Толиб ЁҚУБОВнинг мақолалари

ЎГИТЛАР

            Толиб ЁҚУБ

 

ТЎРТ БУЮК ДИН, ТЎРТ БУЮК ПАЙҒАМБАР, ЎН ЎГИТ ва ҲИЖОБ

 

              Ҳар қандай дин – ғоя, ҳар қандай ғоя – дин! Бу менинг фикрим эмас, бу – файласуфларнинг фикри. Дунёда динлар ва, демак, ғоялар кўп. Бу гапнинг акси ҳам тўғри – дунёда ғоялар ва, демак, динлар кўп. Дунёда беҳисоб ғоялар бор – уларнинг ҳар бирига инсониятнинг бир қисми ич-ичидан ишонади. Қандайдир ғояга ўнта одам ишонади, баъзисига мингта, баъзисига эса миллионлаб одам эътиқод қилади. Ғояни кашф этган инсонни унга эргашган ва ишонган одамлар даҳо (доҳий) дея тан олишади. Динда ҳам шундай – динда даҳони пайғамбар дейишади. Баъзи ғоялар инсонпарварликни тарғиб қилса, баъзилари эса инсонлар ва халқлар орасига раҳна солишга интилади. XIX-асрда миллати яҳудий бўлган германиялик файласуф Карл Маркс коммунистик ғояга асос солди. Унинг ғояси шу қадар жозибалик эди-ки, бу ғоя дунёдаги турли мамлакатларда юзмиллионлаб одамларни ўз ортидан эргаштирди – коммунистик ғоя динга, унинг асосчиси К.Маркс эса коммунистларнинг доҳий-пайғамбарига айланди. ХХ-асрда Германияда яна битта доҳий пайдо бўлди, уни немиснинг катта-ю-кичиги “фюрер” (доҳий) деб аташарди – бу нацизм ғоясига асос солган Адольф Ҳитлер эди. Унинг ғояси ҳам, К.Маркс ғояси каби, ўта жозибали эди, шунинг учун ҳам фан, техника, архитектура, адабиёт ва бошқа соҳаларда дунёга машҳур бўлган минглаб олим-у ёзувчиларни етиштириб берган немис халқини 15-20 йил ичида доҳий учун жонини ҳам аямайдиган фанатлар тўдасига айлантирди.

 

              Дунёда юзлаб динлар мавжуд, бироқ улардан тўрттаси – буддавийлик, насронийлик, ислом ва иудейлик – буюк динлар дея тан олинган. Эътиқод қиладиганларнинг сони бўйича буддавийлик, сўзсиз, биринчи ўринни эгаллайди – унга аҳолиси салкам 1,5 миллиард бўлган хитойликлар, аҳолиси бир миллиард 300 миллиондан ошган ҳиндистонликлар, аҳоли сони 146 миллиондан ошган Япония, сон жиҳатдан катта бўлмаган непалликлар, муғуллар, бурятлар, бирмаликлар, тибетликлар, қалмиқлар, туваликлар, мьянмаликлар каби бошқа халқлар эътиқод қилишади – афсонавий Будда эса уларнинг пайғамбари ҳисобланади. Европанинг барча, хусусан Россия, болтиқбўйи республикалари, Украина, Молдова, Гуржистон, Арманистон, Беларусь каби давлатлари, Шимолий, Марказий ва Жанубий Америка, Австралия, Янги Зеландия, Африка қитъасидаги баъзи давлат (халқ)лар эътиқод қиладиган насронийлик, яъни Исо Масиҳ (ибн-Марьям) дини, шўбҳасиз, иккинчи ўриндадир. Ислом динига эътиқод қиладиган инсонлар сони буддавийлар ва насронийларнинг ҳар бирининг сонидан сезиларли даражада кам. Шундай бўлса-да, аҳолиси 260 миллионга яқин, салкам 90% мусулмон бўлган Индонезия давлати ҳисобига ислом динига эътиқод қиладиган мусулмонлар сони ислом динини учинчи ўринга олиб чиқади – бу диннинг тарихи Муҳаммад пайғамбар (с.а.в)нинг таборак номи билан боғлиқ. Мусо пайғамбар Миср фиръавни қўлида қул бўлиб яшаган яҳудийларни Мисрдан олиб чиқиб кетади, уларни ўзи эътиқод қилган иудей динига ўтказади ва Исроил давлатига асос солади. Бу – унга (иудей динига) эътиқод қилувчиларнинг сони бўйича энг “кичик” диндир. Мен юқорида, мақола сарлавҳасида келтирилган дастлабки икки мавзу – тўрт буюк дин ва тўрт буюк пайғамбар – ҳақида билганларимни ёздим. Хато қилган бўлсам, муҳтарам ўқувчи мени кечирар, деб ўйлайман – мен ёзган матнда Яратганга шак келтириш ёки Унинг пайғамбарларини обрўсизлантиришни ният қилган эмасман.

