ЖАҲОНГИР МАМАТОВга ХАТ

Ассалому-алайкум, Жаҳонгир!

Соғу-саломатмисиз? Қизлар омон-эсон юришибдими? Янга бардаммилар? Уларнинг барчасига менинг дуойи-саломимни етказинг.

Охирги марта қачон хат ёзишганимизни эслашга кўп ҳаракат қилдим – бўлмади! Охири, бир ёзишмамизни эслаб, «шу бўлса керак» деган тўхтамга келдим. Эсласангиз, чамаси, Андижон воқеаларидан кейин, Сиз менга хат ёзиб, бир йигитнинг МХХ билан боғлиқ ёки боғлиқмаслигини сўраган эдингиз. Ўшанда мен Сизга у ҳақда етарлича тафсилотли қилиб жавоб ёзган эдим. Шу бўлса керак! Шундан кейин алоқамиз узилди. Унинг сабабини мен кейинроқ англагандай бўлдим. Айб ўзимда экан. Ўша жавоб хатимда, гарчи Сиз мендан сўрамаган бўлсангиз-да, ДУКга салбий таъсир қилаётган бир нарса, яъни ДУКнинг Тошкент шаҳар бўлими раҳбари Шўҳрат Аҳмаджонов (жиззахлик) ҳам дўрсиллаб МХХга хизмат қилиши ҳақида ёзган эдим. Мен ҳақлигимни биламан, бироқ бу гап Сизга ёқиш-ёқмаслигини ўйламабман. Назаримда, шу сабабли Сиз алоқани узишга қарор қилгансиз, чамаси. Бошқа сабабини мен кўра билмадим.

Маълумингиз, Андижон воқеаларидан кейин ҳукуматнинг нафрати диндорлардан кейин бизнинг ташкилотимизга қаратилди: 20 га яқин аъзомиз (жумладан, Жасликда сақланаётган менинг куёвим)га қарши жиноий иш қўзғатилди, ҳозирга қадар 9 одамимиз қамоқхоналарда ётибди. Сабаби – яна ўша ҳақиқатни ёзганимизда бўлса керак: 2005 йил 5 июнь куни мен Андижон воқеалари юзасидан ЎИҲЖнинг баёнотини эълон қилдим ва биринчи марта: 1) унинг асл сабабларининг анализини; 2) Маҳмуд Худойбердиев армияси қатлиомда фаол қатнашганини келтирдик. Бу баёнотга имзо чекиб, мен уни 64 давлат идораларига «уведомление» қилиб жўнатдим. Ҳаммасидан хат топширилганлиги ҳақида квитанциялар келди. Бироқ, бирор идора – на президент девони, на Бош прокуратура, на МХХ, на ИИВ (ва хоказо) – реакция бермади. Реакция регионал раҳбарларимиз ва фаолларимизни қама-қамада кўринди.

2005 йил мен учун ўта оғир бўлди. Андижон воқеаларидан кейин ва, асосан, уларга боғлиқ ҳолда, ўша йили мен Европага 5 марта келиб кетдим ва ҳамма жойда беҳисоб чиқишлар қилишга тўғри келди. Тинкам қуриди, ноябрнинг бошида «йиқилдим»: қанд диабети хуруж қилиб, юра олмай қолдим, кўзим кўрмай қолди. 2006 йил унданда оғир бўлди: куёвимни қамоққа олишди. 29 апрель куни Гулистонда, куёаимнинг уйида, биз 4 эркакка, – Бахтиёр Ҳамро, мен, Маматқул Мухторов (ЎИҲЖ Самарқанд вилояти бўлими раиси) ва куёаимнинг жиянига, – ИИ ва МХХ ходимларидан иборат 35-40 гурухнинг уч марта ҳужумини қайтаришга тўғри келди. Учинчисида қизғин жанг бўлди: уйни ҳимоя қилаётган 4 эркак ва 5 аёлни эзиб янчиб ташлашди, бир ҳафтадан кейин кўзёриши керак бўлган қизимни уриб беҳуш қилишди ва врачлар аранг ҳомиласини сақлаб қолишди. 12 июль куни Жиззах шаҳар ИИБда мен ва Бахтиёр Ҳамрога қарши иш қўзғатилди. Ўша куни мени олиб кетиш учун Жиззахдан Жаҳонгир исмли капитан келди, бироқ мени куч ишлатиб олиб кетишга ботинмади ва 15 июль куни етиб боришни айтиб қайтиб кетди. Эртаси куни менинг олдимга Жиззахда ИИБда ишлайдиган, узоқроқ бир қариндошимиз келди ва вазиятни тушунтирди. Мақсад мени Жиззахга олиб келиб, ҳеч жойга чиқармасдан уй қамоғида сақлаш экан. Мен Азам Фармонов (куёвим) ва Алишер Караматовлар ишида қонуний, тўлақонли ҳимоячи бўлиб ишда қатнашганман ва ж/и нинг сохталигини терговнинг ўз ҳужжатлари ёрдамида шу қадар кучли исботлаганман-ки, у шу қадар изчил бўлган-ки, менинг исботимни на Жиззах ва Сирдарё вилоятлари прокурорлари, на Бош прокурор ва Олий суд ва на президент ҳузуридаги судьялар квалификацияси бўйича комиссия инкор қила олди. Мен бу ишда хавфга айландим, чунки менинг қўлимда ноёб ҳужжатлар бор эди. Ташкилотимиз юристлари: «Толиб ака, энди кетишингиз керак; Европада туриб Сиз қамоқдагилар учун кўпроқ иш қилишингиз мумкин; буерда энди сизни ишлагани қўйишмайди; Жиззахдаги уйингизда кўзли кесак бўлиб ўтираверасиз» дейишгач, мен 16 дан 17 июльга ўтар кечаси уйдан чиқиб кетдим.

