04.04.12-ҚХ ва СХ вазири БЕГАЛИЕВга

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҚИШЛОҚ ва

СУВ ХЎЖАЛИГИ ВАЗИРИ

С.Б. БЕГАЛИЕВга

 

 

Муҳтарам Сайдулла Бегалиевич!

 

Собир Раҳимов тумани «Мискин» маҳалласи фуқаролар йиғини кенгашининг маҳсус комиссияси томонидан маҳалламиз фуқароси, Магазин-Мовзук кўчаси, 99а уйда истиқомат қилувчи Бекхўжаев Сафарбек аканинг аризасига биноан унинг уй-жой шароитини ўрганиб чиқилди.

 

Бекхўжаев Сафарбек 1977 йилдан ҳозирги кунгача Кишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги тизимида меҳнат қилиб келмоқда. Бугунги кунда «Ўзсувметалл» бошқармасида юк кўтарувчи кран ҳайдовчиси вазифасида ишлайди.

 

Текширув натижасида Бекхўжаев Сафарбекнинг оиласи 12 кишидан иборат бўлиб, 10 нафар фарзанди ва келини унинг қарамоғида эканлиги аниқланди. Унинг ҳовлиси сатхи 1,5 сотих ер майдонидан, яшаш жойи эса икки хонали уй ва бир айвон қурилмаларидан иборатдир.

 

Ушбу вазиятни ҳисобга олган ҳолда Бекхужаев Сафарбекнинг оиласи кам таъминланган ва уй-жойга муҳтож оилалар ҳисобига олинди.

 

Фарзандларининг 4 нафари балоғат ёшига етган, уй-жой танқислиги туфайли уларни уйлантириш имконияти бўлмаяпти. Бундан ташқари, Сафарбек аканинг турмуш ўртоғи бир йил илгари вафот этганлиги бу имкониятни янада қийинлаштирган.

 

Бу оила истикомат қилаётган ҳовли Сиз бошқараётган вазирлик тизимига кирувчи «Ўзмелиотранс» корпорацияси территориясида атрофи тўлиқлигича ўралган ҳолда қолиб кетган. Ушбу ҳовлининг ёнида ТОМРЭЗ заводи балансида бўлган ҳамда қурилиши тугалланмаган «меҳмонхона» биноси мавжуд бўлиб, анча йиллардан бери қурилиши тўхтатилгани сабабли бу иншоот емирилиб, қор-ёмғир таъсирида харобага айланган ва ташландиқ ҳолга келган.

 

Маълумингиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига биноан 2004 йил «Меҳр ва Мурувват» йили деб эълон қилинди. Ана шу фармонга асосан маҳалламиз фуқаролар йиғини кенгаши маҳалламизда истиқомат қилувчи кам таъминланган, кўп болалик ва уй-жойга муҳтож оилаларни аниқлаб, уларга моддий ва маънавий ёрдам беришни асосий вазифа сифатида белгилади.

 

Юқорида баён қилинган сабабларга асосан, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги тизимига қарашли ТОМРЭЗ заводи балансида бўлган, қурилиши тугалланмаган бинони Бекхўжаев Сафарбекка хусусийлаштиришга рухсат беришингизни маҳалла аҳли номидан сўраймиз.

 

Ана шу савоб ишингиз билан маҳалламиз фуқароси Бекхўжаев Сафарбек ака оиласининг турар-жой муаммосини ҳал қилган бўлар эдингиз.

 

Сизга Аллоҳдан узоқ умр, мартабангиз бундан ҳам зиёда бўлишини тилаб,

 

Сизга миннадорчилик билдириб

 

«Мискин» маҳалла фуқаролар кенаши раиси   А.Раҳимов

 

12 апрель 2004 йил