МАҚОЛАлар

ИҚТИДОР (ТАЛАНТ) БЎЙИЧА ЎЗБЕКЛАР ҲЕЧ КИМДАН ОРТДА ЭМАС

Tolib Yoqubov-2Толиб ЁҚУБОВ

Биз яшаётган Angers шаҳрининг энг нуфузли лицейларидан бирининг 1-курсида ўқиётган неварам Донохон ўқишнинг ярим йиллик натижасига кўра аълочи сифатида тан олинди, шаҳар мэрияси эса унга 800 евро мукофот пули берди. Мен бу гапни мақтаниш учун ёзаётганим йўқ, мен бу гапни иқтидор (талант) бўйича ўзбеклар ҳеч кимдан ортда эмаслигини уқтириш учун ёзмоқдаман. Бизнинг Тоқчилиқ қишлоғимиз Ўзбекистондаги минглаб оддий қишлоқлардан бири, ортиқча “шох-бутоғи” йўқ. Қишлоғимизда №11-сон ўрта мактаб бор, у уйимиздан 400 метрча нарида жойлашган, бироқ кўчамизнинг нариги томонида, уйимиздан 150 метр нарида бизнинг қишлоғимиз билан бирлашиб кетган Раваллиқ қишлоғининг №13-сон ўрта мактаби бўлгани учун менинг болаларим ва невараларим анашу мактабда ўқишган ва ўқишмоқда. Донохон шу мактабнинг 1-чи синфини битириб 2008 йилда Францияга келди –  табиий, у француз тилидан битта сўз ҳам билмасди. Францияда бошланғич таълим 5 йиллик бўлса-да, Донохон уни 4 йилда битирди. Францияда ўқувчининг ўзлаштиришига қараб мактаб маъмурияти ўқувчига бир йилда икки синфни битириш имконини беради. Донохон 4-чи синфда ўқиётганда ярим йиллик якунига кўра январь ойининг бошида мактаб маъмурияти уни 5-чи синфга ўтказди, кейинги ярим йилликда у 5-чи синфни тугатди. Шундан сўнг ота-оналар болаларини коллежда ўқитиш учун ҳужжатлар тайёрлашга киришадилар, бироқ юқори нуфузли коллежларга ҳужжат топшириш анча қийин. Мактаб директори келинимга: “Сиз овора бўлиб юрманг, Донохоннинг ҳужжатларини мен ўзим тайёрлайман, шаҳарнинг энг нуфузли коллежларидан бирига унинг ҳужжатларини ўзим топшириб келаман”, дебди. Коллежлар ҳам, лицейлар ҳам Францияда уч йиллик. Донохон коллежни энг юқори балл тўплаган ўқувчилар сафида битирди. Францияда ҳар йили ҳар бир вилоят маъмурияти коллежларни битирган барча ўқувчиларнинг исми-шарифи ва балларини кўрсатган ҳолда вилоят газетасининг махсус сонини чоп эттиради –  энг юқори балл тўплаганлар исми-шарифи ёнига махсус белги қўйишади, Донохон ҳам шулар қаторида бўлди.

