РУКУНСИЗ

Миллат фожеаси

Yusuf Juma-2Миллат фожеаси

ёхуд
хаста халқ, хаста ҳукумат, хаста мухолифат

Дўстлар бир-бирининг кўзгусидир.(мақол)

Гап кўп, чунки дард кўп.

Гапни нимадан бошласам экан.?

Тўғрисини айтиб қўя қолсаммикан.

Миллат ўлди!

Ҳамма дод деб юборади, улуғ миллатни, Амир Темурни берган миллатни, Навоийни берган миллатни (яна уч-тўрт номни келтиришади, шўрлик номлар, фақат номлари ёдланган шўрликлар, руҳлари чирқираётган зотлар номлари) ерга ураяпти, ҳақорат қилаяпти деб. Яхшиси ҳақиқатни қисман кўрсатса ҳам юмшоқроқ қилиб бошлай қолай:

Миллат ўлаяпти…

Паспортда Мустақил Ўзбекистон паспортида (гўё ер юзида фақат битта Ўзбекистон мустақилдай фахрланамиз, гўё чеченлардай қон тўқиб олгандай фахрланамиз) жинси деган жойга эркак деб ёзиладиган жониворлар дунёнинг мардикор бозорини забт этди. (Кимсан Амир Темур авлодларида).

Жинси деган жойига аёл деб ёзиладиганлари дунё фоҳишахоналарини тўлдирдилар. Фоҳишалик қилганлари учун чет эл турмаларида ётибдилар. Миллатнинг жони бўлган эрлари зиндонларда ўлдирилдилар, ўлдирилмоқда. Бундай миллатни тирик деб бўладими?Асосий қисми қишлоқларда яшайдиган ўзбекнинг эркаклари иш қидириб олис шаҳарларда, олис юртларда сарсон саргардон. Қишлоқлар эркакларсиз қолган. Ойлаб, йиллаб иш излаб, ишлаб уйида бўлмаган ўша ёқлардаги бузуқ аёллар билан бўлишади. Бузуқ аёлларнинг аксарияти турли таносил касали билан оғриган аёллардир. Унча мунча дардни дард демайдиган ўзбек касалга чалиниб даволатмай юраверади. Қишлоққа қайтгач, бу касалликни аёлига юқтиради. Мана шундай халқдан соғлом авлод туғиладими?!

Юзаки қараганда «намунча ваҳима қилмасанг », дейишлари мумкин.

Чуқур ўйланса, бу – миллатнинг бузилиши, бу – миллатнинг айниши, бу – миллатнинг қирғинидир.

Уч аёл суҳбатлашмоқда:

– Кеча «Озодлик»да айтибди: Фарғонада бир она бир боласини 150 мингга сотиб, бошқа болаларини боқаётган экан.

–Уҳў, — деди иккинчи аёл, – Водийда анча қиммат экан. Бизнинг Қоракўлда жуда арзон, бир келинчак қизалоғини 10 мингга сотган.

–Қани мен ҳам ҳаридор топсам,–деди учинчи аёл, –Барини текинга берардим, очликдан ўлишмасин деб, ўлиб-тирилиб юрибман.

Бундай халқни тирик деб бўладими?!

Тирик деб бўлмас экан, демак ўлган экан-да, майли кўпчиликнинг кўнгли оғримасин, ўлаётган экан-да.

Бу фожеанинг айбдорлари кимлар?!

Айрим «мухолифатчилар» система дейдилар. Мен «Каримов эмасми» деб сўрайман.

– Каримов билан ишимиз йўқ, айбдор Каримов эмас – система!

– Ҳой жаноблар, сиз айтаётган система нимадан тузилган.

Кирпичданми?!

Бетонданми?!

Арматураданми?!

Дарахтларданми?!

Ҳайвонларданми?!

Сувданми?!

Оловданми?!

Ё Каримовга ўхшаганларданми?!

Менимча, жаноблар, бош айбдор, шубҳасиз Ислом Каримовдир. Сиз айтаётган система Каримов ва унинг командасидир. (Озроқ сабр қилинг, Каримов тахтдан кетсин, Халқ шоирлари, Халқ ёзувчилари, қаҳрамонлар «Халқ Сўзи»га ўхшаган газеталарни тўлдириб-тўлдириб ёзишади. Сталин ҳақида, СССР ҳақида ёзаётгандай. Ҳозирликча улар Каримов соясида от миниб, яйраб, яшнаб ўша кунларни кутмоқдалар).

Бироқ миллатни, халқни шу куйга солган фақат Каримов ва унинг командасими?

Миллат фожеаси масаласи адолатли судда кўрилса, кимлар қора курсиларда ўлтирарди?

Қора курсилар сони нечта бўларди?

Мингтами, юз мингтами?

Йўқ!

Миллионлаб қора курсилар керак бўларди, балки ўн миллионлаб, нега?!

Қора курсилар қўйилган жойнинг тўрида Бош айбдор жаноб Каримов ва тўралари, жаллодлари бўларди. Улар билан ёнма-ён мухолифат ва халқ ҳам жавоб берарди.

Мухолифат,

Халқ!!!

Нега?!

Бу система осмондан тушдими, Каримов осмондан тушдими?!

Миллатни ўлдирганлар, Каримовни Каримов қилганлар Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Ўткир Ҳошимов, Саид Аҳмадлар эмасми? Бу руйхат минглардан кўп.

«Бирлик»ни бўлганлар эмасми?! «Ёзувчилар уюшмаси»ни бўлганлар эмасми?!

Ҳаммасига томошабин бўлиб турган қўрқок муъте халқ эмасми?!

Соғлом онадан соғлом фарзанд туғилади, буни билиш учун Ибн Сино бўлиш шарт эмас.

Носоғлом онадан — Халқдан, соғлом ҳукумат, соғлом мухолифат туғиладими?

Ноқис, ногирон Халқ, ноқис, ногирон ҳукумат, ноқис, ногирон мухолифат!

Миллат шу туфайли фожеага йўлиқди.

Нега биздан Андрей Сахаровдек шахс чиқмади? Одил Ёқубов шундай шахс бўлиши мумкин эди. У «Ёзувчилар уюшмаси»ни халқ минбарига айлантирди. У Московда ўзбек қулдан баттар, деб бонг урди. У «Бирлик» ва «Эрк»ни бағрига босди. Афсуски, Одил Ёқубов кураш йўлидан чекинди.

Нега, балки ишонган шогирдлари хиёнат этганидандир. Балки, бола-чақасини ўйлагандир. «Ёзувчилар уюшмаси»нинг сўнгги қурултойида унга ташланишди. Унга ташланмаган бўлса-да ташланганлар билан бирга ўтирган Муҳаммад Солиҳни кўрганман. Ҳой, нега Одил Ёқубовга ташланаяпсизлар дейишини кутганман, афсуски бу гап айтилмади. Барибир Одил Ёқубов ҳақ йўлида бир умр туриши керак эди. Афсуски… энди ҳар йили мукофот бериладиган, август ойининг охирларида Одил аканинг жаноб И.А.Каримовни мақтаган, каттакон газеталарнинг бир саҳифасини эгаллаган мақолаларига кўзим тушади. Эх, шўрлик Одил ака…..