Ҳозир қандайман? Кўзим деярли кўрмайди, яқин масофага ҳам юра олмайман, эрталабдан кечгача ўтираман, бирор иш қила олмайман. Ҳарфларнинг ўлчамини 150 га қўйиб, ҳарфларни битталаб териб бирор нарсалар ёзишга ҳаракат қиламан. Илгари бир кунда ёзадиган мақолаларни энди ҳафталаб ёзаман. Франция врачлари менга жуда яхши қараётганидан хурсандман.

Европага келганимга салкам 2,5 йил бўлди. Касалман, деб тинч ўтирганим йўқ: 2 марта Европарламентда чиқиш қилдим, ЕИ раҳбарлари билан 3-4 марта учрашдим. БМТ «Инсон ҳуқуқлари Кенгаши» аъзолари билан 2 марта Женевада учрашдим. Голландия, Финляндия ва Португалия ташқи ишлар вазирликлари ва парламентларида Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятига бағишланган учрашувларда докладлар қилдим; Франция газета ва журналлари, радио ва ТВларига интервьюлар бердим; ва, ниҳоят, ЎИҲЖни Францияда давлат рўйхатидан ўтказдим.

Бу гапларни, қимматли вақтингизни олиб, Сизга нима учун ёзаётирман? Ўзингизнинг ташвишларингиз етарли эмасми?

Бугун менга келиним «Туронзамин» ва «Янгидунё» сайтларини очиб, мен ҳақимда чоп этилган «асарлар»ни ўқиб бердилар. 3-4 таси Дадахон Ҳасан қаламига «мансуб» бўлса, бирини Иброҳим Ҳакимов деган, менга нотаниш одам ёзибди. Мен Дадахон Ҳасан билан ҳеч қачон яқин бўлган эмасман. Гарчи у кишини мен ашулачи сифатида илгари ҳам билган бўлсам-да, Дадахон ака 1989 йил ва 90-чи йиллар бошларида «Бирлик» ХҲ лидерларидан бири сифатида, масалан мен учун, буюк бир сиймо эди. Менинг ҳатто қўл чўзиб кўришишга ҳам юрагим бетламас эди. Бошида «Бирлик»даги ҳеч бир одамга менда шўбҳа уйғонмас эди – мен ҳаммани қаҳрамон курашчи сифатида кўрар эдим. «КГБнинг агенти» деган шўбҳалар менда деярли йўқ эди. Бир Қурултойда тошкентлик Саидолим Оқиловни МК Ҳайъатига сайлашда саҳнага Дадахон ака кўтарилди ва Саидолимни «КГБнинг агенти» деб атади. Жанжал бошланди, вазият оғир тус олди. Шунда мен залдан туриб Саидолим ҳимоясига 3-4 оғиз луқма ташладим ва … балога қолиб кетдим. Дадахон ака менга қарши кескин гапирди ва алоқани бутунлай узди. Адашмасам, 10 йилдан ошиқ у киши мен билан кўришишни ҳам истамади. Биз 2000 йиллар бошида бир халқаро учрашувда қўл бериб кўришдик. Бироқ муносабатларимиз илиқлашиб кетмади ва бу менинг айбим билан бўлган эмас. Шундай бўлса-да, у кишига нисбатан мен ҳурмат сақлаб келганман. Мен бу гапларни Дадахон акадан қўрққаним учун ёзаётганим йўқ – менинг қўрқадиган жойим йўқ! Мен ҳақиқатни ёзаётирман.