Энди мен мақоламнинг асосий мавзусига –  иш фаолиятим давомида билган, ўзим ўқитган иқтидорли (талантли) студентлар ҳақидаги хотираларимни муҳтарам ўқувчилар билан ўртоқлашмоқчиман. Аввал ўзим ҳақимда икки оғиз сўз айтишни лозим топдим. Мен Низомий номли Тошкент давлат педагогика институтининг математика факультетида салкам 30 йил ишладим. Мен институтдаги фаолиятимни 1964 йилда оддий лаборантликдан бошладим, бироқ доцент лавозимида ишлаётганимда сиёсий ва ҳуқуқбонлик фаолиятим туфайли 1992 йил 30 ноябрда институт раҳбарияти мени ишдан ҳайдади. Мен факультетда алгебра ва математик мантиқ (логика) фанларидан дарс берганман. 1967 – 1973 йилларда Москва ва Кишинёв шаҳарларида аввал икки йиллик стажировка, кейин эса аспирантурани ўтадим (орада икки йилча академотпускда бўлдим). 1983 ва 1996 йилларда педагогика институтлари математика факультетлари студентлари учун “Математик логика элементлари” номли иккита китобим (ўқув қўлланмаси) босмадан чиқди ва улар Ўзбекистон олий таълим ҳамда Ўзбекистон маориф вазирликлари қарори билан университетлар ва педагогика институтларининг математика факультетлари студентлари учун ўқув қўлланмаси сифатида тасдиқланди. Москва ва Кишинёв шаҳарларида ўқишим давомида математиканинг баъзи соҳалари (алгебра, тўпламлар назарияси, алгоритмлар назарияси ва ҳ.)га доир мингга яқин ноёб китобларни йиғдим (сотиб олдим). Мас., менинг шахсий кутубхонамда 1885 йилда рус тилида нашр қилинган “Алгебра” номли китоб сақланмоқда. Бу китоблар уйимда оғир “юк” бўлиб ётмасдан улардан талантли ёшлар фойдаланишларини истардим –  бундай амалиёт келажакда ёш талантлар ўз билимларини аспирантурада ошириш, илмий ишлар қилиш ва диссертация ёқлаш учун зарурат деб ҳисоблардим. Мен баъзи студентларга алоҳида эътибор қаратдим, уларнинг қизиқишини ўргандим. Шулардан бири хоразмлик Озод Бекжонов (Бекчонов бўлиши ҳам мумкин –  ҳозир аниқ эслай олмадим) бўлди.

Озод билимга чанқоқ ўта талантли йигит экан. У менинг алгебра ва математик логика бўйича лекцияларимни диққат билан эшитар ва конспект қилар эди. Менда бор китоблар институт кутубхонасида бўлмагани учун мен унга ва 2-3 қуйи курс студентларига менинг кутубхонамдан фойдаланишни таклиф қилдим. Озод бу студентлардан 1-2 ёш катта ва билими кучлироқ  бўлгани учун уларга лидерлик қиларди. Институтдан менинг уйимга трамвайда борилар эди. Мен бир нарсани кузатдим: 4-5 та студент трамвайда менинг уйимга кетаётганда ҳаммаси трамвайнинг охиридаги майдончада тўпланишиб, Озодни ўртага олиб, тик оёқда, бора-боргунча бирор математик (алгебраик) масалани оғзаки муҳокама қилиб кетишар экан. Менинг уйимдаги баҳслар жонлангандан жонланиб борди, бу баҳслар бир кичик математик семинар шаклини ола бошлади, семинар иштироқчилари кичик-кичик докладлар қила бошлашди, уларда илмий ишлар қилишга иштиёқ пайдо бўлди. Озоднинг талантини битта мен эмас, балки факультетдаги бошқа фанлар домлалари ҳам юқори баҳолашар эди. Озод институтни битиришдан олдин уни ассистент (кичик ўқитувчи) қилиб факультетда олиб қолиш масаласи кўтарилди ва у ижобий ҳал бўлди. 1-2 йил ичида у аспирантурага кириш имкониятига эга бўлди, бироқ ҳаётий бир воқеа бу имкониятни пучга чиқарди. Озод дарс берган группаларнинг бирида тўйтепалик кўҳликкина бир қиз ўқир экан, Озод шу қизга кўнгил қўйган, қиз ҳам уни ёқтирган, тез орада тўй ҳақида гап чиқди. 2-3 ўқитувчи ва 10-15 студент иштирокина Озоднинг уйланиш тўйини камтарона шароитда ўтказишди. Шу орада ёши каттароқ, келишган, ўзига ора-тора бериб юрадиган бир студент “Бу қиз мендан қолиб кетган” деган гап тарқатибди ва бу бемаъни гап болалаб кетди. Бир хонадонда квартирада турадиган Озод ва хотини бирдан йўқолиб қолишди –  Озод ишга келмай қўйди. Кейин маълум бўлишича, у Хоразмга кўчиб кетган экан. Қизиғи, ҳалиги бемаъни гапни тарқатган йигит, эшитишимизга қараганда, институтни тугатгач, уйланган, бироқ фарзанд кўрмаган, кўп даволанган, бироқ фойдаси бўлмаган. Айтишларича, у ака-укаларининг икки боласини боқиб олган, уйли-жойли қилган, бироқ фарзанди бўлмаган. Озоднинг тақдири менга номаълум. Маълум нарса шунлардан иборат-ки, 1) Озодда фан доктори бўлиш таланти бор эди; 2) ўзбек фани Озод мисолида потенциал йирик олимдан ажралди.

