Толиб ЁҚУБОВнинг мақолалари

ТОМИ КЕТГАНГА ЎХШАЙДИ

ёҳуд

КИМ УРУШГА, ҚОН ТЎКИШГА ЧОРЛАМОҚДА

  Толиб Ёқубов

Abdurahim po`lat
Абдураҳим Пўлатов: Ўзбек қайтадан миллат бўлиш йўлида ўн минглаб, Марказий Осиёдаги мавқесини тиклаш йўлида эса юз минглаб, балки, миллионлаб қурбон беришга маҳкум

Дунёдаги бирорта давлат Конституциясида урушга, қирғинга даъват қилиш, чорлаш ёзилмаган бўлса керак, аксинча бундай қусур қораланади ва тақиқланади.  Мен атайлаб, балки унда урушга даъват қилиш олқишланганмикин, дея Ўзбекистон Конституциясига қарадим. Йўқ, унинг 57-моддасида урушга чорлаш тақиқланган экан. Мана ўша модда:

Конституциявий тузумни зўрлик билан ўзгартиришни мақсад қилиб қўювчи, республиканинг суверенитети, яхлитлиги ва хавфсизлигига, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларига қарши чиқувчи, урушни, ижтимоий, миллий, ирқий ва диний адоватни тарғиб қилувчи, халқнинг соғлиғи ва маънавиятига тажовуз қилувчи, шунингдек ҳарбийлаштирилган бирлашмаларнинг, миллий ва диний руҳдаги сиёсий партияларнинг ҳамда жамоат бирлашмаларининг тузилиши ва фаолияти тақиқланади.

Бироқ олти кун илгари www.harakat.net сайтига кирсам Абдураҳим Пўлатов номли шарлатан бир ўзбек сиёсатчиси «Ўзбек қайтадан миллат бўлиш йўлида ўн минглаб, Марказий Осиёдаги мавқесини тиклаш йўлида эса юз минглаб, балки, миллионлаб қурбон беришга маҳкум» номли мақола ёзибди. Шу мақоладан парчалар келтириб, тушунган-тушунмаганларимни баён этиб бораман.

1-чи парча:  “Аммо, мен шок терапияси усуллари билан Ўзбекнинг кўзини очишга бошладим. Ўзини ўзбек деб ҳисоблайдиган, аммо чўчқа ёки қорамолларга айланиб бўлганини мендан эшитган ўзбек зиёлилари ёки оддий ўзбеклар уйқусини йўқотишганини ҳам биламан”.

Ҳозирча тушунганим битта: Абдураҳимнинг ахмоқона “шок терапияси” қаерда қандай ишлашини билмайман-ку, бироқ Ўзбекистонда айнан ўзига қарши ишлайди – бу аниқ! Нега? У бирор одамга “шок терапияси”ни қўлламоқчи бўлса, “Сен қорамолсан, сен чўчқасан, сен Ўзбекни қирғизлар тириклай ёққанда қисиб ўтирдинг” каби сўкиш ва ҳақоратлардан нарига ўтмайди. У салкам 21 йилдан бери ватанга борган эмас. “Шок терапияси”ни Ўзбекистондан чиқмаган ўзбекларга қандай йўл билан қўллаётгани мавҳум. У “менинг ҳақоратларим ва сўкишларимни одамлар интернет орқали ўқишаяпти ва шокка тушишаяпти, уйқуси қочаяпти” деб ўйлаётган бўлса адашади.

Аксинча, мамлакат бўйлаб бир ҳовуч одам ўқиётган бўлса, уларда “шу ахмоқона гапларни айтаётган оғзингга ва шу гапларни ўйлаб топган миянгга …м” деган фикр пайдо бўлаётганига шўбҳа йўқ. Мабодо бу гапни у Ўзбекистонда туриб айтса, эшитган одам унинг кетига ўнг оёғи билан зарба бериб ўзини шок қилиб қўйишига мен юз фоиз ишонаман. Парча охиридаги “биламан”ини у қаердан ва кимдан билган экан – шуниси қизиқ!? Буни унга Ислом Каримовнинг бош кадри Рустам Иноятов етказаяптимикин, “Бирлик”нинг Ўзбекистондаги бош вакили Васила Иноятова узатаяптимикин ёки уйқуси қочганлар оммавий равишда унинг harakat@harakat.net  э-майлига хат ёзиб билдираяптимикин? Тушунарсиз! Билдирпётганлар Ўзбекистонда Абдураҳим бир кунда нечта одамнинг уйқусини қочираяпти экан – санаб чиқишаяптилармикин?

