99.04.19-Бронислав ГЕРЕМЕКга

19 апрель 1998 й.

 

ЕВРОПАДА ХАВФСИЗЛИК ВА ҲАМКОРЛИК 

ТАШКИЛОТИНИНГ ҲАРАКАТДАГИ РАИСИ

                         жаноб Б. ГЕРЕМЕКга

 

 

Муҳтарам Раис! ЕХҲТ нинг аъзоси бўлган Ўзбекистон Республикасига ташриф буюрганингизни Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти аъзолари самимий қутлайдилар, демократия, хавфсизлик ҳамда тараққиёт йўлида ЕХҲТ Раиси сифатида олиб бораётган фаолиятингизга улкан муваффақиятлар тилайдилар ва Тошкент ташрифингиз Ўзбекистонда демократиянинг шаклланишида, мамлакатимизда кўп жиҳатдан топталаётган инсон ҳуқуқлари ўзининг ҳақиқий моҳиятига эришишига ҳисса қўшади, деган умидни билдирадилар.

 

Ўзбекистонда бир қатор инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари йўқ қилингани ёки қаттиқ чегаралаб қўйилгани ҳақида дунё демократик матбуоти кўп ёзган ва ёзмоқда, инсон ҳуқуқлари билан шуғулланувчи кўпгина халқаро ташкилотлар буни ўз ҳисоботларига киритганлар.

 

Ўзбекистонда матбуот собиқ совет давридагидан ҳам кучлироқ цензура қилиниши, инсонларнинг сиёсийижтимоий гуруҳларга эркин бирлашишига сунъий тўсиқлар қўйилганлиги, бундан 10 йил илгари Ўзбекистон мустақиллиги ва демократия учун кураш майдонига чиққан «Бирлик» халқ ҳаракати, «Эрк» демократик партияси каби бир қатор ташкилотларнинг фаолияти   асоссиз равишда тўхтатиб қўйилгани ҳозир ҳеч кимга сир эмас.

 

1992 йил 2 февралда таъсис этилган Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти ҳанузгача турли баҳоналар билан рўйхатга олинмаётир. Мурод Жўраев, Мели Қобилов, Муҳаммад Ражаб каби ўнлаб сиёсий маҳбуслар (Ўзбекистон халқ депутатлари) ва дин намоёндалари ҳамон қамоқхоналарда сақланмоқдалар. Кейинги пайтларда эса ислом фундаментализмига қарши кураш ниқоби остида кўпгина гуноҳсиз одамлар қамоқларга ташланди ёки уларнинг инсоний ҳуқуқлари паймол этилди.

 

1998 йил 5 апрель куни Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти Қашқадарё вилояти бўлими раиси, Ўзбекистон Олий Кенгашининг собиқ депутати Шовриқ Рўзимуродов ўз уйида ҳибсга олинган. 22 кишидан иборат бўлган тезкор группа Рўзимуродовнинг Яккабоғ шаҳридаги квартирасига бостириб кириб, унинг квартирасидан ҳеч яширилмаган жойлардан 12 дона патрон топишган.

 

Ҳукумат доираларига ёқмаган одамлар чўнтагига, машинасига ёки уйига патрон, қуроласлаҳа ёки наркотик модда ташлаб ҳибсга олиб, қамаб юбориш ҳоллари Ўзбекистонда оддий ҳолга айланган. Шовриқ Рўзимуродов Олий Кенгаш сессияларида танқидий чиқишлар қилгани учун 1990 йили 4 йил муддатга сохта айблар қўйилиб қамалган эди. 1996 йил сентябрда у Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти Қашқадарё вилояти бўлимининг раиси этиб сайлангандан кейин милиция томонидан унга бўлган тазйиқлар кучайди. Бу ҳақида биз Республика Президенти, Ўзбекистон Бош прокурори, Адлия вазири, Ички ишлар вазирига мактуб билан мурожаат қилганмиз.

 

Рўзимуродов ва вилоят ташкилотининг бошқа раҳбарларига ўтказилаётган тазйиқлар ҳақида мен 1997 йил июль ойида ЕХҲТ Бош котиби жаноб Жанкарло Арагон билан бўлган учрашувда ҳам гапириб берганман.

 

Жаноб Раис! Сиз ушбу ташрифингиз давомида Ўзбекистоннинг энг юқори даражали раҳбарлари билан учрашасиз, деб ўйлайман. Бундай юқори даражали учрашувлар кун тартибига ЕХҲТ дай нуфузли ташкилот раҳбари томонидан Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ҳолати ҳақидаги масалалар ҳам қўйилади деган умиддамиз.  

 

        ТОЛИБ ЁҚУБОВ

 

ЎЗБЕКИСТОН ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ

     ЖАМИЯТИ БОШ КОТИБИ