Каримов «Бирлик»ни шубҳасиз Муҳаммад Солиҳнинг қўли билан бўлди. Балки, Муҳаммад Солиҳ алдангандир. Лекин Солиҳ неча марта алданади?! Нега Шукрилло Мирсаидов зални ташлаб кетган сессияда Муҳаммад Солиҳ отдан туширилган, фақат эгарда қолган Ислом Каримовни асраб қолди. Нега уни яна қайтадан отга миндирди?!

Бу саволга Муҳаммад Солиҳ йўлномасида бир хил, бошқа бир суҳбатда бошқа хил жавоб берган. Иккала жавоб ҳам самимий эмас. Муҳаммад Солиҳнинг бесаноқ алданишлари халққа ҳам, ўзига ҳам, ҳаммамизга қимматга тушди. Бесаноқ инсонларнинг қонлари тўкилди. Миллат адойи тамом бўлди.

Мен ҳурмат қиладиган ўзбекнинг улуғларидан бири билан суҳбатлашардим, суҳбатнинг бир жойида шундоқ дедим:

– Барибир Солиҳни яхши кўрамиз. У барибир ўзимизники.

– Ҳа, энди сен шоирсанда, яхши кўраверасан. Бизни жаллоднинг қўлига ташлаб кетди,– деди, Улуғ.

Мен ғинг деёлмай қолдим.

Бироқ бу дегани Абдураҳим Пўлатовга Муҳаммад Солиҳни террорчиликда айблаш хукуқини бермайди. Тўғри, Абдураҳим Пўлатов Каримовга алданмади. У катта сиёсатчи эди. Ўз вақтида тўғри қарорга кела оларди. Аммо кейинги пайтларда жиноятчи ҳукуматга жўровоз бўлиб Муҳаммад Солиҳни жиноятчига чиқаришга умрини бағишлаяпди. Ахир Каримовда шундоқ ҳам прокурорлар етарли.

Ҳатто кимдир сотқин бўлганда ҳам сотқинликка сотқинлик билан жавоб бериш иймонданми?!

Журналист Руслан Шарипов камалди. Уни кечаги сафдошлари ҳимоя қилмади, ҳатто айримлари хурсанд бўлди. Мен бунга ҳайрон қолмадим. Мени ҳайрон қолдирган Васила Иноятованинг «Озодлик» радиоси мухбири (Жамшид Шомуродов) билан қилган суҳбати бўлди: Руслан ўз айбига иқрор бўлди,– деди Васила Иноятова. Руслан турмада, Руслан жаллод қўлида. Гитлер ҳам, Сталин ҳам беллаша олмайдиган жаллод қўлида. Бу жаллод қўлида ўлиб қутилишни истасанг, ўзи истамаса, ўлишингга йўл қўймайди. Руслан: Америкадаги эгизак осмонўпар биноларни мен портлатдим, дейиши мумкин, қийноклар остида. Мен ҳам айтишим мумкин, худо кўрсатмасин Васила Иноятова ҳам айтиши мумкин, уларнинг, жаллодларнинг қўлида. Васила буни яхши билади. Билиб туриб, нега Русланни қоралаб бераяпти, яна халқаро радиода, бу жаллод ҳукуматга? Шоврукдай «Бирлик»чилар қонини ичган ҳукуматга.

Василанинг инсон ҳуқуқлари йўлида катта хизматлари бор. Ўзбекистонга Бовеннинг келишида ҳам шубҳасиз Васила катта рол ўйнади. Нега букун Каримовга прокурорлик қилмоқда?

Мен «Миллат фожеаси»ни—ушбу мақолани ёз фаслида ёзганман. Айрим жойларини кузнинг охирида қўшдим. 2003 йилнинг 12-15 ноябрида Тошкентдаги «Саёҳат» меҳмонхонасида Пўлат Охун ўтказган анжуманда, Президент истеъфосини талаб қилиш керак, деган «ОЗОД ОВОЗ» ташкилоти раҳбари Бобомурод Абдуллаевни Васила Иноятова, «Кўчага таёқ кўтариб чиқишга чорлаяпсан, Хизб ут- Таҳрирдан ҳам қудратлимисан, халқни қирмоқчимисан» деган мазмунда айблади. Оддий ўзаро суҳбатда бўлса ҳам майли эди, каттакон анжуманда айблади. Нима бало, «Бирлик» раҳбариятини Каримов прокурорлик лавозими билан таъминлаганми?! Худо кўрсатмасин, буларга ҳокимият тегса, Каримовдан ҳам даҳшатли режим ўрнатмайдими? Каримовдан нима фарқлари бор?

Каримов режимининг барча қийноқларини бошидан кечирган, кечираётган ёзувчи Мамадали Маҳмудов диктатура зиндонининг энг тубида ётиб, бир ўзи бир партиянинг ишини қилмоқда. Унинг зиндондан чиқаётган овози — мактублари разил режим башарасини очиб берди, фош қилди. Зиндонда туриб фикрлаши очиқда, яна хорижда юриб фикрлашаётган, курашаётган—очиғи бир-бирини еб ётганлар фикрларидан, ғояларидан юксакдир. Унинг хатларида, БиБиСи(BBC)га берган суҳбатларида ҳатто Ўзбекистонни таназулдан олиб чиқиш йўллари ҳам бор. Мамадали Маҳмудов боши кундада – қилич остида туриб, Муҳаммад Солиҳга, Абдураҳим Пўлатовга бағри кенглик билан ҳаққоний баҳо берди. А.Пўлатов қўлидан келганча уни ҳимоя қилиш ўрнига унга қарши мақола ёзиб ўтирибди.

Касал халқ, касал ҳукумат, касал мухолифат.

Пўлатов шундай йўл тутгач, Ўзбекистон қаҳрамони Озод Шарафиддиновдан нега хафа бўлайин? Озод Шарафиддиновдан Би Би Си (ВВС) мухбири:

– Домла, Салмон Рушдийга очиқ хат ёзяпсиз, яхши, бироқ Эмин Усмон ўлдирилди, Мамадали Маҳмудов зиндонда ётибди, нега бу ҳақда индамайсиз – деган мазмунда савол берди.

Ўзбекистон қаҳрамони қуйидаги мазмунда жавоб берди:

– Эминжонни яхши билардим, уни журналга ҳам ишга олмоқчи бўлганман. Очиғи унга давлатнинг қарши бўлганига ишонмайман. Мамадали масаласига келсак, хабарим йўқ…

Ҳой, домла, Эмин Усмон раҳматлик Сизнинг ўғлинггиз — Алишер Озодович раҳбарлик қилаётган жаллод терговчи қўлида ўлди, билмайсизми?!!!

Мамадали Маҳмудов тергови тепасида турган ҳам Сизнинг ўғлингиз—Алишер Озодович.

Ё Ўзбекистонда жиноятларни кўриб, кўрмаганга олаётган Бош жиноятчини мақтаётганларга қаҳрамонлик бериладими?

