Толиб ЁҚУБОВнинг мақолалари

ЎЗБЕКИСТОННИНГ ЯНГИ РАҲБАРЛАРИ ДИҚҚАТИГА

 

Толиб ЁҚУБОВ

ЎЗБЕКИСТОННИНГ ЯНГИ РАҲБАРЛАРИ ДИҚҚАТИГА

ёҳуд

ИСЛОМ КАРИМОВ МЕРОСИ – КОММУНИСТИК ТУЗУМ ВА АТАМАЛАРДАН

ВОЗ КЕЧИШ ВАҚТИ КЕЛДИ

(Тарих ва Таклиф)

6-қисм

МИЛЛИЙ ВАЛЮТА ИСЛОҲОТИ – ЗАМОН ТАЛАБИ

Tolib Yoqubov-2Кўп соҳаларда Ислом Каримов юргазган сиёсат дунё жамоатчилигининг олдида шарманда бўлди, бироқ энг катта шармандалик миллий валюта (сўм)ни конвертациясида юзага келди. 90-чи йиллар бошида мен бир мақоламда мустақилликни мустаҳкамлаш учун Ўзбекистон ҳукумати уч соҳада Россияга қарам бўлмаслиги: 1) имкон қадар тезроқ Россия рублидан ўзга ўзининг миллий
валютасини шакллантириш; 2) Ўзбекистон армияси сафларида хизмат қилаётган рус (шу жумладан россиялик) офицерларини истеъфога чиқариш; 3) мамлакатда яшаётган рус аҳолиси Ўзбекистондан Россияга оммавий кўчишини миллий нафрат орқали амалга оширилмаслиги кераклиги ҳақида ёзган эдим. Мутлақо янги валютани ишлабчиқариш, уни муомалага киритиш ва янги банк системасини йўлга қўйиш, табиий, осон иш эмас. Буни амалга ошириш учун ҳукумат камида бир ёки бир ярим йил тинимсиз ишлаши керак. Ҳамма вақт атрофига олазарак назар ташлаб ишлашга ўрганган И.Каримов Россия рублидан зўрға воз кечди ва биринчи миллий валюта сифатида сўм-купонни муомалага киритди. Сўм-купон 1994 йил ўрталаригача »хизматда» бўлди, бироқ конвертациянинг »к»сига ҳам яқинлашмади. Аксинча, сўм-купон нархлар ҳакалак отиб кўтарилиб кетишига сабаб бўлди.

Бир воқеа ҳеч эсимдан чиқмайди: менинг Жиззахдаги уйимдан 4-5 уй нарида уруш инвалиди (бир оёғи тизза тепароғидан кесиб ташланган), урушдан кейин колхозимиз идорасида кўп йиллар бухгалтер бўлиб ишлаган Қўзи амаки яшарди. Қўзи амакининг учта »буюк» хислати бор эди: 1) у Сталин ва Каримовни ўлгудек яхши кўрарди; 2) ўлгудек сиёсатга қизиқарди; 3) бизни, мухолифат вакилларини ўлгудек ёмон кўрарди. Қўзи амаки аллақачон пенсияга чиққан бўлиб, кунини кўчадан ўтган-кетган билан сўҳбатлашиб ўтказарди – бунинг учун у куннинг катта қисмини кўчада, дарвозаси олдидаги скамейкада ўтириб ўтказарди. Қўзи амаки мени »ҳурмат» қиларди: қишлоқда бўладиган тўй-тамошоларга борсам, мени кўргандан дарров ёнига чақириб олар ва албатта сиёсатдан гап очор эди. У мен билан шу қадар кескин тортишарди-ки, ҳатто дастурхондаги таомга деярли қўлини урмас эди. Қолганлар кундалик олди-қочди ҳақидаги гаплар билан овора бўлиб таом еяётган пайтда Қўзи амаки мени койишга тушиб кетарди – унинг гапларини умумий маҳражга олиб келсак ушбу иддао келиб чиқарди: »Сенлар ўзинг нимани истайсанлар? Унни, мойни, чойни, пенсияни ўз вақтида етказиб бериб турган бўлса, сенларга яна нима керак?». Мен эса ун, мой, чой, пенсияга ўхшаш нарсаларни етказиб бериб туриш яхши, бироқ ижтимоий ҳаётнинг йўлга қўйилиши лозим бўлган бошқа томонлари ҳам борлиги ҳақида гапирардим – эркин сайловлар ўтказиш, ҳукумат мулозимлари давлат Конституцияси ва бошқа қонунларга сўзсиз амал қилиши, халққа сиёсий ва иқтисодий эркинликлар бериши (ва ҳ.) шулар ҳақида бўларди. Бир кун мен Қўзи амаки кўчасидан ўтаётиб скамейкада ўтирган қўшним билан саломлашиш учун унинг олди томон буриллим. Салом-аликдан кейин ғазаблангани шундоққина билиниб турган Қўзи амаки Каримовни сўка кетди. Мен: »Ҳай-ҳай, Қўзи амаки, нега Каримовни сўкаяпсиз? Каримов унни, мойни, чойни, пенсияни ўз вақтида етказиб бериб турган бўлса, сизга яна нима керак?» дея ўзининг иддаосини ўзига қаратдим. »Ҳе, ўша пенсиясигаям, фалонигаям … қўйдим; мен тўртта подшони кўргангман, лекин ҳаром эшак 2 миллион турганини кўрмаганман» деди жиғи-бийрони чиқиб Қўзи амаки. Ўша пайтда Жиззах мол бозорида эшак 2 миллион сўм-купонга сотилаётган экан. Бухгалтерияда ишлаганда ҳамма вақт чўт билан ҳисоб-китоб қилишга ўрганган Қўзи амаки давлат сиёсатини ҳам пул билан ўлчар экан.

