Толиб ЁҚУБОВнинг мақолалари

ЎЗБЕКИСТОНДА ЙЎҚ УЧ ҚОНУН ҲАҚИДА

олиб Ёқубов

 Мустақил Ўзбекистонда “Ўзбекистон Республикаси Президенти импичменти ҳақида”, “Миллий хавфсизлик хизмати ҳақида” ва “Милиция ҳақида” қонунлари ҳеч қачон бўлмаган. Мустақиллик куни 21 марта тантаналар билан нишонланди, деярли барчасида давлат раҳбари Ислом Каримов қанот қоқиб ўйнади. Олдимизда бу кунни 22-чи марта нишонлаш турибди. 22 йилдан бери бир одам мамлакатни бошқариб келаяпти. СССР тарихига қарасак, В.Ленин уни 5 йил, И.Сталин 31 йил, Г. Маленков ва Ю.Андропов 2 йилдан, Н.Хрушчев 9 йил, Л.Брежнев 18 йил, К.Черненко 1 йил ва М.Горбачёв 6 йил  бошқаришган.

ХХ-чи асрда биринчи тоталитар империяни тузган В.Ленинни отиб ўлдиришмаганда, у то ўз ажали билан ўлгунча давлат бошқарувини бировга бермас эди. Бу ҳақда уни яхши билган, бирга ишлашган, ҳамма вақт унинг ёнида юрган одамлар кўп ёзишган. Ю.Андропов ва К.Черненколар ҳокимият тепасига келишганда оғир касал бўлганлари учун сал ўтмай ўлиб кетишди. Г. Маленков, Н.Хрушчёв ва М.Горбачёвнинг умрларининг охиригача давлат тепасида туришларига коммунистик партия раҳбариятидаги одамларнинг уюштирган фитнаси йўл бермади. Булардан фарқли ўлароқ И.Сталин ва Л.Брежневгина ўз ажали билан ўлгунча давлатни бошқаришган.

Бошқа коммунистик давлатларда ахвол қандай бўлган? Фидель Кастро Куба давлатини 51 йил бошқарди, қарилик касали енгач, бошқарувни укаси Рауль Кастрога берди. Мао Цзедун Хитойни 33 йил, Ким Ир Сен Шимолий Қурияни 46 йил (унинг ўлимидан кейин раҳбарликни унинг ўғли, ўғли ҳам ўлгандан кейин ҳозир невараси давом эттирмоқди), Вальтер Ульбрихт коммунистик шарқий Германияни 23 йил, Николае Чаушеску Руминияни 24 йил бошқаришди. Уф-ф-ф, етар! Эринмасангиз, бу қаторни узоқ давом эттириш мумкин. Хулоса ўз-ўзидан кўриниб турибди: коммунистик тузум оғир касаллик гирдобида яшайди – уни бошқарувчи ўз мамлакатида ёлғон ва зулмга асосланган  узоқ диктатура ўрнатади, ўзгача фикрга ўта чидамсиз бўлади, “тахт”га даъвогар ўз фарзанди ёки яқин қариндоши бўлмаса давлат бошлиғи лавозимини ҳеч кимга тинч йўл билан топширишни истамайди. Бу – коммунистик тузум шароитида суяги қотган ҳар қандай давлат бошлиғи умумий характеристикасидан бир кўринишдир.

Ўзбеклар коммунистик СССР тузумини тўлиқ 70 йилдан ортиқ бошдан ўтказгандан кейин ҳам яна коммунистик тузум шароитида қолавердилар. Итни бугун “бўрибосар”, бир йилдан сўнг “олмахон” деб атасангиз ҳам у итлик сифати ва моҳиятини сақлаб қолаверади.  Коммунистик “бўрибосар” тузумда суяги қотган Ислом Каримов мамлакатдаги тузумни 1992 йил 8 декабридан бошлаб “олмахон” (яъни “демократик”) деб атади [Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 1-моддасининг 1-қисми: Ўзбекистон — суверен демократик республика”]. Ундан 13 ой илгари, яъни 1991 йил 1 ноябрда Ўзбекистон коммунистик партиясининг номини Ўзбекистон Халқ-демократик партияси деб ўзгартирди. Моҳият ўзгардими? Йўқ! Сифат-чи? Сифат ҳам ўзгаргани йўқ! Ёмон бўлса бўлди-ки, заррача яхши бўлгани йўқ! Кеча қип-қизил коммунист бўлган одамлар 1991 йил 2 ноябрдан бошлаб демократ бўлиб қолишдими? Асло! “Бир кун келиб яна керак бўлиб қолар” деб коммунистик аъзолик билетини сандиққа солиб қўйганларни ҳам кўрганман. Коммунистик аъзолик билетини И.Каримов нима қилганини мен билмайман, бироқ мамлакатни соф коммунистик усуллар билан бошқаришни ҳанузгача давом эттираётганини яхши биламан.