Э, кечирасиз, домла, бу ҳақда шогирддинггиз Ўткир Ҳошимов деди:

– Озод акага қаҳрамонлик бекорга берилмади. Бу буюк инсон—қаҳрамон, мустабид СССР даврида биз студентлар пахта йиғимига чиққанда, далада Чўлпон шеърларини ўқирдилар.

Э, раҳмат, домла. Бу халқда ҳам эрлар бор экан-ку. Қаранг, далада Чўлпонни ўқибсиз. Сизга қаҳрамонлик ярашади. Қани эди қўлимда бўлса, Сизга яна битта юлдуз тақиб қўярдим. Қўш юлдузли қаҳрамонимиз бўлардинггиз. Ҳа, айтгандай, эртага Ўткир Ҳошимовга олтин юлдуз тақилса, нодон мухбирчалар, сўраб юрманглар, нега Ўткир Ҳошимовга қаҳрамонлик берилди, деб. Ахир Озод Шарафиддинов қўрқмай Чўлпон шеърларини ўқиганда, Ўткир Ҳошимов қўрқмай эшитган, далада — Мирзачўлда. КГБ Мирзачўлга овоз ёзиб олгичлар ўрнатганда нима бўларди? Хайрият СССР Каримов режимидан илгари ўтган. Кейин келганда борми, чўлга ҳам овоз ёздириб олгичлар ўрнатиб қўярди. Худо кўрсатмасин … Ҳозир чўлда ҳам дилдагини айтолмайсиз. Чўлда ҳам қулоқ бор.

Яна бир гап. СССР даврида Жиззахда каттакон бир йиғинда, Республика бўйича йиғин ўтказилганда, Мамадали Маҳмудов Чўлпон шеърларини ўқиди … Ўткир Ҳошимов, Иброҳим Ғафуровга ўхшаганлар эшитишдан қўрқиб, қочиб қолишади.

М.Маҳмудовга қаҳрамонлик эмас, озодлик ҳам бермаяпти, жаллодлар…

CCCР давридаёқ Чўлпон шеърларини баралла қўшиқ қилиб куйлаган ўзбекнинг буюк ҳофизи Дадахон Ҳасан мана ўн йилдир-ки уй қамоғида ўтирибди.

Ногирон халқ, ногирон ҳукумат, ногирон мухолифат.

Мана битта «Халқпарвар»нинг уйи, эшик ёнбошидаги тугмачани босасиз, эшик очилади. Сафдошинггизни кўриб қувонасиз, қучоқ очасиз. Уйга қадам қўйишингиз билан девордаги ёзувга кўзингиз тўшади: бизда ҳожатхона ишламайди. Ҳаммаси тушунарли, ҳожатхона ишламаган уйдан тезроқ кетиш керак.

– Мен қайтаман,–дейсиз,– бир кўриб ўтай дегандим.

– Йўқ, йўқ,–дейди сафдош, тўрга ўтиргизади.

Бир шўрлик муслима келинчак нажот истаб келган, дардини айтаяпти, дарди оғир:

– Дадаси турмада, бола дадамни кўраман дейди.

– Болани олиб бора кўрманг, шўрлик ота аламдан ўлиб қолади. Ҳамма нарсага чидаш мумкин, бола билан турмада хайрлашиб қолиш даҳшат,–дейман, гапини бўлганим учун узр ҳам сўрамай, даҳшатли манзарани кўз олдимга келтириб тоқатсизланиб, мен.

– Қандай олиб бормайман, олти ойни зўрға ўтказишади. Келган куннинг эртасига сўрай бошлашади: «Ойи, дадамни яна қачон кўрамиз » деб, олти ойдан кейин деб жавоб бераман. «Олти ой деганинггиз нима деганингиз» деб сўрашади. Мен гугурт чўпидан санаб, олти ойнинг ҳар кунига биттадан,180 дан ортиқ дона тайёрлаб бераман. Ҳар кун биттадан гугурт чўпи олиб ташлайсан, тамом бўлгач яна даданг билан учрашамиз, дейман. Бола айтганимни қилади. Бироқ анча пайт ўтгач сабри тугаб, гугурт чўпини битталаб эмас, кўплаб олиб ташлай бощлайди. Гўё ҳаммаси гугурт чўпи доналарига боғлиқдай.

«Халқпарвар» сафдошим шўрлик муслиманинг дардини эшитмай, номоз пайти бўлди деб, туриб кетади. Мен дин илмидан бехабар одамман. Бу «Халқпарвар»нинг ўқиган номози парвардигорга керакмикан?

Балки, муслима дардларини тинглаб унга кўмак йўлларини изласа, Парвардигор миннатдор бўлар.

Билмадим…

Билганим шу-қи, бу уйда ҳожатхони ишламайди. Ўз сафдошларига ҳожатхонасидан фойдаланишни раво кўрмайдиганлар, халқка ёруғлик берармикан…

Ўзини мухолифат вакили деб биладиган, хориж радиоларининг бирида ишлайдиган «Сафдош» билан дала айланардик:.

– Сиз «Озодлик»да ишласанггиз яхши бўларди,– дедим,–«Озодлик»ни кўпчилик эшитади, халққа кўп гап айтиш мумкин.

– Йўқ, йўқ,–деди мухбир, — «Озодлик»да пулни кам беради. Бизда эса ҳар бир хабар эллик доллар!

Хаёли пулга кетди, шекилли, йўл ёқасидаги ахлат ўрага тушиб кетди. Шими расво бўлди.

– Шимни ювдирайлик,– дедим мен.

– Йўқ, йўқ! бу ердагилар жинси қандоқ ювилишини билишмайди, шим титилиб кетмасин тағин. Қўритиб қоқаман, кийиб кетавераман.

Шулар халққа озодлик берадими?!

Халқни битта шимга алмаштириб юборишмайдими?!

Ногирон халқ, ногирон ҳукумат, ногирон мухолифат.

Мен ишонган халқпарвар йигитлардан бири жуда сўзамол, хотираси яхши. Ўқиган бир икки китобидан суҳбатга мос жойини танлаб мени ҳайратга солади. Айниқса, хадисларни ўрнида ишлатади. Уни яхши билмаган одам, э бу йигит ҳақиқий мўмин экан-ку, деб ўйлайди.

Бир суҳбатда Муқанна ҳақида гапирдим:

– Муқаннани мақтаманг, Муқанна кофир,– деди йигит жаҳл билан бақириб.

Менинг ҳам жаҳлим чиқди:

– Босқинчига қарши курашган, ўзини ўтга ташлаган. Қани сизнинг тирноғинггизни қўпарай-чи, ёқадими, буюкни буюк дейиш керак. Ислом билан босқинчини аралаштирманг.

Йигит бақириб Муқаннани ёмонлашда давом этди.

– Нега бақирасиз,– дедим йигитга,– ўтган кун фалончи: «дунёни нотузук яратган» деб, Худони сўкди, сиз жимгина, кулиб ўтирдинггиз-ку! Нега унга бақирмадинггиз?!

Чунки йигит Худони сўккан одамдан озроқ манфаатдор эди. 300-400 доллар. Демак, Худони уч юз-тўрт юз долларга сотганлар миллатни озод қиладими?!