 

              Юқорида санаб чиқилган тўртта буюк динларнинг ҳар бирида, бир томондан, Аллоҳ ва инсон орасида, иккинчи томондан эса инсон билан инсон орасидаги муносабатни тартибга соладиган, инсоннинг дунёқараши ва ҳаётини шакллантирадиган, пайғамбарлар томонидан ўз умматига қолдирган 10 та ўгит (инсон бажариши шарт бўлган талаб) [ўрисчаси: заповедь] мавжуд бўлиб, улар қуйидагилардир:

             

              ИСЛОМ динида:

 

  1. Ёлғиз Аллоҳга ишон;                                                                                        
  2.  Ўзингга пир танлама;    
  3. Аллоҳ номини беҳуда айтаверма;                                                                                                              
  4. Дам олиш кунини унутма;                                                                                                                           
  5.  Ота-онангни эъзозла;                                                                                                                                    
  6.  Ўлдирма;       
  7.  Зино қилма;  
  8.  Ўғрилик қилма; 
  9. Ёлғон гапирма; 
  10. Ҳасад қилма.

             

              НАСРОНИЙЛИК динида:

 

  1. Мен Роббинг Аллоҳман… Менинг қиёфам (юзим) олдида сенда бошқа худолар бўлмаслиги керак.                                                                                

2. Ўзингга пир ва тепа осмонда, ва ер тагида, ва ердан пастдаги сувда ҳеч қандай тасвир яратма.                                                                                                 

3. Роббинг Аллоҳ номини беҳуда айтаверма, чунки Унинг исмини беҳуда айтаётганни Роббинг жазосиз қолдирмайди.                                                                                             

4. Олти кун ишла, ва ўзингнинг ҳар қандай ишингни бажар; еттинчи кун — шанбани эса Роббинг Аллоҳга бағишла.                                                                                                            

5. Ердаги кунларинг бардавом учун ўз ота-онангни эъзозла.     

6. Ўлдирма.

7.Зино қилма.                                                                                           

8. Ўғрилик қилма.

9. Ўз яқинингга қарши ёлғон гувоҳлик берма.      

  10. Ўз яқининг хотинига ҳам, уйига ҳам, ерига ҳам, эркак қулига ҳам, аёл қулига ҳам, ҳўкизига ҳам, эшагига ҳам, ўз яқинингни нимаси бўлса ҳеч қайсига кўз олайтирма.

             

              ИУДЕЙ ДИНИда:

             