Мен институтда салкам 30 йил ишлаган бўлсам-да, шу йиллар давомида институтга кириш имтихонларида иштироқ этиш менга бор-йўғи уч марта насиб этган, холос. Шуларнинг иккитаси Неъматой Ғоффорова номи билан боғлиқ. Андижоннинг Хўжаобод туманилик Неъматой математика факультетига, адашмасам, 70-чи йиллар бошида ўқишга кирди. Ўша йили мени кириш имтиҳонларида имтиҳон олувчи ўқитувчилар рўйхатига киритишди. Биринчи имтиҳон математикадан ёзма имтиҳон бўлиб, биз иккинчи имтиҳон –  математикадан оғзаки –  имтиҳондан бошлаб ишга тушдик. Мен факультет декани Ҳамидулла Назаров билан биргаликда бир группадан оғзаки имтиҳон ола бошладим. Менинг олдимга бир қиз келиб ўтирди ва дўриллаган овоз билан билетдаги саволларга жавоб бера бошлади. Унинг шахсий кириш варақасига қарасам математика ёзмасидан 5 (беш) баҳо олган экан. Менга дарҳол “бу қиз ўзи кучлимикин ёки орқасида одами бормикин” деган ҳаёл келди. Ўша пайтларда “илтимослар” рўйхати математика бўйича қабул комиссияси бошлиғининг қўлига имтихондан бир кун олдин тегар эди, бироқ комиссия раиси бу қиз ҳақида бизга ҳеч нарса демади. Мен Неъматойнинг жавобини ҳузур қилиб эшитдим ва … саволга тутдим. Қарасам, савол оғзимдан чиқар-чиқмас Неъматой қарсиллатиб жавоб бераяпти. Нима қилишни билмай “Мунча бақириб гапирасан?” деб юборибман. Неъматой тап тортмасдан “Овозим шундай бўлса нима қилай” деди. Кулишдик. Мен унга 5 қўйдим. Бироқ, кириш имтиҳонларининг қонун-қоидасига кўра 2 ёки 5 баҳо олганлар билан комиссия раиси сўҳбатлашиб кўрмагунча баҳони абитуриентнинг шахсий кириш варақасига қўйиш мумкин эмас эди. Комиссия раиси ҳам Неъматойнинг жавобларига қойил қолди ва “5 ни иккиланмай қўяверинг” деди. Мен Неъматойнинг группасига 4 йил дарс бердим, алгебра, сонлар назарияси ва математик логика фанларидан лекция ўқидим. Неъматой барча фанлардан, русча айтганда, круглый 5 га ўқиди. Унда лидерлик хусусиятлари бор эди. Амалий машғулотлар (масалалар ечиш)дан дарс берадиган баъзи ўқитувчилар фавқулодда бирор зарур иши чиқиб қолса дарсни Неъматойга қолдириб кетишарди. Неъматой институтни битириши арафасида уни институтда олиб қолиш масаласида мен кўп ҳаракат қилдим, аммо на деканат, на бирор кафедра ва на ректорат менинг ҳаракатимга эътибор бермади.

Неъматой 4-чи курсда ўқиётганда институтимизга лекция ўқиш учун Кишинёв шаҳридан физика-математика фанлари доктори, СССРнинг энг машҳур алгебрачиларидан бири Юрий Рябухин келди. Унинг лекциялари факультет ўқитувчилари ва юқори курс студентларига мўлжалланган эди. Ўқитувчиларнинг бирортаси, студентлардан Неъматойдан бошқа ҳаммаси Ю.Рябухиннинг лекцияларини тушунмади, Неъматой эса лекцияларни конспект қилди, лекциялар давомида лектор билан савол-жавоб қилиб турди ва ўзига Ю.Рябухиннинг диққатини тортди. Неъматой мисолида ўзбек фани яна битта талантли олимни йўқотди. Неъматой Хўжаободда ўқитувчилик қилди, мактабда директор ўринбосари бўлиб ишлади. Буларни мен “Ўқитувчилар газетаси”да Неъматой ҳақида эълон қилинган мақоладан (сурати билан) билиб олдим. Бир неча йиллардан кейин мен яна кириш имтиҳонларини олувчилар рўйхатига тушдим. ТДПИда бадиий-графика факультети бўлиб, негадир шу факультетга кирувчи абитуриентлар, гарчи ўқиш давомида математика ўқитилмаса-да, математикадан оғзаки имтихон топширишарди. Мен қатнашган имтихонлардан бири анашу факультетга кираётган абитуриентлар гуруҳида бўлди. Олдимга қотмадан келган бир бола келиб ўтирди. Имтихон топширувчилар рўйхати имтихон олувчилар столи устида турар ва унда имтихон топширувчи қайси вилоятдан келгани ёзилган бўларди. Рўйхат кўз қиримни ташласам бола Андижон вилоятидан экан. Йигитча билетдаги саволларга дадил жавоб берди. Менинг қизиқишим ҳакалак отиб кетдими, билмадим, “шу болани бир синаб кўрай-чи” деб саволга тутдим. Орамизда қуйидаги савол-жавоб бўлиб ўтди:

  • Сен Андижон вилоятидансана-а?
  • Ҳа, Андижон вилоятиданман.
  • Хўжаобод туманидансан-а? – йигитча ҳайрон бўла бошлади.
  • Ҳа, Хўжаободданман.
  • Сен Қизил Чек қишлоғидансан-а? – йигитча гапиролмай менга тикилиб қолди. Бир зум тикилиб тургач, паст овозда:
  • Ҳа, Қизил Чекданман. Домла, сиз мени танийсизми? – деб сўради. Уни тамоман “синдириш” учун мен яна битта савол бердим.
  • Сени мактабда Неъматой Ғоффорова ўқитган-а? – йигитча тамом бўлди ва янада паст овозда:
  • Ҳа, Неъматой опа ўқитганлар. Сиз мени танийсизми?
  • Йўқ, танимайман. Бироқ бераётган жавобларингга қараганда сенга математикадан билимни Неъматойдан бошқа одам бера олмаслигини сездим.

Неъматойнинг ўқувчиси ўқишга кириб, бадиий-графика факультетини битириб кетди. У аҳъён-аҳъёнда менинг олдимга келиб турар ва 5-10 минут сўҳбатлашиб кетарди.

Эркин Самандаров ҳам Озод Бекжонов каби хорахмлик эди. У ориқ, ўта рангсиз, бироқ қарашлари тетик йигитча эди. Мен Эркин ўқиган группага ҳам алгебра ва математик логика фанларидан лекция ўқиганман. Эркиннинг таланти юксак эканлиги дарров кўзга ташланди. Менда америкалик олимлар Р.Басакер ва Т.Саати қаламига мансуб “Конечные графы и сети” (Чекли графлар ва тўрлар) китоби бор эди. Ўша пайтларда графлар назарияси ТДПИ уёқда турсин, ҳатто ТошДУнинг математика факультетида ҳам ўтилмасди. Бир куни, дарсга келаётиб шу китобни ўзим билан ола келдим ва Эркинни чақириб “танишиб чиқ” дея китобни унга бердим, бироқ ҳаёлимдан “Эркин рус тилини яхши билмайди, уддалай олармикин?” деган гап ўтди. Бир ой ўтди, мен индамай юравердим, Эркин олдимга келмади. Бир ойдан кейин Эркин олдимга келиб “Домла, китоб бўйича мен билан сўҳбат қилишга вақтингиз борми?” деб қолди. Китоб бир неча боблардан иборат бўлиб, ҳар бобнинг охирида камида 20-25 теорема масала сифатида берилган эди. Менинг “Китобни тушундингми?” деган саволимга у “Мен китобни нафақат тушундим, ҳатто боблар охирида берилган теоремаларнинг ҳаммасини исботладим” деб жавоб берди. У ўқув доскаси олдида туриб лекция ўқий бошлади. Лекциясининг охирида Эркин: “Домла, Р.Басакер ва Т.Саатининг граф тушунчасига берган таърифи чала экан, бу таъриф баъзи графларни ўз ичига қамраб ололмайди. Мен барча графларни ўз ичига олган янги таъриф топдим” деб менга ўзи топган таърифни тушунтирди. Мен Эркинга шу таъриф асосида бир доклад ёзишни таклиф этдим. Ўша йили Ўзбекистоннинг педагогика институтлари студентлари орасида математика бўйича ўтказиладиган илмий конференция Қўқон (ё Наманган – аниқ эсимда йўқ) педагогика инситутида уюштириладиган бўлиб, Эркин шу доклад билан конференцияда бемалол қатнашса бўлар эди. Эркин Қўқондан жуда хафа бўлиб қайтди. Унинг айтишича, докладларни баҳоловчи комиссия аъзоларининг бирортаси ҳам Эркиннинг докладига тушунмаган. Бу ҳақ гап, чунки ўша пайтда графлар назарияси бўйича Ўзбекистонда мутахассис йўқ эди. Мен Эркин институтни битираётган пайтда уни аспирантурада ўқитиш учун институтда олиб қолиш зарурлигини тушунтириш мақсадида бормаган идорам қолмади –  факультет ва институт бошлиқлари уёқда турсин, ҳатто маориф вазири Шермуҳаммедов ҳам гапимга қулоқ солишни истамади. Эркин Самандаров графлар назарияси соҳасида Ўзбекистонда биринчи олим бўлиб етишиши мумкин эди, аммо бу унга насиб қилмади.