2-чи парча: “Уйқусини йўқотган пода қайтадан миллат бўлиш учун ҳаракат бошлаши муқаррар. Бу ҳаракат натижасида чўчқаларга айланган ҳозирги зиёлилар подасининг катта қисми жисмонан йўқ қилинади. Бўладиган воқеаларни ички уруш деймизми, фуқаролар уруши деймизми, фарқи кам, муҳим бўлгани, бу қонли жараёнлардан қочиб бўлмаслигидир”.

Яна баъзи аниқ хулосалар бор экан: биринчидан, уйқусини йўқотганлар аслида пода экан, иккинчидан, уруш-қирғинни шулар бошлар экан, учинчидан, улар биринчи қадам сифатида чўчқаларга айланган ҳозирги зиёлилар (олимлар, ўқитувчилар, инженерлар, врачлар, шоиру-ёзувчилар ва ҳ.) подасининг катта қисмини жисмонан йўқ қилишар экан, яъни ўлдиришар экан, тўртинчидан, Ўзбекистонда фуқаролар уруши каби қонли жараён ташкил этилар экан. Тушунарсизи: 1) Абдураҳимнинг шокидан уйқусини йўқотганлар ҳаракат (harakat) бошлар экан. Бошида www.harakat.йўқ  эди, www.harakat.бор  бўлиб қоладими? Ўзбекистонда уруш бошлашни Абдураҳим уйқуси йўқолган подага топширибди. Улар уруш бошлаш қудратига келиши учун Абдураҳим бу поданинг нечтасини шок қилиши керак? Абдураҳим математикани билади, математика эса аниқ фан. У “катта қисм” (чўчқага айланган зиёлиларнинг катта қисми) деганда қанчани назарда тутаяпти экан? Уруш бошлаган поданинг бошлиғи бўладими? Ким у? Ўзбекистон Мудофаа вазирлигиданмасми? Ё АҚШдан туриб ўзи бошқарармикин? Ўзи ўлгудек қўрқоқ-ку, у урушни бошқара олармикин?

3-чи парча“Ақли жойида бўлган одам тушунадики, бу кураш – юз минглаб, балки миллионлаб одамлар қурбон бўладиган катта урушдир”.

 

Бу одамнинг ақли жойидами? Ё томи кетиб қолганмикин? Ёлғизланиб қолган одамнинг томи кетиб қолиши қийин эмас. Кейинги пайтларда Васила Иноятова ҳақида ҳам ёзмай қўйди. Илгари унинг янги туғилган неварасини ҳам “бирликчи туғилди” деб ёзар эди. “Бирлик”да 2-чи шахс бўлган Пўлат Охуновнинг 21 июнь куни “Бирлик Партия раиси Абдураҳим Пўлатов билан қарама-қаршиликлар кучайиб кетганлиги сабабли…” деб ёзгани ҳам бежиз эмас. Фақат қарама-қаршиликлар бўлмаса керак, шекилли. Пўлат Охунов “Партияда мен ва бошқа сафдошларим ҳам норози бўлаётган ишлар давом этишига йўл кўйиб берган бўлар эдим” дея “лидер” атрофида норозилик кучайиб бораётганини ҳам очиқ-ойдин айтиб ўтган. Бундай пайтда “лидер”нинг томи кетмай нима қилсин?