  1. Мен сени Миср еридан, қуллик уйидан олиб чиққан Роббинг Аллоҳингман. Менинг қиёфам (юзим) олдида сенда бошқа худолар бўлмаслиги керак.
  2. Ўзингга пир ва тепа осмонда, ва ер тагида, ва ердан пастдаги сувда ҳеч қандай тасвир яратма. Уларга сажда қилма ва уларга хизмат қилма; чунки Мендан нафратланадиган оталар гуноҳи учун болаларини учинчи ва тўртинчи авлодгача жазолайдиган ҳасадгўй Худоман, Мени севган ва Менинг ўгитларимга амал қиладиган мингларча авлодгача раҳмлиллик кўрсатадиган Мен Роббинг Аллоҳингман.
  3. Роббинг Аллоҳнинг исмини беҳуда ишлатаверма; чунки Унинг исмини беҳуда ишлатадиганни Роббинг жазосиз қолдирмайди.
  4. Роббинг Аллоҳ сенга ўгит қилгандай уни муқаддас сақлаш учун шанба кунини кузат. Олти кун ишла, ва ўзингнинг турли ишларингни амалга ошир; еттинчи кун шанбани эса Роббинг Аллоҳга бағишла. Эркак қулинг ҳам, аёл қулинг ҳам сен каби дам олиши учун ўша куни ўзинг ҳам, ўғлинг ҳам, қизинг ҳам, эркак қулинг ҳам, аёл қулинг ҳам, ҳўкизинг ҳам, эшагинг ҳам, ҳар қандай молинг ҳам, сеникига келган меҳмонинг ҳам ҳеч қандай иш билан шуғулланманглар. Ва эсингда тут, сен Миср ерида қул эдинг, бироқ Роббинг, Аллоҳинг, сени у ердан юксак кучли қўл ва мушаклар билан олиб чиқди, шунинг учун ҳам сенга Роббинг, Аллоҳинг, шанба кунига риоя қилишга буюрди.
  5. Роббинг, Аллоҳинг сенга буюргандай, сенинг кунларинг бардавом ва бу ерда сенга роҳатбахш бўлиши учун сенга Роббинг, Аллоҳинг берган ўз отанг ва ўз онангни эъзозла.
  6. Ўлдирма.
  7. Зино қилма.
  8. Ўғирлама.
  9. Ўз яқинингга ёлғон гувоҳлик айтма.
  10. Ўз яқининг хотинига ҳам, уйига ҳам, ерига ҳам, эркак қулига ҳам, аёл қулига ҳам, ҳўкизига ҳам, эшагига ҳам, ўз яқинингни нимаси бўлса ҳеч қайсига кўз олайтирма.

 

            БУДДАВИЙЛИК ДИНИДА:

             

  1. Ўлдирмаслик;
  2. Ўғирламаслик;
  3. Зино қилмаслик;
  4. Ёлғон гапирмаслик ва тўҳмат қилмаслик;
  5. Ақлни сусайтирадиган нарсалардан истеъмол қилмаслик;
  6. Бошқа буддавийлар ҳақида ғийбат қилмаслик;
  7. Кеккаймаслик ва бошқаларни ерга урмаслик;
  8. Муҳтожлардан қизғанмаслик;
  9. Ғазабни сақламаслик ва ғазабланишга чорламаслик;
  10. Учта қадриятга тўҳмат қилмаслик.

              Изоҳ: Буддавийликдаги уч қалрият – Будда, Дхарма (яъни, қонун, таълимот) ва Сангха (яъни, монахлар жамоаси)дан иборат.             

             

              Тўртта буюк динлар ўгитларида умумий (яъни, бир хил): «Ўлдирма», «Ўғрилик қилма», «Зино қилма», «Ёлғон гапирма» каби бир қатор талаблар борлиги кўриниб турибди. Уларнинг ичида, турган гап, «Ўлдирма» ўгити алоҳида аҳамиятга эга. Ўгитларни унча-мунча одамлар эмас, ўз умматига пайғамбарлар қолдириб кетишган ва бу ўгитлар ҳар бир диндор учун, у қайси дига мансуб бўлишидан қатъий назар, муқаддасдир, яъни улар (ўгитлар) ҳамма вақт диндорнинг онгида ва кўз ўнгида туриши лозим. Аслида шундайми? Бу ўгитларга мусулмонлар дунёсида қанчалик амал қилинади? Ҳозирги давр информация яшин тезлигида, тўлиқ ҳажмда тарқаладиган давр – дунёнинг қайси нуқтасида қандай воқеалар юз бераётгани ҳақидаги маълумотларни интернетдан “шесть секунд”да топса бўлади. Дунёнинг турли жойларида уруш, худкушлик, портлатиш ва бошқа қирғинбарот воқеалар бўлиб турибди. Мусулмон бўлмаган Европа Иттифоқи давлатлари, Буюкбритания, АҚШ, Канада ва бошқа демократик мамлакатлар нисбатан тинч-осойишта яшамоқда – бу давлатларда онда-сонда содир этилаётган террористик амалиётларни ўзимизнинг жонажон ўзбекистонлик, жазойирлик, марокашлик, суриялик ва бошқа мусулмон юртлик қардошларимиз амалга ошириб туришибди. Мос равишда Норвегияда 72, АҚШда 58 одамни ўлдирган А.Брейвик ва С.Пэддок каби насроний бир нечта террористларни ҳисобга олмаганда, қолган террорист қотилларнинг ҳаммаси мусулмон дунёсидан эканини кўрамиз. Бир неча кун олдин Афғонистонда мусулмон террористлар шаҳар марказида меҳмонхонага ҳужум қилишиб 103 та одамни ўлдиришди. Бир мусулмон араб террорист Франциянинг Ницца шаҳрида байрам қилаётган юзлаб одамларнинг устига юк машинасини ҳайдаб 80 дан ошиқ одамни ўлдирди. Ўзимизнинг ўзбекларимиз АҚШ, Швеция, Туркия ва бошқа бир неча жойларда террористик амалиётлар содир этишди.

