02.05.22-УЙЛАРИ БУЗИЛАЁТГАН ОДАМЛАРНИ АХМОҚ ҚИЛИШ САНЪАТИ

22 мая 2002 г.                                                                   

                                                                        Адолат ва одил суд бўлмаган шароитда

давлат қароқчилар тўдасига айланади

Августин Аврелий

 

ЎЗБЕКИСТОН ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ ЖАМИЯТИ

МАТБУОТ МАРКАЗИНИНГ

 

БИЛДИРИШНОМАСИ

 

            Фуқароларнинг хусусий мулкига тажовуз қилган ҳукумат демократия ғоялари, инсон ҳуқуқлари, иқтисодда бозор муносабатларига содиқ эканлигини даъво қилишга, хусусий мулк даҳлсиз дейишга маънавий ҳаққи йўқ.

 

         Бугунги кунда  Тошкент шаҳрининг Миробод туманидаги “Оқ йўл” кўчаси бўйлаб ястаниб ётган уйлар ўрнида қумтепаларгина қолган, холос. Бир вақтлар бу ерда юзлаб одамлар яшашганига  бир қарашда ишонгингиз келмайди. “Оқ йўл” бўйлаб юрар экансиз, қурувчиларми ёки мардикорларнинг қолган-қутган уйлардан қолган чиқиндиларни тозалаётганликларига кўзингиз тушади. Яна бир манзара – бузиб ташланган уйлардан қолган қурилиш материалларининг арзонлиги боисиданми,  ҳар қадамда йўлни чангитиб ўтиб қолган енгил машина эгалари атайин тўхтаб, қандайдир ғиштми ёки металл эшикми, сўраган бўлади ва рад жавобини олгач, яна йўлни чангитиб жўнаб қолади. “Оқ йўл” кўчасида саноқли уйларгина бузилмай қолган. Бу уй эгалари айтишларича маҳаллий ҳокимиятнинг таклифларига рози бўлмай ўз ҳақҳуқуқларини талаб қилаётган кишилар экан. Пак Алла Васильевна  Оқ йўлкўчасидаги бузилмай қолган  100-а уйда яшайди. Алла Васильевна ўз норозилигини шундай баён қилади.

 

– Менинг 4 хонали катта уйим бор. Уй ичида каттагина дахлиз ва шинам ошхона бор. Ташқарида турли хил мевали дарахтларга бой каттагига ҳовлимиз ҳам бор. Олдин бизга уч кишига икки хонали уй беришга ваъда қилишди. Отам руҳий касал. Шу боис кейин бизга уч хонали уй бермоқчи бўлишди. Мен, эрим, ўғлим ва ақли ожиз отам билан бир хонада туришимиз ноқулай. Чунки у кишининг алоҳида хоналари бор бу ерда. Отам, истаган пайтда тутқаноғи тутиб қолиб, қўлига пичоқ олади ва мени болаларим билан қувиб чиқармоқчи бўлади. Бундай ҳолатда кўп қаватли уйда яшаб бўладими, дейди Алла Пак хоним.

 

         Унинг айтишича, ҳозир ўзлари яшаб турган уй эркин бозорда 30 минг доллардан кам эмас. Ҳокимият вакиллари уларга бузилаётган уй учун тўлов беришдан бош тортишган. Бу уйингизни бузиб сотинг –шунинг ўзи сизга компенсация бўлади, дейишган экан.

 

       – Миробод туман ҳокими Азиз Тўраевнинг айтишича бизга бузилаётган уйимиз учун тўлов берилмас, бунга ҳукуматнинг қурби етмас экан. Бу қанақаси, хусусий уйимизни бузишдан олдин ҳукумат бизни шундай уйлар билан таъминлаш масаласини ўйлаб кўриши керак эмасмиди, – дейди Алла Васильевна.

 

         Оқ йўл кўчасидаги 112-уйда яшовчи  Иса Гарифулинанинг эса фиғони фалакда.

       – Улар менга ишчилар ётоқхонасидан жой таклиф қилишаяпти. Сизни ишчилар ётоқхонасига олиб борамиз, ўша ерда яшайсиз, дейишаяпти. Мен бошида уларга бу ерда  ўзимнинг яхши хусусий уйим борлигини айтгандим. Улар эса бу бизнинг ишимиз, хоҳласак сизни уйингиздан қувиб чиқарамиз, дейишяпти. Мен эса бунга норозиман, – дейди Иса Гарифулина.

