Толиб ЁҚУБОВнинг мақолалари

“ЭШАК ЕМИ” ТОШДИРАДИГАН ТУЗУМ

Толиб ЁҚУБ

 

Ушбу мақоламда мен “демократия” сўзини биринчи ва охирги марта ишлатаман, чунки чет элларда яшаётган ва ҳар бир нарса, ҳодиса ва нуқтаи-назарни ислом дини лупаси [Лупа – нарса, тасвир ва расмни катталаштириб кўрсатадиган оптик асбоб] остида тахлил қиладиган баъзи ватандошларимизнинг баданига мазкур сўзни ўқигандаёқ “эшак еми” тошади. Агар мақолани ёзиш давомида мазкур сўзни ёзишга эҳтиёж сезсам, мен уни “ҳалиги сўз” ёки “ҳалиги тузум” дея ёзиб кетавераман. Табиий, ўша ватандошларнинг баданига “эшак еми”ни ҳуда-беҳудага тошдирмаслик учун, албатта. Мени мазкур мақолани ёзишга ундаган нарса яқинда Францияга келиб кетган қизим Озоданинг менга берган бир саволи бўлди. Озода уйимизга кириб келганда қоронғулик тушган эди. Эртаси куни эрталаб шаҳарни айлангани чиқдик. Бир кафеда чой ичиб ўтирганимизда Озода ажабланиб: “Дада, шаҳарларингда милиция кўринмайди-я” дея сўради. Мен тушунтирдим:

– Биринчидан, барча ривожланган давлатларда мамлакат ички хавфсизлигини ҳимоя қиладиган куч вакилларини “милиция” эмас, балки “ полиция” дейилади;
– Иккинчидан, улар одамлар қалбида қўрқув уйғотмаслик учун кўча-куйда якка бўлиб ҳам, тўда-тўда бўлиб ҳам юришмайди; улар ўзларининг офиси (ишхонаси)да ўтиришади; мен уларнинг ишхонасига бир неча марта борганман – полиция ходимлари овқатланиши учун уларнинг ишхонасида ажойиб, ресторан типидаги кафе куну-тун ишлаб туради, улар шаҳардаги, аҳолига хизмат қиладиган кафе ва ресторанларига умуман киришмайди;
– Учинчидан, шаҳарда бирор нохуш ҳодиса (авария, ёнғин, қотиллик, ўғрилик, террористик амалиёт ва ҳоказо) юз берса, кимдир телефон қилса, полиция гуруҳи узоғи билан 5 (беш) минутда ҳодиса жойига етиб боради;
– Тўртинчидан, энг қизиғи, фавқулодда ҳодисалар (сув тошқини, зилзила, оммавий заҳарланиш ва ҳоказо) пайтида, тез медицина ёрдами машиналари етишмай қолганда полиция ва ўт ўчириш машиналари тез медицина ёрдами машиналари каби ишлайди.

2008 йил октябрида мен Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти (ЎИҲЖ) ташкилотини Angers шаҳри мэриясида давлат рўйхатидан ўтказдим, давлат рўйхатидан ўтказиш ярим соатдан ошмади. Ваҳолан-ки, ЎИҲЖни Ўзбекистон Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказиш учун унинг раҳбарлари (Абдуманноб Пўлатов ва мен) 1992 мартидан то 2004 октябрига қадар 6 (олти) марта ариза топширишди, бироқ натижа 0 (нол) бўлди. ЎИҲЖ ҳужжатларини текшириш (мавжуд қонунларга мос ёки мос эмаслиги) билан Адлия вазирлиги қошидаги “Нодавлат ва нотижорат ташкилотларини давлат рўйхатидан ўтказиш бўлими”нинг бошлиғи Жалолиддин (фамилиясини эслай олмадим) шуғулланди. Мен Франциядалигимда у (Жалолиддин) пора билан қўлга тушиб қамалиб кетганини эшитдим.

2006 йил 29 апрельда куёвим (Озоданинг турмуш ўртоғи) Азам Формоновни қамоққа олишди. Уни даштободлик, автозаправка экспедитори Ўктам Маматқуловдан товламачилик йўли билан 300 (уч юз) доллар талаб қилганликда айблашди. Судни жиноий ишлар бўйича Янгиер шаҳар судининг раиси Э.Хидирбоев олиб борди, судда давлат айбловчиси сифатида шаҳар прокурорининг катта ёрдамчиси Ш.Норбўтаев қатнашди. Суд 2006 йил 15 июнь куни бўлиб ўтди. Мен суддан 1,5 ой ўтгач, Ўзбекистондан Францияга чиқиб кетдим. Кейинчалик танишларнинг айтишича, Э.Хидирбоев рульда, ғирт маст ҳолатда, машинаси билан олдида кетаётган КамАЗ машинасига бориб урилибди. У ўлмай қолган бўлса-да, анча вақт касалхонада ётган ва ногирон бўлиб қолган. У ҳозир адвокатлик қилаётган эмиш! Суд ўтгандан кейин кўп ўтмай Ш.Норбўтаев пора билан қўлга тушиб қамалиб кетибди. “Қилмиш – қидирмиш” деганлари шу бўлса керак!