 

              Тўртта буюк дин ичида фақат исломда мусулмонлар сунний ва шиа мазҳабларига бўлиниб олиб бир-бири билан жиққамушт уришиб ётишибди – улар пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)нинг “Ўлдирма” деган ўгитларига амал қилиш уёқда турсин, ҳатто уни (ўгитни) эслашмаса ҳам керак. Эрон шиалари Ироқ суннийлари билан 8 йил тинмай жанг қилишди. Жанглар шу қадар шиддатли бўлди-ки, охир-оқибат балоғат ёшига етмаган ёш болаларни урушга, одам ЎЛДИРИШга жалб этишди. Сурия алавийлари Эрон шиалари билан иттифоқ тузиб кўп йиллардан бери суриялик суннийларни қирғинбарот қилмоқда. Сон жиҳатдан энг салмоқли бўлган буддавий давлатларда бу гап йўқ. Энг катта буддавий давлат Хитой одам ўлдириш бўйича эмас, иқтисодининг кучи бўйича дунёнинг энг кучли давлатларининг бирига айланди. Сон жиҳатдан энг кичик иудейлар давлати Исроилда ҳам иудей иудейни қирғинбарот қилаётган эмас. Насроний, иудей ва буддавийлар фан, техника, тиббиёт, иқтисод ва бошқа соҳаларда улкан ютуқларга эришмоқда, улар ўз ақлу-хушини одам ўлдиришга эмас, фан ва кашфиётларга қаратишган, улар яқин орада Марс планетасига космик кема жўнатиш устида тинимсиз ишламоқдалар, Нобель мукофоти асосан иудей ва насронийларга насиб этмоқда. Фейсбукда ўзбекистонлик ва хорижда яшаётган ўзбекларнинг ислом ва мусулмончилик ҳақида ёзаётганлари одамнинг кўнглини айнитади – биттаси фейсбукда одамларга “овқатни чап қўл билан еса нима бўлади?” деган савол берганини ўқиб шок бўлишимга, “Аввал Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)нинг ўгитларини ўрган, номард!” деб ёзишимга сал қолди. Мусулмонлар оламида асосий ўгит “Ўлдирма”дан ташқари “Зино қилма”, “Ўғрилик қилма”, “Ёлғон гапирма”, “Ҳасад қилма” каби бошқа ўгитлар ҳам ўз қадрини йўқотгани ачинарли ҳолдир – уларни мусулмонлар ҳар қадамда бузишларини кўриб турибмиз.

 

              ИНСОНИЯТ ТАРИХИ – УРУШЛАР ТАРИХИДИР

 

              Бу ҳаммага маълум бўлган ҳақиқат бўлишига қарамай, мен Википедияни “кавлаб” мана бу қисқагина мақолани топдим ва уни рус тилидан ўзбек тилига таржима қилдим. Мана у:                                                                                                                                                                                                         

