04.12.21-МИЛИЦИЯ бошлигига

С.РАҲИМОВ ТУМАН ИИБ БОШЛИҒИ

М.Х.МИРҲОЖИЕВга

 

Нусхаси:                 ТОШКЕНТ ШАҲАР ИИБ БОШЛИҒИга

 

Бекходжаев Сафобек Юсуповичдан

————————————————–

700057, Тошкент ш., С.Раҳимов тумани,

                              Магазин-Мавзук кўчаси, 99а-уй;                                                тел. 148-11-11; 48-10-10

Ш  И  К  О  Я  Т

Муҳтарам Бошлиқ!

 

Кейинги йилларда собиқ «Ўзмелиосувтранс» корхонасининг собиқ бошлиғи Икром Шарофутдинов ва унинг гумашталари, ундан мазкур корхона икки қаватли идорасини сотиб олган Аброр Толибжоновларнинг мен ва оилам аъзоларининг тинчлигини бузиш мақсадида уйимга бостириб келиши, ҳақоратлаши, дўқ-пўписа қилиши, «сени кўча разборщикларига топшираман» каби ҳатти-ҳаракатларидан яхши хабарингиз бор.

 

Гарчи Сиз менинг ҳол-аҳволим, турмушим билан ҳеч қачон қизиқмаган бўлсангизда (бундай масалалар Сизнинг хизмат доирангизга кирмаслиги мумкин), бундан буён «Хабарим йўқ» дейиш учун асос қолмаслиги учун мен қуйида ўзим ва оилам ҳақида икки оғиз маълумот бериш истагим бор.

 

Мен қори оиласиданман: менинг бобом ва отам Тошкентнинг танилган қорилари бўлишган. Менинг ўзим ва ўғлим қорилармиз. Баҳоли қудрат халқ хизматини бажо келтираяпмиз.

 

Менга тегишли кичик бир ҳовли давлат идоралари ва корхоналари ҳудудида тўлиқ ўралган ҳолда қолиб кетган. Мазкур давлат идоралари ва корхоналари жойлашган ҳудуд (чамаси 2,5 гектар ер) аввал отам Юсуф-қори Бекходжаевга тегишли бўлиб, совет даврида бу ҳудуд, отамга ҳеч қанақа компенсация берилмасдан, давлат томонидан аста-секин ўзлаштирила бошланган. Шу тариқа отамнинг ҳовлиси идоралар ва корхоналар ичида қолиб кетган. Отамнинг вафотларидан кейин мазкур ҳовли менга ўтган бўлиб, бу ҳовлида мен ҳозирга қадар болаларим билан яшаб келмокдаман.

 

Менинг 2 йил аввал вафот этган рафиқамдан 10 та фарзанд қолган. Шулардан фақат битта қизим турмуш қурган, қолганлари қўлимда. Уйлантирадиган, вояга етган камида иккита ўғлим бор. Бироқ, менинг яшаб турган ҳовлимдан бошқа уйим йўқ. Менинг меҳнат фаолиятим 35 йил ичида Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигига қарашли «Ўзмелиосувтранс» корхонасида ўтган (крановщик бўлиб ишлаганман).

 

Кўп йиллар илгари мазкур корхона менинг уйимнинг ёнида бир иморат қура бошлаган эди. Бироқ у чала ва ташландиқ ҳолда қолиб кетди ва шўбҳали унсурлар (наркоман, алкаш, бомжлар) маконига айланди. Мен уй-жой имкониятларимни яхшилашни сўраб кўп марта давлат идораларига мурожаат қилганман. Натижа бўлмагач, ташландиқ иморатни қўлимдан келгунча таъмирлаб, унда яшай бошладим.

 

Кейинги йилларда «Ўзмелиосувтранс» корхонасининг собиқ раҳбари Икром Шарофутдинов корхонага тегишли ҳамма объектлар (икки қаватли идора, бир қанча омбор бинолари ва ҳоказо) ни сотиб юборди. Корхона идораси ва ташландиқ бинони тадбиркор Аброр Толибжонов сотиб олган экан. Ҳозирги пайтда у мени суд орқали шу бинодан чиқариб юбориш ҳаракатида.

