ҒОФУР ЖУМАНИЁЗОВ

02.05.09-ЎзР ИИ вазири ЎРИНБОСАРИ Р.ҚОДИРОВга

 

9 май 2002 й.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ИЧКИ ИШЛАР ВАЗИРЛИГИ

ЖИЭМ БОШ БОШҚАРМАСИ БОШЛИҒИ Р.Х.ҚОДИРОВГА

 

Муҳтарам Ражаб Ҳамидович!

 

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти (ЎИҲЖ) дастлаб УЯ 64/71, сўнгра УЯ 64/18, ҳозирда эса УЯ 64/3 ЖИЭМда сақланаётган маҳбус Жуманиёзов Ғофуржон Отаниёзович ҳақида Сизга бир неча бор мурожаат қилган эди.

 

Хусусан, ЎИҲЖни ташвишга солаётган жиҳатлар икки нарса бўлиб, биринчиси унинг соғлиғи масаласи бўлса, иккинчиси – унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Президентининг чиқарган амнистияларининг қўлланилмаётганлигидир.

 

Бундан бир неча кун илгари эри билан кўришишга борган Ибрагимова Муяссарнинг айтишича, Ғ.Жуманиёзовни унинг олдига икки одам кўтариб олиб келишган. У мустақил юра олмас, оёғи ва бели ночор аҳволда экан.

 

Бу аҳволга у дастлаб УЯ 64/71 зонасида, кейинчалик эса УЯ 64/18 Сангородда туширилган. Бу ҳақда ЎИҲЖ Сизга ариза билан мурожаат қилганда, ЖИЭМ Бош бошқармаси бошлиғи муовини А.Шодиев бошидан охиригача ёлғонга тўла жавоб хати йўллаб, гўёки Ғ.Жуманиёзов соғ-саломат, унга тегишли тиббий ёрдам кўрсатилаётгани ҳақида ёзган эди.

 

Мазкур хат ёзилгандан бир кун илгари М.Ибрагимова эрини УЯ 64/18 да кўрган. Унинг олдига эрини носилкада кўтариб олиб чиқишган.

 

Муовинингиз А.Шодиевнинг шахси ҳақида Ўзбекистон фуқаролари, жумладан ЎИҲЖ аъзолари ҳам кўп салбий гапларни эшитишган. А.Шодиев ЖИЭМ Бош бошқармаси системасида энг шафқатсиз, инсон ҳуқуқларини чақага ҳам баҳоламайдиган шахс эканлигини биламиз. У бизнинг шикоятимиздан кейин УЯ 64/18 га ўзининг одамларини юбориб, Ғ.Жуманиёзов ҳамда УЯ 64/18 маъмуриятига тазйиқ ўтказгани ҳам бизга маълум.

 

Шу сабабли, бу сафарги Сизга йўлланаётган мурожаатимиз А.Шодиев қўлига тушмайди деган умидимиз бор.

 

Муҳтарам Бошлиқ! Ғ.Жуманиёзов суд ҳукми билан 7 йилга озодликдан маҳрум этилган. 05.02.04 куни унинг қамоқда сақланаётганига 5 (беш) йил тўлди. Уни амнистиялардан маҳрум қилинишининг тагида ҳеч қандай асос йўқ, чунки деярли инвалид бўлиб қолган, деярли ҳаракатсизланиб қолган инсон қамоқхона ички тартибини бузишига ишониш қийин.

 

ЎИҲЖ Ғ.Жуманиёзовнинг амнистия билан озодликка чиқариш масаласини қараб чиқишни Сиздан илтимос қилади ва бу ишда Сиз инсонийлик ва инсонпарварлик жиҳатларини намойиш этасиз деган умид билдиради.

 

Толиб Ёқубов

 

ЎИҲЖ раиси