Мен ишонган яна бир «Ҳақикатпарвар» ҳақида:

2001 йил ноябрь, кор ёғарди, совуқ қаҳратон. Ярим тунда Бухородан Тошкентга келган, бағрига боласини босган аёл, эри турмада ётган аёл «Халқпарвар», «Миллатпарвар»нинг, мен ишонган ҳақпарварнинг эшигини қоқади:

– Ўғлим отасининг ноҳақ қамалгани учун элчихоналарга бораман деб, Тошкентга келганди. Сизникида деб эшитдим. Шу ердами?

– Ўғлинггиз бизникида эмас.

– Кечирасиз, омон бўлинг!

– Майли,– дейди «Халқпарвар», шўрлик аёлга эшик ёпаркан.

Остонасида тонгни оттирса давлати камаярмиди?!

Мунофиқ халқ, мунофиқ ҳукумат, мунофиқ мухолифат!

2000 йилнинг охирларида менга навбатдаги жиноий иш очилди. (Каримов режими мени уч марта судлаган). Қамалишим аён бўлгач, Бухородан Тошкентга қочиб кетдим. Мен учун ҳамма эшик ёпилди. Дўстлар ҳам, душманлар ҳам мендан вабодан қочгандек қочишарди. Бутун миллат қочарди. Ҳатто «Ёзувчилар уюшмаси»нинг Дўрмондаги боғининг айрим ходимлари мени миршабларга ушлаб беришмоқчи бўлишди.

Бир кун эрталаб ёзувчилар уюшмасининг эшиги олдида юпун ўтирардим. Ҳаво совуқ, қиш куни. Ўзбекистон қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов уйидан Тошкентга кетаётиб, боғда тўхтаб ўтди. Машинасидан тушмасдан эшикни очиб, боғ ходимларига—қаршиликларга мени кўрсатиб, ғазаб билан бақирди:

– Ҳайданглар буни…

Мен ҳайрон қолдим, бу биз осмонга кўтариб юрган Абдулла Ориповми, ё Каримовнинг жаллод миршаб бошилариданми?!

Мен Дўрмондан чиқиб кетгач, қорли, қаҳратон кунларнинг бирида, тунда мени излаб, қўлидаги гўдаги билан аёлим Дўрмонга боради. Асли қашкадарёлик бўлган, ёзувчиликка умуман алоқаси бўлмаган, боғнинг Абдулла Орипов номидан иш кўрадиган, Ҳожи деган кимса: «сизларга боққа кириш мумкин эмас, ҳозироқ кетинг», дейди. Рафиқам қўлидаги болани кўрсатиб, шу тунга жой беринглар, пулини ортиғи билан тўлаймиз, эртага чиқиб кетамиз, дейди.

– Йўқ, – дейди, Ҳожи,– Юсуф Жумаевга алоқадор кимсалар қўйилмайди

– Менинг ҳақим бор. Мен шоирнинг хотиниман, Абдулла акага айтинг, руҳсат беради, – дейди.

А. Ориповга телефон қилишади. Қаҳрамон шоир, «ҳайданглар, мумкин эмас» дейди.

Абдулла Орипови шу бўлгандан кейин, бу халқнинг ичида яратгани учун фалакка лаънат дегинг келади. Нега қашқирлар ичида яратмадинг, қашқирлар ҳам бунчалик бағритош эмас. Нега қузғунлар ичида яратмадинг, қузғунлар ҳам бунчалик бемеҳр эмас. Нега итлар ичида яратмадинг, итлар вафодор. «Бизники»лар милён йилда ҳам итлар даражасида юксалмайди.

Эркин Воҳидовга бордим. Ўзбекистон қаҳрамонига! Бир марта юқоридан пастга тушиб келди. Мен билан гаплашди. Мен қарши курашган, Бухородаги беҳисоб жиноятлар қайд қилинган аризани бердим. Шу-шу, у мендан турли баҳоналар билан қоча бошлади. Мен унга ўнта «Ҳамса» ёзсанггиз ҳам халқ сизни кечирмайди, 37-чи йилдан баттар вазиятга бефарқ қараётганингиз, маддоҳлик қилаётганингиз учун деган мазмунда хат ёзиб қолдирдим. Эркин Воҳидов хат ёзиб, хатимдан ўқингганини, ёрдам беражагини билдирган.

Мен Эркин ака билан учрашдим. Қўйнимни пуч ёнғоқлар билан тўлдирди. Ҳеч иш қилмади. Қидирувда пайтим хотиним Э. Воҳидов қабулига келган, Олий Мажлис биносида телефон орқали бир марта гаплашган. У ёрдам бериш ўрнига: «нега фақат ўзини ўйлаб, бола-чақасини ўйлаб, шеърини ёзиб юрмайди. Ҳатто мен билан ҳам юз хотир қилмасдан гаплашади. Раҳбарлар билан қандоқ гаплашишини тасаввур қиламан», деб мендан хотинимга шикоят қилган. Э.Воҳидов бошқа гаплашмаган, қочган.

Хотиним эмизикли боласини қўлига олиб, у ишдан қайтаётганда йўлига чиққан. Рафиқамни таниб, шофёрга нимадир деган, эмизикли боласи билан йўлида турган аёлни четлаб ўтишга уриниб, бостириб келаверган. Шўрлик рафиқам болани ва ўзини зўрға четга олган. Мана Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон қаҳрамони Э. Воҳидов!

Бу кун Эркин Воҳидов деганда эмизикли боласини кўксига босган, кўзлари ёшга тўлган, тиз бўйи қорда орқаси очиқ шипакда юрган, аёлни машинаси билан бостириб келаётган кимсани кўз олдимга келтираман.

Жаноб Эркин Воҳидов!

Бир рассом эртага мен айтган сувратни чизади. Озодлик даври келганда, авлодлар «Эркин Воҳидов шу экан-да», деб асл қиёфанггизни кўришади.

Эсинггиздами, СССР замонлари эди. Сиз нашриётда директор эдинггиз. Бир йиғинда бир ёзувчи сизни, ўз китобларини босаяпти, бошқаларникини қолдиряпти, деб айблади. Мен ўша ёзувчига бас қилинг, Эркин аканинг юраги оғрийди, деб тинчитдим. Эртаси куни сизга бориб, Эркин ака юрагинггизга олманг, Сиз халққа кераксиз, деганман. Сиз, юракка олмайман деганим билан, барибир бу гаплар юракни тешиб ўтади, деган мазмунда гапиргансиз.

Бир ҳамкасбингизнинг бир оғиз ноўрин танқиди юрагинггизни тешиб кетган экан, нега милёнларнинг кўз ёши, зиндонларда ўлаётган минглаб жувормарг йигитларнинг руҳи, мазлумларнинг дод фарёдлари юрагингизни безовта қилмайди. 2000-чи йил охирида, охирги суҳбатимизда, Каримов режими Сталин режимидан ҳам даҳшатли эканини сизга исботлаб берганман-ку, ё Сиз «Ўзбегим» деганда фақат ўзинггизни тушунганмисиз?!

Шовруқ Рўзимуродов эсинггиздами?