Ҳар қанча мараз бўлмасин кунда бир марта www.harakat.net сайтга кириб тураман. Кўпчиликнинг назаридан қолиб кетган бу сайт ўзбекдан чиққан шарлатан сиёсатчи Абдураҳимнинг шахсий сайти. Бундан 5-6 йил илгари у ўз сайтида унга кирувчилар орасида “Сиз кимни ўзбек мухолифатининг лидери деб ҳисоблайсиз?” деган сўров “ўтказар” ва кўпи билан ҳар уч кунда “1. Абдураҳим Пўлат – 672 та; 2. Ислом Каримов – 25 та; 3. Салой Мадамин – 6 та; …” каби рўйхатни чиқариб қўяр эди. Мен-ку бу рақамларга ишонмас эдим – мен унинг кимлигини жуда яхши биламан, уни билмаганлар ҳам ишонмаслигига кўп марта дуч келганман. Мендан одамлар сўрашганда: “Қўяверинглар, ўзини-ўзи овутиб юраверсин” дер эдим мен. Ҳозир у бундай “сўровлар” ҳам ўтказмай қўйди. Ўша пайтда одамлар кулгани эсимда: “Бу одам ўзини-ўзи лидерман деб нима демоқчи? Жинни-пинни эмасми? Сени халқ лидер десин, ишонайлик. “Бирлик”да урушмаган одаминг қолмади-ку!” – дерди одамлар.

Мен бу шарлатаннинг ўтмишини баъзан эслаб ўтираман ва тахлил қиламан. Мен уни 1989 йилнинг февралидан бошлаб биламан. Ўша ва кейинги икки йилда “Бирлик” халқ ҳаракати кўплаб марта митинглар ва пикетлар ўтказар эди, у бу тадбирларда фаол эди. Ташкилотга сингдирилган баъзи провокаторларни ҳисобга олмаганда Абдураҳим бирликчилар орасида ўзгача фикрга ўта чидамсизлиги билан ажралиб турар эди. Унинг фикри тўғри бўлгандан эмас, унда коммунистик чидамсизликнинг кучлигидан шундай эди. Унинг фаол коммунист бўлганини кўпчилик билади. У ҳозир Москвада коммунистик партияга ўтганини арманиларга боғлаяпти: “Менинг партияга кириш истагим йўқ эди, бироқ коллектив комячейкасининг бошлиғи армани эди, у ўзбекларга нисбатан миллатчилик қилгани учун мен партияга ўтганман” дея одамларни алдамоқчи бўлади. У: “Нега унда Тошкент шаҳар Куйбишев туман компартияси бошлиқлари сени компартиядан қувишганда сен компартияга тиклашларини талаб қилиб митинг уюштирдинг? Сени компартиядан ҳайдашганда нега сен билетингни уларнинг бошарасига отмадинг?” деб кимдир сўраб қолиши мумкин, деб ўйламаса керак.

Абдураҳим ўзининг коммунистик чидамсизлигини Каримовнинг коммунистик идораларида ҳам намойиш этарди – қайси идорага борса уердан уришмасдан чиқмас эди. 1991 йил 29 декабрда ўтган президентлик сайлови унинг онгида йўқолмас из қолдирди. Такрор ва такрор айтганман: ўша сафар президент курсисида у фақат ўзини кўрар эди! 1991 йил бошида мен унга, 2-3 соат давомида, Тошкент кўчаларида пиёда юриб, оддий нарса – партия тузиш вақти етилди, деган фикрни уқтира олмаганимни у ҳеч қачон тилга олмайди. “Эрк” партияси тузилганини эшитиб у югуриб қолди ва Юсуфжон Оппоқов бошчилигида биз, 10-15 ташаббускорлар, Низом ва Программасини тайёрлаб партия тузишга бошлаганимизда у Ю.Оппоқовни алдаб ундан партиянинг барча ҳужжатларини олиб қўйди ва зудлик билан Мустақиллик кўчасида жойлашган адвокатура биносида (Инқилоб майдони яқинида, редакциялар биносининг рўпарасида) қурултой ўтказиб: 1) партиянинг биз танлаган номини “Бирлик”ка ўзгартирди; 2) ўзи раис бўлишига эришди: 3) ташаббус гуруҳидан партия раҳбариятига деярли ҳеч кимни, жумладан Ю.Оппоқовни ҳам, киритмади.

