03.12.17-ТОШКЕНТ ШАХАР ПРОКУРОРИГА

ТОШКЕНТ ШАҲАР ПРОКУРОРИ

жаноб Б.Б.ВАЛИЕВГА

 

Бухоро ш., Шарқ-1, 23-уй, 54-хонадонда рўйхатда турувчи,

вақтинча Тошкент ш., Чилонзор-2 мавзеси, 66, 22-хонадонда

истиқомат қилувчи ҳамда

айбланувчи Бердиёр Давлатёрович Рабиевнинг

ҳимоячиси Давлатёр Шодиевич Рабиевдан

 

лавозимли шахс ҳатти-ҳаракати устидан

 

ШИКОЯТ

 

Муҳтарам Баҳриддин Баҳодирович!

 

Мен ҳозирги кунда Тошкент шаҳридаги УЯ 64/СИ-1 муассасасида сақланаётган Рабиев Бердиёр Давлатёровичнинг қонуний ҳимоячиси бўлиб, унинг 26/03-2472 рақамли жиноий ишига ҳимоячи бўлиб йил 28.11.03 куни ўтганман. Бу ҳақда менда муассаса бошлиғи и/х майори Э.Д.Комилов имзо чекиб, ўз муҳри билан тасдиқлаган ҳужжат мавжуд (унинг нусхаси ушбу шикоятга илова қилинган).

Мен мазкур ҳужжатни 03.12.03 да Тошкент шаҳар прокуратураси ЖТКБ АМИБ терговчиси, 2-даражали юрист Е.В.Коленкога топширдим (кириш рақами 57-Р). ЎзР ЖПК нинг 49-моддасига биноан жаноб Е.Коленко мен Б.Д.Рабиевнинг жиноий ишига ҳимоячи бўлиб ўтганлигим ҳақида қарор чиқариши лозим эди. Бироқ у .12.03 санаси билан менга қуйидаги жавобни йўллаган (жавоб матнини тўлиқ келтираман):

Сизнинг 26 ноябр 2003 йил куни ёзган аризангиз Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан куриб чикилди ва унда курсатилган жиноят ишида химоячи сифатида катнашишни сураб ёзган илтимосингиз асоссизлиги учун рад этилди.

Сизнинг углингиз Рабиев Б.Д.нинг хукук ва манфаатларини химоя килиш учун адвокат Батыршин М. жалб килинган [матн ўз ҳолича кўчирилди ҳамда тагига мен томондан чизилди; курсив меники – Р.Д.Ш.].

Муҳтарам прокурор! Ушбу жавобдан жаноб Е.Коленконинг 2-даражали юрист эканлиги кўринмаётганлигига Сиз ҳам иқрор бўлсангиз керак. Менинг илтимосимнинг нимаси АСОССИЗ экан? Менинг илтимосимнинг асоссиз эканлиги ҳақида нега бирор бир важ кўрсатилмаган?

Менга ЎзР қонуни (ЎзР ЖПКнинг 49-моддаси) ўғлим учун ҳимоячи бўлишга тўлиқ ҳуқуқ берган. Мен жаноб Е.Коленкога ўғлимнинг жиноий ишида ҳимоячи сифатида иштирок этишга тўлиқ ҳуқуқ берувчи ҲУЖЖАТ топширганман. Жаноб Е.Коленкога ЎзР қонуни (ЎзР Жиноят-процессуал кодекси) айбланувчи ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилувчи ҳимоячи танлашга, ҳимоячини рад этишга ва, ниҳоят, ҳимоячини жиноий иш юритувида қатнаштирмаслигига ҲЕЧ ҚАНДАЙ ҳуқуқ берган эмас. Унинг барча ваколатлари ЎзР ЖПКнинг 36-моддаси (Терговчининг ваколатлари) да келтирилган.

Ҳимоячини таклиф этиш ҳуқуқи ФАҚАТ гумон қилинувчи, айбланувчи ва судланувчига берилган (ЎЗР ЖПК 50-моддасининг 1-қисми). Мазкур модданинг 3-қисмига асосан:

Гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи ТАНЛАГАН ҳимоячи ИСТАЛГАН ВАҚТДА ишда иштирок этишга киришишга ҳақлидир [курсив ва масштаблаш меники – Р.Д.Ш.].