Демократик мамлакатларда давлат раҳбари ё умумхалқ сайловида, ё “Президентнинг импичменти ҳақида”ги қонун қўлланилганда ва ёки касаллик ҳамда ўлим туфайли давлат бошқарувидан кетиши мумкин. Бу – демократиянинг асосий талабларидан бири. Ўзбекистонга ўхшаш авторитар давлатларнинг ҳеч бўлмаганда биттасида “Президент импичменти ҳақида”ги қонун борлигини мен эшитмаганман. Нега?  Бу қонун шунчалик даҳшатлими? Ундан ким қўрқади – халқми, мухолиф кучларми ёки ҳукмдорнинг ўзими? Сиёсий фаоллашмаган халқ қўрқмайди, чунки у, яъни халқ, бу қонуннинг мазмунини ҳам, унинг қўлланиш механизмини ҳам тушунмайди. Сиёсий фаоллашган халқгина бу қонунниг кучи ва салоҳиятини сезади. Жиддий мухолифат бундай қонун қабул қилинганини олқишлайди, қабул қилинмаса қабул қилинишини талаб қилади. Мазкур қонундан қўрқадиган ягона томон давлат бошига келган шахснинг ўзи.

Ўзбекистонда мустақил парламентаризм эндигина шаклланаётган 1990 йилда, фикримча,  “Президентнинг импичменти ҳақида”ги қонун жамиятни эркинлик томон ҳаракатлантириши мумкин бўлган энг муҳим қонунлардан бири эканлигини катта кўпчилик, жумладан мухолифат ҳам тушунмаган эди. Бу масала Олий Кенгаш (кейинчалик Олий Мажлис) кун тартибига киритилганми-йўқми, бунга ўша пайтда депутат бўлган Муҳаммад Солиҳ, Насрулло Сайидов, Абдувоҳид Паттаев ва АҚШда яшаётган собиқ Адлия вазири Муҳаммадбобур Маликов ойдинлик киритишлари мумкин. Табиий, ўша пайтда Каримов атрофида кучли рус ва яҳудий мутахассислар, жумладан демократик мамлакатларда амал қиладиган қонунларни билган юристлар бўлган. Бошқача айтганда, Каримов қандай қонунларни қабул қилиш мумкин, қандайларини Олий Кенгаш муҳокамасига мутлақо яқинлаштирмаслик кераклигини тушунган. Танасининг охирги ҳужайрасигача коммунист бўлган Каримов “Президентнинг импичменти ҳақида”ги қонунни қабул қилинишига йўл қўйиб берганда уни коммунист эмас деб ҳисобласа ҳам бўлаверар эди.

“Президентнинг импичменти ҳақида”ги қонун бўлганда нима? “Президентнинг импичменти ҳақида”ги қонун билан лавозимидан кетказишга ҳаракат бўлганда ҳам бошидан охиригача сохталаштириладиган сайловга ўхшаб сохталаштириш йўли билан ўз ўрнини сақлаб қолавермайдими, деб сўрашади баъзилар. Тўғри, авторитар тузум шароитида сайловни ҳаққоний ўтказиб бўлмайди. Импичмент (инглизча – impeachment — ишончсизлик, ёки лотинча – impedivi – “қаршилик кўрсатиш”, “олдини олиш”) —суд ёки давлатнинг ваколатли бирор идораси (парламент, сенат ва ҳ.) томонидан давлат бошлиғини айблаш жараёни бўлиб, у давлат бошлиғини вазифасидан четлатилишини, у ҳатто жиноий ишга айлантирилиши мумкинлигини кўзда тутади. Импичмент давлатнинг бошқа даражадаги мулозимларини лавозимдан кетказишга қаратилган давлатлар ҳам бор. Импичмент қўлланилиши учун лавозимли шахс (мас., президент) давлат қонунларини билиб туриб бузганлигини исботлаш лозим. Импичмент халқ иштирок этадиган сайлов ҳам эмас ёки ҳуқуқ-тартибот органи (мас., прокуратура)нинг иши ҳам эмас. Импичментни баъзи давлатларда суд қўзғатиши мумкин, АҚШда импичментни Конгресс қўзғатгани кузатилган.