Бу партия 1991 йил президент сайловидан олдин нега давлат рўйхатидан ўтказилмади? Бунинг сабабини ўша пайтда Адлия вазири бўлган Муҳаммадбобир Маликов, “Бирлик” раҳбарларидан Бекжон Тошмуҳаммедов ва Пўлат Охуновлар жуда яхши билишади. Аллоҳга шукр, уларнинг уччаласи ҳам ҳаёт ва бу фактни тасдиқлай оладилар. Вазир “Бирлик” партиясини давлат рўйхатидан ўтказишни таклиф қилган, Бек ака ва П.Охунов бу фикрни қўллаб-қувватлашган. Бироқ Абдураҳим тиш-тирноғи билан қарши бўлган ва “Бирлик” халқ ҳаракатини рўйхатга олинишига эришган. Бу мавзу мен ва бошқа шахслар томонидан кўп марта кўтарилишига қарамай у оғзига сув тўлдириб юрибди. Ўзининг ахмоқлигини тан олгиси келмайди. Президент сайловида партиялар учун номзод қўйиш жамоат ташкилотларининг ўнминглаб имзо тўплаб номзод қўйишига нисбатан осон эди. Унда озроқ ақл бўлганда Адлия вазирлигидаги йиғилишда “Бирлик” партиясини қийналмасдан давлат рўйхатидан ўтказиши мумкин бўлиб, сайловда реал қатнашиш имконияти пайдо бўлар эди.. Сайловга уни йўлатишмади ҳам. Ундаги том кетиш шундан бошланди. Том эса йил сайин сурилиб бораверди.

Абдураҳим 1992 йил 20 декабрда Ўзбекистондан чиқиб кетди. Президент бўлиш амбицияси кучли ва оғриқли бўлган одам учун ҳар бир ўтган кун машаққатга айланади. Одамнинг ёши ҳам бир жойда қотиб турмайди, ўтаверади. Қаҳрамонимиз ҳам бир неча ойи кам 70 га кирди. Бу пайтда охирги умидлар сўнади, одам ичидан эзилади, қафас ичидаги йиртқич ҳолатига тушади. Йиртқич инстинкт даражасида эркинликни қумсайди, бироқ қафас уни чегаралаётганини тушунмайди, шунинг учун у эзилмайди. Одам бошқа мавжудот – у муваффақиятсизликлардан эзилади, баъзилар ўзини ислоҳ қилади ва тинчийди, баъзилар эса ислоҳ қила олмайди ва айбни бошқалардан излайди. Баъзилар ўзини осиб юбориши ҳам ҳечгапмас. Ниҳоят, баъзилар оммавий қирғин – мамлакатда уруш чиқариш учун ҳаракат бошлаши мумкин. Бизнинг Абдураҳим-полвон мана шу охирги йўлни танлабди.

Эркчиларни қўятурайлик, Абдураҳим уришмаган, ҳақорат ва тўҳмат қилмаган бирликчи қолдими? Алибой Йўляхшиев, Зиёдулла Зиёмов, Мўътабар Аҳмедова, Ҳазратқул Худойбердиев, Ёдгор Обид, Исмоил Дадажонов, Баҳром Ҳамроев, Бахтиёр Ҳамраев, Холхўжа Юнусов, Зафармирзо Исоқов, Ботир Норбоев, Носир Зокир – бу забардаст бирликчилар (менинг эслаганларим) – Абдураҳим Пўлатовнинг ахмоқчилигини ўз бошидан ўтказиб, ўз кўзлари билан кўрганлар. Уларнинг барчаси бирин-кетин “Бирлик”ни тарк этишди. У менга ҳам ўзининг ахмоқона “шок терапияси”ни 2001 йил мартида Вашингтонда қўлламоқчи бўлди. Бироқ мен шокка тушмадим, уйқум йўқолган эмас. У билан бўлган “сўҳбат” мен учун бир ғамгин дарс бўлди, холос. Мен ичимда: “Башаранг қурсин!” дедим-у, алоқани уздим. Юзта Абдураҳим Пўлатов битта Ёдгор Обид ёки Холхўжа Юнусовнинг патагига ҳам арзимаслигини тушундим.

Бир неча йил илгари мен “И.Каримов ва А.Пўлатов: Параллеллар” номли мақола ёзган эдим. Яқинда И.Каримов Жиззахда ўзбекларни “Ишёқмаслар, дангасалар, тиланчилар, жирканчлар” деб ҳақорат қилди. У ҳам Абдураҳимга ўхшаб ўзининг “шок терапияси”ни қўлламоқчи бўлди, шекилли. Абдураҳимнинг Каримовдан кам ёки ортиқ жойи борми? И.Каримов ўзбекларни “Ишёқмаслар, дангасалар, тиланчилар, жирканчлар” деяётган бўлса, Абдураҳим ўзбекларни “қорамол, чўчқа” демоқда. Фарқи борми? Том кетиш ва инсонийлик бўйича фарқи йўқ. Иккаласининг ҳам гапи ўзбек халқи учун қип-қизил ҳақорат ва туҳмат. Статус (мақом) бўйича ягона фарқи – бири Ўзбекистонда ноқонуний президент, иккинчиси АҚШда “қонуний” шарлатан сиёсатчи!

