РУКУНСИЗ

Шаҳрихон туманидаги иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий ҳолат

            Мустақилликнинг дастлабки йилларида, Шаҳрихонда 200 минг атрофида аҳоли, 16 минг гектар экин майдони, 15-16 та жамоа хўжалиги ва завод-фабрикалар ҳамда бир қанча давлат ташкилотлари бўлиб, туман хазинасига бир ойда 1 миллиад сўм тушириш имконияти бўлган. Ҳозирга келиб бу кўрсатгич 150 миллион сўмга тушиб қолган.

            Туманда ҳоким томонидан амалга оширилаётган ишларни кўпчилиги давлат стандартларига тўғри келмайди. Туманда ҳокимнинг буйруғи, рухсати ёки хоҳиши билан архитектура қоидаларига зид қурилишлар мунтазам қурилиб турибди. Ундан ташқари бир нечта бензин қуйиш шоҳобчалари ҳам аҳоли яшайдиган жойларда қурилган. Норасмий маълумотларга қараганда ҳар бир заправканинг қурилиши учун ҳоким олдиндан 2 млн. сўмдан нақд пул олиб кейин қурилишга рухсат берган. Ҳозирда у заправкаларнинг эгалари нефт маҳсулотларини сотиш учун лицензия ола олмай юришибди.

Қишлоқ хўжалигининг асосий экини пахта бўлиб, уни етиштирган деҳқонга деярли ҳақ берилмайди, фақат терим вақтида терилган ҳар бир кг пахта учун 25 сўмдан 50 сўмгача ҳақ туланади. Пахтадан уларга тегадиган асосий даромад ғўзапоя бўлиб, уни ҳам ноябрь ойидан кейин йиғиштириб олишга рухсат берилади. Хўжалик раиси эрта баҳордан кузгача ерни фойдаланиш учун деҳқонларга 1 гектарини 250 минг сўмдан, бўғдойдан бўшаган ерни оралик экин учун 150 минг сўмдан сотади. Неча гектар ер сотишлиши кераклигини ҳокимнинг ўзи белгилайди. Бундан тушган пулнинг бир қисмини пахта ва бўғдой режасини бажариш учун қўшиб ёзишга ишлатилади, қолганини эса нима қилиш кераклигини ҳокимнинг ўзи билади, холос. Норасмий маълумотларга қараганда 2003 йилда 10 минг тонна атрофида пахта приписка қилинган, яъни  қўшиб ёзилган.

Иқтисодий ахвол

 

            Ҳокимнинг туманда олиб бораётган фаолияти натижаси ўлароқ аввалда мавжуд бўлган завод, фабрика ва бошқа ташкилотларнинг кўпи тугатилган. Қолганлари эса 5-10 фоиз қувватда ишлаб турибди. Пахта заводи ва сутни қайта ишлаш заводларигина 20-30 фоизда ишлай олаябди, холос. Ҳозирда ишлаб турган ташкилотларнинг кўпчилиги ҳиссадорлик жамиятига айлантирилган бўлса ҳам, расмиятчилик ўз йўлига, раҳбарни ҳокимнинг ўзи тайинлайди, чунки ҳар бир ташкилот ва хўжаликлардаги раҳбарлик мансабининг  муайян нархи бор.

Барча раҳбарлар ўртасида ва халқнинг орасида мансабларни пул туришлиги шунчалик очиқ  эътироф этилади-ки, бу халқ орасида оддий ҳолга айланиб қолган. Мисол келтирамиз: яқинда туман соғлиқни сақлаш бош врачлигига қўйилган одам туман ҳокимига 5 минг доллар, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бош врачи Отахоновга 5 минг доллар берганлигини, шу мансабни 6 минг доллар бериб олаолмай қолган бир одам алам устида айтиб юборди.

Шу ўтган давр мобайнида деярли янги иш ўринлари ташкил қилинмаган, инвестиция ҳам кириб келмади. 1999 йилдан бошлаб Шаҳрихон шаҳар мақомини йўқотган. Тумандаги иқтисодий мувозанатни қўшни бўлган Асака, Қува туманларидаги ўсиш билан солиштириб кўрилса аҳвол ойдинлашади.