Жаҳонгир Муҳаммаднинг ёзишича, Сиз Шовруқнинг депутатликдан кетишига рози бўлиб, имзо чеккансиз. Шовруқ руҳи сизни безовта қилмайдими? Қандай қилиб тинч ухлаяпсиз?

Ё Каримов билан рузи маҳшаргача, шундоқ ялло қилиб юраверамиз деяпсизми? Барибир Рўзи-маҳшаргача юрсангиз ҳам, Рўзи-маҳшарда жавоб беришга тўғри келади. Ё саволларим ноўринми?!

Ҳой ҳалойиқ, ҳой эрлари ўлдирилган туллар, ҳимоясиз етим-есирлар, эрлари зиндонларда ётган, гўдакларини бағрига босган аёллар, йўлдан қочинглар, Э.Воҳидов келаяпти, машинаси босиб кетса ўзинггиздан кўринг.

Ногирон халқ, ногирон ҳукумат, ногирон мухолифат.

Хуллас, қувғиндаги шоирга ҳамма эшикни ёпди, ҳамма қочди. Кекса рус аёли Вера Афанасеевна ва унинг қизи, Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси, иродали жасур аёл Елена Урлаевадан бошқа. Ҳамма унга эшик ёпди.

Орадан йиллар ўтди.

2003йил 3 май, ўн икки яримлар, Тошкентдаги машҳур меҳмонхоналардан бирида Европада Тикланиш ва Тараққиёт банки президенти Ж.Лемьер жаноблари инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари билан учрашув ўтказмоқда. Учрашувдан мақсад Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари борасида вазиятни ўрганиш, шундан келиб чиқиб Ўзбекистон ҳукумати билан мулоқотда бўлиш.

Залда ҳамма «ўзимизниқилар», сўзга чиқишни истаган қўл кўтаради ва унга сўз берилади. Мен энг биринчилардан бўлиб қўл кўтардим. Сўз берувчи йигит мени нечоғлиқ «хуш» кўришини билардим. Шу туфайли барвақт ҳаракат қилмасам мени сўздан қолдиришини билардим. Мен қанчалик ҳаракат қилмайин сўз берилмади, учрашув вақти қисқа эди. Бир соатдан ошар ошмас.

Мен қарийб минг км дан автобусда эл дардининг бир чимдимини дунёга айтаман деб гўр азобини тортиб келганман. Учрашувга келганлар нутқлар ёзиб, аввалдан тайёргарлик кўришган, табриклар тайёрлашган.

Искандар Худойберганов бошлаб бердилар. Абдусалом Эргашев, Толиб Ёқубов, Васила Иноятова, Отаназар Орипов, Исмоил Дадажонов… анча мунча кишилар гапирдилар. Бироқ менга сўз берилмади. Мен ўрнимдан туриб олдим. Сўз беришини талаб қилдим. Ноилож сўз берди, мен гапира бошладим.

– Ўзбекча гапириш мумкин эмас,– деди учрашувни олиб бораётган йигитча.

– Мен русчани билмайман, бу ер Ўзбекистон, ўзбекча гапиришга ҳаққим бор, дедим.

– Унда таржимон топинг,–деди.

– Майли,–дедимда, микрофонни ёнимда ўтирган «сафдошим»га тўтдим

– Йўқ, йўқ,–деди микрофонни мен тамонга итариб, «буюк сафдошим»,–мени аралаштирманг.

– Юсуф ака таржимон топиб бўлди,– деди олиб борувчи йигит ва сўзни бошқага бериб юборди.

Бу мени гапиртирмасликка сўнгги уриниш эди. Мен қатъий қилиб дедим:

– Бундай қилганингиз учун жавоб берасиз, Сухроб! Мен гапираман деб келганман, гапираман.

Ғалати вазият юзага келди. Банк Президенти ҳайрон. Ахир залдагиларнинг 80% ўзбек бўла туриб, бирортаси таржима килишни истамаса.

Залда яна мени биргина Елена Урлаева ҳимоя қилиб, турди. Биргина Елена, афсуски ўзбекчани билмайди. Йўқса жон деб таржима қиларди.

Хайрият Намангандан Ҳошимжон ака таржима қилди. Кўпчилик ҳар сўзимдан кейин худди осмондан бомба ёғаётгандек чайқалишарди…

Ўша учрашувда кўплар Лемьерни табриклашди. Табриклаб баёнотлар беришди, йиғилишнинг Ўзбекистонда ўтаётгани билан табриклашди. Бироқ табриклаб баёнот берганлардан бири, жаноб Лемьер Ватанига учиб кетаркан, ҳали унинг самолёти юртига қўнмасдан, «Озодлик» радиосига интервю бериб, йиғилишнинг Тошкентда ўтгани нотўғри бўлганини айтди. Ё тавба…

Ноқис халқ, ноқис ҳукумат, ноқис мухолифат.

Ушбу қораламаларимни кимдир ўқиса, нега миллат ҳақида гапираяти-ю, ўзи ҳақида ёзаяпти, дейиши мумкин.

Ростдан ҳам нега?

Чунки ўзим гувоҳ бўлган воқеалар, далилларни ниҳоятда беҳисоб бўлган рақибларим рад қилиши қийин. Қолаверса, арзимагандек туюлган манзарадан бутун миллат манзараси номоён бўлиши мумкин.

Тарас Бульбани эсланг муштук… щу ҳам нарса бўлдими? Бироқ Тарас Бульбанинг Тарас Бульбалиги арзимаган нарса туюлган муштукда кўриняпди. Душманга муштугини ҳам раво кўрмайди. Гогольнинг буюклиги ҳам муштукда…

Энг ишонган одаминггиз алдаса ҳеч кимга ишонмайдиган бўласиз. Афсуски…

Буюк Махтумқулининг «Дурли деб ичганим қумли чиқди» деган шеъри шундай якунланади.

Махтумқули, ҳисоби йўқ кўраним,

Тама тутиб умид қўлин бераним,

Яқинига эрмиш дея бораним,

Этагина қўл урсам ….. чикади.

Журналист Карим Бахриев нодавлат ташкилотлардан бирида ишлайди. Баъзи баъзида озодлик, демоқратия тўғрисида чиройли-чиройли фикрлар айтади.

Журналист Мурод Абдуллаев давлат газетаси муҳаррири. У мақолаларини мустақиллик ва озодлик асосчиси И.Каримов номи билан бошлаб, шу ном билан тугаллайди.

Ҳар бири бошқа-бошқадай кўринади, минус билан плюсдай. Аслида, қилаётган «ишлари» бирдай.

Мурод Абдуллаевга шеърларимни элтиб берганман, чикармайди.