Ўзбекистоннинг янги миллий валютаси 1994 йилда муомалага киритилди – ўша пайтда 1$ = 5 сўм эди. Шу кеча-ю кундузда, қора бозорда, 1$ = 6700 сўм эканини яқинда интернетда ўқиб билдим, бу – ўзбек сўми долларга нисбатан 1366 марта қадрсизланганини билдиради. Зимбабвени 35 йилдан бери бошқараётган, ёши 90 дан ошган Роберт Мугабе Зимбабве доллари АҚШ долларига нисбатан миллиард марта қадрсизланганидан кейин қиймати оддий қоғоздек бўлиб қолгани учун ўз миллий валютасини бекор қилди. Ҳозир Зимбабве аҳолиси қўшни давлатлар валютасини ишлатиб кун кўрмоқда. Ўзбекистоннинг Зимбабве даражасигача тушишига, табиий, ҳали анча вақт бор. И.Каримов ўлмасдан яна 20-25 йил тахтда ўтирса эди, у, турган гап, Ўзбекистонни Зимбабве даражасигача туширар эди – бунга гумон қилмаса ҳам бўлади. Ўзбекистон Марказий Банки (МБ)нинг бошлиғи Файзулла Муллажонов Сирдарё вилоятидаги бир колхознинг бухгалтери бўлиб ишлаган, амал-тақал қилиб Тошкент халқ хўжалиги институтини сиртдан ўқиб битирган – у пайтда совет даври эди. Маълум-ки, совет даврида рублнинг расмий курси 64 тийин (копейка) бўлса-да, қора бозорда 1$ = 5 рубль эди. Чет эллардан олиб келинган сифатли маҳсулот (кийим-кечак, пойафзал, озиқ-овқат ва бошқа)ларни одамлар ё қора бозордан, ёки Москва ва Ленинграддаги ягона »Берёзка» магазинидан сотиб олишарди. СССРда совет рубли конвертация қилинмаганлиги сабабли одамлар долларни қора бозордан сотиб олишар ва »Берёзка» магазинидан чет эл маҳсулотларини сотиб олиш учун ярим кечадан бошлаб навбатда туришар эди.

Ф.Муллажонов ривожланган давлатлар банкида ҳеч бўлмаганда бир ой стажировкада бўлиб, банклар қандай ишлашини кўриб ва ўрганиб келганда эди, у конвертация мамлакат ривожланишининг асосий устуни эканлигини балки тушунган бўлар эди. У ҳатто банк илми даргоҳлари бўлган бирорта чет эл университетида бир кун ҳам ўқимаган – Ф.Муллажонов учун »банк илми»ни ўргатадиган университет жонли И.Каримов бўлган! У И.Каримов нимани айтса ўшани бажарган! Ой Ердан қанча узоқ бўлса, Ф.Муллажонов конвертациядан шунча узоқ эди – Ўзбекистонда И.Каримов даврида ва, ҳатто, ҳозир ҳам МБни конвертацияга қарши тиш-тирноғи билан курашаётган ана шундай одам бошқармоқда. Ўзбекистонда барча давлат органлари ва ташкилотлари коррупция ботқоғига ботган бўлса-да, бироқ уларнинг бирортаси МБ олдига туша олмаса керак. МБнинг пул сиёсати нафақат коррупцияни, балки уюшган жиноий гуруҳлар (УЖГ)ни ҳам келтириб чиқарди – УЖГларнинг вакиллари бўлган, чет эл валютасини сўмга алмаштираётган саррофларни ҳар бир »қора» бозорда, чет эл валютасини давлат курси бўйича сотадиган кассалар олдида кўришингиз мумкин. УЖГ милиция ходимлари билан ҳамкорликда фаолият юргизиши ҳеч кимга сир эмас. Халқ шунга ўргатилди.

