ҳукмларини чиқарган маълум ва машҳур АЙБЛИЛИК ПРЕЗУМПЦИЯСИга5) асосланиб ўз фаолиятини олиб борди.

Милиция, МХХ, прокуратура, суд органлари ва оммавий ахборот воситалари қиёфасида улкан мустабид машина:

–         одамлар онгида ҳукумат олдида қўрқувни шакллантириш;

–          жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига хавф соладиган экстремизм, фундаментализм, терроризм ва бошқа “изм”лар атрофида аксилислом васвасаларни кучайтириш;

–         фақат ҳаракатдаги давлат раҳбари ўз сиёсати орқали экстремизм, терроризм (ва ҳ.)лар пайдо бўлиши ва хавф солишига қарши тура олиши мумкин, бунинг учун у ўз лавозимида қолавериши ва керак бўлса бунинг учун мамлакат Конституциясини ўзгартириш лозимлигига жамоатчилик фикрини қаратиш керак деган иддаога ишлаб келди. (Парча тугади).

Мазкур тадбирлар устида давлат раҳбарининг ўзи тургани тамоман равшандир. Фақат унинг ўзигина улкан, аксилинсон, ақл бовар қилмайдиган кўламли ва Ўзбекистон халқига қарши қаратилган зулмкор лойиҳани бошлашга буйруқ бериши мумкин эди. Таассуф билан айтиш керак-ки, мамлакатда бу лойиҳада бажону-дил иштирок этишга тайёр бўлган – оддий милиционердан тортиб вазир ва депутатларгача – етарлича одамлар топилди. Уларга эса мутлоқ жазоланмаслик, яъни қонунларни ҳар қандай усулда ва истаган марта бузиш ҳуқуқи, катта-катта имтиёзлар, виждони қийналмаслиги хисси ваъда қилинган эди. Айни ана шундай шарт ва ваъдалар шароитида садистликка мойил одамларда уларнинг бу хислати тўлиқ юзага келади. Бироқ, бу одамлар олий юридик билимга эга бўлсалар-да, уларнинг кўпчилиги саводи паст одамлар эди. Нега?

Олдинги асрнинг 80-чи йилларигача юридик билим ва ТошДУ ва бошқа университетларнинг юридик факультетлари аҳоли орасида катта обрўга эга эмасди, юридик факультетларда конкурс деярли бўлмас эди. Кейинчалик бирданига юридик факультетларга кириш талаби бениҳоя кучайиб кетди. Ҳатто кириш имтиҳонлари пайтида ТошДУда иккита қабул комиссияси ишлайдиган бўлди – бири фақат юридик факультет қошида, иккинчиси қолган барча факультетлар учун! Порани АҚШ долларида ола бошлашди.

Бир воқеани эслайман. Бир куни 10-12 та олимлар сўҳбатида қатнашиб қолдим. Гап юридик факультетга киришдаги поранинг урчиб кетганлиги ҳақида кетди. Сўҳбатдошларнинг бири шундай деди: «Менинг гапимни эсдан чиқарманг, 10-15 йил ўтгач бу ҳолат халқимиз бошига катта фожеа келтиради. Бирорта ҳам ота-она фарзандимиз юридик факультетни битиргач ўз билимини оддий одамларни ҳимоя қилишга сарфлайди деб ҳозир пора бераётгани йўқ. Ота-она, фарзанди юрист бўлгач, шу бераётган порамиз кейинчалик ўзимизга юзлаб марта «семириб» қайтиб келади, деб пора ишлатаяпти». Худди шундай бўлиб ҳам чиқди. И.Каримов ўзининг мудҳиш лойиҳасини амалга киритаётган даврда прокуратура, милиция, МХХ, суд, чегара ва солиқ хизмати, жазони ижро этиш системаси ва бошқа кучишлатар органлари штатларини асосан 10-15 йил      илгари юридик факультетларга пора билан кирганлар эгаллаётган эди. Юридик факультетга пора билан кирган одам ҳеч қачон юридик фан харсангларини тиши билан кемирмайди – бунинг учун яна пора «хизмат қилади».

