Толиб ЁҚУБОВнинг мақолалари

ФРАНЦИЯДА НЕГА ЧИРОҚ ЎЧМАЙДИ?

Толиб ЁҚУБ
Францияда ўтган 12 йиллик умрим давомида бор-йўғи икки марта свет ўчгани ҳодисасига гувоҳ бўлдим – ҳар иккала ҳолда ҳам қоронғулик 10 минутдан ортиқ давом этмади. Кейин маълум бўлишича, кучли момоқалдироқ пайтида электр тармоқларига яшин тушиши эҳтимоли жуда катта бўлиб, у кенг кўламли свет ўчишига олиб келар ва шу сабабли шаҳар электр тармоғи ходимлари момоқалдироқ ва яшин тушиши ўтиб кетиши қадар светни атайлаб ўчириб қўйишар экан. Франциядан Ўзбекистонга қайтганимга бир ойдан ошди. Шу қисқа давр ичида Жиззах шаҳрининг шундоққина биқинида жойлашган бизнинг Тоқчилиқ қишлоғимизда (шаҳар билан қишлоқни битта кўча ажратиб туради) камида 50 (эллик) марта свет ўчди! Аҳъён-аҳъёнда: “Нима бало, электр тармоғи ходимлари “лақашиқилдоқ” бўлиб қолишдими ёки тармоқнинг ўзи “лақашиқилдоқ” бўлиб қолганмикин?” дея ўйланиб қоламан. ХХI-чи асрнинг биринчи чорагида шам ёқиб тирикчилик қилиб ўтирибмиз! Лекин аҳоли шунга ҳам хурсанд! Одамларнинг айтишича, И.Каримов даврида бу ҳам йўқ экан: 1) свет бир суткада нари борса 4-5 соат берилар экан; 2) газ умуман берилмас экан – шунинг учун оилалар таппи-тезакка ўтишибди; 3) сув танқислиги янги “бизнес”ни юзага келтирибди: трактор ва тележкаси бор бўлган баъзи одамлар тележка устига баҳайбат бак (сув солинадиган идиш) ўрнатиб, уни ер остидан сув тортадиган насос қурилмаси (водонапорная башня) ёрдамида тўлдириб қишлоқ ичида “Ҳой одамлар! Эшитмадим деманглар! Сувдан қуруқ қолманглар!” дея бақириб сув сотиб юрар – кимдир пақир, кимдир пластмасса бак кўтариб кўчага чопишар экан!
Энди “Нега Францияда свет ўчмайди?” деган саволга жавоб излаймиз. Бир куни кўчага чиқсам, уйимиздан сал нарида митти экскаватор кенглиги 60-70 сантиметр бўлган траншея (ариқ) кавлаб турганига кўзим тушди. Қизиқиб қараб турдим. Қўлига бел (лопатка) ушлаган ишчилар траншея ичини текислаб, ортиқча тупроқни ташқарига чиқариб ташлашаётган экан. Траншеядан сал нарида бетондан ясалган, қалинлиги 5 сантиметр, узунлиги 5 метр, кўндаланг кесими тўғри трапеция бўлган нов (лоток)лар териб қўйилганини кўрдим – нов (трапеция)нинг катта асоси очиқ қилиб ясалган экан. Тайёр траншеянинг чуқурлиги икки нов устма-уст қўйилганда бемалол сиғадиган даражада чуқур бўлиши лозим экан. “Траншея кавлаб булар нима қилар экан?” дея қизиқиб эртаси куни ўша жойга яна бордим – қарасам ишчилар юк кўтариш крани ёрдамида новларни траншея ичига қатор (зич) қилиб “улаб” кетишаётган экан. Бошида менинг миямга: “Булар ёз иссиғида ҳавони мўътадил қилиш мақсадида уйлар орасидан сувли ариқ ўтказишса керак” деган фикр келди. Адашибман! 2-3 кундан кейин ишчилар “ариқ” ичига изоляцияланган йўғон электр кабель тортишаётгани маълум бўлди. Орадан 3-4 кун ўтгач, ҳамма нарса аёнлашди – электрокабель ётқизилган новларнинг устини худди ўшандай новларни тўнтарилган ҳолатда ёпиб чиқишди. Қизиғи шунда-ки, новларнинг туташган жойлариларидаги очиқ қолган ҳар қандай тирқиш эритилган қора сақич билан сувалиб герметик (сув ва нам ўтмайдиган) ҳолга олиб келинди – нам уёқда турсин, устидан океан сувини қўйворсангиз ҳам “Сен кимга айтаяпсан?” дегандай безрайиб тураверади. Иш охирги операция (амал) билан тугади – новлар усти ва атрофига яхшилаб асфальт ётқизилди.
Нега Ўзбекистонда свет дамба-дам ўчиб туради? Гап шунда-ки, собиқ СССР пайтида қаёққа қараманг кўзингиз электр токи оқадиган симёғочларга тушарди. Юқори кучланишли ток оқадиган темир конструкцияли баланд симёғоч (мачта)ларни ҳисобга олмаганда, ҳар қадамда сим тортилган ёғоч ёки темир столбаларни кўрардингиз, Францияда эса сим тортилган ёғоч ёки темир столбалар деярли йўқ. ЙЎҚ – тамом вассалом! СССР пайтида иқлим инжиқликлари (шамол, довул, момоқалдироқ, яшин, сув тошқини, қор, ёмғир, ёзнинг чидаб бўлмас иссиғи ва ҳ.) электр токи оқаётган симларнинг мўртлашиши ва натижада узилишига олиб келган – сим узилганда бутун-бутун шаҳарлар ва қишлоқлар қорнғулик қаърига чумган, чопа-чоп бошланган, элетромонтёрлар оёқларига ўзларининг темир “когти” (темир тирноқ)ларини тоқиб (“кийиб”) столба чўққисигага ўлиб-тирилиб кўтарилар ва узилган симни улаб тушишарди – электромонтёрнинг арзимас хатоси унинг ўлими билан тугаган ҳоллар ҳам оз эмас эди. Давлат мустақиллиги даврида бу соҳада бирор ижобий ўзгариш бўлдими? Йўқ, ижобий ўзгариш бўлган эмас! Свет ўчмаслигининг оддий йўлини топган француз (немис, инглиз, япон, швед ва бошқа ижодкор халқ)лар космик кема ихтиро қилган эмас – улар биринчи навбатда халқнинг эҳтиёжи ва давлатнинг тараққиётини ўйлаб шу ишни қилишган. Ўзбекистонда ҳам шу ишни қилса бўладими? Бўлади!!!…! (юзлаб ундов белгисини қўйгим келди – бироқ иложим йўқ). Бунга давлат раҳбарининг иродаси жиддий бўлса етарли.
Мазкур масалани ечиш учун ушбу қадамларни амалга ошириш зарур деб ҳисоблайман. Биринчи қадам: тажриба ўрганиш учун француз тилини биладиган 3-4 та мутахассисни давлат раҳбари бир ойга Францияга йўлласа етарли – улар Франция тажрибасини астойдил ўрганиб келишса ҳақиқий маънода “нур устига нур” бўлади. Иккинчи қадам: Тажриба ўрганиб қайтган мутахассислар ҳар бир вилоят ва Қорақалпоғистон Республикасидан шу ишга қизиқиши бўлган мутахассисларни йиғиб уларга семинарлар ташкил қилиш, ўқитиш, амалий машғулотлар ўтказиш ишини йўлга қўйиш билан шуғулланишлари керак; Учинчи қадам: Ҳар бир вилоят ва Қорақалпоғисто Республикасида митти экскаваторлар, цемент нов (лоток)лар ҳамда электр кабеллар ишлабчиқаришни йўлга қўйиш керак; Ўзбекистондаги барча ҳудудларда свет ўчмайдиган система ишга тушгач, митти экскаваторлар, цементдан ишланган нов (лоток)лар ва электр кабеллар ишлабчиқаришни давом эттириш лозим – уларни қўшни давлатлар (Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон) ҳамда қўшни бўлмаган узоқ-яқин давлатларга экспорт қилиш мумкин.
Хулоса: Табиий, бу иш бир йилнинг иши эмас – бу ишни амалга оширишга йиллар кетади. Бироқ, яна такрорлайман: бу ишда давлат раҳбари ва Вазирлар Маҳкамасининг иродаси асосий рольни ўйнайди.
(Тамом).
