21-ТЕРРОРИЗМ ҲАҚИДА АФСОНА, 27-МУРОЖААТНОМАЛАР, 28-ФУҚАРОЛАРНИНГ ХАЛҚАРО ТАШКИЛОТЛАРГА МУРОЖААТЛАРИ, 51-ДИНИЙ ҲУҚУҚЛАР, 61-ЎҒИРЛАНГАНЛАР, ҲУСНИДДИН НАЗАРОВ

04.08.27-ХАЛҚАРО ТАШКИЛОТларга МУРОЖААТ

БМТ Кийнокларга карши кумитага

АКШ элчихонасига

Буюк Британия элчихонасига

АКШ давлат департаментига

ОБСЕга

Кизил хоч, Хьюман Райтс Вотч, Халкаро Амнистия, Фридум Хаус инсон хукуклари ташкилотларига

УИХЖ, «Эзгулик», «Мазлум», ЎМХХТГ инсон хукуклари ташкилотларига

«Озодлик», Би-би-си, Немис тулкини радиоларига

«Бирлик» харакати, «Эрк» демократик партиясига

Насриддинова Миннурадан

(Тошкент, С. Рахимов тумани,

Ниёзов кучаси, 3/54-55,

тел: 49-36-19)

Мурожаатнома

Ҳурматли жаноблар! Сизларга эътиқоди учун тинимсиз таъқибларга учраётган, жигарбанд фарзанди ўғирлаб кетилган, Худодан бошқа боқувчиси қолмаган мазлума она мурожаат қилмоқда. Мустақиллик байрами яқинлашаётган экан, қалбимдаги қўрқув, даҳшат ва изтироб тобора кучайиб бормоқда.

 

Портлашлар ва қуролли ҳужумлар ортида кимлар тургани кўпчилик қатори менга ҳам қоронғу. Мен бу ишларни кескин қоралайман. Аммо бу ишларни авж олишида ҳукуматнинг қўли бор деб ўйлайман. Мен одам ўғирлаш ишини Ўзбекистон МХХси қилаётганида ҳеч ҳам шўбҳа қилмайман. Менинг ўғлим Назаров Хуснидинни унинг отаси Обидхон қоридан ўч олиш мақсадида МХХ ўғирлаб кетган.

 

Мен байрам арафасида ўзимнинг хавотиримни билдириб, шуни айтмоқчиман-ки, МХХ ўзи ўғирлаган мусулмонларни озод қилиш нияти йўққа ўхшайди. Менинг МХХ раиси, Бош прокурор, Президентга қилган мурожаат, аризаларим натижасиз қолиб кетди. Бунинг устига ҳукумат ўғлимни бедарак йўқолганлар қаторида телевиденияда эълон қилди.

 

Бу яхшилик аломати эмас. Бу билан МХХ бизни алдаб, масъулиятни ўзидан соқит қилиб юбормоқчи бўлаяпти. У ўғирланган мусулмонларни вахшиёна қийноқларга солаётган бўлиши, уларнинг бўйинларига «терроризм», «экстремизм» каби улар қилмаган айбларни қўяётган бўлиши мумкин.

 

Энди мен МХХ бундан ҳам кўра ёмонроқ ишга қўл уришидан қўрқаяпман. МХХ ўзи ўғирлаган мусулмон йигитларнинг белларига портловчи моддаларни боғлаб, бирор ерда портлатиб юбориши ва буни уларнинг устларига юклаб тўҳмат қилиши мумкин, деб ўйлаяпман. Сизлардан илтимосим шу-ки, ўғирланган мусулмонларни қутқариш ишига дунё жамоатчилигининг диққатини кўпроқ қаратишга ёрдам беринглар. Ўзбекистонда терроризм ва экстремизмга қарши кураш тинч мусулмонларга қарши курашга айланиб кетди.

 

Оммавий ахборот воситаларидан бизнинг мусибатларимизга етарли эътибор беришларини сўрайман.

 

Дипломатик идоралардан Ўзбекистон ҳукуматига кўпроқ босим ўтказишларини, ўғирланган мусулмонлар (уларнинг сони 10тага етиб қолди) тақдири билан жиддий қизиқишларини илтимос қиламан.

