РУКУНСИЗ

ҚАРОРЛАР ҚАЧОН ХАЛҚ МАНФААТИНИ КЎЗЛАБ ЧИҚАРИЛАДИ?

Нурмуҳаммад Азизов

21.10.2003.                                                                                                                             № 020

330-қарорга муносабат билдиришдан аввал шуни айтиш керак-ки, ўтган ўн икки йил  Ўзбекистон Республикаси иқтисодини ривожланиш йўлида Вазирлар Маҳкамаси томонидан чиқарилган бирорта қарор ҳам сезиларли даражада ўзининг ижобий самарасини кўрсатаолмади. Айрим қарорлар эса вазиятни чигаллаштирди, ҳолос. 2002 йилда чиққан 154, 280, 295 –қарорларнинг айрим бандлари шулар жумласидандир.

Бу қарорлар ҳаётга тадбиқ этилгач истеъмол товарлари тақчил бўлиб, нарх-наво кескин ошиб кетди. Тадбиркорликга сунъий тўсиқлар қўйилиб чегара, божхонада, транспорт йўл ҳаракатида, ишлаб чиқаришда, савдо сотиқда кўплаб мураккабликлар вужудга келди. Назорат органлари кучайтирилиш оқибатида барча масъулиятли шахсларда таъмагирлик ривожланди. Турмушимизни ҳамма соҳаларда коррупция оддий ҳолга айланди. Халқ орасида қашшоқлик авжига чиқди. 

Вазирлар Маҳкамаси 2002 йилдаги юқорида зикр этилган қарорлар оқибатидан хулоса чиқармай 2003 йил 1 октябрдан кучга кириши керак бўлган 330-қарорни чиқарди. Ушбу қарорни савдо-сотиққа оид банди халқимизни бир амаллаб истеъмол товарлари билан таъминлаб турган тадбиркорларни навбатдаги боши берк кўчага киритиб, аҳолини эҳтиёжи учун зарур бўлган товарларни кўшни республикалардан ўзлари ташиб келишга мажбур қилади.

Натижада муомалада бўлган ўзбек сўми эркин бозори бўлган қўшни республикаларга оқиб кетади. Ўзбекистон банкларига пул тушуми кескин камайиб, аҳоли маошларини, ногиронлар нафақасини ва талабалар стипендияларини вақтида ололмайдилар. Бу ҳолат Республика иқтисодини инқироз ботқоғига яна ҳам чуқурроқ ботишига сабаб бўлади. Келинг яхшиси қарорни айрим бандларини таҳлил қилиб кўрайлик, ўқувчилар бунга ўзларининг холис баҳоларини берсин. Қарорнинг бошида айтилган айрим фикрлар унинг давомида инкор этилиш ҳолатлари ҳам бор. Иқтибос: “…Чакана савдо соҳасида юридик ва жисмоний шахслар учун тенг шарт-шароитлар яратиш, бозорларда савдо фаолиятини тартибга солиш, шунингдек фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишни кучайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади…”. Бу жарангдор, сермазмун гапларнинг остида қанчалик сохталик ва айёрлик ётганига эътибор беринг.

Қарорнинг 4-бандида, иқтибос: “… Белгилансинки юридик шахс бўлмасдан якка тартибдаги тадбиркор сифатида руйхатдан ўтказилган, шу жумладан бозорларда савдо фаолиятини амалга ошираётган жисмоний шахсларга истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга доир қонун ҳужжатларининг ва чакана савдо қилишнинг белгиланган қоидаларининг қуйидаги бузилишлари учун энг кам ойлик иш ҳақининг юз баробар миқдорида жарима солинади…”. Шу жойда ҳақли савол туғилади: “Нега юридик шахсга эмас, якка тартибдаги тадбиркорга бундай жарима  солинаябди?

Демак, юқоридаги қоида бузилиш ҳолати юридик шахсларга таалуқли эмас. Қарордаги мазкур қоида, юқоридаги “юридик ва жисмоний шахсларга тенг шарт-шароитлар яратиш” деган жумланинг асоссиз эканлигини кўрсатиб турибди. Энди ана шу қоида бузилиш ҳолатини кўрайлик. Иқтибос: “Яроқли муддати ўтиб кетган товарларни ёки қонун ҳужжатларида яроқлик муддатининг кўрсатилиши мажбурий бўлган, яроқли муддати кўрсатилмаган товарларни сотишга қабул қилиш ва сотиш…”. Шу жойда мулоҳаза қилишга тўғри келади. Ўзимизда нафақат рақобатбардош, балки оддий товарларни ҳам етишмаслигидан, ҳозирги кунда баъзи Европа давлатларининг аҳолиси кийиб ташлаган эски-тускилари Тошкент бозорларида очиқ савдо-сотиқ қилинаётган бир вақтда, жисмоний шахслар томонидан келтирилиб, аслида янги, лекин яроқлилик муддати кўрсатилмаган ёки ўтиб кетган товарларнинг сотилиши шу қадар аҳамятлими? Ёки Вазирлар Маҳкамаси ўзбек халқига бундай сифатсиз матохларни раво кўрмаслигини намойиш қилаябдими?

