РУКУНСИЗ

Ҳукукбон Нурмуҳaммaд Aзизoв фаолиятидан. (2004-йил)

НУР1ШАҲРИХОНДАН ДАРАКЛАР

Сатторов Шерзодбек, 1972 йилда туғилган, шаҳрихонлик, 2003 йил январидан апрель ойининг охиригача Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида нонвойлик қилган. Унинг айтишича, Қозоғистонда ҳунарманд, савдогар ва мардикорлик билан тирикчилик қилаётган ўзбек ва тожикларни тўплаб эмиграцион полиция пунктига қамашган. Шерзод ўзи билан 54 нафар бўлиб 16 кв. метрлик хонада икки қаватли, тахтадан қилинган сўри устида, навбатма-навбат, ҳар қаватида 13 тадан, 26 нафар махбус ухлаган, 28 нафари эса тик туришган. Шерзодлар турган бинода шунга ўхшаш 20 та хона бўлган. Олмаота шаҳридаги барча изолятор ва қамоқхоналар ўзбек ва тожиклар билан тўлган. Кимнинг 7 минг қозоқ тангаси бўлса, шуни тўлагач, қайтиб келмаслигини айтиб, мабодо қайтиб келса, қамоққа олишларини таъкидлаб, паспортларига муҳр босиб, Қозоғистондан чиқариб юборган. Шерзоднинг айтишича паспортидаги муҳр билан Қозоғистонга бориш хавфли, шу сабабли у паспортини алмаштириб олиб, яна қайтиб кетмоқчи.

***

            2003 йил 24 июнь куни “КамАЗ” русўмли юк машинасига 20 тонна помидорни юклаб, Шаҳрихондан Қўқон, Қамчиқ довони оша, Тошкент орқали Қозоғистон чегарасигача олиб бориш учун 55 та жойда ДАН ва бошқа формали ходимлар томонидан тўсиб, шофёрдан 60 минг сўм пул ундирилган. Солиқдан, божхонадан ва бошқа барча ҳужжатлари пухта расмийлаштирилганлиги сабабли ДАН ва милиция ходимлари юкка эътироз билдира олмайдилар, аммо транспорт носозликларини рўкач қилиб ҳайдовчининг барча ҳужжатларини олиб қўяди. Ҳайдовчи улар сўраган пулни бергандан кейин, транспорт носозликлари ҳақида индамасдан ҳайдовчига “оқ йўл” тилаб ҳужжатларни қайтариб беради.

***

            Қирғизистоннинг Ўш вилоятига қатнаш йўлидаги  Андижон-Дўстлик маршрути бўйича  Андижондан ҳар куни 7 та, баъзи кунлари 8 та, автобус қатнайди. Ҳар бир автобус бир кунда 4 ёки 5 марта, баъзи кунлари 3 мартадан қатнайди. 48 км. лик масофанинг икки жойида асосий ДАН пости бор. Биринчи пост “Боғишамол” пости, иккинчиси 45-чи км.даги пост. Бир ҳафта давомида Ўш вилоятига қатнаб ҳамда шофёрлар билан суҳбатлашиб шу нарсанинг гувоҳи бўлдим. Ўзбекистондаги кўплаб тижоратчилар сотадиган товарларини Ўш бозорларидан ҳарид қилишиб Андижон орқали келтиришади.

Шу сабабли Ўшдан келаётган ҳар бир автобус ҳайдовчиси 45-чи км. даги постга 5000 сўм, “Боғишамол” постига 1000 сўм тўлаб ўтишга мажбур экан, ундан ташқари Хўжаобод шаҳарининг ичида ҳам баъзи вақтларда формали қароқчилар автобусларни тўсиб, ўз улушларини олар экан. Баъзи вақтларда йўловчиларнинг юклари кўпайиб кетса, постдан ўтиш нархи 5000 сўмдан 20000 сўмгача кўтарилар экан. Бу ахвол Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йилдаги 154, 280 ва 295-чи қарорлари чиққандан бошланиб, 2003 йил 1 октябрдан кучга кириши керак бўлган 330-қарор ҳаётга тадбиқ этилгандан кейин авжига чиққан. Ҳукумат қарорлари ҳаётга тадбиқ этилаётган айни кунда солиқ, департамент, божхона, ДАН ва милиция ходимлари томонидан, тирикчилик мақсадида юрган миллионлаб халқимиз итлардан талангандек таланаябди.

Ҳамма даврларда порахўрлар, қароқчилар қатл этилган. Бизнинг мустақил Ўзбекистон эса ўз халқини итдек талаб бойлик ортдираётган порахўр, қароқчиларга чиройлик формалар кийдириб, галстуглар тақиб, уларга алоҳида имтиёз ва мукофотлар бериб ҳурмат эътибор кўрсатаябди.

