04.12.10-Кассобга МОЙ КАЙГУСИ

Толиб Ёқубов

ҚАССОБГА МОЙ ҚАЙҒУСИ       

.

Адолат ва одил суд бўлмаган шароитда

давлат қароқчилар тўдасига айланади

Августин Аврелий

 

Раваллиқ ва Тоқчилиқ музофотидан чиққан уламо, олим, коммунист ва ҳожилар ҳақида

 

Жиззах вилояти Жиззах туманида ёнма-ён жойлашган Раваллиқ ва Тоқчилиқ қишлоқларидан кўп атоқли уламо ва фузалолар, турли соҳаларнинг олимлари, сиёсатдонлар чиққан.

 

Файзи қори, мулла Мамазоҳид домла, мулла Аҳмаджон домла Раваллиқ элининг шарафи ва шўҳрати бўлганлар. Одамларнинг эслашича, мулла Аҳмаджон домла вафот қилганларида бутун Жиззах музофоти дафнда қатнашган, одам шу қадар кўп бўлганки, тобут гўёки тўлқин устида қалқиб бораётгандай бўлган.

 

Мустафоқул Муқимов бундан 20 йиллар илгари вафот этган бўлсаларда, бул зот ҳанузгача Тоқчилиқ элининг фахри бўлиб қолмоқдалар. Асл касби ўқитувчилиқ бўлган Мустафоқул домланинг сиёсат соҳасида олдига тўшадиган одам камдан-кам бўлган. Мен бу инсон билан 1963-64 ўқув йилида Жиззах туманидаги 13-сон ўрта мактабда бирга ишлаш шарафига муяссар бўлганман. Мустафоқул Муқимов хотирасига китоб битиб авлодларга қолдириш зарур деб ўйлайман, бироқ у кишини яхши билган одамлар деярли қолмади.

 

Жиззах музофоти каби Раваллиқ ва Тоқчилиқ элларидан коммунистлар ҳам кўп чиққан. Тоқчилиқ элилиқ, 2-жаҳон уруши ва ундан кейинги даврларда кўп йиллар колхоз раиси бўлиб ишлаган Сўяр Раҳмоновнинг: «Мен Тоқчилиқ элини шундай қиламанки, битта кулчани Учтепадан кўрсатсам, югуриб борадиган бўлади» – деган гапини кекса одамлар яқинқинларгача гапириб юришар эди.

 

Замонлар ўзгарди, коммунистларнинг И.Каримовга ўхшаган бир қисми демоқрат, яна бир қисми эса ҳожи бўлишди. Ҳар иккала тоифаси ҳам халқ қулоғига янги ёлғонларни ашула қилиб айтиб, уларнинг миясига сингдира бошладилар.

 

Яқинда Тоқчилиқ элидан ёш бир туман ҳокими чиқди. Суннат Ўроқов ҳожи оиласидан, тоғаси раваллиқлик Қосим Раҳимов ҳам яқинда ҳожи бўлдилар. Қосим Раҳимов номига бирмунча илиқ гапларни айтмасдан иложимиз йўқ. Совет даврининг коммунисти Қосим Раҳимов эсини таниганидан савдо соҳасида, асосан ОРС (Отдел рабочего снабжения) соҳасида ишлаб келдилар. Бу инсон ўзининг қариндош-уруғларига меҳрибонлиги билан одамлардан ажралиб турадилар ва уларга ўрнак ҳам эдилар. Шу сабабли бўлса керак, асл касби ўқитувчилик бўлган бир жиянлари (ёш ҳокимнинг акаси) Хайрулла Абдуллаев кўп йиллар гўшт комбинатида омбор мудири вазифасида меҳнат қилиб келди.

 

Қоракўллик шоир Юсуф Жума ўзининг «Ҳам коммунист, ҳам ҳожи» шеърида устози Абдулла Орифни эслайди:

 

  1.  Қойил! Мaнaви тождор –                            2.    Тонгдa Мaсковнинг гaрдин
Ҳaм коммунист, ҳҳожи.                                 Билгaн Каъбa, гултожи
Мeнинг бир устозим бор:                                   Туш пaйти хaжгa борди,
Ҳaм коммунист, ҳҳожи.                                 Ҳaм коммунист, ҳҳожи.

  1.   Худосиз художўйдир,                                     4.  Тилим тилингaн, ночор,
    Г
    ўё миллaт ривожи.                                           Шеърдир ёлғиз иложи.
    Ҳaм бўридир, ҳaм кўрдир,                                 Юсуф – осий гуноҳкор,
    Ҳaм коммунист, ҳҳожи.                                Ҳaм коммунист, ҳҳожи.

 

Абдулла Орифни   мен яхши   билмайман. Бир пайтлар ўзбек   халқининг фаҳри бўлган бу шоир кейинги пайтда   икки   нарсага   – маддоҳлик   ва бўзахўрликка –   ружу қўйган   деб   эшитганман.   Ҳажга бориб келгандан кейин ҳам ана шу иллатлардан қутула олмади, дейишади тили аччиқлар.

 

Коммунистик майдонни босиб ўтган замонавий ҳожилар ўз ривожида ярим коммунист, ярим ҳожи қобиғида қолиб кетгандай туюлади, одамга. Гапда «шариатимиз», «динимиз», «пайғамбаримиз» деган сўзларни эҳтирос билан ишлатадиларда, амалда эса ўша илгариги қип-қизил коммунистик эътиқодни намойиш этишади.

 

Олдинги аср 60-чи йилларининг совет диссиденти Андрей Амальрик ўзининг 1969 йилда ёзган бир мақоласида: «Муғуллар, византияликлар ва германлар томонидан тузилган бу буюк шарқий славян империя ўз умрининг охирги ўн йилликларини бошидан кечирмоқда. … Бироқ, СССР парчалангандан кейин ҳам Ўрта Осиёда коммунистик идеология, фразеология ва расм-русумларни шарқий деспотизм билан уйқаштириб бошқариладиган давлат узоқ йиллар ҳукм суради» – деб ёзган эди.

 

А.Амальрик гўё Ўзбекистон ҳакида ёзгандай! Коммунистик ғоя дейиш қийинроқку, бироқ давлат бошқаруви, фразеологик шиорлар ва расм-русум коммунистик даврникидан қолишмайди.

 

Ҳамиджон Султонов ким?

 

Ҳозирги кунда Раваллиқ ва Тоқчилиқ элларида ғалати ҳолат   юзага келди. Бунга раваллиқлик Ҳамиджон Султонов деган йиғитнинг устидан шу йилнинг 31 мартида қўзғатилган жиноий иш сабаб бўлди. Ҳамиджон Султонов 1996 йилдан 2004 йилнинг бошларигача акциядорлик-тижорат (АТ) «Пахтабанк»нинг вилоят бўлимида Банк операциялари бўлимининг бошлиғи бўлиб ишлаб келган. Ҳамиджоннинг отаси 80 ёшли Оқилжон ака бутун иш фаолияти давомида       мактаб ўқувчиларига кимъё фанидан дарс берганлар,   оналари Саломат опа   эса машҳур   мулла Мамазоҳид домланинг қизларидир.

 

2004 йил 31 март куни Тоқчилиқ элилик, Жиззах шаҳар прокурорининг катта ёрдамчиси Бобур Тўйчиев ўз қарори билан 02-1444-сонли жиноий иш қўзғатади. У ўз қарорида: «Жиззах шаҳар прокурори   катта   ёрдамчиси Б.Р.Тўйчиев, ушбу кун Жиззах вилоят   акциядорлик     тижорат «Пахтабанк»   бошқармасида   ўтказилган   текшириш   ҳужжатлари   билан   танишиб   чиқиб, … – деб ёзади.  

 

Бу жиноий ишга   дастлаб   гувоҳ   сифатида,   кейинчалик   эса айбланувчи   сифатида Ҳамиджон Султонов ва   унинг   қўл остида ишлаган, Жиззах шаҳар прокурори Бўлтак Усмоновнинг қайниси Акрам Файзуллаев жалб қилинадилар. Дастлабки тергов ҳаракатларини шаҳар прокуратураси терговчиси Тоҳир Ғаниев олиб боради.