Импичмент ўзбек тилида қулоққа анча оғир эшитиладиган сўзлардан иборат: “лавозимидан четлатиш”, “лавозимидан кетказиш”. Баъзилар буни “лавозимидан қувиш” дея янада кескинроқ айтиши мумкин. Бундай иборалар “негатив эффектли иборалар” дейилади. Турли лавозимли шахслар негатив эффектли ибораларни турлича қабул қилиши мумкин – мансаб қанчалик юқори бўлса, унинг эгасига бундай иборалар шунчалик оғир, аламли ва оғриқли туюлиши ўз-ўзидан равшан. Каримовга ўхшаш мансабпараст, кучли амбицияли одам учун эса бу ибора ўлим билан баробардир. “Сайлов” сўзида бундай эффект йўқ. Бу сўз “позитив эффектли сўзлар” сирасига киради. Шунинг учун ҳам совет даврида сайловлар байрам руҳида ўтказилган, ўйин-кулги, концерт ва бошқа кўнгилочар тадбирлар ташкил қилинган, илгари сотувда кам учрайдиган товарлар магазинлар пештахтасига чиқарилган. Мақсад оддий: халқни чалғитиш, сайлов куни халқ ижтимоий-сиёсий муаммоларни эсламаслигига эришиш, сайловни кўнгиллагидек ўтказиб олиш.

Мен 1990 йили мустақил парламент мустақил Ўзбекистоннинг қонунлар мажмуасини ишлаб чиқаётган пайтда нега у “Президент импичменти ҳақида”ги қонунни қабул қилмагани тўғрисида ўз фикрларимни ёзаётирман. Мен Каримовни илгаридан ва ҳатто ёшлигидан билган бир неча одамлар билан гаплашганман. Турли-туман воқеаларни гапириб берган одамлар гапи умумий маҳражга келтирилса ушбу асосий фикр келиб чиқади: у илгари, айниқса ёшлигида, негатив эффектли гапларни ҳаддан ортиқ эшитган ва уларга кекирдагигача тўйинган. Шу туфайли ҳаётга мустақил қадам қўя бошлагандан бошлаб (студентлик, ишлабчиқариш, совет ва партия идораларида ишлаш даврларида), у ҳар қандай йўл билан ўзини негатив эффектли гап-сўзлардан ҳимояланиш чораларини амалга ошириб келган. Ёшликда кўп дакки еган одам одатда ё қўрқоқ, ёки аламли, ўчли, жоҳил кимсага айланади. Суҳбатдошларнинг айтишича, Каримов характерида иккинчи вариант яққол билинар экан – унда бу хислатлар ўзининг апогейи (энг юқори чўққиси)га чиққан. Унда “кечириш” тушунчаси ҳеч қачон бўлмаган, бироқ “ўч олиш” тушунчаси унда чексиз бўлган. Баъзи йиртқич мавжудодлар ўз ўлжасини бир жойда қимирламай суткалаб кутгандай, Каримов ҳам ўч олиш пайтини йиллаб кутар эди, деди менинг бир суҳбатдошим.