Агар шундай бўлса, нима учун яроқлилик муддати ўтиб кетган ёки яроқлилик муддати кўрсатилмаганлиги сабабли давлат фойдасига мусодара қилинган товарлар махсус дўконларда сотилаябди? Ёки мусодара қилингандан кейин сифатли бўлиб қоладими? Шу ҳолатга нима учун, нимага асосланиб энг кам ойлик иш ҳақининг юз баробари миқдорда жарима белгиланаябди? Нега 80, 90 баробарида ёки 110 баробарида эмас, айнан юз баробарида? Агар Вазирлар Маҳкамаси аниқ ҳисоб-китоблардан кейин шундай қарорга келган бўлса, уни асослаб бериш керак эди.

Масаланинг яна бир томонини айтайлик, тадбиркор юқорида айтилган сифатсиз товарни эмас, жаҳон стандартига мос келадиган сифатли товарларни келтирса, зўрға кун кечираётган камбағал халқ уни ҳарид қилиш имкониятига эга бўла оладими? Йўқ албатта, аҳолига ҳозирги кунда айнан ана шундай арзон товарлар керак, қолаверса ҳар кимнинг ўзининг дид-фаросати бор, ҳар ким ўз эҳтиёжини Вазирлар Маҳкамаси томонидан чиқарилган қандайдир қарорларига қараб эмас, ўз имкониятига, яъни чўнтагига қараб белгилайди.

Мавзуга қайтсак, тадбиркорга жарима солишга сабаб бўлган қоида бузилишининг навбатдаги ҳолатига диққатингизни қаратмоқчиман. Яна қарордан иқтибос: “…назорат касса машиналари мажбурий бўлган ҳолларда уларни қўлламасдан савдо қилиш, харидорга квитанция ёзиб бериш, талонлар ёки уларга тенглаштирилган бошқа чеклар бериш мажбурий бўлган ҳолларда, бундай ҳужжатларни бермасдан товарлар сотиш ва ҳоқазо…”. Қарорни шу бандида касса аппарати қўйиш ва харидорга квитанция ёзиб беришни жорий қилишдан асосий мақсад нақд пулни (инкасса) қилиш, яъни банкга туширишнинг мажбурий тизимини ўрнатишдир.

Айни вақтда аксарият давлат ташкилотларида дебитор, кредитор ҳолати мавжуд, яъни ҳар бир ташкилотнинг қайси бир ташкилотдан қарзи  бор, қайси бирида эса ҳақи бор. Агар ҳақини ундириб олса, албатта қарзини тўлайди, лекин шу ҳақини ундириб олиш муаммо, бу шундай муаммо-ки, гуё бир ҳалқага ўхшайди. Республика бўйича ҳисобсиз шундай ҳалқалар йиғиндиси улкан муаммо занжирини юзага келтирган. Мана шу муаммо занжири республика иқтисодини, ўргумчак тўрига тушган чивиндек ҳаракатсиз ҳолатда ушлаб турибди. Иқтисодни бундай фалаж ҳолатдан чиқариш учун эса, барча ривожланган давлатларнинг тажрибасига таяниб аниқ режа ва дастурлар ишлаб чиқарилиб ҳаётга тадбиқ этиш керак эди. Лекин бизнинг “донишманд”лар бундан кўра тадбиркорларнинг сўнги маблағини сидириб олиб, гуё касални даволашга эмас, касаллик даврини узайтиришга ҳаракат қилишаяпди.

Барча банклар мустақил деб эътироф этилади, амалда эса хокимнинг оғзаки буйруғи улар учун қонун. Банк мижозлар билан ўрталарида тузилган шартномага мувофиқ зиммасидаги мажбуриятларни бажаришга ҳам баъзида ожизлик қилади. Агар тадбиркор банкга туширган маблағини хоҳлаган вақтда олиш ёки бирор жойга ўтказиш имкониятига эга бўлса, бу албатта яхши, лекин бунга кафолат борми? Агар кафолат бўлмаса, мазкур қарорни шу банди билан тадбиркор, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 54-моддасидаги мулкдорлик ҳуқуқидан маҳрум қилинган  бўлади. Квитанция ёзиб беришдан асосий мақсад истеъмолчи ҳуқуқи ҳимоя қилинаётганлигига урғу берилаябди. Гуёки ҳаридор харид қилинган товарнинг сифатсизлиги ёки яроқсизлиги маълум бўлиб қолса харидор квитанцияни кўрсатиб, харид қилган товарни бошқа яроқлигига алмаштириб олади ёки пулини қайтариб олади.