 

Негадир кейинроқ тергов ҳаракатлари Зомин туман прокуратурасига ўтказилади ва бу иш билан прокуратуранинг адлия катта маслаҳатчиси, терговчи Амир Янгибоев шуғуллана бошлайди. У мазкур ишни бошқа бир, 22-503-сонли жиноий иш билан бирлаштиради. Бу иш жиззахлик тадбиркор Аҳмад Пўлатовга нисбатан 2000 йил 12 июль куни қўзғатилган бўлиб, у дастлаб 09-897-сонли, кейин эса 1/488, 22-501 ва ниҳоят 22-503 рақами билан қўлдан-қўлга ўтиб, охири 2004 йил август ойида А.Янгибоевга   етиб   келади.   Шундай   қилиб,   Зомин   туман прокуратурасида 22-503/02-1444-сонли жиноий иш юзага келади.

 

Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидаги каби Жиззах вилоятидаги прокуратуралар ва судлар қонунбузарликни   бўйинча   қилиб   кийиб олганликда маълум   ва   машҳурдирлар. Мен   бунга 2003 йилда   Жиззах вилояти дон   маҳсулотларини қайта ишлаш ва сақлаш корхоналарининг бир гурух хизматчилари устидан 2002 йил   апрелида   қўзғатилган   241-сонли   жиноий   ишда ҳимоячи   бўлиб қатнашганимда амин бўлганман.

 

Ўзбекистонда «веспасианлик даври» қандай кечмоқда?

 

Ушбу мақолада яна бир муҳим нарса устида тўхташ керак деб ҳисоблайман. Гап шунда-ки, мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб Ўзбекистон шиддат билан «веспасианлик даври»га кириб борди. «Веспасианлик даври»ни инсоният тарихида барча империялар, минглаб мавжуд ва йўқ бўлиб кетган давлатлар босиб ўтишган. «Веспасианлик даври»ни биринчи бўлиб Рим империяси босиб ўтган бўлиб, унга   империянинг охирги императорларидан бири Веспасиан асос солган.

 

Веспасиан давлат бошига келган пайтида Рим империяси қулаш арафасида бўлиб, уни кучли халқ қўзғолонлари силкитиб турган. Веспасиан давлатни бошқара олмаслигига амин бўлгач, давлат иқтисодини   бошқаришга   криминал   структураларни   жалб қилган. Шундай қилиб,   «веспасианлик даври»нинг асосий белгиларидан бири давлат структуралари билан криминал структураларнинг узвий ва чамбарчас чатишиб кетиши ҳисобланади.

 

«Веспасианлик даври»нинг яна муҳим белгиларидан бири давлат қонунлари (конституцион тузум даврида давлат Конституцияси) нинг ишламаслигидир. Бундай шароитда жамият ҳаётида адолат ва одил суд тушунчалари ўз қийматини йўқота боради ва римлик донишманд   Августин Аврелий айтганидек (эрамизнинг IV-асри) давлат қароқчилар тўдасига айланади.

 

«Веспасианлик даври»да, юқорида   айтганимиздек, давлат иқтисоди тўлиқ криминаллашади, давлат органлари халқни талаш йўлига ўтади. Бу жараён уч этапдан иборат бўлиб, биринчи этапда оддий халқ таланса, унинг   иккинчи этапида   пул эгалари таланади ва ниҳоят учинчи этапда эса давлат структуралари бошлиқлари бир-бирини йўқотишга ўтади. Охирги этап узоққа чўзилмай, давлат сиёсий тузумининг ўлими билан тугайди.

 

Ўзбекистонда халқни талаш жараёни тугаб, «веспасианлик даври» ўзининг иккинчи этапига ўтди, яъни у «пули бор» деб ҳисобланган фуқаролар (тадбиркорлар, банк ходимлари, фермерлар, хусусий фирмалар бошлиқлари ва ҳоказо)ни талаш фазасига кирди. Фермерларнинг ерлари ва банкдаги маблағларини, бозор тадбиркорларининг молларини тортиб олиш, банк ходимлари   устидан жиноий ишлар қўзғатиш,   уруш бўлмаган шароитда бутун   мамлакат ҳудудидаги йўлларда   юзлаб блок-пост ва божхоналарнинг қўйилиши ва у жойларда йўловчиларни талаш (ва ҳоказо) – буларнинг барчаси «веспасианлик даври»нинг Ўзбекистондаги кўринишидир.

 

«Веспасианлик даври»да ОДИЛ   СУД   ўзининг   асосий   вазифаси   – ХАҚИҚАТНИ   юзага чиқаришдан четлашади ва ҳар бир нарсадан «пул қиладиган» тадбиркорлик ташкилотига айланади. Бироқ, фуқаронинг мол-мулки ёки маблағини тортиб олиш суд орқали қилиниб, унга «қонуний куч» беришга ҳаракат қилинади. «Веспасианлик даври»ни бошидан кечираётган Конституцион тузумларда прокуратура ва суд системаси фақат ўзининг ЖАЗОЛОВЧИ функциясини сақлаб қолади.

 

«Веспасианлик даври»ни ДАВЛАТ ҚАРОҚЧИЛИГИ (терроризми) даври, деб аташ ҳам мумкин. Бироқ унинг ривожланишидаги ҳар бир қадами жамиятда норозилиқни шакллантириб, жамият аккумулятор каби нафрат идишига айлана боради ва натижада жамият кескин табақалашади. Ўзбекистонда ҳозирги   кунда нафрат аккумулятори тўлди, деб адашмасдан айтиш мумкин.

 

Қаҳрамоннинг ўғли кимнинг мулкига эгалик қилди?

 

1999 йилнинг 10 марти куни, яъни Тошкент портлашларидан 24 кун кейин, Жиззах вилояти собиқ ҳокими Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан Раваллиқ ва Тоқчилиқ қишлоқлари орасидаги гузарда жойлашган клубда бир йиғин уюштирилиб, ҳокимият одамлари унга Жиззах вилоятининг турли ҳудудларидан 300 дан ортиқ одамларни йиғиб келишган.

 

Бу йиғилиш қатнашчилари бир неча кун илгари А.Навоий номли колхоз клубида уч кун давомида «тренировка»дан ўтказилган. Уларга тоқчилиқлик Толиб Ёқубовни терроризмда, Тошкент портлашларида айблайсизлар, деб   топшириқ берилган. Бу йиғилишда жиззахлик ўқитувчи, мактаб директори Марат Зокиров уч марта сўзга чиқиб Т.Ёқубовни қоралади.

 

Учинчи марта сўзга чиқишида у ўтирганларга қарата: «Кимда-ким Толиб Ёқубов Жиззах вилоятидан сургун қилинсин деса, қўл кўтарсин» деб овозга қўйди. Бу билан қаноатланмаган М.Зокиров «Жиззах ҳақиқати» газетасининг ўша йилнинг 28 май сонида Т.Ёқубов ҳақида «Нонкўр» номи билан катта мақола чоп этган.

 

Тез орада М.Зокиров «халқ олдидаги хизматлари» учун Ўзбекистон қаҳрамони бўлди. М.Зокиров ҳозирги пайтда қаҳрамонлик гаштини сурмоқда. 2004 йилда «Жиззах» ижара-ширкат ва фермер хўжалиги уюшмаси раиси Алижон Камолов сохта айблар билан қамоқ жазосига ҳукм этилди. Тез ўтмасдан унга тегишли бўлган теплицалар Ўзбекистон қаҳрамони Марат Зокировнинг ўғлига олиб берилди.

 

2002 йил апрелида Жиззах вилояти дон маҳсулотларини қайта ишлаш ва сақлаш корхоналари ходимларидан бир   гурухи   устидан   жиноий иш қўзғатилиб, 2004 йилда улар турли   муддатларга озодликдан маҳрум этилдилар. Жиноий иш материаллари билан танишган одам Жиззах вилоятида 2000-2002 йилларда дон маҳсулотларини давлатга топширишда жуда катта микдорда қўшиб ёзиш амалга оширилганини сезиши қийин эмас.