Наманганлик Собитхон-қори Назаровнинг ўғиллари ва неваралари Каримовга нафақат ёмонлик қилишмаган, ҳатто ёмонлик соғинишмаган ҳам. Собитхон-қорининг катта ўғиллари Обидхон-қори Назаров ўз маърузаларида одамларни фақат яхшиликка, эзгуликка ва яхши амалларга даъват қилган. Бу уламо кўпгина бошқа уламолардан фарқли ўлароқ Каримовнинг коммунистик тузумининг динсиз-диёнатсиз ва, демак, адолатсиз эканини танқид қилган, холос. Шунинг ўзи Каримовга Назаровлар хонадонини ўзига душман, дея қора руйхатга киритишга етарли бўлган. У Обидхон-қорининг укалари Абдумалик ва Умархонни қамоққа ташлади, унинг югурдаклари Обидхон-қорининг ўғли Хуснутдинни 2004 йил 16 май куни ўғирлаб кетишди. Унинг бедарак кетганига 9 йилдан ошди. Бегуноҳ одамлардан олаётган ўчини Каримов етарли эмас, деб ҳисоблади ва Обидхон-қорини ўлдириш учун ўз қотилларини ҳатто Европага йўллади.

Каримов ЎзКомПартиянинг 1-чи котиби, яъни Ўзбекистон ССРнинг раҳбари лавозимини қандай эгаллаганини деярли ҳеч ким билмайди ва бундан кейин ҳам бу “кўтарилиш” сир-асрори сирлигича қолиб кетса керак. Ўзбекистондаги билганлар аллақачон йўқ қилинган, Москвадаги билганларнинг баъзилари, мас., Михаил Горбачёв ҳали тирик – Каримов ҳамма вақт ўзи билан боғлиқ ишларда из қолдирмасликка ҳаракат қилган. У қаерда ишламасин, Тошкентдами, Қаршидами ёки бошқа жойдами, ўз атрофида яккаҳокимликни ўрнатиб келган, ходимларни сўкиш, келтаклаш одат тусида бўлган. Каримов бутун президентлик даврида вилоят, шаҳар ва туман ҳокимларини тайинлашда уларда шу “тартиб”, яъни сўкиш ва калтаклаш “санъати” бўлсагина лавозимга тайинлаган. Каримовнинг ўзида мазкур “санъат” бўлмаганда эди Ш.Мирзиёев, У.Ёмонқулов каби шахслар бегуноҳ одамларни прокурор ва милиция бошлиқлари олдида калтаклай олмас эдилар. Бу ўринда Р.Ҳайдаровнинг Сирдарё вилоятига ҳоким қилиб тайинланиши учрашуви чоғида Каримовдан калтак еганини эслатиш кифоя. Р.Ҳайдаровнинг суҳбат пайтидаги ягона “айби” у Каримовнинг “Вилоят ҳокими сифатида ишни нимадан бошлайсан?” деган саволига “Мен ишни халқнинг иқтисодий турмушини яхшилашдан бошлайман” деган жавобидан иборат бўлган. Шу жавоб учун калтак еган.

Каримов ҳукумат тепасига келганда (1989 йил) Ўзбекистонда совет тузуми ҳукмрон эди. Табиий, у пайтда Каримов демократия ҳақида ўйлай олмас ҳам эди. Бироқ у мустақиллик эълон қилингандан кейин ҳам мамлакатда демократик тартиб ўрнатиш ҳақида ўйлаган эмас. У Ўзбекистонда мутлоқ диктатура режимини ўрнатиш ниятида кеча-ю кундуз иш олиб борди, бу режимнинг асосий лавозимли ўринларига содиқ одамларни излади. Кучишлатар тизимлар – прокуратура, КГБ (кейинчалик МХХ), милиция унинг алоҳида назарига тушишди ва давлатнинг бу органлари унинг келажакда яккаҳокимлик диктатураси асосини ташкил этишди. Авторитар ҳукмдор узоқ йиллар давлат бошида қолиши учун асосий шарт – давлатнинг ички ва ташқи душманлари мавжуд эканини халқнинг онгига сингдириш, жамиятни шу чўпчакка ишонтиришдир. Давлатнинг ички ва ташқи душманлари бўлмаслиги мумкин, унда нима қилинади? Бундай ҳолда МХХ, милиция ва прокуратура каби махсус хизматларнинг вазифаси ички ва ташқи душманни ўйлаб топиш ва уни шакллантьиришдан иборат бўлади.

