РУКУНСИЗ

Ўт балосидан, сув балосидан, ТЎҲМАТ балосидан САҚЛА

Толиб Ёқубов

Hasan Chorievga ozodlik!             Россия Узоқ шарқидаги сув тошқинлари ҳақидаги лавҳалар, олдинги йилларда бу мамлакат ҳудудларида содир бўлган ўрмон ёнғинлари ва, ниҳоят, яқинда чет эллик меҳнат муҳожирларига нисбатан Москвада уюштирилган тўҳмат натижасидаги қама-қама, қува-қув, таҳқирлаш ва калтаклашни кўриб, эшитиб, ўқиб, доноларимиз айтиб ўтиб кетган “Ўт балосидан, сув балосидан, тўҳмат балосидан САҚЛА” деган ҳикматига қойил қолмасликнинг иложи йўқ. Бандани синаш учун Яратган беҳисоб яхшиликлар билан бир қаторда беҳисоб балоларни ҳам бандага рўбарў қилган. Доноларимиз беҳисоб балолар орасидан учтасини инсон ва инсоният тақдирида энг муҳим роль ўйнашини тушуниб етган кўринадилар. Бир ИНСОНни сув ютган ҳодисаси ҳар куни содир бўлади, ИНСОНИЯТни сув ютган ҳодисаси бўлганини тасдиқловчи маълумотлар Нуҳ пайғамбар даврларидан сақланиб қолган. Бир инсон ўт гирдобида қолиши ҳар куни юз беради, инсоният ўт гирдобида қолгани ҳақида ҳам маълумотлар бор. Ер юзидан деярли йўқ бўлиб кетиб қайта тикланган инсон ва инсоният шунда ҳам товба қилмаган, чамаси.

Дастлабки икки бало табиат балолари бўлса, тўҳмат – руҳий балодир. Демак, Яратган иккита табиат балосини битта руҳий балога тенглаштирган экан, десак бўлади. Биз кўриб турган дунё иккилик принципи асосида яратилган: “рост” – “ёлғон”, “яхши” – “ёмон”, “иссиқ” – “совуқ”, “эркак” – “аёл”, “табиат” – “руҳ” ва ҳоказо. Бу қарама-қарши тушунчалар ўзаро бир-бирига боғлиқ ва бир-бирига интилувчан бўлгани учун ҳам, балки шу сабабли, ўз-ўзини тикласа керак. Яратган ҳамма нарсага қодир. Балки У биз билмаган бошқа, мас., учлик, тўртлик, …, принциплари асосида яратган бошқа дунёлар мавжуддир? У дунёлар бизнинг дунёга мутлақо ўхшамаслиги мумкин. У дунёларда ЎТ нима экан, СУВ нима экан, ТЎҲМАТ нима эканлигини билмаймиз. Бизнинг дунёда ўт нима, сув нима ва тўҳмат нималиги ҳаммага маълум. Тўҳмат, масалан, ростнинг энг ифлос инкоридир. Ўзбекистонда яшаган одам буни яхши билади. Мана битта мисол.

Ҳасан Чориев, 70 дан ошган одам, 19 ёшли Матлуба Абдураҳмонова исмли бир жувоннинг номусига текканликда айбланиб 5 йилу 2 ойга қамоқ жазосига ҳукм этилди. Қизиғи шунда-ки, қария устидан тергов ва суд жараёнлари бораётганда ўша жувон “қўрғонини” яна битта йигитга ҳам олдирибди – бу сафар унинг “қўрғонини” бир бадавлат одамнинг ўғли ишғол қилибди. Биринчи хулоса ўз-ўзидан келиб чиқади: мазкур жувоннинг иштонбоғи жуда бўш ва хароб ҳолда экан! Бу қўпол гапларни мен жиззахлилар тилида айтаётганим учун ўқувчи мени кечирар, деган умиддаман. Аслида масала бутунлай бошқа, яъни на Ҳасан Чориев ва на айтилаётган ёш йигит у жувонга тегинган эмас. Ўзбекистон Ички Ишлар вазирлигини Зокир Алматов бошқарган пайтда вазирлик енгил табиатли аёллар, наркоманлар, алкашлар ва касбий ўғрилар даражасига туширилди. Тушунтираман, бироқ гапни узоқроқдан бошлашим керак.

Ислом Каримов ҳукумат тепасига келгач у ўзининг табиатига, олиб борадиган сиёсатига тўғри келадиган одамларни кўп ва тинмай излади. Биринчи навбатда милиция, МХХ ва прокуратура тизимларини бошқарадиган одамларни у элакдан ўтказди. У танловда З.Алматовда тўхтагунча ИИВнинг бир неча бошлиқлари ишдан олинди ёки ўлдирилди. И.Каримовнинг мазкур тизимлар олдига қўйган асосий талаби иккита – 1) мухолифатга қарши кураш; 2) пул топиш, бўлган. Бу талаблар моҳиятини ҳар бир ўқувчи тушуниб етиши керак, акс ҳолда юқорида келтирилган мисол тушунарсиз бўлиб қолаверади. И.Каримов бошдан-бош мухолифатнинг ўзи уёқда турсин, балки “мухолифат” (оппозиция) сўзига ҳам чидамсиз эди.