СССРдан ҚОЛГАН РУСЛАШТИРИШ СИЁСАТИДАН ВОЗ КЕЧИШ ВАҚТИ КЕЛДИ
Ҳар қандай империя босиб олган ҳудуд халқлари онгига ўз алифбоси, тили, урф-одатлари, маданияти ва бошқа қадриятларини сингдиришга ҳаракат қилган. Араблар истеълоси даврида кўп халқлар, жумладан Марказий Осиё халқлари ҳам, ўнгдан чапга қараб ёзиладиган араб алифбосини қабул этишга мажбурланганлар. Улкан Британия империясида инглизлаштириш, Африканинг салкам ярмини босиб олган Франция империясида французлаштириш, Жанубий Америка (ЖА)нинг Аргентина, Боливия, Венесуэла, Чили ва бошқа бир қатор мамлакатларида испанлаштириш сиёсати олиб борилган. Худди шундай ЖАда энг йирик давлат Бразилия ўз вақтида португаллаштириш жараёнини бошидан кечирган. Россия Федерацияси дунёда сақланиб қолган охирги империялардан биридир. Хитой, Буюкбритания, Канада ва ҳатто АҚШ ҳам моҳиятан империя ҳисобланади. Инсоният тарихи ҳар қандай империя охир-оқибат ўз умрини ўтаб бўлиши ва парчаланиб кетишини исботлади. Бир пайтлар Марказий Америкада яшаган мая халқининг қудратли империяси, Рим империяси, Чингизхон империяси, Амир Темур империяси, Усмонли турклар империяси, Наполеон Бонапарт империяси, … ва СССРга нима бўлди? Тўғри, титилиб-титилиб, парча-парча бўлиб кетди! СССРнинг парчаланишини рус тарихчиси Андрей Амальрик 1969 йилда ўзининг “Совет Иттифоқи 1984 йилгача яшай оладими?” номли мақоласида башорат қилган бўлиб – у бор-йўғи 6 йилга адашган эди, холос. Чамамда, иқтисоди нефть ва газ сотишга таяниб қолган, ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) дунё ЯИМининг бор-йўғи 2%ини ташкил қилган [қиёслаш учун: АҚШнинг ЯИМи дунё ЯИМининг 20%ини ташкил этади] Россия Федерацияси (РФ) ҳам ўз умрининг охирги ўн-ўнбеш йиллигини бошидан кечирмоқда.
Руслар Марказий Осиё (МО)ни, шу жумладан ҳозирги Ўзбекистон ҳудудларини икки марта босиб олган – биринчи марта Чор Россияси армияси томонидан XIX-аср ўрталарида, иккинчи марта XX-асрнинг 20-йилларида В.Ленин ва И.Сталин бошчилигидаги большевик тўдалар томонидан босиб олинган. Мустамлака қилинган мамлакат халқи онгини қулликда ушлаб туришнинг энг осон ва самарали йўли унга нисбатан “…лаштириш” (руслаштириш, инглизлаштириш, французлаштириш ва ҳ.) сиёсатини олиб боришдир. Биринчи босқин даврида Чор Россияси томонидан руслаштириш сиёсати олиб борилганми-олиб борилмаганми – бу ҳақда менда маълумот йўқ. Салкам 100 йилдан кейин “марксизм-ленинизм” ғоялари билан қуролланган большевиклар марказий осиёликларга нисбатан руслаштириш сиёсатини ўтказишга астойдил киришдилар: энг осон йўли – халқни шундай кунга солиш керак-ки, у (халқ) ўзлигини йўқотсин, кимлигини унутсин! Бунинг иккита йўли бор: 1) халқнинг асрлар давомида фойдаланиб келган алифбосидан мосуво қилиш (иложи бўлса бир неча марта); 2) авлоддан авлодга ўтиб келган исм ва фамилияни руслаштириш. Биринчи масала осон ечилди: асрлар давомида фойдаланиб келинган, ноёб тарихий, жуғрофик, илмий ва тиббий асарлар ёзилган араб алифбоси аввал лотин, кейин кирилл алифбосига алмаштирилди. Айтишларича, бу жараён икки марта такрорланган. Вақт ўтиши билан араб алифбосини мукаммал билган, унда битилган китобларни ўқий ва таҳлил қила оладиган ҳамда илмий ишларни ривожлантира оладиган мутахассислар аста-секин фоний дунёни тарк этгач, улардан кейин пайдо бўлган янги авлод аросатда қолди: У 1) араб алифбоси ва имлосидан мосуво этилган; 2) буюк мутафаккирлар асрлар давомида ёзиб қолдирган ноёб асарларни ўқий олмас ва, демак, олдинги авлодлар қолдирган илмий бойликлардан узилган; 3) йўқотилган илмий бойликларни қайта тиклашга мажбурланган авлод эди.
Марказий осиёликлар, жумладан, ўзбекларга руслар томонидан берилган иккинчи зарба бундан-да даҳшатлироқ бўлди – улар ўзбеклар, қозоқлар, қирғизлар, тожиклар ва туркманларнинг исм ва фамилияларини руслаштира бошладилар. XIX-аср ва ундан аввал ижод этган мутафаккирлар Алишер Навоий, Муҳаммад Аминхўжа Муқимий, Бобораҳим Машраб, Зокиржон Холмуҳаммад Фурқат ҳамда ХХ-асрда яшаган Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий, Комил Хоразмий, Абдулла Қодирий, Абдулҳамид Сулаймонўғли Чўлпон, Абдурауф Фитрат, Набихон Чустий, Асқарали Ҳамроали ўғли Чархий, Усмон Носирнинг исм ва фамилиялари миллийлиги ва жарангдорлиги билан ажралиб туради. Бироқ, ўзбекларда “Арип” деган исм ҳам, “Арипов” деган фамилия ҳам бўлмаган, “Ориф” деган исмни эса ўзбеклар ўғилларига бажону-дил қўйишган. Ўзбеклар боласига “Талиб” ёки “Якуб” деган ном беришмаган, “Толиб” ёки “Ёқуб” дейишган. Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Орифнинг фамилияси “Арипов”га, менинг исм ва фамилиям эса “Талиб Якубов”га айланиши руслаштириш сиёсатининг бевосита натижасидир.
СССР пайтида Арманистон, Гуржистон, Литва, Латвия ва Эстония халқлари руслаштириш сиёсатини қабул қилмадилар, улар ўз тили, алифбоси, маданияти ва кўпгина бошқа қадриятларини сақлаб қолдилар. Яккам, дуккамларни ҳисобга олмаганда, ана шу халқлар вакилларининг барчаси фамилиялари ва отасининг исмига русча “ов”, “ова”, “ев”, “ева”, “вич”, “на” каби “думча”ларни уламадилар. Ютуқ нимада кўринди? Мазкур халқларга мансуб одамларнинг фамилиясини эшитибоқ (ўқибоқ) дунё бўйлаб инсонлар улар қайси миллат вакиллари эканини: “Бу – арман экан”, “Бу – гуржи экан”, “Бу – литвалик экан”, “Бу – латвиялик экан”, “Бу – эстон экан” дея адашмай айтадиган бўлишди. Бу халқлардан фарқли ўлароқ ўзбеклар ўз фамилияларининг жозибали жаранглаши билан эмас, бошидаги дўпписини “кўз-кўз” қилиб мақтана бошладилар – ҳатто, қайсидир бир шоир: “Бошда дўппим, дунё бўйлаб мағрур юрибман, шу сабаб ҳамма мен ўзбек эканлигимни англайди” қабилида шеър ёзди, қайсидир бир ҳофиз эса уни ашула қилиб катта саҳналарда айтиб юрадиган бўлди.
СССР даврида мамлакатнинг ҳар бир “қарич” ерида большевиклар аҳоли устидан оммавий (тотал) назорат ўрнатишни йўлга қўйдилар – шундай назоратлардан бири ЗАГС [Запись Актов Гражданского Состояния – Фуқаровий Ҳолатни Қайд Этиш (ФҲҚЭ)] бўлиб, рус босқинидан илгари Марказий Осиё (МО)даги Бухоро амирлиги ва Қўқон ҳамда Хива хонликларида бундай назорат органи бўлмаган. Бундай назоратни йўлга қўйиш учун большевиклар Россиядан ўнминглаб рус ва руслашган татар ҳамда бошқирдларни МОга сафарбар қилишган – улар ўзбек, қозоқ, тожик, туркман, қирғиз ва бошқа халқлар вакилларидан: “Сенинг исм ва фамилиянг қандай ёзилади?” деб сўраб ҳам кўрмаган, уларнинг исм ва фамилияларига русларга хос “думча”ларни улаб, ўзлари исм ва фамилияни қандай талаффуз қилган бўлсалар ҳужжатга ўшандай ёзаверишган.
СССР давридан қолган бир латифа (анекдот): Бир одам дўстлари даврасида куйиниб гапирмоқда – ўғлим туғилганда унга “Собит” деган исм қуювдим. Унга метрика (туғилганлик гувоҳномаси) олиш учун ЗАГСга бордим. Уйга келиб метрикага қарасам ЗАГС ходимаси “с” ҳарфини тушириб қолдирибди – ўғлимнинг исми “Обит” бўлиб қолибди. “Ҳа, майли, бу исм ҳам ёмон эмас – биз камбағалларга бўлаверади” деб қўяқолдим. Ўғлим мактабни битириб аттестат олди ва уйга келиб, қувониб, аттестатини менга қўрсатди – қарасам, туман маориф бўлими ходимаси аттестатни тўлдираётиб “о” ҳарфини тушириб қолдирибди. Бориб жанжал қилдим, “о” ҳарфини тиклаб бер, дедим – унамади, шу-шу ўғлимнинг исми “Бит” бўлиб қолди. Келгуси ойда ўғлим институтни битиради, диплом олиши керак, инрститут кадрлар бўлимида “б” ҳарфини тушириб қолдиришса-я, деб қўрқиб ўтирибман; [Латифа тугади]. Латифа деймиз-у, айб халқимизнинг ўзида – келгинди босқинчилар нима деса, нима қилса кўникиб кетаверган. Талаб қилмаган. Курашмаган. “Борига – барака” деб юраверган.