Жиноят-процессуал қонун-қоидалар орасида шундайлари бор-ки, терговчилар уларни «айланиб ўтишга» ҳаракат қилишади. Шулардан бири ЎзР ЖПКнинг 46, 48 ва 53-чи моддаларида акс этган: бу – айбланувчининг қандай жиноятда айбланаётганининг моҳиятини билиш ҳуқуқини терговчи томонидан бузмасликдир; худди шундай, ҳимоячининг ўз ҳимояси остидаги одам қандай жиноятда айланаётганининг моҳиятини билиш ҳуқуқини терговчи томонидан бузмасликдир. Шуни ҳам айтиш лозим-ки, «қандай жиноят этишда айбланаётганининг моҳиятини билиш» ибораси терговчи айбланувчига фақатгина жиноят моддасининг баёний диспозициясини ўқиб беришнигина эмас, балки шу билан бирга мазкур моддага кирувчи барча термин-тушунчаларнинг маъносини тушунтириши лозимлигини ҳам англатади. Терговчи буларни тергов протоколи (баённомаси)га киритиши ва унинг бир нусхасини айбданувчига тақдим этиши лозим. Мазкур масалада ҳимоячининг ҳуқуқи ҳам айнандир. Мас., айбланувчи ЖКнинг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-тарож қилиш) билан айбланаётган бўлса, у ҳолда терговчи унга (ҳеч бўлмаганда) 1) «ўзганинг мулкини ўзлаштириш»; 2) ўзганинг мулкини растрата йўли билан талон-тарож қилиш»; 3) «кўп миқдорда ўзлаштириш»; 4) хавфли рецидивист; 5) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириш; 6) «жуда кўп миқдорда ўзлаштириш»; 7) ўта хавфли рецидивист; 8) уюшган гуруҳ; 9) компьютер техникаси воситаларидан фойдаланиб ўзлаштириш, каби тушунчаларнинг маъносини тушунтириши лозим.

Ушланган ёки хибс этилган одам юридик билимга эга бўлмаса, у нимада айбланаётгани ёки гумонланаётганини билиш ҳуқуқи ЎзР ЖПКнинг 46 ва 48-чи моддаларида кўрсатилганини билмаслиги, буни, табиий, унга терговчи ёки ҳимоячи маълум қилишлари мумкин. Баъзи термин-тушунчалар маъносини ҳатто терговчи ҳам билмаслиги кўп учрайди. Бироқ бу ҳолда Кодекс жиноий ишюритувига эксперт (тахлилчи) ва мутахассисларни таклиф этилишларини, терговчи уларнинг хизматидан фойдаланиши мумкинлигини назарда тутади. Мен бир неча жиноий ишларда ҳимоячи мақомида иштирок этганман, бироқ бирор марта ҳам терговчи ЖПКнинг 46, 48 ва 53-чи моддалари талабларига амал қилганини кўрган эмасман. Бундан-да қизиғи, бирор адвокат терговчидан шу моддалар бўйича ўзи ҳимоя қилаётган айбланувчининг ҳуқуқини бажаришни талаб қилганини эшитмаганман.

Суриштирувчи ва терговчиларнинг процессуал қонунларни бузишини тахлил қилинса, ЎзР ЖПКнинг деярли ҳар қандай моддасини олса бўлади. Мен эса ушбу мақолада муайян мисолда гумонланувчи ёки айбланувчининг БИЛМАСЛИК ПРЕЗУМПЦИЯСИ хусусида фикр юритмоқчиман. Юриспруденциянинг турли соҳаларида кўпгина презумпциялар мавжуд эканлиги кўпчиликка маълум. Шулардан бири АЙБСИЗЛИК ПРЕЗУМПЦИЯСИ (ЎзР ЖПКнинг 23-моддаси) бўлиб, унинг мазмуни ушбудир: «Гумонланувчи, айбланувчи ёки судланувчи у жиноят содир этганликда айбдор экани қонунда кўрсатилган тартибда исботланган ва суднинг кучга кирган ҳукми билан тасдиқланганига қадар айбсиз ҳисобланади». Мен қараётган «Билмаслик презумпцияси» ЖПКга алоҳида модда сифатида киритилмаган бўлса-да, бироқ у ЖПКнинг 46, 48 ва 53-моддалари диспозицияларидан англанади. Мазкур презумпциянинг маъноси ушбудир: нимада гумонланаётгани, айбланаётгани ёки судланаётганини БИЛИШИНИ суриштирувчи, терговчи ёки судья томонидан қонунда кўрсатилган тартибда исботланган ва суднинг кучга кирган ҳукми билан тасдиқланганига қадар гумонланувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг нимада гумонланаётгани, айбланаётгани ва судланаётганини БИЛМАЙДИ деб ҳисобланадт.