Бу осон иш эмас. Ўша пайтлар Каримов олдида ушбу вариантлар: 1) “Бирлик” халқ ҳаракати ҳамда “Эрк” демократик партияси ва улар атрофидаги дунёвий мухолиф кучлар; 2) маҳаллий бўлмаган “келгиндилар” (руслар, яҳудийлар ва б.); 3) мусулмонлар жамоасидан бирини ички ва ташқи душман сифатида танлаш турган эди. Бир қарашда Каримов мўлжаллаётган авторитар тузумга энг кучли мухолифат бўлган 1-чи вариантни ички ва ташқи душман сифатида танлаш керакдай туюлиши мумкин. Бироқ Каримов ва унинг одамлари келажакда Ғарбдаги демократик дунё билан иш кўришга тўғри келишини тушунишар эди. 1989 йилдан бошлаб Россия, кейинроқ Ғарб журналистларининг Ўзбекистонда кўпайиши, 1992 йилдан бошлаб мамлакатда чет эл элчихоналари ва нодавлат ташкилотларининг пайдо бўлиши натижасида “Бирлик” халқ ҳаракати ҳамда “Эрк” демократик партияси ва улар атрофидаги дунёвий мухолиф кучлар ҳақида маълумот демократик дунёга анча кенг тарқалди ва унинг назарига тушди. Бу вариант ҳукуматни Ғарб билан қарама-қаршиликлар гирдобига тортиши аниқ эди. Худди шундай 2-чи вариант ҳам ички ва ташқи душман роли учун ярамаслиги аён эди.

3-чи вариант сон ва потенциали жиҳатидан энг катта ва энг кучли бўлса-да, бироқ у ўша пайтда энг кам ҳимояланган, тарқоқ куч эди. Диндорлар фақат Фарғона водийсида бир қатор уламоларнинг саъй-ҳаракати туфайли бироз фаол эди. Булар орасидан Наманган вилоятидаги Ҳакимжон Сатимов бошқарган “Адолат” ва кейинроқ ундан ажралиб чиққан, Тоҳир Йўлдошев бошқарган “Ислом лашкарлари” ҳамда Қўқондаги Қаҳрамон Ҳамидов бошқарган “Одамийлик ва инсонпарварлик” ташкилотларини ажратиб кўрсатиш мумкин. Албатта, ташкилот тузмаган бўлса-да, Андижон жомеъ мачити имоми Абдували-қори Мирзаевнинг диндорлар орасида обрў-эътибори ва таъсир кучи бениҳоя катта эди. АҚШнинг Ироққа қарши “Саҳродаги довул” номи билан олиб бораётган биринчи уруши ҳам, Россия президенти Борис Ельциннинг Чеченистонга қарши бошлаган уруши ҳам моҳиятан мусулмонларга қарши уруш бўлгани учун Каримов давлатнинг ички ва ташқи душмани сифатида Ўзбекистондаги мусулмон аҳлини танлаганига ажабланмаса ҳам бўлади. Бундай шароитда Каримов учун муҳими – у Ғарб ва Россияни “ислом экстремизми”, “халқаро терроризм”, “фундаментализм”, “сепаратизм” ва бошқа “изм”ларга осон ишонтира олар эди. Ўзбекистонлик мусулмонлар бошига тушган асорат ва кулфатлар Каримов режимига Ғарб ва Россиядан улкан маблағлар олишига ва бу пуллар эвазига ўз режимини сақлаб қолишига имкон берди.

1995 йилга келиб Каримов Ўзбекистонда ўзининг мутлоқ диктатурасини ўрнатди. Кўримсиз оиладан чиққан, қатор йиллар давомида негатив эффектли гап-сўзларни эшитавериб дийдаси қотиб кетган, ҳаёт бошдан-оёқ алдов, қабиҳлик, жоҳилликдан иборат деган тушунча мияси ва қалбини тамоман эгаллаган , бироқ ақлли, узоқни кўра биладиган, ҳукмини ўтказа оладиган, ўз мақсадига эришиш йўлида ҳар қандай разилликдан қайтмайдиган қаттиққўл одамга айланди. Табиий, бундай одам ўзига қарши ишлаши мумкин бўлган “Ўзбекистон Республикаси Президенти импичменти ҳақида” номли қонунни нафақат парламент муҳокамасига киритиш, балки бу қонун ҳақида гап очишга ҳам йўл қўймаганлигини тушуниш мумкин. И.Каримовнинг мен чизган портрети тўлиқроқ бўлиши учун

Нега МХХ ҳақида қонун йўқ?