Ўзбекистон Халқ Ҳаракати (ЎХҲ) тузилибди-ки бу ташкилотга И.Каримов режими қандай муносабатда бўлса, унга қандай айб қўяётган бўлса, Абдураҳим ҳам шу муносабатда, ўша айбларни қўйиб келаяпти: “террорист”, “экстремист”, “исломий ташкилот” ва ҳ. Мен унинг 2011 йил 22 май куни ўз сайтида чоп этган  “Ўзбек псевдодемократлари билан исломчиларнинг альянси – Ўзбекистонни тожикларнинг 20 йил аввалги қонли йўлига тортишга уринишдир” номли алжирашлардан иборат мақоласидан 9 сўздан иборат бўлган бир жумласини келтираман, холос: “Демак, уларнинг битта йўли қолади – қон тўкиш ва террор”. Унинг мазкур мақоласи билан мен тахлил қилаётган мақоласи (2013 йил 8 июль) орасида 9 куни кам 2 йилу 2 ой ўтибди. ЎХҲ тузилгандай бери бирор марта қон тўкиш ва террорга қўл урган эмас, балки ҳатто бу жирканч ишга даъват ҳам қилган эмас. Абдураҳим Пўлатов эса қон тўкиш, ўзбек зиёлиларининг катта қисмини ўлдирвориш, Ўзбекистон ва Марказий Осиёда катта уруш қилишга чақирган мақоласини ўз сайтга илиб қўйганига бугун 6 кун бўлди. Бирликчилар, Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари, қўшни давлатлар ҳукуматлари эса жим.
Абдураҳимнинг тезислар кўринишидаги қисқа мақоласи чиққандан 2 кун олдин www.12news.uz сайтида яна бир шарлатан-“олим” Рустам Абдуллаевнинг узундан узоқ мақоласи чиқди. Гўёки Ўзбекистонда шарлатан олимлар паради ўтказилаётгандай. Президенти шундай бўлгандан кейин унга хизмат қилувчи олимлари қандай бўлсин!? Қизиғи, иккаласи ҳам катта уруша даъват этади – бири очиқ-ойдин, иккинчиси “қоғозга ўраброқ”. Худди келишиб олгандай! Менга, мас., икки мақоланинг бир пайтда чоп этилиши бир ердан бир пайтда буйруқ берилгандай туюлди. Бундай Ҳасан-Ҳусандай ўхшаш “асар”ларнинг бир пайтда дунё юзини кўриши тасодиф бўлиши жуда қийин. Турлича кийинтириб қўйилган Ҳасан ваҲусаннинг нимаси ўхшаш? Биринчи ўхшашлик – юқорида айтганимдай катта уруш бошлашга чақиришдир. Абдураҳимнинг иддаоси очиқдан-очиқ бўлгани учун унда тўхталиб ўтирмайман. Сохта “академик” Р.Абдуллаев “Ўзбекистон Марказий Осиёдаги қўшнилари, Қозоғистон, Арманистон, Украина ва Россиядан ҳудуд (территория, ер) талаб этиши керак” демоқда. Унинг иддаоси бўйича Қозоғистон бутунлай Ўзбекистон таркибига кириши, мамлакатимиз эса НАТОга аъзо бўлиши лозим эмиш. Абдураҳим ҳам Ўзбекистон НАТО билан шу даражада ҳамкорлик қилиши лозимлигини кўп ёзар эди. Бу – уларнинг иддаолари ўхшашлигининг иккинчисидир.