Шу ҳолатга мантиқан ёндошсак, истеъмолчининг ҳуқуқи кимдан ва нимадан ҳимоя қилинаябди? Тадбиркор ўзи сотиши мумкин бўлган товарларни қаердандир улгуржи харид қилади, ана шу вақтда у ҳам истеъмолчига айланади, лекин унга яроқсиз товарларни қайтариб олиш кафолати берилмайди, чунки эҳтиёжимиз учун зарур бўлган товарларни аксарияти четдан келтирилади. Ўзбекистон фуқароларини чет элга чиқиши ўта мушкул бўлганлиги учун истеъмолчи билан ишлаб чиқарувчи ўртасида боғликлик йўқ, шу сабабли яроқсиз товарларни ишлаб чиқарувчига қайтариб беришлик тизими ишлаб чиқилмаган. Демак, бу ҳолатга шу қадар эътибор беришлик ҳам арзигулик иш эмас.

Лекин бу ерда икки мақсадни илғаш мумкин. Бундан бири: тадбиркор ўзининг сармояси бўлган маблағдан нақд бир қисмини ёки товарини харидор қайтариб келган яроқсиз деб топилган товар эвазига беришга мажбур қилинаябди. Шу билан истеъмолчи ҳуқуқи ҳимоя қилинганлигини гуёки давлат миқёсидаги муаммо ўз ечимини топгандай қилиб кўрсатилаябди. Иккинчи мақсад: қайси бир ибратли қиссада, бир ёвуз одам икки қабила ўртасига хийла билан нифоқ солиб уларни уриштириб, бир-бирига қарама қарши қилганидан кейин ўз мақсадига етганлиги ҳақида ҳикоя қилинади.

Қиссадан ҳисса шу-ки, юртимиздаги 25 млн. аҳоли қайси бир маънода истеъмолчи эканлигини ҳисобга олсак, ана шу истеъмолчиларни ҳуқуқий ҳимояси учун жисмоний шахс бўлган тадбиркорга, яъни оддий фуқарога мажбурият юкланаябди, бу мажбуриятни бажармаса катта миқдорда жарима тўлашга мажбур қилинади. Радио, телевидение ва матбуотда истеъмолчи ўз ҳуқуқини қандай ҳимоя қилиш ҳақида тинмай маслаҳатлар берилаябди.

Оламшумул кашфиёт Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг истеъмолчилик ҳуқуқи ҳимоя қилинаябди, лекин кимдан ҳимоя қилаяпди денг, қонунбузар муттаҳамлардан эмас, порахўр раҳбарлардан ҳам эмас, оддийгина жисмоний шахс бўлган тадбиркордан. Ана уддабуронлик, ана эпчиллик – Алининг дўпписини Валига кийдириб иш битираябди. Вазирлар Маҳкамаси бегона хирмондан кафсан беришни наҳотки олийжаноблик дейишса? Наҳотки шу билан давлат миқёсидаги энг долзарб муаммо ўз ечимини топган бўлса?

Бир халқни иккига, яъни тадбиркорлар ва истеъмолчиларга бўлиб, уларнинг ўртасида пайдо бўладиган адоватдан ким манфаатдор? – деган савол ҳамиша кўндаланг туради. Халқ бир-бирига нисбатан қарама-қарши кайфиятда бўлса, ўзларини умуминсоний ҳуқуқларини ҳимояси учун ҳам бирлаша олмайдилар, чунки доимо бири ҳақдор, бири масъул, ўртада адоғи йўқ келишмовчилик юзага келади. Бу усталик билан ишлаб чиқарилган қарорга ўхшаябди, чунки давлат ташкилотлари, ҳуқуқ-тартибот органлари ва мансабдор шахслар томонидан инсон ҳуқуқлари бузилса, бунга оддий ҳол деб қаралади, деярли чора ҳам кўрилмайди, лекин жисмоний шахс томонидан содир этилса у жазога мустаҳиқ. Худди,  “Камбағални урма, сўкма, тунини ечсанг бас” деган мақол шунга қарата айтилгандай.

Халқимиз ҳозирги кунда қандайдир мавхум бўлган истеъмолчилик ҳуқуқидан кўра ўзининг Конституцион ҳуқуқи ҳимоясига муҳтож, чунки инсон Конституцияда белгилаб қўйилган ҳуқуқларидан тўлиқ фойдалана олмас экан, уни қулдан фарқи бўлмайди. Фуқаролари қулдан фарқи бўлмаган давлат ҳеч қачон ривожланмайди. Қайси бир донишманд айтган экан: “Ўз ҳуқуқини билган инсонгина бу озод инсон”. Қолаверса, қарорни савдо-сотиққа оид қисми, халқ фаровонлиги, юрт равнақи учун эмас, балки қандайдир гурух ёки шахснинг манфаатини кўзлаб чиқарилганга ўхшайди. Яқин кунларда бу ўз исботини топса керак. Юртимизда сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар бошланмас экан, шунга ўхшаш оддий нарсалар ҳам улкан муаммога айланиб бораверади.

2003-йил  октябр  ойида  “ОЗОДЛИК”  радиосида берилган   суҳбат  асосида  ёзилган.

Ўзбекистон  инсон  ҳуқуқлари  жамияти Шаҳрихон туман бўлими ахборот маркази.

Тел/ факс :  ( 8 )  374 -34.  2-56-16;   E-mail:  azizov5616@mail.ru

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s