05.07.12-ҲАМДАМ СУЛАЙМОНОВ ҲАҚИДА З.АЛМАТОВГА МУРОЖААТ

12 июля 2005 г.

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ИЧКИ ИШЛАР

ВАЗИРИ З.АЛМАТОВГА

 

Муҳтарам вазир!

 

«Ўзбекистон «Бирлик» халқ ҳаракати» партияси раис ўринбосари қўқонлик Ҳамдам Сулаймонов 4 июль куни Қўқон шаҳар ички ишлар бўлими бошлиғининг таклифи билан мазкур идорага кетгунича, то шу бугунга қадар ҳеч қаердан топилмаётир.

 

Ҳамдам Сулаймоновнинг оила аъзолари уни Қўқон шаҳри, Андижон вилояти Марҳамат ва Шаҳрихон туманлари ва Андижон шаҳри ички ишлар ҳамда Миллий хавфсизлик хизмати идораларидан суриштиришган, бироқ бирор жўяли жавоб ола олишмаган.

 

Мутасадди ташкилотлар Ҳамдам Сулаймоновнинг қаердалигини яшираётганлари уларнинг ғаразли ниятлари мавжуд эканидан дарак беради. Ғаразли ният қийноқлар билан боғлиқлиги ўз-ўзидан равшан. Шу сабабли инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчилар тўлиқ асос билан Ҳамдам Сулаймонов қамоққа олингандан буён қийноқка солинмоқда, дейишга ҳақлидирлар.

 

2001 йил 15 июнь куни Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятининг Қашқадарё вилоят бўлими раиси Шавруқ Рўзимуродов қамоққа олинганда ЎИХЖ аъзолари уни 23 кун тинимсиз излаганлар ва у Сиз бошқараётган вазирлик ертўласида қийнаб ўлдирилганини 7 июль куни билдик.

 

Ўзбекистонда қийноқлар ёрдамида ҳар қандай «бўйнига олишлар»га эришиш мумкинлиги фақат ўзбекистонлиларга эмас, балки бутун дунёга маълум. Агар Ҳамдам Сулаймонов қийноқка солинмаётган бўлса, у ҳолда унинг қаердалигини яширишни қандай тушуниш керак? Ўзбекистон Республикаси Жиноятпроцессуал Кодексига асосан шахс хибсга олинганнинг биринчи куниёқ терговчи унинг оила аъзоларини излаши ва уларга гумон қилинувчи қаерда сақланаётганини билдириши керак. Нега бу қоида атайлаб бузилмоқда?

 

Ҳамдам Сулаймоновнинг оиласи уни ҳимоя қилиш учун учта адвокат ёллаган. Мутасадди идоралар ҳатто адвокатларга ҳам бирор ижобий жавоб беришаётгани йўқ. Бу, биринчидан, Ҳамдам Сулаймонов ҳимоясиз қолдирилаётганини билдирса, иккинчидан, у қийноқка солинаётганини тасдиқлайди.

 

Муҳтарам вазир, 4 июль куни Қўқон шаҳар ички ишлар бўлимига чақиртирилган ва у ерга кетган, ва шу кунгача дараги топилмаган Ҳамдам Сулаймоновнинг қаерда сақланаётганлиги ҳақида тўлиқ маълумот беришингизни сўрайман. Жавоб беришингизга ишонган ҳолда шу нарсани таъкидламоқчиманки, ҳозирги кунда процессуал ҳаракатлар кетаётган пайтда жавоб зудлик билан берилиши керак.

 

Жавобни, муҳтарам вазир, 24-82-47 телефакс ва 121-74-47 телефони оркали менга ёки (37355) 21-431 телефон оркали Ҳамдам Сулаймоновнинг оиласига йўллаш мумкин.

 

Толиб Ёқубов

 

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти раиси

 

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s