Мен келтирмоқчи бўлган мисол ушбудир: 2002 йил 24 май куни Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти аъзоси, Қарши шахрилик Йўлдош Расулев қамоққа олинди ва дарҳол Тошкентга олиб кетилди ҳамда Ички ишлар вазирлиги (ИИВ) ертўласида жойлашган вақтинчалик сақлаш изолятори (ВСИ)га жойлаштирилди. Тергов ишларини олиб борган ИИВнинг катта терговчиси, милиция майори Акрам Қаршиев Йўлдош Расулевга нисбатан бошдан-бош ЎзР ЖПК моддаларини қўпол равишда буза бошлаган. Мас., хибс қилинган одам ЖПКнинг 226-моддасига асосан ВСИда 72 соат (уч сутка)дан ортиқ сақланиши мумкин бўлмаса-да, А.Қаршиев Й.Расулевни ИИВ ертўласида 40 сутка (!!!) ушлаб турган.

Й.Расулев қамалгандан 40 кун ўтгач, жиноий ишга мен ва унинг синглиси Ҳакима Расулева ҳимоячи бўлиб қатнаша бошладик. Мен дарҳол терговчи номига ИЛТИМОСНОМА ёзиб, унда Й.Расулевга қўйилган жиноий моддалардаги термин-тушунчаларнинг маъносини баён этишни сўрадим. Қуйида мен Илтимосноманинг тўлиқ матнини келтирмоқдаман:

ЎЗБЕКИСТОН ИЧКИ ИШЛАР ВАЗИРЛИГИ

ЎзР ИИВ ТЕРГОВ БОШҚАРМАСИ

ЎзР ИИВ КАТТА ТЕРГОВЧИСИ

милиция майори А.С.ҚАРШИЕВга

                                                Йўлдош Эргашевич Расулевнинг ҳимоячиси

Толиб Ёқубовдан

                             ——————————————————————

700093 Тошкент, Юнусобод-4, 15-уй, 27-хонадон

                  

ИЛТИМОСНОМА

Терминлар маъносини тушунтириш ҳақида

          Менинг ҳимоям остидаги Йўлдош Эргашевич Расулевга 159-модда 3-қисмининг «б» банди, 242-модданинг 1-қисми, 2441-модда 3-қисмининг «а» ва «в» бандлари ҳамда 2442-модданинг 1-қисми бўйича айб қўйилган. Айблар жиддий эканлигига шўбҳа йўқ. Мен ҳимоя қилаётган айбланувчи маълумоти бўйича юрист эмас ва, демак, 2002 йил 24 май кунги хибсдан кейин у ва Сиз ўртангизда БИЛМАСЛИК ПРЕЗУМПЦИЯСИ юзага келди. Бунинг мазмуни шунда-ки, бири олий юридик билимга эга, иккинчиси эса бундай билимга эга бўлмаган икки шахс ўртасида муносабат бошланган. Бунда олий юридик билимга эга бўлган шахс бундай билимга эга бўлмаган шахсни оғир жиноятлар содир этишда айламоқда-ки, у мазкур жиноятларни содир этмаган бўлиши мумкин. Бу айблов мен ҳимоя қилаётган шахс тақдирини энг ёмон томон буриб юбориши мумкинлигини тан оларсиз, деб ўйлайман.