 

Бу қўшиб ёзишлар Бош вазир Шавкат Мирзиёевнинг Жиззах вилояти ҳокимлиги, ҳозирги вилоят ҳокими Убайдулла Ёмонкуловнинг ўша даврда Пахтакор тумани ҳокимлиги пайтида амалга оширилган. Совет давридаги каби бир раҳбар юқори лавозимга кўтарилиши учун у бошқараётган давлат корхонаси маълум йўналишлар бўйича (пахта, дон, пилла топшириш ва ҳоказо) юқори кўрсаткичларга эга бўлиши лозим. Мустақил Ўзбекистонда совет давридаги ёзилмаган ушбу анъана тўлиқ сақлаб қолинди.

 

У.Ёмонкулов 2001 йилда вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари лавозимига ўтиши учун, у бошқараётган тумандаги кўрсаткичларни кўтариш мўлжалланган ва дон топширишда жуда катта қўшиб ёзиш содир этилган. Бу жиноятларни яшириш мақсадида вилоят прокуратураси ва МХХ томонидан жиноий ишлар қўзғатилган. Қамоқ жазосига қоғозда бўлиб, бироқ аслида бўлмаган донни “қабул” қилиб олган Жиззах туманидаги 8-чи дон маҳсулотлари комбинати омбор мудирлари ҳукм этилди.  

 

Вақти келиб мазкур қўшиб ёзишлар текшириладиган бўлса, асосий айбдорлар (ҳокимлар, прокуратура, МХХ   ва   суд   органлари   ходимлари):   «Биз ўз   вақтида   дон маҳсулотларини талон-тарож   қилган   одамларни   жазолаганмиз,   уларнинг   жиноий   ишлари   суд   архивида   турибди» дейишади   ва   ўз айбларини   бекитишга   муваффақ   бўладилар.   Судланувчилар   гарданига   ўнлаб миллион сўм камомад қўйилган ва давлатга тўлаш мажбурияти юклатилган. Масалан, шу жиноий ишда (№241) мен ҳимоя қилган Шароф Юсупов бўйнига 73.000.000 сўм камомад қўйилган ва 4,5 йил қамоқ жазосига ҳукм этилган.

 

Дон Ўзбекистон учун стратегик маҳсулот бўлиб, у ўзбек давлатчилигини шакллантиришда муҳим омил эканлигини ҳис этган ҳолда мен 2003 йил 15 август куни   Тошкент вилоят МХХ бошқармаси раиси Ғайрат Авлиёкулов (фамилия сал бошқача бўлиши мумкин) билан учрашиб, Жиззах вилояти   раҳбарлари томонидан уюштирилган ана шу қўшиб ёзишларни давлат раҳбарларининг диққатига етказишни сўрадим. Шундан олти кун кейин худди шу илтимос билан мен “Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари миллий маркази” директори Акмал Саидовга мурожаат қилдим. Ҳеч қандай натижа бўлмади.

 

Бу ажабланарли эмас. «Веспасианлик даври»ни бошидан кечираётган давлатнинг катта-кичик раҳбарлари миллий давлатчилиқни эмас, шахсий бойликни олдин қўйишади.

 

Ҳ.Султоновни суд қилиш мумкинми?

 

Яна 22-503/02-1444-сонли жиноий ишга қайтсак. Бу иш материаллари билан танишганим сари (мен шу йилнинг 24 сентябрь куни мазкур ишда Ҳамид Султоновнинг ҳимоячиси сифатида иштирок эта   бошлаганман) менда Б.Тўйчиевнинг 2004 йил 31 март куни чиқарган Қарори сохта эканлигига ишонч орта   борди.

 

Шу сабабли мен Жиззах вилояти  ҳокимлиги қошидаги «Назорат органлари фаолиятини   мувофиқлаштирувчи вилоят ҳудудий   комиссияси»га ҳамда АТ «Пахтабанк» “Банк операциялари” бўлимига сўров билан мурожаат этдим ва «2004 йилнинг 1 январидан 31 мартига қадар АТ «Пахтабанк» “Банк операциялари” бўлимида текшириш ўтказилганми?» – деган   саволга жавоб беришни сўрадим. Ҳар иккала ташкилотдан бир хил жавоб (шаклан бошқача, мазмунан бир хил) олдим: «Йўқ».

 

Б.Тўйчиевнинг Қарори сохта   эканлиги маълум бўлди. Мен 14 октябрь куни 22-503/02-1444-сонли жиноий ишни назорат қилувчи Зомин туман прокурори Инатулла Албековга мурожаат қилиб, ўз ваколати   доирасида Б.Тўйчиевнинг Қарорини бекор қилишни, жиноий ишни эса ёпишни сўрадим. И.Албековдан келган жавоб мени ҳайратга солди. У мен илова қилган иккита ҳужжатни рад этиш уёқда турсин, улар ҳақида битта сўз ҳам ёзмаган (!!). Юриспруденцияда бундай ҳолни ОДИЛ СУДга нисбатан жиноят дейилади.

 

Мен ҳимоячи сифатида 4 ноябрь санаси билан (почтага 5 ноябрь куни топширилган, почта квитанцияси №189) И.Албеков устидан вилоят прокурори Равшан Муҳитдиновга Шикоят ёзиб, илова қилинган     ҳужжатларга асосан мазкур жиноий ишни ёпишни сўрадим. Жиноят-процессуал қонунчилиқда бундай   Шикоятга уч (!!) кунда жавоб   берилиши шарт. Менинг мактубимни Р.Муҳитдинов 8 ноябрь куни олган (почта уведомлениеси №189). Ҳанузгача жавоб бермаган прокурор мазкур муддатни камида 10 (!!) карра бузди.

 

22-503/02-1444-сонли жиноий ишни кўришда ягона вариант   мавжуд, ҳолос – уни ЁПИШ. Бошқа ҳар қандай вариант ОДИЛ СУДга   нисбатан жиноят деб қаралади. Зомин   туман прокурори И.Албеков вилоят прокурорининг қўллаб-кувватлаши натижасида мазкур ишни судга (Жиноий ишлар бўйича Жиззах шаҳар судига) оширган. Бу ҳолат прокуратура ва суд органлари Ҳ.Султоновга нисбатан жиноий тил бириктирганлигини яна бир марта тасдиқлади.

 

Ҳар   қандай   жиноий ишни судга оширишда назорат қилувчи прокурор томонидан бир қатор процессуал ишлар амалга оширилиши керак.   Масалан, ЎзР ЖПК 388-моддасининг 2-қисмида «Прокурор ёки унинг ўринбосари ишнинг судга юборилганлиги ҳақида айбланувчига ва ҳимоячига … дарҳол хабар   қилади» – дейилади. На айбланувчи   Ҳ.Султонов ва на мен (ҳимоячи) бундай хабарни олган эмасмиз, яъни   прокурор И.Албеков бу хабарни     биздан атайлаб яширган (прокурорнинг бу хабарни биздан нима сабабдан яширганлиги бизга кейин маълум бўлди).

 

Шу қисмда яна «…прокурор ёки   унинг ўринбосари айбланувчига ва     ҳимоячига АЙБЛОВ ХУЛОСАСИ ва унга қилинган иловаларнинг     тасдиқланган нусхаларини юборади» дейилганини ўқиш   мумкин. 22-503/02-1444-сонли   жиноий иш 7 ноябрь куни судга оширилишига қарамай, на айбланувчи ва на унинг ҳимоячиси (яъни мен) ҳанузгача айблов хулосасини олган эмасмиз.

 

5 ноябрь куни вилоят прокурорига почта орқали юборилган Шикоят ва унга қилинган иловалар жиноят   ишини ёпиш учун етарли даражада асос бўла олишига мутлоқ ишонган ҳолда мен 11 ноябрь куни Тошкентдан Москвага учиб кетдим. Ҳ.Султонов менга телефон орқали уйиға суд котиби чақирув қоғози олиб келганини ва зудлик билан судга боришини, чунки суд бошланишини айтганини билдирди. Мен унга бу   суд ноқонуний уюштирилаётганлиги сабабли судга бормаслик кераклигини уқтирдим.