Инсоният тарихида “давлат” тушунчаси пайдо бўлибди-ки, унинг манфаатларини ички ва ташқи душман хавфидан қўриқловчи махсус хизмат ташкилоти ҳам пайдо бўлган. Франция қироллардан бири Людовик XIV “Давлат – бу менман!” деганидек, давлатлар пайдо бўла бошлаганда “давлат” дея унинг бошлиғи тушунилган ва, демак, давлат хавфсизлигини қўриқловчи ташкилот моҳиятан давлат бошлиғи ва унинг оиласи манфаати йўлида хизмат қилган. ХХ-асрда СССР, Германия ва Италия каби тоталитар давлатлар пайдо бўлганда бу моҳият ўзгарди, яъни махсус хизматлар ғоявийлаша борди: СССРда КГБ (Давлат хавфсизлик комитети) коммунистик ғояни, Германияда Гестапо нацизм ғоясини, Италияда ОВРА фашизм ғоясини қўриқловчи ташкилотларга айланди. Бироқ тоталитар СССРдан ажралиб чиққан Ўзбекистон Республикаси КГБси 1991 йил 2 ноябрдан бошлаб “Миллий Хавфсизлик Хизмати” деб атала бошланди. Ўзбек парламентининг қатор депутатларининг кескин қаршилигига қарамай МХХ шахсан президентга бўйсундирилди. Салкам 22 йилдан бери бу ташкилот бевосита давлат хавфсизлигини эмас, бевосита И.Каримов ва унинг оиласининг хавфсизлиги ва манфаатларини қўриқлайдиган ташкилот бўлиб келмоқда.

Нормал давлатда давлатнинг ҳар бир ташкилоти қонунчилик органи чиқарган қонун бўйича ишлайди ва бошқарилади. Акс ҳолда давлат ташкилоти қонунлар майдонидан ташқарида қолади ва у қандай амалий иш қилмасин, қандай ҳатти-ҳаракат содир этмасин, унинг бу ишлари ва ҳатти-ҳаракатлари ноқонуний ҳисобланади. Ўзбекистонда прокуратура, суд, армия, божхона ва бошқа давлат ташкилотлари ҳақида қонунлар бор ва, демак, улар қонуний ташкилотлардир. Бироқ МХХ ва милиция ҳақида қонунлар қабул қилинган эмас ва улар қонунлар майдонидан ташқарида, яъни ноқонуний ташкилотлардир. МХХ ташкил этилгани ҳақида Ўзбекистон Президенти қошидаги  вазирлар маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Миллий Хавфсизлик Хизмати ҳақида”ги 1991 йил 2 ноябрда чиқарилган 278-сонли қарори бор, холос. Бироқ қарор қонун эмас, у парламент муҳокамаси ва тасдиғидан ўтмаган.

МХХнинг ҳарбийлаштирилган қисмлари бўлса-да, бу ташкилот асосан информацион, яъни жамиятнинг ҳар бир ҳужайраси ҳақида маълумот тўплайдиган ташкилотдир. Унинг  ҳарбийлаштирилган қисмлари “Президент хавфсизлиги хизмати”дан тортиб мамлакат чегараларини қўриқлашгача бўлган ишларини олиб боради. Астрономлар баъзи юлдузларни “қора ўпқон” дейишади. “Қора ўпқон” ўзининг таъсир доирасидаги ҳамма нарсани ютади, бироқ ўзидан ҳеч нарсани, ҳатто нурни ҳам коинотга тарқатмайди. Табиатан, яъни информация йиғиш ва тарқатиш бўйича, МХХ “қора ўпқон”нинг ўзгинасидир. Яккаҳокимлик, яккапартиявийлик ёки яккағоявийликка асосланган давлатлар учун махсус хизмат ташкилоти нақадар муҳим эканини инсон кўз олдига келтириши учун унинг икки жиҳатини билиши етарли, деб ўйлайман: 1) бу ташкилотнинг давлат ғазнасидан оладиган пулини ҳеч ким назорат қилмайди; 2) мутахассислар бундай ташкилотни “давлат ичидаги давлат” дейишади.

