МУРОЖААТлар

КОНСУЛЛИК БОШҚАРМАСИ

Ўзбекистон Республикаси Ташқи Ишлар Вазирлиги

Консуллик Бошқармаси бошлиғига

 

Толиб Ёқубов [паспорт бўйича Талиб Якубов]дпг

—————————————————————

16, rue Marcel Pajotin, Angers, 49000, France

 

              Муҳтарам Бошлиқ!

 

              Авваламбор, аёлим Турсуной Якубованинг мени Ўзбекистонга қайтишим масаласида рухсат сўраб ёзган мурожаатига ўринбосарингиз жаноб Ф.Насриев жавоб хати юборгани учун Сизга ўзимнинг самимий миннатдорлигимни билдираман.

 

              Мен Ўзбекистондан 2006 йил июль ойининг охирида чиқиб кетдим. Бундан олдинроқ, 2006 йил 29 апрельда сохта айблар билан менинг куёвим Азам Формонов қамоққа олинди. Мен унинг судюритув ишида қонуний ҳимоячи сифатида қатнашдим ва унга қарши қўзғатилган жиноий иш тамоман сохта эканини исботладим. Бироқ, Янгиер шаҳар суди раиси Эркин Хидирбоев уни 9 (тўққиз) йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди. Куёвим жазони Жаслиқдаги УЯ 64/71 колонияда ўтади ва Ўзбекистоннинг янги Президенти Шавкат Мирзиёевнинг шарофати билан 2017 йил 3 октябрьда озодликга чиқди. Куёвим судидан кейин кўп ўтмай Э.Хидирбоев маст ҳолатда авария содир этди, бир оёғидан айрилди, 1-гуруҳ ногиронига айланди. Судда давлат айбловчиси бўлиб қатнашган Ш.Норбўтаев ҳам тез орада пора билан ушланиб қамалиб кетди. Шундан кейин Аллоҳнинг Буюклигига шўбҳа қилиш мумкинми?

 

              Куёвимнинг озодликга чиқиши йўлидаги кураш ўша пайтдаги Ўзбекистон шароитида имконсиз эканини, курашни фақат чет элда, эркинлик ва адолат бор мамлакатда олиб боришни мен тушундим – мен Франция давлатига чиқиб кетдим. Менинг Amnesty International (Буюкбритания), Human Rights Watch (АҚШ), Fédération internationale des ligues des Droits de l’Homme (Франция) каби халқаро ҳуқуқбонлик ташкилотларига қилган мурожаатларим беиз кетмади. Мен 2017 йилда куёвим Азам Формоновни қамоқдан озод этилишига ўз ҳиссасини қўшишини сўраб, дунё бўйлаб юзлаб маҳкумларни озодликга чиқишига ёрдам берган АҚШнинг таниқли сенатори Бенжамин Кардин жанобларига мурожаат қилдим. Энди менинг чет элда яшашимга ҳожат қолмади – мен ватаним Ўзбекистонга қайтмоқчиман.

 

              Шавкат Миромонович даврида, қисқа муддат ичида, Ислом Каримов даврида қамоққа ташланган ўнлаб ҳуқуқбонлар, журналистлар, диний уламолар, мухолиф партия аъзолари озодликга чиқарилди – биз буни ҳар куни кузатиб бораяпмиз. Қамалиш навбати И.Каримов давридаги Бош прокурор Рашид Қодиров, МХХ генерали Шўҳрат Ғуломов, Жазони Ижро Этиш Бош Бошқармаси бошлиғи Абдукарим Шодиев каби ўнлаб коррупционер, зулмкор ва инсон қиёфасини йўқотган давлат мулозимларига келди, чамаси – буни ҳам кузатиб бормоқдамиз. Мен Р.Қодиров ва А.Шодиев каби мулозимларга ўнлаб шикоятлар билан мурожаат қилдим, бироқ бирортасига ҳам жавоб олмадим. Куёвим тамоман ноҳақдан қамалганининг исботини мен 4 (тўрт) марта Олий Суд раиси Бўритош Мустафоевга юборганман – унинг қўл остида ишлайдиган юқори малакали юрист (судья)лар менинг исботимни рад этиша олмади, Б.Мустафоев эса жавоб бермай қўя қолди.

 

              Бугун Озодлик Радиоси хориждан Ўзбекистонга қайтган, илгари диний айбловлар билан қидирувга берилган марғилонлик Ботиржон Ибрагимов ҳақида маълумот тарқатди – ота-онаси уни Тошкент аэропортида кутиб олишибди. Бу Ўзбекистонда оламшумул воқеалар юз бераётганининг белгисидир. Ботиржон Ибрагимовдан фарқли ўлароқ, Ўзбекистондан чиқиб кетишимдан олдин мен жиноят содир этганим йўқ, қидирувдаги одам ҳам эмасман, мен фақат адолат учун курашдим. Лекин, негадир И.Каримов менга ўхшаган минглаб ўзбекистонликларни ўзи имзолаган ПФ-4624 фармонига асосан Ўзбекистон Республикаси фуқаролигидан чиқариб юборибди. Ўзбекистон Республикаси “Фуқаролик тўғрисида” қонуни 1-моддасининг 3-қисмида: “Ҳеч ким фуқароликдан ёки фуқароликни ўзгартириш ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мумкин эмас” дейилган.

 

              Ўзбекистон Республикаси БМТнинг тўлақонли аъзоси сифатида унинг иккита халқаро ҳужжати: “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси” ва “Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисида халқаро Пакт”ни тан олди ҳамда уларни ратификация қилди, яъни уларга мамлакатда юридик куч берди. Шу икки халқаро ҳужжатда ҳам инсон ўзбошимчалик билан фуқароликдан маҳрум этилиши мумкин эмаслигига урғу берилган. Қариганда “томи кетган” И.Каримов ўзининг ПФ-4624 фармонини имзолаётган пайтда БМТдай нуфузли давлатлараро ташкилотнинг юзига оёқ қўяётганини тушунмаган, шекилли. Тушунса бу бебурд фармонни имзоламас эди. Яқинда мамлакат ташқарисида ва ичкарисида яшаётган бир гуруҳ (100 дан ортиқ) ўзбекистонликлар Президент Ш.Мирзиёевга ПФ-4624 фармонни бекор қилишни сўраб мурожаат қилишди. Амалга ошираётган кўп ижобий ишлари қатори Ш.Мирзиёев бу бебурд фармонни бекор қилишига мен ишонаман.

 

              Муҳтарам бошлиқ! Менга Франция ҳукумати 2007 йил апрелида сиёсий қочқин мақоми (статуси)ни берди. Франция қонунига асосан сиёсий қочқин мақомини олган инсоннинг паспорти офиси Парижда жойлишган OFPRA ташкилотида сақланади. Мен ҳозир паспортимни OFPRA ташкилотидан қайтариб олиш ҳаракатидаман. Мен Франция фуқаролигини олган эмасман ва, демак, ҳозир фуқаролиги йўқ шахс мақомидаман. Паспортим Париждан келган ҳамоноқ мен Ўзбекистонга жўнайман. Тошкент аэропортида Ботиржон Ибрагимовни ота-онаси кутиб олишгандай мени ҳам аёлим, болаларим ва дўстларим кутиб олишларига йўл очиб беришингизни СЎРАЙМАН.

 

              Ҳурмат ва эҳтиром ила

              Толиб Ёқубовман.

 

              25 март, 2018 йил.

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s