Миллий валютани конвертация қилмаслик Ўзбекистонга собиқ коммунистик СССРдан мерос бўлиб ўтди. Бироқ, И.Каримов иқтисод фанлари доктори, Ўзбекистон Фанлар Академиясининг академиги эди-ку! У ҳам Ф.Муллажонов каби конвертация нималигини билмасмиди? Биларди! Жуда яхши биларди! Бироқ у коммунист эди – коммунистлар эса айтган сўзидан ва ишонган ғоясидан бир қадам ҳам чекинмайдиган одамлар бўлган. »Коммунист айтган сўзидан ва ишонган ғоясидан бир қадам ҳам чекинмайдиган одамлар бўлиши керак!» – бу В.Лениннинг энг севимли ва энг кўп тилга олган шиори эди. 2-чи жаҳон уруши пайтида СССР ҳарбий полкларининг ҳар бирида ҳарбий командирдан ташқари сиёсий командир (политкомиссар) ҳам бўлган. Аскарлар душман траншеяларига атака (ҳужум) бошланишидан олдин политкомиссар номига »Мени коммунистик партия сафига қабул қилинг – мен коммунист сифатида жангга кирмоқчиман», ёки »Мен жангда ўлсам, мени коммунист деб ҳисобланг» деган аризалар ёзишган. Коммунистик пропаганда (ташвиқот) шу қадар кучли бўлган-ки, аскарлар » Жангдан олдин бола-чақамни бир кўриб ўлсам» эмас, »Жангда коммунист бўлиб ўлсам» деган умид билан атакага кўтарилишган. И.Каримов ҳам шу мактабни ўтади – у иқтисодда, хусусан конвертация масаласида, сиёсатда ва демократик дунё билан алоқа қилишда совет усулларидан бир қадам ҳам четга чиқмади. Буни у 2003 йил »Европа Тараққиёт ва Қайта Қуриш Банки» (ЕТҚҚБ) [Европейский Банк Развития и Реконструкции — ЕБРР]нинг Тошкентда ўтган сессиясида яққол намойиш этди. Мен ЕТҚҚБнинг Тошкент, Лондон (2004 й.) ва Белград (2005 й.) да ўтган сессияларида иштирок этганман. 2003 йилгача Ўзбекистонда иқтисодий ахвол ўта хароб эди. Ўзбек сўми конвертация қилинмаганлиги сабабли чет эл инвесторлари мамлакат иқтисодига сармоя киритишни хушламас эди.

ЕТҚҚБ устав (низом)ининг 1-моддасида »ЕТҚҚБ ўз сессияларини нодемократик давлатларда ўтказмайди» дея белгилаб қўйилган бўлишига қарамасдан 2003 йил 4-6 май кунлари ЕТҚҚБнинг сессияси Тошкентда ўтказилди. Нега? ЕТҚҚБнинг халқаро экспертлари банк раҳбариятига »Ўзбекистон демократик давлат эмас, бу мамлакатда сиёсий партиялар ва ҳуқуқбонлик ташкилотлари қувғин қилинган, минглаб диндорлар ва ўнлаб сиёсий партиялар аъзолари, ҳуқуқбонлар ва журналистлар қамоқхоналарда сақланмоқда, 9 йилдан бери ўзбек сўми конвертация қилинмади» дейишмаганми? Дейишган! Гап шунда-ки, АҚШнинг ўша пайтдаги раҳбарлари тоталитар СССРдан чиққан Ўзбекистон каби давлатларни демократияга мойил қилиш учун Европа Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти (ЕХҲТ) ва ЕТҚҚБ каби институтлар уларни ўзига аъзо қилиб олиши керак, деган позицияда туришган. Иккала ташкилот ҳам адашди – бири (ЕХҲТ) Ўзбекистонни ўзига аъзо қилди, бироқ Ўзбекистонни демократия томон бир қадам ҳам яқинлаштира олмади, иккинчиси (ЕТҚҚБ) эса ўз сессиясини Тошкентда ўтказишга рози бўлди, ўтказдиям, бироқ ўзига аъзо қилиб олмади, чунки ЕТҚҚБ раҳбарлари Ўзбекистон раҳбарияти олдига қўйган 4 та иқтисодий ва учта сиёсий талабларни И.Каримов ҳукумати бажармади. 2004 йилги Лондон сессиясида ЕТҚҚБ Ўзбекистон раҳбарларига ўша талабларни бажариш учун яна бир йил вақт берди – бу муддат ҳам беҳуда кетди. 2005 йилги Белград шаҳрида ўтган ЕТҚҚБ сессияси 22-24 май кунлари, Андижон воқеаларидан 10 кун ўтган пайтга тўғри келди. ЕТҚҚБ раҳбарлари Ўзбекистонда қанақа сиёсий тузум ҳукм сураётганини охир-оқибат тушунишди ва Ўзбекистон билан алоқани узишди. Ўзбекистон иқтисоди ЕТҚҚБ бермоқчи бўлган улкан грантлардан мосуво бўлди.