Қўйилаётган айбларнинг моҳиятини билмаслик – юқорида Й.Расулев юридик билимга эга эмаслигини айтиб ўтганман – мен ҳимоя қилаётган шахс ўз ҳимоясини ташкил қилишига жиддий таъсир қилиши мумкин. Сиз олий юридик билимга эга бўлгач, айбланувчи Й.Расулевга уни нимада айлаётганингизни тушунтиришингиз лозим. Акс ҳолда тергов айбланувчи Й.Расулевга нисбатан қасддан, ғараз ниятда олиб борилмоқда, дея баҳоланиши мумкин. Сиз ҳозирча Й.Расулевга қўйилаётган айбнинг фақат ЎзР Жиноят Кодексидан олинган баёни (диспозицияси)ни келтиргансиз, холос.

08.07.02 да менинг ҳимоям остидаги шахсга ЎзР ЖКдан олинган айблов моддалари эълон қилинганда мен бу айблов моддаларининг асосини ташкил этувчи терминларнинг маъносини тергов баённомасига киритишни талаб қилган эдим, бироқ Сиз менинг талабимни рад этдингиз. Мен Йўлдош Эргашевич Расулевнинг ҳимоячиси эканман, Сиз унга қўяётган ЎзР ЖКнинг айблов моддаларига кирган барча терминлар маъносини ёзма равишда тақдим қилишингизни урғулайман.

Юқорида айтилганлардан келиб чиқиб ЎзР Жиноят Кодексининг Йўлдош Эргашевич Расулевга қўйилаётган айблов моддаларига кирган барча терминларнинг тўлиқ маъносини келтиришингизни СЎРАЙМАН.

Қуйида терминлар рўйхати келтирилган:

  1. I.     ЎзР ЖК 159-моддаси 3-қисмининг «б» банди:

1)           Очиқдан-очиқ даъват қилиш; 2) Амалдаги давлат тузумини Конституцияга хилоф тарзда ўзгартириш; 3) Ҳокимиятни босиб олиш; 4) Қонуний равишда сайлаб қўйилган ёки тайинланган ҳокимият вакилларини ҳокимиятдан четлатиш; 5) Ўзбекистон Республикаси ҳудудий яхлитлигини Конституцияга хилоф тарзда бузиш; 6) Ҳокимият конституциявий органларининг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилиш; 7) Конституцияда назарда тутилмаган параллел ҳокимият тузилмалари билан алмаштириш;  8) Параллел ҳокимият тузилмалари; 9) Уюшган гуруҳ; 10) Уюшган гуруҳ манфаатлари; 11)  Жиноятни уюшган гуруҳ манфаатларини кўзлаган ҳолда содир этиш нимани билдиради?;

II. ЎзР ЖК 242-модданинг 1-қисми:

1)  Жиноий уюшма; 2) Жиноий уюшма ташкил этиш; 3)  Жиноий уюшма ёки унинг бўлимларини тузиш; 4) Жиноий уюшма мавжуд бўлиши ва ишлаб туришини таъминлашга қаратилган фаолият нимани билдиради?;

IIIЎзР ЖК  2441-моддаси 1- ва 2-қисмларининг«а» ва«в» бандлари:

1) Диний экстремизм ғояси; 2) Диний сепаратизм ғояси; 3)  Диний фундаментализм ғояси; 4) «Фуқароларни зўрлик билан кўчириб юбориш» нимани билдиради; 5)  Фуқаролар тотувлигини бузиш мақсадида диндан фойдаланиш; 6) Жамиятда қарор топган хулқ-атвор қоидалари; 7)  «Аҳоли орасида ваҳима чиқариш» нимани билдиради?;

IV. ЎзР ЖК 2442-моддасининг 1-қисми:

1)  Диний экстремистик ташкилот; 2)  Диний сепаратистик ташкилот; 3) Диний фундаменталистик ташкилот; 4) Таъқиқланган ташкилот; 5) Диний экстремистик (сепаратистик, фундаменталистик) ташкилот тузиш; 6) Диний экстремистик (сепаратистик, фундаменталистик) ташкилотга раҳбарлик қилиш 7) Диний экстремистик (сепаратистик, фундаменталистик) ташкилотда иштирок этиш нимани билдиради?

Ушбу ИЛТИМОСНОМАНИ №20/39089 жиноий иш материалларига тиркашингизни СЎРАЙМАН.