Адашмасам, 2013 йилда Ўзбекистон ҳукумати мамлакат фуқароларига ёппасига биометрик паспорт бериш кампаниясини ўтказди. Назаримда, мазкур кампания исм ва фамилияларни миллийлаштириш, руслаштириш сиёсатининг маҳсули бўлган фамилия ва отчество (отасининг исми)лардан “ов”, “ова”, “ев”, “ева”, “вич” ва “на” каби “думча”ларни йўқ қилиш бобида идеал имконият туғдирган эди. Бу тадбирни ҳукумат шошмасдан, масалани ечишда унинг муҳокамасини олимлар, мутахассислар ва кенг жамоатчилик диққатига ҳавола қилиб ўтказганда эди нур устига аъло нур бўлган бўлар эди. Менинг миямдан бир фикр сира нари кетмайди. Қаранг: 99% арманлар фамилиясида “ян” миллий қўшимчаси мавжуд. Гуржиларнинг фамилиясида эса битта эмас, “швили”, “адзе” (“идзе”), “ая” (“ия”) каби бир неча миллий қўшимчаларни кўрамиз. Туркий халқлар, хусусан ўзбеклар, фамилияларида илгари миллийлик бўлмаганми? Бўлган! Бўлганда қандоқ! Алишер Навоий қайси асрда яшаган? Муҳаммад Аминхўжа Муқимий-чи? Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийнинг фамилияси ва отчествоси (отасининг исми)га қаранг – қайси армани ёки гуржиникидан кам?
И.Каримов миллатпарвар раҳбар бўлганда эди, у Ўзбекистоннинг етук олимлари ва бошқа мутахассисларини олдига чорлаб, уларнинг олдига: 1) ўзбеклар фамилияси учун миллий, жарангдор ва жозибали “қўшимча” ўйлаб топинг-ки, дунёдаги ҳар қандай одам: “Бу – ўзбекнинг фамилияси!” дейдиган бўлсин; 2) Ўзбекистонда руслаштириш сиёсати ҳукм сурган пайтда ҳамма ҳужжатлар [метрика, аттестат, диплом ва паспорт] руслаштирилган эди – биз бунга чек қўймоқчимиз. Метрика, аттестат, диплом ва паспортни ўзгартириб бўлмайди-ку – улар ишламай ётаверадими? Улар ишлаши учун нима қилиш керак? каби муайян масалалар қўйган бўларди. Мен аминман: олимлар ва бошқа мутахассислар [ёзувчилар, шоирлар, лингвистлар, ўқитувчилар ва бошқа касб эгалари] мазкур икки масала ечимини бажону-дил топиб беришган бўларди. Бироқ, бундай бўлмади, чунки И.Каримовнинг ўзи руслаштириш сиёсати қон-қонига сингиб кетган қип-қизил руспараст инсон эди. И.Каримов 27 йил давомида ўзбек тилини мукаммал ўзлаштириши мумкин эди – бироқ у ўзбек тилида чала-чулпа гапиришдан нарига ўтмай ўлиб кетди. Унинг хотини Татьяна Каримова, қизлари Гулнора ва Лола Каримова ҳам давлат тилини ўрганишни истамадилар. Унинг неваралари (кичик) Ислом ва Имон ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Унинг 27 йиллик раҳбарлиги пайтида ҳукуматнинг барча ҳужжатлари рус тилида ёзилди ва таржимонлар томонидан улар ўзбек тилига ўгирилди.
Миллий фамилияни шакллантириш қисман Озарбойжон ва Тожикистонда олиб борилди. Мас., Тожикистон президенти Имомали Раҳмонов фамилиясидаги русча “ов” қўшимчасини ахлатга улоқтирди – унинг бу ташаббусини давлатнинг кўпгина мулозимлари қўллаб-қувватладилар. Бироқ, бу ташаббус Россия Федерацияси маъмурларининг қаршилигига дуч келди – улар фамилияси миллийлашган тожик меҳнат муҳожирларини Россиядан бадарға қила бошладилар, иш бермай қўйишди ёки ишдан ҳайдай бошладилар. Шу билан Тожикистонда миллий фамилияга ўтиш деярли тўхтаб қолди. Худди шундай қаршиликга озарбойжонликлар ҳам дуч келишди – бу туркий миллатнинг фамилияни миллийлаштириш ҳаракати чалажон ҳолатда қолиб кетди.
(Тамом).
ПАХТА ва ПИЛЛА:
ЎЗБЕКИСТОН УЧУН ҚАЙ БИРИ ФОЙДАЛИ?
Пахта ва пилла етиштиришга қанчадан вақт, меҳнат ҳамда табиий ва техник ресурслар сарф бўлади? Келинг, таққослайлик:
а) ПАХТА етиштиришга камида 9 ой вақт кетади (март-ноябрь): бу орада ерни ҳайдаш, бороналаш, молалаш, шўрхок ерларда ерости сувларини қочириш, тупроқнинг сув балансини сақлаш учун дренаж ариқлар қазиш керак бўлади; бу ишларнинг барчаси техника (трактор, автоулов, тележка ва б.) ёрдамида бажарилади, техника ҳаракатланиши учун эса ёқилғи (солярка, бензин) ва мойлаш материаллари сарфланиши лозим; ПИЛЛА етиштиришга 1 ой, нари борса 1,5 ой вақт кетади; пилла қуртининг озуқаси тут барги эканлигини ҳамма билади – тут эса ҳамма жойда, ҳатто йўл чеккасида ҳам ўсаверади; тут “беор” дарахт – у унча-мунча сувсизликни “назар-писанд қилмайди, “тишни тишга” қўйиб ўсаверади; пилла қурти сув ичмайди, пахта эса чигити униб чиққан (март ойи) дан бошлаб то пахта терими бошланадиган сентябрь ойигача суғорилади;
б) ПАХТА очиқ далаларда ўстирилади, ПИЛЛА қурти эса ёпиқ иморатлар ичида боқилади; ҒЎЗА яхши ривожланиши учун эгат оралари камида 2 марта культивация қилиниши керак. Мақсад: ёввойи ўтларни камайтириш, ғўза илдизларига кислородни етарлича етказиб бериш, эгатлар орасида сув бемалол оқишини таъминлашдан иборатдир. Бу ишлар, табиий, техника ёрдамида амалга оширилади – яна харажат устига харажат! Ғўзани август ойида чеканкалаш лозим – акс ҳолда у шохалаб кетаверади, “ҳосил”нинг залвори эса сезиларли кам бўлади. СССР даврида чеканка қўл билан қилинган, кейинчалик тракторларга тез айланувчи осма “паррак-пичоқ”лар ўрнатилди – яна инсон ресурси ёки техника ишлатилди! Пахта терими том маънода ўлимга айланди: қанчадан-қанча одамлар пахта даласида жон берди, автоаварияларда ўлди, жиҳозланмаган совуқ дала шийпонларида яшашга мажбурланган теримчилар эса оғир касалликларга дучор бўлдилар; мактаб, лицей, коллеж ва олий ўқув юртлари ёпилди, ўқишлар қолиб кетди – ҳамма пахта теримига жалб қилинди; Ўзбекистонда СССР давридаги болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат сақланиб қолди; пахта сотиб олувчи давлатлар Ўзбекистонга нисбатан турли иқтисодий санкциялар эълон қилишди; Ўзбекистон Халқаро Меҳнат Ташкилоти (ХМТ)нинг ўта салбий назарига тушди.
Пиллачиликни бошидан-оёғигача – тут шохини кесишдан тортиб то пиллани дастадан ажратиб олишгача – механизациялаштириш қийин эмас. Бунинг учун “қўли” турли механик операция (амал)ларни бажарувчи митти тракторлар паркини яратиш етарлидир. СССР даврида пилла қурти боқувчи хонадонлар олдида: “пилла қуртини қаерда боқишимиз керак?” деган улкан бир муаммо турарди, ҳукуматнинг мазкур муаммога жавоби эса: “Қаерда боқардинг – уйингни бўшатасан, кўрпа-ёстиғингни, ашғол-дашғолингни ҳовлингга олиб чиқасан, бир ой ўтади-кетади, ўлиб қолмайсан, яна кўч-кўронингни ичкарига ташийсан – тамом вассалом! Эътирозга ўрин йўқ! Зато тут шоҳ-шаббасини ўтинликга йиғиб оласан!” бўларди.
