Турсинбай Утамуратов

ТУРСУНБОЙ ЎТАМУРАТОВ

Tursunboy O`tamurodov    30 сентябрьда қорақалпоғистонлик ҳуқуқбон, Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятининг 2000 йилдан бери аъзоси Турсунбой Ўтамуратовнинг АҚШда, Бойси шаҳрида сирли ўлим топганига 4 йил тўлади. Мен Турсунбойнинг ҳаёт йўлини, унинг инсонларга муносабатини, уларга беғараз ёрдам қўлини чўзганини анча яхши биламан. Турсунбойдек инсонлар унутилмаслиги керак, деган мақсадда мен ушбу мақолани ёзмоқдаман.

    1996 йилда Турсунбой Ўтамуратов Қорақалпоғистон Республикаси, Амударё тумани ҳокимлигида оддий мулозим бўлиб ишлар эди. Ўша пайтларда фермер хўжаликлар ташкил этилаётган бўлиб, Турсинбой ҳокимликда ерларни тақсимлаш комиссиясини бошқарар эди. Қайнотаси фермер бўлган Амударё тумани прокурори Гулора Бобожонова комиссияга босим ўтказган ҳолда қайнотаси ва бошқа қариндош-уруғларига энг яхши ерларни олиб бера бошлайди. Ерига шоли эккан қайнотаси эса давлатга келишувда кўрсатилган шолини топширмайди.  Туман миқёсида ўтган катта бир мажлисда Турсунбой прокурорнинг кирдикорларини очиб ташлайди. Орадан 3 кун ўтгач, прокурор Турсунбойга нисбатан жиноий иш қўзғатади, туман суди эса уни 5 йил озодликдан маҳрум этувчи ҳукм чиқаради. Турсинбой 3,5 йилдан кейин амнистия билан озодликка чиқади ва … 12 давлат мулозимини судга беради. Улар орасида Г.Бобожонова, Турсунбойни суд қилган судья, Ўзбекистон Бош прокурорининг 1-ўринбосари Азимжон Эргашев, Ўзбекистон Олий суди раиси Убайдулла Мингбоев, Қорақалпоғистон Республикаси Олий суди ва прокуратурасининг бир неча мулозимлари бўлган. Ўзбекистон шароитида, табиий, бирорта суд кўпчилиги юқори лавозимларда ишлаган мулозимларни судлашга ботина олмас эди – аста-секин юзага келган шов-шув босди-босди қилиб юборилди. Бироқ Ўзбекистон тарихида Турсунбой юқори лавозимли 12 шахсни қўрқмасдан судга берган ягона инсон сифатида муҳрланиб қолди.

    Билмадим Турсунбой Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти (ЎИҲЖ) мавжуд эканини кимдан эшитган, у 2000 йил менинг уйимга кириб келди. »Менинг уйимга» деганимнинг сабаби шунда-ки, ЎИҲЖнинг расмий офиси мен яшаётган квартирада жойлашган эди – ўша пайтлар деярли ҳар куни менинг квартирам одамга говжум бўларди. Турсунбой иккаламиз узоқ сўҳбатлашдик, у менга бошидан ўтган воқеаларни батафсил гапириб берди. Олдимда тайёр ҳуқуқбон ўтирар эди – унинг фикри теранлиги, инсонлар тақдирига бефарқ эмаслиги, мутахассис бўлмаса-да, юридик билими юксаклиги, жасур инсон эканлиги мени лол қолдирди. Мен унга ЎИҲЖнинг Қорақалпоғистон Республикаси бўлимини тузишни таклиф қилдим. У бу ишни уддалади, бир муддатдан сўнг эса ЎИҲЖнинг Қорақалпоғистон Республикаси бўлими ташкилотимизнинг таҳсинга сазовор бўлимига айланди.