МХХнинг ўз контингенти (ходимлари сони) ва бу ташкилотга маълумот бериб турадиган ёлланма одамлар контенгенти ҳақида ҳеч қандай маълумот берилмайди, унинг бошлиқлари на халқ, на унинг номидан сайланган депутатлар корпуси олдида ҳисобот бермайди. Маҳаллий ўз-ўзини бошқариш органлари ходимлари, маҳалла посбонлари ва ҳатто мачитларга махсус қўйилган одамлар жамият ичидаги ижтимоий-сиёсий кайфият ҳақида мунтазам ахборот бериб туришга мажбурланган. МХХ ўзининг “ота-онаси” бўлган СССР КГБсининг барча ғоявий ва структуравий (ташкилий) томонларини тўлиқ сақлаб қолди. Оддий бир мисол. СССР КГБсида “Террористик акциялар уюштириш” бўлими бўлган. Терактларни чет давлатларда уюштириш эмас – бунинг учун алоҳида бўлим бўлган, мавжуд сиёсий тузумга қарши тинч йўллар билан курашаётган мухолифатни айблаш учун “террористик акциялар уюштириш” бўлими мамлакат ичида терактлар уюштирган. Бундай бўлим МХХда ҳам бор: 1999 ва 2004 йилдаги терактлар айнан МХХ томонидан уюштирилганини ҳозир кўпчилик тушуниб етди.

Мен МХХнинг Ўзбекистондаги сиёсий тузумни сақлаш масаласидаги роли ҳақида ўта қисқа маълумот келтирдим. Унинг моҳиятини оз бўлса-да англаган ўқувчи ўз-ўзига савол бериши керак: “Шу ташкилот қонун бўйича ишлаши ва бошқарилиши мумкинми?”. Жавоб ягона: МУМКИН ЭМАС! Қонун ҳозиргача йўқ. МХХ қандай ноқонуний ташкилот бўлса, шу ҳолида турибди. Ишлаяпти. Халққа мисли кўрилмаган зулмлар қилаяпти. Бир одам ва унинг оиласининг хавфсизлиги ва манфаати учунгина ишлаяпти.

Ўзбекистонда милиция тамоман ноқонуний ташкилот

Милиция Ўзбекистон давлатининг энг ноқонуний, маданийлашмаган ва аксилхалқ ташкилотидир. Мен милиция ва МХХ ни икки одам қиёфасида кўраман: бири – соф бандит (қароқчи), афти-башараси ҳам, юриш-туриши ҳам, ўй-хаёли ҳам; иккинчиси яхши кийинган, соч-соқоли тарошланган, гаплари равон, бироқ у ҳам соф бандит. Фарқи шу. Моҳият эса бир хил. МХХ ўзининг тамоман ёпиқлик (махфийлик) табиати сабабли жамият билан оммавий контактга (мас., уруш-жанжал, ғалаёнлар, митинг ва бошқа йиғинлар) чиқа олмайди –  ҳарбийлаштирилган қисмларини ҳисобга олмаганда бу ташкилот вакилларининг ўз формаси (махсус кийими) ҳам йўқ. Нодемократик Ўзбекистонда нотинчлик ҳолати (жиноятчилик кўлами, босқинчилик, рэкет, тинч митинглар, кўча юришлари, пикетлар ва ҳ.) юқори бўлгани сабабли давлат ҳар бир “жанжал”ни милиция ёрдамида бостиришга ҳаракат қилади. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон милицияси “итга ҳам, битга ҳам” аралаш. Бошқача айтганда, ўзбек милицияси мамлакатнинг энг репрессив (мустабид) ташкилотидир. Бундай ташкилот учун қонун ҳам ёзиш қийин – унинг ноқонуний ҳатти-ҳаракати ҳар қадамда ўз қонунига зид эканини кўрсатиб тураверади.