 

Шунда мен нима сабабдан   И.Албеков ишни судга   оширганлигини яширганига   тушундим. Ўз жиноятларини суд орқали яшириш мақсадида Зомин прокурори ҳам, вилоят прокурори (ёки унинг 1-ўринбосари Тўйчи Ҳайталиев) ҳам ишни ноқонуний бўлсада судга оширишга шошилганлар ва судни ишни қабул қилишга мажбурлаганлар. Бу ишни суд ишюритувига қабул қилган жиноий ишлар бўйича Жиззах шаҳар судининг раиси Неъмат Бобожонов ҳам ОДИЛ СУДга нисбатан жиноят содир этди.

 

И.Албеков, Р.Муҳитдинов (ёки   Т.Ҳайталиев), Н.Бобожоновлар ЎзР   ЖПК 51-моддаси 1-қисмининг 6-бандида: «давлат айбловчиси …   иштирок этаётган ишда … ҳимоячининг иштирок этиши ШАРТ» – дейилганини билишмайди деб ўйлайсизми?. Жуда яхши билишади. Бироқ ўзларининг қонунбузарлигини, ОДИЛ СУДга   нисбатан жиноят содир этганларини яшириш учун улар навбатдаги қонунбузарликни бўйинларига олганлар.

 

Иш судга оширилганидан кейин ЎзР ЖПК 396-моддасига асосан “жиноят ишини судда кўриш учун тайинлаш” масаласини ҳал қилиш чоғида судья айбланувчига нисбатан қуйидаги ҳолатларни аниқлаши лозим:

2) ишни тугатиш …га сабаб бўладиган ҳолатлар йўқми;

3) ишнинг суд мажлисида кўрилиши учун асослар етарлими;

4) … дастлабки тергов ўтказиш чоғида ЎзР ЖПКнинг талабларига риоя қилинганми.

 

Н.Бобожонов ўз профессионал бурчини виждонан бажарганда эди, у иш материалларини қўлга олгандаёқ бу ишни судлов иш юритувига умуман қабул қилиш мумкин эмаслигини аниқлаган бўлар эди. У юриспруденциянинг:

Асоси ва сабаблари сохта ҳужжатга асосланган жиноий иш судда кўрилмайди – деган АКСИОМАсини билмайди, деб ўйлаш хато – билади, билганда ҳам жуда яхши билади. Бироқ мамлакат, ва демак, унинг ОДИЛ СУДИ «веспасианлик даври»ни бошидан   кечираётган пайтда суд ҲАҚИҚАТНИ изламайди, у маълум доираларга хизмат қилади.

Шундай қилиб, асоси ва сабаблари сохта ҳужжатга асосланиб қўзғатилган 22-503/02-1444-сонли   жиноий ишни қонун бўйича дарҳол   ЁПИШ ўрнига вилоят прокуратураси   уни судга оширишининг асосий сабаби прокуратура йўл қўйган қонунбузарлик ва жиноятларни ЯШИРИШДИР. 

  Жиззах вилоят прокуратураларида қонунбузарликларнинг кўламини ҳатто битта жиноий ишда кўриш   мумкин. Мазкур ишдаги жиноятчи қонунбузарларни яна бир марта кўрсатиб ўтамиз:

1)   Биринчи     позицияда     сўзсиз  бу ишни сохтакорлик билан   қўзғатган Жиззах шаҳар прокурорининг катта ёрдамчиси Бобур Тўйчиев туради. Бироқ Б.Тўйчиев асосий фигура эмас – у фақат заказ бажарган;

2) Иккинчи   позицияда,   ишда   номи қатнашсада, бироқ сояда қолиб кетган, Жиззах туман прокурорининг ўринбосари Ҳабибулла Турғунов туришига шўбха йўқ;

3) Тоҳир Ғаниев – Жиззах шаҳар прокуратураси терговчиси;

4) Амир Янгибоев – Зомин туман прокуратураси терговчиси;

5) Инатулла Албеков – Зомин туман прокурори;

6) Равшан Муҳитдинов – Жиззах вилоят прокурори;

7) Фарход Қулматов – Жиззах туман прокурори;

8) Неъмат Бобожонов – Жиноий ишлар бўйича Жиззах шаҳар судининг раиси;

9) Ҳамид Ҳамдамов – Жиноий ишлар бўйича Жиззах шаҳар судининг судьяси;

10) Тўйчи Ҳайталиев – вилоят прокурорининг собиқ 1-ўринбосари (ҳозирги кунда Сурхандарё вилоят прокурори).

 

         x

Чорасиз қолган ҳимоячи нима қилиши керак?

 

Бутун дунёда тергов ва суд хатоси учрайди. Инсон субъективизми иштирок этган ҳар бир соҳада хато бўлмасдан иложи йўқ. Фақат давлат қароқчилиги бўлмаган, адолат ва ОДИЛ СУД қарор топган мамлакатлардагина бу хатолар тузатилади.

 

Жиноий ишни қўзғатиш, тергов ва судлов ҳаракатлари, айбланувчи, ҳимоячи ва бошқаларнинг шикоят ва аризаларига муносабат ЎЙИНДАН ИБОРАТ бўлган шароитда эса ОДИЛ СУД ва АДОЛАТ ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Мана мисол.

 

Менинг 25 сентябрьда Зомин туман прокурори устидан ёзилган Шикоятимга вилоят прокурори Р.Муҳитдинов жавоб бермагач, 19 октябрь куни мен унинг устидан Республика Бош прокурори Р.Қодиров номига шикоят йўлладим. Бош прокуратурадан «Прокуратура органларида терговни назорат қилиш бошқармаси» бошлиғи У.М.Ҳамиджонов имзоси билан жавоб келди. Бироқ, У.М.Ҳамиджонов менинг шикоятимни Жиззах вилоят прокурорининг 1-ўринбосари Т.Ҳайталиевга қайтариб, шикоят муаллифи, яъни менга жавоб беришни сўраган.

 

Бошқача айтганда, У.М.Ҳамиджонов менинг мактубимни мен кимнинг устидан шикоят қилган бўлсам, ўша ташкилотга юборган. Мамлакатнинг «Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонунда эса, бу – таъқиқланади. Бу билан ЎЙИН тўхтамади: Т.Ҳайталиев У.М.Ҳамиджоновнинг хатини Зомин туман прокурори И.Албековга жўнатган. Хуллас, менинг прокурор И.Албеков устидан ёзган шикоятим айланиб ўзининг қўлига келиб тушди.

 

Чорасиз қолган ҳимоячи нима қилиши керак? Қонунни менсимаслик, уни исталганча бузиш норма деб ҳисобланган шароитда қолган ягона чора – очиқ норозилиқ билдиришдир. Шу сабабли мен 20 ноябрь куни вилоят прокурорига хат ёзиб, 29 ноябрьдан бошлаб вилоят ҳокимлиги биноси олдида давомли норозилиқ пикети уюштиришимни эълон қилдим ва хат нусхасини Бош прокурорга жўнатдим.

 

Жиззах вилояти ҳуқуқ-тартибот органларида авж олаётган қонунбузарликларга ва хусусан Олимжон Тўраев исмли ёш йигитнинг 24 сентябрьда милиция ходимлари томонидан калтакланиши ва қамоқка олинишига қарши Жиззахда биринчи марта оммавий пикет 2004 йил 15 октябрьда уюштирилди. Бу пикетда 32 одам қатнашди ва у вилоят ҳокимияти олдида ўтказилди.

 

Ҳокимият пикетчиларга қарши махсус тайёргарликдан ўтган ҳамда собиқ совхоз директори Абдумажид Эргашев ва ўз вақтида вилоятда мафия бошлиқларидан бири бўлган Мамат Эрмонов бошчилигидаги 60 дан ортиқ ёшларни қарши қўйиб, пикетчиларни калтаклатди.

 

Бироқ, пикет халқаро резонансга сабаб бўлди: офиси Парижда бўлган «Инсон ҳуқуқлари халқаро федерацияси» ва офиси Женевада бўлган «Қийноқларга қарши халқаро ташкилот» раҳбарлари С.Каба ва Э.Соттас Ўзбекистон президенти И.Каримов номига очиқ хат ёзиб, ҳукумат пикетчиларни қўриқлай олмаганига ҳамда О.Тўраевни ноқонуний хибсда ушлаб турилганига қарши норозилик билдиришди. 27 октябрь куни О.Тўраев озодликка чиқди.