Стоп! Стоп! (Тўхтанг! Тўхтанг!). Нималар деяпсиз? Замон ўзгарди, меҳнатга муносабат ўзгарди, давлат раҳбари ўзгарди! Инсонларга эркинлик берилди – билиб-билиб ишингни қил, дейилди! Билиб-билиб иш қилиш даври келди! Бу – совет даври эмас, икки оёғингни бир этикга тиққан Каримов даври ҳам эмас! Билиб-билиб ишингни қил! Ижод билан шуғуллан! Ўзинг ўрган, ўзгага ўргат! дейилмоқда. Бундан буён пилла қурти боқиш учун ҳар йили одамлар уйидаги кўч-кўронини орқалаб ҳовлига ташийдиган, бир ойдан сўнг уларни инқиллаб уй ичига қайтадан ташийдиган совет даври ва Каримов даври энди такрорланмайди, дейилмоқда.
Демак, янги ғоялар керак. Пиллачиликда янги ғоя ўз-ўзидан кўриниб турибди: Ҳеч ким ўз уйида пилла қурти боқмайди! Уйдаги кўрпа-ёстиқ, ашғол-дашғол жой-жойида тураверади! Ҳар бир қишлоқ, ҳар бир посёлка ва, ҳатто, ҳар бир шаҳарда пилла етиштиришга ич-ичидан мойил бўлган инсонлар ва оилалар бирлашиб кооперативлар тузадилар, кооперативнинг иш фаолияти, молиявий таъминоти, ишчиларнинг ишҳақи, раҳбариятнинг вазифалари, тут плантацияларини ташкил қилиш, уларни парваришлаш, кооператив эҳтиёжи учун йирик заводларга “қўли” тут новдасини кесувчи, ундан баргни ажратувчи, баргни пилла қурти боқилаётган сўкичаклар узра ёювчи (ташлаб чиқувчи), пилла қурти пилла ўрашга ўтирганда шувоқ ўсимлигидан даста ясовчи, уларни сўкичаклар устига ётқизувчи, пилла қурти пиллани ўраб бўлгач, дастадан пиллани ажратиб олувчи ва бошқа турли механик ҳаракатларни амалга оширувчи митти-электротракторларни ишлабчиқаришга буюртма бериш ҳақида низом (устав) ишлаб чиқадилар, уни йирик мутахассислар кўригидан ўтказадилар, ишни молиялаш мақсадида йирик банклар билан шартномалар тузадилар. Пилла қурти хонадонларда боқилмаслиги юқорида айтиб ўтилди. У ҳолда, пилла қуртини қаерда боқиш керак? Бу масала осон ечилади: кооператив ташландиқ бир жойдан ер сотиб олади ва ўша жойда йирик [ўлчами: бўйи камида 50 м., эни камида 20 м., баландлиги камида 10 м.] бино қуради. Бино кўпфункционалли, яъни, ундан нафақат пилла қурти боқиш учун, балки пилла “сезони” тугагач, турли бошқа мақсадларда: мас., қишлоқхўжалик маҳсулотларини сақлаш, уларни қайта ишлаш, савдо шаҳобчаларига чиқариш учун қайта ишланган маҳсулотни шиша-банкаларга жойлашда фойдаланиш мумкин бўлади.
Маълум-ки, пилла қурти бино ичидаги ҳарорат (температура) ўзгаришига ўта сезгир бўлади – у ҳарорат сал иссиқлашса ҳам, сал совуқлашса ҳам қирилиб (ўлиб) кетиши мумкин. Демак, бино битгач, унинг ички ҳароратини мўътадил режимда ушлаб турувчи, доимий электр энергияси билан таъминларган, турли датчиклар билан жиҳозланган махсус автоматик қурилма ўрнатилиши лозим. Бундай қурилмани ишлаб бериш олим ва инженерлар учун муаммо эмас. Бино ичида сўкичаклар бир неча қаватдан иборат бўлиши мумкин. Сўкичаклар устига барг ташлаб чиқишни механизациялаштириш қийин эмас – бунинг учун бино ўртасида, бўйибаробар, яъни, бинонинг кириш эшигидан то бинонинг охиригача бўлган йўлакда сўкичаклар устига барг ташлаб чиқувчи митти-электротрактор ҳаракатланиши етарлидир. Кооператив тайёрлаган маҳсулот (пилла) СССР ва И.Каримов давридагидек давлатга топширилмайди – уни кооператив ўзи истаган жой (давлат, фабрика, савдо корхонаси ва ҳ.)да реализация қилиш ҳуқуқига эга бўлади: олинган даромаддан давлатга солиқ тўлаш – кооперативни давлат билан боғловчи ягона “ип” (“арқон”, “тасма”)дир.
Дунёда пиллачилик ва Ўзбекистоннинг ундаги ўрни ҳамда келажаги (переспективаси) масаласини кўриб чиқайлик. Википедиянинг берган маълумотига қараганда Хитой ҳар йили 500 минг тонна пилла тайёрлаб дунёда биринчи, Ҳиндистон 250 минг тонна пилла тайёрлаб иккинчи, Ўзбекистон эса 25 минг тонна пилла тайёрлаб учинчи ўринни эгаллар экан. Тайёрланаётган пилланинг сифати ҳақида сўралганда биз мазкур саволга жавобни Британия Жуғрофик Жамияти (БЖЖ) нашр этган журналда топишимиз мумкин [пастда келтирилган иқтибосни шахсан ўқиганман, лекин, афсус, мен журнал номери ва нашр этилган санасини эслай олмадим]: “Қуёш радиациясининг интенсивлиги (яъни, кучи) бўйича Ўзбекистон дунёда биринчи ўринда туради” [иқтибос тугади]. Мазкур иқтибосни чапани ўзбек тилига ўгирсак, у: “Ўзбекистон ёзида ҳамма нарса, ҳатто, одам ҳам пишади!” деган жумлага айланади – бошқача айтганда, Ўзбекистон қовунининг шираси тилни ёради! Тут барги Қуёш радиациясига “тўяди”! Ўзбекистон ёзи давомида турли ўсимлик уруғини экиб икки марта ва, ҳатто, уч марта ҳосил олиш мумкин! Ўзбекистон ёзини далада ўтказган ҳар қандай деҳқон ҳам “пишади”, яъни, ҳар қандай касалликдан форуғ бўлади! Шулардан келиб чиқсак, Ўзбекистон пилласи дунёда энг экологик тоза, толаси энг бақувват, энг харидоргир маҳсулотдир.
Ҳикоя. Франциядалигимда, бир сафар офиси Парижда жойлашган “Инсон ҳуқуқлари халқаро федерацияси”нинг ходимаси Александра Кулаева мени уйига таклиф қилди. Бордим. Уйининг бир хонаси деворига бир неча қатор фотосуратлар илинган бўлиб, уларнинг деярли ҳаммаси А.Кулаеванинг турмушга чиқиш тўйида олинган экан. Одатда европалик келинлар тўйда келин либоси – ўта бежирим қилиб тикилган, этаги ерда судралиб юрадиган, матоси ўта харир (юқа) бўлган оқ кўйлак кийишади. Қарасам, А.Кулаеванинг келинлик либоси марғилон шойисидан тикилган экан. Ҳайрон бўлдим. Сабабини сўрадим. Тушунтирди: “Агар Ўзбекистон марғилон шойисини Францияга экспорт қилса, у француз аёллари орасида тала-тала бўлиб кетади. Бир дугонам Ўзбекистонга бориб келди ва келишда, менинг илтимосимга кўра, менга келинлик либосига етадиган марғилон шойисидан олиб келди. Тўйда мен маликага айландим – ҳамма аёлларнинг кўзи менга тикилган, улар бир-бир менинг олдимга келиб либосимни қўли билан силаб-силаб кўришди, ҳаммасининг кўзи ёниб турибди!” [Ҳикоя тугади]. Хулосани ўзингиз қилаверинг.
Қизиқ, пахта даромадлими, пилла даромадлими? Ҳар йили Ўзбекистон пахта сотиб 1(бир) миллиард доллар нари-берисида даромад қилади, деб эшитганман. И.Каримов ўлмаганда буни ундан сўраса бўларди, чунки у ҳар йили Буюкбританиянинг Ливерпуль шаҳрида ўтказиладиган жаҳон пахта савдоси пайтида Ўзбекистон пахтасини сотувга қўярди. Пахта сотувидан тушган даромад Ливерпуль банкига кимнинг номига қўйилиши алоҳида масала – буни И.Каримовдан бошқа ҳеч ким билмайди, бироқ расмий хабарларга кўра пахта сотувидан келган даромад 1 миллиард доллардан ошмайди. Ўзбекистонда пилла ҳам, пахта каби, давлат монополиясига киради – бу СССР давридан бери шундай. Хитойни билмадим, бироқ дунёнинг бошқа давлатларида пилла етиштириш хусусий қўлларда, деб эшитганман. Пиллани қайта ишлаш бўйича энг илғор мамлакат Италия, шойи материалларни энг кўп сотиб оладиган мамлакат АҚШ дейишади.