Туман бюджетидан ҳар ой учун аҳолига нафақалар ва бюджет ташкилотлари ишчи ва хизматчиларига ишҳақи учун 750 миллион сўм атрофида пулга эҳтиёж бўлади. Лекин 2003 йил охирларига келиб  туман хазинасига бир ойда бор йўғи 150 млн сўм атрофида тушум тушган, холос. Бироқ туман солиқ идораси мутахассисларининг хийла-найранг йўллари билан бу рақамлар 250-350 млн сўм қилиб кўрсатилган. Натижада ишчилар маошини, пенсионерлар пенсиясини ололмай юришган.

Шаҳрихон туман ҳокими М. Раззоқовни ҳокимият биносидан топиб бўлмайди. Уни доимий турадиган жойи “Саримсоқов” жамоа хўжалигида бўлиб, ўзининг хос хизматчилари орқали туманни шу жойдан туриб бошқарган. Ҳозирги кунда қароргоҳини ўзгартирган ҳоким аввал компартия райком ходими, кейинроқ ижроком муовини бўлган, бирорта ташкилотда раҳбар бўлиб ишламаган, ишлабчиқариш ва бошқарув тажрибасига эга эмас.

Тумандаги барча раҳбарлик ўринларини шахсан ҳокимнинг ўзи тасарруф этади. Барча раҳбарлик ўринларига фақат ҳокимга маъқул бўлган одамларгина  қўйилади. Туманда барча соҳа мутахассислари етарли бўлишига қарамасдан, барча соҳа раҳбарлигига деярли мутахассис бўлмаган, ёки мутахассис бўлса ҳам лаёқати бўлмаган, лекин ҳокимга қарашли бўлган кадрлар қўйилган. Шу сабабли тумандаги иқтисодий ахвол тоборо ёмонлашиб кетаябди. Мисоллар келтирамиз, эътибор беринг.

Автомобилсоз бўлган Толиб Усмоновни ҳоким ўзига қурилиш бўйича муовин қилиб олган эди. Ҳозир уни МТПга бошлиқ қилиб қўйган.

Математика ўқитувчиси бўлган, авиация техникумида ишлаган  Мусаев Авазбек меҳнат биржасига ишга ўтказилган, у ердан туман кўчмас мулкларини хусусийлаштириш бўлимига бошлиқ қилиб қўйилган. Бир неча йил шу бўлимда бошлиқ бўлиб турди. Ҳозирда бу вазифани ҳам яхши бажара олмагани учун шу бўлимда бошлиқ муовини бўлиб ишлаябди.

Туман ер кадастр бўлими бошлиғи Ғайрат Тошматов ер бўйича мутахассис эмас, лекин тумандаги сотиладиган ва фойдаланадиган барча ерлар унинг ихтиёрида. Норасмий маълумотларга қараганда, уй қуриш учун ажритилган ернинг 1 сотихи 100 минг сўмдан 200 минг сўмгача бўлади, нархи ер қаерда жойлашганига қараб белгиланади.

Туман молия бўлими бошлиғи Ҳотам Норматов аввал ҳокимга ёрдамчи бўлиб ишлаган. Бу соҳанинг мутахассиси эмас, бирорта масъулиятли вазифада ишламаган. Юқори ташкилотларнинг қаршилигига қарамасдан, ҳокимнинг бир неча бор қайта-қайта тавсияси билан молия бўлими бошлиғи қилиб тайинланган. Аҳоли ўзи етиштирган қишлоқ хўжалик маҳсулотларини давлат таъминотида бўлган ташкилотларга сотганда, олувчидан ҳам, сотучидан ҳам 10 фоиздан 20 фоизини нақд пул сифатида Ҳ.Норматов олади. Агар у ўзига тегишли бўлган фоизни олмаса, мижозга бериладиган пулни схемага қўйиб юборади, яъни банк имкониятига қараб вақти-соати билан беради. Ҳозирда  МПМК-125 ташкилотининг 80 миллион сўмлик маъмурий биносини ҳокимнинг оғзаки буйруғи билан 15 та ходими бўлган молия ташкилоти 20 миллион сўмга сотиб олди.