Толиб Ёқубов – №20/39089 жиноий иши бўйича Йўлдош Эргашевич Расулевнинг ҳимоячиси.

18.07.02

ИИВнинг катта терговчиси А.Қаршиев менинг илтимосномамга ушбу жавобни берди [мен уни ўзимнинг шарҳларим билан келтирмоқдаман]: (Бошланиши):

Илтимосномани рад этиш

ҚАРОРИ

28 июля 2002 года

Ташкент ш.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ БТБ катта терговчиси милиция майори Қаршиев А.С. №20/39089 жиноят иши бўйича ҳимоячи Ёқубов Т.нинг илтимосномасини қараб чиқиб,-

АНИҚЛАДИМ:

Айбланувчи Йўлдош Эргашевич Расулевга Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 242-моддасининг 1-қ., 159-моддаси 3-қ.нинг “б” банди, 244-1 моддаси 3-қ.нинг “а”, “в” бандлари, 244-2 моддасининг 1-қ. билан  тугал айблов эълон қилиш жараёнида унинг ҳимоячиси Ёқубов Т.дан оғзаки, 2002 йил 26 июльда эса ёзма илтимоснома тушиб, унда терговчининг айбланувчини тергов қилиш баённомасида Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг Расулев Й.Э.га қўйилаётган айблов моддаларига кирган терминларнинг тўлиқ маъносини бериш сўралган.

Шарҳ

Галварс софист6)нинг гапи. Илтимосномада талаб қилинган нарсанинг моҳиятини инкор қилиш унинг ечимини ноаниқ бир нарсага буриб юборади.  Бунда, одатда, талаб қилинган нарсани бошқа нарса билан алмаштириш юз беради. Буерда гап терговчи ўзи эълон қилган айбни тушунтириш ўзининг бевосита бурчи эканлигини рад қилаётгани ҳақида кетмоқда. Эълон қилинган айблов билан воқеа  тафсилотларини дастлабки текшириш содир этилган ҳатти-ҳаракат бир-бирига мослиги етарлича аниқ эмаслиги шуни кўрсатмоқда-ки, у  қўйилаётган айблов асоссиз эканидан дарак бермоқда ва, демак, бу – айблов қўйилмаганини билдиради. Қарордан келтирилган парча эса очилган жиноий иш ҳужжатлари орасидаги зиддиятни яшириш учун ёзилган, холос.

Мазкур илтимоснома ушбу асосларга кўра қаноатлантирилмайди:

Айбланувчини тергов қилиш баённомасида кўрсатилган жиноятга оид бўлган барча фактлар ва бошқа муҳим томонлар келтирилган. Айбланувчини тергов қилиш баённомасини ёзиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал Кодексининг 96-108, 109-111 моддаларида келтирилган. Расулев Й.Э.ни тергов қилиш баённомаси айнан юқорида келтирилган моддалар талаби бўйича ёзилган.

Шарҳ

        Бу парчада тегишли айбловни эълон этиш шаклида тергов ўтказиш бўйича ўзининг ваколатларини керакли тартибда тан олишдек, яъни унинг исботлов шаклидаги процессуал қонун-қоидаларни қўллашини тўлиқ асословчи исботлашдек терговчининг процессуал бурчини атайлаб бузиб кўрсатиш яққол кўриниб турибди. Терговчи айбланувчига модда мазмунини формал (юзаки) равишда етказиш (айтиш) гўёки айбланувчи учун айблов эълон қилинганлигини билдириш учун етарли деб ҳисоблайди. “Эълон қилиш” тушунчаси муайян ваколатларни тасдиқлашда реал асосларни оммабоп тарзда кўрсатишни англатади. Тергов ўтказиш учун асос мавжуд эмаслигини терговчининг айблов эълон қилишда етарлича тушунтиришдан ғараз туфайли қочгани билан рад қилиб бўлмас даражада исботланади. Шундай қилиб, нафақат тергов ноқонуний, балки Й.Э.Расулевни жиноий жавобгарликка тортишнинг ўзи ҳам ноқонунийдир.

