Толиб ЁҚУБОВнинг мақолалари, ҲУҚУҚБОН ИЖОДИ

АҚЛЛИ АЛЛОМАЛАР ва ДЕҲҚОН

muslim-3            Толиб ЁҚУБ

АҚЛЛИ АЛЛОМАЛАР ва  ДЕҲҚОН

            Бир-бирини яхши танийдиган, ёшликда бирга ўйнаб-ўсишган 2-3 та олим, 3-4 та турли соҳалар мутахассиси ва битта деҳқон ҳафтада бир марта чойхонада йиғилишиб ҳарфана ейишар, сўҳбат пайтида асосан олимлар ва мутахассислар гапирар, деҳқон эса жимгина эшитиб ўтирар экан. Ҳар сафар олимлар деҳқонга умуман тушунарсиз қандайдир юқори материялар ҳақида гапиришса, мутахассислар ўзларининг кашфиётлари ҳақида завқланиб сўз юритишарди. Баъзан сўҳбат кутилмаган мавзуга бағишланган пайти ҳам бўларди. Бир сафар гап ҳазил-мутойибага айланди ва сўҳбатдошларнинг бири эшак қандай ҳайвон, унинг ўта ўжарлигини ҳамма билади, халачўп билан ниқтамасанг ўла қолса ҳам юрмайди, унда фаросатнинг “ф”си ҳам йўқ, ҳатто сигирчалик “ақли” йўқ – сигирни ҳовлингдан далага ҳайдаб юборсанг, кечгача далада ўтлаб, кечқурун ўзи ҳовлингга кириб келаверади, дея жамоа олдига – нега? деган савол қўйди.

Бахс бошланди. Одатдагидек асосан олимлар ва мутахассислар бахс юритишди – бири у деди, бири бу деди, деҳқон эса жимгина бахсни эшитиб ўтирди. Бахс қизигандан қизийверди ва, ниҳоят, улар эшакда ҳеч қандай фаросат йўқ, у тўнкадай қотиб қолган ҳайвон, деган хулосага келишди. “Бўлдиларингми, мен ҳам гапирсам майлими?” дея деҳқон кутилмаганда гапга аралашди. Ҳамма ялт этиб деҳқонга қаради – уларнинг қарашидан: “Шу саводсиз деҳқондан ҳам бирор жўяли фикр чиқармикин?” деган истеҳзо кўриниб турарди. “Мен ёшлигимдан ҳозиргача эшак минаман, бироқ эшакдай ақлли ҳайвонни кўрмадим” дея гап бошлади деҳқон. Ва давом этди: Менинг далам уйимдан 10 километр нарида. Ҳар куни даламга эшак миниб бораман, даламдан уйимга эшак устида қайтаман. Уйимдан далагача йўлим битта эмас – баъзан боришда ёки қайтишда у-бу ишлар чиқиб қолса йўлнинг узунлиги ўзгаради. Бир кун қизиқиб йўлларимнинг сонини санасам бешта экан – табиий, бири қисқа, бири узун. Шуларнинг бири энг қисқа йўл.

Мен эшагимнинг бир одатига эътибор бердим – агар далага боришда ёки даладан қайтишда ўзга зарур ишим бўлмаса, мен эшагимга минишим ҳамоноқ дала (уй) томон ўзи юришни бошлайди ва … энг яқин йўлдан кетади! Мен уни ниқтамайман ҳам, халачўп билан уриб “мана буёққа юр” дегандай йўл кўрсатмайман ҳам – ўзи кетаверади! Ўзи энг қисқа йўлни танлайди! Унда эс-фаросат бўлмаса, у энг қисқа йўлни қандай эслаб қолади? Мен унга “ўргатганим” йўқ-ку! Йўқ, жаноблар, эшак сиз ўйлаганча бефаросат ҳайвон эмас! Баъзан унинг фаросати унча-мунча одамнинг фаросатидан юқорироқ бўлади – мен умрим давомида кўп бефаросат одамларни кўрдим, улардан менинг эшагим ақллироқ, деб гапини тугатди деҳқон. Бир фурсат орага жимлик чўкди. Ҳарфанахўрлар нигоҳини пастга қаратиб бироз ўйланиб ўтиришди ва … шодиёна қарсак чалиб юборишди.

 

9 май, 2018 йил;

Франция.

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s