“Селхозхимия”, яъни қишлоқ хўжаликларини минерал ўғитлар билан таъминлаб турувчи база бошлиғи Қобил Исомиддинов мутахассис эмас, барча юк транспортлари дори ташиш талабига жавоб бермайди, химиявий дориларни ташиш вақтида доимо кўчаларга тўкиб юришади. Туманга келган минерал ўғитларни қонунга хилоф равишда тасарруф этади. Норасмий хабарда айтилишича, 2003 йил охирида 2004 йил учун олинган 100 миллион сўмлик минерал дориларни тумандаги барча жамоа хўжаликларининг ҳисобига кирим қилиб ҳужжатлаштириб, Киргизистонга сотиб юборган. Ҳозирда Қ.Исомиддинов СМУнинг рўпарасидаги майдондан ярим гектарча ер участкаси олиб қурилиш қилаябди.

“Отахонов” номли ширкат хўжалиги иқтисодини бутунлай ўтирғизиб, хўжаликнинг ярмидан кўпини сотиб тугатган собиқ раис Анвар Қодиров ҳозирги кунда туман қишлоқ хўжалиги бошқармасининг бошлиғи лавозимини эгаллаб турибди, бироқ у ҳам мутахассис эмас. Унинг асосий иши ҳокимнинг буйруғи билан хўжалик раисларидан олинадиган пора сифатидаги пулни тўплаб ҳокимга беришга воситачилик қилади.

Тумандаги 60 фоиз аҳоли учун сув ва газ таъминоти тўхтатилган. 1990 йилларда барча оилалар сув ва газ билан деярли таъминланган эди. Туман “Оқовасув” ташкилоти тасарруфида 9 та сув қудуғи бўлиб, ҳозирда барчаси эскирган. Янги қудуқлар қазиш учун ажритилган 2 гектар ер майдони ҳамда мавжуд қудуқларнинг санитария зоналари ҳам ҳоким томонидан сотиб юборилган.

Туманда ичимлик суви муаммосини ҳал қилиш ечими 1990 йилда режалаштирилиб, қурилиши бошланган ва ҳозирда Андижон ва Асака шаҳар аҳолисини таъминлаб турган Хонобод суви “Бахт” сув насосигача келтирилган эди. Шу жойдан Шаҳрихонгача 19 км. масофа қолган бўлиб, ҳозирда буни амалга ошириш кун тартибидан чиқариб қўйилган. Агар мазкур масофага сув қувури ётқизилиб уланса, ўз босими билан келаётган Хонобод суви туман аҳолисини тўлиқ таъминлайди, чунки Шаҳрихон ер ҳудуди Андижондан тахминан 20 метрча пастликда жойлашган.

Туманда газ таъминоти аввалда яхши эди. 1991-92 йилардан кейин баъзи маҳаллаларда яхши, баъзи жойларда умуман газ бўлмаган. Газ ташкилоти мутасаддилари эса барчадан бир хилда пул тўлашни талаб қила берган ва бу анъана ҳозиргача давом этиб келаяпди. Шу сабабли туман аҳолисининг газдан 1 миллиард атрофида қарзи бор дейишлари тўлиқ асосга эга эмас. Юқоридаги ҳолатдан келиб чикиб, аҳолининг кўпчилиги барча тўловлар қатори газ тўловидан ҳам қарздор бўлиб қолган. Газ мутасаддилари Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йилда чиққан қарорини рўкач қилиб, қарз тўлай олмаётган 300 атрофидаги хонадонни газ таъминотидан маҳрум қилган.

Айни кунда шундай бўлишига қарамай аҳоли бу қарзларни тўлашга қодир эмас. Бунинг сабаблари туманда кундан кунга ортиб бораётган ишсизлик, иш билан таъминланганлар эса 5-6 ойлаб маош ололмасдан юрганидадир. Маошларини вақтида олмаслигининг сабаби эса барча ташкилотлардаги дебитор, кредитор ҳолати мавжудлигидир. Ташкилотлардаги бундай ночор ахвол эса, Вазирлар Маҳкамаси томонидан чиқарилаётган қарорларини амалга ошириш ва Президент фармонларини бажаришни пайсалга солиб, ҳоким ўзи хоҳлагандек иш юритаётгани натижасидир. Бу ҳолатлар учун аҳоли айибдор эмас.