 

Ҳокимият доиралари бу мағлубият учун «қасд» олиш мақсадида кўп ўтмай «Жиззах ҳақиқати» газетасида Абдумажид Эргашев номидан «Ғаламислик миллатимизга хос эмас» сарлавҳали мақола чоп эттиришди. Бу мақолада инсон ҳуқуқини ҳимоя қилувчи пикетчилар «ғаламислар» деб қораланганлар.

 

29 ноябрь куни бошланадиган пикет вилоят ҳокимияти доираларини таҳликага солиб қўйди ва улар яна ўзларининг синалган усуллари – норозилиқка чиққан одамларга қарши ҳужум уюштириш йўлини танладилар. Мен ва менинг рафиқам эрталаб пикетга бориш учун кўчага чиққанимизда йўллар милиция ходимлари билан тўсилган, ҳар бир машина тўхтатилиб текширилаётган, ҳар бурчакда МХХ ва милициянинг фуқаро кийимидаги ўнлаб ходимлари ўғрига ўхшаб олазарак бўлиб турганини кўрдик.

 

Милиция ходимлари бизнинг қўлимиздан 20 дона плакатни тортиб олиш учун ҳокимиятгача бўлган йўлда икки марта ҳужум уюштиришди. Номаълум шахслар мени ва рафикамни уриб, ерга йиқитиб, плакатларни олиб қочишди. Калтак зарбидан менинг ўнг қобирғаларимдан бири лат еди.

 

Шу кунлик пикетда 20 га яқин одам қатнашди, пикетни кузатишга эса Американинг «Хьюман Райтс Вотч» ташкилотининг вакили Жиззахга етиб келди. Пикетчилар олдига вилоят прокурори Р.Муҳитдинов чиқиб келди. Бироқ у менинг: «Нега Сиз менинг 12 сентябрьда, 4 ноябрьда ёзган хатларимга жавоб бермадингиз?» деган саволларимга жавоб бера олмади.

 

Вилоят ҳокимияти доиралари таҳликага тушиб қолганлари очиқ сезилди.

 

Ҳамиджон Султоновга қароқчиларча ҳужум

 

1 декабрь кунига келиб ҳокимият олдида икки сана – Конституция куни (8 декабрь) ва Олий Мажлисга сайловлар (26 декабрь) – турар ва яқинлашиб келар эди. Шу куни эрталаб соат 800 да Ҳамиджон Султонов менинг уйимга чиқиб, мен билан 20 минутлар чамаси гаплашиб ўтирди. Сўнгра хайрлашиб, кўчага чиқди.

 

Бир неча минутдан кейин кўчадан кимнингдир жуда қаттиқ бақиргани бир неча лаҳза эшитилиб турди. Кўчага югуриб чиқиб, мен Ҳ.Султоновни 6-7 милиция ходимлари давлат номери 13 F 06-63 бўлган «валюта» рангли «Нексия» автомашинасига босиб олиб кетаётганини кўрдим. Воқеа тафсилоти бундай бўлган.

 

Ҳамиджон кўчага чиққач, унинг олдига милиция участка нозири Эркин Қорабошев келиб, “Сизни туман ҳокими Суннат Ўроқов кутиб турибди, у Сиз билан гаплашмоқчи”, деган. Ҳоким ўтирган бино менинг уйимнинг рўпарасида, кўчанинг нариги томонида бўлиб, унинг бир қисмида «Милиция таянч пункти» ҳамда «Тоқчилиқ фуқаролар йиғини» маъмурияти жойлашган.

 

Участка нозирининг гапига ишонган Ҳамиджон кўчани кесиб ўтиб, бинога яқинлашганда, шу ерда кутиб турган милиция ходимлари уни чалиб йиқитишади. Устига ташланган милиционерлар унинг қўлига кишан солиб, шу ерда турган машинага зўрлаб тиқишади ва Жиззах шаҳар ички ишлар бўлимининг ушланганларни вақтинча сақлаш изолятори (ВСИ) га олиб кетишади.

 

1 декабрь куни мен ВСИ, вилоят ички ишлар бошқармаси ва вилоят прокуратурасига борганлигим сабабли пикет ўтказилмади. Пикетлар 2, 3 ва 6 декабрь кунлари давом эттирилди.

 

Декабрнинг бошларидан бошлаб Жиззах шаҳар кўчаларида коммунистик руҳдаги «Конституция – бахтимиз кафолатидир» каби шиорларни кўриш мумкин эди. Мамлакат сохта байрамга тайёргарлик кўраётган эди.

 

7 декабрь куни эрталабдан «Тоқчилиқ фуқаролар йиғини» маъмурияти жойлашган бино олдида кўплаб одамлар ва машиналар йиғила бошлади. Тез орада у ерда одамлар сони 100 дан ошиб кетди. Кўчаларда кожанка куртка ва кепка кийган ёш йигитлар кўпайиб кетди. Тўпланаётган одамлар кайфиятида қандайдир таранглик сезилар эди.

 

Соат 915 ларда навбатдаги пикетга бориш учун мен ўғлим Олим Якубов билан кўчага чиқдик. Дарҳол бизнинг ортимиздан машиналар ва одамлар эргашди. Дастлаб бизнинг олдимизга Жиззах туман фахрийлар кенгаши раиси Карим Соатов ва Ўзбекистон қаҳрамони Парда Зиётов келишди. «Нима гап?» деган саволимга: «Нима кераги бор пикет қилишни? Халқнинг тинчлигини бузишнинг кимга кераги бор?» – деб жавоб беришди. Биз йўлда давом этдик.

 

Тахминан бир километрча юриб, мен ва ўғлим Кўтарма кўчасига бурилдик. Бу орада 10 дан ортиқ «Дамас» ва «Нексия» машиналарида қандайдир одамлар бизни таъқиб қила бордилар. Уларнинг орасида Ўзбекистон қаҳрамони Марат Зокиров ва собиқ Жиззах вилоят ижроқўмининг раиси, 3-4 йил илгари ҳожи бўлган Ўктам Олимовлар фаоллик кўрсатар эдилар.

 

Кўтарма ичида бизни Карим Соатов қувиб ўтиб, олдимизни тўсиб чиқди ва: «Тўхтанг! Мана шу ердан жилма! Энди ҳеч ёққа бормайсан!» – дея бақира кетди. Бу орада атрофимизга кетма-кет кўплаб машиналарда одамлар келиб тўша бошлади. Улар ичида МХХ ва ИИБ нинг фуқаро кийимидаги ўнлаб ёш ходимлари ҳам бор эди. К.Соатов уларга: «Ўранг буларни!» – деб бақирди. Биз қуршовда қолдик. Атрофимизда баъзиларининг юзида нафрат, баъзиларининг юзида тушунмаслик, баъзиларининг юзида эса таҳликани сезиш мумкин эди.

 

Кўтарма кўчасида тўпланган одамлар орасида нотанишлар кўп бўлиб, улар орасида Раваллиқ ва Тоқчилиқдан ҳам одамлар оз эмас эди. Масалан, ҳоким Суннат Ўроқовнинг тоғаси Одил ҳожи ва унинг ўғиллари Тўйчи, Рустам, Акрам ва Ситам, ҳокимнинг акаси Хайрулла Абдуллаев ва унинг ўғиллари Лутфулла, Ҳабибулла ва Сағдулла, ҳокимнинг иккинчи тоғаси Қосим Раҳимов, ҳокимнинг яқин қариндоши Фурқат Расулов, синфдош дўсти Азим Эргашев, 10 дан ортиқ аёллар бор эди.

 

Улардан ташқари илгари совет ва компартия идораларида ишлаб келган Ислом Хушиев, собиқ ҳоким Муқим Ҳасанов, тадбиркор, ҳокимнинг қўшниси Исмоил Холматов, қишлоқ фуқаролар йиғини раиси Ёқуб Мирзаев, масжид имоми каби 50-60 дан ортиқ одамларни буерда кўриш мумкин эди. Икки қишлоқ мўйсафид қарияларини мажбур қилгандай бир неча машиналарда олиб юришиб, уларни менга қарши гапиришга даъват этишар эди.