    2000-2006 йилларда Ўзбекистон ҳукумати ва махсус хизматлари ЎИҲЖга қаттиқ тикилди – 2001 йил ташкилотнинг Қашқадарё вилояти бўлими раиси Шавриқ Рўзимуродов Ички ишлар вазирлиги ертўласида қийноқлар остида ўлдирилди, 2002 йилда ЎИҲЖнинг Жиззах вилояти бўлими аъзоси, адвокат Мўътабар Отабобоева ўлдирилди, шу йилнинг сентябрида ЎИҲЖнинг 4 аъзоси – нишонлик Жўра Муродов, Норпўлат Ражабов, Мусурмонқул Ҳамраев  ва Турсунбой Ўтамуратов қамоққа олинди. 2002 йил октябрида ЎИҲЖнинг тўққиз (!!) аъзоси қамоқхоналар ва »психушка»да эди. Ўша кунларда ўзбек »одил суди» сохталаштирилган материаллар асосида ЎИҲЖ аъзоси, Қарши шаҳри (Қашқадарё вилояти)лик журналист Олим Тошевни судлаш учун  бутун ғайратини ишга солаётган эди.

    2003 йил 2-6 май кунлари Тошкентда Европа қайта қуриш ва тараққиёт банки (ЕҚҚТБ)нинг йиллик сессияси бўлиб ўтиши маълум бўлди. Мен ЎИҲЖнинг барча вилоят раҳбарларига хат йўлладим ва унда 29 апрельдан бошлаб узлуксиз норозилик пикетлари уюштиришга чақирдим. Тошкентда биз пикетни бир кун Бош прокуратура олдида, кейинги кун Олий суд олдида (ва ҳоказо) ўтказа бошладик. ЕҚҚТБнинг сессияси »Интерконтинентал» меҳмонхонасида ўтказиш мўлжалланган экан. ЕҚҚТБнинг матбуот котиб  Doina Coloianu (Дойна Колояну) сессия бошланмасдан 2 кун олдин мени сўҳбатга таклиф этди. Мен унга Ўзбекистонда ҳукумат томонидан инсон ҳуқуқларини таъминлаш абгор аҳволда экани, ЎИҲЖ  қандай ташкилот эканини, 2 майда, яъни ЕҚҚТБ сессияси бошланадиган куни »Интерконтинентал» меҳмонхонаси олдида пикет ўтказиш режамиз борлигини, бироқ ҳукумат бунга йўл қўймаслиги мумкинлиги ҳақида гапириб бердим. Д.Колояну: »Пикетни шу ерда ўтказаверинглар, ҳукумат пикет ўтказишга тўсқинлик қилмаслигини сўраб биз Каримовга айтамиз» деди.

    Илгариги пикетларимизда уркалтак-суркалтак, одамларимизни пикет ўтказиладиган жойдан анча нарида ушлаш бошланарди. Бу сафар эса пикет ўтказиш жойига бемалол етиб бордик, милиция ходимлари ҳеч кимни тўхтатишмади – пикетда 30 дан ортиқ ҳуқуқбонлар қатнашишди. Ўша куни Наманган, Гулистон, Жиззах, Самарқанд, Қарши ва Нукус шаҳарларида вилоят прокуратуралари олдида ЎИҲЖ аъзолари пикетлар уюштиришди. Шундан бир ҳафта олдин мен барча вилоятлар ва Қорақалпоғистон Республикаси прокурорлари номига хат йўллаган ва унда 2 май куни прокуратуралар олдида пикетлар уюштириш режамиз борлигини ёзган эдим.

    ЕҚҚТБ сессияси тугагандан кейин ҳам ЎИҲЖ пикетларни давом эттирди ва у 23 июльгача давом этди. Охирги пикетимиз »Интерконтинентал» меҳмонхонаси олдида ўтди ва унда 70 дан ортиқ одам қатнашди. Пикетимиз ҳақидаги хабар бир зумда элчихоналарга етиб боргани туфайли Буюкбритания, Франция, АҚШ, Германия ва бошқа демократик давлатлар элчилари пикет ўтказилаётган жойга етиб келишди. Қизиғи, яқин атрофда бирорта милиция ходимини кўрмадик. Бу тадбиримиз ижобий натида бера бошлади – бирин-кетин ЎИҲЖнинг Иштихон туман.ташкилоти аъзолари ва Турсунбой Ўтамуратов озодликка чиқишди. Ўша пайтда Турсунбой Тавоқсойдаги УЯ 64/3 жазони ижро этиш қамоқхонасида эди. Унинг озодликка чиқиш кунини Жазони Ижро Этиш Бош Бошқармаси (ЖИЭББ)дан сўраб билдим ва Турсунбойни қамоқхона дарвозаси олдида кутиб олиш учун Тавоқсойга бордим. Турсунбой қамоқхонадан чиққач, иккаламиз менинг уйимга келдик. У бир кеча менинг уйимда меҳмон бўлиб, эртаси куни Қорақалпоғистонга жўнаб кетди.

