Толиб ЁҚУБОВнинг мақолалари

“ГРАЖДАНИН” – “ВАТАНДОШ”МИ?

Толиб ЁҚУБ

“ГРАЖДАНИН” – “ВАТАНДОШ”МИ?

Яқин-яқинларгача “гражданин” сўзи ўзбек тилида “фуқаро” дея аталарди. Бу сўз (фуқаро) арабча сўз бўлиб, “қашшоқ” сўзини англатар экан. 1992 йил 2 июльда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида” қонуни қабул қилинди ва … барча ўзбекистонликлар бир кунда “қашшоқ”га айланишди. Турган гап, ўзбекча “қашшоқ” сўзи яхши сўз эмас – қулоққа оғир ботади.

Лекин, араб тилини билмаган одамнинг қулоғига “фуқаро” сўзи оғир ботмайди – буни 1992 йилда биров билди, биров билмади. Ўзбеклар синчков халқ эмас – у турк, гуржи, армани ва литваликлар каби ўзининг манфаати, миллий ғурури, қадриятлари ва анъаналари учун курашавермайди. Шунинг учун 1992 йилда ва ундан кейин ҳам “фуқаро” сўзининг асл маъносини биров билгани, аксар кўпчилик эса нафақат билмагани, балки қизиқиб ҳам кўрмаганига ажабланмаса ҳам бўлади. Википедиянинг айтишича, “гражданин” сўзи қадимги юнон тилидан олинган бўлиб, “шаҳарлик” маъносини англатар, Россия империясида эса бу атамани рус шоири ва файласуфи Д.Радишчев киритган экан.

Туркий тилли қозоқлар ва қирғизлар, ҳамда форсий тилли тожиклар ўзбекларга нисбатан анча зукко, ватанпарвар ва миллатпарвар экан – улар “гражданин” (фуқаро) сўзини мос равишда АЗАМАТ, ЖАРАН, ШАҲРВАНД дея таржима қилишибди, туркий тилли туркманлар, озарийлар ва турклар эса “гражданин” сўзини мос равишда ЙЎЛДАШ, ВЕТЕНДАШ, ВАТАНДАШ дея қабул қилишибди. Ўзбекча ВАТАНДОШ ҳам шундай! Қирғизча “ЖАРАН” сўзи ўзбекча “ЁРОН” сўзига тўғри келса керак – қўлларида ликобча ушлаган ҳофизлар саҳнада қатор туриб “Эй, ёронлар, биродарлар!” дея бошлайдиган “катта ашула”ни эсланг! Худди ўзгинаси! Тағинам билмадим – унинг мазмунини тилчилар яхши билишади. Қирғизча “Жаран”дан қозоқча “АЗАМАТ”, сўзсиз, ўтиб тушади – ҳам жарангдорлиги билан қулоққа ёқимли, ҳам инсонни улуғловчи сўз! Шунинг учун қозоқ, қирғиз ва тожикларга гап йўқ – бу халқлар “гражданин” сўзини ўз тилларига тўғри таржима қилишган, деб ҳисоблайман. Айни пайтда, “гражданин” сўзининг маъноси “ватандош” сўзининг маъноси билан бир хилми, деган савол ўртага чиқади. Менинг фикримча бир хил эмас! Исботлашга ҳаракат қиламан.