 

Энг қизиғи, тўпланганлар орасида кўриниши жудаям ёмон ахволда бўлган, яъни юзлари шилинган, қонаган дайди одамлар ва алкашларни ҳам кўриш мумкин эди. Шуларнинг бири ўзини «бродягаман» деб таништирди-да, «мени 1997 йилда шу одам қаматтирган, бу одам – ваҳҳобий» деб даъво қила бошлади.

 

Катта кўчада 15-20 минутлар чамаси стихияли «мажлис» давом этди. Бу шармандали кўча «мажлисини» шу ерда яшайдиган ўнлаб одамлар, кўчадан ўтган машиналардаги йўловчилар кўришди. Шундан сўнг пикетга бориш имкони йўқлигини сезиб, мен ўғлим билан ортга қайтдим. Биз уйга етиб келганимизда рўпарадаги бино олдида ўнлаб машиналар ва юқорида айтилган оломон тўпланиб турар эди. Уйимнинг дарвозаси олдида Олимни ҳокимнинг қариндош-уруғларидан 6-7 та дарғазаб ёш йигитлар ўраб олишди ва таҳдид сола бошлашди. Мен орага тушиб вазиятни юмшатишга ҳаракат қилдим.

 

Тахминан соат 10 ларда рўпарадаги бино кутубхонасида туман ва вилоят ҳокимлари уюштирган «мажлис» бошланди. Тўрда стол ортидан И.Хушиев, М.Ҳасанов ва Ў.Олимовлар жой олишди. Кўпчилиқ хонага сиғмай коридорда ва ташқарида туришди. «Мажлис»ни Ўктам ҳожи Олимов олиб борди.

 

Ҳозир сўзни Толиб акага берамиз, у киши гапирсин, эшитайлик, масалани бирга муҳокама қилайлик, – деб раислик қилувчи сўзни менга берди. Мен Жиззах вилояти прокуратураси, бир неча туман ва шаҳар прокуратуралари ва Жиззах шаҳар судида 22-503/02-1444-сонли жиноий иш юзасидан бўлаётган жиноятлар ҳақида ўтирган ва тик турганларга гапириб бердим. Кўпчилиқ бу ерга ҳоким ва унинг «шестёрка-югурдаклари» томонидан алдаб, чалғитиб Жиззах ва бошқа туманлардан олиб келинганлиги сабабли, масала моҳиятини эшитгач, уларда тушуниш пайдо бўлди ва уларнинг кайфияти ўзгарди.

 

Ўктам ҳожи бошқаларнинг фикрини сўрай бошлади, бироқ ўзини фермер деб таништирган ва икки гапининг бирида Ўзбекистон Республикаси Омбудсмани Сайёра Рашидова номига мадҳия ўқиётган Инобат Мелиева деган шанғиллоқ аёлдан бошқа деярли ҳеч ким сўзга чиқмади. Одамлар кимга мой, кимга жон қайгуси эканлигига тушуниб туришган эди. Раваллиқ элининг элликбошиси Қувват ака Эргашев ўзининг қисқа чиқишида мени тўлиқ қўллаб-қувватлади.

 

Юқорида айтганимдек, ҳоким оломонга қўшиб бродяга, алкаш ва наркоманларни ҳам уюштириб олиб келган. Афти қонаган, ўзини «бродяга» деб таништириб, «мени бу одам 1997 йили қаматган, бу одам – ваҳҳобий» деб важ қилаётган, ёши қирқларга борган йиғит раис столи олдида туриб олиб мени ҳақорат кила бошлади. Бироқ, Ўктам ҳожи бунга эътибор ҳам бермасликка ҳаракат қилди. Мен бродягани чиқариб юборишни талаб қилдим. У «мажлис»дан чиқариб юборилди.

 

«Мажлис»да компромисс қарор қабул қилинди: 9 декабрь куни вилоят прокурори мени қабул қиладиган, мен эса 7-8 декабрь кунлари пикетга чиқмайдиган бўлдим.

 

9 декабрь куни эрталаб соат 10 да мени вилоят прокурори Равшан Муҳитдинов қабул қилди. Мен дарҳол мақсадга кўчиб, сохта қарор билан қўзғатилган 22-503/02-1444-сонли жиноий ишни ёпишни ва Ҳ.Султоновни шу бугун озод этишни талаб қилдим.

 

Бироқ прокурор мазкур ишни сохталаштиришда прокуратура ва суд органларининг камида ўн ходими, хусусан ўзи ҳам, жиноят содир қилганини яхши билгани сабабли, ўзи ва бошқа жиноятчиларни жазодан қутилтириш учун: «Иш судда, мен уни қайтариб ола олмайман, иш судда кўрилиши керак» – деди.

 

Мен: «Сиз олий даражали юрист ҳамда прокурор сифатида бу жиноий иш судда кўрилиши мумкин эмаслигини биласиз-ку! У сохта асос ва сабабга кўра қўзғатилган-ку» – дедим. Прокурор: «Сохта бўлсаям, иш менинг қўлимда эмас, буёғини суд ҳал қилади» – дея ишнинг сохталигини тан олди.

 

Бироқ, у вилоятда юқори лавозимли шахс бўлишига қарамасдан, қонунлар ишламаётган шароитда, у умумий корпоратив манфаатларни кўзловчи қоидаларга бўйсунушини, ҳақиқатни руёбга чиқариб, жиноий ишни ёпса ва Ҳамиджон Султоновни озод этса, у ҳолда юқорида исмлари санаб чиқилган жиноятчилар уни аяб ўтирмаслигини яққол билдирди.

 

Бизнинг сўҳбатимиз шу билан тугади.

Кимга мой қайгуси?

 

Вилоят ҳокимияти олдида пикет бошлаш ҳақида 20 ноябрьда эълон қилинганига қарамай, 28 ноябрь кечигача ҳокимият ва бошқа давлат идоралари томонидан бирор бир сезиларли қаршилик бўлмади. Актив ҳаракат 28 дан 29 ноябрьга ўтар кечаси бошланди. Шу кечаси соат 100 да менинг уйимга ёш ҳоким, тоқчилиқлик Суннат Ўроқов ва Пўлат Соатов деган йигит кириб келишди.

 

Сўҳбат эрталаб соат 5 гача давом этди. Мен қўшним раваллиқлик Ҳамид Султоновнинг устидан асоссиз, ноқонуний жиноий иш очилгани, прокуратура ва суд органлари атайлаб ОДИЛ СУДГА нисбатан оғир жиноят содир этаётганини гапириб бердим.

 

Сўҳбат ўзаро ҳурмат даражасида борган бўлса-да, меҳмонлар пикетни маълум бир вақтга қолдиришни талаб қилдилар. Мен эса уларга «биз норозилиқ пикетига эрмак учун, бекорчилиқдан чиқмоқчи эмаслигимизни, бизни бу қадамни қўйишга вилоят прокуратураси ва Жиззах шаҳар суди раҳбарлари мажбур қилишмоқда; мен ҳимоячи сифатида Р.Муҳитдинов ва Н.Бобожоновдан ноқонуний бир нарсани сўраётганим йўқ, аксинча, ноқонуний, сохта қарор билан қўзғатилган жиноий ишни ёпишни талаб қилмоқдаман» – дедим ва пикет албатта ўтиши, бизнинг ниятимиз қатъий эканини айтдим.

 

Мен 2 соат ухлашга муваффақ бўлдим, ҳолос. Эрталаб соат 7 – 715 ларда уйимга ҳокимнинг тоғаси Қосим ҳожи Раҳимов ва қўшниси, тадбиркор Исмоил Холматовлар кириб келишди. Шу куни (29 ноябрь) эрталаб ҳокимнинг акаси Хайрулла Абдуллаев элга ош бераётгани сабабли улар ярим соат ўтиришди, ҳолос. Мақсадни Қосим ҳожи ойдинлаштирди:

 

– Суннатни туман ҳокими этиб тайинлаётганда, вилоят ҳокими Убайдулла Ёмонқулов унга: «Сенинг территориянгдан ҳеч қанақа гап чиқмаслиги керак, шундагина сен ҳоким бўлиб ишлайсан» – деган. Тушунинг, бу ёш ҳоким, жувонмарг бўлиб кетиши мумкин, Толиб ака. Пикетни бир мунча кунга кейинга суриш мумкинми?

