10.11.14-Янги СУД. Ғайбулла Жалилов тағин жавобгар қилинмоқда

14 ноябрь 2010 й.

В условиях отсутствия справедливости и правосудия

государство превращается в шайку разбойников

Августин Аврелий

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти Қашқадарё вилоят бўлимининг

 

БИЛДИРИШНОМАСИ

 

Ғайбулла Жалилов тағин жавобгар қилинмоқда

 

Қашқадарёлик Инсон ҳуқуқлари курашчиси Ғайбулло Жалилов тағин суд залида. 2009 йилнинг 5 сентябрь кунида ноқонуний тарзда қамоққа олинган ва 2010 йилнинг 18 январь кунида Жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилоят суди қарори билан 9 йиллик муддатга озодликдан маҳрум этилган Ғайбулла Жалилов ишида айрим “ноқислар” топилган кўринадики, бугун, 2010 йилнинг 30 июль кунида аниқланишича, икки хафтадан бери унинг устидан янги суд жараёни ёпиқ ҳолатда кўриб чиқилмоқда. Бу ҳақида маҳбуснинг укаси Нурмат Жалилов Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятига хабар қилди.

 

Жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилоят суди биносида судя Бекназаров раислиги остида кўриб чиқилаётган ушбу иш бўйича, айни дамдаги маҳбус Ғайбулла Жалилов Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 159 “а” ва “б” моддаларида айбланилаяпти. Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 159-моддаси қуйидагича тавсиф этилади.

 

159-модда. Ўзбекистон Республикасининг

конституциявий тузумига тажовуз қилиш

 

Ўзбекистон Республикасининг амалдаги давлат тузумини Конституцияга хилоф тарзда ўзгартиришга, ҳокимиятни босиб олишга ёхуд қонуний равишда сайлаб қўйилган ёки тайинланган ҳокимият вакилларини ҳокимиятдан четлатишга ёҳуд Ўзбекистон Республикаси ҳудудий яхлитлигини Конституцияга хилоф тарзда бузишга очиқдан-очиқ даъват қилиш, шунингдек, бундай мазмундаги материалларни тарқатиш мақсадида тайёрлаш, сақлаш ёки тарқатиш

энг кам ойлик иш ҳаққининг олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади;

 

Ҳокимият конституциявий органларининг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки уларни Конституцияда назарда тутилмаган параллел ҳокимият тузилмалари билан алмаштиришга қаратилган зўравонлик ҳаракатлари, шунингдек, давлат ҳокимияти ваколатли органларининг Ўзбекистон Конституциясида назарда тутилмаган тартибда тузилган ҳокимият тузилмаларини тарқатиб юбориш тўғрисидаги қарорларини белгиланган муддатда бажармаслик

энг кам ойлик иш ҳаққининг икки юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади;

 

Ушбу модданинг биринчи ёки иккинчи қисмида назарда тутилган қилмишлар:

а) такроран ёки хавфли рецидивист томонидан;

б) уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаган ҳолда содир этилган бўлса, –

беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади;

 

Ҳокимиятни босиб олиш ёки Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумини ағдариб ташлаш мақсадида фитна уюштириш –

ўн йилдан йигирма йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади;

 

Фитна тўғрисида ҳокимият органларига ихтиёрий равишда хабар берган шахс, башарти, кўрилган чоралар натижасида фитнанинг олди олинган бўлса, жазодан озод қилинади.

 

 

Жорий йилнинг 26 июль кунидан Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти (ЎИҲЖ) аъзоси Ғайбулло Жалилов Қашқадарё вилоят Касби туманинг Вақтинчалик Сақлаш Изольятори (ВСИ)да сақланмоқда ва унинг на яқин қариндошлари-ю ва на адвокатига у билан учрашишга ҳам рухсат берилмай келинаётганди. Бунинг сабаби энди равшан бўлди.

 

Ғайбулло Жалиловга нисбатан узоқ йиллик қўшимча қамоқ жазоси тайинланиши мумкин ва бу янги бўҳтонни имкон қадар оммадан сир сақлашга уриниш йўлида шу амалиёт қўлланилган экан.

 

2002 йилдан бери ЎИҲЖ нинг фаол аъзоларидан бири бўлиб келаётган Ғайбулла Жалилов Жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилоят суди ҳукми билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Колексининг 159-моддаси 3 қисмининг “б” банди, 2441– модданинг 3 қисмининг “а”, “б” бандлари ва 2442– модданинг биринчи қисмида кўрсатилган жиноятларни содир этганликда айблаган ва айни дамда у Жазони ижро этиш муассасаларидан бирида жазо муддатини ўтаб келаётганди.

 

Диққатингизни тағин ЎР ЖК нинг 159-моддасига қаратамиз. Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси шу кунларда айни модданинг “а” ва “б” моддаларида айбланмоқда. Мазкур моддадан иқтибос:

 

а) такроран ёки хавфли рецидивист томонидан;

б) уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаган ҳолда содир этилган бўлса, –

беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

 

Ўзбекистон суд ҳокимияти буюртмалар бажарадиган қандайдир бир органга айланганлиги сўнги ўн йиллар давомида ботма бот ўз исботини топиб келмоқда. Бу исботларга яна бир факт келиб қўшилаётганлиги шундан иборатки, Ўзбекистон қийноқ лагерларида жазо муддатини ўтаётган Ғайбулла Жалиловни рецидивист деб тан олинаётганлигидир. Рецедивист – бу такрор ва такрор жиноят ссодир қилиб келаётган кимса булиши керак эди. Мазкур ҳолатда маҳбус қамоқда бўла туриб ЎР ЖК 159-моддасида кўрсатилган жиноятни содир этиши мумкин эдими? Албатта йўқ! Аммо Ўзбекистон суд ва тергов органларини масаланинг бу томони қизиқтирмайди. Сталин даври қаттолларидан бири Лаврентий Берья айтганидек, “жиноят моддаси бўлса бас, одам эса топилади”.  

 

Зўрма зўраки усулда террорчига айлантирлган ЎИҲЖ аъзоси Ғайбулла Жалилов қачондир бир кун озод бўлишига умид камайиб бормоқда. Зеро, мамлакатдаги тоталитар режим билан дунёнинг ривожланган демократик давлатлари ҳамкорлик қилиб бораркан, улар Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари муаммоларига бугунгидек панжа орқасидан қарашни давом эттираркан, мамлакатимизда инсонларга қарши бўҳтонлар давом этаверади.