 

Ундан ташқари, баъзи терминларни тушунтириш, агар улар ҳимоя остидаги одамга тушунарли бўлмаса, ЎзР ЖПКнинг 53-моддасига кўра бу ҳимоячининг бурчидир – “айбланувчига зарур юридик ёрдам кўрсатиш”… Агар ҳимоячининг ўзи турли терминлар маъносини тушунмаса, у ҳолда у ЎзР Жиноят Кодексига Шархлар ва бошқа юридик адабиётга мурожаат этиши мумкин. Ҳимоячиларнинг юридик билимини ошириш терговчи ваколатига кирмайди.

Шарх

Бу –терговчининг ўз ваколатини ҳимоячининг ЎзР ЖПКнинг 53-моддасида кўзда тутилмаган қандайдир ваколатига айлантириш учун навбатдаги уринишидир. Бунинг учун атайлаб “ҳимоя” ва “ёрдам” тушунчалари бир-бирига аралаш-қуралаш қилинмоқда. Ҳимоя қилиш ҳимоя остидаги шахснинг ҳуқуқлари бузилмаслигини таъминлашдир, бунинг учун эса ҳимоячи барча юридик билимларга эга бўлиши шарт эмас. Бунинг тасдиғи ЎзР ЖПКнинг 49-моддаси меёрларида тўлиқ келтирилган. Юридик ёрдам кўрсатиш деганда терговчи учун дастлабки терговда жиноий иш қўзғатишни тушунтириш эмас, балки юридик ваколатли талабларга жавоб берадиган муайян ҳужжатларни тайёрлаш тушунилади.

Шундай қилиб, ҳимоя остидаги шахсга эълон қилинган айблов маъносини тушунтириш ҳуқуқи таъминланмаган. Бу билан сунъий равишда ҳимоям остидаги шахснинг терговчи томонидан олиб борилаётган исботлаш жараёнида қатнашиш ҳуқуқи бузилган, бу ҳуқуқни эса ЎзР ЖПКнинг 24-моддасига таянган ҳолда терговчининг ўзи таъминлаши лозим.

Баён этилганларга асосан, Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 36, 377-моддаларига асосланиб ҚАРОР ҚИЛДИМ:

20/39089 жиноят иши, унинг айбланувчи Расулев Й.Э.га қўйилган жиноят моддаларидаги терминларни тушунтиришни ёзма ҳолда бериш қисми бўйича ҳимоячи Ёқубов Т.нинг илтимосномаси қаноатлантирилиши рад қилинсин.

               Шарх

            Қип-қизил ёлғонлик ҳеч бўлмаганда шундан кўринади-ки, илтимосноманинг уч саҳифаси атайлаб терговчи томонидан ўйлаб топилган, гўёки мавжуд бўлмаган терминологик зиддиятга ўтказилган, ваҳоланки унинг ўзи жинояткорона ҳимоям остидаги шахсга терминларни тушунтиришни истамади. Аслини олганда гап мен томонимдан ҳимоям остидаги шахсга айблов эълон қилишнинг қонунийлигидаги айёрлик масаласи, №20/39089 жиноят иши юритувининг терговга даҳлдорлигидаги айёрлик, ҳимоям остидаги Й.Э.Расулевнинг қилмишидан чин юракдан пушаймон бўлди ва ўз хоҳиши билан кўргазма берди, дейилган иддаодаги айёрлик ҳақида кетмоқда.

           Шундай қилиб, ЎзР ИИВ Бош Тергов Бошқармаси (БТБ)нинг БТБ катта терговчиси, милиция майори А.С.Қаршиевнинг жинояткорона хоҳиш-истагига қараб илтимосномани қаноатлантиришни рад этиши ЎзР ИИВ БТБнинг процессуал ҳуқуқбузарлик макони эканлигини ҳужжатлаштирди: у ҳимоя томони илтимосига рад жавобини жиноий ишюритувнинг асосий принципи – ҳақиқатга томонларнинг мусобақа-тортишуви натижасида эришиш эмас, балки рад қилиш “лозимлиги” учунгина рад қилди.

  1. Қабул қилинган Қарор ҳақида ҳимоячи Ёқубов Т.га билдирилсин ҳамда унга Қарор нусхаси берилсин.