              Қадим замонларда инсон ов қилиши ва ўзини йиртқич ҳайвонлардан ҳимояланиши лозим бўлган. Бироқ, бундан ташқари, инсоният тарихи — бу озодлик ҳамда босқинчилик урушлари тарихи ҳамдир. Ҳудудлар, сув ва озиқ-овқат манбаси, арзон ишчи кучи, яъни, турли бойликларни эгаллаш учун кураш ҳамма вақт одамларни бир-бири билан тўқнаштирган. Ким яхши қуролланган бўлса, ўшанинг тирик қолиши, ўзига яхшироқ ҳаётни таъминлаши эҳтимоли катта бўлган. Ана шугина ҳужум ва ҳимоя воситаларини ишлабчиқариш ва такомиллаштиришга улкан эътибор қилишни белгилаган. Амалан, ҳар сафар, одамларнинг бири бирорта янги нарсани ихтиро қилганидаёқ, унинг қабиладошлари ихтирони ҳарбий мақсадларда фойдаланиш мумкин-мумкинмаслиги ҳақида ўйлай бошлашган. Бизнинг вақтимизга келиб, баъзида миллий фойданинг улкан қисмини ютиб юбораётган қурол ишлабчиқаришга мўлжалланган бутун бошли индустриал соҳа шаклланди. 2-чи Жаҳон урушидан кейинги йилларда дунёнинг ривожланаётган мамлакатларининг ҳарбий бюджетлари бир неча марта ўсди. Кўп ҳолларда улар таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя ва атроф муҳитни сақлашга кетадиган умумий харажатлардан ошиб кетади. Асримизнинг 90-чи йилларига келиб дунёда мудофаа учун кунига уч миллиард долларгача маблағ сарфланадиган бўлди!                                                                                                                                                                                                                                                                                              Ҳарбий саноат тўймас йиртқич ҳайвон каби нафақат улкан маблағ ва табиий ресурсларни истеъмол қилади, у тинч ҳаёт учун эмас, аксинча, уни бузиш учун олимларни янгиликлар ва кашфиётлар қилишга қизиқтирган ҳолда»янги миялар» оқими муттасил оқиб келиб туришини талаб қилади. Планетамизда ундаги барча тирик жонзодни йўқ қилиб юборишга етарли бўлган қурол омбори пайдо бўлгандагина инсониятга худди эс-хуш киргандай бўлди. Турган гап, янги жаҳон уруши хавфи тамоман йўқолди, деб бўлмайди, бироқ шундай бўлса-да, охирги йилларда ҳарбий таранглик пасайди. (Тамом). Бу мақолача инсоният тарихида бўлиб ўтган беҳисоб урушлар тарихининг дебочаси, холос. VII-аср бошида Муҳаммад (с.а.в.) ислом динига асос солгач, шу асрнинг ўзидаёқ араблар Миср, Яқин Шарқ мамлакатлари, Шимолий Африка, Кавказорти ўлкалари, Марказий Осиё, Ҳиндистоннинг шимолий-ғарби, Испания, Жанубий Италияни ҳамда Сицилия, Мальта, Родос ва Крит оролларини босиб олишади. Арабларнинг шиддатли ҳужумлари натижасида Эроннинг улкан Сасонийлар давлати қулайди, уларнинг Европага қилган юришлари Франциянинг Пуатье шаҳригача давом этади. Бу қирғинбарот урушлар ислом динининг бошқа динлар, асосан насронийлар динига қарши уюштирилган урушлар эди. Насронийлар ҳам қараб ўтиргани йўқ – улар ҳам мусулмонларга қарши 9 марта салб урушларини уюштиришди. 1-чи салб юриши 1096 йилда, 2-чи салб юриши 1147 йилда, 3-чи салб юриши 1189 йилда, 4-чи салб юриши 1202 йилда, 5-чи салб юриши 1217 йилда, 6-чи салб юриши 1228 йилда, 7-чи салб юриши 1248 йилда, 8-чи салб юриши 1270 йилда, 9-чи салб юриши 1271 йилда уюштирилди. Кўриниб турибди-ки, бу икки тоифа урушлар икки дин вакилларининг бир-бири билан бўлган урушларидир. Эътибор қилинг: бу урушларни режалаштирган ва амалга оширган саркардалар ислом ва насроний динларининг пайғамбарлари Муҳаммад (с.а.в.) ва Исо алайхиссалом ўз умматларига қолдирган 10 та ўгитнинг “Ўлдирма” ўгитига амал қилиш ҳақида ўйлаб ҳам кўрган эмас.