Карим Бахриев шеърларимни китоб қиламан деб, сўраб олган. Мана ха демай икки йил бўлади. Қўлёзмаларимни қандай олган бўлса, ўшандай чанг босиб ётибди…

Ишларига қарасанггиз давлат томонида ишлаётган билан нодавлат томонда ишлаётган якдил…

Ўзбекистонда ишлаётган кўпгина халқаро, нодавлат хорижий ташкилотларда галстук такиб олган, чиройли-чиройли йигитчаларни, европача кийинган чиройли-чиройли қизчаларни кўрасиз. Дилида миллат дарди бўлмаган, қайси идорага ишлаши пешонасига ёзиб қўйилган кимсалар, айниқса ёшлар, кўпайиб кетди. Чет ҳукуматларининг бирининг ходими билан учрашдик. Юқорида айтганим чиройли йигитчалардан бири таржимонлик қилди. Гарчи хотирам ёмон бўлса-да унинг тулки башараси ҳеч қачон ёдимдан чиқмайди. Сўз орасида прокуратура ходимларидан бирининг бир адолатли иши ҳақда гапириб ўтдим. Ўша ходимга кўп ўтмай туҳмат уюштирилди.

Хьюман Райтс Вотч (Human Rights Watch) ташкилотидан бошқа барча чет эл ташкилотларини мана шундай чиройли йигитчалар, қизлар босиб кетган.

Ўзбекистонда армиядан қолиш ҳам, бориш ҳам порасиз бўлмайди. Борувчилардан сўранг, нега армияга бораяпсан деб, ё СНБга, ё ИИБга ишга кириш учун дейди.

Нахотки, бу идораларнинг штати, иш ўринлари чегарасиз бўлса. Кошкийди бу саноқсиз ходимлар элу юрт манфаати йўлида бўлса. Барчаси мухолифатни қирғин қилишга қаратилган иш олиб боради.

Мен камалганимда СНБнинг катта-кичик ходимларини яқиндан кузатдим. Аксарияти саводсиз, бироқ саллани ол деса каллани оладиганлар. Афсуски, ҳозир буйруқ ҳам саллани ол деб берилмайди. Калла олинсин деб берилади ва ижро этилади.

Шу ўринда бир гапни айтай, СНБ чилар мендан қарздор. Чунки унга шеър—шер деб эмас, шеър деб ёзилишини ўргатганман. Мардикор халқнинг иштонини текширишдан бошқа нарсага ярамаган, шеърни шер деб ёзадиган кимсалар Ватаннинг бир кунига ярайдими? Яраганда Ватан эл шу ахволга тушармиди. Энг даҳшатлиси шунда-ки СНБга айғоқчиман деб кап-катта кимсалар гердайиб юради. Бир колхоз раисини биламан, ўзини СНБ агенти деб мақтаниб юради. Қиладиган иши шундан иборат-ки, Бухоронинг СНБсига овланиши маън қилинган кийикларни овлаб беради. Энг даҳшатлиси шунда-ки, эл ҳам унга ҳурмат билан қарайди — фалончи ака тўйимизга келдилар, СНБнинг агенти.

Сотқинлик билан, хоинлик билан, хоинлари билан мақтанадиган биздан бошқа халқ борми?!

Эй, халқ, кўзингни очсангчи!

Хоинларни урчитаётган идора халқни халққа қарши қўйяпти-ку, ўзинг ўзингга қарши курашяпсан-ку. Ё алхазар.

Гар қуёнга йўлиқса,

Қочиб қолади урён.

Шундоқ дея сен халқни

Ерга урасан, нодон.

Гар истасанг бу элни

Похол каби урасан

Шундоқ дея сен халқни,

Тағин ерга урасан.

Заминда не қасдинг бор

Юрагимни тиласан.

Ерга урмагин халқни

Ерни ифлос қиласан.

Руҳий хаста халқ, руҳий хаста ҳукумат, руҳий хаста мухолифат.

Дейлик деҳқон қовун экди. Кўп қора меҳнат билан ҳосил тайёр бўлди. Тайёр ҳосилни куппа кундузи қароқчилар олиб кетишди. Иккинчи йил ҳам шу ҳол такрорланди.

Деҳқон учинчи йил экин экадими?

Албатта йўқ, агар жинни бўлса бошқа гап. Соғ экан экмайди.

Ўзбек-чи?

Ўн йилдан ошибди-ки, ҳар йили пахта экади. Ҳар йили қароқчи ҳукумат ҳосилни олиб кетади. «Бир йил экдик олиб кетди, беш йил экдик олиб кетди, ўн йил экдик, ҳосилни олиб кетди», деб ўйламайди.

Бундай халқни жинни демай, соғлам халқ деб бўладими? Нормал халқ деб бўладими?!

Худди шундай, ҳар йили пилла боқади. Ўн йилдан ошди-ки, сариқ чақа бермайдилар, қароқчилар. Фақат тортиб олишади. Қароқчининг касби шу, тортиб олади, текинга олади.

Лекин ўзбек парво қилмай пилла боқаверади.

Бундай халқни нормал халқ деб бўладими? Ҳар қишлоқда, ҳар колхозда, ҳар шаҳарда эски кийимлар бозорлари бор. Каттакон бозорлар. Бу бозорларда бутун дунёнинг эски-туски кийим кечаги, оёқ кийимлари сотилади, арзон албатта. Бу кийимлар орасида Чеченистонда ўлган рус босқинчиларининг кийим-кечаги бўлса ажаб эмас. Олис Африкада СПИД дан ўлган марҳумнинг кийим-кечаги бўлса ҳам ажаб эмас. Қайси йўллар билан Ўзбекистонга келади, билмайман. Асосий қисми қишлоқларда яшайдиган ўзбек шу кийимларни киймоқда. Дунёга ипак толаси, пахта толаси сотаётган Ўзбекистон ҳукуматининг халқи дунёнинг сарқит кийимларини киймоқда. Уч ўзбек йиғилиб, суҳбатлашаётган даврага қўшилсанггиз, ўлик ҳидига ўхшаган ҳидларга тоқат қилолмайсиз. Ё фалак, бу ўлик ҳиди халқнинг ўзидан келяптими, ёхуд кийим бошиданми, унисидан ҳам, бунисидан ҳамми?

Ё алхазар, мана Амир Темур авлодлари. Бир жанозада ўтирибмиз, ош берилаяпди. Ҳамма ошга ташланган, сассиқ ҳидга тоқат қилолмайсиз. СССР даврида кўрилган ҳаммомларни ҳам бойлар сотиб едилар. Ҳаммом қолмади, халқ кирга кўникди, ҳар қандай ҳидга кўникди. Мунчалик эмасдир-ов дейишади, албатта, галстук таққан чиройли йигитчалар. Халқни шу куйга солган йигитчалар. Хоин йигитчалар, қишлоқни билмайдиган, халқни билмайдиган тубан йигитчалар…

Дарвоке, халқни шу куйга солишдими, ёхуд халқ ўзини ўзи шу куйга солдими?!

Сасиқ ҳидга кўникди десам, бу ҳақиқатнинг бир чимдими, бу халқ нималарга кўникмади ўзи. Паспортнинг жинси деган жойига эркак деб ёзиб, участкавойдан қўрқиб, хотини, қизини нима қилиб бўлса ҳам нон топишга юборган эркак, эркакми?!

Номусдан ўлганча ҳақни айтиб, дорда ўлган яхши эмасми?!

Эронда, ёки бошқа мамлакатларда фоҳишалик билан шуғулланиб, букун турмаларда ётган ўзбек аёлларининг ака-укалари, эрлари, оталари йўқми?!

Улар инкубациядан чиққанми?!