 

Жойи келганда айтиш керак-ки, Жиззах туман ҳокими Комил Қобилов сентябрь ойининг охирида ишдан бўшатилиб ва унинг ўрнига Суннат Ўроқов тайинланди. 12 сентябрда Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти (ЎИҲЖ) раҳбарияти Жиззах вилоят прокурори Р.Муҳитдиновга иккита хат юбориб, саккизта лавозимли шахс, жумладан, вилоят ҳокими Убайдулла Ёмонқулов устидан жиноий иш қўзғашини сўраган, ҳамда Интернет орқали «Қутурган ҳоким» номли мақола тарқатган эди. Вилоят ҳокими июль (А.Навоий колхози боғида) ва август (ҳокимиятнинг кичик мажлислар залида) ойларида фермерларни калтаклаган. Бу газандалик турли лавозимли шахслар, хусусан, вилоят хўжалик суди раиси кўзи ўнгида содир бўлган.

 

Шу мақола юзасидан сентябрь ойининг иккинчи ярмида Жиззах шахрига Республика прокуратурасидан текширувчи бригада келган. Бироқ, текшириш натижаси ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ. На Р.Муҳитдинов ва на Бош прокурор ЎИҲЖ раҳбариятига жавоб бермади.

 

Табиий, ЎИҲЖ нинг бу мактуби ва мақоласи вилоят ҳокимига ёкмаган. У мени Тоқчилиқ маҳалласидан эканимни яхши билганлиги сабабли, ишончли манбаъларнинг айтишича, туман ҳокимини ўзгартириб, янги ҳокимни атайлаб Тоқчилиқ қишлоғидан тайинлаган. Бошқача айтганда, вилоят ҳокими менинг Жиззах вилоятида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича фаолиятимни ҳамқишлоғим Суннат Ўроқовнинг қўли билан буғмоқчи бўлган.

 

Табиий-ки, порахўрлик, ошна-оғайничилик, коррупция, маҳаллийчилик каби ижтимоий иллатлар ўта ҳақалак отган мамлакатда янги пайдо бўлган ҳоким атрофида дарҳол МОЙ ҚАЙГУСИДА юрган одамлар тўпланади. Улар ёрдамида туман ҳудудида моддий бойликлар унадиган («пул чиқадиган») жойлар қайта тақсимланади.

 

Масалан, ҳамма вақт пахта экиладиган туманларда «пул чиқадиган» жойларнинг бири пахта тозалаш заводларида чигит ва чанғарок (мол учун яхши озуқа) цехлари бўлиб, бу цехларда товаровед бўлиб ишлаган одам учун бу хазина топиш билан баробардир. Бу ўрин совет даврида ҳам ошна-оғайничилиқ орқали эгалланган ёки сотиб олинган.

 

Мен меҳмонларга яна Ҳамиджон Султоновга нисбатан қилинаётган адолатсизлик ҳақида гапирдим. Бироқ улар Ҳамид Султонов ҳақида эмас, балки ҳоким Суннат Ўроқовнинг репутацияси, осойишталиги ва орттиражак обрў-эътибори ҳақида ўйлар эди. Қўпол қилиб айтганда, уларда МОЙ ҚАЙҒУСИ эди, ҳолос.

 

28 ноябрь куни кечкурун ЎИҲЖ Жиззах туман бўлимининг раиси Мамиржон Азимовнинг уйиға Тоқчилиқ қишлоғининг 7 мўйсафиди боришган ва пикетга чиқмасликни талаб қилишган, бироқ Мамиржон бу талабни рад этган. Ўша куни Ҳамиджон Султоновнинг отасининг уйиға раваллиқлик 6-7 та оқсоқоллар бориб, яна ўша талабни қўйганлар, бироқ Оқилжон ака рад жавобини берганлар. 29 ноябрь куни эрталаб инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчилар уйлари олдида милиция ходимлари пайдо бўлган, йўллар назорат қилинган, машиналар текширилган.

 

Ёш ҳокимнинг ишонгани енгил табиатли аёллардир

 

10 декабрь куни соат 10 дан бошлаб мен ва ўғлим вилоят ҳокимлиги олдидаги пикетни давом эттирдик. Сал ўтмасдан бизнинг сафимизга Ҳамиджон Султоновнинг опаси Гулбаҳор ва синглиси Мавжуда, Пахтакор туманидаги «Навбахор» посёлкасида истиқомат қилиб, фермерлик билан шуғулланувчи, ЎИҲЖ аъзолари Саида Қурбонова ва Хуршида Тоғаева, ЎИҲЖ Жиззах туман бўлими раиси Мамиржон Азимов келиб қўшилдилар.

 

Ушлаб турилган плакатларда «10 декабря – Международный день защиты прав человека. Но их нет в Джизакской области», «Ҳамид Султоновга озодлик!», «Свободу Хамиду Султонову!», «Прокурор Р.Муҳитдинов 22-503/02-1444-сонли жиноий ишда тамоман прокуратура ва суднинг жиноятчи ходимлари томонида!», «Жиззах шаҳар суди раиси Неъмат Бобожонов ва судья Ҳамид Ҳамдамовлар ОДИЛ СУДГА нисбатан қилган жиноятлари учун жавобгарликка тортилиши керак!» каби сўзлар ёзилган эди.

 

Пикет бошланишидан 20 дақиқалар ўтгач, бу ерга АҚШ элчихонасининг вакили Джулия Ким хоним ташриф буюрди ва пикетчилар билан сўҳбатлашди. Америкалик вакил борлигида фуқаро кийимидаги махсус хизмат вакиллари майдонда кўринмас, пикетчилар осойишта турар, кўпгина ўтган-кетган одамлар пикетчилар қўлидаги плакатларга қизиқиш билан қарашар эди.

 

Джулия хоним жўнаб кетганлан кейин пикетчилар олдида турли шўбҳали одамлар кўпайиб кетди. Тахминан соат 1130 ларда дастлаб уч эркак киши плакатларни яқиндан ўқиш баҳонасида пикетчиларга яқинлашиб, бир онда 2-3 плакатларни йиртиб ташлаб, қочишди. Сўнгра бир зумда пайдо бўлган 10-12 та енгил табиатли аёл қийқириқ билан пикетчиларга ташланиб, қолган плакатларни ҳам йиртиб ташлашди.

 

Провокацияга учраган пикетчилар тарқалиш учун рўпарадаги Драматик театр олдига ўтишди. Пикетчилар ортидан ҳалиги аёллар эркакчасига сўқиниб, «Тўхта! Нега қочаяпсизлар? Тўхта, гаплашиб оламиз!» дея келишар эди. Драма театри олдига 10 метрлар қолганда улар пикетчиларга жисмоний ҳужум бошлашди.

 

Қароқчи аёллар уларни уриб йиқитиб, тепкилаб, сочларидан судраб, юзларига чангал солиб юлишар эди. Гарчи 30-40 метрлар масофада вокеани ҳоким Суннат Ўроқов ва Жиззах шаҳар ички ишлар бўлими бошлиғи Олим Қосимовлар бемалол кузатиб туришса-да, атрофда бирорта ҳам милиция ходими кўринмас эди.

 

Драма театрининг ортида, ундан 150 метр нарироқда 8-сон милиция таянч пункти жойлашган бўлиб, пикетчиларни ўргатилган, шу мақсадда милиция томонидан фойдаланиладиган қароқчи аёллардан қутилишнинг бирдан-бир чораси шу масканга етиб олиш эди.

 

Драма театри олдидаги калтакланишдан зўрға қутулиб, милиция пункти томонга кетаётган пикетчиларни қароқчи аёллар яна қувиб етиб, калтаклай бошладилар. Уларнинг 3-4 таси Саида Қурбоновани ушлаб туриб, бошқа бири унинг қулоғидаги тилла зирагини ечиб олишига ва қўлидаги пакетни тортиб олишига имкон яратишди. Бу пакетда Саиданинг хусусий фермер хўжалигининг кўпгина ҳужжатлари бор эди.