Қуйида мен муҳтарам ўқувчига граф ҳақида қисқача маълумот бермоқчиман. Граф атрофимизда ҳар қадамда учрайди. Мас., шаҳар кўчасини чизиқ деб тасаввур этинг –  унинг бош ва охирги нуқтаси бор. Шаҳарнинг барча кўчаларини ана шундай тасаввур этиб қоғозга туширсангиз шаҳар харитаси пайдо бўлади –  ана шу харита графдир: кўчаларнинг учлари, кўчалар кесишган нуқталар графнинг учлари (тугунлари), графнинг икки учини бирлаштирган чизиқ (кўча) графнинг томонлари ҳисобланади. Ўргамчакнинг тўрини ҳамма билади –  у ҳам графдир. Графлар назариясини турли соҳалар (иқтисод, химия, кристаллография ва ҳоказо)нинг актуал масалаларини ечишда тадбиқ этиш мумкин. Оддий бир мисол келтираман. Ҳар қандай шаҳарда магазинлар (М), уларни товар (маҳсулот) билан таъминловчи омборлар (О), омборлардан магазинларга маҳсулот ташувчи юк машиналари база (автобаза)лари (АБ) мавжуд. Шаҳарни граф деб қарасак, М-О-АБ учлиги орасидаги юк машиналари қатнови учун оптимал (энг камхаражат) маршрутни ишлаб чиқиш иқтисодий масалалардан биридир. МАРШРУТ ҳам граф бўлиб,  у асосий граф (шаҳар)нинг бир қисмидир. Билишимча, графлар назарияси бўйича Ўзбекистонда ҳозирга қадар мутахассис тайёрланган эмас.

Абдуқодир Назаров Қашқадарё вилояти, Яккабоғ туманидаги бир қишлоқдан келган студент эди. У Эркин Самандаров билан бир группада ўқирди. Абдуқодир босиқ, жиддий ва камгап йигит эди. Мен биринчи яримйилдаёқ у ўта талантли студент эканини сездим. У айниқса алгебра фанига жиддий қизиқар эди. Мен унга В.Алексеевнинг “Теорема Абеля в задачах и решениях” номли китоби билан танишиб чиқишни таклиф этдим. Абель теоремаси ҳақида қисқача тўхталиб ўтаман. Бир номаълумли биринчи, иккинчи ва учинчи даражали тенгламаларни, унинг ўзгармас коэффициентлари (a, b, c, d)га фақат тўрт арифметик ҳамда илдиз чиқариш амалларини қўлланиб ечиш масаласи “радикалларда ечиш” дейилади. Машҳур Абель теоремасига асосан  юқори даражали тенгламалар (бешинчи даражалидан бошлаб)ни радикалларда ечиш Абель группаси (коммутатив группа) боғлиқ экан, акс ҳолда бундай тенгламалар радикалларда ечиш мумкин эмас экан. Абдуқодир мен таклиф қилган китобдаги масалаларнинг деярли барчасини мустақил ҳолда ҳал қилди. Абдуқодир келажакда алгебра соҳасида йирик олим даражасига эришиши мумкин эди, бироқ раҳбарлар бу йигитга қайрилиб ҳам қарашмади.