Мен 1989 йилнинг февралидан бошлаб мухолифат ичида, Ўзбекистон “Бирлик” халқ ҳаракати сафида бўлганман. Мухолифатнинг кураши оддий ва тинч кураш эди: (а) митинг ва пикетлар уюштириш, оддий халққа И.Каримов тузаётган сиёсий режим моҳиятини тушунтириш ва бу курашга имкон қадар кенг халқ оммасини жалб қилиш; (б) ўз газеталарини ташкил қилиб, уларда халқ орасида янги эркин тузум моҳиятини ташвиқот қилиш; (в) жамиятга барча соҳада кенг эркинликдар беришни тарғиб қилинган ҳужжатларни ҳукуматга етказиш [“Бирлик” раҳбарларидан бири Зиёдулла Зиёмов ишлаб чиққан салкам 30 та қонун лойиҳасини менинг ўзим Абдусаид Кўчимов қўлига шахсан топширганман] ва ҳ. Мухолифатдан фарқли ҳуқуқбон ташкилотлар ҳокимият учун кураш олиб бормайди. Мухолифатнинг ўнминглаб, балки юзминглаб аъзолари ва тарафдорлари бор эди. Ҳуқуқбон ташкилотларнинг аъзолари сони эса юзлабдан ошмасди. Мухолифатга қарши кучли қатағон бошланди. Унинг кўчага чиқишларига қарши бошига каска, танасига бронежилет кийган, қўлида дубинка ва қалқон ушлаган милиция бўлинмалари ташланди. 1993 йил октябрига келиб мухолифат ўзининг актив фаолиятини тўхтатди. Камсонли бўлса-да, ташаббусни ҳуқуқбонлар ўз қўлларига олишди.

З.Алматов ички ишлар вазири бўлгач вазият, яъни мухолифат, жумладан ҳуқуқбонларга қарши кураш тамоман бошқа тус олди. Ҳуқуқбонларнинг кўпсонли пикетларига дубинкали милиция ходимлари ҳужум қилган эмас, уларга қарши ёлланган аёллар, хусусан лўли аёллар, наркоманлар, алкашлар, касби ўғрилик бўлган одамлар ва ҳатто лицей ва коллежлар ўқувчилари ишга солинди. Ҳасан Чориевнинг қариндошлари ва ҳуқуқбонлар Қарши шаҳрида норозилик пикети уюштиришганда уларга ёлланган аёллар ҳужум қилишган. Мен бошқарган Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти уюштирган пикетларимизга қарши ҳуқумат енгил табиатли аёлларни, наркоман ва алкашларни, коллеж ўқувчиларини йўллаганини мен ўз бошимдан ўтказганман. Жиззах вилоят Дўстлик туманининг юзга яқин фермерлари туман ҳокимияти олдида қилган пикетига қарши шу туманда жойлашган спорт мактабининг каратэчилари ташланган ва улар аёлу-эркак ҳамда болаларнинг оғиз-бурнини қонга ботирганини биламиз. Бу қонли ҳужумни туман ҳокими, сенатор Маҳмуд Холбўтаев уюштирган ва натижани ҳокимият деразасидан кузатиб турган.

Ҳукумат талабини сўзсиз бажарадиган лўли ёки енгил табиатли аёллар, наркоман ва алкашлар, турли томонлардан йиғиб келинган “маҳаллалар фаоллари” ва бошқалар қандай уюштирилади? Лўли аёллар бозорларда турли таъқиқланган нарсалар, хусусан наркотикларни сотиш билан шуғулланишади. Бу милицияга яхши маълум, бироқ милиция уларни ушламайди, жинояти учун қамамайди. Бу аёллар милиция рўйхатида туради ва милиция нимани буюрса, ўшани бекаму-куст бажаришади. Наркоман ва алкашлар ҳам шундай. Баъзи маҳаллий аёллар қўшмачилик ва бошқа жиноий “тадбиркорлик” билан шуғулланганлари учун улар ҳам милициянинг клиент (мижоз)ларидир. Улар ҳам милиция рўйхатида туради – вақти-вақти билан милицияга солиқ тўлаб туришади ёки бирор муҳим “тадбирларда” қатнашиб беришади. Жамиятнинг бундан ортиқ инқирози бўлиши мумкинми?

Милициянинг янги стратегиясининг маъноси оддий эди. Гўё-ки милиция аҳолининг, хусусан ҳуқуқбонларнинг норозилик пикетлари билан иши йўқ, унга аралашмайди, пикетларга қарши аҳолининг ўзи курашаяпти, деган фикрга жамиятни ишонтириш! Яна Каримовнинг юқорида айтилган икки талабига қайтсак, Қаршида бўлаётган воқеалар айнан ўша талаблар устига қурилган: Ҳасан Чориев масаласи мухолифатга қарши курашиш, яъни қариянинг АҚШда яшаётган, “Бирдамлик” халқ ҳаракати раҳбари Баҳодир Чориевнинг жиловини тортиб қўйишдир. Баҳодир Чориевга ҳукуматнинг қўли етмайди, ҳукуматнинг ягона йўли унинг отасини қамаш йўли билан ундан ўч олиш! Бой тадбиркор ўғлининг Матлуба Абдураҳмонова туфайли қамоққа олиниши эса пул ишлашдир! Тадбиркор бечора энди бор-будидан ажралади. ТЎҲМАТ БАЛОСИ ана шу!