Шаҳрихонгаз идорасидаги ахволни ёмонлигини сабабларидан яна бири: бу ташкилотга раҳбар қилиб, 2001 йили Сотволдиев Улуғбек, 2003 йили Салоҳиддинов Зайнобиддин ва 2004 йили Тошбоев Абдуманнонлар тайинланган бўлиб, уч йилда учта раҳбар алмашган бўлса-да, буларнинг бирортаси ҳам мутахассис эмас.

ТАЙБ туман автойўл бошқармасига қарашли йўлларнинг ҳолати жуда ёмон, йўлларда юзаки ишлар қилинади, вақтида таъмирланмайди. 10 йил ичида бирор марта ҳам мутахассис раҳбар қўйилмаган. ТАЙБ бошлиғи М.Солиев фаолияти давомидаги камчиликлари учун ишдан бўшатилган эди, ҳокимнинг иккинчи марта тавсия қилиши натижасида 2002 йил кузда қайта раҳбар бўлиб ишга тикланган. Холдевонбек йўлидаги канал кўприги қурилишига ҳамда Андижон Бўз йўли билан Чинобод йўли кесишган чорраҳа қурилиши учун 60 миллион сўм маблағ сарф бўлган бўлса-да, иш битмасдан чала қолиб кетган. Бу маблағни қандай сарф қилинганлигини ҳеч ким суриштирмайди. Ҳозирги кундаги ТАЙБ раҳбари Б.Турсунов ҳам мутахассис эмас.

Шаҳрихон атлас фабрикаси директори А.Араббоев ишдаги камчиликлари учун ишдан бўшатилган эди. Ҳокимнинг тавсияси билан қайтадан ишга тикланган. Муқаддам уч  минг нафар ишчиси бўлган бу фабрика ҳозирги кунда тўлиқ инқирозга юз тутган.

Тумандаги ишчи ва хизматчиларга маошлари вақтида берилмайди. Бунинг сабаблари ўрганилганда, кечикиброқ келган маблағ ҳокимнинг оғзаки буйруғи билан айрим тадбиркорлар томонидан 2-3 ой “оборот” қилиниб, яъни фойдаланиб, кейин эгаларига берилганлиги кузатилди.

Шаҳрихон соғлиқни сақлаш муассасалари қарамоғида 975 та койка мавжуд бўлиб, бир койканинг бир кунлик сарфи 3040 сўм. Бюджетдан бир йилга туман соғлиқни сақлаш тизимига 1миллиард 6 млн 396 минг сўм ажратилади. Мазкур соҳа мутасаддилари бу маблағни қандай сарф қилганлиги ҳақида тўғри ҳисобот ва рўй-рост ахборот бера олмайдилар. М.Раззоқов ҳоким бўлгандан буён бошқа соҳалар каби медицина ҳам йилдан йилга ёмонлашиб бораябди.

Туманда ортиқча сарф қилинган маблағлар

            Туман ҳокимят ва прокуратура биноларини таъмирлаш учун 2003 йилда 107 миллион сўм сарф қилинган. Ҳокимят биносини ён томонида жойлашган фонтанни қуриш учун Ғ.Тошматов  6 та 10 сотихли ер участкасининг ҳар бирини 2 млн сўмдан сотган. Лекин фонтан қурилишини ПМК билан уч ака-ука фирмаси  хайрия йўли билан  битириб берган. Унга ажратилган маблағни Т.Усмонов Ўрта Шаҳрихон ҳудудидаги бир фирмага ўтказиб, ундан нақд пул қилиб олиб ўзлаштириб юборган.

Ҳокимят биноси олдидаги йўл билан Холдевонбек йўли кесишган чорраха  мустақиллик даврида эҳтиёжсиз тўрт марта реконструкция қилиниб таъмирланди. Стадион олдидаги йўлни иккинчи даражали йўл билан кесишган жойини  ҳам айлана бўйлаб ҳаракат қилиш учун уч марта халқаларни катта кичик қилиб ўзгартирилган. Андижон-Бўз йўли билан Шаҳрихон-Чинобод йўллари кесишган чорраҳада ҳам бир неча марта реконструкция қилиниб ортиқча маблағлар сарф қилинган.