    ЎИҲЖнинг қамалган аъзолари орасида Турсунбой энг кўп судланган ва қамалган инсон эди, бироқ у ҳеч қачон тушкунликка тушмади. Аксинча, у қамоқдан чиққандан кейин ҳуқуқбонлик фаолиятини янада фаолроқ давом эттираверди. Турсунбой 2002 йил сентябрида қамалгандан кейин 12 кун ўтгач мен адреси Амударё тумани, Чехов кўчаси, 4 бўлган уйига етиб бордим. Мен Амударёга зудлик билан етиб бора олмас эдим, чунки Юнусобод туман судида ЎИҲЖ аъзоси, қашқадарёлик Йўлдош Расулов устидан суд жараёни олиб борилаётган бўлиб, мен уни судда ҳимоя қилаётган эдим. Гарчи тергов органи жиноят Амударё туманида содир этилган, дея хулосага келган бўлса-да, суд Амударё туманидан 80 км нарида жойлашган Хўжайли туманида олиб борилаётган эди. Бу эса ЎзР процессуал кодексининг 391-моддаси (Жиноят ишининг ҳудудий жиҳатдан судловга тегишлилиги)ни ўта қўпол равишда бузилиши эди, чунки мазкур модданинг 1-қисмидаёқ »Жиноят иши жиноят содир этилган жойдаги судда кўрилади» дейилган. Нима сабабли суд Хўжайли туман судида ўтказилгани тушунарли – судланувчининг яқинлари, ёру-дўстлари судга боришга қийналишлари ва охир-оқибат судга бормай қўйиши назарда тутилган эди.

    Мен онанинг ўз фарзандига қанчалик муҳаббат билан қарашини Амударёда, Турсунбойнинг онасида кўрдим. Амударёдан Хўжайлига эски, шалағи чиққан ПАЗик автобус ҳар куни фақат бир марта қатнар экан – улгурмасанг қолиб кетаверар экансан. Онахон шу автобусда эрталаб Хўжайлига борар, суд биноси рўпарасида, кўчанинг нариги томонида, тротуарда, қуп-қуруқ ерда, деворга суянган ҳолда ЭРТАЛАБДАН  КЕЧГАЧА ўтирар, тушлик пайтида ҳамма овқатланишга борганда онахон ўрнидан жилмай ўтираверар эди. Кейин билсак, онахон »Турсунбойни тасодифан кўчага олиб чиқишармикин, ўғлимни узоқдан бўлсаям кўрармикинман» деган ҳаёлда ўтирар эканлар. Онахон ҳамма қатори кечки автобусда уйига қайтар эди. Турсунбойнинг Хўжайлида бир неча таниш-билиши бор эди. Одамлар онахонга: »Нима қиласиз ўзингизни қийнаб, Хўжайлида таниш-билишникида ётиб қолаверинг» дейишса ҳам онахон унамас эди.

    Амударёга борганимда ибратли бир воқеани эшитганман. Турсунбойнинг отаси вафот этади, бир неча кундан кейин ҳовлига колхоз раиси кириб келади ва онахонга:

  • Колхоз бухгалтерияси сизга пул ажратди, шуни бориб олинг, – дейди.
  • Қанақа пул? – дея сўрайди онахон.
  • Ёрдам пули. Текин, – дейди раис.
  • Текин пул менга керак эмас –  мен болаларимни ўз меҳнатим билан боқаман, деб жавоб беради онахон.

    Турсунбойнинг Ўрозали ва Робия исмли укаси ва синглиси бор эди. Ўрозали боғбончилик қиларди, елкасидан кетмон тушмасди, кечгача ёнида юрсангиз ҳам унинг оғзидан бирорта гапни эшитмас эдингиз. Ўрозали ва унинг оиласи акаси билан бир ҳовлида яшарди. Мен мазкур ҳовлига бир неча марта борганман, бироқ Ўрозалини ҳовлида бирор марта ҳам учратмадим –  чамаси Ўрозали ўта содда, меҳнатдан бошқа ҳеч нарса билан қизиқмайдиган, умрини нуқул далада ўтказадиган инсон бўлса керак, деб ўйладим мен. Ўрозалидан фарқли Робия акаси учун жонини беришга тайёр сингил эди. Турсунбой қамалган пайтларда Робия тинимсиз чопарди –  акага Робиячалик меҳрибон бўлган сингил камдан-кам топилса керак.

