04.12.21-СОЛИК ИНСПЕКЦИЯСИ РАҲБАРИГА

С.РАҲИМОВ ТУМАН ДАВЛАТ СОЛИҚ

ИНСПЕКЦИЯСИ БОШЛИҒИга

 

Нусхаси:                 ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ДАВЛАТ

СОЛИҚ ҚЎМИТАСИГА

 

Бекходжаев Сафобек Юсуповичдан

————————————————–

700057, Тошкент ш., С.Раҳимов тумани,

                                     Магазин-Мавзук к´часи, 99а-уй;                                тел. 148-11-11; 48-10-10

Ш  И  К  О  Я  Т

 

 

Муҳтарам Бошлиқ!

 

Сизга самимий ҳурматимни йўллаган ҳолда менинг ушбу Шикоятимни ўрганиб чиқиб, адолат юзасидан чора кўрасиз, деган умид билдираман.

 

Рухсатингиз билан дастлаб ўзим ҳақимда бир оғиз маълумот бермоқчиман.

 

Менга тегишли кичик бир ҳовли давлат идоралари ва корхоналари ҳудудида тўлиқ ўралган ҳолда қолиб кетган. Мазкур давлат идоралари ва корхоналари жойлашган ҳудуд (чамаси 2,5 гектар ер) аввал отам Юсуф-қори Бекходжаевга тегишли бўлиб, совет даврида бу ҳудуд, отамга ҳеч қанақа компенсация берилмасдан, давлат томонидан аста-секин ўзлаштирила бошланган.

 

Шу тариқа отамнинг ҳовлиси идоралар ва корхоналар ичида қолиб кетган. Отамнинг вафотларидан кейин мазкур ҳовли менга ўтган бўлиб, бу ҳовлида мен ҳозирга қадар болаларим билан яшаб келмокдаман.

 

Менинг 2 йил аввал вафот этган рафиқамдан 10 та фарзанд қолган. Шулардан фақат битта қизим турмуш қурган, қолганлари қўлимда. Уйлантирадиган, вояга етган камида иккита ўғлим бор. Бироқ, менинг яшаб турган ҳовлимдан бошқа уйим йўқ. Менинг меҳнат фаолиятим 35 йил ичида Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигига қарашли «Ўзмелиосувтранс» корхонасида ўтган (крановщик бўлиб ишлаганман).

 

Мазкур корхона менинг уйимнинг ёнида кўп йиллар илгари бир иморат қура бошлаган эди. Бироқ у чала ҳолда қолиб кетиб, ташландиқ ҳолда қолиб кетди ва шўбҳали унсурлар (наркоман, алкаш, бомжлар) маконига айланди. Мен уй-жой имкониятларимни яхшилашни сўраб кўп марта давлат идораларига мурожаат қилганман. Натижа бўлмагач, ташландиқ иморатни қўлимдан келгунча таъмирлаб, унда яшай бошладим.

 

Кейинги йилларда «Ўзмелиосувтранс» корхонасининг собиқ раҳбари Икром Шарофутдинов корхонага тегишли ҳамма объектлар (икки қаватли идора, бир қанча омбор бинолари ва ҳоказо) ни сотиб юборди. Корхона идораси ва ташландиқ бинони тадбиркор Аброр Толибжонов сотиб олган экан. Ҳозирги пайтда у мени суд орқали шу бинодан чиқариб юбориш ҳаракатида.

 

Муҳтарам Бошлиқ! Сизга йўллаётган ушбу мактубим билан менинг муаммоларимга ёрдам беринг, дейиш фикридан йироқдаман. Бу Сизнинг хизмат вазифангизга кирмаслигини яхши тушунаман. Бироқ, менинг масаламда Сизга тегишли томони ҳам мавжуд. Гап шундаки, А.Толибжонов менинг уйимга турли шўбҳали ва расмий шахсларни юбориб, шантаж ва қўрқитиш йўлларидан фойдаланмоқда.

 

20 декабрь куни кеч соат 16 лар атрофида менинг уйимга «кофейний» рангли, ВАЗ 2106 русумли, давлат номери 30 I 62-37 «Жигули» автомашинасида уч одам келиб, улардан бири мендан паспортимни, домовая книгамни, болаларнинг метрикаларини, никоҳ қоғозимни ва бошқа бир қанча ҳужжатларни олиб чиқишни талаб қилди.

 

Ўзини таништиришини сўраганимда у хизмат гувоҳномасини кўрсатишдан бош тортди ва С.Раҳимов туман солиқ инспекциясидан ва М.М.Мирзиётов эканлигини айтди, холос. Менинг солиқ инспекциясига қандай алоқам бўлиши мумкинлигини сўраганимда, у муддаосини айтиб қўя қолди: «Нега Сиз Аброр Толибжонов устидан ёзаётибсиз?».

 

Кимнингдир устидан ёки бирор давлат идораси раҳбари устидан шикоят қилиш менинг конституцион ҳуқуқимдир. Бироқ, менинг А.Толибжонов устидан шикоят қилишимни солиқ инспектори текшириши лозимлигига мен тушунмадим. Башарти мен А.Толибжонов сотиб олган бинолари учун давлатга солиқ тўламаётгани ҳақида ёзган бўлсам, нега солиқ инспекторини менинг паспортим, болаларнинг метрикалари, менинг домовой китобим ва никоҳ қоғозим қизиқтириши керак? Нега прокурорни қизиқтириши лозим бўлган «Нега Сиз Аброр Толибжонов устидан ёзаётибсиз?» деган саволни дўқ-пўписа оҳангида у бериши керак?.

 

М.Мирзиётовга бу вазифани Сиз топширмаганлигингизга мен тўлиқ аминман. Мен яна шунга ҳам аминманки, у бундай топшириқни А.Толибжоновдвн олган. Мазкур ҳодиса А.Толибжонов томонидан уюштирилаётган биринчи шантаж ва провокация эмас. А.Толибжонов мазкур биноларни сотиб олгандан буён оиламнинг тинчлигини бузиб келмоқда. Бу ҳақда ҳуқуқ-тартибот органлари яхши билишади. Энди, чамаси, А.Толибжонов давлат солиқ инспекцияси ходимини мени шантаж қилиш ва қўрқитиш учун юборган.

 

Назаримда, С.Раҳимов туман солиқ инспекцияси А.Толибжонов мазкур биноларни қонуний сотиб олганлиги (гарчи бу масала билан прокуратура шуғулланиши лозим бўлса-да) ва у шу пайтга қадар давлатга солиқ тўлаган-тўламаганлиги билан қизиқиши мақсадга мувофиқ бўлар эди.

 

Юқоридагилардан келиб чиқиб

  1. М.М.Мирзиётовнинг ноқонуний ҳатти-ҳаракатлари устидан хизмат текширувини ўтказишингизни;
  2. унга нисбатан тегишли чора кўришингизни СЎРАЙМАН.

Бекходжаев Сафобек

21.12.04