 

Насриддинова Миннура

Назаров Хусниддиннинг онаси,

Обидхон қори Назаровнинг рафиқаси

 

2004 йил, 27 август.

 

Мурожаатномага МХХ раиси ва Бош прокурорга ёзилган хатлар, ҳамда Назаров Хусниддиннинг сурати илова қилинмоқда.

27-МУРОЖААТНОМАЛАР, 51-ДИНИЙ ҲУҚУҚЛАР, ҲУСНИДДИН НАЗАРОВ

03.04.08-МАҲАРРАМХОН НАЗАРОВА МУРОЖААТИ

Бисмиллахир Рохманир Рахийм

 

БМТ, ОБСЕ, ХРВ, Халкаро Амнистия, Фридум Хаус ва

инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи барча ташқилотларга

Би-би-си,

«Озодлик»,

Америка овози

ва бошқа ОАВга

Барча яхши ниятли кишиларга

 

Обидхон қорининг онаси Муҳарамхон Назаровадан

 

Мурожаат

 

Ҳурматли яхши инсонлар! 2003 йил, 4 апрель жума куни менинг оила аъзоларим ва фарзандларимга Ўзбекистон ҳукумати томонидан ўтказиб келинаётган тазйиқларнинг янги тўлқини бошланди. Шу куни менинг кенжа ўғлим Назаров Абдумаликни Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармаси ходимлари ноқонуний равишда қамоққа олди.

 

Абдумалик 1996 йилдан то 2003 йилгача Жаслиқ, Товоқсой, Поп, Зарафшон зоналарида бўлиб қаттиқ азоблар тортган, яқиндагина амнистия қўлланиб қамоқдан озод бўлиб чиққан эди. Ўртанча ўғлим Назаров Умархон ҳали ҳам Қарши қамоқхонасида ўтирибди. Яна бир неча қариндошларим ҳар хил қамоқхоналарда азоб чекишмоқда.

 

4 апрель куни кечқурун Абдумалик Намангандан Тошкентга келган, акаси Обидхон қорининг хонадонида меҳмон бўлиб, жиянларини зиёрат қилмоқчи бўлган эди. У ҳали уйга кириб улгурмасдан эшик остонасига энди яқинлашган пайтда орқасидан етиб келган бир гурух қуролли орган ходимлари томонидан куч ишлатилиб олиб кетилди.

 

Милиционерлар аввал ҳеч қандай ордерсиз Обидхон қорининг уйига бостириб кириб тинтув қилган, худди қайсидир жиноятчини қидираётгандек уйларни бирма-бир текшириб чиққан. Шундан кейин Абдумаликни олиб кетган. Милиция ходимлари Обидхоннинг ўғли набирам Хусниддин Назаровни ҳам сўкиб, ҳақоратлаб, туртиб, судраб олиб кетмоқчи бўлган.

 

Аммо қўни-қўшнилар, аёллар, болалар кўплашиб уни милиционерларнинг қўлидан тортиб чиқариб уйга киритиб юборишган. Хусниддин уй эшигини ичидан қулфлаб олгач, босқинчилар ноилож орқага қайтган. Улар шу ерда бўлган қўшни хонадоннинг фарзанди Абдураҳмон исмли ёш йигитни ҳам хибс қилиб, Собир Раҳимов тумани ички ишлар бошқармасига олиб бориб қамаган.

 

Ҳурматли яхши инсонлар! Барчангизга маълумки, Ўзбекистон ҳукуматининг мусулмонларга қарши олиб бораётган кураши тўхтамаяпти. Қамоқхоналарда қийноқлар давом этмоқда. Қамалганларнинг оила аъзоларини қўрқитиш, камситиш, уйларини қонунсиз тинтув қилиш, яна бошқа қариндошларни қамоққа олиш тез-тез содир бўлаяпти.

 

Менинг Намангандаги уйим ҳам, Тошкентда Обидхон қорининг уйи ҳам доим назорат остида. Уйимизга бир инсон меҳмон бўлиб келиши биланок орқасидан милиционерлар, қуролланган аскарлар келади. Уйни тинтув қилади. Ҳаммамизни ҳақоратлайди. Бу босқинчилар кексаларни танимайди, оналар демайди, аёлларни ҳурмат қилмайди, болаларга раҳм нималигини билмайди. Инсонни оёқ-ости қилади.