ЎзР ИИВ БТБ катта терговчиси, милиция майори                 А.С.Қаршиев    (Охири).

Ўзбекистоннинг неокоммунист (янгикоммунист)лари мамлакатни ҳар қандай ўзгача фикрловчилар ва уларнинг гуруҳлари, айниқса мусулмонлардан тозалаш юзасидан амалга киритган жиноий лойиҳаси фуқаролар ёки уларнинг гуруҳларининг мурожаатлари лойиҳа руҳига     мос келмаса, айниқса мурожаат ҳукумат томонидан жиноий қатағон қилинаётган одамлар иши юзасидан бўлса, бундай мурожаатларга жавоб бермасликни, яъни “Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида” қонун ҳолатларини оммавий бузиш назарда тутган эди. “Жавоб бермайсан! “Эътибор қилмайсан!” – фақат шу йўл билан мазкур даҳшатли лойиҳани амалга ошириш мумкин эди.

Бу айниқса айбланувчи, судланувчи ва маҳбусларни ҳимоя қилишда яққол намоён бўлди. Прокуратура, МХХ, милиция, суд, Президент девони ва бошқа органлар қиёфасида ҳукуматнинг олиб бораётган бундай сиёсати одамларда чорасизлик, иложсизлик, курашнинг бефойдалиги, бефарқлилик кайфиятини уйғотарди. Ҳукумат безбетлигининг чегараси йўқ эди. Йўлдош Расулев ишида мен ва Ҳакима Расулевага нисбатан Бош прокуратура, ИИВ, жиноий ишлар бўйича Юнусобод туман судидан тортиб Олий судгача айнан ана шу йўлни тутдилар.

Ўзбекистон “одил суди” айбсизлик презумпциясига мутлақо амал қилмагандек, БИЛМАСЛИК ПРЕЗУМПЦИЯСИга ҳам ҳеч қачон амал қилган эмас. Юридик билимга эга бўлган одам шундай билимга эга бўлмаган бошқа одамни жиноят содир этганликда айблар эди, терговчи эса айбланувчига унга қўйилган жиноят моддасининг диспозицияси (баёний қисми)ни ўқиб эшиттириш билан кифояланиб, ҳеч қачон, ҳеч бир вазиятда бу модда диспозицияси таркибидаги терминларни тушунтирмас эди. Судланганларнинг аксарият қисми нимада айбланганларини билмаган ҳолда қамоқхоналарга кетаверар эдилар.

«Фундаменталист», «сепаратист», «экстремист», «террорист», «жиҳодчи», «ваххабий», «рецедивист», «конституциявий тузум», «конституциявий тузумга тажовуз», «тақиқланган ташкилот», «оммавий тартибсизликлар», «агрессия» каби (ва б.) тушунчаларнинг маъносини айбланаётган оддий одамлар у ёқда турсин, балки терговчиларнинг ўзлари ва судьялар ҳам тушунмас эдилар. Улар жиноий модда диспозициясини ёдлар эдилар, бироқ уларга кирувчи терминлар маъноси уларни қизиқтирган эмас. Бунинг устига давлатнинг қонунчилик органи халқаро ҳуқуқий ҳужжатларга асосланиб ЎзР ЖКга кирувчи жиноий моддалар таркибидаги терминларга тўлиқ ва асосли тушунтиришлар мажмуасини ишлаб чиқмади ёки ишлаб чиқишни истамади. Балки ишлаб чиқишга атайлаб йўл берилмаган бўлиши ҳам мумкин.

Бир сафар судья “тақиқланган ташкилот” тушунчасини тушунтириб бера олмади. У “Ҳукумат тақиқлаган ташкилот” деган гапининг ёнига бошқа бирор нарса қўша олмади! Бўлди! Унга бандма-банд тушунтиришга тўғри келди: ташкилот тақиқланган бўлиши учун, биринчидан, тақиқланишидан олдин у давлат органи томонидан рўйхатдан ўтказилган бўлиши, иккинчидан, мазкур ташкилот ўз низомини қўпол равишда бузаётганини рўйхатга олган давлат органи томонидан камида уч марта огоҳлантирилган бўлиши, учинчидан, шу орган томонидан мазкур ташкилот ўз низомини бузишда давом этаётгани муносабати билан судга унинг фаолиятини тўхтатиш ҳақида ҳукм чиқариши хусусида мурожаат қилинган бўлиши ва, ниҳоят, бу ташкилот фаолиятини тўхтатилиши (тақиқланиши) ҳақида суд қарор чиқарган бўлиши керак!