Замонга тўнкаш осон, албатта, иқтисодий қийинчилик, очдан ўлсинми дегувчилар кўп. Номусдан ўлгунча очдан ўлсин. Шундай Ватанни қароқчига бериб қўйиб, қизини, синглисини Дубайга юборган халққа бу кўргуликлар кам. Бундай халққа Ислом Каримовни подшо қилмай, Вацлав Хавелни подшо қилсинми?!

Қўйга қашқирли яйловни, бургутга юксак чўққини берган тангри, «ўзларини ўзгартирмагунча, ахволларини ўзгартирмайман», деган Куръонда.

Буюк Жалолиддин Хоразмийни эсланг:

У бола-чақасини дарёга чўкдирган. Қувиб келаётган жаллод Чингизийларга қолдиришдан кўра, уларга ўлимни раво кўрган. Номусдан ўлмаслик учун шу йўлни танлаган. Кейин ҳаммаси учун қасос олган.

Замон дейсан, замонни замон қилган сен эмасмисан?!

Замон дейсан, тангалаб йиғнаганингни тонггача карнай-сурнайли тўй қиласан. Бу тўйда ит ҳам ичмайдиган ароқларни ичасан. Уйингда бир дона китоб топилмайди.

Кезиб кўринг, 99% ўзбек оилаларида китоб ўқилмайди. Оилада бирон дона китоб топилмайди. Битта ярим боласининг дарслигини ҳисобга олмаганда.

Дукчи Эшонни танийсизми, жаноб халқ, Мамадали Маҳмудовничи?

Албатта билмайсиз, уч-тўртта кўзи очиқ инсонлардан бўлак ҳеч ким билмайди, танимайди.

Ҳар тўйга ўнлаб яшик ароқ кетади. Бу ароқлар пулига бир уй китоб олса бўлади. Оиласига ҳаммом қурса бўлади. Нега мен бечора халқдан хафа бўлаяпман. Ҳукумат ўқийдими? Саводли ҳукумат бу кадар қабиҳликларни қилмайди. Ҳеч бўлмаса, эртага жавоб беришини ҳис қилади. Навоийдан бир ғазал ўқиган ҳоким борми, Қодирийни ўқиганми мустақиллик мафкура асосчиси деб мақталаётган жаноблар.

Мухолифатчи?

Мухолифат китоб ўқийдими? Айримларни ҳисобга олмаганда. Албатта халқка, ҳукуматга қараганда мухолифатда ўқийдиганлар бор. Бироқ кўпчилиги китобдан йироқ. Бир туман «Маориф» бўлими мудиридан сўрадим, Мамадали Маҳмудовни танийсизми, деб. Мудир йўқ деб жавоб берди. Жаҳолатга ботган халқ Мамадали Маҳмудовни қаёқдан билсин? Оч қоринга тўй қилиб, ароқ ичиб, тўйига СНБ агенти бўлган раис келганидан фахрланиб юраверади-да. Ўғли СНБда қаровул эканидан, ёки ўғли ИИБ формасида эканидан фахрланиб юраверади-да.

Ё фалак, саводсиз халқ, саводсиз ҳукумат, саводсиз мухолифат.

Менинг юрагимни эзадиган яна бир қусур нокамтарликдир.

Мухолифатчиларда ҳам шу касаллик ёмон тарқаган. Албатта, ҳар бирини мақташ керак. Мақташ бўлса мақташ қийин эмас. Анча-мунча хизмат қиляпти, мақташга арзийди, деб мақтагинг келади. Бироқ мақталаётган бунга қаноат қилмайди. Камида битта рақибини, ҳамкасбини ёмонлашинг керак. Бунга эса тоқат қилиб бўлмайди. Ахир, дейман уларга, каримовчилардан нима фарқларинг бор. Каримовни мақтасам, Солиҳни ёмонласам эртага халқ шоири бўламан.

Нега мақтовни мунчалик хуш кўрасизлар? Нега бировни– рақибинггизни ёмонлашим керак?

Шундоқ денг – тамом душмансиз.

Фақат мен мухолифатнинг барча вакиллари билан бирга ишлашаман. Қўлимдан келган ёрдамимни бергим келади. Ҳаммаларининг катта хизматлари бор, қадрлайман. Бироқ буниси билан гаплашсанг униси хафа бўлади, униси билан гаплашсанг буниси хафа бўлади. Мақсади битта –Озодлик бўлган битта йўлда кетаётган одамлар бир-бирларини суяши керак эмасми?! Бир-бирининг хатосини айтиши керак эмасми?! Нега биз нокамтармиз?!

Халқаро Инсон Ҳуқуқлари (Human Rights Watch) ташкилотининг Ўзбекистон бўлими бошлиғи Матильда Богнерни кўрсам бизнинг нақадар тубан эканлигимиздан нафратланаман. Шу қадар камтар-ки, ўзимизнинг орамизда шундай одамлар йўқлигига афсусланаман. 2003 йил май ойида Тошкентга (Европада Тикланиш ва Тараққиёт Банки (EBRD) йиғилиши муносабати билан) Халқаро Инсон Ҳуқуқлари (Human Rights Watch) ташкилотининг АКШдаги бошлиғи келди. Шунақа оддий, шунақа камтар-ки, ҳайрон қоласиз. Қўлларида сумка-ю қоғоз папкалар кўтариб олиб, меҳмонхона коридорида турарди. Ниҳоятда ҳокисор. Ундан бир танишим ниманидир сўради. У бир телефон номерини бермоқчи бўлди. Шу телефонга қўнғироқ қилсангиз аниқ маълумот беради, деган маънода. Телефон номерини сумкасидан қидира бошлади. Қоғозлари сочилиб кетди. Керакли маълумотни бергач, қоғозларни тера бошлади. Бир халқаро ташкилот раҳбари… Ҳақ сўз учун гапирганда сўзлари қиличдай. Камтарликни қаранг. Мен сочилган ҳужжатларни теришга ёрдамлаша бошладим, У минг карра раҳмат деди, аслида ҳужжатлар бизнинг иш билан сочилиб кетган эди.

Ер юзида нега қиёмат бўлмаяпди?—деб ўзимга ўзим савол берардим, ҳар бир қилмишимизни кўрганда, ҳис қилганда.

Нега ер юзида қиёмат бўлмаяпди?

Ер юзида Матильда ва унинг бошлиғига ўхшаган инсонлар бор.

Шу туфайли ер юзида қиёмат бўлмаяпди. Шу туфайли Америка –Америкадир.

Бизга ўхшаганлардан иборат бўлса инсоният аллақачон қиёмат содир бўлган бўларди. Ахир тупроқ аро тупроқ бўлиб ўтган инсонлар авлодимиз-ку. Матильда ва унинг бошлиғига ўхшаганлар, бизнинг катта боболаримиз Баҳовуддин Ҳазратлари, Кубро Ҳазратлари, Яссавий Ҳазратлари. Қаёқдан келди бизга бу манманлик.

Ҳокисор, авлиё боболар феълига ўхшаган феълни букун Америкадан келган инсонларда кўраяпмиз. Ғарбдан келганларда кўраяпмиз.