 

              Буддавийлар ҳам бўш келишмади. XIII-аср бошида Чингизхон, унинг ўғиллари ва яқин қариндошлари бошқарган мўри-малаҳдай буддавийлар армияси Хитой, Сибирь, Марказий Осиё, Русь ҳамда Европа томон ҳарбий амалиёт бошлади. Муғуллар миллионлаб одамларни қиличдан ўтказди, минглаб шаҳарларни хонавайрон қилишди – уларнинг мақсади Ернинг энг охирги қирғоғини ювиб турган денгизга чиқиш эди. Буддавий муғуллар бу мақсадга эришиш йўлида буддавий Сибирь халқлари ва Хитойни ҳам, насроний руслар ва Европанинг ўнлаб насроний халқларини ҳам, Марказий Осиё мусулмонларини ҳам аяб ўтиришмади. Бу урушларда буддавийлар бир-бири билан, буддавий насроний билан, буддавий мусулмон билан ҳаёт-мамот жанг қилишди. Бу урушларда ҳам учта буюк дин вакиллари динларнинг “Ўлдирма” ўгитини бир тийинга олган эмас. Одам ўлдиришда марказий осиёлик Амир Темур ва усмонли турк Боязид I Йилдирим каби қон-қардош ва мусулмон саркардаларнинг бирортаси: “Ҳой, тўхта! Биз битта дин вакилимиз-ку! Пайғамбаримиз ҳам битта! Пайғамбаримиз бизга “Ўлдирма” демаганларми? Одам ўлдириш гуноҳи-азим-ку!” демади. Асосий хулоса:

Инсоният тарихи – урушлар тарихидир! Бу ҳақиқатни: “Динлар тарихи – урушлар тарихидир” десак ҳам адашмаймиз.

ҲИЖОБ МАСАЛАСИДА МУСУЛМОНЛАР ОРАСИДА     АДОЛАТ КУЗАТИЛМАЙДИ

Муҳокама қиладиган охирги мавзумиз ҳижоб ҳақида баъзи фикрларимни айтмоқчиман. Иудей, насроний ва ислом динларининг келиб чиқиши бўйича энг ёш дин ислом эканлигини ҳамма билади. Ислом дини ҳозирги Саудия Арабистони (СА)да, асосан араблар яшайдиган ҳудудларда пайдо бўлганини ҳам биламиз. СА ҳудуди қип-қизил чўл ва саҳродан иборат эканини, йилнинг катта қисмида кундуз кунлик ҳарорат +45 С гача кўтарилишини, қиши мўътадил, қор деярли ёғмаслигини (қорни фақат тоғли ҳудудларда кўриш мумкин, холос), нефть топилганга қадар СА арабларининг асосий улови туя бўлганлигини кўпчилик яхши билади. Ҳижоб арабларнинг “ихтироси” – араблар истеълосидан илгари Шарқда ҳам, Ғарбда ҳам, жазирама Африкада ҳам аёллар ҳижобга ўралган эмас! Шимолни-ку, қўяверинг – шимолда аёл пўстин кийиб юрса ҳам биров бир нарса демайди. Иссиқ ўлкалар бошқа – иссиқ ўлкада аёл бошдан-оёқ ўраниб юрса бу ҳолат тамоман ғалати, нотабиий туюлади. Инсон Ер юзида пайдо бўлгандан бошлаб иқлимга қараб кийинган – одамлар қишда қалин, ёзда юпқа кийим кийишган, ҳаво иссиқлиги сезиларли юқори бўлганда эса аёлу-эркак очиқ-сочиқ юришган – инсоннинг табиати шундай! Ҳижоб эса инсон табиатига зид кийим! Бу маълумотларни иқлимшунос (климатолог) олимлар китобларидан топиш мумкин. Ҳижоб “кўз зиноси”ни қўзғатармиш! Яъни, аёлнинг шаклу-шамойили (фигураси) эркакнинг диққатини ўзига жалб қилар эмиш! Ва унинг (эркакнинг) миясида, онгида, ҳаёлида турли-туман шаҳватни қўзғовчи ўй-ҳаёлларни келтириб чиқарамиш! Шу ёшга кириб мен аёлларда “кўз зиноси” пайдо бўлишини эшитганмаган эдим. Яқинда фейсбукчи бир йигит аёлларда ҳам “кўз зиноси” бор, деб ёзибди. Мен эркак ва аёл тенгҳуқуқли бўлиши тарафдориман – у ҳам инсон, бу ҳам инсон – фақат жинси бошқа – бири уруғ, бири замин. Фарқи шу, холос! Уруғ бўлиб, замин бўлмаса, ёки, замин бўлиб, уруғ бўлмаса – инсоният Ер юзидан йўқ бўлиб кетади! Тенгҳуқуқлиликнинг маъноси шу!