 

Бироқ, Аброр Толибжонов идорани сотиб олгандан бери мен ва оиламга нисбатан бир неча марта тажовуз қилди. «Қорни тўқнинг қорни оч билан иши йўқ» деганларидай, бу зўравонликларга ҳуқуқ-тартибот ва прокуратура органлари, афсуски, эътибор беришмаяпти. Бу ҳолатга Аброр Толибжоновнинг ўзи аниқлик киритди: унинг гапига қараганда С.Раҳимов туман прокурори яқин қариндоши бўлар экан. Албатта, бу ҳолатда нафақат ҳуқуқ-тартибот ва прокуратура органлари, балки АДОЛАТ ҳам … ни қисиб кетишини тушуниш қийин эмас. Шунинг учун ҳам бўлса керак, А.Толибжонов менга қарши шантаж ва провокацияларини давом эттирмоқда.

 

20 декабрь куни кеч соат 16 лар атрофида менинг уйимга «кофейний» рангли, ВАЗ 2106 русумли, давлат номери 30 I 62-37 «Жигули» автомашинасида уч одам келиб, улардан бири мендан паспортим, домовая книгамни, болаларнинг метрикаларини, никоҳ қоғозимни ва бошқа бир қанча ҳужжатларни олиб чиқишни талаб қилди. Ўзини таништиришини сўраганимда у хизмат гувоҳномасини кўрсатишдан бош тортди ва С.Раҳимов туман солиқ инспекциясидан ва М.М.Мирзиётов эканлигини айтди, холос. Менинг солиқ инспекциясига қандай алоқам бўлиши мумкинлигини сўраганимда, у муддаосини айтиб қўя қолди: «Нега Сиз Аброр Толибжонов устидан ёзаётибсиз?».

 

Кимнингдир устидан ёки бирор давлат идораси раҳбари устидан шикоят қилиш менинг конституцион ҳуқуқимдир. Бироқ, менинг А.Толибжонов устидан шикоят қилишимни солиқ инспектори текшириши лозимлигига мен тушунмадим. Башарти мен А.Толибжонов сотиб олган бинолари учун давлатга солиқ тўламаётгани ҳақида ёзган бўлсам, нега солиқ инспекторини менинг паспортим, болаларнинг метрикалари, менинг домовой китобим ва никоҳ қоғозим қизиқтириши керак? Нега прокурорни қизиқтириши лозим бўлган «Нега Сиз Аброр Толибжонов устидан ёзаётибсиз?» деган саволни дўқ-пўписа оҳангида у бериши керак?.

 

М.Мирзиётовга бу вазифани солиқ инспекцияси раҳбари бермаганига мен тўлиқ аминман. Мен яна шунга ҳам аминманки, у бундай топшириқни А.Толибжоновдан олган. Мазкур ҳодиса А.Толибжонов томонидан уюштирилаётган биринчи шантаж ва провокация эмас. А.Толибжонов мазкур биноларни сотиб олгандан буён оиламнинг тинчлигини бузиб келмоқда. Бу ҳақда ҳуқуқ-тартибот органлари яхши билишади. Энди, чамаси, А.Толибжонов давлат солиқ инспекцияси ходимини мени шантаж қилиш ва қўрқитиш учун юборган.

 

Муҳтарам Бошлиқ!

 

Юқоригилардан келиб чиқиб, ўзингизнинг ваколатингиз доирасида

 

– С.Раҳимов туман солиқ инспекцияси инспектори М.М.Мирзиётовнинг юқорида қайд қилинган, менга нисбатан қилган шантажи, дўқ-пўписа қилганлиги ва босим ўтказганлиги факти бўйича иш қўзғатишингизни СЎРАЙМАН.

 

Сафобек Бекходжаев

 

21.12.04