Гарчи мен ушбу мақолани талантли ўзбек йигит-қизларига бағишлаган бўлсам-да, мен дуч келган яна бир талантли йигит, миллати рус бўлган Евгений Водянюкни эслаб ўтмоқчиман. Евгений Водянюк мен ўқитган группада бошлиқ (староста) эди. У аввал ТошДУнинг механика-математика факультетига ўқишга кирган ва унда салкам икки йил ўқиган экан. У қайсарроқ, ҳақлигини ҳимоя қилиб охиригача курашадиган йигит бўлиб, у тортишаётган одам ким бўлишидан қатъий назар ўзбекларга ўхшаб “енгилганини тан олиб” бошини эгиб туриб кетавермас эди. У ТошДУда 2-чи курсни битириш имтихонларини топшираётган пайтда ТошДУ профессори Л.Волковысский билан тортишиб қолади. У саволларга пухта жавоб берган бўлса-да, бироқ Волковысский унга 2 баҳо қўяди. Евгений ТошДУни ташлаб кетади ва ўша йили ТДПИга, математика факультетининг рус бўлимига ўқишга киради. Мен алгебра фанидан ҳамма вақт рус ва ўзбек группаларига, математик логика фанидан эса ўзбек, рус ва қозоқ группаларига дарс бериб келганман. Яширмасдан айтишим керак, рус группаларида ўқийдиган студентларнинг савияси ўзбек ва қозоқ группаларида ўқийдиган студентлар савиясидан сезиларли баланд эди. Бироқ илгари мен ўқитган рус группаларида Женядек талантли студентларни кўрмаганман. Бир марта мен, ўқитувчининг рухсати билан, сиёсий иқтисод (политэкономия) бўйича Женянинг группаси имтихон топшираётганда имтихонни кузатиб ўтирдим. Женя бир масалада ўқитувчи билан тортишиб қолди ва ярим соатлик бахсда ютиб чиқди –  ўқитувчи унга 5 баҳо қўйди ва, ҳатто, қўлини қисиб ҳам қўйди. Бу мисол билан мен Женя барча фанлардан фақат аъло баҳога ўқиганига урғу бермоқчиман. Мен у билан махсус шуғулланганим йўқ, мен унинг кучини билардим. Женя билан олий геометрия ўқитувчиси Елена Подгорнова махсус шуғулланар ва уни ўзи аспирантурада ўқиган Ленинград шаҳар университети аспирантурасига юбормоқчи эди. Охирги давлат имтихони тугаган куни мен кўчада Женяни учратиб қолдим ва иккаламиз институтдан Инқилоб хиёбони (Курант)гача пиёда, гаплашиб кетдик. Мен ундан келажак режаларини сўрадим, у эса Ленинградга кетмоқчи эканини айтди. Ўша пайтларда Елена Подгорнованинг онаси Станислава Афонина ТДПИнинг илмий ишлар бўйича проректори эди ва аспирантура масаласини айнан шу аёл ҳал қилар эди. Мен Женянинг кўнглига “қўл солдим” ва “Кишинёвга шаҳрига алгебра бўйича аспирантурага борсанг қандай бўлади?” деб сўрадим. У “ўйлаб кўраман” деди ва 2-3 кундан кейин “бораман” деб қатъий жавоб берди. Мен дарҳол Кишинёвга қўнғироқ қилиб профессор Юрий Рябухин [Неъматой Ғоффорова ҳақидаги ҳикояда тилга олинган] билан боғландим. У аспирантурага кириш имтихонларини Женя Молдавия Фанлар Академиясининг Математика Институтида топшириши лозимлигини урғулаб рози бўлди. Женя сентябрь бошида Кишинёвга жўнаб кетди ва … ундан 6 ой ҳеч қандай хат-хабар келмади. Мен Ю.Рябухиннинг уйига қўнғироқ қилдим, трубкани унинг хотини кўтарди ва менинг “Женя борми ёки йўқолиб қолганми?” деган саволимга у кулиб: “Бор, у ҳозир Юранинг аспиранти, яқинда у бизникига меҳмонга келган 3-4 та математикларга “Толиб менга жуда талантли ўқувчи юборибди” деб мақтаганини ўз қулоғим билан эшитдим”, деди.

