05-МИРРАХМАТ ХАТИ

       Ассаламу алайкум Толиб ака

 

Мен сиздан хат олганимдан хурсанд бўлдим, раҳмат!

 

Толиб ака, менинг бошимдан ўтган ишлар ҳақида мен сизга авваллари жуда ҳам кўп марта хат ёзганман, аммо сизнинг е-почталарингиз ҳам худди менинг почталарим каби кузатувда бўлганлигини эшитиб, очиғи бу “жиноятчи ва безбет ҳукумат малайларидан яна ҳам кўпроқ нафратланишимга   туртки бўлди.

 

Мен аввал сизга айтганманми ёки йўқми эсимда йўқ, аммо МХХ ходимлари, аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, Анвар исмли полковник 50-55 ёшдаги (МХХ марказий биноси 411-412 хонада ўтиради, бўлим бошлиғи) қўлидаги МХХ ходимлари менинг барча е-почталаримни кузатишган ва уяли алоқа ва уйимнинг ҳам телефонларини 2003 октябрь охиридан бошлаб (яъни мен Англиядан келган кунимда бошлаб) барча сўҳбатларимни эшитиб туришган, у ҳам етмагандек   орқамдан кузатишган, фотоларга ҳам олишган.

 

Мен   ҳалигача нега бундай менга қизиқиб қолишганини тушунмайман , балким мени чет-элда яшаганим ва Назаров Ҳусниддин билан дўст бўлганимга ҳам бўлса керакдир, аммо нима бўлганда ҳам МХХ ходимлари жуда ҳам кўп маротаба бу ишларни қилишади ва давом этишмоқда ҳам.

 

Толиб   ака, мен аввал сизга бўлган воқеаларни барчасини айтиб ўтгандим хатимда (агарда сизга эсон ОМОН етиб борган бўлса), аммо бошқаларга   сизга ишонганимдек ишонмайман, шунинг учун ҳам сиз билан маслаҳат қилмоқчи бўлгандим.

 

Яқинда, хабарингиз бўлса, тахминан 8-12-2004 й Шайхонтоҳур туманида 8 кишини суди бўлиб ўтди ва оқибатда улардан 7 кишини суд залидан амнистия туфайли озод қилишди.

 

Шу озод қилинганлар ичида 4 киши менга қарши ёлғон кўрсатма беришган, менда ўша кўрсатмаларнинг асл нусхасини сканер қилинган нусхаси ҳам бор ….қўшиб жўнатаман ушбу хатимга қўшиб.

 

Хуллас, мени эътиборимни тортган нарса ушбу айблов хулосасида гуёки мен 2003 йили ушбу судланган болалардан бир қанчасини диний гурухга аъзо бўлишга даъват этганмишман, у ердаги кўрсатилган муддатлар, кунлар ҳақиқатга тўғри келмайди , чунки мен 2003 январидан бошлаб Англияга ўқишга кетганман ва буни тасдиқ қиладиган ҳужжатларим ҳам бор.

 

Ўша айблов хулосасида гуёки мен ўша болаларни Ахунов Хусниддин исмли бола билан таништирганмишман (буни яна ўзингиз ўқиб чиқиб кўришингиз мумкин).

 

Мен айтмоқчи бўлганим МХХ ўзининг ифлос ниятини амалга ошириш учун мендан фойдаланмоқчи бўлди, уларни менга қўйган таклифи Англиядаги ўзбеклар, хусусан мусулмон ўзбеклар яшайдиган адрессларни уларга айтиш ва керак бўлса улар билан бирга бориб уйларини кўрсатишим эди

 

Мени 3-май куни ўз машинамда кетаётганимда Ўзбекистон ва Қозоғистон чегарасида, Черняевка ўтиш нуқтасида хибсга олдилар ва ўша куниёқ МХХ бош марказига олиб боришиб мендан ўзим билмаган ва танимайдиган кишилар ҳақида сўрай бошладилар

 

Мени ишимни катта лейтенант Юлдашев Мўмин исмли   МХХ терговчиси сўроқ қилди, мени хибсга олишганда ёнимда 1200$ ва «Нокия 6610» русумли уяли телефон бор эди, буларни ҳеч бирини ҳужжатларда кўрсатишмади, ҳатто эслаб ҳам ўтишмади.

 

Кейин мен билан бирга бўлган Исмоилов Элмирза Ускенбоевични   ҳам хибсга олдилар, унинг айби фақат мен билан бирга тижорат қилгани эди.

 

Мени 1-ярим кун даҳшатли қийнадилар, ҳатто икки қўлимни ҳис қилмай қолдим, фақат улар айтган ҳужжатларга қўл қўйганимдан кейингина, мени уйимга олиб   боришди.