 

Шундан сўнг безори аёллар орқага қайтишди. Пикетчилар 8-сонли милиция таянч пункти олдига борганларида у тақа-тақ берк эканлигини кўрдилар. Бир нарса: ҳоким Суннат Ўроқов бошчилигида милиция томонидан уюштирилган аёллар ҳужуми жуда пухта режалаштирилгани тамоман аён бўлди. Бундай провокация икки йилдан бери Фарғона водийси вилоятларида пикетчиларга қарши ишлатилиб келмоқда эди. Хулоса қилиш мумкинки, енгил табиатли аёллар Ўзбекистондаги репрессив режимнинг асосий таянчига айланиб бормоқда.

 

Аммо, Суннат Ўроқовга ўхшаган калтабин ҳокимлар шуни яхши тушуниб етишлари керак-ки, вақти келиб улар тарих ва халқ олдида жавоб берадилар. Ҳозирги пайтда улар пичоғи мой устида эканидан фахрланиб ва кибрланиб, ўнги-сўлига қарамасдан, жазоланмаслик туйғуси билан жиноятлар содир этишга киришиб кетишди. Вақти келиб, жавоб беришга тўғри келганда уларга на ҳокимлиги ва на ҳожилиги ёрдам бера олмайди.

 

Суннат Ўроқов ҳоким сифатида ўз фаолиятини зўравонлик, фитна, тинч йўл билан қонун бузилишига нисбатан норозилик билдирувчиларга қарши енгил табиатли аёлларни ишқаш йўлини танлади. У Ўзбекистондаги зўравон режимнинг типик вакили эканлигини яққол намойиш қилди.

 

Суннат Ўроқов коммунист ҳожилар каби миясида ҳалиям совет давридаги менталитет билан юрганини 1 декабрь куни Тоқчилиқ фуқаролар йиғини биносида кўрсатди. Ўша куни эрталаб у Ҳамиджон Султоновнинг яқинларини чақириб, уларга шундай деган:

 

– Сизларни Толиб Ёқубов алдаяпти, унга ишонманглар. У шу йўл билан чет элдан минг-минглаб доллар пул олади.

 

10 декабрьда ёш ҳоким пикетчиларга қарши енгил табиатли аёлларни уюштирар экан, у ҳатто 10 декабрь – Инсон ҳуқуқлари халқаро куни эканини билган ҳам эмас. Айнан 1948 йил 10 декабрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) Нью-Йорк шахрида, ўзининг Бош Ассамблеясида Инсон Ҳуқуқлари Умумжаҳон Декларациясини қабул қилганини, инсон ҳуқуқлари бўйича бу асосий халқаро ҳужжатга 90-чи йилларнинг бошида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов имзо чекканини бу маънавий қашшоқ ёш ҳоким билмаса ҳам керак!

 

Ўзбекистондаги ижро ҳокимиятини иккига бўлиш мумкин: 1) Президент ва 2) қолганлари (Бош вазир, вазирлар, куч салохиятига эга бўлган структуралар бошлиқлари, ҳокимлар ва ҳоказолар). Қизиқ, бири, яъни Президент, тинимсиз ДЕМОҚРАТИЯ, ҚОНУН УСТИВОРЛИГИ, ФУҚАРОВИЙ ЖАМИЯТ ҚУРИШ ҳақида гапиради, қолганлари эса бу ҳақда лом-мим дейишмайди. Улар нукул «ўзбекчилик», «ўзбекона, шарқона урф-одат», «ўзбеклар менталитети» ҳақида гапиришади.

 

Нега шундай? Нега Президент ДЕМОҚРАТИЯ ҳақида гапиради-ю, унинг қўл остидагиларнинг бирортаси нафақат бу ҳақда гапирмайди, балки мутлақо амал ҳам қилмайди? ДЕМОҚРАТИЯ – биринчи навбатда ҚОНУНЛАРГА АМАЛ ҚИЛИШДИР! Президент ва унинг қўл остидагиларнинг ДЕМОҚРАТИЯГА нисбатан икки хил муносабатини тушунтирадиган иккита вариант бўлиши мумкин, холос:

 

Биринчи вариант. Бу – атайлаб ташкил қилинган (яъни, содда тилда айтилганда, мен ДЕМОКРАТИЯ ҳақида гапиравераман, бироқ сенлар манфаатимизга мос, бизга керакли сиёсатни олиб бораверасанлар!).

Бу ҳолда Ўзбекистон келажаги учун, келажакда бўладиган ижтимоий портлашлар учун Президент жавоб беради, бутун жавобгарлик унинг гарданида бўлади;

 

Иккинчи вариант. Президент ДЕМОКРАТИЯ тарафдори-ю, лекин у пастда нималар бўлаётганини билмайди.

Бу ҳолни Бош министрдан бошлаб бутун қуйи ижро ҳокимияти Президентга қарши ишламоқда, деб тушуниш лозим. Бунинг асосий белгиси – оддий халқ орасидаги унга қарши оммавий норозиликлардир.

Бу ҳолда Президент:

а) ё бир гурух одамлар томонидан қўйилган қўғирчоқ шахс ва у вазиятни ўзгартира олмайди;

б) ё у ўз атрофи томонидан тўлиқ изоляция қилинган ва натижада халқдан, жамиятдан тўлиқ ажралиб қолган;

 

Бошқа вариант йўқ! Бошқа вариантни ким кўрсата олади?

 

ХУЛОСА: Кўриниб турган барча белгилари бўйича биринчи вариант тўғрига ўхшайди.

 

Ҳозирги кунда Ўзбекистонда коммунист ҳоким, коммунист ҳожи ва ҳожизодалар ҳукмрон бўлиб турибди.

 

Охирги сўз

 

Бугун, 10 декабрь куни, эшитишимизча, Ҳамиджон Султоновни суд қилиш учун уни Жиззах вилоятидаги жиноий ишлар бўйича Зафаробод туман судига олиб кетишган. Жиззах вилоятидаги суд органлари ўз жиноятларини давом эттирмоқдалар.

 

ЎзР ЖПК 391-моддаси (Жиноят ишининг ҳудудий жихатдан судловга тегишлилиги)ни тўлиқ матнини қуйида келтирамиз:

Жиноят иши жиноят содир этилган жойдаги судда кўрилади.

Жиноят содир этилган жойни аниқлаш имконияти бўлмаса, иш дастлабки тергов тамом бўлган ҳудуддаги суд томонидан кўрилади.

Узоққа чўзилган ёки давомли жиноятларга доир ишлар жиноят қайси ҳудудда тамомланган ёки тўхтатилган бўлса, шу ҳудуддаги суднинг судловига тегишли бўлади.

 

Айтингчи, жаноб прокурор ва судьялар, мазкур модданинг 2-қисми 22-503/02-1444-сонли жиноий ишга қандай алокаси бор? Нега у Зафаробод туман судига ўтказилди?

 

Жавоб жуда содда:

– биринчидан, мазкур иш фақат зўравонлик, қонунни бузиш ҳисобига судда кўрилиши мумкин;

–   иккинчидан, у қонун бўйича Жиззах шаҳар судида кўрилса, ҳокимият доиралари фуқаро (Ҳ.Султоновнинг қариндош-уруғлари, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва бошқа)ларнинг қаттиқ норозилигига учраши мумкинлигини тушунганлар. ВАССАЛОМ.

Ҳоким ва ҳокимчалар жиноятчи прокурорлар, судьялар, милиция ва МХХ ходимларига суянган ҳолда мени ва пикетларда мени қўллаган одамларни қўрқитмоқчилар. Бироқ, ОВОРА БЎЛАДИЛАР.

 

Тарих ғилдираги ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ ва ЭРКИНЛИКЛАРИ, ДЕМОКРАТИЯ, ҲУРФИКРЛИЛИК томон изчил ҳаракат қилаверади. Уни инсоният тарихида ўтган бирорта диктатор тўхтата олмаган.

 

Ўзбекистонда ҳам буни уддасидан чика олмайдилар!

Кўзингизни очинг, ҳожилар ва мой қайғусида юрган қассоблар!

 

10 декабрь, 2004 й.

 

 

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s