Агар Ўзбекистон Республикаси раҳбарияти пахтачиликдан деярли тўлиқ воз кечиб халқнинг ғайратини тўлиқ пиллачиликга йўналтирса, у ушбу ютуқларга эришиши шўбҳасиздир:
(А): Баҳайбат экин майдонлари бўшайди – у ерларда боғдорчилик ва полиз экинларини етиштиришни йўлга қўйиш мумкин;
(Б): Катта миқдорда сув ресурслари тежалади – уларни тутзорлар, боғлар, полиз экинларини суғоришга йўналтириш мумкин;
(В): Катта миқдорда ёқилғи (солярка, бензин) ва мойлаш (солидол ва б.) ресурслари тежалади. Ер ҳайдовчи баҳайбат тракторларга ҳожат қолмайди. Пахта парваришида ишлатиладиган тракторларга ҳам ҳожат қолмайди;
(Г): Пахтадан фарқли ўлароқ, ипак қурти боқиб ҳар йили камида икки марта [апрель-май ва сентябрь-октябрь ойлари] “ҳосил” (пилла) олиш мумкин;
(Д): Пахтадан фарқли ўлароқ, пиллачиликни тўлиқ механизациялаш мумкин;
(Е): Пилла етиштирувчилар йилига Ўзбекистон пилласининг жаҳон бозоридаги салмоғи (миқдори)ни ҳеч қийналмасдан 250-300 минг тоннага етказишлари, яъни, бу соҳада Ўзбекистон Ҳиндистонни ортда қолдириши мумкин;
( Ж): Пиллачиликда икки марта ҳосил олинганда ҳам пилла етиштириш пахта етиштиришга ўхшаб қорли-қировли кунларга қолиб кетмайди; ёмғирли кунлар жиҳозланган махсус биноларда боқилаётган пилла қуртларига таъсир этмайди;
(З): Пиллага нисбатан давлат монополиясига барҳам бериш, яъни, пилла етиштиришни хусусийлаштириш пиллачиликни ривожлантиришда фақат ижобий роль ўйнайди;
(И): Марғилон атласи яна дунё аёлларининг севимли кийимини тикиш учун асосий материалга айланиши мумкин;
(К): Пилла хомашъё шаклида эмас, балки шойи материал ва шойи ип (калава) шаклида экспорт қилинса, унинг фойдаси камида 10 баробар ошади;
(Л): Пахта (сотиш, газлама ишлабчиқариш ва ҳ.) дан Ўзбекистон ҳар йили 1(бир) миллиард доллар даромад қилса, пиллачилик унга камида 10 миллиард доллар даромад келтириши мумкин.
(Тамом).
ЎЗБЕКИСТОН ШАКАР ЭКСПОРТИ БЎЙИЧА МДҲда ЕТАКЧИ ДАВЛАТГА АЙЛАНИШИ МУМКИН
Зўр мутахассислардан эшитганман: 2-Жаҳон уруши тез орада бошланишини ўша пайтдаги СССР раҳбари И.Сталин олдиндан билган экан. Шакар оддий халқ учун ҳам, урушаётган армия учун ҳам ўта зарур маҳсулот эканини тушунган И.Сталин Украинадан шакар ишлабчиқарадиган барча заводларни демонтаж қилиб зудлик билан Ўзбекистон ва Қирғизистонга жўнатишга буйруқ беради. Шундай заводларнинг бири Самарқанд вилоятининг Булунғур туманида қайта тикланган бўлиб, менинг тоғам шу заводда ишлар эди. 1955 йилда дадам ва мен тоғамнинг Булунғурдаги уйига борганимизда ўша заводни тамошо қилган эдик. Болалик йилларимдан хотира: дадам иккаламиз заводдан ташқарида эни ва баланлиги камида 4 метрдан (кўндаланг кесими квадрат бўлган), узунлиги камида 15-20 метр келадиган, ичи қанд лавлаги билан тўлдирилган, усти ва атрофи қалин лой билан сувалган ва “кагат” дея аталадиган қатор баҳайбат, ётқизиб қўйилган тўртқиррали параллелопипед “бино”ларни тамошо қилдик. Қарасак, кагатлар орасидаги ариқларда сув шиддат билан оқиб турибди, ишчилар эса кагат тепасида туриб лавлагиларни ариқларда оқаётган сувга ташламоқдалар. Кейинроқ билсак, лавлаги сув оқимининг кучи билан тўғри завод ичига кириб борар экан.
Айтишларича, 2-Жаҳон уруши пайтида Ўзбекистон ва Қирғизистон республикалари бутун СССРни ва урушаётган армияни шакар билан таъминлаб туришган экан. 1955 йилдан кейин Ўзбекистон ва Қирғизистондаги шакар заводлари демонтаж қилиниб Украинага қайтарилган, шундан кейин Украинадан вагонлаб шакар олиб келиб Марказий Осиёда, хусусан Ўзбекистонда, сотадиган “шакар мафияси” пайдо бўлди. Парадоксга эътибор қилинг: бир томондан – оғир уруш йилларида СССР таркибидаги икки жанубий респубдика бутун мамлакат ва урушаётган армияни шакар билан тўлиқ таъминлаб турган, иккинчи томондан, қанд лавлаги экиш, чет эллардан шакар ишлабчиқарадиган заводлар сотиб олиб шакар ишлабчиқаришни йўлга қўйиш ўрнига мафия худди шу икки республикада шакарни Украинадан олиб келиб сотмоқда! Урушдан кейинги йилларнинг бирида дадам томорқамизга қанд лавлаги экдилар. Лавлагиларнинг баҳайбатлиги ҳаммани ҳайратга солди – биттасини торозуда тортиб кўришганда у 23 кг тош босди! Сабаби оддий: лавлаги таркибида қанд моддасининг кўплиги Ўзбекистонда Қуёш радиацияси ўта кучли эканлигидан келиб чиқади! Уруш йилларида кўп оилаларни очлик ва ўлимдан тут меваси ва қанд лавлаги сақлаб қолди: оилалар лавлагини қайнатиб (пишириб) ейишарди, ҳар куни нонуштада лаган-лаган тут қоқиб дастурхонга қўйишарди, тут меваси ва қанд лавлагидан шинни тайёрлашарди.
Алишер Тошканбоев Жиззах вилоятига ҳоким этиб тайинланган йили Олий Мажлис депутати жиззахлик Мели Қобилов Туркияга бориб турк ишбилармонлари билан ҳамкорликда Жиззахда қанд лавлагидан шакар ишлабчиқарадиган чоғроқ завод қурмоқчи бўлди, Жиззах вилоятидаги бир неча совхозлар билан юзлаб гектар майдонга қанд лавлаги экишга шартномалар тузди, бироқ ҳоким ўзига катта “доля” талаб қилгани сабабли завод Жиззахда қурилмади, турк тадбиркорлари эса заводни Қозоғистонда қуришди. Агар Ўзбекистонда: 1) фермерларнинг бир қисми ўз ерига қанд лавлаги экишса, 2) шакар ишлабчиқаришга қизиққан тадбиркорлар чет эллардан юқори самарали қанд ишлабчиқарувчи заводларни сотиб олиб мамлакатнинг турли ҳудудларида қуришса, 3) улар фермер хўжаликларида етиштирган қанд лавлагини фермерлардан муносиб нархда сотиб олиб мамлакатда шакар ишлабчиқаришни йўлга қўйишса, тез орада Ўзбекистон нафақат Мустақил Давлатлар Ҳамкорлиги (МДҲ), балки МДҲдан бошқа бир қатор бошқа мамлакатларга шакар экспорт қилиш бўйича ҳеч қийналмасдан етакчи давлатга айланиши мумкин.
Бундан ташқари, шакар заводи ишлаши жараёнида қанд лавлагини “сиқиб сувини олади”, “туппа”сини эса ташлаб юборади – лавлаги туппаси эса қорамол учун ажойиб озуқадир. Бошқача айтганда, қанд лавлагининг ташлаб юбориладиган мисқолча жойи йўқ – қорамолни семиртирадиган емишлар орасида қанд лавлаги туппаси олдига тушадиган озуқанинг ўзи йўқ! Қанд лавлаги эккан фермер ютса ютади-ки, ҳеч нарса ютқазмайди. У: 1) лавлагини келишув асосида заводга сотиши; 2) завод ташлаб юборадиган лавлаги чиқиндисини сотиб олиши; 3) заводга яқин жойда қорамол боқадиган ферма ташкил қилиши; 4) қорамол гўштини сотиши ёки колбаса ишлабчиқарувчи цех қуриб аҳоли эҳтиёжини қондириш йўлида катта даромад қилиши мумкин. Кони фойда!
(Тамом).