Ҳар ойда ҳар хил тадбирлар бўлиб туради, жумладан турли байрам тадбирлари, баҳорда ободонлаштириш, кўчат экиш, кузда ҳосил байрами ва ҳоказо. Тадбирларнинг бўлиб тургани, албатта, яхши, лекин шу тадбирлар баҳонасида давлатнинг ва халқнинг анча-мунча маблағи раҳбарлар томонидан ўзлаштириб олинади. Масалан, 2003 йилда “Баркамол авлод” тадбирини ўтказиш учун тумандаги барча ташкилотлар, фирмалар ва хўжаликлар маълум миқдорда маблағ ажратишга мажбур қилинган. Ишчиларига иш ҳақи бера олмаётган давлат ташкилотлари банклардан кредит олиб беришган.

Бу тадбирга маблағни ширкат хўжалиги раислари 2 минг доллардан нақд пул, айрим фирма ва хусусий тадбиркорлар эса нақд пул ёки натура билан беришган. Мардикор олиб келиб берганлар ҳам бўлган, баъзи ошхоналар мазкур тадбирнинг қурилиш даври 1 ой мобайнида 20 – 30 тадан ишчиларга бепул тушлик қилиб берган. Ўз исмини билдиришни истамаган ҳокимлик ходимларидан бирининг айтишича, қурилишлари ҳашар йўли билан амалга оширилган “Баркамол авлод” тадбирини ўтказиш учун ажратилган 50 миллион сўм атрофидаги маблағнинг бир қисми сарф бўлган, бир қисми эса раҳбарлар томонидан ўзлаштирилган. Ҳокимнинг шафёри Баҳодирнинг шахсий қурилишига ҳам  мазкур тадбирни ўтказиш учун келтирилган қурилиш материалларидан керагича олиб кетилган.

Тумандаги сиёсий ва ижтимоий ахвол

            Фарзандларимизнинг соғлом ўсиши учун давлат томонидан ажратилган нафақаларни эгаларига маҳалла фуқаролар йиғини раиси раҳбарлигида тарқатилади. Раис шундай салоҳиятга эга-ки, нафақани бериш вақтида 200 сўмдан сабабини айтмасдан, 300 сўмдан шаҳар ободончилиги учун ҳамда газ, свет ва сувга пул ушлаб қолади. Ундан ташқари, ютуқ чиқса ҳам ютуғи берилмайдиган лотереялар пулнинг ўрнига мажбур берилади. Ўзи 16 ёшгача бўлган болаларга 2500 сўм пул берса, уни ҳам кечиктириб берса-ю, яна ҳар хил тўловларни ҳам шундан ушлаб колса!  Нафақа олиш учун тайёрланган ҳужжатлар фақат 6 ойгача расмийлаштирилади, холос. Раис кейин “Сиз дам олиб туринг, энди нафақани бошқаларга берамиз” деб ҳужжатларни қабул килмайди. Бундай ғайри қонуний ҳатти-ҳаракатлар туман меҳнат биржасидаги  Муҳайё исмли ходима раҳбарлигида ташкил қилинади. У аёл ҳокимдан бошқа ҳеч кимни тан олмайди.

2003 йилда туман соғлиқни сақлаш муассасалари ходимларидан 24 нафари 5 ойдан буён иш ҳақини ололмаганлари учун кўча юриши қилиб, пахта банки, ҳокимят ва прокуратура биносига боришган. Бу воқеалардан кейин улар ишлаб турган юқумли касалликлар шифохонаси сотиладиган бўлган. Бундан норози бўлиб 26 нафар шифокорлар Республика Президентига, соғлиқни сақлаш вазирига ва туман ҳокими ҳамда туман бош шифокорига хат йўллашган. Мазкур хат юзасидан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасидан ва туман ҳокимлигидан вакиллар келишиб, суриштирув ишлари олиб бордилар. Хат муаллифларига тазйиқлар ўтказиш натижасида баъзилари билмасдан имзо қўйганлигини айтишган, кўпчилик ўз имзоларини инкор этишган. Натижада бир неча шифокорлар нотўғри хат уюштириганликда айбланиб ёмон отлиқ бўлишган.

2004 йилга келиб шикоятчилар фаолият юритган юқумли касалликлар шифохонаси А.Каримовга 8 миллион сўмга сотиб юборилди, 18 нафар шифокор ишсиз, раҳбарларга садоқат билан хизмат қилган 8 нафари эса ўз иш жойида қолди. Жаҳон санитария қоидаларига зид равишда туман марказидан юқумли касалликлар шифохонаси йўқ қилинди. Худо кўрсатмасин, агар бирор эпидемия тарқалса оммавий сафарбарлик қилиш учун туманда ҳеч қандай шароит йўқ.