Женя институтда бирга ўқиган бир қизга охирги курсда ўқишаётганда уйланган эди. У Кишинёвга кетаётганда хотинини ҳам олиб кетган экан. Мен буни 1980 йили Кишинёвга борганимда билдим. Мен Кишинёвга борганимдан дарҳол Математика Институтига йўл олдим ва … ўта нохуш хабарни эшитдим. Женя, айтишларича, илмий раҳбари билан қир-пичоқ уришиб қолибди, Ю.Рябухин унга илмий раҳбарлик қилишдан воз кечибди, Женя аспирантура муддати тугамасдан кандидатлик диссертациясини ёзиб тайёр ҳолга келтирибди, бироқ Ю.Рябухин унга диссертациясини ҳимоя қилишга йўл бермабди ва ҳоказо. Мен шокка тушдим. Мен институтнинг бир таниш ходимига мурожаат қилдим, орамизда ушбу сўҳбат бўлиб ўтди:

  • Балки унинг диссертацияси хом, кучсиз бўлгандир, Юрий Михайлович бекордан бекорга бу ишларни қилмаса керак-ку!;
  • Йўқ, аксинча, кўпчилик Женянинг диссертацияси докторлик диссертацияси даражасида дейишаяпти, бу ерда бошқа гап бор;
  • Қандай гап бор, сир бўлмаса айтиб беринг;
  • Юрий Михайлович хотинидан ажрашганини эшитганмисан?
  • Йўқ, қаёқдан эшитаман. Илгари ҳам у хотинидан ажрашган эди-ку, иккинчисидан ҳам ажрашдими?
  • Ҳа. У ҳозир ўзининг бир аспиранткаси билан дон олишиб юрибди, шу аёлга уйланмоқчи. Бу аёлнинг илмий ишлари Женянинг илмий ишларининг хусусий ҳоли, ва агар Женя ундан олдин ҳимоя қилса, у аёл ўз диссертациясини ҳимоя қила олмайди. Шунинг учун Юрий Михайловия Женяга йўл бермаяпти. Женя кутиб тура олмайди, унинг хотини ва кичкина қизчаси бор, хотини болалар боғчасида ишлайди, Женя ўша боғчанинг иситиш котельнийсида ўт ёқувчи (истопник) бўлиб хизмат қилади. Улар котельнянинг битта сим кравот сиғадиган хоначасида яшашади. Кравотда хотини билан қизи ётишади, ўзи эса ерда ётади;
  • Вазиятни тўғрилаш учун мен нима қилишим мумкин?
  • Сен уларни яраштир, бошқа йўли йўқ!

Мен Женяни излаб топдим ва ўбдон гаплашдим. Женя юз фоиз ҳақ эди. Женя ўзбекча паловни мутахассис ошпазлардек пиширар эди, мен унга Юрий Михайловични қачон олиб келишим вақтини айтдим ва ош дамлаб қўйишни буюрдим. Айтилган вақтда мен Юрий Михайловични олиб келдим, хонага уччаламиз зўрға сиғдик, Женянинг хотини ва қизига жой топилмади. Ош зўр бўлган экан, иккаласи молдаван виносидан қиттай-қиттай қилишгач, сўҳбат қизиб кетди. Мен дипломатияни йўлга қўйиб иккаласини яраштирдим –  Женя институтга қайтадиган, Юрий Михайлович эса илмий раҳбарликни давом эттирадиган бўлди. 5-6 кундан кейин мен Тошкентга қайтдим. 2-3 ойдан кейин икки ўрис яна уришишибди –  бу сафар “юзкўрмас” бўлиб уришишибди. Женя аввал ҳимояни Москвада қилишга бел боғлади. Юрий Михайлович СССРда кўзга кўринган олим бўлгани учун уни илмий доираларда ҳамма танирди. У москвалик олимларни алдаб Женянинг диссертациясини ҳимоя қилишга қабул қилмасликларига эришди. Алгебра бўйича Москвадан кейинги ўринда Новосибирск университети турарди, бироқ Юрий Михайловичнинг саъй-ҳаракати билан Новосибирск ҳам Женяга рад жавобини берди. Ҳаёт қийинчиликлари Женяни Тошкентга қайтишга мажбур қилди. Женя Дўмбрободдаги мактаб-интернатга директор ўринбосари бўлиб ишга кирди. Бироқ кўп ишламади –  у тўсатдан вафот этди. 1-2 йилдан кейин хотини, қизчаси, қайнона ва қайнотаси АҚШга кўчиб кетишди.

28 январь 2016 йил,        Франция

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s