4 та иқтисодий талабнинг бири миллий валюта конвертациясини йўлга қўйиш эди. Ҳар қандай давлат – хоҳлайдими, хоҳламайдими фарқи йўқ – у халқаро муносабатлар доирасида қатор муҳим масалаларни ечиши керак. Шулардан бири товарларнинг экспорт ва импорти бўлиб, у қандай ечилишига қараб мамлакат ё ривожланади, ёки »итнинг орқа оёғи» бўлиб юраверади. Хитой 38 йилда иқтисоди дунёнинг энг абгор мамлакатларидан бири бўлган коммунистик давлатдан иқтисоди энг ривожланган АҚШдан кейин иккинчи мамлакатга айланди. Бу ривожланиш асосан ишчи кучининг арзонлиги ва экспорт туфайли юз берди – Хитой Африка ва Осиё давлатларидан тортиб то Европа Иттифоқи ва АҚШгача бўлган барча мамлакатлар дўконларини ўзининг маҳсулоти билан тўлдириб ташлади – қаёққа қараманг »Made in China» деган ёзувга кўзингиз тушади. 1978 йилгача миллионлаб одамлар очликдан ўлаётган давлат ҳозир космосни эгаллаш масаласида АҚШдан кейин иккинчи ўринга чиқди. Яқинда Хитойда дунёда энг катта радиотелескоп ишга тушди ва у узоқ космосдан биринчи сигналларни қабул қила бошлади. Аҳолиси бўйича энг йирик давлат (1,3 миллиард) Хитой бўлса, аҳолиси бўйича Марказий Осиёда энг йирик давлат (31 миллион) Ўзбекистон И.Каримовнинг 27 йиллик бошқаруви даврида ўзининг мутахассис (олим, инженер-техник ходим)ларининг илму-заковатига таяниб ақалли битта автомобиль ярата олмади – Ўзбекистон Асака шаҳрида Жанубий Қурия ва АҚШ автомобилларини йиғиб сотмоқда, миллионлаб »дангаса» ўзбеклар эса ўзга юртларда мардикорлик қилмоқда. Миллий валютаси конвертация қилинмаган давлатга ким ҳам қизиқарди, дейсиз? Ҳеч ким қизиқмайди! Агар кимдир қизиқиш билдирса, бундай қизиқиш Ўзбекистоннинг газ каби ерости бойликларини Хитой каби арзон нархда сотиб олиш билан боғлиқлигини ҳозир ҳамма тушуниб қолди.

Ҳозир Ўзбекистонда энг актуал масала банкларга нақд пул тушишининг кескин камайиб кетиши ва пластик карталар ёрдамида банкоматлардан пул олишнинг имконсизлигидир. Европада пластик картангиз билан ЕИга кирувчи деярли барча мамлакатларни айланиб чиқишингиз мумкин. Ўзбекистон пластик картаси билан ҳатто қўшни вилоятга ҳам чиқиб кела олмайсиз – пулингизнинг 15-20 фоизи эвазига картангиздаги пулни »обналичка» қиладиган одам излаб кунингиз ўтади! Миллий валюта конвертация кучига эга бўлса банкларга пул тушмаслик ва пластик карта билан банкоматлардан пул олиш муаммоси бўлармиди? Асло! Миллий валюта конвертация кучига эга бўлса коррупция билан боғлиқ бўлган ҳоллар ҳакалак отиб кетармиди? Асло! Миллий валюта конвертация кучига эга бўлса фақат Ф.Муллажонов ва унинг гумашталаригина бой-бадавлат, ҳеч нарсадан камчилиги бўлмай яшашларига имкон туғилармиди? Асло! ХУЛОСА: Ўзбекистонда қутуриб кетган коррупциянинг асосий ўчоғи МБ бўлиб, у МБ юритаётган аксилхалқ пул сиёсатининг, миллий валютани атайлаб конвертация қилинмаслигининг бевосита натижасидир.