Бундан бирмунча олдин менга у кишининг «Нидоларим» деган мақоласини ўқиб беришди, қайта-қайта ўқитдим, менга ёмон таъсир қилди. Уни Дадахон ака ёзганига ҳеч ишонгим келмади: ундан шаллақилик анқиб турар эди. Мен, аслида, қўл силтаб кетаверишим керак эди. Бироқ, «ватан» сўзи 33 марта тилга олингани ҳамда «дўзах бўлса-да ватан ватан-да» деган ибора мени бирор нарса ёзишга ундади ва мен «Мунозарага таклиф» деган мақола ёздим. Балки ўқигандирсиз. Уни мен Сизга ҳам юборган эдим, бироқ у Сизнинг сайтингизда чиқмади. Мен ажабланган ҳам, хафа бўлган ҳам эмасман, чунки Сиз негадир нафақат менинг, ҳатто ЎИҲЖнинг материалларини ҳам сайтингизга яқинлаштирмай қўйгансиз. Зоримиз бор, зўримиз йўқ!

Мен ҳар қандай инсонга ўзимнинг баҳомни, – у тўғрими, нотўғрими, қатъий назар, – беришга ҳаклиман, деб ҳисоблаб келганман. Шу нуқтаи-назардан келиб чиқиб, мақоламда Муҳаммад Солиҳга ўз баҳомни бердим ва … яна балога қолиб кетдим. Гарчи мен ҳақимда ёзилган мақолалар ҳақоратларга тўла бўлса-да, мен хафа бўлмадим. Аксинча, бу мақолалар менга бир нарсани очиқ-ойдин кўрсатди: сайтларда чиқаётган мақолаларга Дадахон аканинг ҳеч қандай алоқаси йўқ!!!

Мен буни исботловчи «Фильм тугади» номли мақола ёза бошладим – Худо насиб этса, тугатарман. Агар уларни Дадахон ака ёзганининг ақалли 1% эҳтимоли сақланиб қолган бўлса ҳам мен у одамдан хафа бўлмайман. Яна такрорлайман: мен бу позицияни бирор нарсадан қўрққаним учун айтаётганим йўқ, Худога шукр, менинг қўрқадиган жойим йўқ!

Бироқ, мени ажаблантираётган ва ранжитаётган бошқа бир жиҳат бор. Дадахон ака номидан чоп этилаётган мақолаларга, уларни ўз сайтига қўяётганларнинг ўзи (масалан, Сиз ва Юсуф Расул) ишонармикин? Улар қай даражада Дадахон ака билан боғланиб алоқа қилишмоқда? Шунча шов-шув битта Муҳаммад Солиҳ учунми ёки бошқа сабаблар ҳам борми? Балки бу шов-шувлар оддий эрмакдир? Буларнинг бариси мен учун мутлақо тушунарсиз. Ахир, мақолаларни ҳақиқатан Дадахон ака ёзаётган бўлса, у кишининг ҳақоратлари чет элда яшаётганларнинг барчаси, шу жумладан сайтлар эгаларига ҳам тегмайдими? Дадахон аканинг ҳақоратлари (яна такрорлайман: агар ўзи ёзаётган бўлса) 2,5 йил илгари чет элга чиқиб кетган менга кўпроқ тегадими ёки ватанни 10-15 йил илгари тарк этган одамларгами?

Дадахон ака номидан чиқаётган мақолалар ўнлаб салмоқли саволлар туғдиради. Кўнглингизга оғир олманг, бирнеча залворли асарлар муаллифи бўлган Жаҳонгир Маматов ўша шаллақи мақолалар (ким ёзишидан қатъий назар) даражасига тушиб қолиши мумкин эмас.

Мен Францияга келгач, бир томондан Сиз ва дўстингиз Ризо Обид, иккинчи томондан Юсуф Расул қирпичоқ бўлиб турганларингизни кўрдим. Мен афсусландим. Ҳозирги кунда эса «Туронзамин», «Ризобек» ва «Янги дунё» сайтлари аравани бирга тортаётганлари қувонарли: байроқ ҳам бир, душман ҳам. Бундай ўзгаришни, адашмасам, метаморфоза дейилади.

«Менинг кечирилмайдиган учта душманим бор» деганингиз эсимда бор. Уларнинг сони ҳозирга келиб биттага тушгандай кўринади, менга. Шундай бўлса, бу – сўзсиз прогресс. Дадахон ака (ҳақиқий ёки сохта)нинг таъсиримикин? Ким билсин!

Иброҳим Ҳакимов ҳақида ёзмадим унинг даражасига тушишни истамадим.

Хатимни тугатмоқдаману, менда бир ҳадик пайдо бўлгандай бўлди. Хадик ҳақида айтишдан олдин бир нарсани айтишим лозим. Менинг Сизга ўтказиб қўйган жойим йўқ, Сизнинг эса менга ўтказиб қўйган жойингиз бор: Вашингтонда мен қийин ахволда эканимда Сиз менга жой ва туз бердингиз. Бу нарса унутилмайди.

Хатимни қандай қабул қиласиз? Жавоб келармикин? Ё охирги марта ёзишаяпмизмикин?

Аллоҳнинг паноҳига.

Ҳурмат ила Толиб акаман