 

Ўша пайтда ҳатто мени ва шеригимни ўғирлашмокчи бўлишганди, аммо   бахтимизга ўша куни бизни МХХ олиб кетаётганини бир шеригимиз кўриб қолади, у эса ўша куни биз билан бирга эди ва кочиб колишга улгурганди, у киши Қозоғистон фуқароси бўлганлигига ҳам унга тега олишмади ва бизни олиб кетишганини шундай қилиб яшира олмадилар.

 

4 май куни кечаси икки киши мен билан бизнинг уйга боришди, яъни тинтув қилиш учун, қўшниларимдан икки кишини чақиришиб, уйимизни тинтув қила бошлашди ва қандайдир кассеталар топишди, бу Обидхон Назаровнинг жума маърузалари эди, 3 та. Кейин Қуръон ва Ҳадис китобларимни ҳам протоколга ёзишиб, мени яна ўзлари билан олиб кетишди.

 

Мени қайта олиб кетишётганида дадам ҳам бораман дедилар ва биз бирга боргач, мени яна олиб кириб кетдилар ва менга ўша Мўмин шундай деди: ”Укам, ҳозир отанг билан уйинга   кетасан, фақат эрталаб 8-00 да шу ерда бўлгин, сен билан яна бир хўжайинимиз сўҳбатлашмоқчи, бу ерда бўлган гаплар агарда у ер бу ерда чиқиб қолса, билгин-ки, ўзингга ёмон бўлади “ деди.

 

Мени МХХ ўшанда Мавлонов Зафарга ва Маннонов Азизга ва яна Муминов Файзиддин исмли болаларга ёлғон кўрсатма беришга мажбур қилишди.

 

У кунларни эслаш ҳам менга қийин, билсангиз.

Хуллас мен шуни тушундимки, яъни МХХ нинг катталари қизиққанидан улар чет – элда юрган тинч ўзбекларга, яъни кўпроқ мусулмонларга қарши Ўзбекистондан туриб бир фитнани ўйлашётганди.

 

Негаки МХХ айниқса Англиядан кўп хавотир олмоқда, бу эса ҳозирда кўпчиликка маълумдир.

 

Хуллас, эртаси куни мен МХХга бормасликни маъқул кўрдим ва қочиб кетдим,   кейин нима бўлганини уйдагилардан сўрасангиз айтишади. Мен токи ҳозиргача бир жойда ўтира олмайман, ҳар дамда мени ҳаётим хавф остида.

 

Шунинг учун ҳам мен УВКБ га мурожаат қилдим, аммо у ерда ҳам Ўзбекистон тўғрисида кўп маълумот йўқдек туюлди назаримда, унинг устига менинг ишимни бир ёш тажрибасиз қизга беришди, у эса ўз ўрнида ўз ишига унчалик яхши ёндашмаяпти.

 

Мен уларга ҳамма воқеаларни айтиб бердим, ҳатто мендан кейин ёлғон айблар билан яқин дўстларимдан бир нечтасини мен туфайли хибсга олишганини ҳам тасдиқлаб бердим, аммо ҳали ҳам менга конкрет жавоб беришмади

 

Ўша УКВБ да ишлайдиган қизнинг айтишича менга отказ бериши ҳам ммумкин экан, улар менга ишонмасликлари мумкинмиш. Шунинг учун, Толиб   ака, мен сизни жуда ҳам кўп қидирдим.

 

Менинг дўстларимдан сиз биладиган Назаров Хусниддин ҳозирда йўқолиб қолган ва Сағдуллаев Шўҳрат Шавкатович, Ҳасанов Фарход,   Исмоилов Элмирзалар ҳам хибсга олиниб яқиндагина амнистия туфайли озод қилинганлар, уларнинг айтишича МХХ ходимлари мени қаердан бўлса ҳам топишни   уларга буюришган, акс ҳолда яна хибсга олишлик билан қўрқитишган.

 

Негаки, мен яқинда Сағдуллаев Шўҳрат билан хат ёзишгандим, маълум бўлишича у МХХ га мен билан хатлашганини айтган ва МХХ натижада   мен жўнатган хат орқали мени қайси шаҳардалигимни билиб қолган. Шундан кейин мен ўша шаҳардан яна ҳам узоқроққа кетишга мажбур бўлдим

 

Толиб ака, мен Виталий билан ҳам 2- марта кўришдим, ўйлашимча у фақат шундай юзаки кўрса керак деб ўйладим, менга конкрет ҳеч бир маслаҳат бермади. Сиздан илтимос, Толиб ака, иложи бўлса тез – тез хатлашиб турсак.

 

Тушунмаган саволларингиз бўлса айтаверинг. Мен ҳозирги ёзган хатим учун, агарда шошиб ёзган бўлсам, узр сўрайман

 

Ҳурмат билан Мираҳмат