    Турсунбой табибликда нафақат Амударё туманида, балки Қорақалпоғистоннинг кўпгина бошқа ҳудудларида ҳам машҳур эди. Одамлар »Турсунбойга табибликни Худо берган» дейишарди. Баъзи касаллар Турсунбойнинг уйига ўз оёғи билан келишса, баъзилари касали оғир бўлгани туфайли ўз оёғи билан келишга қурби етмас, касалнинг ўрнига эса унинг бирор яқин одами келар экан. Турсунбой касал ўрнига келган одам билан ушбу тарзда савол-жавоб қилар экан:

  • Бемор у-бу нарса билан қизиқадими? Болалар мактабдан келишдими, деб сўрайдими? Молларга ўт, сув бердиларингми, тагини тозаладингларми, деб тергайдими?
  • Ҳа, қизиқади, сўрайди, тергайди.
  • Ундай бўлса мен беморни даволайман. Бориб унинг расмини олиб келасизми?
  • Ҳа, олиб келишим мумкин. Керак бўлса шу кеча-ю кундуздаги расмини олиб келишим мумкин.

    Турсунбой расмни яхшилаб ўрганар, келган одамдан бемор ҳақида атрофлича маълумот олар ва шунга қараб беморга дори тайёрлар экан. Баъзи беморларнинг вакили: Йўқ, қизиқмайди, сўрамайди, тергамайди, фақат бир нуқтага тикилиб ётади, ҳеч нарса билан иши йўқ, деса, Турсунбой: Хафа бўлманг, мен беморни даволай олмайман, духтурга мурожаат қилинглар, дер экан. Турсунбой Тошкентга келса, даставвал менинг уйимга келарди, бир-икки соат сўҳбатдан кейин Олой бозорига йўл оларди. Олой бозорида доривор ўсимликлар билан савдо қиладиган одамлар Турсунбойни яхши танишар эди ва у илгари сафар келганида заказ қилган ўт-ўланларни тайёрлаб қўйишарди. Бир куни Турсунбойнинг ҳовлисига 18-19 ёшли, ориқликдан эти суягига ёпишиб кетган, ўзи мустақил юролмайдиган бир қизни олиб келишади. Ота-онаси қизини ётқизмаган касалхонаси, қаратмаган духтури ва ўқитмаган азайимхон эшони қолмагач, уни Турсунбойдан нажот истаб олиб келишган экан. Машинада ётган қизни ота-онаси ҳовлига кўтариб олиб киришади. Турсунбой қизни кўргач: »Қизингизни даволаса бўлади, Худо насиб этса даволайман» дейди. Ҳақиқатан, қиз бир ой ичида оёққа туради, унга эт кира бошлайди ва тез орада гўзал қизга айланади.