 

         Унинг айтишича, ҳокимият вакиллари яқинда 112-уйда яшовчи Николай Леоновни шундай кўчага ҳайдаб чиқаришган ва унинг хусусий уйини бузиб ташлашган. Ҳозирги кунда 40 йилдан буён яшаб келган ўз уйидан ҳайдалган шўрлик қария қаерларда юрганлигини бизлар билмаймиз, – дейишади собиқ қўшнилар.

 

         Ўз номини ошкор қилмаслигимизни сўраган аёлнинг айтишича Оқ йўл кўчасида қарийб бир ярим мингга яқин одам яшаб келган. Бугунги кунда уларнинг кўпчилиги уй-жойлар билан таъминланган. Таниш-билиши, чўнтагида пули борлар дарров йўлини топишди. Улар ҳокимият вакилларига пора қистириб бир қанча уйларга эга бўлиб олишди. Масалан, мен қўшни уйда қурилиш бошланмасдан руйхатда туриб олган 15 га яқин одамларни биламан. Ҳокимият уларни осонгина янги уйлар билан таъминлади. Бундан икки томон ҳам хурсанд. Чунки амалдорлар бу билан осонгина чўнтакларини қаппайтириб олишди. Бу ерда яшамаса-да ердан чиққан қўзиқориндак пайдо бўлган айрим фирибгарлар шу йўсинда уйли ҳам бўлиб олишди. Биз бундай қилолмаймиз. Чунки, бу ер, бу ватанда биз асосий умримизни ўтказдик. Ахир бу уйларни қуришга қанча меҳнатимиз сингган, дейди ҳалиги аёл.

 

        Наталья Александровна Макарова Оқ йўл кўчасидаги 100-уйда яшаб турибди. Унинг айтишича, Тошкентдаги Жанубий вокзалдан шаҳар чеккасигача солинаётган марказий йўл қурилиши боис бошланган бу ишлар олдин одамларни қувонтирганди. Оқ йўл кўчасида яшовчилар барчамизга уй-жойимизга тенг бўлган яхши уйлар беришса керак, деб ўйлаган эканлар. Лекин охир оқибатда бундай бўлиб чиқмади. Юзлаб одамлар бу ердан мажбуран ётоқхоналарга кўчирилди. Баъзи одамлар дўқ-пўписаларга учраб арзимаган ҳароба уйларни макон тутишди. Лекин ўз ҳақҳуқуқини талаб қилган одамлар албатта топилди. Бу эса маҳаллий ҳукумат учун кутилмаган ҳодиса эмас экан. Улар норозилик билдирганлар билан қандай муомала-ю мадора қилишни яхши ўрганиб олишган экан, – дейди Наталья Александровна.

 

– Мен шу йилнинг 10 апрелида Миробод туман ҳокимиятининг уй-жой бошқармаси бошлиғи Обидовга мурожаат қилиб, мен билан қонунга мувофиқ шартнома тузишларини талаб қилдим. Лекин жаноб Обидов аризамни қабул қилмади. Шундан кейин Миробод туман ҳокими Азиз Тўраевга бордим, у киши ҳам аризамга рад жавобини берди. Шундан сўнг мен мансабдор шахсларнинг ўз вазифаларига совуққонликларидан норози бўлиб фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судига мурожаат қилдим. Лекин суд ҳам бизни аризамизни қабул қилмади. Судда   аризамиз нотўғри тузилгани ва давлат божи тўланмаганлигини баҳона қилишди. Лекин бизнинг ҳаракатимизнинг барчаси асосли эди. Шундан сўнг мен аризамни почта орқали юборишга жазм этдим. Орадан кўп вақт ўтмай иккинчи арзномани кўтариб фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар судига борганимда, у ерда ҳам худди шу ҳолат такрорланди. Суд ходимлари мени икки соат у ёқдан бу ёққа югуртириб сарсон қилишди, лекин аризамни қабул қилишмади. Мен яна аризамни почта орқали юборишга мажбур бўлдим.

 

        – Менда ғоятда қайғули тажриба борлиги боис Ўзбекистон Олий суди биноси яқинига бориб юрмадим. Шу боис Олий суд раиси номига ёзилган аризамни яна почта орқали юбориб қўя қолдим. Буку майли, юқори давлат идораларида ҳам ахвол шундай экан. 20 майда уйлари бузилаётган 30га яқин одам хат орқали Президент маҳкамасига мурожаат қилгандик. У ердан хатни текшириб кўриш учун Миробод туман прокуратурасига юборишганлигини бизга маълум қилишди. Орадан бир ойдан ошиқ вақт ўтаяпти-ки бизга ҳеч қандай жавоб берилгани йўқ. Холбуки хатга 31 киши имзо чекканди. Уларнинг бирортасига жавоб хати юборилмаган, буларнинг бари Ўзбекистонда фуқароларнинг мурожаатига давлат идоралари муносабати қанақа эканлиги очиқ кўрсатади, – дейди Наталья Макарова.