ЎЗБЕКИСТОНДА ИНТЕРНЕТ ТЕЗЛИГИ МАЙМОҚ ҒОЗНИНГ ЮРИШИГА ЎХШАЙДИ
Муҳтарам ўқувчилар, Сиз маймоқ ғознинг юришини кўрганмисиз? Мен, масалан, кўрганман – у лапанглаб, маймоқланиб зўрға юради! Билмаган одам ғозга қараб туриб ичида “ҳозир йиқилади”, “яна икки қадамдан кейин йиқилади” дея ўйлаб қолиши аниқ. 1969 йил 29 октябрь интернетнинг “туғилиши куни” ҳисобланади. Демак, интернетнинг пайдо бўлганига салкам 50 йил бўлибди. У пайтда Ўзбекистон на генетикани ва на кибернетикани тан олган тоталитар давлат СССРнинг таркибида эди. СССРнинг қулаганига салкам 30 йил бўлган бўлса-да, бироқ И.Каримовнинг Ўзбекистонда ўрнатган авторитар сиёсий тузуми мамлакатда интернетнинг ривожланишига йўл бермади.
Айни кунда ахбарот узатиш ва қабул қилиш бобида интернетнинг олдига тушадиган бошқа восита йўқ. Бир вақтлар дунёда энг қолоқ ҳисобланган, оммавий қулликни бошидан кечирган қора Африка ҳозир интернет тезлиги бўйича Ўзбекистондан олдинда бормоқда. Тоталитар ва авторитар давлатлар раҳбарлари ўта қўрқоқ бўлиши тушунарли – улар ўзининг юксак лавозимларидан ажралиб қолишдан вабодан қўрққандай қўрқишади. 2016 йилнинг 2 сентябри кўп соҳаларда, жумладан интернет соҳасида ҳам, кўпчиликга Ўзбекистон учун кескин бурилиш даври бошлангандай туюлган эди – афсус, ундай бўлмади. 2016 йил 31 августда Ўзбекистонда тақиқланган скайп қайта “тирилмади”. Дунёнинг нариги, кўринмайдиган нуқтасида, масалан АҚШда яшаётган ўзбекистонлик қизини узатиш тўйини ўтказаётган бўлса, АҚШга бориш имконияти бўлмаган қариндош-уруғлари тўй маросимни скайп орқали бемалол кўриб туриши ва роҳатланиши мумкин эди. Ундай бўлмади – И.Каримов йўл қўймади! Энди-чи?
Ҳозир ҳам ўша – интернет ё ўлай-ўлай деб, ҳозир жони чиқиб кетаётгандай ишлайди, ё мутлақо ишламайди, бироқ тўлаган пулингизни ямламай ютади. Кеча, 25 октябрь куни қизим интернет учун 7500 сўм тўлаб келган эди – у бир кунга ҳам етмади, тўланган пулни кўзини лўқ қилиб ютди-қўйди! “Э, отангга раҳмат!” дедим. Францияда ўғлим, келиним ва учта неварам қолиб кетишган – соғинаман, гаплашгим, ё хат ёзгим келади – гаплашиб ҳам бўлмайди, хат ҳам ёзиб бўлмайди, чунки интернет ишламайди. Сиз Францияда интернет ишламас экан, деб ўйлаяпсизми? Йўқ, адашдингиз, Францияда эмас, Ўзбекистонда ишламайди! Аслида, Францияда интернет яшин тезлигида ишлаб бизни ёмон ўргатиб қўйган экан. Яхшимас, албатта. Агар 12 йил давомида Францияда ҳам интернет худди Ўзбекистондагидек ишлаганда эди, мен ватанда ҳеч қийналмас эдим – “ҳамма жойда бори шу-да” деб қўяқолардим.
Бироқ, Ўзбекистондаги интернетга аччиқ қилиб Францияга қайтиб кетмайман, чунки ҳозир, яхшими-ёмонми, ватандаман! Бугун, 26 октябрь куни, қишлоқдош бир дўстим машинасида мени Жиззах шаҳри бўйлаб айлантириб келди – гапнинг рости, ўз шаҳримни таний олмадим: шаҳар ҳайратли даражада ўзгариб кетибди – янги кўчалар, беҳисоб кўпқаватли иморатлар ва …кўчаларда милиция ходимларининг йўқлиги мени ҳайратлантирди! Бирорта милиция ходимига кўзим тушмади! Худди Франциядагидек! Францияда кўчада полиция ходими юрганини кўрмайсиз! Битта ҳам! Худо хоҳласа, Ўзбекистон яқин орада Францияга етиб олади! Ҳамма соҳада! Интернетнинг тезлиги соҳасида ҳам! Ана, кўрасиз! Беҳазил!
(Тамом).
ДЕМОКРАТИК ДАВЛАТ ЗИДДИЯТЛИ ҚОНУНЛАР АСОСИДА БОШҚАРИЛМАЙДИ
Ислом Каримов 1991 йил 29 декабрьда ўтказилган Ўзбекистон Республикаси президенти умумхалқ сайловида “ютиб чиқгач”, негадир ватандан чиқиб кетаётган ўзбекистонликларнинг икки оқими яққол кузатилди – шартли равишда мазкур оқимларни “кичик оқим” ва “катта оқим” каби аташ мумкин. “Кичик оқим”га мансуб бўлган ўзбекистонликларни дунё ҳамжамияти кейинчалик “сиёсий қочқинлар”, “катта оқимга мансуб бўлган ўзбекистонликларни эса “гастарбайтерлар”, яъни меҳнат муҳожирлари, дея атай бошлади. И.Каримов сиёсий қочқинларга “ватан хоинлари”, гастарбайтерларга эса “дангасалар” деган ном берди. Менинг билишимча, Ўзбекистондан иш излаб Россия, Қозоғистон, Жанубий Қурия, Туркия ва бошқа давлатларга чиқиб кетган “катта оқим”ни 2,5 миллион одам ташкил этган, “кичик оқим”ни қанча одам ташкил этганини ҳеч ким санаган эмас.
“Ватан хоинлари”дан биринчи бўлиб буюк шоир Ёдгор Обид, адашмасам, 1992 йил бошида Ўзбекистонни тарк этди – ўша пайтда унга нисбатан тамоман сохта, куракда турмайлиган айблар билан учта жиноий иш қўзғатилган эди. Ўзбекистон “Бирлик” Халқ Ҳаракатининг раиси Абдураҳим Пўлатов 1992 йил 20 декабрь куни аввал Озарбойжонга, кўп вақт ўтмай Туркияга чиқиб кетганини аниқ биламан. 1991 йил 29 декабрьда ўтказилган президент сайловида альтернатив номзод сифатида қатнашган, бироқ сайлов натижалари Марказий Сайлов Комиссияси томонидан бор бўйича сохталаштиришини яхши тушунган “Эрк” демократик партиясининг раиси Муҳаммад Солиҳ ҳам бундай тақдирни ўз бошидан ўтказди – орадан 1,5 йил ўтмай унга нисбатан жиноий иш қўзғатилди ва у 1993 йил ёзида Ўзбекистондан чиқиб кетди.
Менга ўхшаганлар ҳукуматнинг тазйиқ ва зулмларига тишни тишга қўйиб чидаб юришди, бироқ кутилмаганда, 2005 йил 13 май куни, Андижон шаҳрида ғалаёнлар бошланди, уни ҳукумат ҳарбий куч билан бостирди. Минглаб ўзбекистонликлар чет элларга қоча бошлади. Шу жумладан, мамлакатни мен бошқарган Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти (ЎИҲЖ)нинг 18 аъзоси чет элларга чиқиб кетишди. Ҳуқуқбонлар Андижон воқеаларига мутлақо алоқаси бўлмаса-да, ҳукумат негадир ҳуқуқбонларни ҳам қамай бошлади. Қама-қама 2006 йил июнигача давом этди. Қама-қама даврида ҳуқуқ-тартибот органлари ўғлим Олим Якубовга нисбатан 4 та иш қўзғатишди [3 та маъмурий ҳуқуқбузарлик ва 1 та жиноят содир этиш иши] – ўғлим таъқиблардан 2006 йил 9 февраль куни Францияга қочиб қутилди. Шундан 2,5 ой ўтгач, “э” йўқ, “бэ” йўқ, Гулистон шаҳрида яшайдиган куёвим Азам Фармоновни қамоққа олишди ва у 11,5 йил Жаслиқ қамоқхонасида ўтирди. Бундай кўргулик минглаб ўзбекистонликларнинг бошига тушди.
Бироқ, бу кўргуликлар ўртоқ И.Каримовни қаноатлантирмади – у мамлакатдан чиқиб кетганларни ватанга қайтиб кела олмайдиган ҳолатга туширишга астойдил бел боғлади. У 2014 йилда ПФ-4624 рақамли яширин фармонга имзо чекди ва натижада минглаб [ўнминглаб бўлиши ҳам мумкин] ўзбекистонликлар бир зумда Ўзбекистон Республикаси фуқаролигидан маҳрум этилди. Менинг оиламдан уч одам: мен, ўғлим ва келиним Ўзбекистон Республикаси фуқаролигидан мосуво бўлдик. Келиним биз (икки эркак)дан идроклироқ экан – у 2018 йил октябрида Франция Республикаси фуқаролигини олди. Мен бир ойдан бери Жиззах вилояти, Ш.Рашидов тумани, Тоқчилик қишлоғидаги отамдан қолган ҳовлида яшаётган бўлсам-да, расман Ўзбекистон Республикаси фуқароси эмасман – мен фуқаролиги йўқ шахсман. Дунё бўйлаб менга ўхшаганлар минглаб [балки ўнминглаб] бўлиши мумкин. САВОЛ: ПФ-4624 фармон Ўзбекистон Республикаси ва халқаро қонунларга қанчалик мос келади? ЖАВОБ: Мутлақо мос келмайди! Мазкур даъвонинг исботини келтириш учун бизга ушбу 4 та ҳужжат етарлидир:
1) Ўзбекистон Республикаси Конституцияси;
2) Ўзбекистон Республикаси “Фуқаролик тўғрисида” қонуни;
3) Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ)нинг “Инсон Ҳуқуқлари Умумжаҳон Декларацияси” [қискача: Декларация];
4) БМТнинг “Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар ҳақида халқаро Пакти” [қискача: Пакт].