    Турсунбойнинг уйида кўзга ташланадиган бирор нарсани мен кўрмадим –  на машина, на шоҳона гиламлар, на ганчли хоналар ва на одам ҳавас қиладиган кийим-кечак –унинг торгина ҳовлисида кўзга ташланадиган фақат битта сигири ва кичкина мотоцикли бор эди, холос. Мен бир кун ундан: »Турсунбой, сиз анча харажат қилиб доривор ўсимликлар олиб кетасиз, улардан дори тайёрлайсиз. Касаллар сизни рози қилишадими? Пул-мул беришадими?» деб сўрадим. Турсунбой: »Бойроқ касаллардан берганини оламан, бироқ шунча берасан, демайман. Камбағал касал келса, пулини олмайман. У зўрға кунини ўтказаётганини кўрмасам экан пулини олсам. Кўриб турибман-ку! Виждоним чидамайди» деди. 2005 йилнинг охирида менда қандли диабет хуруж қилиб ётиб қолдим, ўрнимдан туришга ҳам мадорим қолмади. »Толиб ака оғир ётибди» деган хабарни эшитган Турсунбой мени кўргани Тошкентга етиб келди. Кўришиб бўлгач, у ёнимга чўккалаб ўтирди, мен касалимни айтмасимдан олдин савол бера бошлади: »Толиб ака, бурнингизнинг усти, қошингиз, бошингиз, қўлингиз, оёғингиз қичийдими?» Мен: »Ҳа, қичийди. Баъзида уйғониб кетаман. Тирноғим билан қашилашга бўй бермайди, шунинг учун ёнимга мана бу парахани олиб ётаман ва параха билан қашийман, баъзан терим қонаб кетади» дедим. Турсунбой: »Тушунарли, сизда қандли диабет касали бор экан» деб диагноз қўйди. Турсунбой менга дори тайёрлаб берди, бироқ ўғлимга нисбатан олдинма-кетин учта маъмурий қонунбузарлик, битта жиноят содир этиш айби билан иш қўзғатилгани сабабли мен ўғлимни тергов ва судларда ҳимоя қилишимга тўғри келди –  мен ҳамма судларни ютиб чиқдим. Мен билан қасдлашган ҳукумат барибир ўғлимни бир кунмас бир кун қамашини тушунардим ва ўғлимни чет элга чиқариб юборишга ҳаракат бошладим – шу билан Турсунбой тайёрлаб берган дорини ичиш ҳам эсдан чиқиб кетди.

    Турсунбой Ўзбекистондан чиқиб кетиб бирмунча вақт Олма-Отада яшади, кейинчалик Бишкекка келиб жойлашди. БМТнинг қочқинлар масаласи бўйича комитетидан сиёсий қочқин статусини олгач, АҚШга жўнаб кетди. Кейинроқ Бишкекка Турсунбойнинг аёли (адашмасам, исми Сожида эди) ва ўғли Пўлат амал-тақал қилиб етиб келишади. Бу орада Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари Турсунбойга халқаро қидирув эълон қилишади, бироқ у АҚШдан сиёсий бошпана олгани учун махсус хизматлар она-боланинг изидан тушишади. Сожида ўта содда, »оғзидаги ошини олдирган» инсон эди. Бир куни она-бола Бишкекда автобусда кетаётганда кимдир Сожиданинг сумкасида бўлган барча ҳужжатларни, хусусан паспортларни ҳам, ўғирлаб кетади – она-бола икки йил Бишкекда қолиб кетишади. Паспорти бўлмагани учун Бишкекка улардан кейин келганлар сиёсий қочқин статусини олиб чет элларга кета бошлайди, бироқ она-бола қочқин статусини олган бўлсалар-да, паспортлари бўлмагани учун АҚШга уча олмайдилар. Ўша пайтда АҚШнинг Қирғизистондаги элчиси Памела Спратлен хоним эди. Мен унга икки марта хат ёздим ва элчининг саъй-ҳаракати билан она-бола АҚШга етиб боришди. Бироқ улар бор-йўғи икки ярим ой бирга яшашди – 2012 йил 30 сентябрь куни Турсунбой тўсатдан вафот этди. Ўша куни ота-бола велосипедда тоғ томон саёҳатга чиқишали, велосипедларни пастда қолдириб, ўзлари тоғга кўтарилишади, тоғдан шаҳарни тамошо қилиб пастга тушишади ва уйга қайтишади. Уйга киргач, бир неча минутдан кейин Турсунбойнинг оғзидан қон оқа бошлайди, Турсунбой полга йиқилади ва жон таслим қилади.

    Бойси шаҳрида яшовчи ўзбеклар Турсунбойни маҳаллий қабристонга дафн этишди. Мен Пўлат билан бир мунча вақт скайп орқали гаплашиб турдим, э-майл орқали хат ёзишиб турдик. Кейин негадир Пўлат скайпга чиқмай қўйди, электрон почтаси ишламай қўйди ва алоқамиз узилиб қолди. Она-боланинг тақдири нима бўлганлиги менга номаълум. Обидхон-қори Назаровни ўлдириш учун Ўзбекистон МХХси Швецияга киллер (қотил) юборгани каби Турсунбойни ҳам ўзбекистонлик киллер заҳарлаб ўлдирган, деган фикр миямда муҳрланиб турибди.   

 

Толиб ЁҚУБОВ

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s