04.11.24-Тошкент ш. ҲОКИМИга

ТОШКЕНТ ШАҲАР ҲОКИМИ

Р.ШОАБДУРАҲМОНОВга

 

Тошкент шаҳар, С.Раҳимов тумани,

Магазин-Мавзук кўчаси, 99а-уйда

истиқомат қилувчи Бекходжаев Сафобекдан

 

«ТСК» хусусий фирмаси раҳбари

А.Толибжоновнинг қонунга хилоф

ҳатти-ҳаракатлари юзасидан

 

                                       А Р И З А

 

Муҳтарам Ҳоким!

 

А.Толибжонов 2003 йилдаги Давлат мулкини бошқариш давлат қўмитасининг 58-сонли фармойишига асосан С.Раҳимов тумани, Магазин-Мавзук кўчаси, 293-уй манзили бўйича жойлашган «Ўзмелиосувтранс» корхонасининг идораси бўлган икки қаватли маъмурий бинони сотиб олишга эришган.

Бироқ, хусусий фирма бир йиллик иш фаолияти давомида бир қатор қонунга хилоф ҳатти-ҳаракатларни содир этиб, ўзининг шахсий манфаати учун иш тутиб келмоқда. Жумладан, у киши шу ўтган вақт мобайнида доимий равишда ун маҳсулотини олиб сотиб келган даромадини солиқ органларидан яшириб келган.

Ҳозирги кунда фирма макарон маҳсулотларини ишлаб чиқариб, халққа сотиб мўмай пул ишлаш билан шуғулланмокда. Лекин, фирма бошлиғи А.Толибжонов ҳеч қаерга, ҳеч қандай ҳисобот топширмай, хоҳлаган ишини бажармоқда. Унинг бундай ҳатти-ҳаракатидан биз қўни-қўшнилар яхши огоҳмиз.

Айниқса, А.Толибжонов макарон маҳсулотларини ишлаб чиқиши санитария нормаларига мутлақо жавоб бермайди, экология тартиби ҳам бузилган. У кишига ўрнатилган тартиб-қоидага риоя қилмай иш тутиш одат тусига кириб қолган.

А.Толибжонов менинг оилам бир неча йилдан бери яшаб турган, илгари ташландиқ бўлиб, фақат фундаменти кўтарилиб қўйилган икки қаватли маъмурий бинонинг ён қисмидаги 293 кв.м. бўлган бино ҳам 2004 йил 2 августда А.Толибжонов ихтиёрига расмийлаштирилган экан. Бу ҳақида биз кейинроқ билиб қолдик. Бу ташландиқ жой Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирининг муовини А.С.Нисневичнинг кўрсатмасига биноан кўп болали оила сифатида, қурилишини тугаллаб яшашни расмийлаштириш ҳақида «Ўзмелиосувтранс» уюшмаси раиси И.Шарафутдиновга топширди. Биз қариндош-уруғлар иштирокида ташландиқ меҳмонхонани фундаментининг юқори қисмини тиклаб, девор билан ўраб яшай бошладик. Турмуш ўртоғим бу орада вафот этди.

Энди эса катта маблағ сарфлаб иморатни тиклаб яшай бошлаганимизда, гўё бинонинг эгасиман деб А.Толибжонов дўқ-пўписа қилиб келмоқда, кўпчилик меҳнати эвазига қурилган бинони мендан тортиб олмоқчи бўлиб турибди. Бу боради у мени судга бериб, туман прокурори билан тил бириктириб, иш олиб бормоқда. Буни тушуниш қийин эмас. Туман прокурори А.Толибжоновни давлат божидан озод қилиш мақсадида Шайҳантоҳур туманлараро фуқаровий судга ўзи даъво аризаси билан мурожаат қилган. Бу «Прокуратура тўғрисида»ги қонунга мутлақо зиддир. А.Толибжонов кар, кўр, ақли заиф ёки вояга етмаган бола эмаски, унинг учун прокурор даво аризаси билан судга чиқсин.

А.Толибжоновнинг ҳатти-ҳаракатини назорат қилувчи давлат идоралари йўқ деса ҳам бўлади. Солиқ тўлашдан бош тортганини туман прокурори К.Тожиқулов ҳам яхши билади, лекин чора кўриш ўрнига 10 та фарзандли оилани уйдан чиқариб юбормоқчи.

Юқоридагиларга асосан, кўпчилик кишиларнинг меҳнати билан қурилиб, менинг оиламга топширилган уйни кўп болалигимни эътиборга олиб, ўз ихтиёримизда қолдирилишига ва А.Толибжоновнинг ҳатти-ҳаракатларини эътиборга олиб, тегишли чора кўришингизни сўрайман.

Бу – «Меҳр-мурувват йили»да кўп болали ва кам таъминланган оила учун амалий ёрдам бўлар эди, деб ўйлайман.  

 

Бекходжаев Сафобек                                            

 

23 ноябрь 2004 й