Ўзимизнинг орамиздан топиш жуда мушкул, имконсиздир. Тасаввуф илмидан ҳар кун китоб ёзадиган бир олим Сайлов Комиссиясига раҳбар бўлиб, мустабидлардан депутатлар келтирди. Эҳтимол, Матильданинг бошлиғи тасаввуф илмини бу олимча билмас, бироқ дунёда иккита мўмин бўлса, бири ўшадир.

Ҳадеб танқид қилаверасанми, наҳотки мақтайдиган томонларимиз бўлмаса, дегувчилар беҳисоб.

Аввало шуни айтай-ки, мақташ билан Ўзбекистон обод бўлиб қолса, Эркин Воҳидов, Абдулло Ориповлар аллақачон обод қилардилар. Мақтов билан озод бўлса, шулар озод ҳам қилишарди.

Ҳатто турмаларда ҳам тинимсиз айтилади, Серқуёш ҳур ўлкам…, қанча кўп айтилмасин Ўзбекистонда ҳурликдан нишон ҳам йўқ. Бечора маҳбуслар «Серқуёш, ҳур ўлкам»ни қайта-қайта такрорламаса бешафқат жазоланадилар.

Айримлар ҳаммани ёмонлаб, ҳаммага лой чаплаяпсан дейишлари аён, жавоб бундай:

Тўғрисини сўйласам элга,

Бас қил, ортиқ гаплама дейсан.

Нега олдинг барчани тилга,

Барчага лой чаплама дейсан.

Мен ўзимча ғамини едим,

Чўкар экан шўрлик балчиққа.

Ҳой, ботқоққа ботмагин, дедим,

Интил, дедим, тоза уфққа.

Ўзингчи, дейишлари аён, ўзинг беқусурмисан. Афсуски, халқимда бор қусурлар менда ҳам бор. Беҳисоб қусурларим бор. Қусурларимдан жирканаман, бошқаларнинг ҳам ўз қусурларидан жирканишларини истайман.

Яна бир масала ҳаммани, СНБ айғоқчиси демоқчимисан дегувчилар кўп.

Собиқ ГДРда хоинларнинг номлари эълон қилинмоқда. Улар юз минглаб экан, энг яқиним, деб ҳисобланганлар, ҳатто оиласига алоқадор бўлганлар хоинлар экан. Бир неча юз минглаб экан хоинлар сони.

Бизда эълон қилинса борми?!

Миллионлаб эмасмикан, у кунларга яқин қолди, иншоллоҳ.

Алқисса, миллат таназулига, миллат фожеасига доир суд бўлса, адолатли суд бўлса, албатта, халқ ҳам, ҳукумат ҳам, мухолифат ҳам жазоланиши муқаррар.

Эй она халқим!

Сен жазонгни олдинг, олаяпсан.

Тангри қўрқоқлигинг учун, тарқоқлигинг учун жазолаяпти сени. Бу жазони Ислом Каримов ва унинг ҳукуматининг қўли билан берди, бераяпти.

Мухолифат ҳам жазосини олди, олаяпти.

Фақатгина, ҳукумат қолаяпди, жазосиз қолаяпди. Тангри уни ҳам жазолайди. Халқни ва мухолифатни қандай жазолаган бўлса, ҳукуматни ҳам шундай жазолайди.

Ҳар кимки жафо қилса, жафо топқўсидир

(Мирзо Бобур)

Танқид қилиш осон, балчиқдан, ботқоқликдан тортиб олиш йўли борми?

Албатта бор, бу йўлни билиш учун авлиё бўлиш, доҳий бўлиш шарт эмас. Бу йўлни ҳамма билади, бироқ бу йўлга ҳеч ким  кирмайди.

Халқ оқил ва аҳил бўлмоғи керак, тамом, вассалом.

Ўшанда оқил ва аҳил халқ, оқил ва аҳил ҳукумат, оқил ва аҳил мухолифат бўлади. Ўшанда бу халқни ҳеч ким енга олмайди. Бошига мустабидлар чиқат олмайди.

2001 йил 11 сентиябрь баҳонасида худо бизга Американи берди. Биз мухолифатчилар унинг соясида тирик юрибмиз.

Иккинчидан, кўҳна Туркистонга кўз олайтириб турган Россия ва Хитойга ўхшаган даҳшатли кучлардан асрайдиган қалқондир, АҚШ.

Учинчидан, биз озодликка эришсак, демоқратияга эришсак, АҚШ соясида эришамиз.

Бизга АҚШ мадад қўлини чўзиб турибди. Фақат биз бу қўлдан кир ахтармаслигимиз керак. Бу қўлни қадрлай билишимиз керак.

Айрим мухолифатчилар ҳадеб қўлдан норози бўлаверадилар. Ўзларидан иккитаси бир дастурхон атрофида ўтиришмайди-ю, АҚШ дан гина қилаверадилар.

Нима, сен, Американинг арпасини ўриб бердингми?!

Нима, сен, Америкага бир қоп самон берганмисан?!

Хитой ёхуд Россия сенинг ўлик тиригингни сўрамайди-ку, уларни айбламайсан-ку.

Мадад қўлидан кир ахтармасак, оқил ва аҳил бўлсак, албатта, озодликка эришамиз. Бироқ…

Бироқ дунёнинг энг буюк муаммоси, дунёда ҳал қилиш мушкул бўлган муаммо бу ўзбекни аҳил қилиш муаммосидир.  «Жаҳолат сассиғи бизни ҳамиша беҳузур этди» дейди Ҳазрат Абдулло Қодирий.

«Жаҳолат сассиғида» қолган биз оқил бўлармиканмиз, аҳил бўлармиканмиз.

Қачонгача давом қиларкан халқнинг халққа қарши кураши. бир-бирини ейиши, бир-бирини сотиши…

Ўлаётган бемор аввало оёкдан қолади, жон аввало оёкдан кетади, кўп ўтмай ўлади. Ўлаётган миллат энг аввало– Озодлик учун курашдан  қолади. Озодлик  учун курашдан тўхтаган миллат ўлаётган миллатдир. Миллатнинг оёғи кураш. Оёкдан қолаяпсан миллатим…

Ҳар қаричида минглаб бомбалар портлаётган, босқинчилар уруш олиб бораётган,  Чеченистонда бир чечен аёлини босқинчи рус полковниги зўрлаганда бутун чечен халқи ларзага келди. Йиртқич полковникни жазолашни талаб қилишди.

Бизда-чи?

Ўз аёлларини фоҳишахоналарга юбориб кун кўрмоқдалар. Ўзбек аёлини Қозоғистондан бошлаб, бутун дунёда зўрлашмоқда, халқ жим. Садо чиқмайди.

Бундай халқ аҳил бўлармикан?!

Ё Тангрим, амалдорларга мустақилликни берганингдай, халққа ҳам Озодликни ўзинг бер…

Ўрнинггиздан туринглар, суд келаяпди.

Ҳамма ўрнидан туради.

Қора курсиларда:

Айбланувчи халқ, айбланувчи ҳукумат, айбланувчи мухолифат.

Хаста халқ,   хаста ҳукумат,   хаста мухолифат.

                

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s