Жаноб Е.Коленкога ўхшаш терговчиларга қарши жиноий иш иш юритувида бир эмас, балки ўнлаб ҳимоячилар ишлаш керак, чунки у истаган пайтда ва истаганча қонунбузарлик қилаверар экан. Жаноб Е.Коленко эса менга йўллаган жавобида Рабиев Б.Д. жиноий ишига ҳимоячи сифатида М.Батиршин жалб қилинганлигига урғу беради. ЎзР қонуни айбланувчига исталган миқдорда ҳимоячи олишга рухсат берганини у билмайдими?

Жаноб Е.Коленко давлат томонидан қўйилган лавозимли ва бир пайтнинг ўзида жавобгар шахс эканини унутиб қўйган, шекилли? Унинг “жавоби” нафақат менинг ва Б.Д.Рабиевнинг конституцион ҳуқуқларимизни поймол қилган, балки мен учун ҳақорат деб ҳисоблайман.

Жаноб Е.Коленкони паст савияли юрист эканлигига мен ишонмайман. У ҳолда нега у менга бемаъни, қонунга зид жавоб йўллаган?

Ҳозирги кунда Б.Д.Рабиев Е.Коленконинг ҚЎЛИДА. У Б.Д.Рабиевнинг тақдирини ҳал этмоқда. Ҳал этишда эса у Б.Д.Рабиевга нисбатан қийноқлар қўллаш, унга мисли кўрилмаган азоблар бериш, унинг қадр-қийматини оёқ-ости қилиш усулларидан фойдаланмоқда. Мен 29.07.03 да ўғлим билан учрашганимда у таниб бўлмас даражада эди. У қон сиймоқда эди. Унинг юзлари калтак зарбидан шишган, бадани моматалоқ бўлиб кетган эди.

Жаноб Е.Коленко тергов давомида ўз ҳатти-ҳаракати билан мудҳиш жиноятлар содир этмоқда ва у бу жиноятлари учун қонун олдида жавоб беради. У мени тергов жараёнига йўлатмаганлигининг сабаби ана шунда. Тергов давомида у тўплаган материал ноқонуний йўл билан олинган, ва, табиий, бу материални судга ўтказиш мумкин эмас.

Жаноб Е.Коленко ўз ҳатти-ҳаракати билан ЎзР ЖКнинг 206-моддасининг 1-қисми ва 235-моддасининг 1-қисмида кўзда тутилган жиноятларни содир этган. Булардан ташқари, у ЎзР ЖПКнинг қатор модда (17, 22, 24, 36, 46, 49, 50, 53, 88 ва ҳоказо) ларини ўта қўпол равишда бузган.

 

Юқорида келтирилганлардан келиб чиқиб,

 

1) Тошкент шаҳар прокуратураси терговчиси Е.В.Коленко устидан ЎзР ЖКнинг 206-моддасининг 1-қисми ва 235-моддасининг 1-қисми билан жиноий иш қўзғашингизни;

2) Тошкент шаҳар прокуратураси терговчиси Е.В.Коленкони Рабиев Б.Д.нинг жиноий ишида тергов ишини олиб боришдан четлатишингизни ва унининг ўрнига бошқа терговчи тайинлашингизни;

3) Тошкент шаҳар прокуратураси терговчиси Е.В.Коленконинг Рабиев Б.Д.нинг жиноий ишида ноқонуний йўллар билан тўплаган материалларни бекор қилишингизни;

4) Айбланувчи Рабиев Б.Д. нинг ЎзР ЖПКда кўрсатилган ҳуқуқларини тиклашингизни, яъни мени унинг жиноий ишида ҳимоячи сифатида иштирок этишимни таъминлашингизни СЎРАЙМАН.

 

Менинг ушбу ШИКОЯТимга процессуал ҳаракатлар кетаётганлиги туфайли қонунда кўрсатилган муддат, яъни 3 (уч) сутка ичида жавоб беришингизни, жавобни эса менинг

 

Тошкент шаҳар, Чилонзор-2 мавзеси, 66-уй, 22-хонадон

 

адресимга юборишингизни СЎРАЙМАН.

 

Рабиев Давлатёр Шодиевич

 

Айбланувчи Рабиев Бердиёр Давлатёровичнинг ҳимоячиси

 

17.12.03