1992 йил 8 декабрьда Ўзбекистон Республикасининг биринчи Конституцияси қабул қилинди. Унинг 1-моддасининг 1-қисмида “Ўзбекистон суверен демократик республика” дея қайд қилинган. Ўзбекистон суверен республика экани ёки эмаслиги масаласини муҳокама қилиб ўтирмаймиз – бу масала билан сиёсатчилар шуғуллангани маъқул, бизни эса Ўзбекистон демократик республиками ёки демократик республика эмасми, деган масала қизиқтиради. 1992 йил 16 мартда Ўзбекистон Республикаси БМТнинг тўлақонли аъзоси бўлди ва тез орада унинг иккита асосий ҳужжати Декларация ва Пактини Ўзбекистон Республикаси қонунчиқарувчи органи Олий Мажлис томонидан ратификация қилинди, яъни, мазкур икки ҳужжатга қонун кучи берилди – Декларация ва Пактнинг талаблари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида сўзсиз бажарилиши шарт этиб қўйилди. Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги ҳақида “Ўзбекистон Республикаси “Фуқаролик тўғрисида” қонуни” ҳамда Декларация ва Пактда нима дейилганини қараб чиқайлик.
Ўзбекистон Республикаси “Фуқаролик тўғрисида” қонунининг 1-моддаси 2-қисмининг 2-бандида: “Ҳеч ким фуқароликдан ёки фуқароликни ўзгартириш ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мумкин эмас” дейилади. Шу ернинг ўзида муҳокама қилинаётган мавзуга нуқта қўйиш мумкин! Чунки, И.Каримов 2014 йилда имзолаган ПФ-4624 Фармон Ўзбекистон Республикаси “Фуқаролик тўғрисида” қонунининг 1-моддаси 2-қисмининг 2-бандига “қип-қизил” зид! И.Каримов ПФ-4624 Фармонга имзо чекаётган пайтда Ўзбекистон Республикасининг 1992 йил 2 июльда ўзи томонидан имзоланган 632-XII-сонли “Фуқаролик тўғрисида” қонунини очиб ҳам кўрмаган! 2014 йилда у “шарти кетиб парти қолган” 76 ёшли чол бўлган – бундай пайтда, яъни, минглаб [балки ўнминглабдир!?] ўзбекистонликларнинг тақдири ҳал бўлаётганда, унинг ёнида масъулиятли маслаҳатчилари ва юқори малакали юристлар туриши керак эди! Туришмаган! Аниқ!

Юқорида: “… бизни Ўзбекистон демократик республиками ёки демократик республика эмасми, деган масала қизиқтиради” деган эдик. Қани айтинг-чи, И.Каримов пайтида Ўзбекистон демократик республика бўлганми? Йўқ, албатта! Айтишларича, унинг олдига кириш “ўлимдан қийин” бўлган, ҳужжатларга бирор тузатиш ёки ўзгартириш киритиш бўйича маслаҳат бериш эса мутлоқ имконсиз бўлган! Демократик мамлакатлардагина давлат ҳужжатларини, давлат раҳбари уларга имзо чекишидан олдин, мутахассис ва юристлар ипидан-игнасигача синчиклаб ўрганишади. Тоталитар ва авторитар мамлакатларда эса ҳар қандай нарса диктаторнинг қош-қовоғига қараб қилинади: И.Сталин даврида ҳам, Л.Брежнев даврида ҳам, И.Каримов ёки С.Ниёзов даврида ҳам давлат сиёсати айни тарзда олиб борилган. Хулоса: Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 1-моддасида ёзилган: “Ўзбекистон … демократик республика” жумла И.Каримов даврида қип-қизил ёлғон бўлган [“суверен” сўзи бахсли бўлгани учун мен уни тушириб қолдирдим].

Гарчи кўтарилган мавзу [ПФ-4624 Фармон Ўзбекистон Республикаси қонунига зид эканлиги] ўз исботини топган бўлса-да, у халқаро қонунлар Декларация ва Пактга ҳам зид эканини таҳлил этишда давом этамиз. Декларация 14-моддасининг 1-қисмида: “Ҳар бир инсон таъқиб туфайли бошқа мамлакатлардан бошпана излаш ва ўша бошпанадан фойдаланиш ҳуқуқига эга” дейилади. 1992 йилдан бошлаб 2016 йилгача Ўзбекистонни минглаб [балки ўнминглардир?] ўзбекистонликлар тарк этишди – кимдир сиёсий, кимдир ҳуқуқбонлик, кимдир журналистик фаолияти, кўпчилик эса диний мотивлар туфайли ўз ватанидан чиқиб кетди, чиқиб кетишга улгурмаганларнинг катта кўпчилиги қамоқларга ташланди. Мас., 2005 йил октябрида Дублин (Ирландия) конференциясига таклиф қилинган ҳуқуқбон Мўътабар Тожибой Дублинга учишдан бир сутка олдин қамоққа олинди ва 2,5 йил қамоқда ўтирди. 1990 йилда Чилонзор туман прокуратураси ҳовлисида “Бирлик” Халқ Ҳаракати (БХҲ) раиси Абдураҳим Пўлатга ёлланма қотиллар ҳужум қилди, арматура калтак билан уриб бошини ёришди ва чалажон ҳолатда ташлаб кетишди – А.Пўлат бир ҳафта хушига келмади, травматолог врачларнинг саъй-ҳаракати туфайлигина тирик қолди ва 1992 йил 20 декабрьда Туркияга чиқиб кетишга мажбур бўлди. БХҲ фаоли Ҳазратқул Худойберди уйдирма айб билан ҳибс этилди, унинг ишини Ўзбекистон “одил” суди кўриб чиқди ва қамоқ жазосини тайинлади. У ҳам Ўзбекистонни тарк этди ва демократик Швециядан сиёсий бошпана олди.

БХҲнинг фаоли шоир Ёдгор Обид бир шеърини давлат раҳбарига бағишлабди ва унда “чўтир” сўзини ишлатибди [шоир унинг юзида кўриниб турган бир холга шаъма қилган экан]. Шу шеър туфайли унга нисбатан жиноий иш (ж/и) қўзғатилди – бу учинчи ж/и эди, илгарироқ унга нисбатан иккита ж/и қўзғатилган эди. Сиз Ёдгор Обид ўрнида бўлганингизда нима қилар эдингиз? Тўғри, у ҳам шу ишни қилди – Ўзбекистондан чиқиб кетди. Менинг ўғлим Олим Ёқубга нисбатан учта маъмурий ҳуқуқбузарлик ва битта жиноий иш қўзғатишди – ҳар бир ишда уни ўзим ҳимоя қилдим. Қарасам, қамашмоқчи – зудлик билан Франциянинг Тошкентдаги элчихонасига бориб ўғлимга Франция визасини беришларини сўрадим. 2006 йил 9 февральда у Парижга учиб кетди. Декларация 14-моддасининг 1-қисмида: “Ҳар бир инсон таъқиб туфайли бошқа мамлакатлардан бошпана излаш ва ўша бошпанадан фойдаланиш ҳуқуқига эга” дейилган. Юқорида келтирилган М.Тожибой, А.Пўлат, Ё.Обид, Ҳ.Худойберди ва О.Ёқуб мисоллари сиёсий таъқибнинг классик кўринишидир.

Обидхон-қори Назар кимга ёмонлик қилган? Ҳеч кимга! Ул зот ўз маърузаларида фақат яхшилик ва эзгуликга чорлаганлар – буни ул зотнинг маърузаларини эшитган минглаб диндорлар тасдиқлаши мумкин. О.Назар ўз яқинлари билан аввал Қозоғистонга, кейин Швецияга қочишга мажбур бўлдилар, бироқ узоқ Швецияда ҳам диний уламони тинч қўйишмади. Андижонлик машҳур диний уламо Абдували-қори Мирза ва унинг ёрдамчиси Рамазон Маткарим Москвага учиш учун самолёт трапи олдида туришганда, юзлаб йўловчиларнинг кўз ўнгида ўғирлаб кетилганига 23 йилдан ошди – шу пайтгача уларнинг дом-дараги чиқмади. 2005 йилда содир этилган Андижон қирғини юзлаб андижонликларни бутун дунёга тариқдай сочиб юборди. ПФ-4624 Фармон биринчи бўлиб ана шу андижонликларга нисбатан қўлланилганига ишончим комил.