Минглаб эркак ва аёллар диний “Хизб ут-Тахрир” партиясиги аъзоликда айбланиб судландилар. Тергов ва суднинг барча ҳужжатларида бу партия ҳақида “тақиқланган ташкилот” дея ёзилгани айтилади. Бироқ бу партияни Ўзбекистонда ҳеч ким тақиқлаган эмас. Бу партия тақиқлангани ҳақида бирорта ҳам юридик ҳужжат йўқ! Фақат баъзи одамлар судда эътиқод билан шу партияга аъзо эканликларини айтганлар. Кўп судланувчиларнинг адвокатлари “Мен ҳимоя қилаётган судланувчи тергов пайтида қаттиқ қийноқлар остида “Мен Хизб ут-Тахрир партиясига аъзоман” дейишга мажбур бўлган” деб айтишган. Судланувчилар орасида (айниқса қишлоқ жойларидан бўлганлар) “Хизб ут-Тахрир” партияси ҳақида биринчи марта тергов пайтида эшитганлари ҳам оз эмас эди.

Ислом Каримовнинг ўзбек халқи олдидаги “хизмати” шундан иборат-ки, у мамлакатда ўзининг мутлоқ ҳокимлигини ўрнатиш мақсадида Ўзбекистонда ўта зулмкор, аксилинсон, коррумпциялашган ижроия ва суд системалари ҳамда тамоман айёр оммавий ахборот воситаларини ташкил этиш лойиҳасига раҳбарлик қилди. Сийсий нуқтаи-назардан Ислом Каримов томонидан ташкил қилинган система фақат диктатура эмас. Нурсултон Назарбоев, Владимир Путин ёки Александр Лукашенко диктатураси ҳақида гапириш мумкин, улар бошқараётган ҳукуматлардаги юқори даражали коррупция ҳақида ҳам гапириш мумкин. Бироқ улар бошқараётган ижроия ва суд ҳокимиятларининг ўта зулмкорлиги, аксилинсонлиги ҳамда оммавий ахборот воситаларининг тамоман айёр эканлиги ҳақида гапириб бўлмайди.

Ислом Каримовнинг бу “хизмати” ўзбек халқига қимматга тушди.

ЛЎҒАТЧА

Репрессия1) – зулм, қатағон;

Садист2) – инсонларга жисмоний ва руҳий азоб беришга мойил одам;

Концлагерь3) (концентрацион лагерь) – одатда бир тоифага кирувчи махбуслар қамоқхонаси; мас., асрга олинган ҳарбийлар концлагери, сиёсий махбуслар концлагери ва ҳ.;

Инквизиция4) – Ўртаасрлар Европасидаги суд системаси; бу суд фаолиятининг асосини АЙБЛИЛИК ПРЕЗУМПЦИЯСИ ташкил қилган (қуйига қаранг); айбланувчининг тергов пайтида «айбини тан олиши» суд уни айбдор деб ҳисоблаши ва қамоқ жазоси белгилаши учун етарли бўлган;

Айблилик презумпцияси5) – Айбланувчи ўзининг айбсизлигини исботламагунича айбдор ҳисобланади.

Софист6) – азалдан нотўғри фикр ва  чиройли гапириш ҳамда бахслашиш санъатига эга бўлган одам; азалдан нотўғри фикрни тўғри дея исботлашга уринишда одатда  софизмдан фойдаланадиган одам (қуйига қаранг);

Софизм7) – (юнонча σόφισμα) – «усталик, нотўғри фикрдан «тўғри» фикр келтириб чиқариш, айёр гап-сўз, ёлғонга илинтириш, сохталик, сохта донолик;

28 декабря 2012 г.

Франция.

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s