Чамаси, иккаласи ҳам АҚШлик сиёсатшунос Збигнев Бжезинскининг “Буюк шатранж тахтаси” китобини ўқиган бўлса керак. З.Бжезински асарида Россия империясини навбатдаги марта парчалаб ташлаш учун уни НАТО кучлари билан ўраш лозимлигини уқтиради. Бевосита бўлмаса-да, билвосита НАТО кучлари Украина, Грузия (ёки Озарбойжон) ва Ўзбекистонда жойлаштирилишига ишора қилади. Бундан 10-12 йил олдин айнан Украина ва Грузияда содир этилган рангли инқилоблар мазкур режанинг дебочаси эди. Бу икки давлатнинг НАТОга кириши фақат ўз вақтини кутиб турибди, холос. Инқилоб Марказий Осиёда 2005 йилда Ўзбекистонда эмас, кутилмаганда Қирғизистонда бўлди. Икки ойдан кейин Андижон кўтарилишини Каримов қонга ботирди. У пайтда тақдирини НАТО билан боғлашга тўғри келиши мумкинлиги Каримовнинг хаёлига ҳам келган эмас. Андижон қирғинига Р.Абдуллаевнинг муносабати қандай бўлганини мен билмайман. Бироқ унинг Каримов режими олдидаги ялоқхўрлик ҳолати мазкур муносабат Андижон халқи фойдасига эмаслигини кўрсатади. Абдураҳим эса бошдан-бош бу масалада Каримовнинг қонхўрлигини ҳимоя қилиб келаяпти. Буниси – учинчи ўхшашликдир.

Ҳозир вазият 2005 йилдагидан бутунлай ўзгарди. Ўзбекистон иқтисоди коллапс (ғарғара) ҳолатида, халқнинг иқтисодий ахволи 2005 йилдагидан ҳам паст ва яхшиланишга ўтиш белгилари ҳам йўқ. Шунинг учун ҳам жамиятда норозилик даражаси сезиларли ошган. Юҳога айланган кучишлатар ва бошқарув органлари ходимларининг сони шу даражада ошиб кетган-ки, улар давлат ғазнасига тушаётган маблағни ямлаб ютаётибди. Пенсионерлар ва бюджетдан ойлик маош оладиган тоифалар пулини, талабалар стипендияларини тўлаш кундан кун қийинлашиб бормоқда. Унинг устига Каримовнинг ўзи мўнкиллаб қолди, атрофида тахт талашиш авж олган. Каримовни қутқаришнинг ҳозирги пайтдаги ягона йўли НАТОга киришдир. Лекин буни қандай амалга ошириш мумкин? “Мени ўз сафингга ол” деган билан НАТО югуриб келавермайди-ку! Бундай пайтда аввал биллиардчилар тили билан айтганда “пробный шар”ни думалатиш лозим. Ўзбекча айтганда қўшнилар, жамоатчилик ва дунё матбуоти “қўйнига қўл солиб кўриш керак”. Буни одатда махсус хизматлар 2-3 та синалган одамларига топширади. Р.Абдуллаев “Гулнора Каримов Ўзбекистон маликаси” деб юрган одам, Абдураҳим Пўлатов ҳам Каримов режими томонида мухолифатга қарши курашиб келаётган лўттибоз. Иккаласи ҳам “пробный шар” вазифасини бажариб беришди, холос. Бу эса икки шарлатан орасидаги тўртинчи ўхшашликдир.

Дунёнинг биринчи демократик мамлакати бўлган АҚШда яшаётган Абдураҳим Пўлатов тўғридан-тўғри Ўзбекистонда фуқаровий уруш ташкил қилишга даъват этаётгани, ҳатто мамлакат аҳолисининг бир бўлаги бўлган зиёлиларнинг катта қисмини жисмоний йўқ қилиш, яъни ўлдириш кераклигини ёзаётгани ҳайратли ва қўрқинчлидир.  Ўзбекистоннинг янги тарихида бундай даъват фақат Тоҳир Йўлдош ва Жума Ҳожиев (Намангоний) Афғонистонда тузган “Ўзбекистон Исломий Ҳаракати” томонидан қилинган. Бироқ бу ҳаракат И.Каримовнинг “ташқи душман” ролини ўйнаб берувчи проектидир. 1997 йилда Тоҳир Йўлдош Туркияда Абдураҳим Пўлатов билан учрашган ва сўҳбатлашган. Ўзбекистонда катта уруш ташкил қилиш ғояси ўша сўҳбатда туғилмаганмикин? Абдураҳим: “Тоҳир менга президентликни таклиф қилди, мен рад қилдим” дейди. Давлатни бошқариш бўйича Абдураҳимнинг амбицияси Каримовникидан заррача ҳам кам эмас. Мен уни яхши биламан. У нафақат Тоҳир Йўлдош, президент мансабини эгаллаш учун шайтон билан ҳам ҳамкорлик қилиши мумкин. Уларнинг асл мақсади нима бўлган – энди аниқлаб бўлмайди: Тоҳир ўлиб кетди, Абдураҳим ўзини оқлашдан нарига ўтмайди.