Милиция ҳақида ёзар эканман, 1969 йилда содир бўлган бир воқеа эсимга келаверди. Мен Москвада ўқир эдим. Аёлим иккаламиз уч яшар ўғилчамизни кўтариб шаҳарни айланиб юрган эдик. Қиш, кун совуқ, ҳаммаёқ қор бўлгани учун ўғлимнинг оёғига валенка кийдирилган эди. Метрога киравериш эшигига яқинлашганимизда орқамиздан ҳаллослаб бир милиционер югуриб келаётганини кўрдик. Олдимизга келгач у: “Ўғилчангиз валенкасининг бир пойи тушиб қолди, сизлар сезмадингиз, шуни олиб чопдим орқаларингдан” деб бизга бир пой валенкани берди. Қарасак, ҳақиқатан боланинг бир оёғидаги валенкаси тушиб қолган экан. Бу мисол билан мен совет милицияси ўта инсонпарпар эди, демоқчи эмасман. Тоталитар давлатнинг милицияси инсонпарвар, халқпарвар бўлиши мумкин эмас. Мен 1996 – 2006 йиллар давомида Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бобида ишлаб муттасил милиция ходимлари билан тўқнаш келдим. Бироқ уларнинг орасида юқорида келтирилган мисолдагидек, оз бўлса-да инсонпарварлик хислати бор милиция ходимини учратмадим.

Аксинча. 1998 йил 3 февраль куни менинг 20 ёшли кичик ўғлим Жиззахдан Тошкент “Ипподром” бозорига куртка олгани келган. Бозор ичига ҳали кирмасдан, ташқарида икки милиционер уни тўхтатиб сўроққа тутишган. Жавобига қониқмай уни бозор ичидаги 4-чи милиция пунктига олиб киришган. Уч марта ўзига қарши кўрсатма ёзишга мажбурлашган. Мен болаларимга ҳар қандай шароитда бўлган воқеани ўзидай ёзинглар, деб ўргатган эдим. Уларнинг талабини ёзмагани учун ўғлимни дабдала қилиб калтаклашган, устидаги эски курткасини елкадан пастгача йиртиб ташлашган. Ўғлим Тошкентдаги уйимизга шу ахволда кириб келди. Мен Чилонзор туман прокуратурасига шикоят ёздим. Менинг қатъийлигим туфайли бир ой ўтгач ўша икки милиция ходими қамоққа олинди. Бу – жабрланувчи ҳуқуқи тан олинган ва ҳақиқат юзага чиққанини кўрсатувчи бир мисолдир. Бироқ Ўзбекистонда миллионлаб инсонлар милиция томонидан калтакланди, таҳқирланди, мол-мулки таланди, қийноқларга солинди, майиб-мажруҳ қилинди, ўлдирилди. Мустақилликнинг бошида Каримов ва унинг гумашталари милицияни айнан шундай тасаввур қилишган, фақат шундай милиция диктатура учун хизмат қилиши мумкинлигини тушунганлар. Инсонда юксак туйғулар (инсонпарварлик, етим-есирнинг ҳақини емаслик, ҳаромдан ҳазар қилиш, хушсўзлик ва ҳ.) билан бирга тубан туйғулар ҳам бўлиши мумкин. Милиция ўқиши ва хизматига қабул қилишда одамларнинг айнан тубанлик хислатлари ва туйғулари устун бўлганлари танланган. Яна такрорлайман: бундай ташкилот учун қонун ёзиш ҳам қийин.

Ўзбекистон МХХ ҳам, милицияси ҳам минг-минглаб инсонларни қамоқларга ташлади. Бу икки ташкилот ноқонуний бўлгани учун улар қўзғатган жиноий ишлар ҳам сохта ва ноқонунийдир. Криминал (жиноий) гуруҳ бошлиғи чиқарган ҳукм ёки судьяликка ҳеч қандай алоқаси бўлмаган одамнинг судья ўриндиғига ўтириб бирор иш юзасидан чиқарган ҳукми қанчалик ноқонуний ва соғлом фикрга зид бўлса, МХХ ва милиция органларида очилган жиноий ишлар ҳам шу қадар ноқонуний ва соғлом фикрга зиддир.

Хулосалар:

1)       Юқорида айтилган учта ўта муҳим қонун Ўзбекистонда атайлаб қабул қилинмаган;

2)       Ноқонуний икки ташкилот – МХХ ва Милициянинг содир этган беҳисоб жиноятлари туфайли Ўзбекистон қароқчилар давлатига айланди;

3)       Қароқчилар давлати ноқонуний давлатдир ва унинг маданийлашган (цивилизованные) давлатлар ҳамжамияти (БМТ)га кириши ҳам юридик нуқтаи-назаридан, ҳам умуминсоний ахлоқ нуқтаи-назаридан  ноқонунийдир.

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s