Декларация 15-моддасининг 2-қисмида: “Ҳеч ким ўзбошимчалик билан ўз фуқаролигидан ёки ўз фуқаролигини ўзгартириш ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мумкин эмас” дейилган. Худди шундай таъқиқни Ўзбекистон Республикаси “Фуқаролик тўғрисида” қонунининг 1-моддаси 2-қисмининг 2-бандида кўрамиз. Бироқ, ёзув бошқа – амал бошқа! И.Каримов бошлиқ Ўзбекистон Республикаси давлат органлари на ўзининг қонунлари, ва на Ўзбекистонда тан олинган (ратификация қилинган) халқаро қонунларга амал қилишган – улар XIX-аср бошларида халқ орасида “Ёввойи Ғарб” дея аталган Шимолий Америка қитъасининг ғарбига йўл олган минглаб “бахт изловчилар”ни эслатади – “бахт изловчилар” йўлда бирорта қонунга итат этишмаган! Бироқ, қароқчиликни қойилмақом қилишган! Бош прокурор Рашид Қодир қонунга амал қилиб ишлаганми? Йўқ! Олий суд раиси Бўритош Мустафо-чи? Бир марта ҳам амал қилмаган! Жазони Ижро Этиш Бош Бошқармаси (ЖИЭББ) бошлиғи Абдукарим Шодини гапирмаса ҳам бўлади – у ўз фаолияти давомида Ўзбекистон Республикаси қонунларини, жумладан, “Ўзбекистон Республикаси Жиноят-ижроия кодекси” талабларини “копейка”га олмаган!
Қаралаётган мавзу сарлавҳасини яна бир марта такрорлаймиз:
Демократик давлат зиддиятли қонунлар асосида бошқарилмайди. Европа Иттифоқига кирувчи 27 давлат [уларни санаб ўтирмаймиз], Буюкбритания, Норвегия, Дания, Ирландия, АҚШ, Канада, Австралия, Янги Зеландия, Япония, Жанубий Қурия, Сингапур каби давлатларнинг қонунчилигига қаранг – кундуз куни лупа билан қарасангиз ҳам бирорта зиддият тополмайсиз! Ўзбекистон Республикасининг собиқ президенти И.Каримов имзо чекган ПФ-4624 Фармон ҳам қонун кучига эга, бироқ у Ўзбекистон Республикасининг “Фуқаролик тўғрисида” қонунига ҳам, Ўзбекистон Республикаси парламенти Олий Мажлис ратификация қилган Декларацқияга ҳам, Пактга ҳам зид экани юқорида исбот этилди. Бу – шармандалик! Бундай Фармон сўзсиз бекор қилиниши керак! Мазкур Фармоннинг бекор қилиниши суронли кунларда чет элларга чиқиб кетган минглаб [ўнминглаб] ўзбекистонликларга ватанга қайтишга йўл очади. 27 йил давомида чет элларда яшовчи ўзбекистонликларнинг янги авлоди пайдо бўлди – ёш авлод демократик давлатларнинг нуфузли университетларида билим олди, юқори малакали мутахассисларга айланишди. Табиий, улар ҳам ота-оналари билан ватанга қайтишади ва ўз билимлари ва тажрибаларини ватан равнақига сарфлашади. Ўзбекистоннинг янги раҳбарияти айни пайтда кўпгина хайрли ва савобли ишларни амалга оширмоқда – буни ҳамма кўриб турибди. ПФ-4624 Фармонни бекор қилиш шундай хайрли ва савобли ишларнинг бири бўлади.
(Тамом).

ПУЛ ИСЛОҲОТИ ҲАҚИДА ИКАКИ ОҒИЗ СЎЗ

Европа Иттифоқи (ЕИ)нинг пули “евро” бўлиб, унинг муомулага киритилганига йил бўлди. Қоғозли евродан ташқари 1 (бир), 2 (икки), 3 (уч), 5 (беш), 10 (ўн) ва 20 (йигирма) сантим (тийин) танга пуллар ҳам муомулага киритилган. 12 йиллик Францияда ўтган умрим давомида евронинг ҳатто 1 сантим тангаси ҳам “ишлаб” турганига, яъни, муомуладан чиқиб кетмаганига гувоҳ бўлдим. Бу ниманинг белгиси? Бу – ЕИ иқтисоди кучининг белгисидир! Иқтисод кучли бўлса, давлат чиқарган пулнинг майда тангасигача ишлайди. Мамлакатда коррупциянинг йўқлиги иқтисод кучлилигининг иккинчи ва асосий шарти ҳисобланади. Коррупция миллионлаб ва, ҳатто, миллиардлаб евро пулни ўғирлашгина эмас, коррупция магазинда ўрнатилган касса аппарати олдида ўтирган ва магазиндан олган товарларингизни ҳисоб-китоб қиладиган магазин ходимидан бошланади. Бир куни магазиндан у-бу олиб касса олдига келдим. Кассир аёл ҳисоб-китоб қила бошлади. Тўлашим керак бўлган пул миқдори касса ойначасида кўриниб турибди. Олган товарларим 19 евро 99 сантим бўлди. Мен кассирга 20 евро қоғоз пул узатдим. Касса аппарати 1 сантим қайтим қайтариш кераклигини кўрсатди. Мен: кассир аёл 1 сантим қайтим пулни берармикин, ё бермасмикин, дея қараб турдим. Бермаса ҳам хафа бўлмас эдим. Бор-йўғи 1 сантим-ку! Қайтиб берди!!! Ҳалол кассир экан!!! Ишонч ҳосил қилдим: ҳалоллик бор жойда коррупция бўлмас экан!!!

1990 йилда СССР парчаланди. Ўзбекистонда бирмунча вақт Россия рублидан фойдаланиб турилди. Кейинчалик иқтисодчи ўртоқ И.Каримов “сўм-купон” деган бир балони ўйлаб топди. 1994 йилда бозорда ҳаром эшак нархи 1 миллион сўм-купондан 2 миллион сўм-купонга кўтарилганда у Ўзбекистоннинг ҳозирги муомуладаги сўмини ишлабчиқишга қарор қилди. У қип-қизил коммунист эди, СССР пулларини жуда ҳурмат қиларди, шунинг учун у мустақил Ўзбекистон пулини ҳам айнан СССР пули номиналлари қандай бўлса, шундай номиналда тайёрлатди. Бошида 1 АҚШ доллари, адашмасам, 5 (ёки 6?) сўмга, Қозоғистоннинг 2 тенгеси 1 сўмга тенг бўлди. Негадир тез орада ўзбек тангалари йўқ бўлиб кетишди, 1, 3, 5, 10, …, 100 ва 200 сўмлик купюралар лўлининг иштонидай увадаси чиқиб кетди. АҚШ доллари қайсарлик билан баландга сакрашни бошлади – аввал 1 доллар 5 сўм бўлган бўлса, тез орада у 50 сўмгача кўтарилди. 1 доллар = 1000 сўм бўлганда иқтисодчилар ўзбек сўми инфляцияни бошидан кечирмоқда, дейишди. Муомулага 5000 сўмлик купюра киритилиши вазиятни яхшилай олмади – ўзбек сўми қиялик бўйлаб пастга шўнғишда давом этди. Айни кунда 1 доллар 8000 ва 9000 сўм оралиғида алмаштирилмоқда. И.Каримов шакллантирган (қолдирган) пул-кредит системаси тўлиқ банкрот бўлди.

Ўзбекистоннинг янги раҳбарияти олдида улкан вазифа – ўзбек сўмини ислоҳ қилиш вазифаси турибди. Бу осон иш эмас! Бироқ, доно халқимизнинг “Чумчуқдан қўрққан тариқ экмас” деган доно ҳикматини эсласак, қўрқув ўз-ўзидан йўқолади. Бу ишга биринчи навбатда мамлакатнинг, лозим бўлса чет эл дизайнерларини жалб этиш лозим – ўзбек сўми ўта жозибали, кўзни қувонтирадиган ва санъат асари даражасида бўлиши керак. Мен ўзбек сўми купюрасида халқимизнинг ўтмишда яшаган ва ижод қилган Абу Али ибн-Сино, Алишер Навоий, Улуғбек ва бошқа буюк мутафаккирларининг сиймолари, Самарқанд ва Бухорода қад кўтарган ноёб архитектура ансамбллари акс эттирилишини хоҳлардим. Ўзбек сўми евро ёки доллар каби кучли бўлиши Ўзбекистон иқтисоди кучли бўлишини талаб қилади. Қўрқмай айтиш мумкин-ки, Ўзбекистон халқи ва раҳбарияти бу масъулиятли ишнинг уддасидан чиқа олади.
(Тамом).

30 октябрь, 2018 йил; Жиззах вилояти, Шароф Рашид тумани, Тоқчилиқ қишлоғи, Ҳ.Олимжон кўчаси, 51-уй.

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s