Ўзбекистоннинг янги посткаримов раҳбарлари мамлакат ривожланган, халқаро доираларда салмоқли ҳурматга эга бўлган давлатга айланишини истасалар, зудлик билан янги миллий валюта яратишга киришишлари керак. Бу осон иш эмас. Қўрқмаслик ва ўзида сиёсий ирода топа билиш ишни осонлаштиради. Ўзбекистонда янги валютани яратиш йўлида астойдил хизмат қиладиган малакали мутахассислар етарлича топилади. Янги миллий валютанинг шакли ва қиймати алоҳида аҳамиятга эга бўлишини ҳисобга олиш зарур. Иқтисодчи бўлмаган менинг фикрим бўйича миллий валюта 1$ = 2 сўм (нари борса 3 сўм) қийматга эга бўлиши, шаклу-шамойили эса кўзни қувонтирувчи ва жозибали бўлиши, унда тарихий шахслар ҳамда Самарқанд, Бухоро, Хива ва Урганч каби тарихий шаҳарларнинг обидалари акс эттирилиши, бутун умрини урушларга, одам ўлдиришга сарфлаган Амир Темур каби шахсларнинг сиймоси эса бўлмаслиги лозим. Ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида туғилиб ўсган ва ижод қилган Абу Али ибн Сино, Муҳаммад ал-Хоразмий, Абдулла Қодирий ва бошқа бир қатор тарихий даҳоларнинг номлари ҳар қандай кучли валютада акс эттиришга ярашадигина эмас, балки унинг кўрки бўлиши аниқ. Албатта, яратилажак миллий валюта учун энг муҳим жиҳат унинг конвертация қилинишидир. Агар Ўзбекистоннинг янги раҳбарлари шу оғир, бироқ шарафли ишни амалга оширсалар, ривожланган давлатлар раҳбарлари, халқаро ташкилотлар, мамлакат иқтисодига сармоя киритувчилар ва етакчи тахлилчи (эксперт)ларнинг Ўзбекистон ҳақидаги фикри, унга муносабати ижобий томонга кескин ўзгаради.

И.Каримовнинг яна бир коммунистик мероси ҳақида айтиб ўтмоқчиман. Маълум-ки, ҳозирги Ўзбекистон аввал (1863-1917 йиллар) чор Россиясининг оккупация (босиб олинганлик)си, кейин (1918-1990 йиллар) советлар оккупацияси шароитида яшади – булар ташқи оккупация эди. Мустақилликнинг »меъмори» И.Каримов Ўзбекистонни чет эл оккупациясидан халос қилган эмас – И.Каримов 1989 йил июнида оккупацион давлат пойтахти Москва томонидан Ўзбекистонга бошлиқ (Ўзбекистон ССР Коммунистик партиясининг 1-котиби, яъни Республика раҳбари) этиб ТАЙИНЛАНГАЧ, у Ўзбекистонда ички оккупацияни амалга оширди. Ички оккупация унинг ўлимигача давом этди. Мисли кўрилмаган репрессия (қатағон)лар уюштириш, аксилинсон ва аксилхалқ Конституция ва қонунлар қабул қилиш, ерга давлат мулки сифатида қараш, қамоқхоналарни кўпайтириш, норозилик билдирган аҳолини отиш, одил суд тушунчасига барҳам бериш ва минглаб бошқа кирдикорлар – буларнинг барчаси оккупацион режимнинг сиёсатидир ва у оккупацион коммунистик СССРдан ўтган меросдир. Хусусан, И.Каримовнинг миллий валюта сўмни конвертация қилишга тиш-тирноғи билан қарши бўлгани унинг умрининг охиригача ташқи оккупацияга содиқ қолганини кўрсатади. Инсон қўрқинчли тушни тезроқ унутишга ҳаракат қилгани каби ҳукумат ва жамият ҳам И.Каримов ва унинг меросини тезроқ унутишлари керак.

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s