 

Бу ҳолатлар бир неча йиллардан бери такрорланади. Мана энди бўлса неча йиллардан бери кўзларим тўрт бўлиб кутганим боламнинг дийдорига тўймасимдан туриб яна қамоққа олди. Ҳозир у Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармасининг ертўласида. Мен ўғлимнинг Жаслиқ ва бошқа қамоқхоналарда бўлган пайтларида қаттиқ қийноқларга солинганини ҳеч эсимдан чиқармайман. Унинг танасида сурункали калтаклар асоратларини кўрганман.

 

Уни ваҳший милиционерлар ҳозир ҳам қийноқка солаётган бўлиши эҳтимол. Ундан акаси Обидхон қорининг ўчини олишаяпти. Ундан тергов пайтида доим шу саволни сўрашади. Акасининг қаерда эканини айтиб беришни талаб қилишади. Холбуки, Абдумалик қамалган пайтда Обидхон қори ўз уйида эди. Абдумалик қаердан билсин акасининг қаердалигини?

 

Мен барча яхши ниятли кишиларга, инсон ҳуқуқи ташқилотларига олдиндан ташаккуримни айтиб, улардан менинг ўғлимни ва бошқа мусулмон махбусларни озод этишга ёрдам кўрсатишларини илтимос қиламан. Ҳакгўй, ҳалол, иймонли журналистларга ҳам Аллоҳдан мадад сўрайман. Уларнинг яна ҳам журъатли ва ғайратли бўлишларини умид этаман.

 

Авваламбор ўзимга, кейин менга ўхшаган мазлума оналарга, турмуш ўртоғидан ноҳақ айрилган келинларга, бошига мусибат тушган барча мусулмонларга сабр тилайман. Кўпроқ ибодат ва дуо қилишимиз кераклигини, бу ҳаётдан Охират афзал эканига қатъий иқрор бўлишимиз лозимлигини эслатаман. Аллоҳдан золим милиционерларга инсоф сўрайман. Улар мусулмонларни тергов қилаётганда, айбдорми-айбсизми, Аллоҳнинг бандаларига азоб бераётган пайтларида ўзларининг оналарини, хотин-бола-чақаларини кўз олдиларига келтиришлари керак.

 

Улар қилаётган зулм ва зўравонлик тез фурсат ичида Аллоҳдан қайтишига, бу ишларининг касофати ўзларига, бола-чақаларига қайтиб урилишига иймоним комил. Уларнинг бизга эмас, ўзларига, ўзларининг ота-оналарига, бола-чақаларига раҳмлари келсин. Фалончи золимнинг авлоди деган иснод қолади улардан. Уларнинг ота-оналари, оила аъзолари, қариндош-уруғлари ўз яқинларини бундай гуноҳ ишлардан, зўравонликдан қайтаришлари керак.  

 

Ўзбекистон ҳукумати фақат менинг ўғилларимни эмас, қамоқхонадаги ҳамма мусусулмонларни озод қилиб юбориши шарт. Ҳукумат раҳбарларини Аллоҳдан қўрқишга, халқнинг, мазлумларнинг дуосидан сақланишга, ўзлари йўл қўйган хатоларини тузатишга даъват қиламан.

 

Шу муноасабат билан Ўзбекистонда дин эркинлиги тўла таъминланган, мусулмонлар бемалол ўз ибодатларини бажо қилиб юрибдилар, дегувчилар Аллоҳдан ва халкдан ҳаё қилишлари кераклигини айтиб ўтайин. Улар «ҳеч ким ноҳақ қамалаётгани йўқ, қамоқхонада ҳеч қандай азоб берилаётани йўқ, ҳаммаси қонуний кетмоқда» деб, ҳам ёлғон гапираяптилар, ҳам қонунларни ерга ураяптилар. Бу билан улар Ўзбекистон қонунларини адолатли эмаслигини тасдиқлаяптилар. Мен Ўзбекистонда давом этаётган зулм ва зўравонликка тирик гувоҳ бўлган неча минглаб оналарнинг бириман.

 

Аллоҳ барчамизга сабот, матонат берсин. Махбусларга нажот ато қилсин.

 

М. Назарова

 

2003 йил, 8 апрел, душанба.