90-чи йиллар бошида “ислом экстремизми”, “халқаро терроризм” ва бошқа “изм”ларни ишга солган Каримов 20 йилдан бери ўзининг афсонасига ишонтириб Ғарбни соғиб келаяпти. Бу йўналишда Ғарбнинг Ўзбекистондаги аксилислом позицияси “Мен алданишдан хурсандман”дан иборатдир. Мазкур позиция Ўзбекистон маъмурларининг бебурд ҳатти-ҳаракатларини ҳам ҳазм қилиб юбораверди. Мисол келтираман. 90-чи йиллар охирида Тошкент олий ўқув юртларини битирган ва битириш арафасида бўлган бир гуруҳ йигитлар инглиз тилини чуқурроқ ўрганишлари учун расмий равишда АҚШга жўнатилади. Такрорлайман – расмий равишда! Яъни, ҳукумат томонидан. АҚШ элчихонасининг визаси билан. АҚШ ёқиб қолганми – ўқиш тугагач, улар бирин-кетин иш топиб АҚШда қолиб кетишади. Виза муддати тугасаям ишлаб юраверишади.

Йигитлар қайтмаслигига кўзи етгач, Ўзбекистон Бош прокурори Р.Қодиров уларга нисбатан жиноий иш очади. Шундай жиноий иш Ички ишлар вазирлигида ҳам қўзғатилади. Йигитлар терроризм, ислом экстремизмида айбланади. Р.Қодиров ва ИИВ катта терговчиси Нишонбой Бегманов АҚШ Адлия вазири Жон Эшкрофтга хат ёзишиб, унга жиноий иш материалларини илова қилиб, “террористларни” Ўзбекистонга экстрадиция қилишни сўрашади. Йигитлар АҚШга кетгунча уларнинг устидан жиноий иш очилмаган, яъни улар на террорист ва на экстремист бўлишмаган. Демак, ўзбек мулозимларининг мантиғи бўйича йигитлар АҚШда террорист ва экстремистга айланишган. Қип-қизил бебурдлик. Қизиғи, шу йигитларнинг бир нечаси ёрдам сўраб Абдураҳимнинг уйига боришади. “Ўзбекни одам қиламан” деб курашаётган бирликчи Абдураҳим уларга бақириб, уларни ҳақоратлаб уйидан қувиб юборади. 6 йигит қамоққа олинади. 2004 йил 28 январда мен ҳам Жон Эшкрофтга ҳамда йигитларни ҳимоя қилаётган адвокат Татьяна Аристовага хат ёздим. Кейинроқ шу йигитларнинг 4 таси қамоқдан чиққанини эшитдим. Уларнинг кейинги тақдири менга маълум эмас. Бироқ мен Р.Қодиров ва Н.Бегманов очишган икки жиноий ишларнинг бир неча саҳифаларини сақлаб қўйганман (йигитларнинг ота-оналари беришган). Бу ҳужжатлар ўзбек мулозимлари одил судга тортилганда керак бўлади.