Азимов Баҳодир Шаҳрихон шоҳкўчаси, 97-уйда яшаган. Шоҳкўча кенгайиши муносабати билан Б.Азимов яшаб турган хонадон “снос”га тушган. 2003 йил март ойида Б.Азимовга бузиладиган уйи учун 1 млн 600 минг сўм пул туланган ва тезда уйни бузиш кераклиги унга айтилган. Б.Азимов уйига тўланган пулнинг озлигидан норози бўлган ва кўпроқ беришини талаб қилган. Шунда ҳоким ишнинг устида туриб Б.Азимовга тегишли уйни мардикорларга буздириб юборган.

Бундан норози бўлган фуқаро Б.Азимов ҳокимнинг ўзига мурожаат қилганда ҳоким: “Сизни рози қилиш учун қанча пул беришимиз керак?” деб сўраган ва у берган жавобини магнит лентасига ёзиб олиб, ўзини СНБга бериб қаматиб юбораман, деб қўрқитган ва мени шантаж қилмоқчи бўлябди дейман, деган. Шундан кейин Б.Азимов барча юқори ташкилотларга ва ҳуқуқни мухофаза қилгувчи ташкилотларга мурожаат қилган, натижа бўлмагач, 2003 йил 20 ноябрдан бошлаб давомсиз очлик эълон қилди.

Бу воқеа чет эл ахборот воситаси орқали ва Республикадаги халқаро ташкилотлар томонидан дунё жамоатчилигига билдирилган. 25 декабр куни Б.Азимов ўзининг талаби қондирилмаса халқаро ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари вакилларининг гувоҳлигида 1 январ куни ўзига ўт қўйишини билдириб ҳокимга хат киритгандан кейин 28 декабр кунидан бошлаб  унинг талаби 2 ой мобайнида қондирилди ва ҳақ-ҳуқуқи тикланди.

Туман аҳолиси қишнинг совуқ кунлари газнинг йўқлигидан норози бўлиб, 14 марта ҳокимят биноси, 21 марта газ идорасига келишиб талабларини айтишган. Уларни ҳоким муовинлари ва газ идораси мутасаддилари қарши олиб суҳбатлашган, агар туман аҳолиси газдан қарзини тўласа газ бўлади, деб уларга ваъда беришган. Лекин аҳоли ёқмаган газлари учун пул тўлашни хоҳламайди. Газ идораси раҳбарлари эса, аҳоли гази ёнмаган вақтда газ идорасига келиб, ариза ёзиб, газини уздириб юборишлари керак, акс ҳолда улар пул тўлашга мажбурлигини таъкидлашади. Бундай мантиқсиз ҳолат бир неча йилдан бери давом этиб келаябди.

16 ноябрь куни “Оқ масжид” маҳалласидан бир оқсоқол келиб ҳоким муовини Т.Усмоновга учраб, маҳалламиздан 30-40 нафар одам келаябди, улар сиёсатга ҳам, давлатга ҳам, президентга ҳам қарши эмас, фақат газ беришларини сўраб келишаябди, деган. Шу вақтда Т.Усмонов телефонни олиб милицияга қўнғироқ қилган ва, “Оқ мачит” маҳалласидан 30-40 нафар одам келаябди экан, шуларнинг каттасидан 2-3 тасини ушлаб қаманглар, деб буйруқ берган. Маҳалла ахли ҳокимят биносига келган вақтда 20 нафар милиция ходими ҳам ҳозир бўлишган ва улар билан суҳбатлашиб, ўзларида ҳам газ йўқлигини айтишган. Раҳбарлар фуқароларнинг талабини бажаришга ваъда беришиб кетказишган.

Тумандаги “Сардор” жамоа хўжалиги раиси ҳокимнинг оғзаки буйруғига асосан олди-сотди қилишдан бош тортгани учун вилоят ИИБ томонидан қамоққа олинган. Шундан кейин хўжалик аъзоларидан 200 нафардан ортиқроғи сурункасига 6 кун митинг ўтказишди. Бу воқеани “Озодлик” ва “ББС” радиолари эфирга тарқатиб, дунё жамоатчилигининг диққатини жалб қилишди. Натижада раис озод бўлди.