 

Асосий муаммо-савол: Нега аёл жазирама иссиқда ҳам, қаҳратон совуқда ҳам ҳижобда юриши, эркак эса очиқ-сочиқ маза қилиб юриши керак? Бу икки зот тенгҳуқуқли бўлиши учун эркак ҳам ҳижобда юриши лозим эмасми? Нега биттаси ҳижоб кийиш билан жазоланади-ю, иккинчиси жазоланмай қолаверади? Мақсад очиқ-сочиқ юрган аёлни кўрганда эркакларда кўз зиноси пайдо бўлишининг олдини олиш бўлса, у ҳолда очиқ-сочиқ юрган эркакларни кўрган аёлларда кўз зиноси пайдо бўлишининг олдини олиш керак эмасми? Керак!!! Демак, эркаклар ҳам аёллар каби ҳижобга ўраниб юришсин – йўлини топиб юриш учун кўзи очиқ бўлса бўлди!! Қани 40-45 даража иссиқда ҳижоб кийиб бир юриб кўришсин-чи – ўшанда кўрамиз эркаклар нима дер экан: “Воҳ, маза қилдим! Яшасин ҳижоб!” дейдими, “Дод, ёниб кетдим! Ҳижобинг қурсин!” дейдими!! “Пичоқни аввал ўзингга ур, оғримаса ўзгага ур!” Ҳижобни “ихтиро” қилган арабларда бу мақол азалдан бўлмаган бўлса керак. Аёлларни дискриминация қилиш (камситиш) уларнинг қонида бўлган! СА қироллари ва шоҳзодалари ўнлаб хотин олишга ишқибоз эканликлари буни тўлиқ тасдиқлайди. Яқиндан бошлаб САда аёлларга футбол ўйинларини тамошо қилиш учун стадионга бориш, автомобиль ҳайдаш каби баъзи инсоний ҳуқуқларнинг берилгани САда тошдай қотиб қолган ижтимоий-сиёсий ҳаёт бироз юмшаётганини кўрсатади. Францияда араблар жуда кўп – улар асосан бир пайтлар Франциянинг Жазойир (Алжир) ва Марокаш, Англиянинг Судан каби собиқ мустамлакаларидан келиб жойлашиб қолишган. Бу ерда ҳижобда юрган араб аёллари ҳар қадамда учрайди, ҳижобсиз юрганлари эса улардан кўп бўлса кўп – кам эмас. Улар шунчалик очиқ-сочиқ юришади-ки, ўзбек аёллари уларнинг олдида “ип ҳам эшолмайди”. Французлар ўта толерант (ўзгача фикр, ҳаёт тарзи ва дунёқарашга чидам билан қарайдиган) халқ – бунга 2006 йилдан бери Францияда яшаётган бизнинг оиламиз тўлиқ амин бўлди. Французни унча-мунчага, ҳаракат қилсангиз ҳам, жаҳлини чиқара олмайсиз – сиз ғазаб билан гапираверасиз, у эса сизга қараб жилмайиб тураверади. Ўзбекистонда бировнинг жаҳлини чиқариш ҳеч гап эмас – бола отага, ота болага, эр хотинга, хотин эрга қулоқ тутмайди. Иккита бегонани-ку қўяверинг – бир-икки даҳанаки “сани-ман”дан кейин жиққамушт бўлиб ёқалашиб кетишади. Ҳижоб масаласида ҳам шундай!Аслида халқни толерантликга ундаш ва ўргатиш диннинг вазифаси. Лекин юқорида келтирилган тарихий фактлардан кўринади-ки, динлар толерантликни эмас, урушишни хуш кўришар экан.

5 февраль, 2018 йил;           Франция.

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s