Бунинг Абдураҳимга нима алоқаси бор, дейишингиз мумкин. Бевосита алоқаси бор. Мен юқорида ёзганимдек, АҚШда яшаётган Абдураҳим, томи кетганми-кетмаганми – қатъий назар, ўта мудҳиш ҳатти-ҳаракатни – Ўзбекистонда фуқаровий уруш ташкил қилишга чақирмоқда, мамлакатдаги зиёлиларнинг катта қисмини жисмоний йўқ қилишга, яъни ўлдиришга ўз ҳукмини чиқарибди. Унинг ғояси бўйича фуқаровий уруш натижасида Ўзбекистонда “тозалаш”нинг биринчи этапи ўтади, бироқ уруш бу билан тугамайди. Иккинчи этапда уруш қўшни давлатларга кўчирилади – Абдураҳимнинг ёзишича, ўзбеклар қирғинни давом эттириб Марказий Осиёда Амир Темур давридаги мавқеига қайтиши керак экан. Унинг бу гапларидан фақат икки нарсани англаш мумкин – учинчи вариант йўқ: ё Абдураҳимда ҳақиқатан ҳам ТОМ КЕТГАН, ёки у ўта экстремист одамга айланган! Биринчи вариантга менда ишонч кам, иккинчи вариантнинг эҳтимоли жуда юқори деб ҳисоблайман.

“Бунинг Абдураҳимга нима алоқаси бор?” деган саволга жавоб: гуноҳсиз бир неча йигит АҚШда ишлаш ва пул топиш мақсадида қолиб кетишганида Ўзбекистон ҳукумати уларга нисбатан жиноий ишлар очиб, ҳатто АҚШ Адлия вазирига мурожаат қилди. Абдураҳим эса ўзининг экстремист эканини яшираётгани ҳам йўқ! Унинг сайтини Ўзбекистон МХХ даги информацион группа ҳар куни очиб ўқиса керак (фақат унинг сайтини эмас!). МХХ бевосита давлат хавфсизлигига жавобгар ташкилот ва у дарҳол Абдураҳимнинг мақоласига эътибор қилиши керак. МХХ ва прокуратура АҚШнинг лавозимли шахсларига Абдураҳимни тутиб Ўзбекистонга экстрадиция қилишни сўраб мурожаат қилиш-қилмаслиги кўп нарсага ойдинлик киритади.
Ушбу мақолани тугатишим арафасида ҳурматли Насрулло Сайидов www.qoplonbek.wordpress.com  сайтида “Космополитга айланмоқчи бўлган ўзбеклар кўпаймоқда” номли ажойиб мақолаларини чиқарибдилар. Насруллохон катта сиёсатни кўрган, яхши-ёмонни, баланду-пастни ажрата оладиган инсон бўлгани учун шарлатан Абдураҳимни асраб-авайлаб ёзибдилар. Ибратли мисоллар ҳам келтирганлар. Мақолани мен иштиёқ билан ўқидим. Мен бундай мақола ёза олмайман, чунки мен Абдураҳим-шарлатаннинг мағзава-“шок”ини кўп бошимдан ўтказганман. Унинг синалган мағзава-“шок”ларидан биттаси одамларни бир-бирига ишқаш, бир-бирига қарши қайраш, бир-бири билан уриштиришдан иборат. Мамлакат миқёсида И.Каримов ҳам худди шу сиёсатни олиб бораяпти. Бу ифлос “шок”ини Абдураҳим менга нисбатан бир неча марта ишлатган. Қўлидан ҳеч нарса келмади.

Назаримда Пўлат Охунов, Акбарали Орипов, Холиқназар Ғаниев каби қолган-қутган 10-15 та бирликчиларга қийин бўлди. Васила Иноятовага жин ҳам урмайди – унинг Ўзбекистонда тагкурсиси баланд ва бақувват. Бирликчиларнинг кўпчилигига менинг ҳурматим ҳали ҳам баланд, уларнинг ҳар биридан ёшим ҳам катта. Шу сабабли мен уларга ўзимнинг холис маслаҳатимни бериш ниятим бор: экстремист Абдураҳимдан имкон қадар тезроқ узоқлашинг! Алоқани узинг! Унинг касофати сизларга урмасин! Унинг ахмоқона “шок терапияси”га алданманг! Халқимизнинг ёруғ кунлари олдинда. Халқимизнинг сиёсий фаоллашиши, эркинлик ва эркин фуқаровий жамият учун курашга ўргатиш йўлида Абдураҳимнинг ҳақоратларидан фойдаланманг. Бу йўлда сабр-матонат, ақл ва фаросат билан фаолият қилинг! Менга ўхшаган қариялар кўрмаслигимиз мумкин, бироқ уфқда кўринаётган ёруғ кунларни сизлар билан бирга ёшлар ҳам кўришсин, ИншаАллоҳ!
14 июль 2013 й.

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s