Ислом Каримовнинг сиёсий режими  бориб турган худосиз режимдир. Коммунистик тузум ҳам шунақа эди. Коммунистик тузум ичида ўсиб-улғайган ва раҳбар сифатида шаклланган Каримовдан бошқача тузумни кутиш кулгули бўлар эди. Яккаҳокимлик тузумининг бўш томони шунда-ки, бу тузумга хизмат қилаётган идоралар (ҳокимият, прокуратура, милиция, МХХ, суд, солиқ идоралари ва ҳ. ва ҳ.лар) сифат жиҳатдан ўсмайди, аксинча, сифати имкон қадар бузилади. Буни компенсация қилиш мақсадида, яъни аҳолининг норозилик кайфиятини бостириш учун бу идоралар ходимлари сон жиҳатдан оширилади. Натижада давлат ғазнаси таборо бўшаб борверади. Идоралар жамиятни жиловда ушлаб туриш йўлида маблағни халқнинг ўзидан ундириш йўлига ўтади. Буни фақат давлат қароқчилиги (терроризми) йўли билан амалга ошириш мумкин, холос.

Ҳасан Чориевга, аслини олганда Баҳодир Чориевга, биринчи ҳужум 2012 йилда уюштирилган эди. Яккабоғ туман суди ҳокимни ҳақорат қилганликда айблаб Ҳасан Чориевга нисбатан 29 миллион сўм жарима ва мол-мулкини тортиб олиш ҳукми чиқарган эди. Пул ишлаш мақсадида уюштирилган бу суд ҳукми Ҳасан Чориевни бир зумда камбағал ҳолатга келтирди. Суд ҳукми асосида эса ТЎҲМАТ ётган эди. Бир қарияга ҳукумат доиралари икки марта тўҳмат уюштиришяпти – бири пул ишлаш, иккинчиси мухолиф ўғлини сиқувга олиш учун! Бу – Каримов талаблари қандай бажарилаётганини кўрсатувчи классик мисолдир. Ўзбекистонда шу куйга солинаётган битта Ҳасан Чориев оиласи эмас, бундай мисоллар минглаб. Ҳукумат кўп йиллардан бери ўз мулозимларини одамларга ўтказилаётган давлат террори билан топаётган ҳаром пули эвазига боқмоқда. Тўҳматнинг кўламини, ундан келаётган пуллар кимларни боқаётганини сезаяпмизми? Ҳаром еб ҳаром босган сиёсий тузум!

Худосиз режим Яратганнинг мавжудлигига ишонмайди – бу унинг фожеаси. Ўтган асрнинг 20-чи йилларида Ўрта Осиёда яшаган ва маҳаллий аҳолига беҳисоб яхшиликлар қилган, Яратганнинг мавжудлигига дилдан ишонган бир рус хирургини большевик-коммунистлар кўп марта сўроққа тутишган, қамоққа ташлашган ва охири ўлдиришган. Ҳар сафар большевик-коммунист терговчилар унга: “Сен Худодан қайт, у йўқ, кўрсат уни, уни ҳеч ким кўрмаган” дейишган. Художўй хирург уларга: “Мен умрим давомида юзлаб бош чаноқларини очганман, мияларни операция қилганман, бироқ уларда ақл кўринмаган” деб жавоб берган. Бироқ АҚЛ ҳар бир калла ичида жойлашган мияда бўлишини ҳамма билади. ШАМОЛ ҳамма жойда бор, бироқ уни ҳеч ким кўрмаган. ЭЛЕКТР симлар узра оқади, беҳисоб лампочкаларни равшан қилади, беҳисоб машина-механизмларни ишга туширади, бироқ уни ҳам ҳеч ким кўрмаган. Беғараз художўй хирургни ўлдирган большевик-коммунистлар қатор мамлакатлар ва халқлар хотирасидан ўчди.

Ўзбекистонда Ислом Каримов атрофида “собиқ” коммунистлар ёки уларнинг болалари ўтиришибди. Негадир улар, ўзларининг шефи каби: “Бизлар абадиймиз, Худо йўқ, бизни ҳеч ким жазолай олмайди!” деб ўйламоқдалар. Коммунистларнинг доҳийси В.Лениннинг жасади салкам 100 йилдан бери ер юзида сақланиб келинаётган бўлса-да, у ўзининг жазосини олгани йўқ, дегани эмас. Беҳисоб катта-кичик ҳукмдорлар хору-зор бўлиб ўлиб кетганини инсоният кўрган. Ва яна кўражак!

24 август 2013 йил.                Франция.

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s