Деҳқон бозорини кенгайтириш муносабати билан 1990 йилларда уй-жойлари “снос”га тушиб, пуллари тўланган, уй қуриш учун ер участкаси берилган 4 хонадон эгалари ҳокимнинг рухсати билан ҳозирги кунда ҳам бозор ҳудудида истиқомат қилаябдилар. Жамоатчилик фойдаланадиган жойлар, бинолар хусусийлаштирилиши тақиқланганлиги қонунларда белгилаб қўйилганлигига қарамасдан, деҳқон бозорининг ичлари ва атрофлари сотилаябди. Боғнинг ҳудудидаги айрим жойлар ва атрофлари тадбиркорларга сотилган. Дам олиш зонасидаги чархпалак, ҳар хил каруселлар ва бошқа кўплаб қурилмалар тегишли одамларга ими-жимида кора металл сифатида сотилган. Автошоҳбекат ва унинг атрофлари ҳам сотилган. Туманда бирор марта ҳам очиқ “кимошди” савдоси бўлган эмас. Аҳоли доимио сотилган жой ва иншоотларни “кимошди” савдосида сотилиб бўлганлигини эшитади, холос. “Кимошди” савдоси бўлишлигини олдиндан ҳали биров билган эмас.

Сотилган иншоотлар:

1.  Районлараро улгуржи савдо базаси;

2.  Пахта  заводи санаторияси (36 млн. сўмга сотилган, ўзининг нархи 500 млн  сўм);

3.  “Заготконтора”  биноси ва ер майдони (3 млн. сўмга сотилган, ўзининг нархи 100 млн. сўм);

4.  Трикотаж фабрикаси;

5.  Андижон-Бўз йўлидаги автозаправка;

6.  “Оразий” ёзги кинотеатр биноси (5500 $ га  сотилган);
7.  СМУнинг бир қисми;

8.  “Найнаво” пахта пункти;

9.  “Абдубий” пахта пункти;

10.  “Гумбаз” пахта пункти;

11.  МПМК-125 маъмурий биноси (20 млн. сўмга сотилган, ўзининг нархи 80 млн. сўм);

12.  37-чи автобаза;

13.  Юқумли касалликлар шифохонаси;

14.  “Жигули” автомашиналарини таъмирлаш корхонаси (СТО);

15. Собиқ “Агропром”га қарашли бўлган бино  “Тадбиркор-банк”га 10 млн. сўмга сотилган, лекин у пул “Агропром”га берилмаган.

Барча сотилган бино, жой ва иншоотларнинг асли нархини сотилган нархлари билан солиштирилса раҳбарлар томонидан қанча пул ўзлаштирилганлиги аниқланади. Ҳозирги кунда “Беруний” истироҳат боғи ичига ўрнатилган “МиГ-3”  русумли қирувчи самолёт корпуси ҳам сотилиш арафасида турибди. Деҳқон бозорининг ичида бир тадбиркор ҳоким билан келишган ҳолда савдо расталарини қураябди. Бозор ичида савдо қиладиган бир нечта тижоратчилар, яқин кунларда ўзларининг хусусий биноларини бузиб ташлаб, раҳбарлар томонидан нархи қатъий тайин қилинган мазкур бинодан олишга мажбур бўладилар.

Юритимизда ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий буҳрон кечаётган ҳозирги кунларда халқ меҳнати билан тўпланган давлат мулклари нопок кимсалар томонидан тўхтовсиз талон-тарож қилинаябди. Туман ҳудудидаги мавжуд иншоот ва жойларнинг сотилиши давр талаби, лекин бу ҳолат кўпчиликнинг розилиги билан адолатли ҳал қилиниши керак. Ҳозирги кунда юртимизда кечаётган бундай нопок ҳолатнинг олдини олиш ҳар бир соф виждонли Ўзбекистон фуқаросининг бурчи ва мажбурияти бўлмоғи, бунга эътибор қилмаслик эса ватанга, миллатга хиёнат, деб билмоғимиз керак.

Ушбу маълумотни ёзар эканман шахсий манфаатим, ғаразли мақсадим ва ҳеч ким билан адоватим йўқ.

Зоҳир Асрор.

 

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s