Маълум-ки, ҳар қандай нарса (предмет)нинг қандайдир сифатлари (белгилари, хоссалари) бўлади (мавжуд). Мас., катталиги муштумдай “тош”нинг сифатлари: қаттиқлик (мас., бир пиёла сув, лой ёки тупроққа нисбатан), оғирлик (яна ўша бир пиёла сув, лой ёки тупроққа нисбатан) ёки оловда ёнмаслик шулар жумласидандир. Баъзан, нарса (предмет) сифатларидан ташқари нарса (предмет)лар орасида қандайдир ўзаро муносабатларни ҳам қарашга тўғри келади. Мас., бир хил ҳажмда олинган тош ва сувни солиштирсак, тош сувга нисбатан оғирроқ эканига амин бўламиз, яъни бир хил ҳажмда олинган тош ва сув орасида “оғирроқ” ёки “енгилроқ” муносабати юзага келади. “Қариндош”, “ватандош”, “синфдош”, “курсдош”, “касбдош” каби тушунчалар ҳам камида иккита одам орасидаги муносабатлардир. Бироқ, “азамат”, “ёрон” ёки “шаҳрванд” сўзлари муносабат эмас – улар сифатдан иборат эканлиги яққол кўриниб турибди. У ҳолда нега “гражданин” сўзини ўзбеклар яқиндан бошлаб “ватандош” дея бошлашди?

Яхши эсимда – бу масала бўйича қўйилган биринчи қадам “Озодлик” радиоси ходимлари томонидан бўлди ва бу масалада ака-ука Шўҳрат ва Ҳурмат Бобожоновлар фаоллик кўрсатишди. Бу, сўзсиз, яхши ва зарур ташаббус эди. Бироқ, ташаббускорлар “сифат” ва “муносабат” тушунчаларини эътиборга олишмади – натижада ўзбек тилига “гражданин” сўзи “ватандош” бўлиб кириб келди. Чамаси, ташаббускорлар турк, озарий ва туркман тилларида “гражданин” сўзи “ватандош” каби қабул қилинганидан хабардор бўлганлар ва бу уларга “ватандош” сўзини қабул қилишга улги бўлган. Шундай қилиб, тилимиз тубдан нотўғри бўлган битта тушунча (“ватандош”) билан “бойиди”. Бу билан мен на “Озодлик” радиоси ва на ака-ука Бобожоновларга қарата тош отаётганим йўқ – мен фақат: 1) миллионлаб паспортларга ёзилажак; 2) тилимизга адашиб кириб келган ва гўё-ки “гражданин” сўзини англатадиган, бироқ инсонлар орасидаги муносабатдан иборат бўлган “ватандош” сўзидан воз кечиб, уни (муносабатни) сифатдан иборат бўлган бошқа сўз билан алмаштириш; 3) янги сўзни қонунлаштириб муомулага киритиш ҳақида ёзмоқдаман, холос.

Бу масаланинг ечими борми? Бор бўлса – қандай? Мен ўз фикримни қуйида баён этмоқчиман. Биринчи ечим: қозоқ биродарлар қабул қилган “азамат” атамасини биз ҳам қабул қилишимиз керак – қозоқ биродарлар ҳечам хафа бўлишмайди, деб ўйлайман. Қардош тиллардан сўзлар ва атамалар олиш азалдан бўлган ва бунинг ҳеч қандай айби йўқ. Ана, ўрисларга қаранг – ҳар ўнта сўзининг камида тўрттаси ажнабий тиллардан олинган! Қозоқлар ўзимизнинг биродарларимиз-ку! Иккинчи ечим: ўзбек тилидан “гражданин” атамасининг асл маъносига тўғри келадиган сўз излаш керак. Бу масала ечимини тилшунос олимларимиз ҳеч қийналмасдан ҳал қилишларига менда шўбҳа йўқ. Айни пайтда, мен фейсбукдош дўстларни анашу сўзни излаш йўлида ҳаракат бошлашга чақираман. Кейинги қадамлар: 1) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва ҳукуматидан 1992 йилда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида” қонуни ва фуқаролик билан боғлиқ бўлган барча бошқа қонунларга ўзгартириш киритишни талаб қилиш; 2) паспорт олиш ёшига етган ёшлар паспортига айнан излаб топилган атамани ёзиш; 3) кўпи билан 5 йил ичида паспортига “фуқаро” деб ёзилган ўзбекистонликларга янги паспорт беришни тугаллаш, янги паспортга эса айнан излаб топилган атамани ёзишни талаб этишдан иборат бўлиши керак.

14 декабрь, 2017 йил; Франция.

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s