Мен бу гапларни нега ёзаяпман? Гап шунда-ки, 2008 йилда мен ЎИҲЖни Angers шаҳрида давлат рўйхатидан ўтказганимдан бир-икки ҳафта ўтгач, кутилмаганда мени шаҳар полицияси идорасига чақириб қолишди. Ҳайрон бўлдим. Тилни билмасам-да, полиция идорасига бордим. Борсам, полиция мулозими асли янгиерлик бир татар аёлни таржимонликга таклиф қилган экан. Полиция мулозимининг менга берган саволи: “Сиз Ўзбекистонда ким бўлиб ишлагансиз?” деган савол бўлди. Мулозимнинг столи устида компьютер турганини кўриб, мен: “Компьютерингиз интернетга уланганми? Уланган бўлса, унга менинг исми-шарифимни ёзинг – мен ҳақимда инглиз ва француз тилларида ёзилган ҳамма маълумот чиқади” дедим. У айтганимни қилди ва эринмай ўқий бошлади.

“Ў-ҳу, зўр-ку!” деди у ўқишни тугатиб. Бироқ у мени нега чақиргани сабабини ҳали тушунганим йўқ эди – мен бироз ҳадиксираб турдим. У кутилмаганда: “Сизнинг ташкилотингиз шаҳарда митинг ёки кўча юришлари уюштирадими?” деб сўради. Мен: “Бунга ҳожат йўқ. Биз асосан хатлар, мурожаатлар, докладлар ва хабарлар йўллаш орқали халқаро ташкилотлар, давлат раҳбарлари ва таниқли сиёсатчилар диққатини Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятига қаратиш билан шуғулланамиз” – дедим ва “Буни нега сўраяпсиз?” деб сўрадим. Шунда у мен мутлақо кутмаган жавобни айтди: “Сизлар митинг ёки кўча юришлари уюштирсаларинг биз орага провокаторлар суқилиб кирмаслиги, майдон ва кўчалардаги машина қатновини тўхтатиш ва бошқа тасодифий ҳодисалар олдини олиш учун полиция нарядини юбришимиз лозим” деди у.

Ҳақиқатан, мен шаҳримизда турли ташкилотлар турли талаблар билан иш ташлашлар, митинглар ва кўча юришлари уюштириб туришларининг кўп марта гувоҳи бўлдим. Кўча юришлари шаҳримизнинг марказий кўчасида ўтади – колоннанинг боши кўринса охири кўринмайди, марказий кўча лиқ тўлган ҳолда одамлар колоннаси гўё дарё оққандай оқади. Колоннанинг икки четида икки қатор полициячилар колоннани қўриқлаб боришади, колоннанинг олдидан ёки орқасидан келаётган машиналарни ён кўчаларга буриб юборишади. Одамларнинг қўлида юзлаб (балки минглабдир) байроқлар ва талаблар ёзилган плакатларни кўриш мумкин. Йили эсимда йўқ, 90-чи йилларнинг бирида “Эрк” партиясининг 20 тача аъзоси Тошкентда кўча юриши уюштирмоқчи бўлишди. “Колоннача” 50 метр юрар-юрмас юзга яқин милиция ходимлари ер остидан чиққандай пайдо бўлишди ва “шесть секундда” эркчиларнинг ҳаммасини калтаклаб, машиналарга тиқиб қаёққадир олиб кетишди – калтак зарбидан додлагани қанча, бурни қонагани қанча, кўзининг ости кўкаргани қанча!

Икки хил сиёсий тузум бор – бири Ўзбекистон, Туркманистон, Тожикистон, Россия каби ва дунёнинг бошқа бир қатор мамлакатларда шаклланган, зўравонликга асосланган, бор-будингизни шилиб оладиган, болаларингизни етимга айлантирадиган сиёсий тузум, иккинчиси эса сизни, ким бўлишингиздан қатъий назар, қўриқлайдиган, ҳақ-ҳуқуқингизни ҳимоя қиладиган “ҳалиги тузум”. Мен қизимга шуларни тушунтирдим. Францияда қизим салкам 2 ой бўлди ва, фикримча, у юқорида айтилган ва ўз кўзи билан кўрган нарсаларга тўлиқ амин бўлиб Ўзбекистонга қайтиб кетди.

20 июль, 2017 йил; Франция.

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s