 

         Наталья Макарованинг  4 хонали ҳашаматли уйи бор. Унинг уйида барча шароитлар муҳайё қилинган. Каттагина ҳовлисида деярли барча дарахт турларидан бор. Уй ҳайвонлари ҳам ўзига етарли.

 

– Менга Қўйлиқ бозори томондан вайрона ахволга келиб қолган уйни таклиф қилишди. Албатта рози бўлмадим. Кейин икки хонали уй таклиф қилишди, бу уй қора бозор курси бўйича 2 минг долларга яқин. Менинг уйим эса 16.000дан 20.000 долларгача баҳоланган. Шунча камомадни менга ким беради,- дейди у.

 

         – Уй-жой кодексига кўра давлат  қурилган уйжойимиз, дарахтларимиз учун маълум бир тўловларни амалга ошириши керак. Улар эса бизга давлатнинг пули йўқ, деган гапларни айтишмоқда. Шунинг ўзи давлат бизнинг хусусий мулкимизга тажовуз қилаётганлигини очиқ кўрсатмайдими? Шундоқ ҳам ишсизлик даражаси Ўзбекистонда ҳаддан ошиқ кўп. Болалар ўқийдиган, давлатга қарашли бўлган мактаблар ҳам бизнинг чўнтагимизга қараб қолган. Мактабларни қурилиши ва ўқувчиларни дарслик китоблар билан таъминлашни давлат ўз зиммасига олганига қарамай бунинг учун барча маблағларни отаоналар тўлашяпти, аксига олиб давлат томонидан бериладиган ойлик маошларининг камлиги боис ўзимиз зўрға кун кечирадиган ахволга тушиб қолганмиз – дейди Наталья Макарова.

 

         – Ахир биз давлатдан ҳеч нарса талаб қилаётганимиз йўқку. Фақат ҳокимият вакилларини қонунга риоя қилишларини, қонун асосида бизнинг уйимиз баҳосидаги яшаш учун қулай жой беришларини   сўраяпмиз. Агар ҳукуматнинг бизнинг арзу-додларимизга эътиборсизлиги шу йўсинда давом этаверса, биз ўз конституцион ҳақҳуқуқимизни талаб қилган ҳолда ҳукуматга қарши норозилик намойишига чиқишга мажбур бўламиз, – дейди у.

 

        Миробод туман ҳокимияти вакиллари айни пайтда Оқ йўл кўчасига кириш жойидаги маҳалла комитети биносида махсус қурилиш штаби ташкил қилишган экан. Туш пайти, соат 12 лар чамаси бу ерга кириб борганимизда бир қанча милиция ходимлари қуршовида ўтирган басавлат кишига кўзимиз тушди. Маълум бўлишича бу одам Миробод туман ҳокимияти вакили экан. У бизни ҳужжатларимизга тиқилиб, олдинига Сизнинг ҳужжатингиз инглиз тилида экан, илтимос буни таржимасини олиб келинг, дея масхаромуз гап қилди. Кейин Сиз олдин бориб Тошкент шаҳар ҳокимиятидан рухсат олиб келинг, биз ўшанда сизга маълумот берамиз” – деди. Ҳокимият вакилининг хорижий мухбирларга қилаётган бундай муносабати бизни таажжубга солганди. У бизга ҳатто ўзини таништиришни ҳам хоҳламади. Ҳеч нарсани назарписанд қилмагандек оёқларини чалкаштириб ўтирганча оғзига келган гапни айтаётган бу одам билан суҳбатлашишга ҳожат ҳам йўқлигини билгач, уни қонунга зид иш қилаётганлигини , холбуки ахбарот беришга ҳокимият вакили шаҳар ҳокими рухсатисиз ҳам мажбур эканлигини айтиб хайрлашдик.

 

        Ўзбекистонда ҳукумат вакилларидан маълумот олиш шу қадар қийин масалага айлангани кўпчилик хорижий журналистларга аён. Лекин ҳукумат вакиллари давлатга қарашли бўлган оммавий ахбарот воситаларига бажонидил информация беришади. Қизиғи, яқинда Ўзбекистон телевидениясининг Ахбарот кўрсатуви орқали худди шу Оқ йўл кўчасидаги қурилишлар ҳақида хабар берилган, бу ҳақда гапирган ҳокимият вакили аҳолининг барча кўчирилган хонадонлари етарли даражада уй-жойлар билан таъминланганини айтди.

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s