***

         Шаҳрихон солиқ идораси ходимлари, шу йилнинг 26 февраль куни эрталаб буюм бозори эшикларини беркитиб олиб, тижоратчиларга қарата патентдан ташқари сизларда сертификат ва лицензия ҳам бўлсагина кейин савдо қиласизлар, деб бозорга киритмаган. Тижоратчилардан қирқ нафарга яқин аёллар ҳокимят биноси олдига келиб норозиликларини билдиришган. Ҳоким муовини Бахтиёр солиқ идораси раҳбарини чақиртириб келиб, аёллар билан мулоқот қилишган. Бир аёл икки ёш боласини етаклаб келган ва мен савдо қилиб пул топмасам бу икки гўдагимни ким боқади деб зорланганда: “Бу сизнинг ишингиз” деб бепарво жавоб беришган.

Бир неча аёллар Раҳимов Шавкат бозорга кирмасин, деб талаб қилишган. Раҳимов Ш. ИИБ милиция лейтинанти, доимо фуқаро кийимида юриб, бозорда баъзи тижоратчиларнинг товарларини мусодара қилиб, баъзилариникини эса бир қисмини мусодара қилиб бир қисмини қайтариб беради. Собиқ шўро даврида БХСС бўлимии бўлар эди. Ҳозирда бозорларни назорат қилаётган милициялар ҳам ана шу БХСС функциясини бажаради-ю, фақат кўпроқ салоҳиятга эга.

Раҳбарлар дарғазаб бўлган аёлларнинг бақир-чақиридан саросимага тушиб қолди ёки жанжал кучайиб кетмасин, деди, шекилли, майли, ҳозирча савдо қилиб туринглар, кейин албатта лицензия ва сертификат оласизлар, деб савдо қилишга рухсат беришди.

***

            Шу йил 22 февраль жумъа куни туман ҳокимлик биносида, ҳоким муовини Бахтиёрнинг хонасида, МХХ ходими Алишер, ИИБ бошлиғи муовини Солижон, туман диний идора бош имом хатиби Турғунов Иззатилло ҳамда “Номозгоҳ” маҳалла ФЙ раиси Неъматжон Абдурахмоновлар тўпланиб, “Номозгоҳ” масжиди имоми Абдураҳмонни сўроқ қилишган.

Алишер ва Абдураҳмон ўртасида ушбу савол-жавоб бўлиб ўтган:

– Нима учун масжидда болаларни ўқитасизлар?

– Биз болаларни ўқитмаймиз, аммо масжидга кириб намоз ўқиётган болалар намоз ҳақида билмаган нарсаларни сўрашса, биз бунга жавоб беришга масъулмиз.

– Нима учун сиз имомлар ҳафтада бир марта учрашиб мажлис қиласизлар?

– Мажлис қилмаймиз, аммо биз имомлар ҳам бошқалар каби ҳафтада бир марта тўпланиб гап-гаштак қилишга ҳақлимиз.

Маҳалла фуқаролар йиғини раиси Н.Абдураҳмонов савол берган: “Нима учун сиз президентимизнинг “Меҳр ва Мурувват” йили деганини масжидда маъруза килмайсиз?

Жавоб ушбу бўлган: – Меҳр-мурувват ҳақида доим маъруза қиламиз, сиз масжидга кирсангиз бу ҳақда билар эдингиз.

МФЙ  раиси имомларнинг иш вақти неччидан неччигача бўлади ва кун бўйи улар қаерларда бўлади, буни қандай назорат қилиш керак ўзи, деб у  ердагилардан сўраган. Бунга жавобан Абдураҳмон имомларнинг иш вақти бомдод намозидан бошланиб хуфтон намози ўқилиб бўлганча бўлади, кундузи бировларнинг тўй-маъракаси, жанозаси ва бошқа диний маросимларида иштирок этишимизга ҳам тўғри келади,  деган.

Туман бош имом хатиби: “Сиз нима учун биздан сўрамасдан бировларни ишга оласиз ва ишдан бўшатасиз?”, – деб берган саволига, Абдураҳмон: “Мен низом бўйича ишлаяпман”, деган. Шунда Турғунов: “Сизнинг низомингиз 1998 йилда чиққан, ҳозирда янги низом жорий қилинган”,  деган. Шу вақтда Алишер (СНБ): “Демак, қонун бузилаябди экан-да!”, деган. Шунда Абдураҳмон: “Биз қўлимиздаги мавжуд низомга мувофиқ иш юритаябмиз, агар янги низом чиққан бўлса ҳам бизга ҳали тақдим қилингани йўқ”, деб жавоб берган. Йиғилишда масжид фаолиятини назорат қилиб туришни, “Намозгоҳ” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Н.Абдураҳмоновга тайинланиб, йўл-йўриқлар кўрсатилгандан кейин тарқалишган.

Орадан икки кун ўтиб Н.Абдураҳмонов масжидни текширгани кирган, текшириб бўлгач болаларни ўқитмасликни тайинлаб, агар ўқитганларини билиб қолса, қаттиқ чора кўришлигини айтиб чиқиб кетган.

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s